
Дўрмондаги ижод уйидаги чорбоғларнинг бирида 4 йилча яшадим, ижод қилдим. Кўнгил жўраларим Эркин Аъзам,Иброҳим Ҳаққул,Усмон Азим билан тонготар суҳбатлар айни шу чорбоғда бўларди. Мен чорбоққа шунчаки бориб қолганим йўқ. Унда узоқ йиллар устоз Асқад Мухтор яшагани учун борганман. Ўн йилча аввал ўша пайтдаги уюшма раисидан чорбоғ ажратишни сўраганимда, у «Мен билмайман, А.( А. ўша пайтдаги ижод боғининг маъмури эди) билади» дегани учун «Куним А.га қолдими» деб аразладиму чорбоғ ҳақидаги орзуни четга суриб қўйдим. Ҳатто орага Саид Аҳмад тушиб, «Аразлаб юраверасанми,Соибқирон, келиб ўтирсанг-чи», дейишига қарамай,бормадим. Саид Аҳмад мени «Соҳибқирон» сўзини «Соибқирон» дейишимдан кулиб, менга шу лақабни осиб қўйган эди. Davomini o'qish








