Bahrom Normurodov. She’rlar

044   Роппа-роса бир ой аввал Сурхондарё сафарига жўнаган эдим. Деновда яқинда нашр этилган «Алпомиш» достони (нашр ҳақида мана бу саҳифада ўқинг) тақдимотини ўтказдик,Олтинсойда Сўфи Оллоҳёр бобомиз мозорларини зиёрат қилдик, Бойсундаги мактабда, Термиз Университетида учрашувлар ўтказдик. Лекин, энг муҳими сафар давомида ажойиб инсонлар билан танишиб, ҳамсуҳбат бўлдик. Ана шу танишганлар орасида шоир Баҳром Нормуродов ҳам бор эди. Бугун шоирнинг бир туркум шеърини ҳадя этарканман, яна сафар хотиралари оғушида қолдим.

022
Баҳром Нормуродов
ШЕЪРЛАР
021

Баҳром Нормуродов 1981 йилда Сурхондарё вилоятининг Жаръқўрғон туманида туғилган. Термиз давлат университетининг филология факултетида бакалавр ва магистр босқичлари таҳсилини олган. «Туркистон» газетасида, вилоят телевидениесида, Термиз давлат университетида фаолият кўрсатган. Шеърлари вилоят ва ресмублика матбуотида босилган

021

***

Сен кузни ўйлаб топганингда,
Тангрим, ғуссаларни севиб яшадим.
Сен кузни яратганингдан,
Дунёни бепоён атадим…

***

Эртага тонгда куз келса,
Мени ғафлат босиб қолмай
Ёмғирлар ёғса кутилмаганда.

Кетганларим қайтишини кутгандек,
Онамни соғингандек тўлиб,
Келса, кўзимга бир дарё сели…

Заъфарон дарахт шохларидаги баргдек,
Титрасам худди ер каби.

Бу висол йўли узун,
Они яшалмаган кундек,
Бандасиман-умидворман.

У осмон йўлларининг тиниқ,
Сокин бўйларидан ўтса керак.
Тонг шамолларининг эркалашида.

***

Кузак кўзларини яширди мендан,
Мен эса у сари бораётирман.
Ёмғир сочларига қўл сололмаган,
Мен эса юзма-юз йиғлаётирман.

Висолга бардошим етмайди бугун,
Нечун тўлқинларнинг ранги заъфарон.
Ўтлиғ нафаслари мисоли олов,
Тугуб қолмасмикан келгунича март.

О, қандай йўллардан қадам босиб мен,
Юрагимга таслим келаётирман.
Қўлимда гулларим кузакка тутиб,
Унинг кўзларидан кетаётирман.

Боғ сокин, йўл сокин, шитоб хисларим,
Кўзимда ранглари қоришди дуннинг.
Ҳавода осиғлиқ турганидай барг,
Заминдан кўк уза қўлимни тутдим.

Токим тийрамоҳим панжаси жонсиз,
Фақат кўзларида менинг аксим бор.
Менинг ҳаётимда куз бунча узун,
Мен эса севгимдан кетаётирман.

Худойим, не алвон, не сирли кузак,
Совуқ-сориғ бармоқларин ўпаётирман.
Кўзларин кўрмадим, десам қўллари
Титроқдан бўзлашин сезаётирман.

***

Куз оғир оёқларин судраб,
Шамолнинг измида кетмоқда юпун.
Йўлак панжаси-ю товонларида
Олов ёқмоқдами ноласи гулгун…

Ҳазон қўлларини чўзмай заминга,
Вужудин топширмас, оёқдан қолмас.
Хали висол учун букмай қаддини,
Олов сўзларини такрорлаб толмас.

***

Онамга ўхшаган ноябрь,
Япроқлар- кўзингиз, нима дер?
Шамолжон, ёлворгум, шамолжон,
Сочмай тур, ўпмасин она ер!

Онамга ўхшаган ноябрь,
Заъфарон сўзлабсиз бўлиб шеър.
Туйғулар сочилмай турингиз,
Бўғзимда қолди-ку синиқ шеър.

Исмингни тутганим ноябрь,
Онажон деёлмам, қандай дер?..
Овозим сочмай тур ҳаяжон,
Айтолмам, бўғзимда ўша шеър…

Ногоҳлар сочилган ай, ҳазон…
Боғ аро йиғлагай ким чунон?
Тутиб тур сен мени ҳавожон,
Ноябрь онажон, онажон…

***

Куз узоқ қолдинг, боғ аро узун,
Юрагим кузакка етоласанми?
Видолиғ мунгларим бўғзимда синиқ,
Бугун хаёлимдан кетоласанми?

Мағрур туйғуларга қай диллар асир,
Совуқ музликлардек оч ҳайратлари.
Увишиб боради барглар юзида,
Эҳтимол биринчи, сўнгги кузлари.

Дарахт кузни қанча кўтарди оғир,
Ҳурмо мўрт танида чунон эгилди.
Заминга илинмоқ бўлди мевасин,
Одам қўлларида гўё етилди.

У ортга кўз солмас узун йўлакда,
Дарахт танларини силаб қўллари.
Меҳр қучоғидан кетаётгандек,
Боғ эмас юрагим ичра увлади.

ҚАҲРАТОНДА…

Қаҳратонда
иссиқ печ ёнида,
Қанча қизғин суҳбатлар кечди.
Аёз билан рўбарў тунда,
Титроқларда ҳаётим кечди.

Йўлнинг хоби илитар шаксиз,
Хаёлларга тўлиб ётдим маст.
Гуллаётган лабларим саси,
Унутилган сўзларим эмас.

Эсламоққа топмай баҳона,
Шу оқшомни чоғладим узоқ.
Хаёлчан куз бепоёнлиги,
Бир лаҳзада тинади ингроқ.

Сокин ранглар сукутда тилсиз,
Алвон юзлар чеҳраси гул-гун.
Кузак бўйлаб кезганлар ёлғиз,
Қандай бахтли улар бир оқшом…

Қаҳратонда
иссиқ печ ёнида,
Қанча қизғин суҳбатлар кечди…

“ХАЁЛИЙ САЙР” туркумидан

***

Самода хаёлнинг суратин кўрдим,
Суратнинг хаёти поёнсиз, қадар.
Рангларнинг умридай яшагуси у,
Зулмат гулшанида рангин бир асар.

Вақтсиз қолган умр сўзлаганидай,
Эртаклар тингладим оҳанглари йўқ.
Юраклар тирданим оҳларин юлиб,
Онам қўшиғидай асло қўшиқ йўқ…

Самода меҳрнинг суратин кўрдим,
Онамга ўхшайди десам рўёмас,
Кўзларига ўхшар ёритгичлари,
Ажинларидай йўлларни кўрдим…

***

Шимолий қутбда куз,
осмонлар тиниқ.
Сокин музлаб борар кўксида ҳаёт.
Бўронлар қайдан хабар етказди экан,
Жуфт қундуз уясиз тентирар ҳайхот.

Муз қоплар сув юзин шиддатли нафас,
Шавқатсиз кенгаяр меҳрсиз ўлка.
Жуфт қундуз тумшуғин ҳавога санчир,
Ўткир шамол кесар, вужуди тилка.

Меҳмонин хушламас қундузлар қавми,
Ачинмас жуфт қундуз ҳолига асло.
Бу қандай томошо лақайд табиат,
Емаксиз, уясиз қиш қандай бало.

Шимолда куз кезар совуқ ва сокин,
Жонни кесар куйи ҳазинли оҳанг.
Муз ўлка қандай қўшиқлар тўқир,
Хали жуфт қундуз севгиси ҳақда?..

***

Шимолий Фризия оролларида  яшовчи одамларга бағишланади

Шимолий Фризия!
Сен уларни қанча севасан.
Уммон гулларингни асрайди сенга.

Қандай яхши шундай баҳорни кутмоқ,
Она соғинчига ўхшаган офтоб.

Муз қоплар юракмас улкан оролни,
Ҳеч ким эшик қоқмас, кутмайди ҳатто.
Кузда хайрлашган дарахтдек одам,
Бир жойда тош қотмиш бахтсиз кема, о!

Аммо уй ичида ўзгача бари,
Иссиқ чой хўплашар бахтли одамлар.
Улар билишса-да омонат уйи,
Уммон юзасида ҳатарли турар.

Гулларсиз ҳаёт йўқ, уларсиз тақдир,
Қиш бўйи овунчи ягона эрмак.
Тувак гуллари-ла баҳорни эслаб,
Тилсиз суҳбат этар, куёв-келинчак.

Хабарчи дераза юзи ёришиб,
Бу тонг кўзларида баҳорий қувонч.
Шитоб ёшларини артганича тез,
Қўлида кўтариб турарди қуёш.

***

Замбезилик овчи-
дарёда туғилган сув бола эди,
Қуёшда улғайган нур бола эди,
Қамиш алла айтган куй бола эди.

Виктория қадим афсоналар сўзларди унга,
Дарё, қамиш яна балиқ ҳақида эртаклар айтди.
Чўққи, қайиқ яна одам наслидан чўпчак сўзламиш,
Аммо овчи ҳақида айтмади унга.
Нега?..

Бола овчи ким эканин билмай улғаяр,
Тупроқ билан ўйин ўйнади,
Дарё билан ўйин ўйнади,
Қамиш билан ўйнади хушвақт.

Момоси қамишдан гилам тўқийди,
Бобоси қамишдан тўқийди қопқон.
“Қопқон кимга?” сўради бир кун,
Ҳайрон болажон.

Овчи ким бўлишин танлар табиат,
Кўз солмиш болага бобоси мисол.
Танланмиш аскарга саралангандек,
Овулнинг ҳалоскор жангчиси шунқор.

Энди бола эмас, тоғлардек ўктам,
Қавмини очликка бермас баҳодир,
Бақувват қўлида яроғ тутгандек,
Қамшлар кесади, орзуларидек.

Қопқон ясар қамишлардан у,
Анқов эмас қув балиқларга.
Ов мавсумин кутиб яшайди,
Овул билан овул жангчиси…

Виктория биллур сочар офтобга заррин,
Дарё чеккасида уй қуради қуш.
Овчи қамишли қопқонин сувга қўяди,
Балиқлар озодликни энди кўрар туш.

Ҳаёт мавсумини кутгандек қавм,
Овчи йўлларига тиккан эди кўз.
Мана, ўлжасини олиб келмоқда,
Қараб турар қанча қаро кўз.

Овчининг онаси балиқларни чун,
Момом ўрик ёйгандек офтобда тоблар…

***

Яшил ўлкада товусдум яшар,
Йигирма қуш нағмасин куйлар.

Хиргойи қилармиш одамларга хуш,
Ўрмон кесувчининг бўғиқ ва хунук,
Аррасининг овозларини.

Ёнидаги дарахт шоҳида,
Булбул уч юз севги қўшиқларини,
Куйлай олганидан эмиш қайғуда…

033

   Roppa-rosa bir oy avval Surxondaryo safariga jo’nagan edim. Denovda yaqinda nashr etilgan «Alpomish» dostoni (nashr haqida mana bu sahifada o’qing) taqdimotini o’tkazdik,Oltinsoyda So’fi Ollohyor bobomiz mozorlarini ziyorat qildik, Boysundagi maktabda, Termiz Universitetida uchrashuvlar o’tkazdik. Lekin, eng muhimi safar davomida ajoyib insonlar bilan tanishdik, hamsuhbat bo’ldik. Ana shu tanishganlar orasida shoir Bahrom Normurodov ham bor edi. Bugun shoirning bir turkum she’rini hadya etarkanman, yana safar xotiralari og’ushida qoldim.

022
Bahrom Normurodov
SHE’RLAR
021

Bahrom Normurodov 1981 yilda Surxondaryo viloyatining Jar’qo’rg’on tumanida tug’ilgan. Termiz davlat universitetining filologiya fakultetida bakalavr va magistr bosqichlari tahsilini olgan. «Turkiston» gazetasida, viloyat televideniesida, Termiz davlat universitetida faoliyat ko’rsatgan. She’rlari viloyat va resmublika matbuotida bosilgan

021

***

Sen kuzni o’ylab topganingda,
Tangrim, g’ussalarni sevib yashadim.
Sen kuzni yaratganingdan,
Dunyoni bepoyon atadim…

***

Ertaga tongda kuz kelsa,
Meni g’aflat bosib qolmay
Yomg’irlar yog’sa kutilmaganda.

Ketganlarim qaytishini kutgandek,
Onamni sog’ingandek to’lib,
Kelsa, ko’zimga bir daryo seli…

Za’faron daraxt shoxlaridagi bargdek,
Titrasam xuddi yer kabi.

Bu visol yo’li uzun,
Oni yashalmagan kundek,
Bandasiman-umidvorman.

U osmon yo’llarining tiniq,
Sokin bo’ylaridan o’tsa kerak.
Tong shamollarining erkalashida.

***

Kuzak ko’zlarini yashirdi mendan,
Men esa u sari borayotirman.
Yomg’ir sochlariga qo’l sololmagan,
Men esa yuzma-yuz yig’layotirman.

Visolga bardoshim yetmaydi bugun,
Nechun to’lqinlarning rangi za’faron.
O’tlig’ nafaslari misoli olov,
Tugub qolmasmikan kelgunicha mart.

O, qanday yo’llardan qadam bosib men,
Yuragimga taslim kelayotirman.
Qo’limda gullarim kuzakka tutib,
Uning ko’zlaridan ketayotirman.

Bog’ sokin, yo’l sokin, shitob xislarim,
Ko’zimda ranglari qorishdi dunning.
Havoda osig’liq turganiday barg,
Zamindan ko’k uza qo’limni tutdim.

Tokim tiyramohim panjasi jonsiz,
Faqat ko’zlarida mening aksim bor.
Mening hayotimda kuz buncha uzun,
Men esa sevgimdan ketayotirman.

Xudoyim, ne alvon, ne sirli kuzak,
Sovuq-sorig’ barmoqlarin o’payotirman.
Ko’zlarin ko’rmadim, desam qo’llari
Titroqdan bo’zlashin sezayotirman.

***

Kuz og’ir oyoqlarin sudrab,
Shamolning izmida ketmoqda yupun.
Yo’lak panjasi-yu tovonlarida
Olov yoqmoqdami nolasi gulgun…

Hazon qo’llarini cho’zmay zaminga,
Vujudin topshirmas, oyoqdan qolmas.
Xali visol uchun bukmay qaddini,
Olov so’zlarini takrorlab tolmas.

***

Onamga o’xshagan noyabr`,
Yaproqlar- ko’zingiz, nima der?
Shamoljon, yolvorgum, shamoljon,
Sochmay tur, o’pmasin ona yer!

Onamga o’xshagan noyabr`,
Za’faron so’zlabsiz bo’lib she’r.
Tuyg’ular sochilmay turingiz,
Bo’g’zimda qoldi-ku siniq she’r.

Ismingni tutganim noyabr`,
Onajon deyolmam, qanday der?..
Ovozim sochmay tur hayajon,
Aytolmam, bo’g’zimda o’sha she’r…

Nogohlar sochilgan ay, hazon…
Bog’ aro yig’lagay kim chunon?
Tutib tur sen meni havojon,
Noyabr` onajon, onajon…

***

Kuz uzoq qolding, bog’ aro uzun,
Yuragim kuzakka yetolasanmi?
Vidolig’ munglarim bo’g’zimda siniq,
Bugun xayolimdan ketolasanmi?

Mag’rur tuyg’ularga qay dillar asir,
Sovuq muzliklardek och hayratlari.
Uvishib boradi barglar yuzida,
Ehtimol birinchi, so’nggi kuzlari.

Daraxt kuzni qancha ko’tardi og’ir,
Hurmo mo’rt tanida chunon egildi.
Zaminga ilinmoq bo’ldi mevasin,
Odam qo’llarida go’yo yetildi.

U ortga ko’z solmas uzun yo’lakda,
Daraxt tanlarini silab qo’llari.
Mehr quchog’idan ketayotgandek,
Bog’ emas yuragim ichra uvladi.

QAHRATONDA…

Qahratonda
issiq pech yonida,
Qancha qizg’in suhbatlar kechdi.
Ayoz bilan ro’baro’ tunda,
Titroqlarda hayotim kechdi.

Yo’lning xobi ilitar shaksiz,
Xayollarga to’lib yotdim mast.
Gullayotgan lablarim sasi,
Unutilgan so’zlarim emas.

Eslamoqqa topmay bahona,
Shu oqshomni chog’ladim uzoq.
Xayolchan kuz bepoyonligi,
Bir lahzada tinadi ingroq.

Sokin ranglar sukutda tilsiz,
Alvon yuzlar chehrasi gul-gun.
Kuzak bo’ylab kezganlar yolg’iz,
Qanday baxtli ular bir oqshom…

Qahratonda
issiq pech yonida,
Qancha qizg’in suhbatlar kechdi…

“XAYOLIY SAYR” turkumidan

***

Samoda xayolning suratin ko’rdim,
Suratning xayoti poyonsiz, qadar.
Ranglarning umriday yashagusi u,
Zulmat gulshanida rangin bir asar.

Vaqtsiz qolgan umr so’zlaganiday,
Ertaklar tingladim ohanglari yo’q.
Yuraklar tirdanim ohlarin yulib,
Onam qo’shig’iday aslo qo’shiq yo’q…

Samoda mehrning suratin ko’rdim,
Onamga o’xshaydi desam ro’yomas,
Ko’zlariga o’xshar yoritgichlari,
Ajinlariday yo’llarni ko’rdim…

***

Shimoliy qutbda kuz,
osmonlar tiniq.
Sokin muzlab borar ko’ksida hayot.
Bo’ronlar qaydan xabar yetkazdi ekan,
Juft qunduz uyasiz tentirar hayxot.

Muz qoplar suv yuzin shiddatli nafas,
Shavqatsiz kengayar mehrsiz o’lka.
Juft qunduz tumshug’in havoga sanchir,
O’tkir shamol kesar, vujudi tilka.

Mehmonin xushlamas qunduzlar qavmi,
Achinmas juft qunduz holiga aslo.
Bu qanday tomosho laqayd tabiat,
Yemaksiz, uyasiz qish qanday balo.

Shimolda kuz kezar sovuq va sokin,
Jonni kesar kuyi hazinli ohang.
Muz o’lka qanday qo’shiqlar to’qir,
Xali juft qunduz sevgisi haqda?..

***

Shimoliy Friziya orollarida yashovchi
odamlarga bag’ishlanadi

Shimoliy Friziya!
Sen ularni qancha sevasan.
Ummon gullaringni asraydi senga.

Qanday yaxshi shunday bahorni kutmoq,
Ona sog’inchiga o’xshagan oftob.

Muz qoplar yurakmas ulkan orolni,
Hech kim eshik qoqmas, kutmaydi hatto.
Kuzda xayrlashgan daraxtdek odam,
Bir joyda tosh qotmish baxtsiz kema, o!

Ammo uy ichida o’zgacha bari,
Issiq choy xo’plashar baxtli odamlar.
Ular bilishsa-da omonat uyi,
Ummon yuzasida hatarli turar.

Gullarsiz hayot yo’q, ularsiz taqdir,
Qish bo’yi ovunchi yagona ermak.
Tuvak gullari-la bahorni eslab,
Tilsiz suhbat etar, kuyov-kelinchak.

Xabarchi deraza yuzi yorishib,
Bu tong ko’zlarida bahoriy quvonch.
Shitob yoshlarini artganicha tez,
Qo’lida ko’tarib turardi quyosh.

***

Zambezilik ovchi-
daryoda tug’ilgan suv bola edi,
Quyoshda ulg’aygan nur bola edi,
Qamish alla aytgan kuy bola edi.

Viktoriya qadim afsonalar so’zlardi unga,
Daryo, qamish yana baliq haqida ertaklar aytdi.
Cho’qqi, qayiq yana odam naslidan cho’pchak so’zlamish,
Ammo ovchi haqida aytmadi unga.
Nega?..

Bola ovchi kim ekanin bilmay ulg’ayar,
Tuproq bilan o’yin o’ynadi,
Daryo bilan o’yin o’ynadi,
Qamish bilan o’ynadi xushvaqt.

Momosi qamishdan gilam to’qiydi,
Bobosi qamishdan to’qiydi qopqon.
“Qopqon kimga?” so’radi bir kun,
Hayron bolajon.

Ovchi kim bo’lishin tanlar tabiat,
Ko’z solmish bolaga bobosi misol.
Tanlanmish askarga saralangandek,
Ovulning haloskor jangchisi shunqor.

Endi bola emas, tog’lardek o’ktam,
Qavmini ochlikka bermas bahodir,
Baquvvat qo’lida yarog’ tutgandek,
Qamshlar kesadi, orzularidek.

Qopqon yasar qamishlardan u,
Anqov emas quv baliqlarga.
Ov mavsumin kutib yashaydi,
Ovul bilan ovul jangchisi…

Viktoriya billur sochar oftobga zarrin,
Daryo chekkasida uy quradi qush.
Ovchi qamishli qopqonin suvga qo’yadi,
Baliqlar ozodlikni endi ko’rar tush.

Hayot mavsumini kutgandek qavm,
Ovchi yo’llariga tikkan edi ko’z.
Mana, o’ljasini olib kelmoqda,
Qarab turar qancha qaro ko’z.

Ovchining onasi baliqlarni chun,
Momom o’rik yoygandek oftobda toblar…

***

Yashil o’lkada tovusdum yashar,
Yigirma qush nag’masin kuylar.

Xirgoyi qilarmish odamlarga xush,
O’rmon kesuvchining bo’g’iq va xunuk,
Arrasining ovozlarini.

Yonidagi daraxt shohida,
Bulbul uch yuz sevgi qo’shiqlarini,
Kuylay olganidan emish qayg’uda…

033

(Tashriflar: umumiy 367, bugungi 1)

Izoh qoldiring