Куни кеча адабиёт газетамизда ёш қаламкаш Шодмонқул Саломовнинг «Болаликнинг охирги куни» ҳикоясини ўқиб ҳаяжонларим бисёр бўлди. Даҳватан, «Икки муҳаббат», «Чўл ҳавоси», «Қайдасан қувонч садоси», «Одамлар» деган янги юлдуз балққан кечаларни эслатган асарлар, Хайриддин Султон, Эркин Аъзам, Хуршид Давронларнинг илк ҳикоялари, илк шеърлари кўз ўнгимдан ўтди (Иброҳим Ғафуровнинг «Биринчи китоб тажрибалари» мақоласидан.»Мангу латофат» китоби,Т.2008,266 бет).
Шодмонқул Салом
БОЛАЛИКНИНГ СЎНГГИ КУНИ
Ҳикоя
— У ерга фақат аёллар боради, сенга нима бор, ер юткур, — деди онам уйнинг пастак эшигидан айвонга чиқаркан, ўдағайлаб. Мен эса ҳали кийиб улгурмаган бир пой этикчамни қўлимга олиб, момомнинг ортига қочиб ўтдим. Бу гал ҳам момом жонимга оро кирди:
— Бу бир нониреза-да, болам, қўй, ўзи бориб, ўзи келади. Ит қўриган жойга ўч дегани шу-да.
Онам тўнғиллаганча қулоғига эн солинган оқ эшакни тандирнинг супасига олиб келиб тўғрилади, момом эшакка қийналмай минди, мени эса онам қўлтиғимдан олиб, момомнинг ортига ўтқазаркан, ёлғондакам ғудраниб қўйди: «Эшакка минишни билмайди-ку бу тиламишингиз».
Онамга қараб тиржайдим.
Эшак илкис силкинди, мен момомнинг куртасидан маҳкам ушлаб олдим. Биз Ойсулувларникига Бибисешанбага жўнадик.
Уларнинг уйига тутзор ёқалаб борилади, бир томон тутзор, бир томон пахтазор. Ўртадаги ёлғизоёқ йўлдан ювош эшак бир зайлда одимлайди. Ерга эгилган тут новдалари юришга халал беради. Момом менга борганимиздан сўнг эслигина бўлиб юришимни таъкидлаб кетаётир, момомнинг ҳар гапига «ҳмм-ҳмм» деб қўяману, хаёлим эса боргач бўладиган ўйин — «уруш-уруш»да. Биз доим бирга бўлсак, «уруш-уруш» ўйнаймиз. Ўйинни иккига бўлиниб олиб ўйнаймиз, бир томон «советлар», бир томон «афғонлар» бўлади. Ким «совет» бўлса хурсанд бўлади, чунки Ойсулувнинг акаси ҳам «совет»-да. У ҳозир армияда, оти Исроил ака. Ойсулув доим акаси ҳақида ҳикоя қилганда Шералининг ҳам, менинг ҳам унга ҳавасимиз келиб кетади.
Исроил ака декабрнинг охирларида армиядан келар экан, шунда Эргаш ака катта ҳўкиз сўйиб тўй қилармиш. Исроил аканинг уёқда «танка»си, Алек деган ўрис ошнаси бор эмиш…
* * *
Кузнинг илиқ куни. Кўкда мезон учади. Кенг пахтазор адоғидаги девори лойсувоқ уй Эргаш аканики. Уйнинг ёнидан кўкка тутун ўрлаяпти — ўчоқ бўлса керак.
Момом эшакнинг бошини тутариққа бурди, жонивор аста оралай бошлади. Менимча, у ҳам момомнинг тилини тушунгандек туюлади, агар мен ҳайдаганимда ариқдан сакраб юборган бўларди.
— Ўчоқдан нарёққа ўйна, момонг келяпти, томоғингди босади ҳозир, — дея Зулфия хола ўчоқ бошидан биз томонга юра бошлади. Момом бу гал ҳам эшакдан тандир супасига тушди, мен эса ерга сакрадим. Момом аввал Зулфия хола билан, сўнг болалар билан бир-бир кўришди, мени эса Зулфия хола қўлимдан тутиб кўришаркан: «Қани Турсунполвон, катта йигит бўляпсизми?», деди. «Ҳмм» дедим ва дарҳол болаларга қўшилиб кетдим. Момом эса Зулфия хола билан уй томонга юрди.
* * *
Бугун биз олти киши бўлдик. Ойсулув болаларни бўлиш учун қўлини орқасига қилиб тош яшира бошлади, топган «совет», топмаган эса «афғон». Тош яшириш гуруҳлардаги болаларнинг сони тенглашгунча давом этди. Мен, Ойсулув, Икром «афғон» бўлиб қолдик, «советлар» эса Шерали, Ғайрат ва Гавҳар бўлди. Улар оғил тарафга кетди, биз эса уй тарафга бурилдик. Қўлимизда ёғоч тўппонча, энг зўри меники, отам ясаб берган.
— Аго-он… аго-он… — оғил тарафдан Шералининг овози эшитилди. Мен тандирнинг панасига ўтиб олдим. Шу пайт оғил томондан ҳушёр бўлиб келаётган Шерали кўринди.
— Та-таат, Шерали, та-таат ўлдинг… — деб бақириб юбордим. Шерали «вой» деди-ю, гўнг уюми томон — паккага юра бошлади. Қоидага кўра ўлганлар паккага чиқиб туради.
— Та-таат, Икром, та-таат, ўлдинг Икром… — Гавҳарнинг овози эшитилди. Икки кишига икки киши қолди — ўйин қизиб кетди.
* * *
Кун тушга яқинлашиб қолганди. Уйнинг ёнбошидан Зулфия холанинг «Ойсулув» деган овози эшитилди, кейин эса ўзи кўринди.
— Ойсулув, буёққа кел қизим, манови овқатни Салтанат холангга бериб кел, — деди Зулфия хола.
Ойсулув менга: «Юр, Турсун, бериб келайлик», деди. Мен бош ирғаганча унга эргашдим. Салтанат хола яқинда фарзандли бўлган, ҳали «чиллали», шунинг учун кўпчиликка аралашолмайди. Ойсулув иккаламиз рўмолга тугилган нон ва узнакдаги овқатни олиб йўлга тушдик.
* * *
Ойсулувларникига қайтганимизда уйнинг олдида ҳеч ким кўринмасди. «Ҳамма овқатланишга кириб кетибди», деб ўйладим. Ойсулувларнинг ўзлари яшайдиган уйда аёллар ўтиришган экан, биз тўғри шу уйга кирдик. Улар овқатланиб бўлишган экан. Олти-етти аёл айлана бўлиб ўтирибди, ўртада катта ун супраси ёзиғлиқ. Тўрдан эса момом жой олган.
— Келдиларингма? — деди Зулфия хола, — ўтиринглар шу ерга, овқат олиб келаман, — Зулфия хола шундай деб ўрнидан қўзғалди.
— Улбаччага нима бор бу ерда, нарёқда бер овқатини, — деди момомнинг ёнида ўтирган аёл. Бу Шералининг онаси Хадича хола эди. Бу гапга Зулфия хола эътироз билдирди:
— Улбаччалиги борма ҳали бунинг, ўтираберсин шу ерда.
Аёллар бу гапга кулишди. «Ўтир, Турсунжон, ўтир», деди момом.
Бурчакка ўтирдик. Ойгул иккита косада овқат олиб кирди. Ойгул Ойсулувнинг опаси, у далага кетмоқчи шекилли, эгнида ўғил болалар киядиган йўл-йўл енгли куйлак.
Овқат ерканмиз, аёлларнинг ҳаракатига қизиқиб қараб ўтирардик. Тўрда момом, қўлига пахта тутамларини олиб супранинг ўртароғида турган катталиги пиёладай келадиган оқтошнинг устига қўяяпти. Бу тош момомнинг чилтонтоши. Тошнинг икки томони бироз қорайган. Момом пахтани эшиб қўяркан, менга аввал ҳам айтиб берган «Етим қиз» маталини айтаяпти. Момом гапдан тўхтаганда аёллар гап қўшиб қўяди:
— Ҳмм, товба…
— Худойимнинг ғазнаси кенг-да…
Аёлларнинг қўлида чигити олинмаган пахта, улар пахта чигитлаб ўтиришибди. Бу орада чала-чулпа овқатланиб, айвонга чиқдик. Эргаш ака офтобада қўлини юваётган экан. У менга қараб: «Ҳа, Турсунтой, қачон от бўласан?» деди. Мен эса «Мен той эмасман», дедим.
Болалар ўйинни бошлаб юборишган экан, бизни кўриб «Қайтадан бошлаймиз», дейишди чувиллашиб. Биз яна «афғон» бўлиб қолдик. Одатдагидек, уй томонга йўл олдик. Ойсулув тандирнинг панасига беркинди, мен эса айвонга кириб бордим-да, ўртадаги уйнинг эшигини очдим. Бу Ойсулувларнинг меҳмонхонаси экан.
Хонанинг тўрида юзида катта ойнаси бор икки эшикли шкаф, унинг ёнида эса икки қатор қилиб тахланган кўрпалар бўлиб, кўрпа билан шкаф ўртасидаги бурчакда озгина жой очиқ экан. Мен шу бурчакка бордим-да, секин орқам билан кириб ўтириб олдим. Бурчак қоронғи экан. «Мени тополмай излаб келса, бу ерда кўрмайди», деб ўйладим. Тўппончам қўлимда.
Шу пайт ташқаридан яқинлашиб келаётган мотоциклнинг овози эшитилди, овоз уйга яқинлашиб ўчди ва нотаниш эркакнинг «Эргаш ака», деган товуши эшитилди. Айвондан эса Эргаш аканинг «Келаберинг, меҳмон, келаберинг», деган жавоби эшитилди. Бир пасдан сўнг эса мен ўтирган хонанинг эшиги очилиб, Эргаш аканинг изидан баланд бўйли, озғин киши уйга кирди. Меҳмоннинг қўлида тўрт бурчак шаклдаги қора чарм ҳамён бор эди. Уларнинг изидан кирган Ойгул мен ўтирган бурчакдан ўтиб кўрпалардан иккитасини тўшаб чиқиб кетди. Эргаш ака меҳмон ўтиргач, юзига фотиҳа тортди ва ҳол-аҳвол сўрай бошлади. Меҳмон менга орқа ўгириб ўтирар, ҳамёни эса мендан ярим метр нарида, кўрпанинг устида турарди.
* * *
Шу пайт аёллар ўтирган уйдан уларнинг кулгиси, кейин эса Зулфия холанинг «Кўряпман, кўряпман», деган овози эшитилди.
Бундан тушундимки, Бибисешанба охирлабди. Яъни Бибисешанбанинг охирида уй эгаси ўртадаги супрани бошига қўйиб олиб уйни айланиб чиқади, шунда уйдаги бошқа аёллар ундан «Нимани кўряпсиз?», деб сўрашади. У эса кўнглидаги барча яхши ниятларини айтиб уйни айланади.
— Нимани кўряпсиз, Зулфиябойбича? — момомнинг овозини танидим. Бунга жавобан Зулфия холанинг айвондан «Тўй қиляпмиз-е, момоси, Ойгулимди узатяпман», деган товуши эшитилди. Зулфия холанинг овози пасайди, у айвондан чиқиб кетди чамаси.
* * *
Меҳмон билан Эргаш ака эса ҳамон юзма-юз ўтирарди. Эргаш аканинг бироз хавотирли кўзлари меҳмоннинг оғзида. Меҳмон гўё айбдор одамдай ерга қараб гап бошлади:
— Эргаш ака, мен облвоенкоматданман. Термизга кеча келдим… — Меҳмон бир тўхтаб олди-да гапида яна давом этди. — Кобулда эдим шу ҳафта… Энди ака, Худонинг айтгани бўлар экан-да… Шундай бўлиб қолди…
— Қандай бўлиб қолди? — Эргаш ака қарийб бақириб юборди. — Исроил тинчми ишқилиб, нима бўлди?
— Исроил… Исроил, — меҳмон дудуқланиб, кўрпачанинг устида турган ҳамённи тезда очди-да, ундан бир парча қоғоз олди. Эргаш ака қоғозни меҳмоннинг қўлидан юлиб олди ва пичирлаб ўқий бошлади. Мен эса ўтирган жойимда нима гаплигига тушунмай ўтирардим.
— Нимага бундай бўлади… нима-ага… — Эргаш ака лаблари титраб бирдан йиғлаб юборди ва меҳмоннинг ёқасидан ола кетди. Кутилмаган бу ҳаракатдан меҳмон ёнбошига йиқилиб тушаёзди. У Эргаш аканинг қўлларидан қутулишга ҳаракат қилиб, «Эргаш ака, Эргаш ака», дерди фақат. Ўтирган жойимда чўчиб тушдим.
Эргаш ака меҳмоннинг ёқасидан қўлини олиб, ўзини гиламга ташлади. Унинг елкалари титрар, овози хирилларди: «Нима-ага?..»
— Исроил… Исроил мард йигит эди… Ватан учун мардларча ҳалок бўлди… — Меҳмон боши эгилган куйи гапирарди. Овозининг титрашидан у ҳам йиғлаётганга ўхшарди. Эргаш ака гиламдан бошини кўтарди, унинг битта-яримта оқ оралаган мўйловлари ҳам кўзёшидан ҳўл бўлганди.
— Э-э, шу… онасини… — унинг йиғи аралаш овози бироз босилгандай туюлди менга. Хонага бир зум оғир жимлик чўкди. Шу маҳал уйнинг орқа томонидаги деразадан бошига супра қўйган Зулфия хола кўринди. У тўхтаб-тўхтаб, баланд овозда ўзига-ўзи гапирарди. Унинг кўзлари жуда узоқларга қадалганди.
— Исроилимди кўряпман, кўраяпман, юзлари ойдай бўп келаяпти. Исроилимга келин тушираяпман, келинимнинг… — Зулфия холанинг овози пасайди, уйни айланиб кетди.
Менинг эса уйдан югуриб чиққим келди шу топда.
— Энаси эшитмасин, энаси, — Эргаш ака кўзларини артаркан қийналиб ўрнидан турди. Меҳмон ҳам ўрнидан қўзғолди. Гиламнинг устида эса ҳалиги қоғоз ғижим бўлиб ётарди.
— Эргаш ака… энди пешонасида бор экан-да. Эртага соат 12 да Термизга… — гапнинг давомини эшитмай ташқарига отилдим, эшикка етганда қўлида дастурхон ва тарвуз кўтарган Ойгулга урилиб кетдим.
Аёллар ҳам ташқарига чиқаётган экан, момом эса Зулфия хола жиловидан тутиб турган эшагимизга минаётибди. Югуриб айвондан чиқарканман, оғил томондан келаётган Шералининг «Та-таат, Турсун, ўлдинг, урра афғонлар енгилди», деган ҳайқириғи эшитилди. Мен эса момом томонга паришон борарканман, бирдан бақириб йиғлаб юбордим. Айвондан эса Эргаш аканинг баланд, лекин титроқ овози эшитилди.
— Тўхтат уруш-урушингни, иккинчи ўйнаганингни кўрмайин.
Зулфия хола эса мени эшакка миндираркан, ҳадеб овутарди:
— Йиғлама Турсунжон, йиғлама, ўйинда йиғлаган кал бўлади…
Шодмонқул Салом 1980 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Термиз Давлат университетининг кимё факультетини тамомлаган. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби” ва бошқа шеърий китоблари чоп этилган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”,«Turkiston» газеталарида ишлаган. Ҳозирда “Китоб дунёси” газетасида Бош муҳаррир вазифасида фаолият кўрсатмоқда.
Атоқли шоир Эшқобил Шукур Шодмонқул Салом киобига ёзган сўзбошида ёш шоирга қарата шундай ёзган эди:» Мени яна бир нарса қувонтирди, сизда ўлик шеър йўқ. Ҳар бир шеърингиз билан гаплашса, ҳасратлашса, куйлашса бўлади».
Shodmonqul Salom 1980 yilda Surxondaryo viloyatida tug’ilgan. Termiz Davlat universitetining kimyo fakul`tetini tamomlagan. “Yurak iqlimi”, “Ko’ngil kitobi” va boshqa she’riy kitoblari chop etilgan. “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”,«Turkiston» gazetalarida ishlagan. Hozirda “Kitob dunyosi” gazetasida Bosh muharrir vazifasida faoliyat ko’rsatmoqda.
Atoqli shoir Eshqobil Shukur Shodmonqul Salom kiobiga yozgan so’zboshida yosh shoirga qarata shunday yozgan edi:» Meni yana bir narsa quvontirdi, sizda o’lik she’r yo’q. Har bir she’ringiz bilan gaplashsa, hasratlashsa, kuylashsa bo’ladi».
Shodmonqul Salom
BOLALIKNING SO’NGGI KUNI
Hikoya
— U yerga faqat ayollar boradi, senga nima bor, yer yutkur, — dedi onam uyning pastak eshigidan ayvonga chiqarkan, o’dag’aylab. Men esa hali kiyib ulgurmagan bir poy etikchamni qo’limga olib, momomning ortiga qochib o’tdim. Bu gal ham momom jonimga oro kirdi:
— Bu bir nonireza-da, bolam, qo’y, o’zi borib, o’zi keladi. It qo’rigan joyga o’ch degani shu-da.
Onam to’ng’illagancha qulog’iga en solingan oq eshakni tandirning supasiga olib kelib to’g’riladi, momom eshakka qiynalmay mindi, meni esa onam qo’ltig’imdan olib, momomning ortiga o’tqazarkan, yolg’ondakam g’udranib qo’ydi: «Eshakka minishni bilmaydi-ku bu tilamishingiz».
Onamga qarab tirjaydim.
Eshak ilkis silkindi, men momomning kurtasidan mahkam ushlab oldim. Biz Oysuluvlarnikiga Bibiseshanbaga
jo’nadik.
Ularning uyiga tutzor yoqalab boriladi, bir tomon tutzor, bir tomon paxtazor. O’rtadagi yolg’izoyoq yo’ldan yuvosh eshak bir zaylda odimlaydi. Yerga egilgan tut novdalari yurishga xalal beradi. Momom menga borganimizdan so’ng esligina bo’lib yurishimni ta’kidlab ketayotir, momomning har gapiga «hmm-hmm» deb qo’yamanu, xayolim esa borgach bo’ladigan o’yin — «urush-urush»da. Biz doim birga bo’lsak, «urush-urush» o’ynaymiz. O’yinni ikkiga bo’linib olib o’ynaymiz, bir tomon «sovetlar», bir tomon «afg’onlar» bo’ladi. Kim «sovet» bo’lsa xursand bo’ladi, chunki Oysuluvning akasi ham «sovet»-da. U hozir armiyada, oti Isroil aka. Oysuluv doim akasi haqida hikoya qilganda Sheralining ham, mening ham unga havasimiz kelib ketadi.
Isroil aka dekabrning oxirlarida armiyadan kelar ekan, shunda Ergash aka katta ho’kiz so’yib to’y qilarmish. Isroil akaning uyoqda «tanka»si, Alek degan o’ris oshnasi bor emish…
* * *
Kuzning iliq kuni. Ko’kda mezon uchadi. Keng paxtazor adog’idagi devori loysuvoq uy Ergash akaniki. Uyning yonidan ko’kka tutun o’rlayapti — o’choq bo’lsa kerak.
Momom eshakning boshini tutariqqa burdi, jonivor asta oralay boshladi. Menimcha, u ham momomning tilini tushungandek tuyuladi, agar men haydaganimda ariqdan sakrab yuborgan bo’lardi.
— O’choqdan naryoqqa o’yna, momong kelyapti, tomog’ingdi bosadi hozir, — deya Zulfiya xola o’choqboshidan biz tomonga yura boshladi. Momom bu gal ham eshakdan tandir supasiga tushdi, men esa yerga sakradim. Momom avval Zulfiya xola bilan, so’ng bolalar bilan bir-bir ko’rishdi, meni esa Zulfiya xola qo’limdan tutib ko’risharkan: «Qani Tursunpolvon, katta yigit bo’lyapsizmi?», dedi. «Hmm» dedim va darhol bolalarga qo’shilib
ketdim. Momom esa Zulfiya xola bilan uy tomonga yurdi.
* * *
Bugun biz olti kishi bo’ldik. Oysuluv bolalarni bo’lish uchun qo’lini orqasiga qilib tosh yashira boshladi, topgan «sovet», topmagan esa «afg’on». Tosh yashirish guruhlardagi bolalarning soni tenglashguncha davom etdi. Men, Oysuluv, Ikrom «afg’on» bo’lib qoldik, «sovetlar» esa Sherali, G’ayrat va Gavhar bo’ldi. Ular og’il tarafga ketdi, biz esa uy tarafga burildik. Qo’limizda yog’och to’pponcha, eng zo’ri meniki, otam yasab bergan.
— Ago-on… ago-on… — og’il tarafdan Sheralining ovozi eshitildi. Men tandirning panasiga o’tib oldim. Shu payt og’il tomondan hushyor bo’lib kelayotgan Sherali ko’rindi.
— Ta-taat, Sherali, ta-taat o’lding… — deb baqirib yubordim. Sherali «voy» dedi-yu, go’ng uyumi tomon — pakkaga yura boshladi. Qoidaga ko’ra o’lganlar pakkaga chiqib turadi.
— Ta-taat, Ikrom, ta-taat, o’lding Ikrom… — Gavharning ovozi eshitildi. Ikki kishiga ikki kishi qoldi — o’yin qizib ketdi.
* * *
Kun tushga yaqinlashib qolgandi. Uyning yonboshidan Zulfiya xolaning «Oysuluv» degan ovozi eshitildi, keyin esa o’zi ko’rindi.
— Oysuluv, buyoqqa kel qizim, manovi ovqatni Saltanat xolangga berib kel, — dedi Zulfiya xola.
Oysuluv menga: «Yur, Tursun, berib kelaylik», dedi. Men bosh irg’agancha unga ergashdim. Saltanat xola yaqinda farzandli bo’lgan, hali «chillali», shuning uchun ko’pchilikka aralasholmaydi. Oysuluv ikkalamiz ro’molga tugilgan non va uznakdagi ovqatni olib yo’lga tushdik.
* * *
Oysuluvlarnikiga qaytganimizda uyning oldida hech kim ko’rinmasdi. «Hamma ovqatlanishga kirib ketibdi», deb o’yladim. Oysuluvlarning o’zlari yashaydigan uyda ayollar o’tirishgan ekan, biz to’g’ri shu uyga kirdik. Ular ovqatlanib bo’lishgan ekan. Olti-yetti ayol aylana bo’lib o’tiribdi, o’rtada katta un suprasi yozig’liq. To’rdan esa momom joy olgan.
— Keldilaringma? — dedi Zulfiya xola, — o’tiringlar shu yerga, ovqat olib kelaman, — Zulfiya xola shunday deb o’rnidan qo’zg’aldi.
— Ulbachchaga nima bor bu yerda, naryoqda ber ovqatini, — dedi momomning yonida o’tirgan ayol. Bu Sheralining onasi Xadicha xola edi. Bu gapga Zulfiya xola e’tiroz bildirdi:
— Ulbachchaligi borma hali buning, o’tirabersin shu yerda.
Ayollar bu gapga kulishdi. «O’tir, Tursunjon, o’tir», dedi momom.
Burchakka o’tirdik. Oygul ikkita kosada ovqat olib kirdi. Oygul Oysuluvning opasi, u dalaga ketmoqchi shekilli, egnida o’g’il bolalar kiyadigan yo’l-yo’l yengli kuylak.
Ovqat yerkanmiz, ayollarning harakatiga qiziqib qarab o’tirardik. To’rda momom, qo’liga paxta tutamlarini olib supraning o’rtarog’ida turgan kattaligi piyoladay keladigan oqtoshning ustiga qo’yayapti. Bu tosh momomning chiltontoshi. Toshning ikki tomoni biroz qoraygan. Momom paxtani eshib qo’yarkan, menga avval ham aytib bergan «Yetim qiz» matalini aytayapti. Momom gapdan to’xtaganda ayollar gap qo’shib qo’yadi:
— Hmm, tovba…
— Xudoyimning g’aznasi keng-da…
Ayollarning qo’lida chigiti olinmagan paxta, ular paxta chigitlab o’tirishibdi. Bu orada chala-chulpa ovqatlanib, ayvonga chiqdik. Ergash aka oftobada qo’lini yuvayotgan ekan. U menga qarab: «Ha, Tursuntoy, qachon ot bo’lasan?» dedi. Men esa «Men toy emasman», dedim.
Bolalar o’yinni boshlab yuborishgan ekan, bizni ko’rib «Qaytadan boshlaymiz», deyishdi chuvillashib. Biz yana «afg’on» bo’lib qoldik. Odatdagidek, uy tomonga yo’l oldik. Oysuluv tandirning panasiga berkindi, men esa ayvonga kirib bordim-da, o’rtadagi uyning eshigini ochdim. Bu Oysuluvlarning mehmonxonasi ekan.
Xonaning to’rida yuzida katta oynasi bor ikki eshikli shkaf, uning yonida esa ikki qator qilib taxlangan ko’rpalar bo’lib, ko’rpa bilan shkaf o’rtasidagi burchakda ozgina joy ochiq ekan. Men shu burchakka bordim-da, sekin orqam bilan kirib o’tirib oldim. Burchak qorong’i ekan. «Meni topolmay izlab kelsa, bu yerda ko’rmaydi», deb o’yladim. To’pponcham qo’limda.
Shu payt tashqaridan yaqinlashib kelayotgan mototsiklning ovozi eshitildi, ovoz uyga yaqinlashib o’chdi va notanish erkakning «Ergash aka», degan tovushi eshitildi. Ayvondan esa Ergash akaning «Kelabering, mehmon, kelabering», degan javobi eshitildi. Bir pasdan so’ng esa men o’tirgan xonaning eshigi ochilib, Ergash akaning izidan baland bo’yli, ozg’in kishi uyga kirdi. Mehmonning qo’lida to’rt burchak shakldagi qora charm hamyon bor edi. Ularning izidan kirgan Oygul men o’tirgan burchakdan o’tib ko’rpalardan ikkitasini to’shab chiqib ketdi. Ergash aka mehmon o’tirgach, yuziga fotiha tortdi va hol-ahvol so’ray boshladi. Mehmon menga orqa o’girib o’tirar, hamyoni esa mendan yarim metr narida, ko’rpaning ustida turardi.
* * *
Shu payt ayollar o’tirgan uydan ularning kulgisi, keyin esa Zulfiya xolaning «Ko’ryapman, ko’ryapman», degan ovozi eshitildi.
Bundan tushundimki, Bibiseshanba oxirlabdi. Ya’ni Bibiseshanbaning oxirida uy egasi o’rtadagi suprani boshiga qo’yib olib uyni aylanib chiqadi, shunda uydagi boshqa ayollar undan «Nimani ko’ryapsiz?», deb so’rashadi. U esa ko’nglidagi barcha yaxshi niyatlarini aytib uyni aylanadi.
— Nimani ko’ryapsiz, Zulfiyaboybicha? — momomning ovozini tanidim. Bunga javoban Zulfiya xolaning ayvondan «To’y qilyapmiz-ye, momosi, Oygulimdi uzatyapman», degan tovushi eshitildi. Zulfiya xolaning ovozi pasaydi, u ayvondan chiqib ketdi chamasi.
* * *
Mehmon bilan Ergash aka esa hamon yuzma-yuz o’tirardi. Ergash akaning biroz xavotirli ko’zlari mehmonning og’zida. Mehmon go’yo aybdor odamday yerga qarab gap boshladi:
— Ergash aka, men oblvoenkomatdanman. Termizga kecha keldim… — Mehmon bir to’xtab oldi-da gapida yana davom etdi. — Kobulda edim shu hafta… Endi aka, Xudoning aytgani bo’lar ekan-da… Shunday bo’lib qoldi…
— Qanday bo’lib qoldi? — Ergash aka qariyb baqirib yubordi. — Isroil tinchmi ishqilib, nima bo’ldi?
— Isroil… Isroil, — mehmon duduqlanib, ko’rpachaning ustida turgan hamyonni tezda ochdi-da, undan bir parcha qog’oz oldi. Ergash aka qog’ozni mehmonning qo’lidan yulib oldi va pichirlab o’qiy boshladi. Men esa o’tirgan joyimda nima gapligiga tushunmay o’tirardim.
— Nimaga bunday bo’ladi… nima-aga… — Ergash aka lablari titrab birdan yig’lab yubordi va mehmonning yoqasidan ola ketdi. Kutilmagan bu harakatdan mehmon yonboshiga yiqilib tushayozdi. U Ergash akaning qo’llaridan qutulishga harakat qilib, «Ergash aka, Ergash aka», derdi faqat. O’tirgan joyimda cho’chib tushdim.
Ergash aka mehmonning yoqasidan qo’lini olib, o’zini gilamga tashladi. Uning yelkalari titrar, ovozi xirillardi: «Nima-aga?..»
— Isroil… Isroil mard yigit edi… Vatan uchun mardlarcha halok bo’ldi… — Mehmon boshi egilgan kuyi gapirardi. Ovozining titrashidan u ham yig’layotganga o’xshardi. Ergash aka gilamdan boshini ko’tardi, uning bitta-yarimta oq oralagan mo’ylovlari ham ko’zyoshidan ho’l bo’lgandi.
— E-e, shu… onasini… — uning yig’i aralash ovozi biroz bosilganday tuyuldi menga. Xonaga bir zum og’ir jimlik cho’kdi. Shu mahal uyning orqa tomonidagi derazadan boshiga supra qo’ygan Zulfiya xola ko’rindi. U to’xtab-to’xtab, baland ovozda o’ziga-o’zi gapirardi. Uning ko’zlari juda uzoqlarga qadalgandi.
— Isroilimdi ko’ryapman, ko’rayapman, yuzlari oyday bo’p kelayapti. Isroilimga kelin tushirayapman, kelinimning… — Zulfiya xolaning ovozi pasaydi, uyni aylanib ketdi.
Mening esa uydan yugurib chiqqim keldi shu topda.
— Enasi eshitmasin, enasi, — Ergash aka ko’zlarini artarkan qiynalib o’rnidan turdi. Mehmon ham o’rnidan qo’zg’oldi. Gilamning ustida esa haligi qog’oz g’ijim bo’lib yotardi.
— Ergash aka… endi peshonasida bor ekan-da. Ertaga soat 12 da Termizga… — gapning davomini eshitmay tashqariga otildim, eshikka yetganda qo’lida dasturxon va tarvuz ko’targan Oygulga urilib ketdim.
Ayollar ham tashqariga chiqayotgan ekan, momom esa Zulfiya xola jilovidan tutib turgan eshagimizga minayotibdi. Yugurib ayvondan chiqarkanman, og’il tomondan kelayotgan Sheralining «Ta-taat, Tursun, o’lding, urra afg’onlar yengildi», degan hayqirig’i eshitildi. Men esa momom tomonga parishon borarkanman, birdan baqirib yig’lab yubordim. Ayvondan esa Ergash akaning baland, lekin titroq ovozi eshitildi.
— To’xtat urush-urushingni, ikkinchi o’ynaganingni ko’rmayin.
Zulfiya xola esa meni eshakka mindirarkan, hadeb ovutardi:
— Yig’lama Tursunjon, yig’lama, o’yinda yig’lagan kal bo’ladi…