Аргентиналик машҳур адиб Эрнесто Сабато (Ernesto Sábato) 1911 йилнинг 24 июнида Буэнос-Айреснинг Рохас мавзесида дунёга келиб, роппа-роса юз ёшга тўлишидан 2 ой олдин, 2011 йилнинг 30 апрелида оламдан кўз юмган.
Ўрта таълим мактабидан кейин миллий университетнинг физика-математика факультетида таълим ола бошлайди. Кўпболали оилада туғилган Эрнесто ( у оиладаги ўн бир боладан ўнинчиси эди) ёшлигидан ижтимоий тенгсизликка қарши ҳаракатларда, хусусан Аргентина ёшларининг коммунистик ташкилоти фаолиятида иштирок этади. 22 ёшида биринчи йирик асари «Сассиз булоқ» романини ёза бошлайди.
1938 йилда физика соҳасида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади. Худди ўша йили Париждаги Жолио-Кюри лабараториясида ишлашга ҳуқуқ берадиган илмий степендия билан тақдирланади. Парижга келган Эрнесто кўп вақт ўтмай, франсуз сюрреалистларига яқинлашиб, илмий ишдан узоқлашади. Айни ўша пайтдан тўлиқ адабий фаолият билан шуғулланади.
1948 йилда машҳур «Туннель» романини ёзади. Албер Камюнинг ташаббуси билан Парижда нашр этилган роман қисқа вақт ичида ўндан ортиқ тилга таржима қилинади, уч марта (1952, 1977, 1987 йй) киноэкранларига чиқарилади. Адибнинг кейинги асарлари: «Қаҳрамонлар ва қабрлар ҳақида» (1961), «Қирувчи Аввадон» (1974) романлари унинг номини Лотин Америкаси адабиётининг ёрқин сиймолари қаторига қўйди. 1984 йили испантилли адабиёт соҳасида таъсис этилган ва олий мақомга эга Мигель де Сервантес Сааведра мукофоти билан тақдирланади.
Назар Эшонқул
ЭРНЕСТО САБАТОНИНГ «ТУННЕЛЬ» АСАРИ ҲАҚИДА
Эрнесто Сабатонинг «Тунель» қиссасини ўқиб чиқдим. Ажойиб. Ёлғизлик ва одам вужудига яширинган иблиснинг тасвири жуда зўр. Ёлғизлик фақат одамнинг ўзинимас, атроф-муҳитни ҳам, энг яқин кишиларни ҳам, ҳатто мухаббатни ҳам ҳалок этади.
Хуан Паблони ҳалокатга бошлаган нарса фикр иблисидир. У Хуанни Мариянинг ҳар бир ҳаракатидан шубҳаланишга, шубҳадан эса турли хил гумонли хулосалар чиқаришга мажбур этади. Фикр изчиллиги, шубҳа, ишончсизлик – ҳалокат ўқлари. Одам ўзи ҳақида ҳаддан ортиқ ўйлаб юборса ҳам, бу ўйлар уни ҳалокатга элтиши мумкин. Ҳаётдан ҳаддан ортиқ мазмун излаш мазмунсизликни келтириб чиқади.
Ўзбек адабиёти, қиссаларининг қаҳрамонлари бу асар қаҳрамонлари олдида чиройли ҳаракатлар қиладиган қўғирчоққа ўхшаб қолади. Чақалоқ билан қўғирчоқни ёнма-ён қўйсангиз, ўзбек прозаси билан дунё прозасининг фарқини яққол ҳис этасиз. Чақалоқ йиғлайди, инжиқлик қилади, кулади, ўйнайди, касал бўлади, эмади, хархаша қилади, орқасини ҳўл қилади – ҳаммаси болага, одамнинг боласига хос ҳаракат қилади. Қўғирчоқ қанчалик чиройли ва озода бўлмасин, уни фақат бошқа биров (автор) ҳаракатга келтириши керак. У қанчалик келишган, бежирим ва озода бўлмасин, ифлос, кир-чирга ўралашиб ётган болачалик ҳис уйғотмайди одамда.