Abdurasul Eshonboboev. Navoiy tarjimai holiga doir yangilik

09    …Мулоҳазаларни умумлаштириб ягона бир махражга келтирадиган бўлсак қуйидагича манзара ҳосил бўлади: “Навоий Абу Саид томонидан Самарқандга сургун қилинган”, “ўз ихтиёри билан йўл олган”, “Самарқандга таҳсил учун борган”. Бундай талқинларнинг юзага келишига, биринчидан, тарихий манбаларда (шоирнинг ўз асарларида ҳам) бу хусусидаги маълумотларнинг камлиги ва боз устига зиддиятлар мавжудлиги бўлса, иккинчидан, масалага ёндашган ҳар бир тадқиқотчи имконияти доирасида мантиқий ечимга интилганидадир.

09
НАВОИЙ ТАРЖИМАИ ҲОЛИГА ДОИР ЯНГИЛИК
Абдурасул Эшонбобоев
055

Алишер Навоий таржимаи ҳолини илмий ўрганиш борасида академик Василий Влидимирович Бартольднинг “Мир Алишер ва сиёсий ҳаёт” номли рисоласи алоҳида аҳамиятга эгадир.

Бартольд ўз рисоласида Мирзо Бобурнинг “Билмон, не жарима била Султон Абу Саид Мирзо Ҳиротдин ихрож қилди” деган сўзларига асосланиб, Навоий Абу Саид томонидан Самарқандга сургун қилинган деб ёзган эди. Бошқа бир муаррих Мирхонд “Рафзатус-сафо”да: “Амир Алишер Абу Саид Мирзо Султоннинг замонасида Хуросон доруссалтанасиға бориб, бир неча кунини ул иқбол уйи останасининг мулозаматида ўткарди, аммо ўзининг холиға яраша риоят ва тарбият тополмади. Шул важҳ била Хуросондин беҳишт монанд Самарқандга борди” деб маълумот беради. Кўриниб турибдики, ҳар икки манбада ҳам воқеа содир бўлган йиллар аниқ кўрсатилмаган. Шунингдек, Мирхондда сургун ҳақида гап йўқ. Бартольд Абу Саид даврида Самарқандга ўқиш учун келмас эдилар ва минтақа маданий таназзулга юз тутган деган мулоҳазадан келиб чиқиб сургун талқинига мойил бўлган. Бироқ Навоийнинг ўзи “Мажолис ун-нафоис” асарида “Фақир таҳсил учун Самарқандга борғанда…”, “Фақир икки йил анинг қошида сабақ ўқуб эрдим” деб қайд этади. Яна олим Навоий Самарқандда Абулайс Самарқандий қўлида ўқиган деган иккинчи бир фикрни ҳам айтган эди. Шоирнинг Самарқанд сафарини мантиқий асослаш мақсадида турли хил талқинлар билдирилган. Олим Шарафутдинов “Алишер Навоий” китобида ёзган эди: “Алишердан гумонсираган Абу Саид Мирзо 1467 йили уни Самарқандга сургун қилди”. Лекин шоирнинг Самарқандга келган йили аниқ эмас, Ҳиротга қайтган йили эса аниқ.

Ушбу масалани махсус ўрганган академик Воҳид Абдуллаев 1948 йили “Алишер Навоий” тўпламида чоп этилган “Алишер Самарқандда” номли рисоласида бир қатор эътиборга молик мулоҳазаларни баён этган: биринчиси,
Бартольднинг Абу Саид даврида Самарқанд маданий таназзулда эди деган фикрига эътироз билдириб, Самарқанд Мирзо Улуғбек вафотидан кейин ҳам узоқ даврларга қадар ўз маданий мавқеини сақлаб қолганини (“Мажолис ун-нафоис”га таяниб) исботлайди; иккинчиси, шоирнинг Самарқандда яшаган даврини 1465-1469 йиллар деб янги фаразни илгари суради; учинчиси, Мирзо Бобур сўзларига асосланиб, Навоий Самарқандга сургун қилинган деган фикрга қўшилади ва унинг сабаблари хусусида ўз мулоҳазаларини баён этади.

Навоийшунос Абдуқодир Ҳайитметов “Навоийнинг Сайид Ҳасан Ардашерга шеърий мактуби” мақоласида асарни чуқур таҳлил этиб, ёзилиш сабаб­ларига тўхталиб ўтади. Унинг фикрича, мактуб Самарқандда ёзилган бўлиб, шоирнинг Ҳиротдан кетиш сабабларини ойдинлаштиради. Бироқ бизни унинг мавзуга алоқадор жиҳатлари кўпроқ қизиқтиради ва у бу ҳақда шундай ёзади: “Аслида эса Навоий расмий равишда сургун қилинмаган, балки ўз бошига тушиши муқаррар бўлган кулфатларнинг олдини олиб, зийраклик билан ўзига-ўзи подшоҳнинг кўзидан узоқда туришни маъқул кўрган”. Олимнинг фикрича, шоир Самарқандга 24-25 ёшларида борган. Демак, Абдуқодир Ҳайитметов мулоҳазасига кўра, Навоий Самарқандга ўз ихтиёри билан борган.

Академик Иззат Султон “Навоийнинг қалб дафтари” китобида шоир асарларидан келиб чиқиб, қолаверса, тарихий манбаларга таяниб ушбу масалага оид фикрларни илгари сурган; биринчидан, у сургун версиясини маъқуллайди; иккинчидан, шоирнинг ўз қайдларидан келиб чиқиб Навоий Самарқандга билимини ошириш мақсадида келган деб ёзади. Шунингдек, “Муншаот”даги мактубларидан бирини таҳлил этиб хат Самарқанддан Султон Бойқарога йўллангани хусусида шундай ёзган эди: “Навоийнинг бу даврда ҳар доимгидек Ҳусайн Бойқаронинг ҳаёти ва ишларидан хабардор турганини, унинг муҳим ишларида бевосита иштирок этганини, унга маслаҳатлар бериб турганини ва ҳатто тахт олишга фаол рағбатлантириб борганини, ўз дўстининг ғалабага эришувига астойдил ишонганини ушбу хатдан фаҳмлаш қийин эмас”. Навоий, албатта, Ҳусайн Бойқаронинг ҳокимиятни эгаллашидан манфаатдор эди. Бироқ юқоридаги талқин мактуб матнига асосланган тарихий манбаларда бу хусусида маълумот мавжуд эмас. Бундан ташқари, мактуб 1496 йили Бадиуззамонга йўллангани навоийшунос Суйима Ғаниева томонидан исботлаб кўрсатилган. Олимнинг қуйидаги мулоҳазалари етарли даражада асосланмаган ва мунозаралидир: “Бу китобда бундан кейин келтирилган ҳужжатлардан Навоийнинг шу даврда Самарқандда бўлмасдан, келиб ва кетиб тургани аён бўлади”.

Кейинги йилларда Алишер Навоий таржимаи ҳоли борасидаги тадқиқотлар ичида Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий” номли монографияси шоир биографиясини ўрганишда муҳим ўрин тутади. Олим Навоийнинг Самарқанд сафари ўз ихтиёри билан амалга ошган деган фикр­га қўшилади ва манбаларга асосланиб бир қатор мулоҳазаларни илгари суради. Монографияда, айрим мунозарали ўринлар ҳам йўқ эмас.

Юқоридаги мулоҳазаларни умумлаштириб ягона бир махражга келтирадиган бўлсак қуйидагича манзара ҳосил бўлади: “Навоий Абу Саид томонидан Самарқандга сургун қилинган”, “ўз ихтиёри билан йўл олган”, “Самарқандга таҳсил учун борган”. Бундай талқинларнинг юзага келишига, биринчидан, тарихий манбаларда (шоирнинг ўз асарларида ҳам) бу хусусидаги маълумотларнинг камлиги ва боз устига зиддиятлар мавжудлиги бўлса, иккинчидан, масалага ёндашган ҳар бир тадқиқотчи имконияти доирасида мантиқий ечимга интилганидадир. Биз буни муайян бир фан тарихидаги табиий ҳол деб биламиз.

Айни шу масалага Эргаш Рустамов 1963 йили рус тилида эълон қилинган “Страницы из биографии Алишера Навои” номли мақоласида тўхталган.

Олим Навоийнинг ўз сўзларидан келиб чиқиб ҳамда Мирзо Бобурнинг Самарқандга кетиш сабабларини кўрсатмаганини эътиборга олиб сургун талқинини қатъий равишда рад этади ва янги мулоҳазаларни илгари суради. Унинг фикрича, Навоий Самарқандда икки марта бўлган. Дастлабки сафар 1458-1459 йилларда таҳсил мақсадида амалга оширилган. Бунда шарқшунос олим шоирнинг “Мажолис ун-нафоис” асаридаги иккинчи мажлисида келтирилган қуйидаги сўзларига асосланади: “Ул жамоати азизлар зикридаким, фақир алардин баъзининг мулозаматиға кичикликда етибмен ва баъзининг суҳбатиға йигитликда мушарраф бўлибмен”. Ушбу мажлисда шоир ёшлигида учрашган Шарофиддин Али Яздий, Абулайс Самарқандий, Шайх Садриддин Равосий, Камол Турбатий, Мавлоно Лутфий ва у Самарқандда танишган шоирлар зикр этилган. Бундан ташқари, Султон Ҳусайн Бойқаро 1458 йили Астрабодни эгаллаб, Абу Саид билан дўстона муносабатлар ўрнатган ва унинг номи билан тилла танга зарб қилган. Муаррих Абдураззоқ Самарқандий эса Абу Саид томонидан элчи бўлиб, Астрабодга Ҳусайн Бойқаро ҳузурига борган. Бу даврда шоир 18 ёшлар атрофида бўлиб Абу Саид учун ҳеч қандай хавф туғдирган эмас. Ушбу далиллардан келиб чиқиб, олим Навоий Самарқандга дастлаб 1458-1459 йиллари таҳсил учун борган деган янги мулоҳазани билдирган эди.

Биз юқоридаги фикрларга қўшимча равишда айрим далилларни келтирмоқчимиз. Бартольд юқоридаги рисоласида 1457-1469 йиллар воқеалари хусусида сўз юритиб, Алишернинг отаси Ғиёсиддин кичкина тарихчи Мирхонднинг отаси ва бошқалар билан бирга 1458 йили темурийзода Мирзо Иброҳим томонидан Балх шаҳрига Абу Саид ҳузурига элчи сифатида борган деб ёзган эди. Ҳолбуки, навоийшуносликда Ғиёсиддин кичкинанинг 1452-1453 йиллари вафот этгани кўп бора таъкидланган. Масалан, “Ўзбек адабиёти тарихи”да ўқиймиз: “Ғиёсиддин кичкина Навоий тахминан 12 ёшларда эканида ҳаётдан кўз юмади. Отасидан ёш етим қолган Алишер Абулқосим Бобур хизматига киради”. Бартольд Ғиёсиддин кичкина билан боғлиқ маълумотни Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” тарихий асаридан олган. Ўша давр тарихчиси Абдураззоқ Самарқандий эса китобининг “Ислом машойихларининг сулҳ тузиш учун Балх томонга борганликлари зикри” қисмида воқеага батафсил тўхталади, бироқ нима учундир Алишернинг отаси исмини кўрсатмайди.

Юқоридаги мулоҳазаларни умумлаштириб айтиш керакки, Алишер ота­си ҳаётлик чоғида ва унинг кўмаги билан Самарқандга таҳсил учун йўл олган. Эргаш Рустамов фикрларига иккинчи қўшимча сифатида шуни айтиш мумкинки, Ғиёсиддин кичкина Абу Саиднинг мулозими бўлган. Бу ҳақда “Латойифнома” муаллифи Фахрий Ҳиротий шундай ёзади: “Мирнинг таржимаи ҳолидан хабардор мўйсафид тарихчилар ва тўғри сўзли дунё кўрганлар ўз асарларида шундай келтирадиларким, Мирга амирлик мансаби меросийдир. Унинг отаси Амир кичкина Султон Абу Саиднинг хизматида эди. Гарчи муҳру мансаби бўлмаса ҳам катта ҳурматга эга эди. Она томонидан бобоси Амир Шайх Абу Саъид Чанг Мирзо Бойқаро хонадонида амир ул-умаро эди”. Айнан шундай маълумотни иккинчи бир манба, Сом Мирзонинг “Туҳфаи Соми” асарида ҳам учратамиз.

Шарқшунос Эргаш Рустамов сўзларига кўра, Навоийнинг Самарқандга иккинчи сафари 1467-1468 йилларда амалга ошган. Бу даврда Султон Абу Саид Бадахшонни эгаллаб, ҳукмдор Лаълий ва унинг ўғлини ўлдиради. Навоийнинг улар билан муносабати яхши бўлиб, Абу Саидда шубҳа уйғотмаслик мақсадида ҳамда ёшлик йиллари меҳр-мурувват кўрган шаҳарга паноҳ излаб боради. Олимнинг мулоҳазаларига қўшимча сифатида айрим далилларни келтирамиз. Биринчидан, 1460 йилдан сўнг Абу Саид билан Ҳусайн Бойқаро муносабатлари ғоят кескинлашган, Алишернинг тоғаси Мир Саид Ҳусайн Бойқаронинг ишончли кишиларидан бири эди. 1461 йили Абу Саиднинг буйруғи билан Сарахс вилоятида ўлдирилади. Ҳар икки томон ўртасида афв этиш бўйича шартнома бўлишига қарамай фақат Мир Саидгина қатл этилади. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий шундай ёзади: “Онҳазратнинг кўзи Сайид оқоға тушгач ҳумоюн хотирда илгари ундан ранжиш бўлганлиги туфайли дарҳол уни қатл этишга фармон берди. Бошқаларга нисбатан шафқат кўрсатди”. Кейинчалик Мир Саидни ўлдирган Абу Саъид унинг укаси Муҳаммад Алини ҳам ўлдиради.

Иккинчидан эса, Мирзо Бобур Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти хусусида: “Мир Алишер Навоий Ҳирийдин Самарқандга келган фурсатлар Аҳмад Ҳожибек била бўлур эди… Аҳмад Ҳожибек мураббий ва муқаввийси эрди”, деб ёзган. Аҳмад Ҳожибек 1464 йили Самарқанд ҳокими этиб та­йинланади, бундан 10 йил муқаддам эса (1455-1464) у Ҳирот шаҳри ҳокими бўлган. Демак, шоир Аҳмад Ҳожибекни ҳомий билиб Самарқандга йўл олган. Бундан ташқари, Навоийнинг Сайид Ҳасан Ардашерга ёзган мактубидаги қуйидаги байтларни ёдга олсак, шоирнинг бу даврда тушкун аҳволда бўлганлиги ойдинлашади:

Ки бўлмоқ ватан ичра душвор эди,
Кўнгулга жало дафъи озор эди.
Сафар тушти олимға беихтиёр,
Қазо амрида элга не ихтиёр.

Билдирилган мулоҳазалардан кўриниб турибдики, Эргаш Рустамов илгари сурган фикрлар асослидир. Бироқ масалани узил-кесил ҳал қилиш учун эса изланишларни манбаларга таяниб давом эттириш лозим. Тарихий манбаларнинг бирортасида ҳам Навоий ҳақидаги маълумотлар тартиб билан изчил берилмаган.

Хулоса қилиб айтганда, Навоий ҳаёти, умуман ижоди хусусида сўз юритганда, мантиқ ила бирламчи манбаларга қайтиб иш кўриш ҳар тарафлама самаралидир.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали веб-саҳифаси

041

NAVOIY TARJIMAI HOLIGA DOIR YANGILIK
Abdurasul Eshonboboev
055

Alisher Navoiy tarjimai holini ilmiy o’rganish borasida akademik Vasiliy Vlidimirovich Bartol`dning “Mir Alisher va siyosiy hayot” nomli risolasi alohida ahamiyatga egadir.

Bartol`d o’z risolasida Mirzo Boburning “Bilmon, ne jarima bila Sulton Abu Said Mirzo Hirotdin ixroj qildi” degan so’zlariga asoslanib, Navoiy Abu Said tomonidan Samarqandga surgun qilingan deb yozgan edi. Boshqa bir muarrix Mirxond “Rafzatus-safo”da: “Amir Alisher Abu Said Mirzo Sultonning zamonasida Xuroson dorussaltanasig’a borib, bir necha kunini ul iqbol uyi ostanasining mulozamatida o’tkardi, ammo o’zining xolig’a yarasha rioyat va tarbiyat topolmadi. Shul vajh bila Xurosondin behisht monand Samarqandga bordi” deb ma’lumot beradi. Ko’rinib turibdiki, har ikki manbada ham voqea sodir bo’lgan yillar aniq ko’rsatilmagan. Shuningdek, Mirxondda surgun haqida gap yo’q. Bartol`d Abu Said davrida Samarqandga o’qish uchun kelmas edilar va mintaqa madaniy tanazzulga yuz tutgan degan mulohazadan kelib chiqib surgun talqiniga moyil bo’lgan. Biroq Navoiyning o’zi “Majolis un-nafois” asarida “Faqir tahsil uchun Samarqandga borg’anda…”, “Faqir ikki yil aning qoshida sabaq o’qub erdim” deb qayd etadi. Yana olim Navoiy Samarqandda Abulays Samarqandiy qo’lida o’qigan degan ikkinchi bir fikrni ham aytgan edi. Shoirning Samarqand safarini mantiqiy asoslash maqsadida turli xil talqinlar bildirilgan. Olim Sharafutdinov “Alisher Navoiy” kitobida yozgan edi: “Alisherdan gumonsiragan Abu Said Mirzo 1467 yili uni Samarqandga surgun qildi”. Lekin shoirning Samarqandga kelgan yili aniq emas, Hirotga qaytgan yili esa aniq.

Ushbu masalani maxsus o’rgangan akademik Vohid Abdullaev 1948 yili “Alisher Navoiy” to’plamida chop etilgan “Alisher Samarqandda” nomli risolasida bir qator e’tiborga molik mulohazalarni bayon etgan: birinchisi,
Bartol`dning Abu Said davrida Samarqand madaniy tanazzulda edi degan fikriga e’tiroz bildirib, Samarqand Mirzo Ulug’bek vafotidan keyin ham uzoq davrlarga qadar o’z madaniy mavqeini saqlab qolganini (“Majolis un-nafois”ga tayanib) isbotlaydi; ikkinchisi, shoirning Samarqandda yashagan davrini 1465-1469 yillar deb yangi farazni ilgari suradi; uchinchisi, Mirzo Bobur so’zlariga asoslanib, Navoiy Samarqandga surgun qilingan degan fikrga qo’shiladi va uning sabablari xususida o’z mulohazalarini bayon etadi.

Navoiyshunos Abduqodir Hayitmetov “Navoiyning Sayid Hasan Ardasherga she’riy maktubi” maqolasida asarni chuqur tahlil etib, yozilish sabab­lariga to’xtalib o’tadi. Uning fikricha, maktub Samarqandda yozilgan bo’lib, shoirning Hirotdan ketish sabablarini oydinlashtiradi. Biroq bizni uning mavzuga aloqador jihatlari ko’proq qiziqtiradi va u bu haqda shunday yozadi: “Aslida esa Navoiy rasmiy ravishda surgun qilinmagan, balki o’z boshiga tushishi muqarrar bo’lgan kulfatlarning oldini olib, ziyraklik bilan o’ziga-o’zi podshohning ko’zidan uzoqda turishni ma’qul ko’rgan”. Olimning fikricha, shoir Samarqandga 24-25 yoshlarida borgan. Demak, Abduqodir Hayitmetov mulohazasiga ko’ra, Navoiy Samarqandga o’z ixtiyori bilan borgan.

Akademik Izzat Sulton “Navoiyning qalb daftari” kitobida shoir asarlaridan kelib chiqib, qolaversa, tarixiy manbalarga tayanib ushbu masalaga oid fikrlarni ilgari surgan; birinchidan, u surgun versiyasini ma’qullaydi; ikkinchidan, shoirning o’z qaydlaridan kelib chiqib Navoiy Samarqandga bilimini oshirish maqsadida kelgan deb yozadi. Shuningdek, “Munshaot”dagi maktublaridan birini tahlil etib xat Samarqanddan Sulton Boyqaroga yo’llangani xususida shunday yozgan edi: “Navoiyning bu davrda har doimgidek Husayn Boyqaroning hayoti va ishlaridan xabardor turganini, uning muhim ishlarida bevosita ishtirok etganini, unga maslahatlar berib turganini va hatto taxt olishga faol rag’batlantirib borganini, o’z do’stining g’alabaga erishuviga astoydil ishonganini ushbu xatdan fahmlash qiyin emas”. Navoiy, albatta, Husayn Boyqaroning hokimiyatni egallashidan manfaatdor edi. Biroq yuqoridagi talqin maktub matniga asoslangan tarixiy manbalarda bu xususida ma’lumot mavjud emas. Bundan tashqari, maktub 1496 yili Badiuzzamonga yo’llangani navoiyshunos Suyima G’anieva tomonidan isbotlab ko’rsatilgan. Olimning quyidagi mulohazalari yetarli darajada asoslanmagan va munozaralidir: “Bu kitobda bundan keyin keltirilgan hujjatlardan Navoiyning shu davrda Samarqandda bo’lmasdan, kelib va ketib turgani ayon bo’ladi”.

Keyingi yillarda Alisher Navoiy tarjimai holi borasidagi tadqiqotlar ichida Shuhrat Sirojiddinovning “Alisher Navoiy” nomli monografiyasi shoir biografiyasini o’rganishda muhim o’rin tutadi. Olim Navoiyning Samarqand safari o’z ixtiyori bilan amalga oshgan degan fikr­ga qo’shiladi va manbalarga asoslanib bir qator mulohazalarni ilgari suradi. Monografiyada, ayrim munozarali o’rinlar ham yo’q emas.

Yuqoridagi mulohazalarni umumlashtirib yagona bir maxrajga keltiradigan bo’lsak quyidagicha manzara hosil bo’ladi: “Navoiy Abu Said tomonidan Samarqandga surgun qilingan”, “o’z ixtiyori bilan yo’l olgan”, “Samarqandga tahsil uchun borgan”. Bunday talqinlarning yuzaga kelishiga, birinchidan, tarixiy manbalarda (shoirning o’z asarlarida ham) bu xususidagi ma’lumotlarning kamligi va boz ustiga ziddiyatlar mavjudligi bo’lsa, ikkinchidan, masalaga yondashgan har bir tadqiqotchi imkoniyati doirasida mantiqiy yechimga intilganidadir. Biz buni muayyan bir fan tarixidagi tabiiy hol deb bilamiz.

Ayni shu masalaga Ergash Rustamov 1963 yili rus tilida e’lon qilingan “Stranitsi iz biografii Alishera Navoi” nomli maqolasida to’xtalgan.

Olim Navoiyning o’z so’zlaridan kelib chiqib hamda Mirzo Boburning Samarqandga ketish sabablarini ko’rsatmaganini e’tiborga olib surgun talqinini qat’iy ravishda rad etadi va yangi mulohazalarni ilgari suradi. Uning fikricha, Navoiy Samarqandda ikki marta bo’lgan. Dastlabki safar 1458-1459 yillarda tahsil maqsadida amalga oshirilgan. Bunda sharqshunos olim shoirning “Majolis un-nafois” asaridagi ikkinchi majlisida keltirilgan quyidagi so’zlariga asoslanadi: “Ul jamoati azizlar zikridakim, faqir alardin ba’zining mulozamatig’a kichiklikda yetibmen va ba’zining suhbatig’a yigitlikda musharraf bo’libmen”. Ushbu majlisda shoir yoshligida uchrashgan Sharofiddin Ali Yazdiy, Abulays Samarqandiy, Shayx Sadriddin Ravosiy, Kamol Turbatiy, Mavlono Lutfiy va u Samarqandda tanishgan shoirlar zikr etilgan. Bundan tashqari, Sulton Husayn Boyqaro 1458 yili Astrabodni egallab, Abu Said bilan do’stona munosabatlar o’rnatgan va uning nomi bilan tilla tanga zarb qilgan. Muarrix Abdurazzoq Samarqandiy esa Abu Said tomonidan elchi bo’lib, Astrabodga Husayn Boyqaro huzuriga borgan. Bu davrda shoir 18 yoshlar atrofida bo’lib Abu Said uchun hech qanday xavf tug’dirgan emas. Ushbu dalillardan kelib chiqib, olim Navoiy Samarqandga dastlab 1458-1459 yillari tahsil uchun borgan degan yangi mulohazani bildirgan edi.

Biz yuqoridagi fikrlarga qo’shimcha ravishda ayrim dalillarni keltirmoqchimiz. Bartol`d yuqoridagi risolasida 1457-1469 yillar voqealari xususida so’z yuritib, Alisherning otasi G’iyosiddin kichkina tarixchi Mirxondning otasi va boshqalar bilan birga 1458 yili temuriyzoda Mirzo Ibrohim tomonidan Balx shahriga Abu Said huzuriga elchi sifatida borgan deb yozgan edi. Holbuki, navoiyshunoslikda G’iyosiddin kichkinaning 1452-1453 yillari vafot etgani ko’p bora ta’kidlangan. Masalan, “O’zbek adabiyoti tarixi”da o’qiymiz: “G’iyosiddin kichkina Navoiy taxminan 12 yoshlarda ekanida hayotdan ko’z yumadi. Otasidan yosh yetim qolgan Alisher Abulqosim Bobur xizmatiga kiradi”. Bartol`d G’iyosiddin kichkina bilan bog’liq ma’lumotni Xondamirning “Habib us-siyar” tarixiy asaridan olgan. O’sha davr tarixchisi Abdurazzoq Samarqandiy esa kitobining “Islom mashoyixlarining sulh tuzish uchun Balx tomonga borganliklari zikri” qismida voqeaga batafsil to’xtaladi, biroq nima uchundir Alisherning otasi ismini ko’rsatmaydi.

Yuqoridagi mulohazalarni umumlashtirib aytish kerakki, Alisher ota­si hayotlik chog’ida va uning ko’magi bilan Samarqandga tahsil uchun yo’l olgan. Ergash Rustamov fikrlariga ikkinchi qo’shimcha sifatida shuni aytish mumkinki, G’iyosiddin kichkina Abu Saidning mulozimi bo’lgan. Bu haqda “Latoyifnoma” muallifi Faxriy Hirotiy shunday yozadi: “Mirning tarjimai holidan xabardor mo’ysafid tarixchilar va to’g’ri so’zli dunyo ko’rganlar o’z asarlarida shunday keltiradilarkim, Mirga amirlik mansabi merosiydir. Uning otasi Amir kichkina Sulton Abu Saidning xizmatida edi. Garchi muhru mansabi bo’lmasa ham katta hurmatga ega edi. Ona tomonidan bobosi Amir Shayx Abu Sa’id Chang Mirzo Boyqaro xonadonida amir ul-umaro edi”. Aynan shunday ma’lumotni ikkinchi bir manba, Som Mirzoning “Tuhfai Somi” asarida ham uchratamiz.

Sharqshunos Ergash Rustamov so’zlariga ko’ra, Navoiyning Samarqandga ikkinchi safari 1467-1468 yillarda amalga oshgan. Bu davrda Sulton Abu Said Badaxshonni egallab, hukmdor La’liy va uning o’g’lini o’ldiradi. Navoiyning ular bilan munosabati yaxshi bo’lib, Abu Saidda shubha uyg’otmaslik maqsadida hamda yoshlik yillari mehr-muruvvat ko’rgan shaharga panoh izlab boradi. Olimning mulohazalariga qo’shimcha sifatida ayrim dalillarni keltiramiz. Birinchidan, 1460 yildan so’ng Abu Said bilan Husayn Boyqaro munosabatlari g’oyat keskinlashgan, Alisherning tog’asi Mir Said Husayn Boyqaroning ishonchli kishilaridan biri edi. 1461 yili Abu Saidning buyrug’i bilan Saraxs viloyatida o’ldiriladi. Har ikki tomon o’rtasida afv etish bo’yicha shartnoma bo’lishiga qaramay faqat Mir Saidgina qatl etiladi. Tarixchi Abdurazzoq Samarqandiy shunday yozadi: “Onhazratning ko’zi Sayid oqog’a tushgach humoyun xotirda ilgari undan ranjish bo’lganligi tufayli darhol uni qatl etishga farmon berdi. Boshqalarga nisbatan shafqat ko’rsatdi”. Keyinchalik Mir Saidni o’ldirgan Abu Sa’id uning ukasi Muhammad Alini ham o’ldiradi.

Ikkinchidan esa, Mirzo Bobur Navoiyning Samarqanddagi hayoti xususida: “Mir Alisher Navoiy Hiriydin Samarqandga kelgan fursatlar Ahmad Hojibek bila bo’lur edi… Ahmad Hojibek murabbiy va muqavviysi erdi”, deb yozgan. Ahmad Hojibek 1464 yili Samarqand hokimi etib ta­yinlanadi, bundan 10 yil muqaddam esa (1455-1464) u Hirot shahri hokimi bo’lgan. Demak, shoir Ahmad Hojibekni homiy bilib Samarqandga yo’l olgan. Bundan tashqari, Navoiyning Sayid Hasan Ardasherga yozgan maktubidagi quyidagi baytlarni yodga olsak, shoirning bu davrda tushkun ahvolda bo’lganligi oydinlashadi:

Ki bo’lmoq vatan ichra dushvor edi,
Ko’ngulga jalo daf’i ozor edi.
Safar tushti olimg’a beixtiyor,
Qazo amrida elga ne ixtiyor.

Bildirilgan mulohazalardan ko’rinib turibdiki, Ergash Rustamov ilgari surgan fikrlar asoslidir. Biroq masalani uzil-kesil hal qilish uchun esa izlanishlarni manbalarga tayanib davom ettirish lozim. Tarixiy manbalarning birortasida ham Navoiy haqidagi ma’lumotlar tartib bilan izchil berilmagan.

Xulosa qilib aytganda, Navoiy hayoti, umuman ijodi xususida so’z yuritganda, mantiq ila birlamchi manbalarga qaytib ish ko’rish har taraflama samaralidir.

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali veb-sahifasi

041

(Tashriflar: umumiy 462, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring