Бугунги кун ўзбек шеърияти иқлимида Гулбаҳор Саид Ғанининг ўзи танлаган ва собитлик билан бораётган йўли бор. Бу йўлнинг пасту баланди, кузи ва баҳори, қору саратони унинг шеърларида мужассам бўлиб, шоирга йўлдош бўлганларга майин кайфият улашади. Бугун шоиранинг янги шеърларини сизга тақдим этар эканман, синглимга янги шеърлар тилаб қоламиз.
Гулбаҳор САИД ҒАНИ
ШЕЪРЛАР
Гулбаҳор Саид Ғани Қўқонда туғилган. У Қўқон Давлат педагогика институтини тугаллаган. Филология фанлари номзоди. Ҳозир шу матбуот соҳасида фаолият олиб боради. Шоиранинг “Ёввойи ушшоқ”, “Барибир бахтлиман”, “Қўшиғимни кутмоқда дунё” ва яна бир қатор шеърий тўпламлари нашр қилинган.
Шеърият мухлислари шоиранинг эҳтиросли шеърларини, мумтоз адабиётимиз даҳолари ғазалларига мухаммасларини, маҳорат билан қилинган таржималарини яхши биладилар, севиб ўқийдилар.
МЕН СИЗГА БЕГОНАМАН
Сепин ёйган дунёлар,
Алдаб қочган рўёлар,
Эй булбули гўёлар,
Мен сизга бегонаман.
Битар каму кўстларим,
Аммо кўнгилдир ярим,
Хафа бўлманг, дўстларим,
Мен сизга бегонаман.
Эй қариндош, яқиним,
Болам, кўзи чақиним,
Менга мендан яқиним,
Мен сизга бегонаман.
Севгилим, севгонмисиз,
Ранглари сомонмисиз,
Жон ичида жонмисиз,
Мен сизга бегонаман.
Эй хуш кечган замоним,
Эй ҳасбу ҳол, армоним,
Эй шеърдаги жаҳоним,
Мен сизга бегонаман.
Эл билмайди, мен кимман,
Балки тоққа орзуманд
Йиғлаб турган оҳуман,
Мен сизга бегонаман.
Дугонам гул ё баёт,
Одам қавми етти ёт,
Қайга боқсам — пулсирот,
Мен сизга бегонаман.
Бу кўнгил мубталоси,
Икки дунё ароси
Битмайдиган яроси –
Мен сизга бегонаман.
ҲАБИБУЛЛО САИД ҒАНИГА
Кўрганмисиз шоир кўзида
Оламларга сиғмаган бахт ё
Қорачиққа ботиб қолган дард
Шуъласида қорайган дунё.
Синиқ дилда томчи-томчи май,
Сўзлар гўзал, сўзлар эса ҳур…
Кўнгилларда туғилиб борар
Буюк инсон кўзидаги нур…
Сўзфурушлар сўз сотар замон
Чинор каби қулаган қадр.
Шоир мисли парвоздаги қуш —
Осмонларга қулар барибир.
ХЎҚАНД МИНОРИГА
Бунда жаҳонгашта, саргашта ҳилол
Хўқанд минорига мангуга қўнган.
Бунда сўз излайман нон каби ҳалол,
Бунда тарих ёнган, қисматлар ёнган…
Охири кўзимга ботади оғир
Асрлар қаъридан бўй чўзган минор.
Бунда у ўзбекнинг ўғлидай мағрур
Кўксини ўқларга тутган неча бор…
Кун келиб қадди дол ул эски тарих
Қайларга беркинар, йўқотгай изин…
Бунда саодатнинг ранглари сариқ,
Бунда фаришталар турар муаззин…
***
Ажабдурким, каси нодон гумон этмиш имонимдин,
Не сир билғайки ҳолимдин, мани яхши- ямонимдин.
Залолат дин анга не тонг, таассубдир қилар кори,
Талаб этма, ки эй фосиқ, зоҳидликни бу жонимдин.
Санам йиғлаб худо дерсан, худога илтижо дерсан,
Юракингға агар томса юракда тоза қонимдин.
Сенинг неки малолинг бор, малолингда ҳалолинг бор,
Тўкилган бир ҳазин япроқ каби ранги сомонимдин.
Ки ман ринди хароботий, дилимда Зулжалол оти,
Маконда ломакондирсан, хабар топсанг маконимдин.
Манам ишқ аҳлидин эрдим, нечук бебаҳра этдинг деб,
Қиёмат кун келар бўлса тутиб борма домонимдин.
Ики дунё имоним ишқ, ки сўнг айтар каломим ишқ,
Яна тиргузса ишқ дерман, ўшал кун устихонимдин.
ЧИНОРЛАРИ ҚУЛАГАН ЮРТ
(экологик шеър)
Чинорлари кесилган юртда
Соябон йўқ,
Соялар яшар.
Чинор минг йил яшамай ўтди,
Одамзот-чи, ошини ошар.
Шамоллари ваҳший қутурар,
Кўкрак кериб чиқмас чинорлар.
Ёлғиз, тилсиз қўққайиб турар
Асрларга тенгдош минорлар.
Дарахтларга қарамоқ оғир
(Кўксидан ҳеч отилмас бир оҳ),
Замин гўё не-не баҳодир
Қулаб ётган вайрона жанггоҳ.
Дарахтларнинг мозоротида
Осмон юкин елкамга ташлар,
Чинорлари қулаган юртда
Соябон йўқ,
соялар яшар…
КАЙФИЯТ
Изғиб қолди далада туман,
Чопонингга ўран, ноябрь.
Юлдузчалар нега орзуманд
Тушларингни қилади таъбир.
Ерга ётиб йиғлар юзтубан
Кўлмакчага тўкилган хазон,
Узилган-да умиди тубдан –
Остонада турар баргрезон.
Эргашади ортимдан дала,
Катта йўлга қўяр кузатиб.
Ахир унинг ишлари чала,
Юрагимни қўяр музлатиб.
Чопонингга ўран, ноябрь,
Гарчи бугун ризқинг бут, тўкис,
Юрагимга кириб барибир,
Ғамгин қўшиқ айтаяпти куз.
***
Шамолнинг куйига тўлса фироқлар,
Бир-бир узилса гар маҳзун титроқлар,
Дарахтдан зерикса тутқун япроқлар,
Куз баҳона холос, аслида.
Чечаклар аёзнинг заҳрини тотди,
Йўлларим музлади, яхмалак отди,
Қўлларим музлади, қалбим совқотди,
Муз баҳона холос, аслида.
Хазоннинг рақси ҳам ёнмаслик учун,
Ёмғирнинг қўшиғи тинмаслик учун,
Юлдузлар ишваси сўнмаслик учун
Юз баҳона холос, аслида.
Япроқдек сарғардим васлингни истаб,
Япроқдек узилдим, бас, нени истаб,
Япроқдек чирпандим аслингни истаб,
Сўз баҳона холос, аслида…
Куз баҳона холос, аслида…
РЎЁ
Япроқларга тушгай кузнинг малоли,
Юртга кунлар келди туманли, совуқ.
Шаксиз совиб келар қибла шамоли,
Улуғ Тангрим!
Мени тутма ўзингдан ёвуқ!
Кетиб боргайманми ёдингдан сенинг,
Ё менинг ёдимдан кетдингми, Тангрим?
На бир дуосида яшадим элнинг,
На бирор иблисни жангларда енгдим.
Енгсам, мен ўзимни қийнадим, енгдим,
Орзуларим шаҳид кетганлар, ишон,
Турфа балоларни кўмавердим жим,
Қабоғимда ухлар маҳзун қабристон.
Беш кунлик умрда кўрганим рўё,
Бас, мени уйғотинг, битсин сабристон.
Кўзимни очсам гар уйғонар дунё,
Уйғониб кетади машъум қабристон!
Япроқларга тушгай кузнинг малоли,
Юртга кунлар келди туманли, совуқ.
Шаксиз совиб келар қибла шамоли,
Улуғ Тангрим!
Мени тутма ўзингдан ёвуқ!
ЎҒЛИМГА
Натюрморт – бу ўлик табиат.
Сенинг мўйқаламингда
Тирик, яшаётир
Изтироб, армон.
Улар ўлмайдилар
Мангу,
Ҳеч қачон…
Сенинг мўйқаламингда
Ўлик бўлсин
Риё ва ҳасад.
Тирик қолсин жумлаи жаҳон.
Кўзларимни чизгин, болажон,
Сўник юлдузларнинг рақси бор унда!
Ўлик уммонларнинг туби у – қора.
Натюрморт – бу ўлик табиат.
Сенинг мўйқаламингда
Титраб турар орзули ҳаёт!
Бўёқларга жон бериб, дилни
Яшатмасанг – мўйқаламни от!
Унгача бу мен кўрган ҳаёт,
Ҳаёт, ҳайҳот–
Натюрморт…
***
Тақиллади эшик бемаҳал…
Ким у?
Оғриниб сасланди кўнглим.
Мен – баҳор!
Танимайман! Бор!
***
Тунов куни сирлашдик
Худо билан ёлғиз Ман.
Ўша куни бирлашдик
Худо билан ёлғиз Ман.
Деразамдан боқди у,
Хира эди деразам.
Ойнасини шодлигу
Кўзёшига артдим ман.
Келгин, дедим, кулбамга,
Суҳбат айлар кишим йўқ,
Айланаман ҳур дамга,
Дунё билан ишим йўқ.
Нур ёғилди хонамга,
Сояларим кўпайди,
Айримлари улғайган,
Айримлари кўп майда.
Ё худойим, нечтаман,
Қаршисида ёлвардим,
Қайси соя, қайси ман,
Ўзим билмай турардим.
Айди: жисм қафасдир,
Соя анингдир, басдир.
Шартта ечдим қафасни,
Энди соя абасми?
Юзтагача юзланган
Битди риё, битди ҳол.
Шарҳи ҳолим сўзлаган
Битта ўзим билан қол.
Воажабо, йўқ эдим,
На соя бор, на ўзим,
Ишқи шарар ҳам ўзим,
Ишқу шароб ҳам ўзим…
…Ўша куни сирлашдим
Худо билан ёлғиз ман…
Ёлғиз эсам, ман фақат
Худо билан ёлғизман…
ҚИШЛОҚ АЁЛИНИНГ ҚАДОҚ ҚЎЛИДАН
Далалар яшнайди, боғлар гуллайди,
Гулларга ошуфта қалблар куйлайди,
Юртни обод қилар, нелар келмайди
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан.
Уйқудан туради турмасдан қуёш,
Унинг орзулари уфқда талош,
Ҳовли юмушлари ўтади бир бош
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан.
Меҳрли қўллардан обод хонадон,
Таърифин топмадим излаб мен нодон,
Балки ризқимизга етиб келар дон
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан.
Доимо собитдир қилинган аҳдда,
Тенг келмоқ мушкулдир сизларга шаҳдда,
Оқиб келаётган дуолар бахтда —
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан.
Тутганда тафтидан титрайди юрак,
Мен учун бу қўллар мулойим ипак,
Меҳрибон бир қўл йўқ дунёда бўлак
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан.
Мен тавоф қилайин суртиб кўзимга,
Келинг, таъзим қилай босиб юзимга,
Меҳру муҳаббатлар инар сўзимга
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан.
Кафтинда чизиқлар, дағал чизиқлар,
Фаришталар унга бош қўйиб йиғлар,
Дилимда доимий титроқ, оғриқлар
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан.
Товонин ёриғи дилимни ёрар,
Пойинда чўнг дунё яшариб борар,
Ё ҳайрат! Тилимда сўзларим ёнар
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан.
Нияти пок эрур, умиди байзо,
Ўсиб улғайгандир не марду майдон,
Ҳаёт пайдо бўлар, келажак пайдо
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан!
Эй яратган Эгам, Оллоҳ таоло!
Жаннатда мақом бер ҳурлардан аъло.
Дилимда куй янграр, буюк салламно
Қишлоқ аёлининг қадоқ қўлидан!
***
Эгилмадим ҳеч тоатимга,
Ишқ ўт қўйди-ку тоқатимга,
Нима қолар охиратимга
Бу дунёда бўлган кезлардан?
Ному нишон, бойликму қолгай?
Сўз бераман, сўзсиз йўқолгай,
Савоб эккан ҳосилин олгай
Бу дунёда бўлган кезлардан.
Юрагимда кўп чандиқ қолар,
Дил тубида қаролиқ қолар,
Севганлардан айролиқ қолар
Бу дунёда бўлган кезлардан.
Яқинлардан безади юрак,
Шайтон бундан туради сергак,
Борми бирор бўлгувчи тиргак
Бу дунёда бўлган кезлардан?
Кекса дунё сўз айтиб толар,
Исрофил ҳам чолғусин чолар,
Висолингга умидим қолар
Бу дунёда бўлган кезлардан!
ФАРҒОНАМ МЕНИНГ
Шеърларга сиғмаган сўнгсиз ҳайратим,
Йўлингда туганмас шаҳдим, ғайратим,
Сенинг саодатинг аҳдим, байъатим,
Тоғлар қучиб турган Фарғонам менинг,
Водийнинг бағрида дурдонам менинг.
Осмонинг тарк этган бенаво зоғлар,
Тоғлардан ўтолмас, бағрини доғлар,
Тоғларинг бор бугун, чўнг, азим тоғлар,
Тоғлар қучиб турган Фарғонам менинг,
Водийнинг бағрида дурдонам менинг.
Тонгларда шабнамга чўмилиб турган,
Гоҳ бахту гоҳида залолат кўрган,
Тоғлар кўтаролмас дардлар кўтарган,
Тоғлар қучиб турган Фарғонам менинг,
Водийнинг бағрида дурдонам менинг.
Гоҳи кўзимдан ҳам чўчиган пайтим,
Сенсан кўзларимга яширган бахтим,
Гоҳи кўзимдан ҳам тўкилган байтим.
Тоғлар қучиб турган Фарғонам менинг,
Водийнинг бағрида дурдонам менинг.
Зумрад баҳорингга ёйдим кўнглимни,
Чаманга тўлдирдим тушу ўнгимни,
Бир кун кўз юмарман билмай ўлимни,
Тоғлар қучиб турган Фарғонам менинг,
Водийнинг бағрида дурдонам менинг.
БАҲРОМ РЎЗИМУҲАММАДГА
Нозвогул исини соғиндим, оға!
Бу йўқсул кўнглумни йўқлаган борму?
Яқинлашиб келди қаршимга тоғлар,
“Яқинман” сўзини оқлаган борму?
Нозвогул исини соғиндим, оға!
Унингдек табиий гул йўқ жаҳонда,
Нозвогул исига зор бўлиб йиғлаб
Кетганлар ҳаққи бор ҳар битта тонгда.
Нозвогул исини соғиндим, оға!
Баҳорни яширган нигоҳларни ҳам,
Сохта дўстликлардан юрагим доғда,
Лоланинг доғидай юрагимда ғам.
Нозвогул исини соғиндим, оға!
Завқи йўқ сатрдан туёлмадим завқ,
Ортимдан бир бутун давронни боғлаб,
Ҳиссизлик қаърига бўлаяпман ғарқ…
…ГА
Яшил туриб қулаган дарахт,
Баргларини тушда кўргайдир.
Қушчалар ҳам соядай карахт
Соясида жавлон ургайдир.
Балки мен ҳам шовуллаб баҳор
Баравжида синган дарахтман.
Бор бўйи-ла қулаган чинор
Шовқинида тўкилган аҳдман.
Қушчаларим тарк этган чўчиб,
Кунларимни тарк этган наво.
Тарихлардан кетганман ўчиб,
Кимга малол мен ичган ҳаво.
Бугун қайда титрайди ҳиссиз
Ишққа тўлган зангори юрак..
Кўнгил ичра инчкирар сассиз,
Япроқларим йиғлайди, ҳўнграк….
***
Замондошим, кўзинг очгил, суринма энди хоб ичра,
Умр ўтгай шамол янглиғ, ғофил қолма сароб ичра.
Жон нақдин хирож айла, ки меҳнатдин гўзал дунё,
Саодат топ фидоликдин фараҳ етгай савоб ичра.
Неча мангу салафларнинг чироғи ўчмагай илло,
Буюкларнинг йўлин берсин, умр ўтказ тавоб ичра.
Токи миллат ғурур бирлан кўтарган бош давр келмас,
Куним ўтгай, туним ўтгай туганмас бир азоб ичра.
Ватан недир, Ватан сенсан, Ватан менман, замондошим,
Ўзингни топ Ватан жондир деган эзгу жавоб ичра.
***
Ҳамзага отилган тош
Келиб кўксимга тегди.
Ҳамзани сотган авбош
Мағрур бошимни эгди.
Тараққийга қўймаган
Нимадир ўшал иллат?
Миллат дардин туймаган
Касларга қолган миллат.
Чаккатомар тоғидан
Ёш бўлиб томган қайғу,
Ёш эмасдур йиғидан
Қон бўлиб томган туйғу.
Авлоди бор қотилнинг,
Қўллари қон то ҳануз.
Ҳақни эмас, ботилнинг
Тарафига бурган юз.
Бир хўрак донга бойлаб
Тош оттирди сени нафс,
Ҳамзани эса сайлаб,
Бағрига олар фирдавс.
Тоғ эди буюк Ҳамза,
Отган тошинг чикора?
Ўзни қаҳрамон менгзаб
Югурганинг бекор-а.
То сен каби сотқинлар
Миллат кўзин бойлагай,
Ҳурлик дилда тутқундир,
Дилга алам жойлагай.
Ҳамзага отган тошлар
Йиғилиб бўлгай бир тоғ,
Баддуо қайта бошлар,
Бошингга қулагай, боқ!
Bugungi kun o‘zbek she’riyati iqlimida Gulbahor Said G‘anining o‘zi tanlagan va sobitlik bilan borayotgan yo‘li bor. Bu yo‘lning pastu balandi, kuzi va bahori, qoru saratoni uning she’rlarida mujassam bo‘lib, shoirga yo‘ldosh bo‘lganlarga mayin kayfiyat ulashadi. Bugun shoiraning yangi she’rlarini sizga taqdim etar ekanman, singlimga yangi she’rlar tilab qolamiz.
Gulbahor SAID G‘ANI
SHE’RLAR
Gulbahor Said G‘ani Qo‘qonda tug‘ilgan. U Qo‘qon Davlat pedagogika institutini tugallagan. Filologiya fanlari nomzodi. Hozir shu matbuot sohasida faoliyat olib boradi. Shoiraning “Yovvoyi ushshoq”, “Baribir baxtliman”, “Qo‘shig‘imni kutmoqda dunyo” va yana bir qator she’riy to‘plamlari nashr qilingan.
She’riyat muxlislari shoiraning ehtirosli she’rlarini, mumtoz adabiyotimiz daholari g‘azallariga muxammaslarini, mahorat bilan qilingan tarjimalarini yaxshi biladilar, sevib o‘qiydilar.
MЕN SIZGA BЕGONAMAN
Sepin yoygan dunyolar,
Aldab qochgan ro‘yolar,
Ey bulbuli go‘yolar,
Men sizga begonaman.
Bitar kamu ko‘stlarim,
Ammo ko‘ngildir yarim,
Xafa bo‘lmang, do‘stlarim,
Men sizga begonaman.
Ey qarindosh, yaqinim,
Bolam, ko‘zi chaqinim,
Menga mendan yaqinim,
Men sizga begonaman.
Sevgilim, sevgonmisiz,
Ranglari somonmisiz,
Jon ichida jonmisiz,
Men sizga begonaman.
Ey xush kechgan zamonim,
Ey hasbu hol, armonim,
Ey she’rdagi jahonim,
Men sizga begonaman.
El bilmaydi, men kimman,
Balki toqqa orzumand
Yig‘lab turgan ohuman,
Men sizga begonaman.
Dugonam gul yo bayot,
Odam qavmi yetti yot,
Qayga boqsam — pulsirot,
Men sizga begonaman.
Bu ko‘ngil mubtalosi,
Ikki dunyo arosi
Bitmaydigan yarosi –
Men sizga begonaman.
HABIBULLO SAID G‘ANIGA
Ko‘rganmisiz shoir ko‘zida
Olamlarga sig‘magan baxt yo
Qorachiqqa botib qolgan dard
Shu’lasida qoraygan dunyo.
Siniq dilda tomchi-tomchi may,
So‘zlar go‘zal, so‘zlar esa hur…
Ko‘ngillarda tug‘ilib borar
Buyuk inson ko‘zidagi nur…
So‘zfurushlar so‘z sotar zamon
Chinor kabi qulagan qadr.
Shoir misli parvozdagi qush —
Osmonlarga qular baribir.
XO‘QAND MINORIGA
Bunda jahongashta, sargashta hilol
Xo‘qand minoriga manguga qo‘ngan.
Bunda so‘z izlayman non kabi halol,
Bunda tarix yongan, qismatlar yongan…
Oxiri ko‘zimga botadi og‘ir
Asrlar qa’ridan bo‘y cho‘zgan minor.
Bunda u o‘zbekning o‘g‘liday mag‘rur
Ko‘ksini o‘qlarga tutgan necha bor…
Kun kelib qaddi dol ul eski tarix
Qaylarga berkinar, yo‘qotgay izin…
Bunda saodatning ranglari sariq,
Bunda farishtalar turar muazzin…
***
Ajabdurkim, kasi nodon gumon etmish imonimdin,
Ne sir bilg‘ayki holimdin, mani yaxshi- yamonimdin.
Zalolat din anga ne tong, taassubdir qilar kori,
Talab etma, ki ey fosiq, zohidlikni bu jonimdin.
Sanam yig‘lab xudo dersan, xudoga iltijo dersan,
Yurakingg‘a agar tomsa yurakda toza qonimdin.
Sening neki maloling bor, malolingda haloling bor,
To‘kilgan bir hazin yaproq kabi rangi somonimdin.
Ki man rindi xarobotiy, dilimda Zuljalol oti,
Makonda lomakondirsan, xabar topsang makonimdin.
Manam ishq ahlidin erdim, nechuk bebahra etding deb,
Qiyomat kun kelar bo‘lsa tutib borma domonimdin.
Iki dunyo imonim ishq, ki so‘ng aytar kalomim ishq,
Yana tirguzsa ishq derman, o‘shal kun ustixonimdin.
CHINORLARI QULAGAN YURT
(ekologik she’r)
Chinorlari kesilgan yurtda
Soyabon yo‘q,
Soyalar yashar.
Chinor ming yil yashamay o‘tdi,
Odamzot-chi, oshini oshar.
Shamollari vahshiy quturar,
Ko‘krak kerib chiqmas chinorlar.
Yolg‘iz, tilsiz qo‘qqayib turar
Asrlarga tengdosh minorlar.
Daraxtlarga qaramoq og‘ir
(Ko‘ksidan hech otilmas bir oh),
Zamin go‘yo ne-ne bahodir
Qulab yotgan vayrona janggoh.
Daraxtlarning mozorotida
Osmon yukin yelkamga tashlar,
Chinorlari qulagan yurtda
Soyabon yo‘q,
soyalar yashar…
KAYFIYAT
Izg‘ib qoldi dalada tuman,
Choponingga o‘ran, noyabr.
Yulduzchalar nega orzumand
Tushlaringni qiladi ta’bir.
Yerga yotib yig‘lar yuztuban
Ko‘lmakchaga to‘kilgan xazon,
Uzilgan-da umidi tubdan –
Ostonada turar bargrezon.
Ergashadi ortimdan dala,
Katta yo‘lga qo‘yar kuzatib.
Axir uning ishlari chala,
Yuragimni qo‘yar muzlatib.
Choponingga o‘ran, noyabr,
Garchi bugun rizqing but, to‘kis,
Yuragimga kirib baribir,
G‘amgin qo‘shiq aytayapti kuz.
***
Shamolning kuyiga to‘lsa firoqlar,
Bir-bir uzilsa gar mahzun titroqlar,
Daraxtdan zeriksa tutqun yaproqlar,
Kuz bahona xolos, aslida.
Chechaklar ayozning zahrini totdi,
Yo‘llarim muzladi, yaxmalak otdi,
Qo‘llarim muzladi, qalbim sovqotdi,
Muz bahona xolos, aslida.
Xazonning raqsi ham yonmaslik uchun,
Yomg‘irning qo‘shig‘i tinmaslik uchun,
Yulduzlar ishvasi so‘nmaslik uchun
Yuz bahona xolos, aslida.
Yaproqdek sarg‘ardim vaslingni istab,
Yaproqdek uzildim, bas, neni istab,
Yaproqdek chirpandim aslingni istab,
So‘z bahona xolos, aslida…
Kuz bahona xolos, aslida…
RO‘Yo
Yaproqlarga tushgay kuzning maloli,
Yurtga kunlar keldi tumanli, sovuq.
Shaksiz sovib kelar qibla shamoli,
Ulug‘ Tangrim!
Meni tutma o‘zingdan yovuq!
Ketib borgaymanmi yodingdan sening,
Yo mening yodimdan ketdingmi, Tangrim?
Na bir duosida yashadim elning,
Na biror iblisni janglarda yengdim.
Yengsam, men o‘zimni qiynadim, yengdim,
Orzularim shahid ketganlar, ishon,
Turfa balolarni ko‘maverdim jim,
Qabog‘imda uxlar mahzun qabriston.
Besh kunlik umrda ko‘rganim ro‘yo,
Bas, meni uyg‘oting, bitsin sabriston.
Ko‘zimni ochsam gar uyg‘onar dunyo,
Uyg‘onib ketadi mash’um qabriston!
Yaproqlarga tushgay kuzning maloli,
Yurtga kunlar keldi tumanli, sovuq.
Shaksiz sovib kelar qibla shamoli,
Ulug‘ Tangrim!
Meni tutma o‘zingdan yovuq!
O‘G‘LIMGA
Natyurmort – bu o‘lik tabiat.
Sening mo‘yqalamingda
Tirik, yashayotir
Iztirob, armon.
Ular o‘lmaydilar
Mangu,
Hech qachon…
Sening mo‘yqalamingda
O‘lik bo‘lsin
Riyo va hasad.
Tirik qolsin jumlai jahon.
Ko‘zlarimni chizgin, bolajon,
So‘nik yulduzlarning raqsi bor unda!
O‘lik ummonlarning tubi u – qora.
Natyurmort – bu o‘lik tabiat.
Sening mo‘yqalamingda
Titrab turar orzuli hayot!
Bo‘yoqlarga jon berib, dilni
Yashatmasang – mo‘yqalamni ot!
Ungacha bu men ko‘rgan hayot,
Hayot, hayhot–
Natyurmort…
***
Taqilladi eshik bemahal…
Kim u?
Og‘rinib saslandi ko‘nglim.
Men – bahor!
Tanimayman! Bor!
***
Tunov kuni sirlashdik
Xudo bilan yolg‘iz Man.
O‘sha kuni birlashdik
Xudo bilan yolg‘iz Man.
Derazamdan boqdi u,
Xira edi derazam.
Oynasini shodligu
Ko‘zyoshiga artdim man.
Kelgin, dedim, kulbamga,
Suhbat aylar kishim yo‘q,
Aylanaman hur damga,
Dunyo bilan ishim yo‘q.
Nur yog‘ildi xonamga,
Soyalarim ko‘paydi,
Ayrimlari ulg‘aygan,
Ayrimlari ko‘p mayda.
Yo xudoyim, nechtaman,
Qarshisida yolvardim,
Qaysi soya, qaysi man,
O‘zim bilmay turardim.
Aydi: jism qafasdir,
Soya aningdir, basdir.
Shartta yechdim qafasni,
Endi soya abasmi?
Yuztagacha yuzlangan
Bitdi riyo, bitdi hol.
Sharhi holim so‘zlagan
Bitta o‘zim bilan qol.
Voajabo, yo‘q edim,
Na soya bor, na o‘zim,
Ishqi sharar ham o‘zim,
Ishqu sharob ham o‘zim…
…O‘sha kuni sirlashdim
Xudo bilan yolg‘iz man…
Yolg‘iz esam, man faqat
Xudo bilan yolg‘izman…
QISHLOQ AYOLINING QADOQ QO‘LIDAN
Dalalar yashnaydi, bog‘lar gullaydi,
Gullarga oshufta qalblar kuylaydi,
Yurtni obod qilar, nelar kelmaydi
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan.
Uyqudan turadi turmasdan quyosh,
Uning orzulari ufqda talosh,
Hovli yumushlari o‘tadi bir bosh
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan.
Mehrli qo‘llardan obod xonadon,
Ta’rifin topmadim izlab men nodon,
Balki rizqimizga yetib kelar don
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan.
Doimo sobitdir qilingan ahdda,
Teng kelmoq mushkuldir sizlarga shahdda,
Oqib kelayotgan duolar baxtda —
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan.
Tutganda taftidan titraydi yurak,
Men uchun bu qo‘llar muloyim ipak,
Mehribon bir qo‘l yo‘q dunyoda bo‘lak
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan.
Men tavof qilayin surtib ko‘zimga,
Keling, ta’zim qilay bosib yuzimga,
Mehru muhabbatlar inar so‘zimga
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan.
Kaftinda chiziqlar, dag‘al chiziqlar,
Farishtalar unga bosh qo‘yib yig‘lar,
Dilimda doimiy titroq, og‘riqlar
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan.
Tovonin yorig‘i dilimni yorar,
Poyinda cho‘ng dunyo yasharib borar,
Yo hayrat! Tilimda so‘zlarim yonar
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan.
Niyati pok erur, umidi bayzo,
O‘sib ulg‘aygandir ne mardu maydon,
Hayot paydo bo‘lar, kelajak paydo
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan!
Ey yaratgan Egam, Olloh taolo!
Jannatda maqom ber hurlardan a’lo.
Dilimda kuy yangrar, buyuk sallamno
Qishloq ayolining qadoq qo‘lidan!
***
Egilmadim hech toatimga,
Ishq o‘t qo‘ydi-ku toqatimga,
Nima qolar oxiratimga
Bu dunyoda bo‘lgan kezlardan?
Nomu nishon, boylikmu qolgay?
So‘z beraman, so‘zsiz yo‘qolgay,
Savob ekkan hosilin olgay
Bu dunyoda bo‘lgan kezlardan.
Yuragimda ko‘p chandiq qolar,
Dil tubida qaroliq qolar,
Sevganlardan ayroliq qolar
Bu dunyoda bo‘lgan kezlardan.
Yaqinlardan bezadi yurak,
Shayton bundan turadi sergak,
Bormi biror bo‘lguvchi tirgak
Bu dunyoda bo‘lgan kezlardan?
Keksa dunyo so‘z aytib tolar,
Isrofil ham cholg‘usin cholar,
Visolingga umidim qolar
Bu dunyoda bo‘lgan kezlardan!
FARG‘ONAM MЕNING
She’rlarga sig‘magan so‘ngsiz hayratim,
Yo‘lingda tuganmas shahdim, g‘ayratim,
Sening saodating ahdim, bay’atim,
Tog‘lar quchib turgan Farg‘onam mening,
Vodiyning bag‘rida durdonam mening.
Osmoning tark etgan benavo zog‘lar,
Tog‘lardan o‘tolmas, bag‘rini dog‘lar,
Tog‘laring bor bugun, cho‘ng, azim tog‘lar,
Tog‘lar quchib turgan Farg‘onam mening,
Vodiyning bag‘rida durdonam mening.
Tonglarda shabnamga cho‘milib turgan,
Goh baxtu gohida zalolat ko‘rgan,
Tog‘lar ko‘tarolmas dardlar ko‘targan,
Tog‘lar quchib turgan Farg‘onam mening,
Vodiyning bag‘rida durdonam mening.
Gohi ko‘zimdan ham cho‘chigan paytim,
Sensan ko‘zlarimga yashirgan baxtim,
Gohi ko‘zimdan ham to‘kilgan baytim.
Tog‘lar quchib turgan Farg‘onam mening,
Vodiyning bag‘rida durdonam mening.
Zumrad bahoringga yoydim ko‘nglimni,
Chamanga to‘ldirdim tushu o‘ngimni,
Bir kun ko‘z yumarman bilmay o‘limni,
Tog‘lar quchib turgan Farg‘onam mening,
Vodiyning bag‘rida durdonam mening.
BAHROM RO‘ZIMUHAMMADGA
Nozvogul isini sog‘indim, og‘a!
Bu yo‘qsul ko‘nglumni yo‘qlagan bormu?
Yaqinlashib keldi qarshimga tog‘lar,
“Yaqinman” so‘zini oqlagan bormu?
Nozvogul isini sog‘indim, og‘a!
Uningdek tabiiy gul yo‘q jahonda,
Nozvogul isiga zor bo‘lib yig‘lab
Ketganlar haqqi bor har bitta tongda.
Nozvogul isini sog‘indim, og‘a!
Bahorni yashirgan nigohlarni ham,
Soxta do‘stliklardan yuragim dog‘da,
Lolaning dog‘iday yuragimda g‘am.
Nozvogul isini sog‘indim, og‘a!
Zavqi yo‘q satrdan tuyolmadim zavq,
Ortimdan bir butun davronni bog‘lab,
Hissizlik qa’riga bo‘layapman g‘arq…
…GA
Yashil turib qulagan daraxt,
Barglarini tushda ko‘rgaydir.
Qushchalar ham soyaday karaxt
Soyasida javlon urgaydir.
Balki men ham shovullab bahor
Baravjida singan daraxtman.
Bor bo‘yi-la qulagan chinor
Shovqinida to‘kilgan ahdman.
Qushchalarim tark etgan cho‘chib,
Kunlarimni tark etgan navo.
Tarixlardan ketganman o‘chib,
Kimga malol men ichgan havo.
Bugun qayda titraydi hissiz
Ishqqa to‘lgan zangori yurak..
Ko‘ngil ichra inchkirar sassiz,
Yaproqlarim yig‘laydi, ho‘ngrak….
***
Zamondoshim, ko‘zing ochgil, surinma endi xob ichra,
Umr o‘tgay shamol yanglig‘, g‘ofil qolma sarob ichra.
Jon naqdin xiroj ayla, ki mehnatdin go‘zal dunyo,
Saodat top fidolikdin farah yetgay savob ichra.
Necha mangu salaflarning chirog‘i o‘chmagay illo,
Buyuklarning yo‘lin bersin, umr o‘tkaz tavob ichra.
Toki millat g‘urur birlan ko‘targan bosh davr kelmas,
Kunim o‘tgay, tunim o‘tgay tuganmas bir azob ichra.
Vatan nedir, Vatan sensan, Vatan menman, zamondoshim,
O‘zingni top Vatan jondir degan ezgu javob ichra.
***
Hamzaga otilgan tosh
Kelib ko‘ksimga tegdi.
Hamzani sotgan avbosh
Mag‘rur boshimni egdi.
Taraqqiyga qo‘ymagan
Nimadir o‘shal illat?
Millat dardin tuymagan
Kaslarga qolgan millat.
Chakkatomar tog‘idan
Yosh bo‘lib tomgan qayg‘u,
Yosh emasdur yig‘idan
Qon bo‘lib tomgan tuyg‘u.
Avlodi bor qotilning,
Qo‘llari qon to hanuz.
Haqni emas, botilning
Tarafiga burgan yuz.
Bir xo‘rak donga boylab
Tosh ottirdi seni nafs,
Hamzani esa saylab,
Bag‘riga olar firdavs.
Tog‘ edi buyuk Hamza,
Otgan toshing chikora?
O‘zni qahramon mengzab
Yugurganing bekor-a.
To sen kabi sotqinlar
Millat ko‘zin boylagay,
Hurlik dilda tutqundir,
Dilga alam joylagay.
Hamzaga otgan toshlar
Yig‘ilib bo‘lgay bir tog‘,
Badduo qayta boshlar,
Boshingga qulagay, boq!
Gulbahor Said G‘ani . Qo‘shig‘imni kutmoqda dunyo