Sherbek Bobonor o’g’li. Tashqariga «kirish» (To’qima va «o’qima»lardan hosil bo’lgan qorishiq bir nimarsa)

Ashampoo_Snap_2017.11.30_14h05m50s_002_.png    Муаллифнинг мактубидан: Ассалому алайкум! Навбатдаги нимарсамни юборяпман. Сиртдан қараганда, бири боғдан, бири тоғдан келгандай ёзилган эса-да, умумий, ҳаммасига тушадиган калити борки, буниси энди ўқиганнинг идрокига тан. Ортиқча изоҳу ифодабозликларни иқим суймайди, очиғи. Бугуннинг ўқирмани бало эканлигига, нимкосаларни етарлича фаҳмлай олишига ҳеч вақт шубҳам бўлмаган… Буларни «дастурхон» қилаётганимга сабаб — мазкур нимарсамни шу чоққача нечтаси ўқиган бўлса, қуйидаги саволларни беришган: «жанри нима бунингни?», «нима демоқчисан ўзи?», «сенингча, буни ўқиган тушунадими?»…

Оқибатда, мана, уч йилдирки, «ҳузурини» тортма кўриб ётганди. Яқинда бунга ўхшаш бир тўда ёзиқ-чизиқларимни… ёқиб юбордим. Аммо бунга… кўзим қиймади негадир. Балки, унда қораланмишларнинг деярли ҳаммасини — кўриб-кечирганимдандир? Билмадим, устоз, билмадим… Гапим чўзилди, узр, чарчаманг…

Шербек БОБОНОР ЎҒЛИ
ТАШҚАРИГА “КИРИШ”
(тўқима ва “ўқима”лардан ҳосил бўлган
қоришиқ бир нимарса)

09

Қудуқ чуқурми, арқон калта?
Хитой халқ мақоли

I чорраҳа:

— Ойи? Ойи-и?Ashampoo_Snap_2017.11.30_14h32m49s_003_.png
— Нима дейсан?

— Кўчага кириладими, чиқиладими?
— А?

— Кўчага… кириладими?
— Уф-ф, шунақа гапларингни қачон йиғиштирасан-а-йей? Кап-катта бола…

— Айти-инг, кўчага…
— Э, бо-ор, ўша кўчага… даф бўл! Индамаса, то-озза…

Олти яшар, “кап-катта” болакай, тумшайганча ташқарига йўналди. Эшикни очдию, туриб қолди. Баланд қилиб қўйилган “тилбузар”, тинимсиз “жиноят кўчаларига кириб кетаётган” ёшлар ҳақида жаврарди;

II чорраҳа:

…Милодий XIII асрнинг иккинчи ярми. Бағдод. Ҳукмдор саройи. Аҳли уламо қизғин баҳсга берилган. Мавзу: “Аллоҳ э-энг аввало, ибтидода нимани яратган?”. Пешволар бир неча тарафга бўлиниб олган, ҳар биттаси ўзиникини ўтказишга тиришарди. Тўрда ўтирмишларидан биригина алланечук хомуш, сукутда эди. Аҳён-аҳён теграсига назар ташлаб, билимлар намойишига нимтабассум-ла “қатнашиб” қўярди. Оғизларидан тупук сачратган кўйи бақириб-чақираётган замона зиёлиларидан юраги увишар, улар авжланган сари унсизлашиб, нафас олиши ҳам сезилмай борарди.

Илм-урфон бобида унча-мунчасини “бир чўқиш”да қочирадиган, башарти ҳозир сўзлаганда ҳам, анави “аналҳақ”ларни ер чиздириб қўядиган бу аллома нечук жим, мунозарадан хорижда?.. Йўқ, бунинг боиси на бефарқлик, на беписандликдир. Билъакс, ғалаён унинг ботинида борарди: “…улус очлиқ, муҳтожлиқдин мук тушуб, ўлаётғон бир паллада булар… Уҳ-ҳ, илм бисёр ўлуб, идрок етишмаса-да муаммо… Валек, кўнгул бу кун… бўлак бир тараддуд ичра? Гўё, ҳадемай, у… муносиб ҳабибини, ҳамрозини топғуси… Валло-оҳ!..”.

Ниҳоят, ул зотга ҳам дов беришди:
— …Мавлоно, Сиз не фикрдасиз?

— …Сўйланг, тақсир, қулоғимиз Сизда?
— …Уламолар кутиб қолишди, ҳазрат?

— …Ухлаб қолдилар, чоғи?
— …Кўзларини очиб-а?;

III чорраҳа:

…Қишлоқ. Ёз ўрталари. Тик туш. Янги ҳовлининг чала-ярим созланган хоналаридан бирида икки йигитча, ёнма-ён ўтирибди. Биттаси — ёши кичикроғи, иккинчиси — “кўп кўйлак йиртган”роғига, беўхшов чиққан муҳаббатини айтиб беряпти: “…э-э, ака, шетиб мен уни беҳаз-зил яхши кўриб қолувдим. Лекин… анишу гапидан сўғин… совублар кетдим-ей, қандайдир. Энди, кимди боласи бўсаям, қишлоқ ҳақида, қишлоқлиқлар ҳақида… бундайчикан гап қилиши… натўври-да. Кейинчи, ака, бир нарсага ҳайрон қолдим: бетида, тамақларида, қўлларида… майда-майда, оқиш доғлари боракан. Ўзиям… мендан баттар қарача, қовжираққина қизакан. Товба-а, дейман ҳалигача, нимасини яхши кўрганаканман?..”.

Дардкашининг дами ичига тушиб борар, ахир унинг-да оламидаги бир шаҳар “шалола”си — фақат ток кучи, сунъий қувват билан ишлайдиган “фаввора”га дўниб борарди, наздида;

IV чорраҳа:

…1917 йил. Декабрнинг бошлари. Петроград. Муваққат марказқўм биноси. Навбатдаги махфий кенгаш. Ўнғайсиз сукунат. Афтодаҳол аъзолар бир-бирига саволомуз қараб қўймоқда: са-ал оширвормадимикан?

Нима эмиш: “Агар ҳокимиятни қўлда тутиб қолишга муваффақ бўлинса… мамлакатнинг ҳамма бойлигини ҳам қўлга олиш керак… Ҳамма ғаллани, ҳамма озиқ-овқат маҳсулотини, ҳамма тураржойларни, хуллас, одамларнинг тириклиги нимага боғлиқ бўлса, шуларнинг барини эгаллаш керак. Сўнгра уларни шундай тақсимлаш керакки, силласи қуриган ва очликдан кўп хўрликлар кўрган одам, бор-йўғи нон карточкаси учун бажонидил меҳнат қиладиган ва умуман буюрилган ҳар қандай ишни бажарадиган бўлсин. Жуда оддий ва доҳиёна!”.
Ҳа, чаккимас. Аммо… қандай қилиб? Шусизам халқни бир сидра шилдик, шиляпмиз. Ойига ҳатто юз сўм даромади борларниям “буржуй”га чиқариб, билганимизни қиляпмиз. Буёғи… қандай бўларкин?

Жуда оддий буёғиям, жаноблар, доҳиёна фикрнинг давомини, асосини эшитинг: “…бадавлат одамларга қўлланадиган мажбурий меҳнат принципини аста-секин… ишчи-деҳқон меҳнаткашларга нисбатан қўллашга ўтмоғимиз керак”.

Ана холо-ос, керакмиди! Чўғ устида ўтиргандай ғимирлаб қолишди. Тоқатсиз томоқ қириб қўйишар, азбаройи жиғилдонларини жизғанак қилаётган саволларни ютишга, қайтаришга чиранишарди.

— …Россиядан нима қолади, ахир?, юрак ютиб минғирлади биттаси. — Бунинг оқибатида минг йилдан бери яшаб келган Россия бутунлай мавҳ бўладику?!

Шундоғам мум тишлаган машваратчилар, бадтар пилдирпис бўлиб, жавобни кута бошлашди. Даҳрийлар доҳийси “бемаврид ватанпарвар”га қаттиқ тикилди:
— Эсингизда бўлсин, азизим… Россияга тупураман! Чунки, мен — большвекман!

Аъзолар, илонни кўрган бақадай танг қотишди. Вақт қўрғошиндай қуюлиб, ўртага чўкиб қолганга ўхшар, изғириннинг изиллашигина жимликнинг жиғига тегаётгандек эди;

V чорраҳа:

…Етти йил бўлди (балки, ўн йилдир?) — у иш қидиради. Топгандай, ялчигандай бўлган “шанс”лар ҳам учрадию, эвазига… Ўшандай пайтларда фақат бир нарсадан — эркак эмаслигидан ғижинарди. Йўқса битта-иккитасини, ҳеч инжилмай, чиққан жойига…

Ўзиям шу дардисар иш илинжида эшикма-эшик юрувриб, турфа хотинакларни кўрувриб… эркакбитиш бўп кетди. Ҳар тур сўкинишу қарғишларнинг кифтини келтирар, бир неча шеваларда бафуржа ҳангама қила оларди. Камига: туманида нечта муассасаю ташкилот бор, қайси бири қаерда жойлашган, катталари ким, уларнинг ўринбосару котибалари қанақа кимсалар, ойликлари қанчаю “олиш”лари қанча, биргина ўзлари нечталаб ўринни “банд”лаб ўтиришибди, уруғ-аймоқларичи… ҳамма-ҳаммаси борасида “справочник”ка айланиб қолганди.

Сирасини айтганда-ку, шунча вақт оралиғида бирорта институт-пинститутда ўқиб чиқсаям бўларкан. Минг қилсаям, “ўрта маълумот” билан… “ўтириб” қолиш ҳеч гапмасакан-да. Ундай деса, шу, “ўрта”ниям ялчитмаган қа-анчаси ишли-жойлику?.. Жонга тегди, номига бўсаям иш чиқса, бас, ҳар қандай ўрлигу ўсмоқчилашни йиғиштириб, кўнади!

Ичу ташида шунақа аҳд, мана, ярим кундирки, ишберар идорада соат билан “кўз уриштиряпти”. Эрталаб хабар беришганди(тўғрироғи, ўзи, неча сон мингинчи марта хабар олганда, айтишганди): битта иш ўрни бор, шошилмаса унданам…

Қанақа иш, нима иш… тайин-тутуруқли гап айтишмади ҳозирча. “Масъул ходим” билармиш, қай гўргадир кетганмиш, кутиб турса келармиш, ўзи айтармиш… Ҳар доимгидай, зоримиз бор, холос.

Дунёда қабулхонадай диққинафас жой ва унда биқсиб кутишдай юракни қон қиладиган машғулот бўмаса керак. Анавини ўтиришиничи: телефонда валақлашишу интернетти ижикилашдан бошқа балоям қилгани йўқ-ку… энасиникига тиришадими? Ўзича “ишчи”да шуям, ойлик олади… паразит! Манов радиосиям хит қилди-да хиш-шиллувриб. Бирортаси туриб, тўғрилаб қўйса, ўладима-йей… Уф-ф, қачон келийкан энди, у гўрсўхта?..

Ва ниҳоят, келдилар, “салом”намо бош ирғадилар, совуқ чойни идиш-пидиши билан кўтариб ичдилар, чуқу-ур “Уҳ” тортдилар, тахлам қоғозлардан бирини олиб, жон-жаҳд билан елпиндилар, теваракка сер сола бошладилар… Бўлди-да-йей:

— …Кечирасиз, мен… иш бўйича келувдим?
— Иш? Қанақа иш?

— Бугун эрталаб… телефон қилувдим-ку? Ҳа, битта иш ўрни бо-ор.., дедингизлар-ку?

— Шундай дебмидик? Замзамахон?
— Йў-ў-ў(қ), Босар Тусарович, ҳа-амма ўринлар за-айнит, уже!

— Ана!?
— Эби-ий, ака, тепамда Худо, бугун… эрталаб… ўзларингиз…
— Тушунмовчилик, всё!

Одамнинг энг тез тўладиган ва ўта хавфли тариқа тошадиган нарсаси — сабр косаси, ҳойнаҳой. Айниқса, бунақа… “комикс”лардан кейин. У, қандай туриб кетдию, катта стол узра қандай ёпирилиб борди… ўзи ҳам илғамаган чиқар:

— …Ҳов, бундайчикан нағмангизди неварангизга қиласиз! Мен силарга, ўқишини кеча тугатиб-тугатмай, бугун ишсираб кеп ўтирган, ўзи лабини… маймундикидай қип бўяшу, ҳиринг-ҳиринг қилишдан бошқасига ярамайдиган, йигирма яшар қизчамасман, понял?! Неччи йилдан бери қатнийман: “эрта”, “индин”, “бу ҳафта”, “кейинги ой”… Э, тўтиям чарчаб қолган бўлийди, бунча қайтаришдан!..

— Ҳай… сингил… ўзингизни босинг…

— Ий-й, қачонгача-а? Шу қабулхоналарингда қариб, ўлиб-пўлиб қолгинчами? Бўлди, э-энди ўзларингдан ўпкаланглар…

Телефонини олиб, рақам тера бошлади. Тергандаки, тани-иш, “тепа”га тааллуқли рақамларни зарда ила, овозини қўйиб-қўйиб, терарди. “Масъул ходим”, бироз шуурсиз, серрайиб тургач, бир ҳатлаб келиб, қизнинг қўлларига ёпишди:

— …Ҳай-ҳай-ҳай, оғир бўлинг, синги… қизим, нима кераги бор шуни? Ишми, бўпти-да… Қани, ҳужжатларингизни берингчи? Ҳа-а, яша-анг! Та-ак… ўтиринг, ўтирволинг… Аҳа, шунда-ай… Ҳм-м, хўш-ш… “…иқтисодиёт коллежи”… бугалтерия… Яхши, жуда яхши-да… Хў-ўп, рўйхатга яна бир сира, яхшилаб қарайликчи-и… Ҳм-м-м…

Қизнинг юз-кўзлари чирой очиб борар — умид, ишонч унга ич-ичидан пардоз берарди: “…наҳотки, шу бугун… ҳозир… Э, Художоним-ейй!”.

— …Хў-ўп, қизим, именной соҳангиз, дипломингиз бўйича бўмасаям… иш боракан битта.

— Иҳи?
— Лекин…

— Мактабми, боғчами, амблотория… Фарқи йўқ, ишлувраман!
— Шундай-ку…

— Ака, чайналманг, илтимос?!
— Хай, қабристон қоровули… Биб-бўладими?..
— А?..
— …

…Нимадир портлади: қаттиқ, бор товушида портлади. Йўқ, у атом ҳам, водарод бомбаси ҳам эмасди. У — қаҳқаҳа эди. Қиз… кулгидан ўзини тиёлмас, хона ўртасида тиззанлаганча хандон отар, қизариб, бўғриқиб кетган юзларига сочлари тўзғиб тушарди. Теваракдагилар қаққайиб турар, радио, “хш-пш”лараро, узуқ-юлуқ ғўлдирарди: “…тадқиқотлар…хш-ш…бугун мамлакатимизда…хш-ш…олти юз минг нафар…хш-ш…уларнинг бандлигига кўмак…хш-ш…қуйидаги чора-тад…хш-ш…кун тартибига…хш-ш…”;

VI чорраҳа:

…Буюк Туғилишдан тўрт асрча аввал. Афина. Қатлгоҳ. Қафас ичида “сиёсий маҳбус”, теграсига вазмин боқади. Негадир нимтабассум қалқади юзига. Худдики, ташқаридагилар — маҳкумлару, ўзи — маҳкамачи.

Бу беўхшов, кўримсиз касни айбсиз атаб, тарафини олувчилар — икки юзтадан ортиқ кишиларнинг кўзида ачиниш, ҳамдардлик, ёш… Бироқ уни тезроқ тинчитишларини илҳақлик-ла кутаётган уч юзга яқин “ҳушёр”ларнинг кепатасидаги қувончнинг салмоғи мўлроқ. “Адолат қарор топишини” бетоқат кутишяпти:

— …Бошлашсачи-а? Намунча чўзишди?
— Шуни айт. Ҳе-ей… Фемида ҳаққи, анавини тезроқ бир ёқлик қилингла-ар!

Маҳкумнинг мийиғида ҳануз синиқ кулгу. У ўйларди, фақат ўйларди. Нималарни? О, бунга Зевснинг ҳам фаҳми етмас-ов! Қаршисида унинг ўлимини тусаб, шовқинлаётганларга бир неча кун олдин, судда сўзлаган нутқининг қанчалик ҳақиқат, фожей ҳақиқатлигига хавотир ичра иқрор бўлаётгандир, эҳтимол.

Ўша куни, у, ўзини — сўнага, афиналикларни эса — катта, олийжаноб, аммо семиз ва ялқов отга менгзатганди: “…бундай отларни бирорта сўна чақиб, чоптириб туриши лозим. Фикримча, Тангри мени кун бўйи кезиб, ҳар бирингизни уйғотиш ва тинмай танбеҳ бериб, тўғри йўлга бошлаш учун юборган. Сўзларимга ишонинг, афиналиклар, мен кабиларни топиш сизларга осон бўлмайди. Менга ишонсангиз, ҳаётимни сақлаб қоласиз, бироқ сиз, сўна чақиб, туйқусдан уйғонган ва ғазабга минган одамлар каби мени осонлик билан уриб, ўлдиришингиз ҳам мумкин. Унда Тангри яна кимнидир йўллагунга қадар, қолган умрингизни ғафлатда ўтказасиз!”
.
Алоҳа, ҳукм ижросига киришишди. Унга заҳар — зангпояни эзиб ичиришди… Одатда, танни тарк этган руҳни “капалак”, “оққуш”, “кабутар”… га қиёслашади. Шулардан бирига эврилган руҳ, секин-секин баландлаб, учи-иб кетди… каби ўхшатмалар сўқишади.

Йўқ, бу сафар уларнинг ҳеч бири бўлмади. Яъни юқоридагиларнинг бирортаси, шоирона алжирасак, халойиқ узра сарсари кеза-кеза, осмон тоқига, мангулик сари парвоз айламади. Ортидан хуршиди жаҳон юзини абри бало қоплаб, жазокор жала ҳам қуймади. Саркаш шамол қўпиб, жавонибни жунбушга келтирмади ҳам… Ҳеч нарса ўзгармади. Бари бурунгидай, манзара ўша-ўша, оломон, табиий равишда тарқаларди.

Фақат бир… сўна… қаёққа кетарини билмай, гарангсиб ўрмаларди. “Томоша”ни тугатиб, аста-аста сийраклашаётган одамларни оралаб, жонҳалак изғирди:
— …Ах-х, лаънати жондор!

— Нима бўлди?
— Сўна чақди… Тутолмай қолдим…

— Ҳм-м… Биласанми, анави ҳақида… са-ал… калта ўйлаган кўринамиз…

VII чорраҳа:

…Театр биноси. Авжи муҳокама. Ўн-ўн бештача билгичлар, бири олиб-бири қўйганча гапиряпти. Аниқроғи, юлқилашяпти — ярим соатча муқаддам тақдимоти тугаган спектаклни. Пахса қўллару палағда сўзларнинг барчаси, ҳу-ув, бурчакда бўғриқиб ўтирган мардумга қаратилганди.

Ҳа, у — шу муҳораба… йўғей, муҳокаманинг бош “айбдор”и — режиссёр бўлиб, газетчилар тилида лақилласак: ёш, умидли, истеъдодли ва… “ўзбошимча”. Йўқ, бу охирги “фазилат”ни унга газетчилар эмас, манави “мулки турон”лар, ҳозиргина тақашганди.

Зални ёппасига шуларнинг шовури тутган, ўша “жонли бурчак”дан бошқа барчасининг даҳани дам билмасди:
— …ну, слишком писсимистик пъеса бўпти…

— Бир минут, кечирасиз, сизнингча, шу… пъесами? Ша-ахсан мани ўйлашимча, бунда бир-рортаям конкрет элементи йўқ, пъесанинг!
— Ну, да-а… Энди, ман… умумий қоидалар дегандай…

— Қанақа қоидалар? Хўп, музика, хўп, актёрлар ижроси, хўп ана, декорациясиям боракан. Уям бошдан-оёқ бир-р хил: саҳнани айланасига ўраб, ўрнатилган эшиклар, эшиклар… И орасида қаққайган “қаҳрамон”. Шуми?..

— Тўғри-и, ну…

— Йўқ, сиз, гаппи эшитинг мундоқ! Узру тағин? Бу, саҳна асарида жа-анр, тугу-ун, коллизия, кульминация… деган нарсалар бўларди. Қани, аншулар?..

— Шундай-шундай! Ну… биринчи иши экан… тажрибасизлик…

— Хў-ўп, назарияни ўтишгандир, ўқитишганди-ир? И кегин… “герой”. Ўзи-и ўн беш яшар бола… Тўғри тушунган бўсам-де, агар? Ўн беш яшар. Му-унча манологлари анақа… фалсафий? Мунақа гапларри айтиш-чун одам… камида қирқ бешши уриб қўйган бўлиши керак, ка-амид-да! Яна… Гапимми бўлмий туринг, илтимос? Яна, воқеаларни бир-бирига улашам қийин: абстракт, абсурд..
.
— Иҳм, Зоҳиржон ака?..
— Где композиция?!

— Зоҳиржон ака-а?..
— Где-е гармо-ония!..

— Зо-оҳиржон ака… Бўлди, қизишманг, мана, сувдан ичволинг, ака… Э-эй, омон бўлинг, ишқилиб. Сиздай профессионал жонкуярларимиз боракан, санаътимиз ҳам бор! Ҳа-а, боризга шукр, ака… Хў-ўп, сиз… бе-емалол ўзиззи успокоит қип туринг… Унгача манам… икки оғиз, а? Раҳмат. Та-ак… оволамбор, ман, бу… томошанинг номини чуствит қиломияпман — “Менинг отам Америкада”. Мани битта “айб”им бор, логик фикрлашши яхши кўраман. Ҳа, бу… “қаҳрамон”, Зоҳиржон ака айтганларидай, ўн беш яшар болапақир. Афтидан, афғон ё эроний… Ироқими ёки?.. Ишқилиб-де, исломий бир довлатти фуқароси. Хўп, отаси Америкада нима қилади: ишга кетганми, қочоқми, сотқинми? Ё кандидат наукми, маъруза қилишга кетганми?.. (кулгисифат пихиллашлар).

Онасини оти Шафақ бўганакан. Тошбўрон қип ўлдиришганакан… Ҳм-м, бу-ку тушунарли… Валадизинони — ҳалиги болапақирри туққани-чун. Шафақдай чиройли аёл бўганакан… Хўп, қайси шафақдай: тонггими, кечги? Бирови — кўтарилиш, ҳаёт, умид… дегани. Иккинчиси, набарот —тушкунлик, чарчоқ, ўлим… эффектларини беради. Қайси бири именно? И яна бир гап, нима учун бола ҳарбий зотидан ўлгудай қўрқади? Айниқса, келгиндиларини кўрса, шайтонлайди, пачти? Лекин шу қўрқув бараварида қанақадир қутуришми-йей, ваҳшийликка ўхшаш хилтлар кўпиради қонида… Буниси вапше-е парадокс! Умуман, тушунарсиз персонаж. Темболи-и, охири, эпилогидаги нутқини эшитган одам совсем чалғиб кетади. Эринмай блокнотимга ёзволувдим… Ҳо-озир… мана, ўқийман:

“…Мен — бугунман. Хаёл ва ҳаёт оралиғидаги остонада турган бугунман. Ўтмиш рўдапосига ўралашганча, кун сайин калтариб бораётган эртанинг этакларига қараб-қаролмаётган бугунман(шу жойини боплабди, даюс!). Ортимдан ҳовлиқма вақт турткилайди: бўлсангчи, бў-ўл! Олдимда — ташқарида эса, буқаламун ҳаёт. Минг бир тусда жилва қилиб, ўзига чорлайди: келсангчи, ке-ел! Аросатда аланглайман. Қадам қўйсам, бас, ташқарида бўламан. Ва қўлимга қурол тутқазишади: ма, ватанингни, қавмингни ҳимоя қил! Сўнгра мен отишга тушаман — одам отишга. Отавераман, отавераман… То ўзимни отишгунларича. Вассалом. Ташқаридаги ҳаётимга якун ясалади…

Йў-ўқ, мени чўчитаётган ўлим эмас, ундан-да оғирроғи — шармсорлик, иснод. Ахир, мен… отамга қарата отаман. Унинг қавмига, балки болаларига — ношаърий эса-да… оға-иниларимга қарата. Балким, унинг ўзи… Йўқ-йўқ, истамайман, юраверсин Америкасида! Етар, шунча шафақларнинг бевақт сўнгани!..

Демак, ташқарида мени кутаётган вазифа… она юртни… отадан ҳимоялаш — шараф сиёқидаги шармандалик! Ичкарида эса: тийиқсиз маломатларга чидаш, даҳшатли ёлғизлик… Бас-с, ўзинг айт, Аллоҳ, ташқарига… чиқяпманми?!..”.

Шутга кеганда қий-чув, портлаш, отишма овозлари қўйилиб, саҳна чирпирей бўп айланвотти. Анув… “сўтақул” бўса, аренанинг ўртасида чўнқайволиб, йў-ўқ, йў-ўқ, деб додлавотти(пихиллашлар кучаяди)… Етмагандий, чироқ ўчиб, қоп-қоронғулик устидан парда туширилвотти… Нима, бу загадка? Анувга нима бўлди: ўқ тегдими, уйига бомба тушдими… Томошабин пол очадими, ўтирган жойида? Или… саҳнага чиқиб, бориб, парданинг тегидан ўтиб, тепасида фонар ёқиб қарайдими: ўлибдими бу, қоптими, деб?..

…Пихиллашлар қийқириққа, ундан қарсакларга айланади. Режиссёрнинг ранги синиқ, қизиб бораётган бошини кафтларига тираганча, ҳорғин ўтирибди. Шу сўнгги соатлар ичида бир неча йилга қаригандай туярди ўзини. Яхшиям дераза олдига ўтирган экан — тоза ҳаво. Нигоҳларини нимагадир қадаган, мижжа қоқмай кузатарди. Олисда, паст-баланд иморатлар узра бир алвон варрак ожизгина, инграганнамо сас чиқариб, учарди. Ўзича қайларгадир “бош олиб” кетишга уринар, яна-да юксакларга интилар, аммо ингичка, пишиқ ипдан қутулолмас, тортқилаб-тортқилаб қўйишарди…

130.jpg Muallifning maktubidan: Assalomu alaykum! Navbatdagi nimarsamni yuboryapman. Sirtdan qaraganda, biri bog‘dan, biri tog‘dan kelganday yozilgan esa-da, umumiy, hammasiga tushadigan kaliti borki, bunisi endi o‘qiganning idrokiga tan. Ortiqcha izohu ifodabozliklarni iqim suymaydi, ochig‘i. Bugunning o‘qirmani balo ekanligiga, nimkosalarni yetarlicha fahmlay olishiga hech vaqt shubham bo‘lmagan… Bularni “dasturxon” qilayotganimga sabab — mazkur nimarsamni shu choqqacha nechtasi o‘qigan bo‘lsa, quyidagi savollarni berishgan: “janri nima buningni?”, “nima demoqchisan o‘zi?”, “seningcha, buni o‘qigan tushunadimi?”…

Oqibatda, mana, uch yildirki, “huzurini” tortma ko‘rib yotgandi. Yaqinda bunga o‘xshash bir to‘da yoziq-chiziqlarimni… yoqib yubordim. Ammo bunga… ko‘zim qiymadi negadir. Balki, unda qoralanmishlarning deyarli hammasini — ko‘rib-kechirganimdandir? Bilmadim, ustoz, bilmadim… Gapim cho‘zildi, uzr, charchamang…

Sherbek BOBONOR O‘G‘LI
TASHQARIGA “KIRISH”
(to‘qima va “o‘qima”lardan hosil bo‘lgan
qorishiq bir nimarsa)
09

Quduq chuqurmi, arqon kalta?
Xitoy xalq maqoli

I chorraha:

— Oyi? Oyi-i?0_159b8d_dce43b26_orig.png
— Nima deysan?

— Ko‘chaga kiriladimi, chiqiladimi?
— A?

— Ko‘chaga… kiriladimi?
— Uf-f, shunaqa gaplaringni qachon yig‘ishtirasan-a-yey? Kap-katta bola…

— Ayti-ing, ko‘chaga…
— E, bo-or, o‘sha ko‘chaga… daf bo‘l! Indamasa, to-ozza…

Olti yashar, “kap-katta” bolakay, tumshaygancha tashqariga yo‘naldi. Eshikni ochdiyu, turib qoldi. Baland qilib qo‘yilgan “tilbuzar”, tinimsiz “jinoyat ko‘chalariga kirib ketayotgan” yoshlar haqida javrardi;

II chorraha:

…Milodiy XIII asrning ikkinchi yarmi. Bag‘dod. Hukmdor saroyi. Ahli ulamo qizg‘in bahsga berilgan. Mavzu: “Alloh e-eng avvalo, ibtidoda nimani yaratgan?”. Peshvolar bir necha tarafga bo‘linib olgan, har bittasi o‘zinikini o‘tkazishga tirishardi. To‘rda o‘tirmishlaridan birigina allanechuk xomush, sukutda edi. Ahyon-ahyon tegrasiga nazar tashlab, bilimlar namoyishiga nimtabassum-la “qatnashib” qo‘yardi. Og‘izlaridan tupuk sachratgan ko‘yi baqirib-chaqirayotgan zamona ziyolilaridan yuragi uvishar, ular avjlangan sari unsizlashib, nafas olishi ham sezilmay borardi.

Ilm-urfon bobida uncha-munchasini “bir cho‘qish”da qochiradigan, basharti hozir so‘zlaganda ham, anavi “analhaq”larni yer chizdirib qo‘yadigan bu alloma nechuk jim, munozaradan xorijda?.. Yo‘q, buning boisi na befarqlik, na bepisandlikdir. Bil’aks, g‘alayon uning botinida borardi: “…ulus ochliq, muhtojliqdin muk tushub, o‘layotg‘on bir pallada bular… Uh-h, ilm bisyor o‘lub, idrok yetishmasa-da muammo… Valek, ko‘ngul bu kun… bo‘lak bir taraddud ichra? Go‘yo, hademay, u… munosib habibini, hamrozini topg‘usi… Vallo-oh!..”.

Nihoyat, ul zotga ham dov berishdi:
— …Mavlono, Siz ne fikrdasiz?

— …So‘ylang, taqsir, qulog‘imiz Sizda?
— …Ulamolar kutib qolishdi, hazrat?

— …Uxlab qoldilar, chog‘i?
— …Ko‘zlarini ochib-a?;

III chorraha:

…Qishloq. Yoz o‘rtalari. Tik tush. Yangi hovlining chala-yarim sozlangan xonalaridan birida ikki yigitcha, yonma-yon o‘tiribdi. Bittasi — yoshi kichikrog‘i, ikkinchisi — “ko‘p ko‘ylak yirtgan”rog‘iga, beo‘xshov chiqqan muhabbatini aytib beryapti: “…e-e, aka, shetib men uni behaz-zil yaxshi ko‘rib qoluvdim. Lekin… anishu gapidan so‘g‘in… sovublar ketdim-yey, qandaydir. Endi, kimdi bolasi bo‘sayam, qishloq haqida, qishloqliqlar haqida… bundaychikan gap qilishi… nato‘vri-da. Keyinchi, aka, bir narsaga hayron qoldim: betida, tamaqlarida, qo‘llarida… mayda-mayda, oqish dog‘lari borakan. O‘ziyam… mendan battar qaracha, qovjiraqqina qizakan. Tovba-a, deyman haligacha, nimasini yaxshi ko‘rganakanman?..”.

Dardkashining dami ichiga tushib borar, axir uning-da olamidagi bir shahar “shalola”si — faqat tok kuchi, sun’iy quvvat bilan ishlaydigan “favvora”ga do‘nib borardi, nazdida;

IV chorraha:

…1917 yil. Dekabrning boshlari. Petrograd. Muvaqqat markazqo‘m binosi. Navbatdagi maxfiy kengash. O‘ng‘aysiz sukunat. Aftodahol a’zolar bir-biriga savolomuz qarab qo‘ymoqda: sa-al oshirvormadimikan?

Nima emish: “Agar hokimiyatni qo‘lda tutib qolishga muvaffaq bo‘linsa… mamlakatning hamma boyligini ham qo‘lga olish kerak… Hamma g‘allani, hamma oziq-ovqat mahsulotini, hamma turarjoylarni, xullas, odamlarning tirikligi nimaga bog‘liq bo‘lsa, shularning barini egallash kerak. So‘ngra ularni shunday taqsimlash kerakki, sillasi qurigan va ochlikdan ko‘p xo‘rliklar ko‘rgan odam, bor-yo‘g‘i non kartochkasi uchun bajonidil mehnat qiladigan va umuman buyurilgan har qanday ishni bajaradigan bo‘lsin. Juda oddiy va dohiyona!”.
Ha, chakkimas. Ammo… qanday qilib? Shusizam xalqni bir sidra shildik, shilyapmiz. Oyiga hatto yuz so‘m daromadi borlarniyam “burjuy”ga chiqarib, bilganimizni qilyapmiz. Buyog‘i… qanday bo‘larkin?

Juda oddiy buyog‘iyam, janoblar, dohiyona fikrning davomini, asosini eshiting: “…badavlat odamlarga qo‘llanadigan majburiy mehnat prinsipini asta-sekin… ishchi-dehqon mehnatkashlarga nisbatan qo‘llashga o‘tmog‘imiz kerak”.

Ana xolo-os, kerakmidi! Cho‘g‘ ustida o‘tirganday g‘imirlab qolishdi. Toqatsiz tomoq qirib qo‘yishar, azbaroyi jig‘ildonlarini jizg‘anak qilayotgan savollarni yutishga, qaytarishga chiranishardi.

— …Rossiyadan nima qoladi, axir?, yurak yutib ming‘irladi bittasi. — Buning oqibatida ming yildan beri yashab kelgan Rossiya butunlay mavh bo‘ladiku?!

Shundog‘am mum tishlagan mashvaratchilar, badtar pildirpis bo‘lib, javobni kuta boshlashdi. Dahriylar dohiysi “bemavrid vatanparvar”ga qattiq tikildi:
— Esingizda bo‘lsin, azizim… Rossiyaga tupuraman! Chunki, men — bolshvekman!

A’zolar, ilonni ko‘rgan baqaday tang qotishdi. Vaqt qo‘rg‘oshinday quyulib, o‘rtaga cho‘kib qolganga o‘xshar, izg‘irinning izillashigina jimlikning jig‘iga tegayotgandek edi;

V chorraha:

…Yetti yil bo‘ldi (balki, o‘n yildir?) — u ish qidiradi. Topganday, yalchiganday bo‘lgan “shans”lar ham uchradiyu, evaziga… O‘shanday paytlarda faqat bir narsadan — erkak emasligidan g‘ijinardi. Yo‘qsa bitta-ikkitasini, hech injilmay, chiqqan joyiga…

O‘ziyam shu dardisar ish ilinjida eshikma-eshik yuruvrib, turfa xotinaklarni ko‘ruvrib… erkakbitish bo‘p ketdi. Har tur so‘kinishu qarg‘ishlarning kiftini keltirar, bir necha shevalarda bafurja hangama qila olardi. Kamiga: tumanida nechta muassasayu tashkilot bor, qaysi biri qayerda joylashgan, kattalari kim, ularning o‘rinbosaru kotibalari qanaqa kimsalar, oyliklari qanchayu “olish”lari qancha, birgina o‘zlari nechtalab o‘rinni “band”lab o‘tirishibdi, urug‘-aymoqlarichi… hamma-hammasi borasida “spravochnik”ka aylanib qolgandi.

Sirasini aytganda-ku, shuncha vaqt oralig‘ida birorta institut-pinstitutda o‘qib chiqsayam bo‘larkan. Ming qilsayam, “o‘rta ma’lumot” bilan… “o‘tirib” qolish hech gapmasakan-da. Unday desa, shu, “o‘rta”niyam yalchitmagan qa-anchasi ishli-joyliku?.. Jonga tegdi, nomiga bo‘sayam ish chiqsa, bas, har qanday o‘rligu o‘smoqchilashni yig‘ishtirib, ko‘nadi!

Ichu tashida shunaqa ahd, mana, yarim kundirki, ishberar idorada soat bilan “ko‘z urishtiryapti”. Ertalab xabar berishgandi(to‘g‘rirog‘i, o‘zi, necha son minginchi marta xabar olganda, aytishgandi): bitta ish o‘rni bor, shoshilmasa undanam…

Qanaqa ish, nima ish… tayin-tuturuqli gap aytishmadi hozircha. “Mas’ul xodim” bilarmish, qay go‘rgadir ketganmish, kutib tursa kelarmish, o‘zi aytarmish… Har doimgiday, zorimiz bor, xolos.

Dunyoda qabulxonaday diqqinafas joy va unda biqsib kutishday yurakni qon qiladigan mashg‘ulot bo‘masa kerak. Anavini o‘tirishinichi: telefonda valaqlashishu internetti ijikilashdan boshqa baloyam qilgani yo‘q-ku… enasinikiga tirishadimi? O‘zicha “ishchi”da shuyam, oylik oladi… parazit! Manov radiosiyam xit qildi-da xish-shilluvrib. Birortasi turib, to‘g‘rilab qo‘ysa, o‘ladima-yey… Uf-f, qachon keliykan endi, u go‘rso‘xta?..

Va nihoyat, keldilar, “salom”namo bosh irg‘adilar, sovuq choyni idish-pidishi bilan ko‘tarib ichdilar, chuqu-ur “Uh” tortdilar, taxlam qog‘ozlardan birini olib, jon-jahd bilan yelpindilar, tevarakka ser sola boshladilar… Bo‘ldi-da-yey:

— …Kechirasiz, men… ish bo‘yicha keluvdim?
— Ish? Qanaqa ish?

— Bugun ertalab… telefon qiluvdim-ku? Ha, bitta ish o‘rni bo-or.., dedingizlar-ku?

— Shunday debmidik? Zamzamaxon?
— Yo‘-o‘-o‘(q), Bosar Tusarovich, ha-amma o‘rinlar za-aynit, uje!

— Ana!?
— Ebi-iy, aka, tepamda Xudo, bugun… ertalab… o‘zlaringiz…
— Tushunmovchilik, vsyo!

Odamning eng tez to‘ladigan va o‘ta xavfli tariqa toshadigan narsasi — sabr kosasi, hoynahoy. Ayniqsa, bunaqa… “komiks”lardan keyin. U, qanday turib ketdiyu, katta stol uzra qanday yopirilib bordi… o‘zi ham ilg‘amagan chiqar:

— …Hov, bundaychikan nag‘mangizdi nevarangizga qilasiz! Men silarga, o‘qishini kecha tugatib-tugatmay, bugun ishsirab kep o‘tirgan, o‘zi labini… maymundikiday qip bo‘yashu, hiring-hiring qilishdan boshqasiga yaramaydigan, yigirma yashar qizchamasman, ponyal?! Nechchi yildan beri qatniyman: “erta”, “indin”, “bu hafta”, “keyingi oy”… E, to‘tiyam charchab qolgan bo‘liydi, buncha qaytarishdan!..

— Hay… singil… o‘zingizni bosing…

— Iy-y, qachongacha-a? Shu qabulxonalaringda qarib, o‘lib-po‘lib qolginchami? Bo‘ldi, e-endi o‘zlaringdan o‘pkalanglar…

Telefonini olib, raqam tera boshladi. Tergandaki, tani-ish, “tepa”ga taalluqli raqamlarni zarda ila, ovozini qo‘yib-qo‘yib, terardi. “Mas’ul xodim”, biroz shuursiz, serrayib turgach, bir hatlab kelib, qizning qo‘llariga yopishdi:

— …Hay-hay-hay, og‘ir bo‘ling, singi… qizim, nima keragi bor shuni? Ishmi, bo‘pti-da… Qani, hujjatlaringizni beringchi? Ha-a, yasha-ang! Ta-ak… o‘tiring, o‘tirvoling… Aha, shunda-ay… Hm-m, xo‘sh-sh… “…iqtisodiyot kolleji”… bugalteriya… Yaxshi, juda yaxshi-da… Xo‘-o‘p, ro‘yxatga yana bir sira, yaxshilab qaraylikchi-i… Hm-m-m…

Qizning yuz-ko‘zlari chiroy ochib borar — umid, ishonch unga ich-ichidan pardoz berardi: “…nahotki, shu bugun… hozir… E, Xudojonim-yeyy!”.

— …Xo‘-o‘p, qizim, imennoy sohangiz, diplomingiz bo‘yicha bo‘masayam… ish borakan bitta.

— Ihi?
— Lekin…

— Maktabmi, bog‘chami, amblotoriya… Farqi yo‘q, ishluvraman!
— Shunday-ku…

— Aka, chaynalmang, iltimos?!
— Xay, qabriston qorovuli… Bib-bo‘ladimi?..
— A?..
— …

…Nimadir portladi: qattiq, bor tovushida portladi. Yo‘q, u atom ham, vodarod bombasi ham emasdi. U — qahqaha edi. Qiz… kulgidan o‘zini tiyolmas, xona o‘rtasida tizzanlagancha xandon otar, qizarib, bo‘g‘riqib ketgan yuzlariga sochlari to‘zg‘ib tushardi. Tevarakdagilar qaqqayib turar, radio, “xsh-psh”lararo, uzuq-yuluq g‘o‘ldirardi: “…tadqiqotlar…xsh-sh…bugun mamlakatimizda…xsh-sh…olti yuz ming nafar…xsh-sh…ularning bandligiga ko‘mak…xsh-sh…quyidagi chora-tad…xsh-sh…kun tartibiga…xsh-sh…”;

VI chorraha:

…Buyuk Tug‘ilishdan to‘rt asrcha avval. Afina. Qatlgoh. Qafas ichida “siyosiy mahbus”, tegrasiga vazmin boqadi. Negadir nimtabassum qalqadi yuziga. Xuddiki, tashqaridagilar — mahkumlaru, o‘zi — mahkamachi.

Bu beo‘xshov, ko‘rimsiz kasni aybsiz atab, tarafini oluvchilar — ikki yuztadan ortiq kishilarning ko‘zida achinish, hamdardlik, yosh… Biroq uni tezroq tinchitishlarini ilhaqlik-la kutayotgan uch yuzga yaqin “hushyor”larning kepatasidagi quvonchning salmog‘i mo‘lroq. “Adolat qaror topishini” betoqat kutishyapti:

— …Boshlashsachi-a? Namuncha cho‘zishdi?
— Shuni ayt. He-yey… Femida haqqi, anavini tezroq bir yoqlik qilingla-ar!

Mahkumning miyig‘ida hanuz siniq kulgu. U o‘ylardi, faqat o‘ylardi. Nimalarni? O, bunga Zevsning ham fahmi yetmas-ov! Qarshisida uning o‘limini tusab, shovqinlayotganlarga bir necha kun oldin, sudda so‘zlagan nutqining qanchalik haqiqat, fojey haqiqatligiga xavotir ichra iqror bo‘layotgandir, ehtimol.

O‘sha kuni, u, o‘zini — so‘naga, afinaliklarni esa — katta, oliyjanob, ammo semiz va yalqov otga mengzatgandi: “…bunday otlarni birorta so‘na chaqib, choptirib turishi lozim. Fikrimcha, Tangri meni kun bo‘yi kezib, har biringizni uyg‘otish va tinmay tanbeh berib, to‘g‘ri yo‘lga boshlash uchun yuborgan. So‘zlarimga ishoning, afinaliklar, men kabilarni topish sizlarga oson bo‘lmaydi. Menga ishonsangiz, hayotimni saqlab qolasiz, biroq siz, so‘na chaqib, tuyqusdan uyg‘ongan va g‘azabga mingan odamlar kabi meni osonlik bilan urib, o‘ldirishingiz ham mumkin. Unda Tangri yana kimnidir yo‘llagunga qadar, qolgan umringizni g‘aflatda o‘tkazasiz!”
.
Aloha, hukm ijrosiga kirishishdi. Unga zahar — zangpoyani ezib ichirishdi… Odatda, tanni tark etgan ruhni “kapalak”, “oqqush”, “kabutar”… ga qiyoslashadi. Shulardan biriga evrilgan ruh, sekin-sekin balandlab, uchi-ib ketdi… kabi o‘xshatmalar so‘qishadi.

Yo‘q, bu safar ularning hech biri bo‘lmadi. Ya’ni yuqoridagilarning birortasi, shoirona aljirasak, xaloyiq uzra sarsari keza-keza, osmon toqiga, mangulik sari parvoz aylamadi. Ortidan xurshidi jahon yuzini abri balo qoplab, jazokor jala ham quymadi. Sarkash shamol qo‘pib, javonibni junbushga keltirmadi ham… Hech narsa o‘zgarmadi. Bari burungiday, manzara o‘sha-o‘sha, olomon, tabiiy ravishda tarqalardi.

Faqat bir… so‘na… qayoqqa ketarini bilmay, garangsib o‘rmalardi. “Tomosha”ni tugatib, asta-asta siyraklashayotgan odamlarni oralab, jonhalak izg‘irdi:
— …Ax-x, la’nati jondor!

— Nima bo‘ldi?
— So‘na chaqdi… Tutolmay qoldim…

— Hm-m… Bilasanmi, anavi haqida… sa-al… kalta o‘ylagan ko‘rinamiz…

VII chorraha:

…Teatr binosi. Avji muhokama. O‘n-o‘n beshtacha bilgichlar, biri olib-biri qo‘ygancha gapiryapti. Aniqrog‘i, yulqilashyapti — yarim soatcha muqaddam taqdimoti tugagan spektaklni. Paxsa qo‘llaru palag‘da so‘zlarning barchasi, hu-uv, burchakda bo‘g‘riqib o‘tirgan mardumga qaratilgandi.

Ha, u — shu muhoraba… yo‘g‘yey, muhokamaning bosh “aybdor”i — rejissyor bo‘lib, gazetchilar tilida laqillasak: yosh, umidli, iste’dodli va… “o‘zboshimcha”. Yo‘q, bu oxirgi “fazilat”ni unga gazetchilar emas, manavi “mulki turon”lar, hozirgina taqashgandi.

Zalni yoppasiga shularning shovuri tutgan, o‘sha “jonli burchak”dan boshqa barchasining dahani dam bilmasdi:
— …nu, slishkom pissimistik pyesa bo‘pti…

— Bir minut, kechirasiz, sizningcha, shu… pyesami? Sha-axsan mani o‘ylashimcha, bunda bir-rortayam konkret elementi yo‘q, pyesaning!
— Nu, da-a… Endi, man… umumiy qoidalar deganday…

— Qanaqa qoidalar? Xo‘p, muzika, xo‘p, aktyorlar ijrosi, xo‘p ana, dekoratsiyasiyam borakan. Uyam boshdan-oyoq bir-r xil: sahnani aylanasiga o‘rab, o‘rnatilgan eshiklar, eshiklar… I orasida qaqqaygan “qahramon”. Shumi?..

— To‘g‘ri-i, nu…

— Yo‘q, siz, gappi eshiting mundoq! Uzru tag‘in? Bu, sahna asarida ja-anr, tugu-un, kolliziya, kulminatsiya… degan narsalar bo‘lardi. Qani, anshular?..

— Shunday-shunday! Nu… birinchi ishi ekan… tajribasizlik…

— Xo‘-o‘p, nazariyani o‘tishgandir, o‘qitishgandi-ir? I kegin… “geroy”. O‘zi-i o‘n besh yashar bola… To‘g‘ri tushungan bo‘sam-de, agar? O‘n besh yashar. Mu-uncha manologlari anaqa… falsafiy? Munaqa gaplarri aytish-chun odam… kamida qirq beshshi urib qo‘ygan bo‘lishi kerak, ka-amid-da! Yana… Gapimmi bo‘lmiy turing, iltimos? Yana, voqealarni bir-biriga ulasham qiyin: abstrakt, absurd..
.
— Ihm, Zohirjon aka?..
— Gde kompozitsiya?!

— Zohirjon aka-a?..
— Gde-ye garmo-oniya!..

— Zo-ohirjon aka… Bo‘ldi, qizishmang, mana, suvdan ichvoling, aka… E-ey, omon bo‘ling, ishqilib. Sizday professional jonkuyarlarimiz borakan, sana’timiz ham bor! Ha-a, borizga shukr, aka… Xo‘-o‘p, siz… be-yemalol o‘zizzi uspokoit qip turing… Ungacha manam… ikki og‘iz, a? Rahmat. Ta-ak… ovolambor, man, bu… tomoshaning nomini chustvit qilomiyapman — “Mening otam Amerikada”. Mani bitta “ayb”im bor, logik fikrlashshi yaxshi ko‘raman. Ha, bu… “qahramon”, Zohirjon aka aytganlariday, o‘n besh yashar bolapaqir. Aftidan, afg‘on yo eroniy… Iroqimi yoki?.. Ishqilib-de, islomiy bir dovlatti fuqarosi. Xo‘p, otasi Amerikada nima qiladi: ishga ketganmi, qochoqmi, sotqinmi? Yo kandidat naukmi, ma’ruza qilishga ketganmi?.. (kulgisifat pixillashlar).

Onasini oti Shafaq bo‘ganakan. Toshbo‘ron qip o‘ldirishganakan… Hm-m, bu-ku tushunarli… Valadizinoni — haligi bolapaqirri tuqqani-chun. Shafaqday chiroyli ayol bo‘ganakan… Xo‘p, qaysi shafaqday: tonggimi, kechgi? Birovi — ko‘tarilish, hayot, umid… degani. Ikkinchisi, nabarot —tushkunlik, charchoq, o‘lim… effektlarini beradi. Qaysi biri imenno? I yana bir gap, nima uchun bola harbiy zotidan o‘lguday qo‘rqadi? Ayniqsa, kelgindilarini ko‘rsa, shaytonlaydi, pachti? Lekin shu qo‘rquv baravarida qanaqadir quturishmi-yey, vahshiylikka o‘xshash xiltlar ko‘piradi qonida… Bunisi vapshe-ye paradoks! Umuman, tushunarsiz personaj. Temboli-i, oxiri, epilogidagi nutqini eshitgan odam sovsem chalg‘ib ketadi. Erinmay bloknotimga yozvoluvdim… Ho-ozir… mana, o‘qiyman:

“…Men — bugunman. Xayol va hayot oralig‘idagi ostonada turgan bugunman. O‘tmish ro‘daposiga o‘ralashgancha, kun sayin kaltarib borayotgan ertaning etaklariga qarab-qarolmayotgan bugunman(shu joyini boplabdi, dayus!). Ortimdan hovliqma vaqt turtkilaydi: bo‘lsangchi, bo‘-o‘l! Oldimda — tashqarida esa, buqalamun hayot. Ming bir tusda jilva qilib, o‘ziga chorlaydi: kelsangchi, ke-yel! Arosatda alanglayman. Qadam qo‘ysam, bas, tashqarida bo‘laman. Va qo‘limga qurol tutqazishadi: ma, vataningni, qavmingni himoya qil! So‘ngra men otishga tushaman — odam otishga. Otaveraman, otaveraman… To o‘zimni otishgunlaricha. Vassalom. Tashqaridagi hayotimga yakun yasaladi…

Yo‘-o‘q, meni cho‘chitayotgan o‘lim emas, undan-da og‘irrog‘i — sharmsorlik, isnod. Axir, men… otamga qarata otaman. Uning qavmiga, balki bolalariga — nosha’riy esa-da… og‘a-inilarimga qarata. Balkim, uning o‘zi… Yo‘q-yo‘q, istamayman, yuraversin Amerikasida! Yetar, shuncha shafaqlarning bevaqt so‘ngani!..

Demak, tashqarida meni kutayotgan vazifa… ona yurtni… otadan himoyalash — sharaf siyoqidagi sharmandalik! Ichkarida esa: tiyiqsiz malomatlarga chidash, dahshatli yolg‘izlik… Bas-s, o‘zing ayt, Alloh, tashqariga… chiqyapmanmi?!..”.

Shutga keganda qiy-chuv, portlash, otishma ovozlari qo‘yilib, sahna chirpirey bo‘p aylanvotti. Anuv… “so‘taqul” bo‘sa, arenaning o‘rtasida cho‘nqayvolib, yo‘-o‘q, yo‘-o‘q, deb dodlavotti(pixillashlar kuchayadi)… Yetmagandiy, chiroq o‘chib, qop-qorong‘ulik ustidan parda tushirilvotti… Nima, bu zagadka? Anuvga nima bo‘ldi: o‘q tegdimi, uyiga bomba tushdimi… Tomoshabin pol ochadimi, o‘tirgan joyida? Ili… sahnaga chiqib, borib, pardaning tegidan o‘tib, tepasida fonar yoqib qaraydimi: o‘libdimi bu, qoptimi, deb?..

…Pixillashlar qiyqiriqqa, undan qarsaklarga aylanadi. Rejissyorning rangi siniq, qizib borayotgan boshini kaftlariga tiragancha, horg‘in o‘tiribdi. Shu so‘nggi soatlar ichida bir necha yilga qariganday tuyardi o‘zini. Yaxshiyam deraza oldiga o‘tirgan ekan — toza havo. Nigohlarini nimagadir qadagan, mijja qoqmay kuzatardi. Olisda, past-baland imoratlar uzra bir alvon varrak ojizgina, ingragannamo sas chiqarib, uchardi. O‘zicha qaylargadir “bosh olib” ketishga urinar, yana-da yuksaklarga intilar, ammo ingichka, pishiq ipdan qutulolmas, tortqilab-tortqilab qo‘yishardi…

05

(Tashriflar: umumiy 556, bugungi 1)

Izoh qoldiring