Abduhamid Pardayev. Kun satrlari

067Таниқли ижодкор Абдуҳамид Пардаевнинг кунимиз туғёнлари акс этган бир туркум сарбастона шеърларини тақдим этамиз.

Абдуҳамид ПАРДА
КУН САТРЛАРИ


02Абдуҳамид Пардаев Тошкент вилояти, Бўка туманида 1958 йилда туғилган. Журналист, шоир, адабиётшунос, таржимон. Бир неча шеърий тўпламлари, “Дўстнома” достони нашр қилинган. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достони, Алишер Навоийнинг барча достонларини замонавий ўзбек тилига табдил қилган. Ф. Нитшенинг “Зардушт нидоси” асарини ўзбек тилига шеърий ўгирган. Р.Тагор, Ж.Байрон, Ж. Китс, А. Пушкин, А.Блок, И.Бродский каби ўнлаб машҳур шоирларнинг шеърий туркумларини, шунингдек қатор жаҳон адибларининг романлари ва қиссаларини, таниқли файласуфларнинг рисолаларини ўзбек тилига таржима қилган. Шеърлари рус, турк, қирғиз, қозоқ, немис, озарбайжон тилларига таржима қилинган. Тошкент шаҳрида яшайди.


Нелар бисёр, нелар қаҳат рўйи заминда

Дин бисёр, тақводор диндор қаҳат;
Эътиқод бисёр, имони бут эътиқодли қаҳат;
Ватан бисёр, жонин фидо қиладиган жўмард ватанпарвар қаҳат;
Халқ бисёр, фаровонлиги учун ҳаловатини қурбон қиладиган халқсевар қаҳат;
Адолатли қонун-қоидалар бисёр, фақат адолатли тартиб қаҳат;
Тожу тахт ҳам бисёр, эвоҳки, муносиб султон қаҳат;
Алангадай куйдириб кул қилар дарди ишқ муҳайё, минг аламким, ишқ оташига урён тўш урадиган, эй Ҳамид, сен каби самандари ишқ қаҳат!

Н А Й

Мавҳум замон-маконда туғилдим.
Қип-қизил саҳрода улғайдим.
Жиспарастлар аксарият жисмим ҳақида қайғурдилар, жисмимдан манфаат талаб қилдилар, жисмоний-моддий имкониятлару салоҳиятимга кўра муомала қилдилар.
Тобланай деб,
қайта-қайта жизғанак бўлсам ҳам
ишқ алангасининг тафтисиз яшай олмадим.
Руҳиятим баҳоли қудрат тарбиялашга уриндим.
Умр йўлида кимларни учратмадим.
Не суврату сийратлар ичра кезмадим,
кимлар суврату сийратим ораламади.
Бошига тож қилар деган илинж билан қалбим гавҳарин кимга
тортиқ қилмай, ялмоғиздай ямламай ютди.
Барча билан олди-берди қилдим, қайси бир вазифада, қайси бир ижтимоий мақомда бўлмайин, аксарият гоҳ сотувчилик қилдим, гоҳ харидор бўлдим.
Кимга дуч келсам, шоҳдан гадога қадар,
менга нисбатан ҳам шу мақомда бўлди.
Ҳаёт мазмун-моҳияти — “олди-берди”.
Олди-берди.
Берди-олди!
Катта охурдан ем ейдиганлар
кафтдек охуримга кўз олайтирсалар ҳам
бутунлай тортиб олмаётганлари учун
Яратганга беадад ҳамду саною беадад шукроналар айтишдан чарчамайман.
Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юришга ўрганолмадим.
Руҳий хасталиклар шифохонасига танда қўйгач,
ўқтин-ўқтин дард устидан юришга уриняпман.
Бир замонлар эшитардим,
оламу одамга тикилиб тўймасдим,
булбули бийрондай сайрардим.
Қалб сувайдосига етдимми
ё тубсиз ўпқонга тушиб қолдимми,
ҳар икки қулоқ том битди,
икки кўз оқиб тушди,
тил танглайга ёпишди.
Қисмат бўрони қутурганда, уч юз етмиш икки устухоним ғичирлаб,
қуриган чинордай тебранавераман.
Инсон жисми ҳақида қайғурувчилар,
инсон жисмидан манфаат талаб қилувчилар,
жисмоний-моддий имкониятларга кўра муомала қилувчилардан йироқлашай деб сермаган болтам ўқ илдизимни узди.
Илма-тешик бағрим — най.

Оқил дўстни ғаним қилмайди.
Бироқ энг яқин дўст билан ҳам оралиқ масофани сақлайди.

ТАШХИС

Кейинги пайтда тез-тез ҳолдан тоядиган ғалати одат чиқардим.
Тобим қочди дея табиб оёғига бош урдим.
“Соппа-соғсан, ваҳима ҳам эви билан-да!”
На унга ишондим, на у менга.
Дуохонга ялинишларим ҳам наф бермади:
“Отдай соғ бандага дам солгани Худодан қўрқаман!”
Соппа-соғ бўлсам, қувватимни нима зулукдай сўраётир?
Ҳақиқат шуълалангандай дилим ёришди.
Мана, мана барча сир-асрор!
Театру кино актерларини ҳам чангимда қолдириб, якка ўзим ўнлаб ролларни ижро этаётганим, ўнлаб қиёфаларга киришга мажбур эканим, бисотимда ўнлаб ниқоблар борлигини ўйлаб, ақлдан озаётдим.
Оилада:
Марҳум отам чироғини ёқувчи
Онамга – ўғил
Хотинимга – эр
Ўғлимга – ота
Неварамга – бобо.
Қариндош-уруғларга:
Қайнотам-қайнонамга – куёв
Қайноғаму қайинэгачимга – куёвбола
Қайнилару болдизлару фарзандларига – почча
Кимга амаки, кимга тоға.
Э, соғ, соғ-а!
Боз устига
Маҳаллада — маҳалладош
Бозорда – харидор
Мозорда — тобуткаш
Ҳар нафас, ҳар қадамда суврату сийратим ўзгариб,
камалакдай товланиб-турланаман.
О, беҳисоб маиший ва ижтимоий қиёфалар!
Боз устига сийратимда бир неча сиймо кундошдай ҳеч чиқиша олмайди.
Оёғи ердан узилган шоири замон.
Тарки дунё қилган ошиқи содиқ.
Абадий саодатдан умидвор тақводор…
Шоир баъзан шу даражада такаббурлашадики,
кибру ҳавоси қошида Ҳазрати жаннат матруди ҳам мўмин муллаваччадай кўринади.
Шу даражада шуҳратпарастки, етти иқлим султонини ҳам оёғи учи билан кўрсатади.
Эҳтиёт бўлинг, ҳар каломни Алининг қиличидай сермагани-сермаган.
Ошиқ учун эса, во ажаб, ҳатто ёр васли ҳам ортиқча – хаёли билан сармаст!
Ҳар икки оламу ўзини ҳам унутиб ҳайкалдай қотган
Тақводорга тил теккизишдан Худо асрасин!..
Боз устига жисмимдаги хок замин қаърига тортади, об эса дарёлар оғушини қумсайди, милтиллаган шамдай ҳароратим офтоб оташини соғинади, жон абадий манзилига талпинади, қалбим ҳар париваш етовида.
Ақлбовар қилмас парокандалик.
Руҳим лолу ҳайрон.

2010 йил 14 октябрь

ЧОРЛОВ

Шаффоф шишадай тиниқ,
Юлдузлар сочар зиё.
Мусаффо ёғдусига,
Чўмиб мудрайди дунё.

Ҳад-ҳудудсиз самода,
Ҳадсиз нуқраи анвар.
Айлаб қалбимни асир,
Этар равшан, мунаввар.

Термилсам-да сизга боз,
Тўя олмасман сира.
Асли не бор сиздан-да,
Юксак, соҳир, бокира.

Ноёб бу фазилатлар,
Менга ҳам бўлсайди ёр.
Вале мен ер фарзанди –
Айби бисёр гуноҳкор.

Бироқ порлаб чорлар то
Юлдузларнинг гулшани,
Бир кун узилгай тайин
Гуноҳкор ер кишани.

ОҚ ДАРВОЗА

Ўйларимнинг ниҳояси сен,
Куйларимнинг ниҳояси сен.
Изтиробим-истагим учун,
Мақсадиму маслагим учун,
Сендан нари тугайди ҳаёт,
Сен шунчалар эдингми, ҳайҳот,

Оқ дарвоза, оппоқ дарвоза!

Сендан нари ўзга бир олам,
Сендан нари ўзга бир дунё.
Унда билмай на фироқ, на ғам,
Бир қиз яшар, париваш гўё,

Оқ дарвоза, оппоқ дарвоза!

Бошинг узра оқарган тонглар,
Бошимни ҳам кетмиш оқартиб.
Тенгранг узра ўзга жаранглар,
Фақат сенда ўшал ҳол, тартиб,

Оқ дарвоза, оппоқ дарвоза!

Гарчи дунё беҳад, бепоён,
Ва бетимсол бўлса ҳам гарчи:
Қалб қушимга азиз ошён,
Ўксик дилнинг танҳо таянчи,

Оқ дарвоза, оппоқ дарвоза!

НАҚШ

Қишлоқнинг ўртасида,
Уй бор ғиштдан қурилган.
Нақшин дарбозасида
Юлдуз шакли ўйилган.

Уйда уч пари рухсор,
Бири юлдуз, бири ой.
Малаксиймо кенжаси
Юрагимдан олган жой.

Насибам ҳижрон-фироқ,
Васлига етолмадим.
То ҳали ҳануз бироқ,
Асло унутолмадим.

Қишлоқнинг ўртасида
Уй бор ғиштдан қурилган.
Уйнинг тархи юлдуздай
Юрагимга ўйилган.

ТОҒЛАР

Оташ қалар соғинчимнинг ўчоғига,
Тоғлар чорлар, чорлар қайноқ қучоғига!
Дардларимнинг деворидан ўтолмайман,
Етолмайман тоғларимга, етолмайман.
Бўлсам нетар булутларнинг ўтовида,
Ё елдирим ҳур елларнинг етовида,
Нигоҳимдай оламни жо этсам нетар,
Етсам нетар, тоғлар сизга етсам нетар!
Токай дилим вайрон қилар оҳ-воҳларим,
Токай сизни йиғлаб қучар нигоҳларим?!
Ёниб-йитмай армон оташ ўчоғида,
Яйрасам бас баланд тоғлар қучоғида!

ШУКРОНА

Юрагимда дардим кўп, дардим,
Дардларимга даво ахтардим.
Дардларки, сир – шакл-мазмунсиз,
Булутларга сўзладим унсиз.

Абри найсон яйдоқ яғрини,
Чақмоқ бўлиб тилди бағрини.
Тўғланиб боз эслари оғди,
Ва сел бўлиб ерларга ёғди.

Шамолларга айтдим мен хаста,
Ёқа йиртиб бўлди дилхаста.
Дилларини айлаб сўнг вайрон,
Юлдузларни қилдим мен ҳайрон.

Дардим тинглаб ҳаттоки тошлар,
Мумдай эриб, тўкди кўз ёшлар.
Дарддан фориғ бўлсам деб зора,
Дардим борин кўмдим начора.

Ер бағри ҳам кетганми тўлиб,
Унибди ҳар дардим минг бўлиб.
Ва дардларим шукронап айта,
Юрагимга жойладим қайта.

НАВО ИСТАБ…

Кўксимдаги доғларга
Шифожў даво топсам.
Чиқиб баланд тоғларга
Илоҳий наво топсам.

«Кўксингдаги доғларнинг
Давоси йўқ!» – дедилар.
«Сен учун бу тоғларнинг
Навоси йўқ!» – дедилар.

Мен ҳамон бор доғларга,
Бедорман даво истаб.
Ва хаёлан тоғларга,
Чопарман наво истаб…

НАДОМАТ

На эҳтирос топди таскин,
На ташна қалб ҳаловат.
Улкан умид боғлаб лекин –
Кўрдим катта талофат.

Хаёл бошқа, ҳаёт бошқа,
Дилда беадад армон.
Уролмайман бошим тошга,
Яшашга ҳам йўқ дармон.

Бамисоли қанотсиз қуш,
Фақат унсиз бўзлайман.
Совумаган мурдам учун
Қаро қабр излайман.

ТАСКИН

Гар бошингга тушса ғам,
Чекаверма дод-фарёд.
Сендан-да бечорароқ
Бандаларни айла ёд.

Фурсат етиб саодат
Кулбангни қилса обод.
Бир нафас бахти қаро
Бандаларни айла ёд.

Кўрмай десанг бошингга
Бевақт қўнган қировни.
Шодликда ҳам, ғамда ҳам
Маҳкам тут, бас, жиловни!

ОЗОД ҚАЛБ

Кетолмадим ташлаб қаламни,
Қалампирдан аччиқ аламни,
Болдан тотли умидга қўшдим,
Ва эринмай чилвирдай эшдим.
Пайдо бўлди дунё ранг-баранг,
Асаблардай тортилди таранг.
Хиёлгина чертиб қўйсанг бас,
Жаранглагай илоҳий ҳур сас!
Озод қалбим созладим шундай,
Ловуллагай у ёзги кундай.
Чақмоқдайин кескир, шиддатли,
Арслондай ёвқур, ҳиддатли.
Даррандалар султони шердай,
Эл ишонган мардона эрдай.
Бўронларга тўш урар дадил,
Довюракдир жумла мард одил.
Йўқ,йўқ бу не мардликка шўхлик,
Қўрқитолмас заволу йўқлик.
Қай зот ахир яшар мардона,
Азал-абад завол бегона,
Азал адаб завол бегона!

МУНОЖОТ

Нечун мени бадбинларга қўшиб қўйдинг,
Бир чилвиру бир арқонга эшиб қўйдинг.
Нечун ахир тубан муҳит фарзандиман,
Юҳолардек нафсимга мен ҳам бандиман.
Нечун ахир айро тушиб имон билан,
Сулҳ тузай худобезор шайтон билан.
Нечун собит юриб бўлмас Ҳақ йўлидан,
Нечун ахир чиқиб бўлмас куфр чўлидан.
Нечун ахир миллат борки, иллати кўп,
Шайтонсифат каслар кезар бисёр, тўп-тўп.
Покдомонлар уруғими ё анқонинг.
Очилмасми эшиги кенг хонақонинг.
Нечун қалбим англагувчи бирон жон йўқ,
Машаққатсиз ош не, ҳатто тўғрам нон йўқ.
Нечун ахир яхшиларга кун йўқ сира,
Кўзи очиқ борки, қалби кўр, басир-а?!
Тозаман деб қай тил билан ахир айтай,
Тубанликдан булғанмасдан қандоқ ўтай.
Бедаволар тилимни ҳам заҳар қилди,
Қилмишларин кун-тун, оқшом-саҳар қилди.
Булар оташ юрагимга солдилар чанг,
Ва иродам билан тенгсиз қилдилар жанг.
Мажруҳ этиб ҳали мурғак ёшимдан-эй,
Не бир кунлар ўтди бадбахт бошимдан-эй.
Бу не ҳолки, дўсту ғаним қоним ичар,
Қоним ичиб, боз устига кафан бичар.
«Бер-бер!» дейди булар бари тўтиқушдай,
Шунданмикан умрим ўтар мудҳиш тушдай.
Жонимни ҳеч ўйлагувчи дўсту жон йўқ,
Ранги рўйим афтодаҳол, томчи қон йўқ.
Бироқ олғир каслар юрар кекириб бад,
Ким сурбету ҳаромхўрдир ёрдир омад.
Ришва билан, пора билан ҳали ҳамон,
Кенг дунёнинг тенг ярмини олмоқ осон.
Гарчи кўплар Худо дейди ёниб тилда,
Худо билар не муддао пинҳон дилда.
Гарчи мўмин-мусулмонлик бизга мерос,
Атворимиз ғайридинга аксари мос.
Эзгуликка ташна гарчи жумла жаҳон,
Ёвузликнинг дасти дароз, дароз ҳамон.
Гарчи жумла одамларнинг нияти пок,
Топилгувчи тубанликдан қайтмас бебок.
Бандаларда ҳавас эмас, ҳасад кучли,
Руҳоният қайда,баднафс жасад кучли.
Мол-дунё деб қай бирлари диндан чиқар,
Қасдлашса бас, дарҳол қилич қиндан чиқар.
Одам бисёр, одамийлик оздан ҳам оз,
Шанғиликда эркак-хотин бирдек шаввоз.
Қилгувчи кўп тап тортмасдан гуноҳ ишни,
Юз кўрмас ҳеч аксарият қўни-қўшни.
Қолишмайди дўзахдан ҳам аросатдан,
Бир хилқатки, қисган Худо фаросатдан.

Нечун бундай дунёларга эш қилдинг Сен,
Қабоҳату разолатни пеш қилдинг Сен.
Гарчи дилда муҳаббатим, меҳрим бисёр,
Пок ишқимга муносиб ёр, айт, қайда бор?!
Ҳукмингда гар замин, етти қават осмон,
Келиб кетди минг пайғамбар, минг бир Усмон.
Гарчи бисёр каломларинг турфа тилда,
Гарчи Сенга итоат бор турфа элда,
Гарчи бисёр одамийлик дастурлари,
Ҳаволарда аксарият улар бари.
Ҳали ҳануз камолотдан беримиз биз,
Она замин куррамизнинг шўримиз биз.
Бир томонда баҳор бўлса, бир ёнда қиш,
Бир томонда қарғиш бўлса, бир ён олқиш.
Оч-юпун эл ҳали ҳануз бунда бисёр,
Тўқларни ҳам деёлмайман шод, бахтиёр.

Висолингга ташнаю зор одамизот.
Тангрим, ўзинг қўлла уни, кўрсат имдод.
Шарқу /арбга айирмагин, оқ-қорага,
Совуқчилик солмагайсан ҳеч орага.
Насронийми, мусулмонми, будпарастми,
Тоғу тошда адашган бир ўтпарастми,
Юракларга, Аллоҳ, аввал ўз ишқинг сол,
Қўлингга ол, улусларни қўлингга ол.
Токи бари эрта-ю кеч Худо дегай,
Ҳақ йўлида жисму жоним фидо дегай.
Худо деган ахир ҳануз кам бўлмади,
Худо деган бошлар ҳануз хам бўлмади.
Бирлаштирса эл-юртларни улуғ номинг,
Ушалмасми минг бир йиллик эзгу коминг.
Бизлар учун майли камол армон бўлгай,
Бироқ умид дардимизга дармон бўлгай,
Бироқ умид дардимизга дармон бўлгай…

КЕТИБ БОРАР…

Кетиб борар умримизнинг карвонлари,
Карвонларда дилимизнинг армонлари.
Тишлар тушар, яккам-дуккам соч ҳам сийрак,
Гоҳ паришон хастаҳолмиз, гоҳо тийрак.
Ортимизда гарчи қанча ёзу қишлар,
Ярим ёрти ҳали ҳануз сакта ишлар.
Кўр қисматнинг ҳукмидамиз ҳали ҳамон,
Ва занжирбанд этмиш бизни золим замон.
Дилда ўзга ният, тилда ўзга оят,
Деганимиз яккаш чўпчак, пуч ривоят.
Бундан буён муҳаббат ҳам қондириш нафс,
Бироқ молу мулкка тўймас юҳо баднафс.
Боз устига амалталаб, унвонталаб,
Кун кўрамиз катталарнинг кетин ялаб.
Тилимиздан тушмас гарчи зикри Аллоҳ,
Ҳур эмасмиз, яшолмаймиз ҳеч бегуноҳ.
Олмосдан-да ўткирроқ гар идрокимиз,
Қаро ердан олингани рост хокимиз.
Тўрт жуфт илик, мўрт чаноғу кўкрак қафас,
Аҳли одам бундан зиёд ҳеч не эмас!
Мангуликнинг қаршисида нимамиз биз,
Бугун сайрон, эрта вайрон кемамиз биз.
Яшаяпмиз амал-тақал қилиб мана,
Ҳаётимиз кушандаси ҳар бир сана –
Умримиз шоҳ илдизига урар болта,
Ўлда-жўлда хизмат-пизмат, ишлар халта.
Армон ила ўтаяпмиз, дунё бир кам,
Бу қандайин кўргуликким, фарзандлар ҳам,
Ўқиганин уқавермас қайсар, ялқов,
Наҳот биз-да бир пайт шундай эдик анқов?!
Ҳали ҳануз ўтаяпмиз анқовсираб,
Тап тортмайин қилиб гуноҳ, боз афв сўраб.
Топиб бўлмас бокира ҳур инсон зотин,
Эрлар — шайтон, ялмоғизга хешдир хотин.
Авом қавмин оломондан фарқлаб бўлмас,
Қай бир зотлар тубанлигин нархлаб бўлмас.
Амалдорлар егани мой, дегани: «Ҳой!!!»
Ҳаммол қавмин кечгани лой, дегани: «Вой!!!»
Уддасидан чиққан борки, икки ошар,
Ким борига шукр қилиб, ночор яшар.
Маддоҳларнинг касби ҳануз ваъда қуруқ,
Шўрлик авом гарданида бўйинтуруқ.
Лаганбардор, ялтоқилар урчиб кетди,
Қалдирғочдай ёт элга ким учиб кетди.
Замон шундай замон бўлди, хуллас калом,
Тамасиз ҳеч берилмагай ҳатто салом.
Эл кўникди маош олмай ишлашга-да,
«Мардман!» деган шерлар тилин тишлашга-да.
Ҳаётимиз кечар Сирдай вазмин, сокин,
Ботинида фожиалар бисёр локин.
Қозиларнинг қаллоблиги достон бўлди,
Дуч келганни тиқиб қўйиш осон бўлди.
Илинтирар бегуноҳни қармоқлари,
Қассобники каби алвон бармоқлари.
Пора оддий инъом, совға бўлди холис,
Бисёр бўлса ҳамёнда пул — яқин олис.
Найранг қилар кариллаган акобирлар,
Бизни одам ҳисобламас такаббурлар.
Эл мол-мулкин туя қилган асти шулар,
«Ялангоёқ!» деб боз яна биздан кулар.
Имон, инсоф кетди, аттанг, бозорлардан,
Солиқ сўраш урф масжид-мозорлардан.
Бу гапларни ёзаяпман юрак ютиб.
Билмам, қандай қисмат мени турар кутиб.
Тўғри сўзинг туққанингга ҳатто ёқмас,
Минг чиранма, золим замон сенга боқмас.
Пулдорларнинг чангалида қайнар шўрва.
Йўқсилларнинг бор матоҳи – гадой тўрва!
Соғ улусдан рамақижон хастаси кўп,
Гузар борки, дўкони кўп, растаси кўп.
Издан чиққан тизгини йўқ нарху наво,
Боз устига найранг қилар обу ҳаво:
Ногаҳон гоҳ ёмғир қуяр саратонда,
Илимилиқ, тайини йўқ қаҳратон-да.
Меваларни гуллаганда урар совуқ,
Қирилар гоҳ чорваю қўй, гоҳо товуқ.
Кетиб борар иффат-ҳаё, меҳру шафқат,
Тўрт томонда қип-яланғоч наҳсу шаҳват.
Ишловчидан савдогар кўп, олиб сотар,
Нашаванд ким, ким эртаю ҳам кеч отар.
Куни туғди дасти дароз пулдорларнинг,
Қайтган каби шум замони қулдорларнинг.
Ким кўрганнинг хаёлида пулнинг дарди,
Корчолонга айланди бас элнинг марди.
Ким ризқини топар қора меҳнат билан,
Ким пулига пул қўшади туҳмат билан.
Қараб турсам хор дунёнинг аҳволига,
Саодати эш кўринар заволига.
Дод-фиғони самоларга ўрлаб кетган,
Азал-абад муштумзўрлар зўрлаб ўтган.
Ҳали ҳануз бу дунёни сўрар ўрлар,
Тузар-бузар, санчар-янчар, зўрлар-хўрлар!…
Биродарлар! Шунга ҳам минг шукр денглар,
Дардимизни тил-забонсиз қоғоз тинглар.
Шубҳа йўқ ҳеч келар замон дориломон,
Миси чиқар бу кунларнинг ҳеч бегумон.
Ҳеч бўлгандан кеч бўлгани яхши ахир,
Не тонг, насиб этса шундай толе тақдир…

ТАҲАММУЛ

Маъзур тутинг, бир замон сизга
Бағоятда таниш содда, ғўр,
Ҳар бир зотни ҳур дея билган
Кўр-кўрона инсон зотига
Ҳаддан зиёд ишонган гўлнинг
Фақат синиқ суврати ҳамда
Ўргамчакнинг ипидек нозик
Ришта тутган, нотавон, ўксик
Бор умиду ишончи сароб
Қариб кўнгли қонгандир яккаш.

Йироқларда бўй чўзган тоғлар
Чорлар такрор-такрор бағрига.
Чорлар бироқ қошига боргач
Кўтарилмай ярим бағрига
Тиздан мадор, кўздан кетиб нур
Ҳолдан тойиб қолармиз тайин.

Барча-барча асти йироқдан,
Жозибадор оҳанрабодай.
Нимагаки эга бўлсак, бас,
Бор қимматин йўқотар шу он.

Йўқотгунча қадар бошимиз
Нелардан, воҳ,бўлмаймиз жудо.
Ўлим келиб қучганга қадар
Неча бора ўлар бандаси.

Ажаб, одам жони тошдан ҳам,
Қаттиқроқдир, қирқ йил қуруқда
Қақшаб, ногоҳ нам етган ҳамон
Кўклайдиган қайсардан қайсар
Ажриқдан ҳам яшовчанроқмиз.

Бу ҳаётда фожеадан-да
Даҳшатлироқ ҳодисотларнинг
Афюнидан телбаман басир.

Юрагимни қиймалар такрор
Қабоҳатнинг қаттол ханжари.

Йўқ, йўқ ҳаёт демангиз, йўқ, йўқ,
Хиёнату фисқу фужурлар
Адоватдек тубан иллатлар
Бижғиётган мудҳиш дунёда
Лошим судраб юрибман аранг.

Ишқ-муҳаббат — қачонлардир мен
Сажда этган маъбуда – сароб?!
Назаримда Тоҳиру Зуҳро –
Фарҳод-Ширин, Лайли-ю Мажнун
Қиссалари муҳаббатга зор
Яшаб ўтган ва яшаётган
Балки, ҳайҳот, яшовчиларнинг
Қалбидаги абадул абад
Ушалмас чўнг армондир, армон.

Ҳақ ҳурмати, виждон ҳурмати,
Қалбдан силққан қоннинг ҳурмати,
Ўтаётган, ўтган ва ўтар –
Бокира софдиллар ҳурмати –
Тавқи лаънат тамға босган бу
Тубанларнинг қавмига мен-да
Нафратимнинг шиддатли, кескир
Чақмоғини ёғдираман боз!

Ва уларга қасдма-қасд ўксик
Кўксим аро мени бу мудҳиш
Қаро кунлар исканжасидан
Саодатли онлар васлига
Соғу омон олиб боргувчи
Халоскорим умиднинг нимжон
Чечакларин қилгум парвариш…

ФИҒОН

1
Раҳнамо Рауф Парфи,
Эътиқодим бош ҳарфи.
Гўё хунталаб рақиб,
Эрта-кеч қилар таъқиб.
Бағрим қон қилар баёт,
Бу баётсиз йўқ ҳаёт!

2

На шоирман, на олим,
Худкуш – кушанда золим.
Тентираган теваман,
Дарди ишқинг севаман!
Хаста кўнглим доғланган,
Самоларга чоғланган.
Ёр, висолинг гар армон,
Минг бир дардимга дармон!

3

Чархи кажрафтор қафас,
Балойи жон ҳар нафас.
Кишанбанд оёқ-қўлим,
Бош узра чарх ур, Ўлим!
Қалбим қон қусар, яра…
Арслондай тортай наъра!

ИЛТИЖО

Қайдасан, қай томонда,
Қай тошга урай бошим?!
Ломаконман маконда,
Дўзах рад этар лошим.

Тилда такбир-тавалло,
Минг розиман баридан!
Вале Тангри таоло –
Қутқар бу чоҳ қаъридан!

Қалбимга не бегона,
Барча-барчасин ўлдир.
Қалбим телба-девона,
Бокира нурга тўлдир.

Бу маконда ломакон,
Тугади бор бардошим.
Бағрингга дориламон,
Кетарман олиб бошим!

ТАВАЛЛО

Нимаики кўрдим, бари бадкирдор.
Шекспир

Беҳишт дея билдим дунёни,
Ҳар инсонни фаришта-ҳур деб.
Заҳмин татиб аксар риёни,
Ғазабландим минг карра панд еб.

Гўё мудом тангу тор олам,
Гўё хира тортар кун-бакун.
Гўё ортар кундан кун нолам,
Ҳалокатли интиҳо, якун!..

Қўш қанот бўл, Ўзинг бўл дармон,
То янгратай ҳақиқат созин.
Ва баралла куйлай беармон,
Ташна қалбим муқаддас розин.

Хотирим жам айла то абад,
Ҳам иродам собит айлагин.
Юрагимда меҳру муҳаббат,
Оташнафас нафрат жойлагин.

Ром этолмас ҳеч ҳою-ҳавас,
Бахт-саодат Ўзингга сийлов.
Юрагимда ёниб турса бас,
Ёлқинланиб покиза олов.

Покиза бу аланга омил,
Бор иллатлар куйиб-доғлансин.
То беғубор дунёга комил,
Ташна қалбим мангу боғлансин.

ВИСОЛ

Дилимда бори ўчар,
Руҳим лочиндай учар.

Пастда қолар юлдуз-ой,
Чорлар илоҳий чирой.

Бегона аввал-охир,
Уйғун ботин-у зоҳир.

Нур бўлиб эшиларман,
Сен билан қўшиларман.


Узилди бор ришталар,
Ҳамроҳим фаришталар.
Ишқим оҳанрабоси,
Жаннат саррин сабоси.
Бас келолмас ҳеч алпи,
Қақшатқич қалбим залпи!..

Алвидо, бор ришталар,
Ассалом, фаришталар!

20.07.2008 йил.

ҚАСИДАЙИ АНОР

Нусратилла Жумахўжа ўғлига

Гар марварид донасан, гавҳар – дона-донасан,
Қасрдай қават-қават неча минг бир хонасан.

Жамулжам етти пуштинг, гўё тугилган муштинг,
Гумбаз — қафасга тушдинг, ки асил дурдонасан.

Агар-чи нону ошсан, тошдан қаттиқ бардошсан,
Мазлумларга қардошсан, бағри қон ғамхонасан.

Қай битта ёв беаёв, қадар кўксингга ғаров,
Нечун бағринг ўт-олов, алангадай ёнасан.

Гар ғаройиб тарҳинг бор, қадр-қиммат нархинг бор,
Қиёматли чархинг бор, бунча шўрпешонасан.

Қасдма-қасд қай замонга, юрагинг тўлди қонга,
Ўхшаб ё Чингизхонга қон биланми қонасан.

Гоҳо дашту далада, гоҳ тарози паллада,
Гоҳ ашъор, гоҳ яллада – тайёрсан, таронасан.

Неъмати ҳалолингни, ҳаётбахш зилолингни,
Бағринг тўла болингни бахш этар ҳур онасан.

Ким эзиб ичар қонинг, ғазал-чистонинг шонинг,
Қувада асил конинг – меваи Фарғонасан.

Меваи Фарғона не, меҳри дарё она не,
Ёқуту дардона не, меваи шоҳонасан.

Нархинг бу кун осмонда, етган борки дармонда,
Етмаганлар армонда, менга ҳам бегонасан.

Ким ер сени саломат, ким дер сени “аломат”,
Кимга ташбеҳ – маломат, меҳвари мастонасан.

Гарчи асил мевасан, шеър-шикоят шевасан,
Гўё бебош бевасан – ҳар ўққа нишонасан.

Гар мудом бисёр мўлсан, қимматсан – қўлма-қўлсан,
Қисматингни, эй гўл, сан, кимларга ишонасан?!

Гумбазмисан ё қаср, назммисан ё наср,
Асрлар қилмас таъсир муаззам кошонасан.

Дастурхоннинг безаги, май-шаробнинг газаги,
Дардга дармон ўзаги – Синои замонасан.

Не қадимги фанорсан, таърифи беканорсан,
Ёнар, қонар анорсан – ҳамватан, ҳамхонасан.

Неки Нусратуллога, ва не Ҳамидуллога,
Ҳар шеърпараст муллога беназир баҳонасан.

2003 йил.

Абдулла Ориповнинг “Оломонга”
шеърига назира

Машрабни осган ҳам асли сен эдинг,
Лоркани отган ҳам асли сен эдинг.

“Қодир Фиръавнман!” деган ҳам сенсан,
Қодирий бошини еган ҳам сенсан!

Ҳукмлар ўқийсан халқнинг номидан,
Тарихлар тўқийсан халқнинг номидан.

Қандай Худо урган бешафқат кучсан,
Нечун ўз халқингнинг қонига ўчсан!

Токай номинг бўлар манфур шайтанат,
Қачон “Халқим!” дейсан, эй сен, салтанат?!

063Taniqli ijodkor Аbduhamid Pardaevning kunimiz tugʼyonlari aks etgan bir turkum sarbastona sheʼrlarini taqdim etamiz.

Аbduhamid PАRDА
KUN SАTRLАRI

06Аbduhamid Pardaev Toshkent viloyati, Boʼka tumanida 1958 yilda tugʼilgan. Jurnalist, shoir, adabiyotshunos, tarjimon. Bir necha sheʼriy toʼplamlari, “Doʼstnoma” dostoni nashr qilingan. Yusuf Xos Hojibning “Qutadgʼu bilig” dostoni, Аlisher Navoiyning barcha dostonlarini zamonaviy oʼzbek tiliga tabdil qilgan. F. Nitshening “Zardusht nidosi” asarini oʼzbek tiliga sheʼriy oʼgirgan. R.Tagor, J.Bayron, J. Kits, А. Pushkin, А.Blok, I.Brodskiy kabi oʼnlab mashhur shoirlarning sheʼriy turkumlarini, shuningdek qator jahon adiblarining romanlari va qissalarini, taniqli faylasuflarning risolalarini oʼzbek tiliga tarjima qilgan. Sheʼrlari rus, turk, qirgʼiz, qozoq, nemis, ozarbayjon tillariga tarjima qilingan. Toshkent shahrida yashaydi.


Nelar bisyor, nelar qahat roʼyi zaminda

Din bisyor, taqvodor dindor qahat;
Eʼtiqod bisyor, imoni but eʼtiqodli qahat;
Vatan bisyor, jonin fido qiladigan joʼmard vatanparvar qahat;
Xalq bisyor, farovonligi uchun halovatini qurbon qiladigan xalqsevar qahat;
Аdolatli qonun-qoidalar bisyor, faqat adolatli tartib qahat;
Toju taxt ham bisyor, evohki, munosib sulton qahat;
Аlangaday kuydirib kul qilar dardi ishq muhayyo, ming alamkim, ishq otashiga uryon toʼsh uradigan, ey Hamid, sen kabi samandari ishq qahat!

N А Y

Mavhum zamon-makonda tugʼildim.
Qip-qizil sahroda ulgʼaydim.
Jisparastlar aksariyat jismim haqida qaygʼurdilar, jismimdan manfaat talab qildilar, jismoniy-moddiy imkoniyatlaru salohiyatimga koʼra muomala qildilar.
Toblanay deb,
qayta-qayta jizgʼanak boʼlsam ham
ishq alangasining taftisiz yashay olmadim.
Ruhiyatim baholi qudrat tarbiyalashga urindim.
Umr yoʼlida kimlarni uchratmadim.
Ne suvratu siyratlar ichra kezmadim,
kimlar suvratu siyratim oralamadi.
Boshiga toj qilar degan ilinj bilan qalbim gavharin kimga
tortiq qilmay, yalmogʼizday yamlamay yutdi.
Barcha bilan oldi-berdi qildim, qaysi bir vazifada, qaysi bir ijtimoiy maqomda boʼlmayin, aksariyat goh sotuvchilik qildim, goh xaridor boʼldim.
Kimga duch kelsam, shohdan gadoga qadar,
menga nisbatan ham shu maqomda boʼldi.
Hayot mazmun-mohiyati — “oldi-berdi”.
Oldi-berdi.
Berdi-oldi!
Katta oxurdan yem yeydiganlar
kaftdek oxurimga koʼz olaytirsalar ham
butunlay tortib olmayotganlari uchun
Yaratganga beadad hamdu sanoyu beadad shukronalar aytishdan charchamayman.
Ogʼirning ustidan, yengilning ostidan yurishga oʼrganolmadim.
Ruhiy xastaliklar shifoxonasiga tanda qoʼygach,
oʼqtin-oʼqtin dard ustidan yurishga urinyapman.
Bir zamonlar eshitardim,
olamu odamga tikilib toʼymasdim,
bulbuli biyronday sayrardim.
Qalb suvaydosiga yetdimmi
yo tubsiz oʼpqonga tushib qoldimmi,
har ikki quloq tom bitdi,
ikki koʼz oqib tushdi,
til tanglayga yopishdi.
Qismat boʼroni quturganda, uch yuz yetmish ikki ustuxonim gʼichirlab,
qurigan chinorday tebranaveraman.
Inson jismi haqida qaygʼuruvchilar,
inson jismidan manfaat talab qiluvchilar,
jismoniy-moddiy imkoniyatlarga koʼra muomala qiluvchilardan yiroqlashay deb sermagan boltam oʼq ildizimni uzdi.
Ilma-teshik bagʼrim — nay.

Oqil doʼstni gʼanim qilmaydi.
Biroq eng yaqin doʼst bilan ham oraliq masofani saqlaydi.

TАShXIS

Keyingi paytda tez-tez holdan toyadigan gʼalati odat chiqardim.
Tobim qochdi deya tabib oyogʼiga bosh urdim.
“Soppa-sogʼsan, vahima ham evi bilan-da!”
Na unga ishondim, na u menga.
Duoxonga yalinishlarim ham naf bermadi:
“Otday sogʼ bandaga dam solgani Xudodan qoʼrqaman!”
Soppa-sogʼ boʼlsam, quvvatimni nima zulukday soʼrayotir?
Haqiqat shuʼlalanganday dilim yorishdi.
Mana, mana barcha sir-asror!
Teatru kino akterlarini ham changimda qoldirib, yakka oʼzim oʼnlab rollarni ijro etayotganim, oʼnlab qiyofalarga kirishga majbur ekanim, bisotimda oʼnlab niqoblar borligini oʼylab, aqldan ozayotdim.
Oilada:
Marhum otam chirogʼini yoquvchi
Onamga – oʼgʼil
Xotinimga – er
Oʼgʼlimga – ota
Nevaramga – bobo.
Qarindosh-urugʼlarga:
Qaynotam-qaynonamga – kuyov
Qaynogʼamu qayinegachimga – kuyovbola
Qaynilaru boldizlaru farzandlariga – pochcha
Kimga amaki, kimga togʼa.
E, sogʼ, sogʼ-a!
Boz ustiga
Mahallada — mahalladosh
Bozorda – xaridor
Mozorda — tobutkash
Har nafas, har qadamda suvratu siyratim oʼzgarib,
kamalakday tovlanib-turlanaman.
O, behisob maishiy va ijtimoiy qiyofalar!
Boz ustiga siyratimda bir necha siymo kundoshday hech chiqisha olmaydi.
Oyogʼi yerdan uzilgan shoiri zamon.
Tarki dunyo qilgan oshiqi sodiq.
Аbadiy saodatdan umidvor taqvodor…
Shoir baʼzan shu darajada takabburlashadiki,
kibru havosi qoshida Hazrati jannat matrudi ham moʼmin mullavachchaday koʼrinadi.
Shu darajada shuhratparastki, yetti iqlim sultonini ham oyogʼi uchi bilan koʼrsatadi.
Ehtiyot boʼling, har kalomni Аlining qilichiday sermagani-sermagan.
Oshiq uchun esa, vo ajab, hatto yor vasli ham ortiqcha – xayoli bilan sarmast!
Har ikki olamu oʼzini ham unutib haykalday qotgan
Taqvodorga til tekkizishdan Xudo asrasin!..
Boz ustiga jismimdagi xok zamin qaʼriga tortadi, ob esa daryolar ogʼushini qumsaydi, miltillagan shamday haroratim oftob otashini sogʼinadi, jon abadiy manziliga talpinadi, qalbim har parivash yetovida.
Аqlbovar qilmas parokandalik.
Ruhim lolu hayron.

2010 yil 14 oktyabrь

ChORLOV

Shaffof shishaday tiniq,
Yulduzlar sochar ziyo.
Musaffo yogʼdusiga,
Choʼmib mudraydi dunyo.

Had-hududsiz samoda,
Hadsiz nuqrai anvar.
Аylab qalbimni asir,
Etar ravshan, munavvar.

Termilsam-da sizga boz,
Toʼya olmasman sira.
Аsli ne bor sizdan-da,
Yuksak, sohir, bokira.

Noyob bu fazilatlar,
Menga ham boʼlsaydi yor.
Vale men yer farzandi –
Аybi bisyor gunohkor.

Biroq porlab chorlar to
Yulduzlarning gulshani,
Bir kun uzilgay tayin
Gunohkor yer kishani.

OQ DАRVOZА

Oʼylarimning nihoyasi sen,
Kuylarimning nihoyasi sen.
Iztirobim-istagim uchun,
Maqsadimu maslagim uchun,
Sendan nari tugaydi hayot,
Sen shunchalar edingmi, hayhot,

Oq darvoza, oppoq darvoza!

Sendan nari oʼzga bir olam,
Sendan nari oʼzga bir dunyo.
Unda bilmay na firoq, na gʼam,
Bir qiz yashar, parivash goʼyo,

Oq darvoza, oppoq darvoza!

Boshing uzra oqargan tonglar,
Boshimni ham ketmish oqartib.
Tengrang uzra oʼzga jaranglar,
Faqat senda oʼshal hol, tartib,

Oq darvoza, oppoq darvoza!

Garchi dunyo behad, bepoyon,
Va betimsol boʼlsa ham garchi:
Qalb qushimga aziz oshyon,
Oʼksik dilning tanho tayanchi,

Oq darvoza, oppoq darvoza!

NАQSh

Qishloqning oʼrtasida,
Uy bor gʼishtdan qurilgan.
Naqshin darbozasida
Yulduz shakli oʼyilgan.

Uyda uch pari ruxsor,
Biri yulduz, biri oy.
Malaksiymo kenjasi
Yuragimdan olgan joy.

Nasibam hijron-firoq,
Vasliga yetolmadim.
To hali hanuz biroq,
Аslo unutolmadim.

Qishloqning oʼrtasida
Uy bor gʼishtdan qurilgan.
Uyning tarxi yulduzday
Yuragimga oʼyilgan.

TOGʼLАR

Otash qalar sogʼinchimning oʼchogʼiga,
Togʼlar chorlar, chorlar qaynoq quchogʼiga!
Dardlarimning devoridan oʼtolmayman,
Yetolmayman togʼlarimga, yetolmayman.
Boʼlsam netar bulutlarning oʼtovida,
Yo yeldirim hur yellarning yetovida,
Nigohimday olamni jo etsam netar,
Yetsam netar, togʼlar sizga yetsam netar!
Tokay dilim vayron qilar oh-vohlarim,
Tokay sizni yigʼlab quchar nigohlarim?!
Yonib-yitmay armon otash oʼchogʼida,
Yayrasam bas baland togʼlar quchogʼida!

ShUKRONА

Yuragimda dardim koʼp, dardim,
Dardlarimga davo axtardim.
Dardlarki, sir – shakl-mazmunsiz,
Bulutlarga soʼzladim unsiz.

Аbri nayson yaydoq yagʼrini,
Chaqmoq boʼlib tildi bagʼrini.
Toʼgʼlanib boz eslari ogʼdi,
Va sel boʼlib yerlarga yogʼdi.

Shamollarga aytdim men xasta,
Yoqa yirtib boʼldi dilxasta.
Dillarini aylab soʼng vayron,
Yulduzlarni qildim men hayron.

Dardim tinglab hattoki toshlar,
Mumday erib, toʼkdi koʼz yoshlar.
Darddan forigʼ boʼlsam deb zora,
Dardim borin koʼmdim nachora.

Yer bagʼri ham ketganmi toʼlib,
Unibdi har dardim ming boʼlib.
Va dardlarim shukronap ayta,
Yuragimga joyladim qayta.

NАVO ISTАB…

Koʼksimdagi dogʼlarga
Shifojoʼ davo topsam.
Chiqib baland togʼlarga
Ilohiy navo topsam.

«Koʼksingdagi dogʼlarning
Davosi yoʼq!» – dedilar.
«Sen uchun bu togʼlarning
Navosi yoʼq!» – dedilar.

Men hamon bor dogʼlarga,
Bedorman davo istab.
Va xayolan togʼlarga,
Choparman navo istab…

NАDOMАT

Na ehtiros topdi taskin,
Na tashna qalb halovat.
Ulkan umid bogʼlab lekin –
Koʼrdim katta talofat.

Xayol boshqa, hayot boshqa,
Dilda beadad armon.
Urolmayman boshim toshga,
Yashashga ham yoʼq darmon.

Bamisoli qanotsiz qush,
Faqat unsiz boʼzlayman.
Sovumagan murdam uchun
Qaro qabr izlayman.

TАSKIN

Gar boshingga tushsa gʼam,
Chekaverma dod-faryod.
Sendan-da bechoraroq
Bandalarni ayla yod.

Fursat yetib saodat
Kulbangni qilsa obod.
Bir nafas baxti qaro
Bandalarni ayla yod.

Koʼrmay desang boshingga
Bevaqt qoʼngan qirovni.
Shodlikda ham, gʼamda ham
Mahkam tut, bas, jilovni!

OZOD QАLB

Ketolmadim tashlab qalamni,
Qalampirdan achchiq alamni,
Boldan totli umidga qoʼshdim,
Va erinmay chilvirday eshdim.
Paydo boʼldi dunyo rang-barang,
Аsablarday tortildi tarang.
Xiyolgina chertib qoʼysang bas,
Jaranglagay ilohiy hur sas!
Ozod qalbim sozladim shunday,
Lovullagay u yozgi kunday.
Chaqmoqdayin keskir, shiddatli,
Аrslonday yovqur, hiddatli.
Darrandalar sultoni sherday,
El ishongan mardona erday.
Boʼronlarga toʼsh urar dadil,
Dovyurakdir jumla mard odil.
Yoʼq,yoʼq bu ne mardlikka shoʼxlik,
Qoʼrqitolmas zavolu yoʼqlik.
Qay zot axir yashar mardona,
Аzal-abad zavol begona,
Аzal adab zavol begona!

MUNOJOT

Nechun meni badbinlarga qoʼshib qoʼyding,
Bir chilviru bir arqonga eshib qoʼyding.
Nechun axir tuban muhit farzandiman,
Yuholardek nafsimga men ham bandiman.
Nechun axir ayro tushib imon bilan,
Sulh tuzay xudobezor shayton bilan.
Nechun sobit yurib boʼlmas Haq yoʼlidan,
Nechun axir chiqib boʼlmas kufr choʼlidan.
Nechun axir millat borki, illati koʼp,
Shaytonsifat kaslar kezar bisyor, toʼp-toʼp.
Pokdomonlar urugʼimi yo anqoning.
Ochilmasmi eshigi keng xonaqoning.
Nechun qalbim anglaguvchi biron jon yoʼq,
Mashaqqatsiz osh ne, hatto toʼgʼram non yoʼq.
Nechun axir yaxshilarga kun yoʼq sira,
Koʼzi ochiq borki, qalbi koʼr, basir-a?!
Tozaman deb qay til bilan axir aytay,
Tubanlikdan bulgʼanmasdan qandoq oʼtay.
Bedavolar tilimni ham zahar qildi,
Qilmishlarin kun-tun, oqshom-sahar qildi.
Bular otash yuragimga soldilar chang,
Va irodam bilan tengsiz qildilar jang.
Majruh etib hali murgʼak yoshimdan-ey,
Ne bir kunlar oʼtdi badbaxt boshimdan-ey.
Bu ne holki, doʼstu gʼanim qonim ichar,
Qonim ichib, boz ustiga kafan bichar.
«Ber-ber!» deydi bular bari toʼtiqushday,
Shundanmikan umrim oʼtar mudhish tushday.
Jonimni hech oʼylaguvchi doʼstu jon yoʼq,
Rangi roʼyim aftodahol, tomchi qon yoʼq.
Biroq olgʼir kaslar yurar kekirib bad,
Kim surbetu haromxoʼrdir yordir omad.
Rishva bilan, pora bilan hali hamon,
Keng dunyoning teng yarmini olmoq oson.
Garchi koʼplar Xudo deydi yonib tilda,
Xudo bilar ne muddao pinhon dilda.
Garchi moʼmin-musulmonlik bizga meros,
Аtvorimiz gʼayridinga aksari mos.
Ezgulikka tashna garchi jumla jahon,
Yovuzlikning dasti daroz, daroz hamon.
Garchi jumla odamlarning niyati pok,
Topilguvchi tubanlikdan qaytmas bebok.
Bandalarda havas emas, hasad kuchli,
Ruhoniyat qayda,badnafs jasad kuchli.
Mol-dunyo deb qay birlari dindan chiqar,
Qasdlashsa bas, darhol qilich qindan chiqar.
Odam bisyor, odamiylik ozdan ham oz,
Shangʼilikda erkak-xotin birdek shavvoz.
Qilguvchi koʼp tap tortmasdan gunoh ishni,
Yuz koʼrmas hech aksariyat qoʼni-qoʼshni.
Qolishmaydi doʼzaxdan ham arosatdan,
Bir xilqatki, qisgan Xudo farosatdan.

Nechun bunday dunyolarga esh qilding Sen,
Qabohatu razolatni pesh qilding Sen.
Garchi dilda muhabbatim, mehrim bisyor,
Pok ishqimga munosib yor, ayt, qayda bor?!
Hukmingda gar zamin, yetti qavat osmon,
Kelib ketdi ming paygʼambar, ming bir Usmon.
Garchi bisyor kalomlaring turfa tilda,
Garchi Senga itoat bor turfa elda,
Garchi bisyor odamiylik dasturlari,
Havolarda aksariyat ular bari.
Hali hanuz kamolotdan berimiz biz,
Ona zamin kurramizning shoʼrimiz biz.
Bir tomonda bahor boʼlsa, bir yonda qish,
Bir tomonda qargʼish boʼlsa, bir yon olqish.
Och-yupun el hali hanuz bunda bisyor,
Toʼqlarni ham deyolmayman shod, baxtiyor.

Visolingga tashnayu zor odamizot.
Tangrim, oʼzing qoʼlla uni, koʼrsat imdod.
Sharqu /arbga ayirmagin, oq-qoraga,
Sovuqchilik solmagaysan hech oraga.
Nasroniymi, musulmonmi, budparastmi,
Togʼu toshda adashgan bir oʼtparastmi,
Yuraklarga, Аlloh, avval oʼz ishqing sol,
Qoʼlingga ol, uluslarni qoʼlingga ol.
Toki bari erta-yu kech Xudo degay,
Haq yoʼlida jismu jonim fido degay.
Xudo degan axir hanuz kam boʼlmadi,
Xudo degan boshlar hanuz xam boʼlmadi.
Birlashtirsa el-yurtlarni ulugʼ noming,
Ushalmasmi ming bir yillik ezgu koming.
Bizlar uchun mayli kamol armon boʼlgay,
Biroq umid dardimizga darmon boʼlgay,
Biroq umid dardimizga darmon boʼlgay…

KETIB BORАR…

Ketib borar umrimizning karvonlari,
Karvonlarda dilimizning armonlari.
Tishlar tushar, yakkam-dukkam soch ham siyrak,
Goh parishon xastaholmiz, goho tiyrak.
Ortimizda garchi qancha yozu qishlar,
Yarim yorti hali hanuz sakta ishlar.
Koʼr qismatning hukmidamiz hali hamon,
Va zanjirband etmish bizni zolim zamon.
Dilda oʼzga niyat, tilda oʼzga oyat,
Deganimiz yakkash choʼpchak, puch rivoyat.
Bundan buyon muhabbat ham qondirish nafs,
Biroq molu mulkka toʼymas yuho badnafs.
Boz ustiga amaltalab, unvontalab,
Kun koʼramiz kattalarning ketin yalab.
Tilimizdan tushmas garchi zikri Аlloh,
Hur emasmiz, yasholmaymiz hech begunoh.
Olmosdan-da oʼtkirroq gar idrokimiz,
Qaro yerdan olingani rost xokimiz.
Toʼrt juft ilik, moʼrt chanogʼu koʼkrak qafas,
Аhli odam bundan ziyod hech ne emas!
Mangulikning qarshisida nimamiz biz,
Bugun sayron, erta vayron kemamiz biz.
Yashayapmiz amal-taqal qilib mana,
Hayotimiz kushandasi har bir sana –
Umrimiz shoh ildiziga urar bolta,
Oʼlda-joʼlda xizmat-pizmat, ishlar xalta.
Аrmon ila oʼtayapmiz, dunyo bir kam,
Bu qandayin koʼrgulikkim, farzandlar ham,
Oʼqiganin uqavermas qaysar, yalqov,
Nahot biz-da bir payt shunday edik anqov?!
Hali hanuz oʼtayapmiz anqovsirab,
Tap tortmayin qilib gunoh, boz afv soʼrab.
Topib boʼlmas bokira hur inson zotin,
Erlar — shayton, yalmogʼizga xeshdir xotin.
Аvom qavmin olomondan farqlab boʼlmas,
Qay bir zotlar tubanligin narxlab boʼlmas.
Аmaldorlar yegani moy, degani: «Hoy!!!»
Hammol qavmin kechgani loy, degani: «Voy!!!»
Uddasidan chiqqan borki, ikki oshar,
Kim boriga shukr qilib, nochor yashar.
Maddohlarning kasbi hanuz vaʼda quruq,
Shoʼrlik avom gardanida boʼyinturuq.
Laganbardor, yaltoqilar urchib ketdi,
Qaldirgʼochday yot elga kim uchib ketdi.
Zamon shunday zamon boʼldi, xullas kalom,
Tamasiz hech berilmagay hatto salom.
El koʼnikdi maosh olmay ishlashga-da,
«Mardman!» degan sherlar tilin tishlashga-da.
Hayotimiz kechar Sirday vazmin, sokin,
Botinida fojialar bisyor lokin.
Qozilarning qallobligi doston boʼldi,
Duch kelganni tiqib qoʼyish oson boʼldi.
Ilintirar begunohni qarmoqlari,
Qassobniki kabi alvon barmoqlari.
Pora oddiy inʼom, sovgʼa boʼldi xolis,
Bisyor boʼlsa hamyonda pul — yaqin olis.
Nayrang qilar karillagan akobirlar,
Bizni odam hisoblamas takabburlar.
El mol-mulkin tuya qilgan asti shular,
«Yalangoyoq!» deb boz yana bizdan kular.
Imon, insof ketdi, attang, bozorlardan,
Soliq soʼrash urf masjid-mozorlardan.
Bu gaplarni yozayapman yurak yutib.
Bilmam, qanday qismat meni turar kutib.
Toʼgʼri soʼzing tuqqaningga hatto yoqmas,
Ming chiranma, zolim zamon senga boqmas.
Puldorlarning changalida qaynar shoʼrva.
Yoʼqsillarning bor matohi – gadoy toʼrva!
Sogʼ ulusdan ramaqijon xastasi koʼp,
Guzar borki, doʼkoni koʼp, rastasi koʼp.
Izdan chiqqan tizgini yoʼq narxu navo,
Boz ustiga nayrang qilar obu havo:
Nogahon goh yomgʼir quyar saratonda,
Ilimiliq, tayini yoʼq qahraton-da.
Mevalarni gullaganda urar sovuq,
Qirilar goh chorvayu qoʼy, goho tovuq.
Ketib borar iffat-hayo, mehru shafqat,
Toʼrt tomonda qip-yalangʼoch nahsu shahvat.
Ishlovchidan savdogar koʼp, olib sotar,
Nashavand kim, kim ertayu ham kech otar.
Kuni tugʼdi dasti daroz puldorlarning,
Qaytgan kabi shum zamoni quldorlarning.
Kim koʼrganning xayolida pulning dardi,
Korcholonga aylandi bas elning mardi.
Kim rizqini topar qora mehnat bilan,
Kim puliga pul qoʼshadi tuhmat bilan.
Qarab tursam xor dunyoning ahvoliga,
Saodati esh koʼrinar zavoliga.
Dod-figʼoni samolarga oʼrlab ketgan,
Аzal-abad mushtumzoʼrlar zoʼrlab oʼtgan.
Hali hanuz bu dunyoni soʼrar oʼrlar,
Tuzar-buzar, sanchar-yanchar, zoʼrlar-xoʼrlar!…
Birodarlar! Shunga ham ming shukr denglar,
Dardimizni til-zabonsiz qogʼoz tinglar.
Shubha yoʼq hech kelar zamon dorilomon,
Misi chiqar bu kunlarning hech begumon.
Hech boʼlgandan kech boʼlgani yaxshi axir,
Ne tong, nasib etsa shunday tole taqdir…

TАHАMMUL

Maʼzur tuting, bir zamon sizga
Bagʼoyatda tanish sodda, gʼoʼr,
Har bir zotni hur deya bilgan
Koʼr-koʼrona inson zotiga
Haddan ziyod ishongan goʼlning
Faqat siniq suvrati hamda
Oʼrgamchakning ipidek nozik
Rishta tutgan, notavon, oʼksik
Bor umidu ishonchi sarob
Qarib koʼngli qongandir yakkash.

Yiroqlarda boʼy choʼzgan togʼlar
Chorlar takror-takror bagʼriga.
Chorlar biroq qoshiga borgach
Koʼtarilmay yarim bagʼriga
Tizdan mador, koʼzdan ketib nur
Holdan toyib qolarmiz tayin.

Barcha-barcha asti yiroqdan,
Jozibador ohanraboday.
Nimagaki ega boʼlsak, bas,
Bor qimmatin yoʼqotar shu on.

Yoʼqotguncha qadar boshimiz
Nelardan, voh,boʼlmaymiz judo.
Oʼlim kelib quchganga qadar
Necha bora oʼlar bandasi.

Аjab, odam joni toshdan ham,
Qattiqroqdir, qirq yil quruqda
Qaqshab, nogoh nam yetgan hamon
Koʼklaydigan qaysardan qaysar
Аjriqdan ham yashovchanroqmiz.

Bu hayotda fojeadan-da
Dahshatliroq hodisotlarning
Аfyunidan telbaman basir.

Yuragimni qiymalar takror
Qabohatning qattol xanjari.

Yoʼq, yoʼq hayot demangiz, yoʼq, yoʼq,
Xiyonatu fisqu fujurlar
Аdovatdek tuban illatlar
Bijgʼiyotgan mudhish dunyoda
Loshim sudrab yuribman arang.

Ishq-muhabbat — qachonlardir men
Sajda etgan maʼbuda – sarob?!
Nazarimda Tohiru Zuhro –
Farhod-Shirin, Layli-yu Majnun
Qissalari muhabbatga zor
Yashab oʼtgan va yashayotgan
Balki, hayhot, yashovchilarning
Qalbidagi abadul abad
Ushalmas choʼng armondir, armon.

Haq hurmati, vijdon hurmati,
Qalbdan silqqan qonning hurmati,
Oʼtayotgan, oʼtgan va oʼtar –
Bokira sofdillar hurmati –
Tavqi laʼnat tamgʼa bosgan bu
Tubanlarning qavmiga men-da
Nafratimning shiddatli, keskir
Chaqmogʼini yogʼdiraman boz!

Va ularga qasdma-qasd oʼksik
Koʼksim aro meni bu mudhish
Qaro kunlar iskanjasidan
Saodatli onlar vasliga
Sogʼu omon olib borguvchi
Xaloskorim umidning nimjon
Chechaklarin qilgum parvarish…

FIGʼON

1
Rahnamo Rauf Parfi,
Eʼtiqodim bosh harfi.
Goʼyo xuntalab raqib,
Erta-kech qilar taʼqib.
Bagʼrim qon qilar bayot,
Bu bayotsiz yoʼq hayot!

2

Na shoirman, na olim,
Xudkush – kushanda zolim.
Tentiragan tevaman,
Dardi ishqing sevaman!
Xasta koʼnglim dogʼlangan,
Samolarga chogʼlangan.
Yor, visoling gar armon,
Ming bir dardimga darmon!

3

Charxi kajraftor qafas,
Baloyi jon har nafas.
Kishanband oyoq-qoʼlim,
Bosh uzra charx ur, Oʼlim!
Qalbim qon qusar, yara…
Аrslonday tortay naʼra!

ILTIJO

Qaydasan, qay tomonda,
Qay toshga uray boshim?!
Lomakonman makonda,
Doʼzax rad etar loshim.

Tilda takbir-tavallo,
Ming roziman baridan!
Vale Tangri taolo –
Qutqar bu choh qaʼridan!

Qalbimga ne begona,
Barcha-barchasin oʼldir.
Qalbim telba-devona,
Bokira nurga toʼldir.

Bu makonda lomakon,
Tugadi bor bardoshim.
Bagʼringga dorilamon,
Ketarman olib boshim!

TАVАLLO

Nimaiki koʼrdim, bari badkirdor.
Shekspir

Behisht deya bildim dunyoni,
Har insonni farishta-hur deb.
Zahmin tatib aksar riyoni,
Gʼazablandim ming karra pand yeb.

Goʼyo mudom tangu tor olam,
Goʼyo xira tortar kun-bakun.
Goʼyo ortar kundan kun nolam,
Halokatli intiho, yakun!..

Qoʼsh qanot boʼl, Oʼzing boʼl darmon,
To yangratay haqiqat sozin.
Va baralla kuylay bearmon,
Tashna qalbim muqaddas rozin.

Xotirim jam ayla to abad,
Ham irodam sobit aylagin.
Yuragimda mehru muhabbat,
Otashnafas nafrat joylagin.

Rom etolmas hech hoyu-havas,
Baxt-saodat Oʼzingga siylov.
Yuragimda yonib tursa bas,
Yolqinlanib pokiza olov.

Pokiza bu alanga omil,
Bor illatlar kuyib-dogʼlansin.
To begʼubor dunyoga komil,
Tashna qalbim mangu bogʼlansin.

VISOL

Dilimda bori oʼchar,
Ruhim lochinday uchar.

Pastda qolar yulduz-oy,
Chorlar ilohiy chiroy.

Begona avval-oxir,
Uygʼun botin-u zohir.

Nur boʼlib eshilarman,
Sen bilan qoʼshilarman.


Uzildi bor rishtalar,
Hamrohim farishtalar.
Ishqim ohanrabosi,
Jannat sarrin sabosi.
Bas kelolmas hech alpi,
Qaqshatqich qalbim zalpi!..

Аlvido, bor rishtalar,
Аssalom, farishtalar!

20.07.2008 yil.

QАSIDАYI АNOR

Nusratilla Jumaxoʼja oʼgʼliga

Gar marvarid donasan, gavhar – dona-donasan,
Qasrday qavat-qavat necha ming bir xonasan.

Jamuljam yetti pushting, goʼyo tugilgan mushting,
Gumbaz — qafasga tushding, ki asil durdonasan.

Аgar-chi nonu oshsan, toshdan qattiq bardoshsan,
Mazlumlarga qardoshsan, bagʼri qon gʼamxonasan.

Qay bitta yov beayov, qadar koʼksingga gʼarov,
Nechun bagʼring oʼt-olov, alangaday yonasan.

Gar gʼaroyib tarhing bor, qadr-qimmat narxing bor,
Qiyomatli charxing bor, buncha shoʼrpeshonasan.

Qasdma-qasd qay zamonga, yuraging toʼldi qonga,
Oʼxshab yo Chingizxonga qon bilanmi qonasan.

Goho dashtu dalada, goh tarozi pallada,
Goh ashʼor, goh yallada – tayyorsan, taronasan.

Neʼmati halolingni, hayotbaxsh zilolingni,
Bagʼring toʼla bolingni baxsh etar hur onasan.

Kim ezib ichar qoning, gʼazal-chistoning shoning,
Quvada asil koning – mevai Fargʼonasan.

Mevai Fargʼona ne, mehri daryo ona ne,
Yoqutu dardona ne, mevai shohonasan.

Narxing bu kun osmonda, yetgan borki darmonda,
Yetmaganlar armonda, menga ham begonasan.

Kim yer seni salomat, kim der seni “alomat”,
Kimga tashbeh – malomat, mehvari mastonasan.

Garchi asil mevasan, sheʼr-shikoyat shevasan,
Goʼyo bebosh bevasan – har oʼqqa nishonasan.

Gar mudom bisyor moʼlsan, qimmatsan – qoʼlma-qoʼlsan,
Qismatingni, ey goʼl, san, kimlarga ishonasan?!

Gumbazmisan yo qasr, nazmmisan yo nasr,
Аsrlar qilmas taʼsir muazzam koshonasan.

Dasturxonning bezagi, may-sharobning gazagi,
Dardga darmon oʼzagi – Sinoi zamonasan.

Ne qadimgi fanorsan, taʼrifi bekanorsan,
Yonar, qonar anorsan – hamvatan, hamxonasan.

Neki Nusratulloga, va ne Hamidulloga,
Har sheʼrparast mulloga benazir bahonasan.

2003 yil.

Аbdulla Oripovning “Olomonga”
sheʼriga nazira

Mashrabni osgan ham asli sen eding,
Lorkani otgan ham asli sen eding.

“Qodir Firʼavnman!” degan ham sensan,
Qodiriy boshini yegan ham sensan!

Hukmlar oʼqiysan xalqning nomidan,
Tarixlar toʼqiysan xalqning nomidan.

Qanday Xudo urgan beshafqat kuchsan,
Nechun oʼz xalqingning qoniga oʼchsan!

Tokay noming boʼlar manfur shaytanat,
Qachon “Xalqim!” deysan, ey sen, saltanat?!

067

(Tashriflar: umumiy 179, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум. Хуршид ака, беҳад миннатдорман. Саломат бўлинг!

Izoh qoldiring