Sayyid Ne’matulloh Ibrohim. Navoiydan kelur… She’rlar, muxammaslar, to’rtliklar & Asqar Mahkam. Oq kitob

Ashampoo_Snap_2016.12.18_18h19m23s_002_.jpg    Биродаримнинг эрта болалиги сеҳрли Рангонтоғда (бу гўзал ном менга негадир Тур ва Тангри тоғларини эслатаверади) этакларида кечди. Бутун лақай элати, қўнғироту қипчоқ, қатағону қарлуқ, марқаю наймандан ўтиб, олис-олис диёрларга довур донг таратган машҳур Азизхон эшоннинг фарзанди Неъматиллоҳ Иброҳим туғилиб ўсган диёр том маънода шеърият юрти эди.

Биродарим фавқулодда жозибали нутқ соҳиби, катта воизлиги билан сомеъ ва сабр-таҳаммулли тингловчи ҳам эди. Катта маданиятнинг аломати бўлган бу фазилат уни ҳеч қачон тарк этмади… Менинг қулоқларим ҳамон ўша наъракаш овозни яхши эслайди,жоннинг қат-қатларига довур кириб борувчи бу овоз шундай тин олдики, энди уни намоз пайтида,жойнамоз устида шивирлашини эшитиш мумкин эди,холос. Биродарим қўшиқ куйларди. Аммо қўшиқнинг ҳам қисмати воизлик қисмати билан қўшилиб,маҳв бўлди. У қасддан,истеъдодининг фавқулодда ёруғ қанотларини ўз қўллари билан арралаб, йўқлик қаърига улоқтириб ташлади. Имконида биргина ШЕЪР қолди. У азбаройи гўзаллик ва илоҳий файзга фақат шеърий калом билан муваффақ бўлиш мумкинлигини англаган зоҳид ва ориф сифатида шеърни тарк эта олмади.

Шеър Саййид Неъматиллоҳ таяниб қолган ягона устун, у роз айтиши мумкин мушфиқ ёр, садоқатли дўст эди…

Меҳр-мурувват, одамийлик, катта муҳаббат, олий ғоялар муҳитида вояга етган Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимни шоир қилган асосий омиллар — Рангонтоғнинг салобатли қомати,она сутидек пок чашмалари,зилол ҳавоси, жаннатий боғ-роғлари эди. Шоирнинг сўфиёна эҳтирослари, заминий муҳаббати ана шу беғубор диёрда вояга етди. Шоир хоҳ самовий, чоҳ заминий муҳаббат ҳақида куйламасин, энг биринчи галда унинг самимияти,ростлиги, юракдан эканлиги уфуриб туради (Асқар Маҳкамнинг «Оқ китоб»идан. Асар билан шу саҳифа охирида онлайн шаклда танишасиз).

Неъматуллоҳ Иброҳим
ШЕЪРЛАР,МУХАММАСЛАР,ТЎРТЛИКЛАР
009

НАВОИЙДАН КЕЛУР …

Бизга хуросоний ҳаво,
Эй дўст, Навоийдан келур,
Субҳи саҳарда хуш наво,
Эй дўст, Навоийдан келур.

Олдим сурур девонидан,
Ҳадсиз ғазаллар конидан,
Кўнглимга бу руҳий сафо,
Эй дўст, Навоийдан келур.

“Хамса” маним жону дилим,
Ҳам такбирим ҳам таҳсилим,
Руҳимга беш асрий садо,
Эй дўст, Навоийдан келур.

Табъимни тоблар ҳикматим,
Кўҳна кўмакдош санъатим,
Дастимга чун чангу сато,
Эй дўст, Навоийдан келур.

Иймон—Навоий дастури,
Ислом—Навоий дастури,
Халқу ватанга чўнг вафо,
Эй дўст, Навоийдан келур.

Лайли қани? Ширин қани?
Айлабдилар ошиқ мани,
Бу дардима ёлғиз даво,
Эй дўст, Навоийдан келур.

Ориф удир, устод удир,
Менга муборак ёд удир,
Келса, бу назмимга баҳо,
Эй дўст, Навоийдан келур…

Д И Л И М, А С Р А …

Дилим, асра балолардан,
Бу Ишқ жисмингга жон бўлгай,
У ғафлат мулкида ҳар дам
Сенга нури ниҳон бўлгай.

Чу ишқдин ўзгаси ёлғон,
Сабот йўқдир, субут йўқдир,
Бу япроқ ям-яшил эрмиш,
Ахир, бир кун хазон бўлгай.

Топибсан офият узлат
аро эй дил, мукаррам бўл,
Муқаррар бу ҳисор ичра
Сенинг мулкинг омон бўлгай.

Агар жавҳар бўлолмассан,
Қорайгай қисматинг, биллаҳ,
Бу зулматда сенинг ҳолинг
Ёмон бўлгай, ёмон бўлгай!

Агар диллар муҳаббатдан
Жудою мосуво бўлса,
Жаҳолат мулкида маҳшар
қўпар ва бағри қон бўлгай.

Менинг икки жаҳонимни
Муҳаббат асрагай, билдим,
Сенинг меҳринг адо бўлган
Куни охир замон бўлгай…

А Ё   М А Ҳ Б У Б !
Mуножот

Маконда ломакондирсан,
Ажаб бир бенишондирсан,
Ҳамон мулки ниҳондирсан,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Қолиб сангин садоларда,
Кезиб марғуб нидоларда,
Адашдим мен видоларда,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Беҳад ботин саволдирсан,
Бениёз, баркамолдирсан,
Қуёшдай безаволдирсан,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Ғамим кўпдир, кулолмасмен,
Фалакка интилолмасмен,
Бу ҳолимни билолмасмен,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Нечук сеҳру фусун ўлдинг?
Ҳажрдин бағри хун бўлдим,
Забун бўлдим, забун бўлдим,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Ғуборинг юлдузу моҳдир,
Менга бу каҳкашон роҳдир,
Дилим “оҳ”, манзилим “оҳ”дир,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Бу Ишқда мубтало менман,
Балою Карбало менман,
Садо менман, сало менман,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Субутим, сумбатим ишқдир,
Ҳимоят ҳимматим ишқдир,
Имоним—қимматим ишқдир,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Куяр ошиғи бедиллар,
Куяр маҳфилу манзиллар,
Куяр диллар, куяр тиллар,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Кечир дунёи дунларни,
Жувонмарг бу жунунларни,
Кечир биз бағрихунларни,
Аё маҳбуб, аё маҳбуб!

Сафо сенсан, сурур сенсан,
Салоҳ сенсан, судур сенсан
Ва кўнглим ичра нур сенсан,
Аё Маҳбуб, аё Маҳбуб!

1994 йил.

Асқар-Маҳкам-ва-Неъмат-Иброҳим.jpg«Т А Ҳ А Й Ю Р»ДАН  Т Ў Р Т Л И К Л А Р
Азиз дўстим Асқар Маҳкам хотирасига бағишлайман.

***

Улуғлар тавҳиддан бердилар хабар,
Йитти нафсу дунё, кетди сийму зар.
Гапирма ҳолингни ноаҳлларга,
Сўзлама, сўзларинг «мен»лик бўлса гар.

***

Ҳалложда муҳаббат осмон қадардир,
Қолгани Кулл эмас, жузъдир, асардир.
«Аналҳақ!» деди у, тортилди дорга,
Чунки бу… У ёқдан келган хабардир.

***

«Мен»лик зарра қадар бўлса сенга ёр,
Тавҳиддаман дема—ўзни қилма хор.
Ўзингни Ҳалложга тенг кўрма,эй нафс,
«Аналҳақ»—сирдир у, «Аналҳақ»—асрор.

***

Ваҳдатул вужуддан сўйлаган эрлар
Биз—барча махлуқот Унданмиз дерлар.
Улар нур ейдилар, нур ичарлар,бас,
Қолганлар бу Дунё ғамини ерлар…

***
Ҳақни сўзлаганлар эр бўлди фақат,
Ботилга ботганлар ер бўлди фақат.
Барча битикларга қалам тортдим, сўнг—
Қонимдан сизгани Шеър бўлди фақат…

***

«Шеър ўқинг!» дейишди—ёрлар келдилар,
Кўксида иймони борлар келдилар.
«Аналҳақ!» дейишга ўзни чоғладим…
Оғочи қарсиллаб дорлар келдилар!

***

Нафснимас, нафс уни йиққанлар,
Оғзига беш қўлин тиққанлар билан
Одам деб гаплашиб ўтирма зинҳор
Тавҳиддан ташқараи чиққанлар билан.

***

Ҳасти Тур—Мусонинг кўҳидир асли,
Мўъжиза Исонинг «суф»идир асли.
«Аналҳақ»дан сиртга чиқмагил, эй дўст,
Тавҳид бу—иймоннинг руҳидир асли.

***

Икки олам аро фарқни кўр, эй кўз,
Барча жуфтларни кўр… Тоқни кўр,эй кўз.
Мўъжиза бўлмаган нима бор бунда?
Олти ёнга боқ-да, Ҳақни кўр, эй кўз!

***

Борлар Дунё ичра бор билан бўлгай,
Хорлар зор бўлса-да, хор билан бўлгай,
Эй кўнглим, кўз тикма Дунё айшига,
Ёрлар ҳамма ерда Ёр билан бўлгай.

***

Ҳаллож «Аналҳақ» деб нур бўлди фақат,
Фиръавн «Аналҳақ!» деб гўр бўлди фақат.
Тавҳид интизомин ўрнига қўйиб,
Ёлғиз Ҳақнинг ўзи зўр бўлди фақат.

***

Тинмадим тавҳидни билгунимча то,
Ҳикматни қулоққа илгунимча то.
Умрим охирига етиб қолибди
Ботилни чилпарчин қилгунимча то.

****

Ишқсизлик одамни қулга дўндирди,
Иймон оташини кулга дўндирди.
Ҳақнинг муҳаббати маним кўксимга
Санчилган тиконни гулга дўндирди…

***

Борлиқдан ибратни уқар кўзларим,
Қалбимда ҳайратни ёқар кўзларим.
Одамлар сабабни излаган дамда
Фақат Мусаббибга боқар кўзларим.

***

Кўнглимни то абад тўқ қилгил, Роббим,
Кўксимни Ишқ ила чўғ қилгил, Роббим.
«Сенинг Сенлигингнинг ҳаққи сўрайман,
Менинг менлигимни йўқ қилгил, Роббим!»

КЎНГИЛГА ХИТОБ
(“Куллиёти Шамс” ламъалари)

***

Кўнглим, сен сувайдо—дилда ярамсан,
Тааллуқдан жудо, Ҳаққа қарамсан.
Сени пок тутмоққа амр этди Раббим,
Чунки ичимдаги байтулҳарамсан!..

***

Нафсимга эргашиб, хулёга кирдим,
Жавҳарим изладим—кимёга кирдим,
Уқбога Иймонни олиб кетмоқ-чун
Тадорик кўрай деб Дунёга кирдим…

****

Ишқдан минг бир ҳикмат туйган— дилимдир,
Нурни дил қаърига уйган— дилимдир.
Истиғносин* кўриб, Ёрни қўрқмасдан
Суйган дилим маним, куйган—дилимдир!..

***

Эй Кўнглим, тавҳидни битган ўзингсан,
Қаърингда нурни дарк этган ўзингсан.
Иймондан ташқари бир қадам қўйсанг,
Мутлақо куфрга кетган ўзингсан.

***

Дунё—дунёдирким, борларга боқди,
Булҳаваслар неча ёрларга боқди.
Ҳаққа зор юракда Ишқ қолди фақат,
Менинг кўнглим мудом зорларга боқди…

***

Бу элнинг саййиди, пийри эдим мен,
Ботилга отилган тийри** эдим мен.
Кимдир: “Қўлланг!”— дея йиғлади… Нетай?
Минглаб гунаҳкорнинг бири эдим мен…

***

Дунё бу—кўксимга қутқулар солғон,
Бошимда узоқ вақт хаёлга толғон…
Барча аъмолларим сувга оқдилар,
Кўнглимдан ўзгаси ёлғондир, ёлғон!

***

Нафснинг талошида андуҳман, ғамман,
Руҳиятим ила ўзга оламман…
Дунё қафасида яшаб, бир умр—
Қафасни танимай ўтган одамман.

***

Зоримни айтмоқ-чун зорга келдим мен,
Севгимни сир сақлаб Ёрга келдим мен.
“Аналҳақ!” деёлмай умримда бир бор,
Дунё мижгонида дорга келдим мен…

***

Зуҳуротинг, ё Раб, барча борлиқдир,
Кўнглимда борлигинг—балки ёрликдир?!
Мен қулингни қўлла сўнгги дам Ўзинг,
Азоб билан келган ажал—хорликдир…

***

Дунё қайғурмайди уни тарк этсам,
Умримда мақсадга етмадим, нетсам?…
Барча дардларимни битта Шеър қилиб
Тўкилиб олсам-да, Дунёдан кетсам…

***

Ер олса, бир куни жисмимни олар,
Хотиралар менинг исмимни олар.
Барзах*** деб аталган бир олам эса
Жисмимдан “Руҳ” деган қисмимни олар…

———————————————
*Истиғно—бениёзлик,бепарволик. Қиёмат Куни Тангри таъоло (маълум бир муддат)истиғно ҳолатида бўлади. Шу туфайли барча тоифадаги одамлар оғир аҳволда(соҳибсиз) қоладилар…
**Тийр—тир, ўқ.
***Барзах—бу Дунё ва Уқбо(Охират) ўртасидаги олам, руҳлар олами.

 

МАВЛОНО ЛУТФИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Қасдим эрди ишқ ила топмоқ бу васлинг ганжини,
Қисматимда бор экан, чекдим чу ҳижрон ранжини,
Кўрмадинг, биллаҳ, менингдек ишқ эли дардмандини,
Бўлмишам девона, сол бўйнимға зулфинг бандини,
Ўтти иш ондинки қилсам гўш носиҳ пандини.

Кўрса сени одамий, дил—юзлари ҳам ёруғай,
Кўрса гар тун—ой ила юлдузлари ҳам ёруғай,
Кўрса ошиқ, шеър битур, ҳарф—сўзлари ҳам ёруғай,
Шукр учун юз сажда қилғай, кўзлари ҳам ёруғай,
Кўрса гар Одам сенингдек нозанин фарзандини.

Мадҳи маъшуқ элдин-элга етди ҳафта, кун сайин,
Зоҳир ўлди тавсифи ҳар битта тилда кундайин,
Воқиф ўлди таърифидин элда ҳеч ким қолмайин,
Писта онт ичтики торлиқ ул оғиздин олмайин,
Ёрилибтур, ўзга қилмиш гўйиё савгандини.

Хосса онинг сувратин чиздим қаламда ёзғуруб,
Ошиқ ўлдим сўнгра бул тасвир аро ҳуснин кўруб,
Сўнг тахайюл айладим ёримни мунда ўлтуруб,
То қиёмат айш қилғаймен ўз ирнимни сўруб,
Тушда гар кўрсамки сўрмишмен лаби чун қандини.

Кўнглум осмонинда ул ой ўлтурур юлдузга дўст,
Кўзга дўсту қалбга дўстдир, кечаю кундузга дўст,
Неъматуллоҳ битти абёт, билди—ул ой сўзга дўст,
Эйки дерсан, Лутфий, ондин кечу тутқил ўзга дўст,
Кўргиз охир олам ичра бир онинг монандини.

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАСЛАР

*   *  *

Ушбу мухаммасни халқимизнинг ардоқли ҳофизи Шерали Жўраевга бағишлайман.

Излаганлар бизни ул аҳди вафода истангиз,
Демағайдурмен фараҳ, салқин, сафода истангиз.
Кош, муяссар ўлса ул дайри бақода истангиз,
Истаганлар бизни саҳрои балода истангиз,
Водийи ҳижрон ила дашти фанода истангиз.

Бошимиз узра, кўрунгким, тушди ишқдек можаро,
Лек ҳажр қисмат экан, кўзларға бул олам қаро,
Ишқ жабрин чеккан ул биздек неча мотамсаро,
Вомиқу Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро
Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул арода истангиз.

Шунчалик қайғу, кудурат битта муштдек жуссаға,
Саргузаштким, сиғмагай юз минг ривоят, қиссаға,
Минг маломатлар тушиб турганда бизнинг ҳиссаға,
Юз аларнинг ишқича дарду балоу ғуссаға
Толиб эл бошиға келган можарода истангиз.

Нур етишмас дийдағаким ул қоба қавсайндин,
Номукаммал банданинг аъмолиға пур шайндин,
Ёш эмас, қонлар оқурса журм ила бу айндин,
Эйки, истарсиз саводул важҳ фиддорайндин,
Бохабар бўлмоқ мени юзи қарода истангиз.

Қайтадурмен тарк этиб бир неча ул ғам шаҳрини,
Ул муҳаббат дафтарин оппоқ, нозик тарҳини
Қоп-қаро айлаб, билолмай кеча-кундуз фарқини,
Кўнглим ул зулф ичрадур, зинҳор ишқим шарҳини
Истаманг мен телбада, ул мубталода истангиз.

Неча тунлар зулматин равшан қилиб анвори шам,
Неча абёт назмида кўз ёш тўкиб дардкаш қалам,
Чун фасоҳат авжида ашъор битибдур мунтазам—
Нукта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,
Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.

Ҳомуну тоғлар аро водий сариға яхши кел,
Чун жавонмард бўлғилу ҳиммат ичинда боғла бел,
Неъматуллоҳ, неча бор сендин сўрарлар, қистар эл:
Оғзи шавқидин Навоий итти, они истар эл,
Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз.

* * *

Аҳли ушшоқ ҳолатин бир зум тафаҳҳум айлангиз,
Сўнг аларнинг хайлига, майли, таҳаккум айлангиз,
Топсангиз тупроғини гарди таяммум айлангиз,
Нозанинлар, бенаволарға тараҳҳум айлангиз,
Лутф агар йўқтур, ғазаб бирла такаллум айлангиз.

Жуфт-жуфтлар даврасинда кўрсангиз биз–тоқни,
Ёр дийдорига зору ҳажрида муштоқни,
Ажратиб ўз фикрингизда ул саводу оқни,
Гоҳ бийик, гоҳ паст, гирён кўрсангиз ушшоқни,
Фош кулмассиз, ниҳон боре табассум айлангиз.

Андуҳидин неки жисмим, фитратимға тушди ғул,
Оҳи сардим тинглабон ранж чекмангиз, бўлманг малул,
Айтмангизким, аҳли дарднинг худ мудом аҳволи шул,
Ҳажр зулмидин қотиқ ҳолимни, эй жону кўнгул,
Билдингиз, ёр оллида бориб тазаллум айлангиз.

Ҳажр бори қайта-қайта ташна қилмиш қонима,
Ўт туташди хилқатим, қисмат, умр–ҳар онима,
Қўймадингиз бир нафас ўз ҳолиму имконима,
Эй балоу дард, ўтлар худ солибсиз жонима,
Лек сиз ҳам гаҳ-гаҳ ул ўтдин таваҳҳум айлангиз.

Воқиф ўлмиш ҳолатимдин ҳар қадамда аҳли ҳол,
Шул сабаб ул қавмима махмурлиғим келмас малол,
Қисматим ранжи сабаб бўлмиш насиб юз қилу қол,
Қон агар ютсам қарориб ахтарим, эй хатту хол,
Сиз майи лаъли била боре танаъум айлангиз.

Сизга кулган бул фано мотамсаро, эй аҳли зуҳд,
Бемуҳаббат рўзгор бўлмиш қаро, эй аҳли зуҳд,
Аҳли ушшоқ шул сабаб кўкси яро, эй аҳли зуҳд,
Биз фано туфроғи бўлдуқ дайр аро, эй аҳли зуҳд,
Хонақаҳ саҳнида сиз баҳси тақаддум айлангиз.

Майпараст кўнглим тилаб ҳар лаҳза ҳар ондан сурур,
Кеча оқшом мен ғарибни чорлади мажлисда нур,
Неъматуллоҳ пийри комил суҳбатидин терди дур,
Эй муғаннийлар, Навоий маст эди–кеч уйғонур,
Они уйғотмоққа бир дилкаш тараннум айлангиз…

* * *

Беадоқ андуҳ букун мажнунмисол этмиш мени,
“Элга аҳволим демактин гунгу лол этмиш мени”,
Ишқ–тааллуқ риштаси асру беҳол этмиш мени,
То паришон қошларинг ошуфтаҳол этмиш мени,
Нотавонлиғ ичра андоқким, ҳилол этмиш мени.

Не иложким, бир ишорат айламас гулрў афиф,
Ҳам тамасхур бирла ҳолим устидан кулгай ҳариф,
Ваҳки, қисмат комида борми менга сирдош зариф,
Кўзда су, кўнгулда қайғу, тан заифу жон наиф,
Эй мусулмонлар, кўрунг, ҳижрон не ҳол этмиш мени.

Булки савдодир кўнгилда, ҳеч кетмас, эй ҳаким,
Хотиримға маҳлиқонинг васли етмас, эй ҳаким,
Бу жароҳат заҳми дилда зарра битмас, эй ҳаким,
Банд ила заҳринг жунуним дафъи этмас, эй ҳаким,
Ким, пари рухсорая мажнунмисол этмиш мени.

Бир нафас ёр манзилини, истадим, маъво қилай,
Кўйига ташрифни мамнуъ айласа, даъво қилай,
Шарҳи ҳол этмакка бир пас ринддек ғавғо қилай,
Жон бериб нофайи зулфидин,дедим, савдо қилай,
Бу сифат савдойи ул фикри маҳол этмиш мени.

Мен таҳаммул рамзидурмен, сабру дошим толмамиш,
Ҳам қатили ишқдурмен, кўнглима ваҳм солмамиш,
Неча йилким, ақлу дониш пандини дил олмамиш,
Ичкали лаъли майидин ҳушу ақлим қолмамиш,
Бода маст этмиш, ажаб, беэътидол этмиш мени.

Оллоҳ-Оллоҳ, ишқдин мен ҳар нафас топдим нажот,
Ҳам таҳайюр аршиға учдим букун боғлаб қанот,
Ибтидою интиҳода қўлламиш сабру сабот,
То қадаҳ чекдим қилурлар мендин эл касби нашот,
Бўйла саъд ул ахтари фархундафол этмиш мени.

Бемуҳаббат кас гадодур, билди ушшоқ ўзни шаҳ,
Фақр водийсинда қувғай ғамни кўнгилдин фараҳ,
Неъматуллоҳ ишқ жомин сипқорур то таҳ-батаҳ,
Ёширин май таркин этмон, гарчи шайхи хонақаҳ,
Эй Навоий, сўфийи зоҳид хаёл этмиш мени.

* * *

Беадоқ андуҳ букун мажнунмисол этмиш мени,
“Элга аҳволим демактин гунгу лол этмиш мени”,
Ишқ—тааллуқ риштаси асру беҳол этмиш мени,
То паришон қошларинг ошуфтаҳол этмиш мени,
Нотавонлиғ ичра андоқким, ҳилол этмиш мени.

Не иложким, бир ишорат айламас гулрў афиф,
Ҳам тамасхур бирла ҳолим устидан кулгай ҳариф,
Ваҳки, қисмат комида борми менга сирдош зариф,
Кўзда су, кўнгулда қайғу, тан заифу жон наиф,
Эй мусулмонлар, кўрунг, ҳижрон не ҳол этмиш мени.

Булки савдодир кўнгилда, ҳеч кетмас, эй ҳаким,
Хотиримға маҳлиқонинг васли етмас, эй ҳаким,
Бу жароҳат заҳми дилда зарра битмас, эй ҳаким,
Банд ила заҳринг жунуним дафъи этмас, эй ҳаким,
Ким, пари рухсорая мажнунмисол этмиш мени.

Бир нафас ёр манзилини, истадим, маъво қилай,
Кўйига ташрифни мамнуъ айласа, даъво қилай,
Шарҳи ҳол этмакка бир пас ринддек ғавғо қилай,
Жон бериб нофайи зулфидин, дедим, савдо қилай,
Бу сифат савдойи ул фикри маҳол этмиш мени.

Мен таҳаммул рамзидурмен, сабру дошим толмамиш,
Ҳам қатили ишқдурмен, кўнглима ваҳм солмамиш,
Неча йилким, ақлу дониш пандини дил олмамиш,
Ичкали лаъли майидин ҳушу ақлим қолмамиш,
Бода маст этмиш, ажаб, беэътидол этмиш мени.

Оллоҳ-оллоҳ, ишқдин мен ҳар нафас топдим нажот,
Ҳам таҳайюр аршиға учдим букун боғлаб қанот,
Ибтидою интиҳода қўлламиш сабру сабот,
То қадаҳ чекдим қилурлар мендин эл касби нашот,
Бўйла саъд ул ахтари фархундафол этмиш мени.

Бемуҳаббат кас гадодур, билди ушшоқ ўзни шаҳ,
Фақр водийсинда қувғай ғамни кўнгилдан фараҳ,
Неъматуллоҳ ишқ жомин сипқорур то таҳ-батаҳ,
Ёширин май таркин этмон, гарчи шайхи хонақаҳ,
Эй Навоий, сўфийи зоҳид хаёл этмиш мени.

* * *
Мазкур мухаммасни  маърифатли укам Муслимбек Мусалламовга бағишлайман.

Мен кўнгил айши учун савту сато, тор истадим,
Боғим ичра чуғз эмас, бир бора мен сор истадим.
Хайли ошиқ кўнглига номус ила ор истадим,
Қон ютиб умре жаҳон аҳлида бир ёр истадим,
Лекин ул камрак топилди, гарчи бисёр истадим.

Дайри дун ҳар жабҳасинда муддаъийси бор эрур,
Айши дунё айши дилнинг олдида бекор эрур.
Ишқ кўнглим ичра менга тоабад асрор эрур,
Кимгаким жоним фидо айлаб соғиндим, ёр эрур,
Эрмас эрди ёрлиғда чун вафодор истадим.

Булҳавас мақсуди бу олам аро сайру сафо,
Чун аларда ишқ йўқтур, кўрмагай жабру жафо,
Оллоҳ-оллоҳ, ҳол аҳлин тортқилар қисмат қафо,
Билмадим, олам элида йўқтурур мутлақ вафо,
Ваҳки, умри улча йўқтур, соғиниб бор истадим.

Истаюрсиз гар ғаме, наздимда лаҳза ўлтурунг,
Ишқ бирла ғамзада кўнглум ишин бир бор сўрунг,
Майли, олам аҳлиға бул шевадин бонглар урунг,
Улки топилмас башар жинсида ваҳ, ғафлат, кўрунг,
Ким пари хайлида мен девонани зор истадим.

Бул жунунлиғ ичра Қайс аҳволиға етмак не тонг,
Дард ила дармон сўруб чўллар аро кетмак не тонг,
Шеъру измору мажозим қон ила битмак не тонг,
Сирри ишқимни кўнгул, кўз бирла фош этмак не тонг,
Қалби тардоманни чун мен соҳиб асрор истадим.

Дайр аро ҳамроз бўлурға, истадим, муғ топмадим,
Сирри ишққа муддаъий кўксинда бир чўғ топмадим,
Бор дея дил ёрдилар, лек изладим, йўқ, топмадим,
Шайх бирла хонақаҳдин чун ёруғлуқ топмадим,
Дайр пийри хизматиға кўйи хаммор истадим.

Ишқ зоҳир бўлди қалбдин, бўлмагай минг жуссадин,
Неъматуллоҳ ҳисса истаб топмади бу қиссадин,
Қисса ноқис келса, не айб худ маолсиз ҳиссадин,
Эй Навоий, чун рафиқе топмадим, бу ғуссадин
Ўзни бекаслик балосиға гирифтор истадим.

(Мухаммас 2013 йил, 1 декабрда битилди.)

 

Т О П О Л М А С М А Н

Дилга ёндош ёр кўп,
Дилбар, тополмасман сени,
Кўнгил осмоним уза
Ахтар, тополмасман сени.

Мубтало бўлдим бағир
Асводига ҳар лаҳзада,
Лек юраклар қаъридан
Ахгар, тополмасман сени.

Бу такаббур кимсаларга
Кўрсатай дерман,валек
Анжуман анжомида
Камтар, тополмасман сени.

Дўст кўпдир,ошино
Кўпдир, вале роз айтгали
Кенг Душанбе шаҳридан
Асқар, тополмасман сени.

Ҳайқириб айтай десам
Дунёга дунёча сўзим,
Бу ҳамоқат қаърида
Минбар, тополмасман сени.

Ким эдим, мен кимдайин
Кетгум бу Дунё сатҳидан?
Ўзлигим англай десам,
Жавҳар, тополмасман сени…

1997 й.

ШАМОЛ

Қадрдоним раҳматлик Муҳаммад Юсуф, негадир, шу шеъримни ёқтирарди. 1988 йил Шавкат Раҳмоннинг топшириғи билан у иккинчи китобим “Оқ каптарга” муҳаррирлик қилди.(Ғафур Ғулом нашриётида).Ўшанда у китобнинг сўнгги саҳифаларида келган “Шамол”ни (мундарижани ўзгартириб) биринчи саҳифага қўйдирган эди…

Водийдаги
Даҳаналардан
Телба шамол югуриб кирди.
Кириб борди маҳаллаларга,
Кўчаларда тинмай югурди.

Излади у
Кимнидир гирён,
Дарахтлардан сўради суйиб.
Бош чайқади дарахтлар урён
Баданлари бўсадан куйиб.

Сўнг…
Соҳилга йўл олди шамол,
Сўроқлади мажнунтоллардан.
Сўрилардан сўради беҳол,
Сўроқлади чойхўр чоллардан.

Ҳеч ким
Унга бермади жавоб,
Йиғиштириб кетди лошини.
Дарёларни айлади тавоб,
Харсангларга урди бошини.

Гузарларни
Ўпди, ялади…
Тополмади табаррук изни,
Тополмади бу йил ҳамалда
Соҳилларда бўзлаган қизни.

Сўнг…
Қуюнга айланди бирдан
Ва фарёди фалакка етди.
Шамолнинг чўнг азоб-дардидан
Ёзнинг ранги сарғайиб кетди…

1985 йил. Ноябр.

 

Asqar Mahkam — Oq kitob (Ne’matulloh Ibrohim haqida) by Khurshid Davron on Scribd

007

(Tashriflar: umumiy 346, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring