“Qora tun kafan tutar…” (Abdurauf Fitratning o’limi va unga aytilgan Rauf Parfining uch she’ri talqini)

Ashampoo_Snap_2017.09.23_16h03m09s_002_.png86 йил аввал — 1938 йилнинг 4-7 октябрида  миллатимизнинг  улуғ зиёлилари қатл этилган  эди

  Туркистон жадидларининг отаси муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Қаршида (1919, 25 март) ўлдирилганидан 19 йил ўтиб  фитнаи қаттол тузуми  ундан-да ваҳшийроқ  қатли омни амалга оширди. 1938 йилнинг октябри бошида Туркистоннинг улуғ фарзандлари Фитрат, Чўлпон, Қодирий қаторида ўнлаб  жадидчилар  бир тунда қатл этилди.

“ҚОРА ТУН КАФАН ТУТАР…”
(Жадидчи шоир Абдурауф Фитратнинг ўлими
ва унга айтилган Рауф Парфининг уч шеъри талқини)

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ
033

Туркистон жадидларининг отаси муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Қаршида (1919, 25 март) ўлдирилгани орада атиги 250 чақирим масофа бўлганига қарамай Самарқандга бир йилдан мўлроқ муддатда етиб келди. Йўлбошчисини йўқотган Туркистон жадидлари отадан сағир қолган етимлардай бўзлай бошладилар. Ушбу шум воқеа туфайли Садриддин Айнийнинг уч марсияси, Фитрат ва Чўлпоннинг йўқловлари туғилди. «Тўнғич ўғил» мақомида бўлган Айний домла:

Ай мадфуни инсоният, ай мақтули аҳрор!
Ай маркази ваҳшоният, ай маҳмани ашрор!..
Ай қотила ва фожира, ай фитнаи Турон!
Турон эли фитнанг ила бўлсунми паришон!..—

дея инсониятни дафн этувчи, яхшиликларнинг қотили, ваҳшоният маркази ва фитнаи қаттол ва фожир замон туфайли паришон бўлган Турон элининг пушаймонлигидан сўз очади ва унинг албат йиқилишини умид қилади.

«Ўртанча» ўғил шоир Фитрат:

Золимлар, мазлумлар, зулмларнинг-да,
Қайғулар, аламлар, ўлумларнинг-да
Барига учради, барчасин кўрди,

Ўз йўқотганин излади, сўрди.
Бир дарак топмағач, бирдан-бир тикилди,
Бор кучин тўплади.
Золимнинг тахтини титратган бир товуш
Қичқирди:

— Отамнинг қабрини қай ёнга ёшурдинг?!
Бот сўйла!..—

дея фожири замонни сўроққа тутганида бу ботир товушдан қўрққан кирли тож бир жавоб бермасдан сесканиб, титраб яширингани ёдимизда.

Кенжа шоир Чўлпон эса:

Қайғурингиз кишанларни ясовчи усталар,
Сизлар учун ёз бошининг қоридек
эрир кунлар келадир!
Сизлар учун алвастининг зоридек

йиғлар кунлар келадир!—

деб ният қилган эди. Бироқ ушбу ваҳшоният қатли содир бўлган 1919 йилдан яна 19 йил ўтгандан кейин фитнаи қаттол ундан-да ваҳшийроқ бир тусда қатли омни амалга оширди. Бунда Беҳбудийнинг қатлидан паришон бўлган ўғиллар Фитрат, Чўлпон, Қодирий қаторида 12 жадидчи бир тунда қатл этилди.

Шоир кутган алвастининг зоридек қақшар кунлар келганда, буюк жадидчиларнинг муҳиблари Беҳбудийнинг сағанасин излаган Фитрат ва Чўлпонлар каби, Сталин қатағонида қурбон бўлган шаҳидлар қабрини излаб, натижасиз тентирар ва тополмаган шоирлар каби бўзлар эдилар. Виждони уйғоқ бир ўзбек шоири бевақт қурбон бўлган шаҳидлар хотирасига атаб 12 шам ёқди, миллат йўлбошчилари ҳақида уч марсия ёзди. Бу шеърлар мавзуларини тимсолий тафаккур қилиб ўтирмай улуғ номлар билан атади: Абдурауф Фитрат. Абдулла Қодирий (хотирасига). Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон. Ҳар бири уч сонетдан иборат бу уч марсиянинг бирига шоир Фитратнинг сўзларини эпиграф қилиб олган эди:

Нега сени чулғаб олди бунча тиконлар?
Нега чиқди юрагингдан юзга бу қонлар?

Юракдан юзга тепчиб чиққан бу қонлар натижаси бўлмиш марсия кафан тутган мудҳиш қаро тун тасвири билан бошланади:

Ажаб мудҳиш қаро тун кафан тутар,
Бир замон тинмайдир, изғирар шамол.
Дарё кўпирадир, одамни ютар,
Ул гўзалдир, ул иргинчдир, ул — хаёл.

Дарёни кўпиртирган ёмғир риёзат қамчиси каби савалайди бузғун танизорни. Синиқ най фироқ нағмасини чалади. Исрофнинг ичидан силқиган бу таниш наводан риёлар, ришватлар ва …заҳарли ҳаво таралади. Оғир азон товуши келади. Муаззиннинг тонгни уйғотгучи ҳорғин азони бомдод намози аввалида эмас, шоирнинг қисмати каби қора тун ярмида эшитилади:

Азон товушини тинглайман — оғир.
Туркистон. Қора тун. Шамол ва ёмғир.

Бундан ярим аср муқаддам Фитратнинг «Менинг кечам» шеърида Московнинг оғир туни шундай қоронғуликда берилган эди:

Сўлғин, қора. Турғун дема. Кўрдим
мунгли кечанинг мунгли чоғинда
кўп мунгли уйимнинг қироғинда
ёлғуз икки нарса ёндош-да:
бири шамъим,
бири…
кўнглим!

Бу икки тун тасвиригина эмас, икки шоирнинг кўнгли ҳам ўхшаш. Икки дунё — шамол ва ёмғир. Шеър бошланғичидаги бир замон тинмаган изғирин шамол ёмғирни етаклайди. Ёмғир, сел… дарёга айланган дунё кўпиради, одамларни ютади. Кўпириши на-да гўзал, одамларни ўкириб ютиши — на-да иркинч. Ёмғир авжига мингандан риёзат қамчиси каби савайдир танизоримни. Танизор — ватан, ўз ўғилларини ютаётган юрт. У ватанзорида риёлар, ришватлар кўрган. Таналарнинг …зори, гул-чечакларнинг эмас, ўлимларнинг …истони. Бунда фироқнинг нағмасин чалар най синиқ. Исрофнинг ичиндан силҳиган наво тоғлардан тиниқ таралади, худди азон товуши каби. Бироқ қора тун — Туркистон…

Иккинчи сонетда мудҳиш қора тунни ёритмоқчи бўлгандай Ой уринади:

Айтадир Ой дардин булут қўйнида,
Булутлар ҳурпайган, на-да қорадир.
Дорлари муҳаққақ азлом бўйнида,
Унутилган, хўрланган халқ борадир.

Ниятига етмаган Ой булут қўйнида дардин айтмоқда. Ойнинг дарди зимистон тунни ёритолмаганида эмас, балки дорга тортилиши муҳаққақ бўлган, азлом — зулмларни бўйнига олган, унитилган, хўрланган қора халқнинг келажак шаклидаги мавҳумлик томон йўлига ёруғлик бера олмаганида. У карвонга қўшила олмаган бўталоқдай уринади, суринади, гоқ пайдо бўлади, гоқ ғойиб — алам ортган карвон борар мунғайиб:

Фасиҳалар кўринар сочлари олов,
Ивирсир гумроҳлар кўзи — қўли қон.

Соч қаро тун эди шеъриятда («Қаро сочинг қаро тунда шаршара», Миртемир). Рауф Парфи уни олов шаклида кўради. Тун қоралигини ёқмоқчи бўлган оловдай. Амалнинг шамлари сўнган, тилакнинг юлдузи тўнган («Умидсизлик қайғулари тонги отмас бир тундай, Ўлим даҳи қутқарғали келиб тутмас қўлимни», Фитрат).

Ёлғиз оловдай ялов (байроқ) липиллайди, мукаррам ялов:

Туркистон, Туркистон, мукаррам ялов…
Рад этдимми сени, қолдимми бежон?
Амалим шамлари сўндими, Она!
Тилагим юлдузи тўндими, Она?

Фитрат она Туркистонни бир мунгли хотин қиёфасида кўрганди: «Бир хотунки, эгнида ипакли, лекин йиртиқ ва эски бир кўйлакдан бошқа бир кийим йўқ. Бош-аёғлари яланғоч, тирсакларигача қоп-қора лойқадан ботган, бақирурға товуши, қутилурға кучи қолмаған!..»

Учинчи сонетда айрилиқ (Туркистондан) шамшири бошида синган, борлиғи чопилган, ўз қонини ўзи ичган, дунё тарихини ўқиб ўкинган (шоир) Туркистонни уйғотмоқчи бўлади. Тун ортидан тонг келадигандай, шоир сайҳа (наъра)сидан мудроқ Туркистон уйғонадигандай. Бироқ оҳу фарёдимиз аршга етиб бормади, йўқ, шоир Рауф Парфи ёзганча, «етиб бормас ҳеч қачон». Тун ортидан келаётган субҳи содиқ (садоқатли тонг) эмас, субҳи козиб (ёлғон) эди. Нушқурт сингари хирмон-хирмон терган ризқимизни кимларга бердик, ўзимиз муҳтож ва нотавон қолдик. Фалокат устига фалокат тутди. «Интиқом, интиқом» деб ортидан югурганимиз билан Туркистон ўтди. Разолат қабрида бош эгиб турдик, Темур сағанасида синган Ўзбекдай. Чўнг тоғларни, донғли Туронни уйғотмоқчи бўлдик, аммо

Ай, улуғ тоғларим, ай шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай қонли Турон!

Шунда бизга Фитратнинг мададкор сатрлари (эпиграфдаги) кўмак тутингандай бўлди: «Нега сени чулғаб олди бунча тиконлар, Нега чиқди юрагингдан юзга бу қонлар?» Туронзамин тиконларга чулғанди, Туркистон эмас, Хористон бўлди. Юракдаги бу қонлар юзга тепчиб чиқди, олов сочлар қора машъалага айланди. Қора тунни ёритувчи эмас, ёритмовчи эмас, балки баттар қорайтирувчи қоп-қора (оловдай) машъала. Шундай қоронғулик зимистонида бирдан бир оқ нарса кўринди — Кафан. Яна илк сатр ёдга келади: мудҳиш ҳора тун кафан тутар!..

Уч сонетдан иборат марсия битди. Бироқ шоир Рауф бундан ўн йил-да бурун ўқиган муножот ёдга келади, гўё шоир Абдурауф номидан айтилгандай:

Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набилар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора, дея сўрдилар нажот…
Аллоҳим, билурсан қай сори кетдим,
Аллоҳим, мен ўлдим… Мен Сенга етдим…

Рауф Парфи бу мавзуда яна икки шеър битди, ўн икки шам ёқди. Бу Сталин қатағони қурбонлари — жадидчилар учун, кафансиз кўмилган туркистонли зиёлилар учун, жаноза ўқилмай тупроққа қорилган шаҳидлар учун ўқилган тиловати Қуръондай янграган марсиялар бўлди.

Юрт истиқлоли йўлида шаҳид бўлган туркистонли жадидларни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

* Турк Културинда Ўлум» мавзуидаги халқаро симпозиум.
Мармара университети Туркиёт тадқиқоти маркази.
Истанбул (Туркия), 2004. 25—26 ноябрь

РАУФ ПАРФИ
БАҒИШЛОВЛАР,МУХАММАСЛАР
045

АБДУРАУФ ФИТРАТ

Нега сени чулғаб олди бунча тиконлар?
Нега чиқди юрагингдан юзга бу доғлар?
Абдурауф Фитрат

09
I. Ажаб мудҳиш қаро тун кафан тутар,
Бир замон тинмайдир, изғирар шамол.
Дарё кўпирадир, одамни ютар,
Ул гўзалдир, ул ирганчдир, ул хаёл.

Риёзат қамчиси каби савайдир
Алкан ёмғир бузғун танизоримни…
Улуғ Туркистонни кимлар севмайдир?!
Фиръавнлар севмас менинг боримни.

Фироқнинг нағмасин чалар най синиқ,
Исрофнинг ичиндан силқир бу наво,
Таралар, ҳув, чўккан тоғлардан тиниқ.

Риёлар, ришватлар… Заҳарли ҳаво.
Азон товушини тинглайман оғир.
Туркистон. Қора тун. Шамол ва ёмғир.

II. Айтадир ой дардин булут қўйнида,
Булутлар ҳурпайган, на-да қорадир.
Дорлари муҳаққаҳ азлом бўйнида,
Унутилган, хўрланган халқ борадир.

Рақам қилди менга манфур жаҳолат,
Алам ортган карвон борар мунғайиб.
Уринадир, суринадир, бу ҳолат
Фақат пайдо бўлур ва бирдан ғойиб.

Фасиҳалар кўринар сочлари олов,
Ивирсир арвоҳлар кўзи-қўли қон…
Туркистон, Туркистон, мукаррам ялов…

Рад этдимми сени, қолдимми бежон?
Аламим шамлари сўндими, она?
Тилагим юлдузи тўндими, она?

III. Айрилиқ шамшири бошимда синди,
Борлиғим чопилди, ичдим қонимни,
Дунё тарихини ўқиб юкиндим,
Уйқудан уйғотдим Туркистонимни.

Ризқимизни ахир кимларга бердик,
Ахир одам эдик, муҳтож, нотавон.
Улар хирмон-хирмон, биз нушқурт тердик,
Фарёдимиз етиб бормас ҳеч қачон.

Фалокат устига фалокат тутди,
Интиқом, интиқом, дедим, югурдим…
Туркистон, Туркистон, Туркистон ўтди –

Разолат қабринда бош эгиб турдим.
Ай улуғ тоғларим, ай шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай қонли Турон.

ОНА ТУРКИСТОН

Абдулла Қодирий хотирасига
043
1.Хотирамнинг қаър-қаърида таърих
Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя.
Тутқин қуш сингари қолурман ғариб,
Руҳимга булутлар ташлайдир соя.

Бот-бот хаёлимдан чекинди мубҳам,
Фикримдан юлқинди Ватан қораси.
Олисда милтираб сўнаётган шам
Кўҳна ҳасратимнинг машъум яраси.

Кишанбанд қилинар қўлларим гўё,
Тупроққа қўшила бошлайди таним.
Шу қадар юраги тормидир — дунё.

Наҳот фарзандига — ўзига ғаним,
Ўзи юрагига жо бўлди, аммо
Нечун сиғдирмади, нечун Ватаним?!

2. Кўрингиз тарихни, эй туркий халқим,
Кўзимга эртанинг севинчи холос.
Ул Турондир, Туркистондир? У балким
Ичимни кемирган қадимий қасос.

Кўрингиз таърихни. Кўз олдим парда,
Қўлимдан учмоқда бу ер, бу Ватан…
Ошно тутинардим пўлат ханжарга…
Жанг майдони сари отилардим ман…

Ватан, айланарман бир кескир тошга,
Қошингга ўқ каби учиб борарман…
Наҳот тил бошқадир, наҳот дил бошқа?!

Йўқ! Фармон кутарман, энг сўнгги фармон,
Шаклланиб қарарман қалққан қуёшга.
Барибир, қасос, деб ёнарман ҳамон.

3.Умр деганлари ўтмакда шошқин,
Тилла баргларини элаб йўлимга.
Сенинг мангулигинг берадир таскин
Эрта узилгувчи менинг умримга.

Оҳ, Она Туркистон, куйлайин ёниб,
Дунё журъатини бердинг қўлимга.
Мен энди англадим туркий дунёни,
Мана мен, тайёрман энди ўлимга…

Эй менинг заҳматкаш, эй қутлуғ халқим,
Бергил фақат куйиб куйламак ҳаққин.
Ортиқ масъул этар топилган бу Бахт.

«Ишқ сўзидан куйди булбул маскани»,
Тил билан куйланмас она-Ватаним,
Мен сени куйламак истайман фақат.

АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЧЎЛПОН

Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?
Чўлпон

03
1. Она тилим, сен руҳимнинг қаноти,
Абуттурк нафаси, Олтой чечаги.
Хун давридан омон келди Ғиротинг,
Қутлуғ Энасойнинг эзгу эртаги.

Ўрхун бўйларида тошга айландинг,
Кўкларга санчилдинг, Турон бўлдинг Сен,
Мангулик сафарга қачон шайландинг?
Қачон бу аламга — кучга тўлдинг Сен?

Порлоқ осмонингда қузғунлар учди.
Э воҳ, ёғийларинг солди яғмони.
Ёғийларинг жигар қонингни ичди.

Жигар-қон жарангги тутди жаҳонни,
Онасен. Кечирдинг, қонидан кечдинг,

Бироқ кечирмадинг асло ёлғонни.

2. Дунё оқ эмасдир, йўқ, қора бардош,
Куйиб ёдимиздан кечганлар айтсин.
Сўзларида заҳар, кўзларида тош,

Элидан, тилидан кечганлар айтсин.

Тунлар босиб келар дунё ҳасрати
Кунлар гизли туғён, босиб келар шеър.
Нечук қисмат эрур, шоир қисмати?!

Тушларимни бузар ҳазрат Алишер…

Йиллар баҳоримни учирди чалқиб,
Музларга кўчирди ўтлуқ ёзимни.
Ахтардим муҳитда хас каби қалқиб —

Мен ўз Юлдузимни, ўз Қуёшимни…
Юлдуз сен, Қуёш сен, сен она халқим,
Сен учун синдирдим синмас созимни.

3. Оҳ, шоир қисмати, ярқироқ, гулгун,
Завқларга тўлар у, бир сўзни излар.
Дунёда ҳеч бир зот билмас, не учун,
Айрича кулар у, айрича бўзлар.

Йўлсизлик йўлдоши, толеи нигун
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу халқ душмани, деб тутсалар бир кун,
Барибир, у халқнинг номидан сўзлар.

Бошида қора қиш, оппоқ баҳорлар,
Юраги яриму бутун иймони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.

Тани омонатдир, нақд эрур жони,
Кўкрак қафасида ловуллаб порлар

Буюк муҳаббатнинг қонли нишони.

УСМОН НОСИР

09

Шеърият, йўлларингда сенинг,
Эҳ, кимлар зору зор кезмаган.
Эҳ, кимлар чок этиб кўксини,
Қалбини ғижимлаб эзмаган.

Мен билурман сени, шеърият,
Юрагимнинг сенсан улфати.
Лекин, э воҳ, шу эдими айт,
Шу эдими шоир қисмати?

У Лайло атаган шеърият,
Мажнунингни нечун ташладинг?
Шу эдими ошиққа қисмат,
Муқаддас кўзларни ёшладинг?

Хато йўлга кирган бўлса ул
Нега сен тутмадинг қўлидан?
Шундай кетди яна бир ўғил,
Сақлаб қололмадинг ўлимдан.

Она шеърият, ўйлайсанми,
Қўйдинг-ку шоирни қақшатиб.
У қурбони бўлди, дейсанми
Сўқир замонларнинг ваҳшатин?..

Қандай аянч, бу надир ахир,
Кечирмасман сени ҳеч қачон.
Вужудимни ғижимлар оғир,
Руҳим ичра яланғоч виждон.

Наҳот мумкин эмасди, наҳот,
Лол турганда дунё қаршингда.
Қийнашганда ёвузлар ноҳақ,
Бир қадам тушмадинг аршингдан…

Ён, шеърият, тутунга айлан,
Ён, Туркистон, тамом бўл, жигар,
Ўз шеърини ул ўзи билан
Ёндиргани рост бўлса агар!

Шеърият, йўлларингда сенинг,
Эҳ, кимлар зору зор кезмаган,
Эҳ, кимлар чок этиб кўксини
Қалбини ғижимлаб эзмаган.

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙГА МУХАММАС

Йил ўтуб, йиллар ўтуб тобора лойға ботамиз,
Иблиснинг супрасинда ваҳдат майини тотамиз,
Онамиз балки гумроҳ, балки сўқирдир отамиз,
Кўр бизим аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келғон чоғида виждонни пулга сотамиз.

Бизга ор бўлди наҳот, ёраб, Ватанни куйламак,
Зору зору бу замин етти фалакни ўйламак,
Қизимизга ўргатиб, суф, деб жаҳонни бўйламак,
Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак,
На худонинг буйруғи бўлғон улум ўргатамиз.

Ўлтурур эл хонавайрон, ботқон қуёшга кўз тикиб,
Кулфату сомон йиғиб қолмиш яна, бўстон экиб,
Нечалар нарвондадир, нечалар йитмиш кўз тегиб,
Ҳамда ҳар кун такяларда наша, кўкнори чекиб,
Барчага кокил солиб оҳ-воҳ ила ўйнотамиз.

Не баломиз биз ўзи, тўрдамиз, айвондамиз.
Не касофат феьли бу – қурдамиз, тайвондамиз,
Беназир паррандамиз, қўрдамиз, ҳайвондамиз,
Қоримиз, боёнмиз, балки бу вақт аҳвондамиз,
Ногаҳон кўрсак агар бесар соқовни қотамиз.

Қайдин эй сен, такаббур, кўксимни михлаб ўйгувчи,
Эй ялоқхўри бало, ичиб қонимни тўйгувчи.
Бормикан олам аро кўнгилга малҳам қўйгувчи,
Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгувчи,
Биз ани даҳрий санаб тафонча бирла отамиз.

Ақраболар – кўз очиқ, дунёи дун фоний билинг,
Эл учун, Аллоҳ учун, жонни тилинг, танни тилинг,
Келингиз, ул кун ўтди, қуллик асирликни тилинг,
Келинггиз, ёшлар, зиёлилар бу кун ғайрат қилинг,
Ухлағонларни агар Қодир эсак уйғотамиз.

АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОНГА МУХАММАС

Юзлашдинг балоларга, аламлар ичра кўзландинг,
Ўзинг куйдинг, ўзинг ёндинг ўзгалар ҳаққа ўзлашдинг,
Бу қул бозоринда изғиб қумрилар каби бўзлашдинг,
Кўнгил, сен бунчалар нега кишанлар бирла дўстлашдинг,
На фарёдинг, на додинг бор, нечун сен бунча сустлашдинг.

Кўзимга хоки Туроним, озодлик гарди инмасми,
Бу кунлардан умид йўқми? Йўлларинг қаро тунмасми,
Хазон бўлган баҳор сенми, нишон ҳурликдан унмасми,
Ҳақорат дилни оғритмас, тубанлик мангу тинмасми.
Кишанлар парчаланмасми, қиличлар энди синмасми?!

Аллоҳ, Аллоҳ, йиғлаюрсан булутдек бағри сўзонсан,
Мунавварсан, мукаррамсан, рисолат туғида шонсан,
Сен Каъбамсан — Туркистонсан, хунимсан, сен ахир қонсан,
Тириксан, ўлмагансан, сен-да одам сен-да Инсонсан,
Бўйин эгма, кишан кийма, ки сен ҳам ҳур туғилгансан.

УСМОН НОСИРГА МУХАММАС

Қачон келдим, қаён кетдим, йўлимга темир тўр тутдинг,
Юрак сенми, фалак сенми, зоримга бунча зўр этдинг.
Соқов девор уза ёздим, қўлимни қонли бўр этдинг,
Юрак сенсан, менинг созим, тилимни найга жўр этдинг,
Юрак сенсан, ишқбозим, кўзимга ойни беркитдинг.

Доруломон замон ўлмас, қутулмас санги гумроҳдан,
Бу сотқинлар ҳамон бордир, аюргай мангу тупроқдан,
Бўғзимда қотди жоним ҳей, қотилни тўхтат бўғмоқдан,
Сенга тор келди бу кўкрак севинчинг тошди қирғоқдан,
Тилим чарчар, ажаб, гоҳи сени таржима қилмоқдан.

Оёғим йўқ, қўлим йўқдир, йиқитгайман бу дорингни,
Юрак сенсан, тавоб этгум ювиб дарду ғуборингни,
Кўрарсен, бир куни бўзлаб ўшал туркий диёрингни,
Сен эй, сен ўйноқи дилбар, зафардан изла ёрингни,
Тўлиб қайна, тошиб ўйна, тириксан куйла борингни.

Алвидо дил, агар дунё ғараз бўлса, мараз бўлса,
Алвидо тил, қани ҳурлик, қани эркин нафас бўлса,
Алвидо эл, итоат эт Ватан рамзи қафас бўлса,
Итоат эт агар сендан Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен, ёрил, майли, тамом ўлсам.

 

84  yil avval — 1938 yilning 4-7 oktyabrida millatimizning ulug’ ziyolilari qatl etilgan edi

Turkiston jadidlarining otasi mufti Mahmudxo‘ja Behbudiyning Qarshida (1919, 25 mart) o‘ldirilganidan 19 yil o‘tib fitnai qattol tuzumi undan-da vahshiyroq qatli omni amalga oshirdi. 1938 yilning oktyabri boshida Turkistonning ulug‘ farzandlari Fitrat, Cho‘lpon, Qodiriy qatorida o‘nlab jadidchilar bir tunda qatl etildi.

“QORA TUN KAFAN TUTAR…”
(Jadidchi shoir Abdurauf Fitratning o’limi
va unga aytilgan Rauf Parfining uch she’ri talqini)

Hamidulla BOLTABOEV
033

Turkiston jadidlarining otasi mufti Mahmudxo’ja Behbudiyning Qarshida (1919, 25 mart) o’ldirilgani orada atigi 250 chaqirim masofa bo’lganiga qaramay Samarqandga bir yildan mo’lroq muddatda yetib keldi. Yo’lboshchisini yo’qotgan Turkiston jadidlari otadan sag’ir qolgan yetimlarday bo’zlay boshladilar. Ushbu shum voqea tufayli Sadriddin Ayniyning uch marsiyasi, Fitrat va Cho’lponning yo’qlovlari tug’ildi. «To’ng’ich o’g’il» maqomida bo’lgan Ayniy domla:

Ay madfuni insoniyat, ay maqtuli ahror!
Ay markazi vahshoniyat, ay mahmani ashror!..
Ay qotila va fojira, ay fitnai Turon!
Turon eli fitnang ila bo’lsunmi parishon!..—

deya insoniyatni dafn etuvchi, yaxshiliklarning qotili, vahshoniyat markazi va fitnai qattol va fojir zamon tufayli parishon bo’lgan Turon elining pushaymonligidan so’z ochadi va uning albat yiqilishini umid qiladi.

«O’rtancha» o’g’il shoir Fitrat:

Zolimlar, mazlumlar, zulmlarning-da,
Qayg’ular, alamlar, o’lumlarning-da
Bariga uchradi, barchasin ko’rdi,

O’z yo’qotganin izladi, so’rdi.
Bir darak topmag’ach, birdan-bir tikildi,
Bor kuchin to’pladi.
Zolimning taxtini titratgan bir tovush
Qichqirdi:

— Otamning qabrini qay yonga yoshurding?!
Bot so’yla!..—

deya fojiri zamonni so’roqqa tutganida bu botir tovushdan qo’rqqan kirli toj bir javob bermasdan seskanib, titrab yashiringani yodimizda.

Kenja shoir Cho’lpon esa:

Qayg’uringiz kishanlarni yasovchi ustalar,
Sizlar uchun yoz boshining qoridek
erir kunlar keladir!
Sizlar uchun alvastining zoridek

yig’lar kunlar keladir!—

deb niyat qilgan edi. Biroq ushbu vahshoniyat qatli sodir bo’lgan 1919 yildan yana 19 yil o’tgandan keyin fitnai qattol undan-da vahshiyroq bir tusda qatli omni amalga oshirdi. Bunda Behbudiyning qatlidan parishon bo’lgan o’g’illar Fitrat, Cho’lpon, Qodiriy qatorida 12 jadidchi bir tunda qatl etildi.

Shoir kutgan alvastining zoridek qaqshar kunlar kelganda, buyuk jadidchilarning muhiblari Behbudiyning sag’anasin izlagan Fitrat va Cho’lponlar kabi, Stalin qatag’onida qurbon bo’lgan shahidlar qabrini izlab, natijasiz tentirar va topolmagan shoirlar kabi bo’zlar edilar. Vijdoni uyg’oq bir o’zbek shoiri bevaqt qurbon bo’lgan shahidlar xotirasiga atab 12 sham yoqdi, millat yo’lboshchilari haqida uch marsiya yozdi. Bu she’rlar mavzularini timsoliy tafakkur qilib o’tirmay ulug’ nomlar bilan atadi: Abdurauf Fitrat. Abdulla Qodiriy (xotirasiga). Abdulhamid Sulaymon Cho’lpon. Har biri uch sonetdan iborat bu uch marsiyaning biriga shoir Fitratning so’zlarini epigraf qilib olgan edi:

Nega seni chulg’ab oldi buncha tikonlar?
Nega chiqdi yuragingdan yuzga bu qonlar?

Yurakdan yuzga tepchib chiqqan bu qonlar natijasi bo’lmish marsiya kafan tutgan mudhish qaro tun tasviri bilan boshlanadi:

Ajab mudhish qaro tun kafan tutar,
Bir zamon tinmaydir, izg’irar shamol.
Daryo ko’piradir, odamni yutar,
Ul go’zaldir, ul irginchdir, ul — xayol.

Daryoni ko’pirtirgan yomg’ir riyozat qamchisi kabi savalaydi buzg’un tanizorni. Siniq nay firoq nag’masini chaladi. Isrofning ichidan silqigan bu tanish navodan riyolar, rishvatlar va …zaharli havo taraladi. Og’ir azon tovushi keladi. Muazzinning tongni uyg’otguchi horg’in azoni bomdod namozi avvalida emas, shoirning qismati kabi qora tun yarmida eshitiladi:

Azon tovushini tinglayman — og’ir.
Turkiston. Qora tun. Shamol va yomg’ir.

Bundan yarim asr muqaddam Fitratning «Mening kecham» she’rida Moskovning og’ir tuni shunday qorong’ulikda berilgan edi:

So’lg’in, qora. Turg’un dema. Ko’rdim
mungli kechaning mungli chog’inda
ko’p mungli uyimning qirog’inda
yolg’uz ikki narsa yondosh-da:
biri sham’im,
biri…
ko’nglim!

Bu ikki tun tasvirigina emas, ikki shoirning ko’ngli ham o’xshash. Ikki dunyo — shamol va yomg’ir. She’r boshlang’ichidagi bir zamon tinmagan izg’irin shamol yomg’irni yetaklaydi. Yomg’ir, sel… daryoga aylangan dunyo ko’piradi, odamlarni yutadi. Ko’pirishi na-da go’zal, odamlarni o’kirib yutishi — na-da irkinch. Yomg’ir avjiga mingandan riyozat qamchisi kabi savaydir tanizorimni. Tanizor — vatan, o’z o’g’illarini yutayotgan yurt. U vatanzorida riyolar, rishvatlar ko’rgan. Tanalarning …zori, gul-chechaklarning emas, o’limlarning …istoni. Bunda firoqning nag’masin chalar nay siniq. Isrofning ichindan silhigan navo tog’lardan tiniq taraladi, xuddi azon tovushi kabi. Biroq qora tun — Turkiston…

Ikkinchi sonetda mudhish qora tunni yoritmoqchi bo’lganday Oy urinadi:

Aytadir Oy dardin bulut qo’ynida,
Bulutlar hurpaygan, na-da qoradir.
Dorlari muhaqqaq azlom bo’ynida,
Unutilgan, xo’rlangan xalq boradir.

Niyatiga yetmagan Oy bulut qo’ynida dardin aytmoqda. Oyning dardi zimiston tunni yoritolmaganida emas, balki dorga tortilishi muhaqqaq bo’lgan, azlom — zulmlarni bo’yniga olgan, unitilgan, xo’rlangan qora xalqning kelajak shaklidagi mavhumlik tomon yo’liga yorug’lik bera olmaganida. U karvonga qo’shila olmagan bo’taloqday urinadi, surinadi, goq paydo bo’ladi, goq g’oyib — alam ortgan karvon borar mung’ayib:

Fasihalar ko’rinar sochlari olov,
Ivirsir gumrohlar ko’zi — qo’li qon.

Soch qaro tun edi she’riyatda («Qaro soching qaro tunda sharshara», Mirtemir). Rauf Parfi uni olov shaklida ko’radi. Tun qoraligini yoqmoqchi bo’lgan olovday. Amalning shamlari so’ngan, tilakning yulduzi to’ngan («Umidsizlik qayg’ulari tongi otmas bir tunday, O’lim dahi qutqarg’ali kelib tutmas qo’limni», Fitrat).

Yolg’iz olovday yalov (bayroq) lipillaydi, mukarram yalov:

Turkiston, Turkiston, mukarram yalov…
Rad etdimmi seni, qoldimmi bejon?
Amalim shamlari so’ndimi, Ona!
Tilagim yulduzi to’ndimi, Ona?

Fitrat ona Turkistonni bir mungli xotin qiyofasida ko’rgandi: «Bir xotunki, egnida ipakli, lekin yirtiq va eski bir ko’ylakdan boshqa bir kiyim yo’q. Bosh-ayog’lari yalang’och, tirsaklarigacha qop-qora loyqadan botgan, baqirurg’a tovushi, qutilurg’a kuchi qolmag’an!..»

Uchinchi sonetda ayriliq (Turkistondan) shamshiri boshida singan, borlig’i chopilgan, o’z qonini o’zi ichgan, dunyo tarixini o’qib o’kingan (shoir) Turkistonni uyg’otmoqchi bo’ladi. Tun ortidan tong keladiganday, shoir sayha (na’ra)sidan mudroq Turkiston uyg’onadiganday. Biroq ohu faryodimiz arshga yetib bormadi, yo’q, shoir Rauf Parfi yozgancha, «yetib bormas hech qachon». Tun ortidan kelayotgan subhi sodiq (sadoqatli tong) emas, subhi kozib (yolg’on) edi. Nushqurt singari xirmon-xirmon tergan rizqimizni kimlarga berdik, o’zimiz muhtoj va notavon qoldik. Falokat ustiga falokat tutdi. «Intiqom, intiqom» deb ortidan yugurganimiz bilan Turkiston o’tdi. Razolat qabrida bosh egib turdik, Temur sag’anasida singan O’zbekday. Cho’ng tog’larni, dong’li Turonni uyg’otmoqchi bo’ldik, ammo

Ay, ulug’ tog’larim, ay shonli Turon,
Tokay uyg’onmassan, ay qonli Turon!

Shunda bizga Fitratning madadkor satrlari (epigrafdagi) ko’mak tutinganday bo’ldi: «Nega seni chulg’ab oldi buncha tikonlar, Nega chiqdi yuragingdan yuzga bu qonlar?»
Turonzamin tikonlarga chulg’andi, Turkiston emas, Xoriston bo’ldi. Yurakdagi bu qonlar yuzga tepchib chiqdi, olov sochlar qora mash’alaga aylandi. Qora tunni yorituvchi emas, yoritmovchi emas, balki battar qoraytiruvchi qop-qora (olovday) mash’ala. Shunday qorong’ulik zimistonida birdan bir oq narsa ko’rindi — Kafan. Yana ilk satr yodga keladi: mudhish hora tun kafan tutar!..

Uch sonetdan iborat marsiya bitdi. Biroq shoir Rauf bundan o’n yil-da burun o’qigan munojot yodga keladi, go’yo shoir Abdurauf nomidan aytilganday:

Vahshiy dunyo, qonxo’r dunyo quturdi,
Inson faryodiga to’ldi koinot.
Nabilar, dohiylar, shoirlar turdi,
Chora, chora, deya so’rdilar najot…
Allohim, bilursan qay sori ketdim,
Allohim, men o’ldim… Men Senga yetdim…

Rauf Parfi bu mavzuda yana ikki she’r bitdi, o’n ikki sham yoqdi. Bu Stalin qatag’oni qurbonlari — jadidchilar uchun, kafansiz ko’milgan turkistonli ziyolilar uchun, janoza o’qilmay tuproqqa qorilgan shahidlar uchun o’qilgan tilovati Qur’onday yangragan marsiyalar bo’ldi.

Yurt istiqloli yo’lida shahid bo’lgan turkistonli jadidlarni Alloh o’z rahmatiga olgan bo’lsin!
Assalomu alaykum va rohmatullohi va barakotuhu.

* Turk Kulturinda O’lum» mavzuidagi xalqaro simpozium.
Marmara universiteti Turkiyot tadqiqoti markazi.
Istanbul (Turkiya), 2004. 25—26 noyabr`

RAUF PARFI
BAG’ISHLOVLAR,MUXAMMASLAR
045

ABDURAUF FITRAT
04
Nega seni chulg’ab oldi buncha tikonlar?
Nega chiqdi yuragingdan yuzga bu dog’lar?
Abdurauf Fitrat

I. Ajab mudhish qaro tun kafan tutar,
Bir zamon tinmaydir, izg’irar shamol.
Daryo ko’piradir, odamni yutar,
Ul go’zaldir, ul irganchdir, ul xayol.

Riyozat qamchisi kabi savaydir
Alkan yomg’ir buzg’un tanizorimni…
Ulug’ Turkistonni kimlar sevmaydir?!
Fir’avnlar sevmas mening borimni.

Firoqning nag’masin chalar nay siniq,
Isrofning ichindan silqir bu navo,
Taralar, huv, cho’kkan tog’lardan tiniq.

Riyolar, rishvatlar… Zaharli havo.
Azon tovushini tinglayman og’ir.
Turkiston. Qora tun. Shamol va yomg’ir.

II. Aytadir oy dardin bulut qo’ynida,
Bulutlar hurpaygan, na-da qoradir.
Dorlari muhaqqah azlom bo’ynida,
Unutilgan, xo’rlangan xalq boradir.

Raqam qildi menga manfur jaholat,
Alam ortgan karvon borar mung’ayib.
Urinadir, surinadir, bu holat
Faqat paydo bo’lur va birdan g’oyib.

Fasihalar ko’rinar sochlari olov,
Ivirsir arvohlar ko’zi-qo’li qon…
Turkiston, Turkiston, mukarram yalov…

Rad etdimmi seni, qoldimmi bejon?
Alamim shamlari so’ndimi, ona?
Tilagim yulduzi to’ndimi, ona?

III. Ayriliq shamshiri boshimda sindi,
Borlig’im chopildi, ichdim qonimni,
Dunyo tarixini o’qib yukindim,
Uyqudan uyg’otdim Turkistonimni.

Rizqimizni axir kimlarga berdik,
Axir odam edik, muhtoj, notavon.
Ular xirmon-xirmon, biz nushqurt terdik,
Faryodimiz yetib bormas hech qachon.

Falokat ustiga falokat tutdi,
Intiqom, intiqom, dedim, yugurdim…
Turkiston, Turkiston, Turkiston o’tdi –

Razolat qabrinda bosh egib turdim.
Ay ulug’ tog’larim, ay shonli Turon,
Tokay uyg’onmassan, ay qonli Turon.

ONA TURKISTON
045
Abdulla Qodiriy xotirasiga

1.Xotiramning qa’r-qa’rida ta’rix
Doim so’zlab turar ezgin hikoya.
Tutqin qush singari qolurman g’arib,
Ruhimga bulutlar tashlaydir soya.

Bot-bot xayolimdan chekindi mubham,
Fikrimdan yulqindi Vatan qorasi.
Olisda miltirab so’nayotgan sham
Ko’hna hasratimning mash’um yarasi.

Kishanband qilinar qo’llarim go’yo,
Tuproqqa qo’shila boshlaydi tanim.
Shu qadar yuragi tormidir — dunyo.

Nahot farzandiga — o’ziga g’anim,
O’zi yuragiga jo bo’ldi, ammo
Nechun sig’dirmadi, nechun Vatanim?!

2. Ko’ringiz tarixni, ey turkiy xalqim,
Ko’zimga ertaning sevinchi xolos.
Ul Turondir, Turkistondir? U balkim
Ichimni kemirgan qadimiy qasos.

Ko’ringiz ta’rixni. Ko’z oldim parda,
Qo’limdan uchmoqda bu yer, bu Vatan…
Oshno tutinardim po’lat xanjarga…
Jang maydoni sari otilardim man…

Vatan, aylanarman bir keskir toshga,
Qoshingga o’q kabi uchib borarman…
Nahot til boshqadir, nahot dil boshqa?!

Yo’q! Farmon kutarman, eng so’nggi farmon,
Shakllanib qararman qalqqan quyoshga.
Baribir, qasos, deb yonarman hamon.

3.Umr deganlari o’tmakda shoshqin,
Tilla barglarini elab yo’limga.
Sening manguliging beradir taskin
Erta uzilguvchi mening umrimga.

Oh, Ona Turkiston, kuylayin yonib,
Dunyo jur’atini berding qo’limga.
Men endi angladim turkiy dunyoni,
Mana men, tayyorman endi o’limga…

Ey mening zahmatkash, ey qutlug’ xalqim,
Bergil faqat kuyib kuylamak haqqin.
Ortiq mas’ul etar topilgan bu Baxt.

«Ishq so’zidan kuydi bulbul maskani»,
Til bilan kuylanmas ona-Vatanim,
Men seni kuylamak istayman faqat.

ABDULHAMID SULAYMON CHO’LPON

Shu ojiz holimda shoirmanmi men?
Cho’lpon

034
1. Ona tilim, sen ruhimning qanoti,
Abutturk nafasi, Oltoy chechagi.
Xun davridan omon keldi G’iroting,
Qutlug’ Enasoyning ezgu ertagi.

O’rxun bo’ylarida toshga aylanding,
Ko’klarga sanchilding, Turon bo’lding Sen,
Mangulik safarga qachon shaylanding?
Qachon bu alamga — kuchga to’lding Sen?

Porloq osmoningda quzg’unlar uchdi.
E voh, yog’iylaring soldi yag’moni.
Yog’iylaring jigar qoningni ichdi.

Jigar-qon jaranggi tutdi jahonni,
Onasen. Kechirding, qonidan kechding,

Biroq kechirmading aslo yolg’onni.

2. Dunyo oq emasdir, yo’q, qora bardosh,
Kuyib yodimizdan kechganlar aytsin.
So’zlarida zahar, ko’zlarida tosh,

Elidan, tilidan kechganlar aytsin.

Tunlar bosib kelar dunyo hasrati
Kunlar gizli tug’yon, bosib kelar she’r.
Nechuk qismat erur, shoir qismati?!

Tushlarimni buzar hazrat Alisher…

Yillar bahorimni uchirdi chalqib,
Muzlarga ko’chirdi o’tluq yozimni.
Axtardim muhitda xas kabi qalqib —

Men o’z Yulduzimni, o’z Quyoshimni…
Yulduz sen, Quyosh sen, sen ona xalqim,
Sen uchun sindirdim sinmas sozimni.

3. Oh, shoir qismati, yarqiroq, gulgun,
Zavqlarga to’lar u, bir so’zni izlar.
Dunyoda hech bir zot bilmas, ne uchun,
Ayricha kular u, ayricha bo’zlar.

Yo’lsizlik yo’ldoshi, tolei nigun
Hech qachon to’yarmi axir yovuzlar.
Bu xalq dushmani, deb tutsalar bir kun,
Baribir, u xalqning nomidan so’zlar.

Boshida qora qish, oppoq bahorlar,
Yuragi yarimu butun iymoni,
Talotum olamni shivirlab chorlar.

Tani omonatdir, naqd erur joni,
Ko’krak qafasida lovullab porlar

Buyuk muhabbatning qonli nishoni.

USMON NOSIRusmonnosir

She’riyat, yo’llaringda sening,
Eh, kimlar zoru zor kezmagan.
Eh, kimlar chok etib ko’ksini,
Qalbini g’ijimlab ezmagan.

Men bilurman seni, she’riyat,
Yuragimning sensan ulfati.
Lekin, e voh, shu edimi ayt,
Shu edimi shoir qismati?

U Laylo atagan she’riyat,
Majnuningni nechun tashlading?
Shu edimi oshiqqa qismat,
Muqaddas ko’zlarni yoshlading?

Xato yo’lga kirgan bo’lsa ul
Nega sen tutmading qo’lidan?
Shunday ketdi yana bir o’g’il,
Saqlab qololmading o’limdan.

Ona she’riyat, o’ylaysanmi,
Qo’yding-ku shoirni qaqshatib.
U qurboni bo’ldi, deysanmi
So’qir zamonlarning vahshatin?..

Qanday ayanch, bu nadir axir,
Kechirmasman seni hech qachon.
Vujudimni g’ijimlar og’ir,
Ruhim ichra yalang’och vijdon.

Nahot mumkin emasdi, nahot,
Lol turganda dunyo qarshingda.
Qiynashganda yovuzlar nohaq,
Bir qadam tushmading arshingdan…

Yon, she’riyat, tutunga aylan,
Yon, Turkiston, tamom bo’l, jigar,
O’z she’rini ul o’zi bilan
Yondirgani rost bo’lsa agar!

She’riyat, yo’llaringda sening,
Eh, kimlar zoru zor kezmagan,
Eh, kimlar chok etib ko’ksini
Qalbini g’ijimlab ezmagan.

ABDULLA QODIRIYGA MUXAMMAS

Yil o’tub, yillar o’tub tobora loyg’a botamiz,
Iblisning suprasinda vahdat mayini totamiz,
Onamiz balki gumroh, balki so’qirdir otamiz,
Ko’r bizim ahvolimiz, g’aflatda qanday yotamiz,
Joyi kelg’on chog’ida vijdonni pulga sotamiz.

Bizga or bo’ldi nahot, yorab, Vatanni kuylamak,
Zoru zoru bu zamin yetti falakni o’ylamak,
Qizimizga o’rgatib, suf, deb jahonni bo’ylamak,
O’g’limizga na adab, na fan, na yaxshi so’ylamak,
Na xudoning buyrug’i bo’lg’on ulum o’rgatamiz.

O’lturur el xonavayron, botqon quyoshga ko’z tikib,
Kulfatu somon yig’ib qolmish yana, bo’ston ekib,
Nechalar narvondadir, nechalar yitmish ko’z tegib,
Hamda har kun takyalarda nasha, ko’knori chekib,
Barchaga kokil solib oh-voh ila o’ynotamiz.

Ne balomiz biz o’zi, to’rdamiz, ayvondamiz.
Ne kasofat fe`li bu – qurdamiz, tayvondamiz,
Benazir parrandamiz, qo’rdamiz, hayvondamiz,
Qorimiz, boyonmiz, balki bu vaqt ahvondamiz,
Nogahon ko’rsak agar besar soqovni qotamiz.

Qaydin ey sen, takabbur, ko’ksimni mixlab o’yguvchi,
Ey yaloqxo’ri balo, ichib qonimni to’yguvchi.
Bormikan olam aro ko’ngilga malham qo’yguvchi,
O’rtadan chiqsa agar millatni yaxshi suyguvchi,
Biz ani dahriy sanab tafoncha birla otamiz.

Aqrabolar – ko’z ochiq, dunyoi dun foniy biling,
El uchun, Alloh uchun, jonni tiling, tanni tiling,
Kelingiz, ul kun o’tdi, qullik asirlikni tiling,
Kelinggiz, yoshlar, ziyolilar bu kun g’ayrat qiling,
Uxlag’onlarni agar Qodir esak uyg’otamiz.

ABDULHAMID CHO’LPONGA MUXAMMAS

Yuzlashding balolarga, alamlar ichra ko’zlanding,
O’zing kuyding, o’zing yonding o’zgalar haqqa o’zlashding,
Bu qul bozorinda izg’ib qumrilar kabi bo’zlashding,
Ko’ngil, sen bunchalar nega kishanlar birla do’stlashding,
Na faryoding, na doding bor, nechun sen buncha sustlashding.

Ko’zimga xoki Turonim, ozodlik gardi inmasmi,
Bu kunlardan umid yo’qmi? Yo’llaring qaro tunmasmi,
Xazon bo’lgan bahor senmi, nishon hurlikdan unmasmi,
Haqorat dilni og’ritmas, tubanlik mangu tinmasmi.
Kishanlar parchalanmasmi, qilichlar endi sinmasmi?!

Alloh, Alloh, yig’layursan bulutdek bag’ri so’zonsan,
Munavvarsan, mukarramsan, risolat tug’ida shonsan,
Sen Ka’bamsan — Turkistonsan, xunimsan, sen axir qonsan,
Tiriksan, o’lmagansan, sen-da odam sen-da Insonsan,
Bo’yin egma, kishan kiyma, ki sen ham hur tug’ilgansan.

USMON NOSIRGA MUXAMMAS

Qachon keldim, qayon ketdim, yo’limga temir to’r tutding,
Yurak senmi, falak senmi, zorimga buncha zo’r etding.
Soqov devor uza yozdim, qo’limni qonli bo’r etding,
Yurak sensan, mening sozim, tilimni nayga jo’r etding,
Yurak sensan, ishqbozim, ko’zimga oyni berkitding.

Dorulomon zamon o’lmas, qutulmas sangi gumrohdan,
Bu sotqinlar hamon bordir, ayurgay mangu tuproqdan,
Bo’g’zimda qotdi jonim hey, qotilni to’xtat bo’g’moqdan,
Senga tor keldi bu ko’krak sevinching toshdi qirg’oqdan,
Tilim charchar, ajab, gohi seni tarjima qilmoqdan.

Oyog’im yo’q, qo’lim yo’qdir, yiqitgayman bu doringni,
Yurak sensan, tavob etgum yuvib dardu g’uboringni,
Ko’rarsen, bir kuni bo’zlab o’shal turkiy diyoringni,
Sen ey, sen o’ynoqi dilbar, zafardan izla yoringni,
To’lib qayna, toshib o’yna, tiriksan kuyla boringni.

Alvido dil, agar dunyo g’araz bo’lsa, maraz bo’lsa,
Alvido til, qani hurlik, qani erkin nafas bo’lsa,
Alvido el, itoat et Vatan ramzi qafas bo’lsa,
Itoat et agar sendan Vatan rozi emas bo’lsa,
Yoril, chaqmoqqa aylan sen, yoril, mayli, tamom o’lsam.

011

(Tashriflar: umumiy 8 944, bugungi 6)

2 izoh

  1. Assalomu alaykum! Moziyga qaytib ish kôrmoq xayrli. Jumladan, ajdodlar yodi…. Muqaddas! Allohim ôtgan buyuk ajdodlarimizni makonlarini jannatda qilsin! Tashakkur, Ustoz!

  2. Abdurauf Fitrat, Rauf Parfi, Xurshid Davron va Hamidulla Boltaboyev — millat taraqqiuoti q’oyasi yo’lida birlashganlar. Jadidlar. Xayrli bo’lsin!

Izoh qoldiring