Abdurashid Abdug’afurov. Ikki maqola & Nusratullo Jumaxo’ja. Zabardast olim edi.

011
Ўзбек адабиёти тарихининг забардаст тадқиқотчиси Абдурашид  Абдуғафуровнинг Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муқимий, Фурқат, Огаҳий ва бошқа ижодкорлар тўғрисидаги ўнлаб китоблари, юзлаб мақолалари адабиётшунослигимиз тарихида сезиларли из қолдирган. А.Абдуғафуров меҳнатсевар, ўта синчков, толмас тадқиқотчи эди. У ўзбек адабиёти тарихининг дунё миқёсида ўрганилишини кузатишга ҳаракат қиларди.

05
Абдурашид Абдуғафуров
ИККИ МАҚОЛА
02

ОСМОНДИН МАҚТОВ ЁҒСИН У ҚАЛАМГА ЁХУД МУҲАММАД ПАҲЛАВОННИНГ ҲАЗИЛИ
02

Аввал 1479 йили тартиб берилган “Бадоеъ ул-бидоя”га, кейинчалик “Хазойин ул-маоний” китобини тузишда “Ғаройиб ус-сиғар” девонига киритилган қуйидаги ишқий ғазални Навоийнинг ўзи Машҳад шаҳрида бир саҳар чоғи қоғозга туширгани ҳақида гувоҳлик беради:

Ҳар қаён боқсам кўзумға ул қуёшдин нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар ул ой манга манзур эрур.

Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ не суд?
“Мушк исин ёшурса бўлмас!”. Бу масал машҳур эрур.

Телбарарман то ани кўрмон, ажойибдур буким,
Ул пари девона кўзидин доғи мастур эрур.

Чун мудом эрнинг майи қошиндадур кофир кўзунг,
Недин эркинким, даме – усрук, даме махмур эрур?

Дилраболар доғи жоним сафҳасида гўиё,
Дард эли ишқим учун муҳр айлагон маншур эрур.

Пар уруб бошингға тутма авжким, ҳар неча мўр
Ким, қанотлонғой қачон учмоқ анга мақдур эрур?!

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб! Невчунким, хом этган тамаъ ранжур эрур.

012Шоирнинг таржимаи ҳолидан маълумки, Хуросон ҳукмдори Абулқосим Бобур 1456 йил охирида пойтахтни Ҳиротдан Машҳадга кўчирганида, у ҳам Машҳадга боради. Навоийга ҳомийлик қилган бу маърифатпарвар ҳукмрон 1457 йили бевақт вафот этганидан кейин Алишер асосан мадрасаларда ва йирик мударрислар қўлида то 1463 йилга қадар билимини ошириш, ижод билан машғул бўлган. Юқорида матни келтирилган ғазални шоир шу йиллар оралиғида бир саҳар вақтида яратган. Аммо асар шу саккиз йилнинг қайси бирида ёзилганини аниқ айтиш қийин.

Шундай бўлса-да, Навоийнинг “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида бу ғазал ҳақида берган маълумотлари асосида ғазалнинг яратилиш санасини тахмин қилиш мумкин.

Аввало, бу асарнинг ўзи тўғрисида қисқача тўхтаб ўтайлик. Паҳлавон Муҳаммад узоқ йиллар давомида “кўраги гилам ҳидламаган”, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонда донг таратган курашчи полвон. У Навоийнинг ўз сўзлари билан айтганда, “қирқ йилға яқин… мусоҳиби жоний (жонажон дўст, улфат) ва маҳрами рози ниҳоний” (яширин сирлардан бохабар, сирдош) бўлган. Ўз замонасининг етук зиёлиларидан бири, барча билимлардан бохабар, маданиятли ва ахлоқан баркамол Паҳлавон Муҳаммад шеъриятни ҳам нозик фаҳм этувчи ва юксак қадрловчи бўлган.

Навоий ана шу фозил вафотидан кўп ўтмай 1493 йили унинг хотирасига махсус асар яратиб, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” деб атайди. Бу асарда у Паҳлавон Муҳаммаднинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти ҳақида, инсоний фазилатлари ва хислатлари хусусида кўтаринкилик билан сўз юритади, ўзининг узоқ йиллар давомида бу фозил билан олиб борган дўстона муносабатлари, учрашув-суҳбатларини қоғозга туширади. Паҳлавон Муҳаммаднинг ноёб қобилиятлари жумласига ниҳоятда ўткир зеҳн ва фавқулодда хотира қуввати соҳиби бўлганлигини алоҳида таъкидлайди. Бу фикр далили учун юқорида матни келтирилган ғазал тарихига доир бир қизиқ воқеани баён қилади.

“Анинг (Паҳлавон Муҳаммаднинг) зеҳн ва закоси латофатидин ва ҳофизаси тезлиги ва зарофатидин бир неча калима хотирға келур”, – деб ёзади шоир ҳамда Машҳадга келгач, “мафосил марази тори бўлуб” (яъни, бўғинлар зирқираши касалига мубтало бўлиб), ётиб қолганида Машҳадда бўлган Паҳлавон Муҳаммад “ҳар кун қадам ранжа қилиб… қоидаи шафқат ва ёрлиғ ва тариқи муҳаббат ва ғамхорлиқ бажо” келтиришини мамнуният билан ёдга олади. Тиббиёт илмидан, хусусан, уқалаш билан даволаш усулидан яхши хабардор бўлган Паҳлавон Муҳаммад табиблар кўрсатмасига кўра кунда келиб ётиқлиқ шоирни даволай бошлайди. Шундай кунларнинг бирида…

Навоий бундай хотирлайди: “Қазоро (тасодифан), бир кунким, саҳаре фақир бу шеърни айтиб эрдиким, матлаи будурким:

Ҳар қаён боқсам кўзумға ул қуёшдин нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар ул ой манга манзур эрур.

Ва бу шеър етти байт эрди ва мусаввада қилиб жайбимға (чўнтагимга) солиб эрдим ва ҳануз кишига ўқумайдур эрдим ва кўрсатмайдур эрдим”. Саҳарда ғазал битилган куни ҳам, кейинги кунлари ҳам Паҳлавон Муҳаммад келиб Навоий баданини уқалашни давом эттирган. Навбатдаги келганида, одатдагидек, у адабиётдан суҳбат бошлайди, туркий шеъриятнинг буюк намояндалари ҳақида мулоҳазаларини айтади. Шу аснода у Са йид Насимий шеърларини мақтаб, намуна сифатида “юқори битган байтни ўқудиким, фақир бу саҳар айтиб эрдим, – деб ёзади Навоий. – Чун матлаъни ўқуди, ўзга абъётин ҳам мутаоқиб (тўхтатмай) баён қилди ва тахаллусиким, бу навъ воқеъ бўлубтурким:

Гар Навоий сиймбарлар
васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб! Невчунким,
хом этган тамаъ ранжур эрур.

“Навоий”ни “Насимий”га тағйир бериб ўқуди ва филвоқеъ бу байтда “Навоий” лафзидин “Насимий” лафзи муносиброқдур ва фақир мутаажжиб бўлдум. Оҳистароқ илгимни жайбимға элттим ва мулоҳаза қилдим: ўзум битиб жайбимға солғон мусаввада мавжуд эрди – ҳайрат ва таажжубим ортти”.

Чиндан ҳам, ҳар қанча ҳайратланиб, таажжубланса арзийдиган воқеа юз берди. Навоий бир саҳарда ёзиб ҳали ҳечкимга кўрсатмаган ғазални ўтган асрларда қалам тебратган Насимийга нисбат бериб Паҳлавон Муҳаммад оқизмай-томизмай пайдарпай ўқиб бермоқда. Шубҳага борган Навоий билдирмай чўнтагига қўлини солиб кўради: ғазал битилган қоралама қоғоз ўз жойида турибди.

“Ва Паҳлавон, – ўқиймиз хотирада, – …ул шеърнинг абётин мукаррар (қайта-қайта) ўқур эрди. Ва бу фақир бетаҳаммул бўлуб (чидаёлмай) сўрдумким, ул иш кайфиятин маълум қилгаймен. Ул ўзин йироқ тутти ва ўз сўзида русух (қатъийлик) кўпрак зоҳир қилди. Фақир муболаға қилғон сойи Паҳлавон ҳам муболаға кўргузди. Зарурат юзидин сўрдумким:

–Бу шеърни қачон ёд қилиб тутуб эрдинг?
Дедики:
–Ўн икки йил бўлғайки, Бобур Мирзонинг мажлисида бу шеър ўтар (ўқилар) эрди, менга бағоят хуш келди, битиб олиб ёд туттум”.

Бу суҳбат эртасига ҳам Паҳлавон Муҳаммад келганида давом этади. Навоийнинг қизиқиши ортгани сари у: “Мендан бош қалар ҳам бу ғазални ёд биладилар”, деб оловни ёқаверади: “Ул вақтки, мен бу шеърни ёд туттум, куштигирлардин полвонлар ҳам нечаси бор эрдилар, улар ҳам ўргандилар, – деб уч-тўрт… куштигирники, анинг била келиб эрдилар, тилаб дедики: “Ўқунг, андоқки, менинг била ўрганиб эрдингиз!”. Алар дағи пайдарпай равон ўқудилар. Фақирға таажжуб устиға таажжуб воқеъ бўлди ва Паҳлавон сўзи сидқида муболаға қилур эрди. Агарчи муболаға ҳожат эмас эрди, невчунким, сидқи даъвосида неча тонуқ (гувоҳ) ҳам ўткарди…”

Шу тариқа, Навоийни ишонтириб таажжуб ва ҳайратга сол ган Паҳлавон Муҳаммад, кейинчалик маълум бўлишича, ҳазиллашган экан. Навоий бу ажойиб воқеа давомини шундай баён қилади: “Оқибат андоқ маълум бўлдиким, эгнимни улайдурғонда (баданимни уқалаётганда) жайбимда қоғоз кўрубтур, оҳисталик била ул қоғозни чиқориб кўрубтур ва маълум қилибдурки, ушбу яқинда айтилғон шеърдур. У қоғозни очиқ ёнида қўюбдур ва ёд тутубдур ва чирмаб, жайбимға солибдур… Оқшомки, такъясиға (ётоқхонасига) борибдур, куштигирларига таклиф била ўргатибдур ва буюрибдурки, эҳтимоми тамом (интилиш) била такрор қилибдурларки, равон ўқур чоғда равон ўқуғайлар!”

Юз берганидан ўттиз-ўттиз беш йил кейин бутун тафсилоти билан баён қилинган бу қувноқ воқеа аслида Паҳлавон Муҳаммаднинг ноёб қобилияти, ўткир хотираси ҳамда унинг ҳазилга мойил табиати мадҳида бўлса-да, воқеага туртки бўлган ғазал хусусида ҳам айрим хулосалар чиқаришга имкон беради.

Аввало, Навоийнинг ўзи бир неча бор таъкидлаганидек, ғазал бир саҳар вақтида – тонг илҳоми билан ёзилган. Бу улуғ Навоийнинг юксак шоирлик иқтидорининг, бир ўтиришда ҳар жиҳатдан мукаммал шеърни якунлай олиш қобилиятининг ишончли далили бўла олади. Иккинчидан, Навоий Машҳадга етиб келганидан кўп ўтмай хасталаниб ётганида (“… анда (Машҳад назарда тутилади) етгандин сўнгра мафосил марази тори бўлуб…”) ғазал битилган ва у билан боғлиқ кулгили воқеа юз берган. Шунга кўра, ўйлаш мумкинки, ғазал 1458-59 йили ёзилган. Бу ҳисоб қабул қилинса, уни шоир 17-18 ёшларида яратган бўлиб чиқади.
Энди ғазалнинг ғоявий-бадиий мундарижаси хусусида ҳам қисқача тўхтаб ўтайлик. Бошланма байтда фақат асли арабий бўлган “манзур” сўзини изоҳлаш кифоя – қолган сўзларнинг барчаси тушунарли ва шарҳга муҳтож эмас. “Манзур” – назарга тушиш, кўриниш маъносида. Демак, лирик “мен” – ошиқ тилидан битилган мисраларда маъшуқа жозибаси, ҳусни қуёш ва ойга тенглаштирилади, ошиқ фикри-зикрини унинг сиймоси мафтун этганлиги эътироф қилинади.

Маъшуқа васфини лирик “мен” кечинмалари билан уйқаш ифодаловчи бу ғазалнинг иккинчи байтида ирсол ул-масал бадиий санъатининг, яъни мақол-маталлардан фойдаланиб, мазмунни ёрқин очишнинг гўзал намунасини кўрамиз:

Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ не суд?
“Мушк исин ёшурса бўлмас!”. Бу масал машҳур эрур.

Шарқ шеъриятида тимқора ва ўткир хушбўй мушк – маъшуқа сочининг рамзи. Унинг сочи ошиқларга зулм – мафтун, асир этиши билан шуҳрат тутган, бу ҳақиқатни яширишдан не фойда? Ахир халқда “Мушк ҳидини ёшириб бўлмайди!” деган мақол машҳур-ку! Байт мазмуни ана шундай. Тажниси том бадиий санъати асосига қурилган сўз ўйини ҳам байтга алоҳида файз бағишлаган. Гап шундаки, биринчи мисрадаги “масал” сўзи мақол маъносида келган иккинчи мисрадаги “масал”дан фарқли ўлароқ, “довруғ таратди, шов-шув қўзғади, машҳур бўлди” маъноларини билдиради. Ғазалнинг кейинги байтида эса халқ оғзаки ижодиётидаги “пари” ва “девона” тимсолларига ишора орқали ошиқнинг маъшуқадан айру ҳолати ва кечинмалари ёрқин очилади:

Телбарармен то ани кўрмон, ажойибдур буким,
Ул пари девона кўзидин доғи мастур эрур.

“Мастур” бу байтда яширинган, бекинган маъноларини билдирадики, халқ ривоятларида парилар худди шундай тасвирланади.

Чун мудом эрнинг майи қошиндадур кофир кўзунг,
Недин эркинким, даме – усрук, даме махмур эрур?

Биринчи мисрада Навоий қадимий соф туркий “эрн” сўзини ишлатади. У “лаб”, демакдир. Маъшуқага қаратилган байтнинг мазмуни: раҳм-шафқатсиз кўзинг (“кофир” шу маънода ишлатилган) доимо лабинг майи қошида. Худди шунинг учун ҳам у кўзлар дам масту аласт, дам хумордир. Мисраларда шоир қўллаган таносуб бадиий санъатини ҳам қайд этайлик. Май мастликни, кўз эса хуморликни тақозо қилмоқда.

Дилраболар доғи жоним сафҳасида гўиё,
Дард эли ишқим учун муҳр айлаган маншур эрур –

байтидаги “муҳр” ва “маншур” сўзлари ўша XV аср воқелигига ишора этади. Гап шундаки, “маншур” сўзи “кенг тарқалган, шуҳрат тутган, ёйилган” маъноларидан ташқари “давлат ёрлиғи, муҳим расмий ҳужжат” мазмунида ҳам қўлланилади. Байтда худди шу иккинчи маънода ишлатилган. Шу тариқа, бу мисраларда ошиқ: дилраболар жоним саҳифасида қолдирган доғ дард аҳлининг менинг ишқимни тасдиқлаб ёзган маншурига қўйилган муҳрдир, демоқчи. “Доғ” сўзининг икки: ҳам шаклан муҳрга ўхшаш куюк жой, қора белги ва ҳам қайғу-кулфат маъносида қўлланилганини айтиш ўринлидир.

Навбатдаги байт мазмунан мустақил: унда маъшуқа таърифу мадҳини ҳам, ошиқ изтиробларини ҳам кўрмаймиз. Мисралар замирида ўқувчига одоб-ахлоқ юзасидан, жамиятда ўзини тутиш борасида сабоқ берилади, уни ҳушёр торттиради:

Пар уруб бошингға тутма авжким, ҳар неча мўр
Ким, қанотлонғой – қачон учмоқ анга мақдур эрур?!

Ғазалхонга қаратилган бу мисраларда таъкид оҳанги устун. Аввало, “пар уруб” бирикмасига сингдирилган мазмунни аниқлаб олайлик. Унда “ҳаволанмоқ, ғурурга берилмоқ, ўзига, куч ва имкониятларига бино қўймоқ” мазмуни ифодаланган. “Мақдур” эса арабий сўз бўлиб “тақдирда битилган, олдиндан белгиланган” маъноларини билдиради.

Демак, байтда: сен ғурурга берилиб ҳаволанишга интилма, ахир чумолига (“мўр”) қанот битганида ҳам қачон юксак парвоз қилиш имкони бўлган? – дейилмоқчи. Айни замонда, биринчи мисрадаги “пар” сўзи “қанот”ни ифодалашини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.
Ниҳоят, якунловчи байт:

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб! Невчунким, хом этган тамаъ ранжур эрур.

Бу байт моҳиятида ўқувчига қаратилган панд-ўгит бор: хомтамаълик ғам-ғусса келтириши аниқ. Шу боис, дейилади биринчи мисрада, гўзаллар васлини истаб азоб-уқубат тортиш табиий.

Ишқ-муҳаббат мавзуини юксак маҳорат билан бадиий талқин этувчи бу ғазал улуғ шоирнинг йигитлик йиллари ижодининг етук намунаси сифатида ҳам, яратилиш тарихи нисбатан аниқлиги жиҳатидан ҳам эътиборга лойиқдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 7-сонидан олинди.

МАТНШУНОС АЛЛОМА
02

02Чин маънода аллома, кўп асрлик бой адабиётимизнинг катта билимдони ва тарғиботчиси, йирик матншунос Порсохон Шамсиев ҳаётда ниҳоятда камтар, содда очиқчеҳра ва хушулфат инсон эди. Мен 1953 йили университетни битиргач, омадим бор экан, йигирма йил давомида шу улуғ олим билан бир хонада ёнма-ён ўтириб, уларнинг илмий суҳбатларидан, панд-ўгитларидан баҳраманд бўлганман, юксак инсоний фазилатларидан, шарқона одоб-хулқларидан, тавозеъ-лутфларидан ибрат олишга интилганман.

“Юздан бири… Ўндан бири…”

Порсохон домланинг илм ва ижод аҳли ўртасида обрўси катта эди. Хусусан, устоз Ғафур Ғулом билан яқин дўст, қадрдон улфат эди. Шарқ фалсафаси ва шеъриятининг, биринчи галда, мумтоз адабиётимизнинг бу икки билимдони қачондан дўст тутингани менга номаълум, аммо ўтган асрнинг 30-йиллари охирларида Навоий таваллудининг 500 йиллигини ўтказиш давлат комитетида ҳамкор бўлганликлари аниқ. Бу йиллари домла ва Ғафур Ғулом Навоий асарларини нашрга тайёрлаш бўйича самарали фаолият кўрсатдилар. 50-йиллар бошларида Ғафур Ғулом Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида домла ишлаётган бўлимга раҳбарлик қилган. 1953 йили Домла Ғафур Ғуломнинг “Танланган асарлари”ни, 1956 — 1957 йиллари эса асарларининг уч жилдлигини нашр эттирган.

Ғафур Ғулом Порсохон домла билан суҳбатлашиш ниятида, мудирликни топширганидан кейин ҳам, бўлимга тез-тез келиб турарди. Суюкли халқ шоирининг иқтидорига юқори баҳо берган домла, айни замонда, унинг баъзан замонасозлик қилишга мажбур бўлишини ҳам тўла ҳис этарди. Ўйлаш мумкинки, узоқ йиллар давомида сирдош бўлган домлага Ғафур Ғулом ўз юрагини тез-тез бўшатган, кўндаланг муаммолар қаршисида ўзининг мажбурий ожиз эканлигини яширмаган, очиқчасига дардлашган.

Бундай хулосага домланинг Ғафур Ғулом вафотидан кейин айтган қуйидаги гаплари тўла асос беради:
— Абдулғафур чиндан ҳам буюк истеъдод соҳиби эди. У катта ва табаррук мерос қолдирди. Аммо, минг афсус, айтиши мумкин бўлган сўзларнинг юздан бирини ҳам айтолмай, ёзиши мумкин бўлган асарларнинг ўндан бирини ҳам ёзолмай кетди…

Махсус илмий-тадқиқотнинг лўнда хулосасидек жаранглаган бу эътироф ўзининг фавқулодда чуқур мазмуни билан Ғафур Ғуломни, назаримда, бениҳоят улканлаштириб юборади. Ҳар қачон устознинг адабиётимиз ривожига қўшган катта ҳиссаси ҳақида сўз борганида, Порсохон домланинг куюнч билан айтган ана шу сўзлари мени ҳаяжонга солади…

“Қарилик гашти”ми ёки ташвиши?

Илмий жамоанинг энг ёши катталаридан бири бўлган домла умрининг охиригача институтдан ажралмадилар, қариган бўлишига қарамай самарали фаолиятда бўлдилар. Домланинг табиати жуда нозик эди. Асли хушфеъл, хушсуҳбат домла онгли-онгсиз қўпол ҳатти-ҳаракатлардан озор чекардилар, мантиқсиз гап-сўздан ўзини четга олардилар, “қизил” хитоб-даъватлардан ижирғаниб, хуноб бўлардилар. Ҳар бир сўзнинг маъно-моҳиятини чуқур билган домла матндаги нуқсон ва ғализликларни тузатишдан эринмас, биз ёшларни ҳам шунга ўргатардилар.

Домланинг назаридан ўтган матндан кўнглимиз тўқ бўларди, чунки устоз ҳар бир жумла-иборанинг мантиқий-илмий асосланган бўлишини, услубнинг содда ва равшанлигини талаб қилардилар.
Кунларнинг бирида вилоятдан келган меҳмоннинг “Қарилик гаштини суриб юрибсизми?” дейиши домлани қаттиқ ранжитганига гувоҳ бўлганман. Домла бутун Шарқ адабиётида, жумладан, мумтоз ижодкорларимиз меросида қариликдан шикоят, уни умрнинг сўнгги босқичи эканлигидан надомат, кексаликнинг жисмоний-руҳий азоб-уқубатларидан нолиш жуда кўп учрашини таъкидлаб: “Ҳазрат Навоий қариликни тузалмас хасталик” деганлар, деб қанча далилларни келтирдилар. Худди ўша кезлари домла Алишер Навоий ўн беш жилдлиги учун “Маҳбуб ул-қулуб” асари ва унинг соддалаштирилган матнини нашрга тайёрлаш ишини якунлаган эдилар. Ғаладондан тайёр матнни олиб, Навоийнинг қарилик ҳақидаги мана бу сўзларини ўқиб бердилар:
“Қарилик — йигитлик соғлиғининг хасталиги. Қарилик кунлари хушчақчақларни ношод қилиб, киши қаддини букчайтиради ва умр билан хайрлаштиради. Юксаклик хаёли бошдан йўқолади, ҳасрат ва надомат ёшининг сели бадан қасри деворини йиқитади…”

Қарилик ва унинг мумтоз адабиётимиздаги талқини мавзуи ўша йиллари ёши етмишлар атрофида бўлган домланинг “қизиқиш доираси”да турганлиги орадан икки-уч йил ўтгач, яна бир бор тасдиқланди. Домла “Хазойин ул-маоний”нинг тўртинчи девони — “Фавойид ул-кибар”дан қариликдан дардли шикоят мазмунида ёзилган:

Оқара бошлади бошу
тўкула бошлади тиш,
Сафар яроғини қилғилки,
тушти бошингга иш —

байти билан бошланувчи ғазални кўчириб келиб, ўқиб бердилар, улуғ шоирнинг бадиий топқирлигига тасаннолар айтдилар. Айниқса, ғазал таркибидаги мана бу байтлар домлага кучли таъсир кўрсатганлиги товушларидан ҳам билиниб турарди:

Йигитлик ўлди баҳору куҳулат ўлди хазон,
Деган бу сўзни — қарилиғни қишга ўхшатмиш.

Не қиш нашоти манга қолди, не хазон, не баҳор,
Баҳорима чу хазон қўйди юз, хазонима — қиш.

На турфа ишки, биров чун ториқти умридин,
Деса:”Узун яша!” — қарғишдур анга бу алқиш.

Қариликнинг бу каби талқини қаршисида “қарилик гаштини суриш” ҳақидаги даъватлар домлага батамом мантиқсиз жаранглаши табиий эди…
“Меҳнат — роҳат” ибораси ҳам домланинг ғашига тегарди. У пайтлари бу ибора тарғибот-ташвиқот руҳида жуда кўп қўлланиларди, деярли ҳар бир йирик районда шу номли колхоз бор эди. Домланинг (умуман, ўтмиш тарихимиздан хабардор ҳар бир зиёлининг) эътирозига сабаб шу эдики, аслан арабча бўлган “меҳнат” сўзи минг йиллар давомида “роҳат” сўзининг акс маъносини ифодалаб келган. Мумтоз адабиётимизнинг, беистисно, барча намояндалари бу сўзни ўрнига кўра “азоб-уқубат, дард-ҳасрат, алам-заҳмат, кулфат-машаққат” каби ўта салбий мазмунни ифодалашда қўллаб келганлар.

Табиийки, Навоий ижодида ҳам худди шу мазмун турли товланишларда “меҳнат” сўзи билан ифодаланган. Домла профессор С.Иброҳимов билан ҳамкорликда тузган “Навоий асарлари луғати”да “меҳнат” сўзига “машаққат, оғирчилик” деб изоҳ берганлар ва далил сифатида Навоий шеъриятидан “шоми ҳижрон меҳнатин” (“ҳижрон шоми азоб-уқубатлари”) ҳамда “замона меҳнатидин” (“замона кулфату зулмидан”) бирикмалари ўрин олган байт-мисраларни келтирганлар. Бу мавзудаги шахсий суҳбатларнинг бирида эса Бобурнинг:

Неча бу фалак солғуси ғурбатқа мени,
Ҳар лаҳза тугангусиз машаққатқа мени.
Не чора қилай, нетайки, Тенгри гўё
Меҳнатни менга ёратти, меҳнатқа — мени

рубоийсини таҳлил этиб, Бобур ижодида ҳам “меҳнат”нинг асло “роҳат” эмаслигини, балки, аксинча, худди улуғ Навоий ва бошқа аллома-ижодкорлар меросларида бўлганидек, мазмунан “машаққат”, “азоб-уқубат”, “дард-кулфат” эканлигини тушунтирган эдилар.

“Лафзинг пок қилким!”

Нимадир баҳона билан ходимлардан бири уйида дастурхон ёзди. Домла бошлиқ тўрт-беш киши бўлиб бордик. Қуюқ-суюқ таомлардан олдин ҳам, кейин ҳам анча вақт гурунглашиб ўтирдик. Суҳбат шеърият, бадиий санъатлар, ижодкорларнинг топқирлиги устида борарди. Бундай хос йиғинларнинг деярли барчасида бўлганидек, Бобурнинг:

Ўз фасли, ёр васли, дўстларнинг суҳбати,
Шеър баҳси, ишқ дарди. Боданинг кайфияти
…Гар бу уч ишни мувофиқ топсанг ул уч вақт ила,
Мундин ортуқ бўлмағай, Бобур, жаҳоннинг ишрати —

байтлари ўқилди. Домла бу гўзал байтларнинг яратилишига Навоийнинг:

Бодаю ишқу шабоб айёмию фасли баҳор,
Панд нетсунким, эрур ошуфталиғлар чоғи —

каби мисралари туртки берган бўлиши мумкин, деган тахминни айтдилар. Бу фикрни қувватлаб даврадагилар ҳам бир неча далиллар келтиришди. Гап айланиб суҳбат одоби, ширинсўзлиликка кўчди. Айниқса, “Маҳбуб ул-қулуб”да бу мавзуда кўп панд-насиҳатлар битилгани айтиб ўтилди. Бу асарнинг ҳар бир жумласини “ғалвирдан ўтказган” домла уни одоб-ахлоқ қомуси деб баҳоладилар. Бу асарда олға сурилган юксак инсонийлик, одамийлик мезонига Навоийнинг ўзи тўла-тўкис амал қилганлигини таъкидлаб, домла Хондамир асарларидан ва бошқа тарихий манбалардан кўплаб ҳаётий воқеалар, нақл ва ривоятлар келтирдилар. Улуғ шоир ҳаётда ниҳоятда покиза ва хушулфат, софдил ва нозиктабъ бўлганини, суҳбатдошига лутфи иноятлар кўрсатиб, очиқюз ва меҳрибонлик билан муомала қилганини сўзлаб, ижодида ҳам ўқувчини шунга даъват этганини мисоллар билан далиллаб бердилар. Бу мавзудаги жуда кўплаб ўгитлари жумласида домла мутахассислар етарли эътибор бермаган мана бу байтни ёд ўқидилар:

Пок лафз айтурға лафзинг пок қилким, ҳайфким,
Яхши сўз боринда сургай нуктаи мазмум оғиз.

Навоий ҳикматлари жумласидан ўрин олишга лойиқ бу мисралардаги “нуктаи мазмум” бирикмасини домла “яхши сўз” иборасининг зидди бўлган “сўкиш, ҳақоратловчи, одобсиз, беҳаё сўзлар” деб изоҳлаб, улуғ шоир “пок лафз” — хушмуомалага даъват қилаётганига эътибор қаратдилар. Худди шу даврада домла Навоийнинг халқ мақоллари даражасидаги қуйма ва пурмаъно “Қолмамиш қўзғолмайин, кимки бировни қўзғамиш!”, “Кимки, — ул эгри қадам урди — иши келмади ўнг” ва “Айб эрурки, аҳли дониш қилса нодон бирла баҳс” каби ўгитларини ҳам ёд ўқидилар.

Бу самимий давра суҳбати мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий шахсияти ва мероси бўйича бирор китоб-дарсликда битилмаган маълумотлар билан биз ёш ходимлар билимини бойитди. Ўшанда Навоий асарларининг луғатини тузган домла луғат нашрига кирмай қолган “шерик” ва “ўртоқ” сўзларининг шоир меросида мавжудлигини ва бу сўзлар худди ҳозирги маъно-мазмунда қўлланилганини айтган эдилар. Кейинчалик мен “Фавойид ул-кибар” девонидан домла маълумотини тасдиқловчи мана бу байтни учратдим:

Ишқ аро Фарҳод ила Мажнун шерикимдур, вале,
Дарду ғам чекмакка менга йўқ бу икки ўртоғим.

Дастурхон атрофида фақат илмий суҳбат эмас, ҳазил ва чиройли лутфлар ҳам бўлиб ўтди. Улардан бирида домла гап орасида ўртадаги бодомдан бирини олиб, қўллари билан чақмоқчи бўлдилар — чақилмади. Яна бирини олиб, иккаловини устма-уст қўйиб эзишга ҳаракат қилдилар — бўлмади. Оғизларига солиб анча айлантирдилар — қаттиқлик қилди. Кўнгиллари кетдими, ҳар ҳолда, кўп уриндилар, барибир, иккинчиси ҳам, учинчиси ҳам чақилмади. Бўлиб ўтаётган гап-сўзларга диққат билан қулоқ тутаётган соҳиби дастурхон беихтиёр кузатиб ҳам турган экан:
— Қўйинг, домла, уринманг, — деди кулги билан. — Силлиқ бўлиб кетганидан билингки, неча меҳмон қанча тиришиб уларни чақолмаган. Ҳатто академиклар ҳам уддалай олмаган. Ҳамид Ораслий домла ҳар келганларида ҳаммасини бир-бир оғизга олиб, қайтиб қўйганлар.

У дик этиб ўрнидан турди-да, бодомни ликопчаси билан кўтариб, дам ўтмай болғада чақиб келди. Мағзини ажратиб олиб домла ва бошқа меҳмонлар олдига қўйди. Мағиздан бир-иккисини еган Домла қолганини ўртага сура туриб:
— Чиндан ҳам Ораслий домла шимиб кўрган эканлар — шундоққина нефт мазаси анқиб турибди, — деб лутф қилдилар. Ҳамма кулиб юборди. Ҳамид Ораслий Озарбойжон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, ўзбек адабиётшуносларининг яқин дўсти бўлиб, ўша кезлари Навоий комитети анжуманларида қатнашиш учун илмий маърузалар билан Тошкентга тез-тез келиб турарди. У киши домланинг докторлик диссертациясини ёқлаганларида оппонентлик қилиб, тадқиқотга жуда юқори баҳо берган эди.


“Бор чойдан!..”

Кимнингдир йигирмасига тўпланишиб бордик. Ўтирдик, “Қуръон” тиловати бўлди. Ҳали фотиҳа тортилмаган ҳам эдики, биздан олдинги қаторда ўтирганлардан бири дағал овоз билан:
— Ҳе бола! Бу чойингни обор, аччиқ қилиб кўк чой дамлаб кел! Ма! — деб хизматда юрган йигитларнинг бирига янги келтирилган чойнакни тутқазди. Буни кўриб — эшитиб ўтирган домланинг жаҳллари чиқди, бир ижирғаниб қўйдилар.

— Ҳой, болам! Ўша чойнакни буяққа беринг! Баракалла! — дедилар атайлаб ҳаммага эшитиларли қилиб. Орадан бироз вақт ўтар-ўтмас олдинги сафдан яна ўша дағал овоз қулоққа зарб билан урилди:
— Кўк чой дедим-ку, кўк! Йўқ, қораси бўлмайди!

Бизнинг қаторда ўтирганларнинг энг ёши мен эдим. Домла менга қарата зарда билан:
— Ресторанга борганда ҳам меню бўйича буюртма берилади. Бу жой ресторан ёки куёвчақириқ эмас. Бор чойдан ичаверинг! — дедилар олдинги сафга ҳам эшитиларли қилиб.

Ош тортилди. Ҳар дақиқада “Чойила борми? Камчилик йўқми? Чой келтирайми, қанақасидан?” дея хизматда юрганларнинг бирига орқа сафдан кимдир илтимос оҳангида:
— Бор чойдан бир чойнак қўйиб кетинг! — деб мурожаат қилгани қулоққа чалинди.
“Ҳа, бор чойдан!” — дилимизда қайтардик бизлар ҳам…

“Бу сўнггиси бўлмасин!..”

Институт илмий жамоаси ихчам, аммо аҳил, ишчан эди, ходимлар ўртасида ўзаро иззат-ҳурмат руҳи ҳукмрон бўлиб, ҳазил-ҳузул ва самимий муносабат катта-кичикни дўстлаштириб юборган эди. 50 — 60-йиллари ходимлар томонидан ҳазил йўсинида “Кўндирбюро” ва “Ундирбюро” деб аталувчи “ташаббускор гуруҳлар” иш олиб борарди. Порсохон домла, Ҳоди Зариф, Ҳомил Ўқубов, Зокир Маъруфов, Абдулла Олимжон каби катта авлод олимлар бу “бюро”ларнинг фаоллари эдилар. Порсохон ака билан Ҳоди Зариф каби обрўли, сўзи ўтадиган домлалар ҳар иккала “бюро”да етакчилик қилишган. Бирор хурсандчилик муносабати билан унга алоқадор шахсларни “эритиш” — “бюро”ларнинг бош мақсади эди.

Диссертация муҳокамадан ўтиб, ёқлаш учун тавсия этилиши, кимнингдир фарзанд ёки набира кўриши, китоби босилиб чиқиши, унвонга сазовор бўлиши, янги уйга кўчиши каби шодиёна сабаб воқеалар муносабати билан, аввало, “Кўндирбюро” ишга киришар, алоқадор ходимни бир зиёфатга кўндириб ваъдасини оларди. Бу биринчи — бироз енгилроқ босқич эди. Ишнинг оғирлиги “Ундирбюро”га тушарди. Зиёфатга кўниб, ваъда берган шахс кейинчалик кўпинча тихирлик қиларди, баъзилар очиқдан-очиқ қочиб юрарди. “Ундирбюро”, барибир, бўш келмасди… Биз ёшлар ҳам ора-сира бундай ўтиришларга аралашиб турардик, югурдаклик қилардик, баъзан ўзимиз ҳам қўлга тушиб қолардик. Завқ-шавқ билан қадаҳ сўзлари ҳам айтиларди. Ҳоди Зариф домланинг сўзлари жуда узун бўларди, баъзан илмий маърузага ўхшаб кетарди, даврадагилар энтикиб қолишарди. Кўпинча нима сабаб-баҳона билан йиғилингани эсга ҳам олинмасди. Порсохон домла, аксинча, гапирмас эдилар. Ҳеч иложи бўлмаганда, доимо ўрисча аралаштириб, “Бу предпоследный бўлсин!” дердилар пиёлани кўтариб, қисқагина.

Биз — ёшлар домланинг бу пурмаъно қадаҳ сўзларига қойил қолардик ва “бу сўнгги қадаҳ, сўнгги зиёфат, сўнгги китоб, сўнгги мукофот бўлмасин, яхшиликлар, улфатчиликнинг охиргиси бўлмасин!” деб тушунардик…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004-йил 6-сонидан олинди.

04

06Абдурашид Абдуғафуров — (1931-2005) — адабиётшунос, матншунос. Ўзбекистон Республикаси фан арбоби (1999), филол. фанлари д-ри (1970), профессор (1979). Ўрта Осиё давлат ун-тининг филол. ф-тини тамомлаган (1951). Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-тида катта илмий ходим, етакчи илмий ходим, бош илмий ходим (1958-76; 1981-92), бўлим мудири (1992 й.дан). Ўзбекистон ФА Президиуми қошидаги Чет тиллар кафедраси мудири (1977—81). Абдурашид Абдуғафуровнинг ўзбек мумтоз адабиётининг муҳим илмий-амалий масалаларига бағишланган «Ўзбек демократик адабиётида сатира» (1961), «Навоий сатираси» (1-жилд, 1966), «Навоий ижодида сатира» (2-жилд, 1972), «Зокиржон Фурқат» (1977) каби йирик монографиялари бор. Муқимий, Завқий, Камий, Бобур, Машраб каби қатор ижодкорлар асарларини нашрга тайёрлаган. Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1992).

04

05
ЗАБАРДАСТ ОЛИМ ЭДИ
Нусратулло Жумахўжа
06

Дўстим Султонмурод Олимов билан фан номзодлиги илмий даражасини олиш учун форс тилидан имтиҳон топшириш мақсадида Фанлар академиясининг хорижий тиллар кафедрасига борганимизда бизни баланд бўйли, барваста гавдали, оқ юзли, мўйсафид бир домла қарши олган эди. Домланинг оқ кўйлак, оқ шим ва оқ туфлиси қиёфасининг кўркамлигини чандон оширганди. Савлат ва салобатига у ўтириб ишлаётган ёзув столи кичиклик қиларди. Бу филология фанлари доктори, профессор Абдурашид Абдуғафуров эди.

Домла биз билан батафсил суҳбатлашди. Ёшлигимиздан икки тилда сўзлашиб ўсган ва бунга қўшимча университетда форс тилини изчил ўрганганимиз боис, саволларга биримиз олиб-биримиз қўйиб, бийрон-бийрон жавоб беришимиз форс тилини китобдан ўрганган домлани хийла шоширган бўлса, ажаб эмас. Бироқ устоздаги вазминлик сир бой бермасди. Домладан бир муддат таҳсил олгандан сўнг, имтиҳондан ўтиб, илмий ишларимизга киришиб кетдик.

Кейинчалик Абдурашид ака билан кўп йиллар ЎзРФА Тил ва адабиёт институтида бир хонада ўтириб ишлашимизга тўғри келди. Домладан кўп нарса ўргандик. Ўзбек адабиёти тарихининг забардаст тадқиқотчиси А.Абдуғафуровнинг Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муқимий, Фурқат, Огаҳий ва бошқа ижодкорлар тўғрисидаги ўнлаб китоблари, юзлаб мақолалари адабиётшунослигимиз тарихида сезиларли из қолдирган. А.Абдуғафуров меҳнатсевар, ўта синчков, толмас тадқиқотчи эди. У ўзбек адабиёти тарихининг дунё миқёсида ўрганилишини кузатишга ҳаракат қиларди.

Айни пайтда, ўзининг бирор фикрини асослашга ё бирор муаммони аниқлашга бир мисра, сўз ёки далил зарур бўлиб қолса, масалан, Алишер Навоийнинг бепоён меросини сатрма-сатр текшириб чиқишдан эринмасди, иш столида узоқ ва муттасил ўтириб ишлаш иродаси ибратли эди. Олимнинг фаолияти илмий иш учун истеъдоднинг ўзигина кифоя эмас, балки жисмоний қувватни ҳам бўйсундириш зарур, деган ҳикматни ифодалаб турарди. У ишга келган кунлари, ҳатто тушликка чиқиб ҳам соатлаб вақтини бекорга сарфламасди. Кичкина чойнакчада чой дамлаб, уйда тайёрлатиб келган бир чимдим овқат билан тезгина тамадди қиларди-да, бирор партия шахмат ўйнашни хуш кўрарди. Тушлик маҳали, кўпинча, улфатлари ва шахматдаги доимий рақиблари Салоҳиддин Мамажонов ва Наим Каримов кириб келардилар. Шахмат тахтаси атрофида ҳамиша ҳузурбахш ҳангомалар, ҳазил-мутойибалар, бадиий ижод, адабий муҳит, илм-фан ҳақида қизиқарли суҳбатлар бўлиб ўтарди.

Домланинг, одатда, илмий ишларга талабчанлиги боис, баъзилар шундай жиддий одам “Навоий сатираси”, “Навоий ижодида сатира ва юмор” каби тадқиқотларни ёзганлигини тасаввурларига сиғдиришолмасди. Аслида, Абдурашид ака ўрни билан жуда ҳазилкаш, теша тегмаган мутойибаларнинг кифтини келтирарди.

Биз — эшикдан кирганда ўнгда Суйима Ғаниева, тўғрида мен, чап ёнимизда (тўрда) домла — учаламиз бир хонада ўтириб ишлардик. Домланинг рўпараларида бир пиёла чой ичиб, шахмат ўйнаса бўладиган ихчам жой бор эди. Кунлардан бир куни, одатдагидай, С. Мамажонов ва Н. Каримов кириб келишди. Эндигина тамадди қилган домла меҳмонларга жойлашиш учун изн бериб, қўл ювгани чиқиб кетдилар. Меҳмонларнинг жойлашиши қийин бўлди. Азбаройи ўзбекона сертакаллуфликдан улар Суйима опадан юқорига ўтиб кетмасликка ҳаракат қилар, Суйима опа эса уларни тўрга ўтқазишга уринарди. Шу пайт эшикка рўпара бўлган Абдурашид ака ҳануз ким қаерга жойлашишини билмаётганини сезди-да, буюк рус ҳажвчиси Криловнинг машҳур масалидан қуйидаги сатрларни баралла айтиб юборди:

Друзья, как вы не садитесь,
Но в музыкантах не гадитесь!

Гўё эшикдан А.Абдуғафуров эмас, балки Криловнинг ўзи кириб келгандек бўлди. Қувноқ қаҳқаҳа кўтарилди.

Абдурашид муаллим диссертация муҳокамалари ва ҳимояларида қилни қирқ ёриб мулоҳаза юритар, холис нуқтаи назарда турар, илм-фан шаънини қаттиқ туриб ҳимоя қиларди. Енгил-елпи ишлар ҳақида гапирмасликка ва ёзмасликка интиларди. Ҳимоя кенгаши аъзоси сифатида бирор диссертантга овоз беришни истамаса, ҳимояга қатнашмай қўя қоларди. Кўпинча, олис ва машаққатли йўлни босиб келган тадқиқотчилар муҳокаманинг тезроқ ўтишига маҳтал бўлиб қолардилар. Шундай вазиятларда атоқли олимларнинг ташаббусига таяниларди. “Хўш, бу диссертацияни ўқишни истайдиганлар борми, ким ўқийди?”, деган савол ўртага ташланарди. Шундай пайтларда “Мен ўқийман”, дея дадил отилиб чиқадиган мардлардан бири А.Абдуғафуров бўларди ва тадқиқотчининг иши юришиб кетарди.

Илмий-адабий жараёнда баъзан ечимини тополмаётган муаммолар майдонга мардонавор чиқадиган йирик мутахассисларга эҳтиёж туғдиради. А.Абдуғафуров ана шундай марди майдон шахслардан эди. Жамоатчилик олимнинг долзарб муаммоларга бағишланган “Бобир” эмас — “Бобур” каби ўнлаб мақолаларини яхши эслайди.

А. Абдуғафуров улуғвор ёшга етган, тегишли илмий даража ҳамда унвонларга эришган бўлса ҳам, фикран ва руҳан қотиб қолганлар сирасидан эмас эди. У ҳамиша жонли илмий-адабий жараён билан ҳамқадам яшашга ва фаолият кўрсатишга интиларди. Айниқса, ҳар йили нишонланадиган Алишер Навоий таваллуди кунларига қизғин тайёргарлик кўрарди. Илмий анжуманда энг яхши маъруза, айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида энг ёрқин мақола билан чиқишни ўзига бурч ва шараф, деб биларди. Устоз кўпинча бунга эришар ва ўша куни кўтаринки кайфиятда юрарди.

Ўзи Тил ва адабиёт институтидан ташқаридаги адабий гуруҳларга боришга вақтини қизғонса ҳам, уларнинг тафсилотларидан хабардор бўлишга уринарди. Айниқса, Ёзувчилар уюшмаси адабий кенгашларидаги муҳокамаларни ипидан игнасигача сўраб билиб оларди. Бу унинг замонавий адабий жараёнга ҳам жуда ишқивозлигидан далолат берарди. Бунинг яна бир сабаби кейин маълум бўлди. Олим, илмий ишдан ташқари, бадиий ижод билан ҳам шуғулланар экан. Ҳаётининг сўнгги йилларида “ЎзАС”да “Ишонч қўнғироғи” сарлавҳали ҳикояси чоп этилди. Ўзига хос ҳаётий сюжет асосига қурилган мароқли ҳикоя. Бадиий савияси унча-мунча профессионал ёзувчилар асарларидан қолишмайди. Бу унинг бадиий ижод машқида ҳам тобланганидан дарак берарди.

Шундай олимлар билан бир сафда ишлаш биз ёшлар учун фойдали, фахрли, айни пайтда, масъулиятли эди. Улар билан тез-тез фикр алмашиб турардик. Илмий-адабий янгиликлардан бир-биримизни хабардор этардик. Айниқса, институтдан ташқаридаги анжуманлар, ёш шоир ва ёзувчиларнинг чиқаётган янги китоблари ҳақида мен жон деб сўзлаб берардим. Домлага астойдил қизиққан китобчалардан ҳадя ҳам этардим. Домла ҳам менга бир неча нодир китоблар ҳадя этганлар. Устоз фойдали маслаҳатлари, панд-насиҳатларини аямасдилар. Уларнинг маслаҳатлари билан тожикистонлик профессор Раҳим Мусулмонқуловнинг “Ҳажрий – Бобур эмасми?” сарлавҳали мақоласини ўзбек тилига таржима қилиб, “Ёшлик” журналида эълон қилганман. Қалами равонлашгач, одам йўрға бўлиб қолар экан. Бир замон мен ўз соҳамдан ташқари, тил ва имло, тарих, санъат, ижтимоий долзарб муаммолар ҳақида ҳам кўп ёзадиган бўлиб қолдим. Матбуотни кузатиб юрган устоз: “Кучни бир нуқтага уриш керак”, дедилар. Домланинг бу пандлари ҳамма вақт қулоғимда. Қамровни мумкин қадар тизгинлашга ҳаракат қиламан.

Улкан олимлар Абдурашид Абдуғафуров ва Абдуқодир Ҳайитметов чорак асрдан кўпроқ бир бўлимда ишлагандилар. Бу алломалар баъзан илмий муҳокамаларда қаттиқ баҳслашиб ҳам қолишарди. Ана шундай нуқтаи назарлар тўқнашган вазиятларда четдан қараган киши улар илмда келишмас эканлар, деган хаёлга бориши мумкин эди. Бироқ бу икки устоз бир-бирларига суяниб қолган эдилар. Баҳс-мунозаранинг эртаси куни яна самимий кўришиб, ҳамкорликни давом эттирар, кўп масалаларни бамаслаҳат ҳал қилардилар.

Хазон сипоҳи миллий адабиётшунослигимизнинг беназир устунлари — Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Бегали Қосимов, Озод Шарафиддинов, Ботир Валихўжаев, Абдуқодир Ҳайитметов, Абдурашид Абдуғафуровни бирин-кетин фоний оламдан боқий дунёга олиб кетди. Устоз А.Ҳайитметовнинг жанозаларида А.Абдуғафуровни кўрганимда, юзлари заъфарон, ўзлари руҳсиз, мажолсиз эди. А. Ҳайитметовнинг қирқларида А.Абдуғафуровнинг жанозалари хабарини эшитдик. Устозларнинг охиратлари обод бўлсин.


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 19-сонидан олинди.

022

(Tashriflar: umumiy 815, bugungi 1)

Izoh qoldiring