Abduvali Qutbiddin. Uchar gilamga aylantirsam yetti olamni.

055
20 июн — Шоир Абдували Қутбиддин таваллуди куни

Истеъдодли шоир Абдували Қутбиддин  оламни тасвирлар орқали илғаб, унинг жилвагар манзараларини чизишга интилади. Шу боис шоирнинг шеърий ифода услуби – фалсафий мушоҳада, метаморфозаларга уланиб товланади, ўқувчини сирли ва сеҳрли маъво сари парвоз қилишга чорлайди.

07
АБДУВАЛИ ҚУТБИДДИН
УЧАР ГИЛАМГА АЙЛАНТИРСАМ ЕТТИ ОЛАМНИ
Шеърлар
03

УЗУН ЖУМЛА

Ҳасратимни элакдан ўтказиб, оҳ-воҳлашиб табассумга лойиқ
Заррани –
Умрим дарахтини эгиб, шохлари орасидаги
Аррани,
Бошим осмонга теккан пайти завқу шавқим пайдо қилган
Сайёрани,
Хаста отамни елкасига опичлаб, Маккага оборолмаган
Ношуд умидни,
Руҳига монанд севгилисини
Қарғага бериб қўйган йигитни –
Қизилқумда даф этсам…

Самарқанднинг Зомини гузаридан “Каптархона”гача
Мотридлик қоғозчи қоғозларини тарқатсам,
Тўғралу Машрабни ёд билганларга,
Битинг десам ишқ байтларини…

Рафиқамнинг оқ сочларини қорайтирсам битта силашда,
(У унутса шеърбозлигимни).
Иккимиз ҳам йигирма бирда – Регистонда учрашсак тағин…
Ўтқизгунча учар гиламга айлантирсам етти оламни…

Ҳеч ким мени лаққиллатмаса
Ва ҳеч кимдан қолмаса кўнглим,
Устозларим мард турса адл,
Дўстларимдан кетмаса путур…

Ҳувиллайман носоз, қулоқ тутаман,
Буйруқлар беради кимдир ичимда,
Начора,
Бу узун жумлани муҳаббат билан
Чизиб юбораман, шуниси маъқул.
Бағримга қайроқлар осиб кўргайман.
Энди ўзимнимас, қайроқни ўртайман…

ЭПОС

Иҳран… гуёки тўзон… дарахт … абрлар…
Деразада ўтир…
Деразадай…
Бош ирға, сакрасин довул қасдма-қасд…
Синдирсин оқ шуъла тун яримлаб ўтгач…
Оёғингни йиғиб кетсин вақт лашкари…
Кессин қўлларингни япроқлар атай…
Томчидай сирған, томчидай
Томчила, томчилаш имкони бўлса…
Томчила…

ИШҚ МАДҲИ

Дарёи маломат, анда аломатдир,
Ошиқ овворадур, ағёр саломатдир.

Ишқнинг қирғоғида, кўнгил очиб эрдим,
Оғир малолидан, вола чочиб эрдим.

Не қолди-ё, кўрмаги курмак эканму,
Не қолди-ё, ҳалиям муртак эканму?

Гуҳари андуҳми, морбоз саҳар қолмиш,
Садқаи сармикан, шаҳди шакар қолмиш.
Ҳайҳот, азоб сенсан, ҳассоси дард, ман-эй,
Сўнг шароб сенсан, қассоби мард, ман-эй.

Ман-эй, сан-эй, ман-эй, на тошу на кесак,
Ишқдан бирубор бўлсак, ул ишқ учун ўлсак.

АСЛ

Хонишу сайроқ ёқимли, бизга-да асли керак,
Тўтига мартаба қасри, бизга-да васли керак.

Ҳам ону ҳам жон зарур, покдомон имон зарур,
Бош урарға шон зарур, Юсуфи Канъон зарур.

Ки айтибдур, умр моли лаҳадга бир мисқолдир,
Ибтидо-ю, интиҳо йўли чўпчак хаёлдир.

Ким билибдур, шамолнинг борлигин кулбасини,
Ким белгилар юракнинг интизор қибласини.

Ҳар нечук юрмоқ афзал, кезмоққа фалак афзал,
Карахтдан бедор афзал, нафратдан тилак афзал.

Аслида, бари гўзал, гўзалдан гўзал керак,
Зебодан зебо керак, энг тоза асал керак.

Ҳаммага аён тақдир, битиги битилгандир,
Айтсам ҳам, айтмасам ҳам сабоқлар битилгандир.

ЭРДОН СУВЧИ ОҚДАРЁДА ЖОН БЕРДИ…

Пилдирайман, чулдирайман, тиззам чўккан,
Иштихоннинг биқинида,
Оқдарёда –
Қуюн дунё саманидай чопар юрак,
Қум тупроққа юзим теккан,
Оғзим теккан,
Суяклари чуригандай –
Қақшар кўкрак.

Маймун бўлиб юрганим йўқ эди асти,
Хотинчалиш эмас эди бўю бастим.
Милтиқдайдим, шу пайтгача шарақ-шуруқ,
Не касофат нафас олсам, нафас қуруқ.

Эрдон отим, сув тарадим кетмон бўлиб,
Гоҳо ёмғир, гоҳо катта осмон бўлиб,
Гаштакларда гап ташладим султон бўлиб,
Курашларда қўл узатдим сиртлон бўлиб.

Энди эса, сувга пишган мушукдайман,
Икки ёғи нов уланган тешикдайман,
Ажал ниқтаб ўйнаб турган ошиқдайман,
Аталага чўкиб қолган қошиқдайман.

Ўн чақирим қолувдия уйимгача,
Тўрт кун қовди кичкинамнинг тўйигача.
Ўн бир болам сув бўйига келармикан,
Ё этимни эпкин ҳориб тилармикан.

Бу не бало, жон тиришар Оқдарёда,
Икки оёқ икки тараф кетай, дейди.
Каллам тошдай оғирлашар, бедаводай
Қум ковлаган қўлим чуқур кирай, дейди.

Оловдайин тил қайтарган калима ҳам,
Болаларга тушов энди Ҳалима ҳам.
Сув судраса, гум бўлсайдим, қани тезроқ,
Лойқа тўлган хум бўлсайдим, қани тезроқ…

Эрдон отим, пирим дарё – хизмат қилай,
Арвойимни ҳазратимга хилват қилай,
Умр кўппак, қанжиқлигин кўрдим ўзим,
55 да эди ёшим, ҳасрат қилай…

ОЙБУВИ ЭЛМУРОД НАЙМАННИНГ ОТИГА МИНДИ

Чиябўридай алаҳсиб, қоронғуга ўраниб,
Кўзини чақчайтириб,
Олиб кетди Ойбувини Элмурод найман.
Бўридай увлаб бир гала йигит қувлади,
Қаноти етти газ бургутдай учди Ойбувининг укаси.
Ўроқни силталаб, ним яшил ёруғни ўриб,
Қирнинг ўркачига ўтириб олди Қувондиқ кайвони:
– Қувланг!
– Ойбуви Элмурод найманнинг отига минмасин!

Беш тун ўтди, Ойбувининг укаси қайтди,
Кўзи қип-қизил. Сўзи қип-қизил.
– Элмурод найманни, Ойбувини, у минган отни
Жар ютди.
Шу гап. Оғзингизда тиш михдай турсин.
Гулдургуп.

ДИАГРАММА

Тушунтириш мумкинми юрак тубини –
Изоҳлаш мумкинми кўнгил ичини,
Шарҳлаш мумкинми ҳаётни…
Асло…
Валдираш мумкин…

Ургутлик Худойқул ғалча, юз беш ёшгача
Юз бешта эчкини сўйиб еган эди.
Нимага?
Балки умри эчки умрига ўхшаб кетгандир,
Балки тоғни тушунишни истагандир жонивордай.

Дадам, Аллаёрон чўққисида қор турса, севинарди,
Олтмиш йил қор турди,
Кейин турмади…
Дадам ҳам турмади…
Нимага?

Нималигин билмайди биров,
Лофни хуш кўради қайсар ақлу ҳуш.
Гарчанд, бу томонга ҳилпиратиб ялов,
У томондан ташриф буюради туш…

Шоир ҳақида
—————-

02Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда Қашкадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган (1983). Нашриёт ва телевидение соҳасида ишлаган. Бугун газетада ишлайди.  Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо» (1989), «Бахтли йил» (1991), «Хаёл кечаси» (1994), «Сен ва сен учун» (1996), «Узоқдан олисга» (2007), «Бор» (2013) ва бошқа бир қатор  шеърий тўпламлари нашр этилган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).

09
Абдували Қутбиддиннинг «Найсон» тўпламини мутолаа қилинг

011

 

ХДК

(Tashriflar: umumiy 164, bugungi 1)

Izoh qoldiring