Jumagul Suvonova. «Muzaffar yog’dular» kitobidan she’rlar

Ashampoo_Snap_2018.01.28_15h57m22s_002_.png    Яқинда шоиранинг «Музаффар ёғдулар» деб номланган янги шеърий китоби нашрдан чиқди. Сизга тақдим этилаётган шеърлар айни шу тўплам саҳифаларидан ўрин олган.

Жумагул СУВОНОВА
«МУЗАФФАР ЁҒДУЛАР»
КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
08

  hqdefault.jpg  Жумагул  Сувонова  1961 йил 5 май куни Самарқанд вилоят Ургут туманининг Раҳматобод қишлоғида ишчи оиласида таваллуд топди. Аввал мактаб кейин 1989 -94 йиллар Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факултетида, 1996-99 йиллар Самарқанд давлат чет тиллар институти аспирантурасида таҳсил олган. Шоира  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзодидир.
Унинг “Бинафша” эсдалик гулдастаси, “Тиллақош”, “Йиғлаётган оҳу”, “Мен сиғмаган дунё”, “Оловли фасл”, “Одамқуш қўшиғи”,“Тупроқ иси”,”Жонимдаги из” номли шеърий ҳамда “Умр карвони”, “Қирмиз қизнинг қиссаси” номли насрдаги назм ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. Яқинда “Усмон Азим шеъриятида бадиий тафаккур” номли монографияси нашрдан чиқди.

08

Б О Ғ

Ҳаёт лашкар тортди боғнинг устига.
Ҳазон довул бўлди, еллар бўлди тиғ.
Изғирин пуркаган ҳар бир нафаси,
Тундек қаро бўлди, захардек аччиқ.
Шафқат кутмади боғ, йиқилмади боғ,
Қаддини тик тутди куч топиб янги.
Зарбага юзини тутиб бермоқлик
Ҳақнинг иши деди, ҳақиқат жанги!
Фақат хушёр боқди, огоҳ боқди у,
Ҳаёт лашкарига тутиб қўлини.
Ўйлаб-ўйлаб топди, тиғсиз, яроқсиз,
Курашиб яшашнинг одил йўлини!
Ҳаёт лашкар тортди боғнинг устига;
МЕН ТИРИКМАН! — деди, тилга кирди боғ.
Ҳаётнинг шафқатсиз зарбига қарши
Шохларини ёзиб, гулга кирди боғ!..

ВАҚТ ҚАНОТИДА

Қушлар сармаст сайрайверади,
Боғлар хушбўй таратар яна.
Денгизлар шод гупириб оқар,
Қирғоқларни қучар пўртана.
Тонг саҳардан йўлга чиқар кун,
Яна олам қучар қуёшни.
Манзилига етгунича то
Пойабзали тўзитиб тошни.
Толиб, қоши қораяр кеча,
Дардлашади хижронла тўйиб.
Оқ либосин тўғрилар оқшом,
Елкасини деворга қўйиб.
Яна шундай такрорланар кун,
Не бўлишин шаксиз биламиз.
Фақат сира бўлмаган каби,
Бир кун келиб унитиламиз.
Бу ҳаётми ё у ҳаётда,
Қўйиб хузур кўшкига қадам.
Топиларми вақт қанотида,
Шу сўзларни хотирлар одам.
Қушлар сармаст сайрайверади,
Боғлар хушбўй таратар яна.

МАЖНУНТОЛГА

Бу ерда йўқ, мен сочин ўйнаб,
Шокиласин ўпган мажнунтол.
Бўлса эди пойига чўкиб,
Узун – узун сурардим хаёл.
Ва кўнглимни тўкардим унга,
У ҳам дардга тирик бир тимсол.
Йиғласанг ҳам, юлқиласанг ҳам,
Сира — сира келмайди малол.

***

Ватан таърифингни билмайман
Афcуc!..
Cевгими, оташми, ҳаётми чаман?
Билганим кун келиб,
Бир куни мен ҳам
Сенинг вужудингга
Либос бўламан!..
Атиргулдан бўлар
Кўйлагинг нақши,
Майсаларинг
Шамол мавжини ўпар.
Бошларини баланд кўтариб,
Кўкка
Юрагимдан
Улкан денгизлар ўтар!
Ватан тарифингни
Билмайман афсус!..
Билганим, ҳаётим туташган хилқат.
Сенинг кўкрагингда
Илдиз отади,
Менинг нигоҳимда
Унган ҳақиқат!..
Ахир отам бўлиб силайсан бошим,
Ахир эркалайсан ёмғирларингда.
Ўлимларни енгиб,
Курашмоқ учун
Қайта туғиламан
Томирларингда.

ВАТАН

Кетолмайман…
Вужудингга
Сингаяпман,
Япроқ бўлиб, бутоқ бўлиб,
Томошо қил.
Икки дунё айро тушмай,
Тупроғингдан,
Кипригингнинг қирғоғига,
Тўтиё қил.
Кетолмайман…
Кетсам яна тўкилади,
Қийғос гулга кирган
Бодом гулбарглари.
Ифорини сувга сочиб юборади,
Оппоқ тонгда анқиб турган,
Райхон ҳиди.
Кетолмайман…
Баҳорингман, ёз кузингман,
Тўрт фасил ҳам дил осмоним
Гулдирайди.
Тўкилмайман…
Йиқилмайман…
Куртакларим —
Лабим очсам Ватан бўлиб,
Гуркирайди!..

МУЗАФФАР ЁҒДУЛАР

Музаффар ёғдулар,
Анбар ёғдулар,
Рангин камалакдек,
Бўйлайсиз ер-кўк.
Менинг бисотимда
Сиздан сеҳрли,
Сиздан анвойироқ
Бирорта сўз йўқ.
Сиз ишқнинг ёғдуси,
Ҳам — бахт, Ҳам — азоб,
Менинг зар толамга
Туташма!- дерсиз.
Сиз мен севган ВАТАН,
Ва азиз тупроқ,
Мен хали ёзмаган
Ҳақиқий шеърсиз.
Муаттар ёғдулар
Сўздек, ҳаётдек,
Менинг нигоҳимга
Жойлашган жонсиз.
Юрагимни олтин
Қафасга солиб,
Тўрт томонга отган
Банди, тўфонсиз!
Мунаввар ёғдулар,
Дилбар ёғдулар,
Нур бўлиб, жисмимга
Қуйилдингизми?
Борлиғимни чўлғаб,
Муҳаббат қадар,
Мунаввар сўз бўлиб
Туғилдингизми?
Ҳамма замонларда
Сиздан бахраманд,
Сизни севиб, мамнун
Яшаган инсон.
Сиз шоҳлар базмида
Мақтов, қасида,
Камбағалнинг тоза
Томирида қон.
Қучиб бораяпсиз
Еру самони,
Юрагимдан чиқиб
Юракка қадар.
Мангу яшанг энди,
Ҳаётим шарҳи,
Мунаввар сўз бўлиб,
Ғолиб, музаффар!..
Муаттар ёғдулар,
Анбар ёғдулар…

***

Юрагимнинг қоқ ўртасидан,
Униб чиқди, оппоқ атиргул.
Унинг ранги билан дунёни,
Оппоқ рангга бўяйман нуқул.
Эзгуликлар улашмоқ бўлиб,
Еру кўкнинг ғамини ейман.
Хатто ичи қораларга ҳам
Ҳаёт — оппоқ атиргул, — дейман!..

***

Ташлаб юбормайсиз
Билиб турибман,
Сизнинг қўлингизда
Бўлса ҳам осмон.
Чунки сиз сўраган
Жонимни, мана-
Ҳовучимда тутиб,
Турибман ҳамон.
Ишқ ила пайваста
Юрак шаҳримда,
Туйғулар, орзулар
Саси ҳайқирар.
Сизни ҳавотирга
Солган аслида
Жонимни сўратган
Эмасми шулар?!
Бул мовий кенгликка
Етиб, ютоқиб,
Ғалаба туғини
Тутмоқлик қасди.
Сира йиқа олмас,
Йиқита олмас,
Муҳташам дунёни,
Ғариблик, асти…
Биламан бошимни кўтариб жаҳдла,
Ҳар қанча пуф-пуфлаб,
Ёндирмай чўғни,
Гуноҳкорим дея,айбдорим дея,
Ташлаб юбормайсиз,
Тепамдан кўкни…

***

Дилим қучиб гала-гала армон келди,
Тумшуқлари, қанотлари тиғ-қон келди.

Олдим ўраб, ўнгланмоққа изн бермас,
Йўлим тўсиб ишқ тўфони ёмон келди.,

На зорим бор, на зўрликка илким мойил,
Лекин мағрур ошиқ руҳи равон келди.

Раиятда гуноҳ бўлса айбим маним,
Бул гуноҳкор бошин эгиб, осмон келди.

Қизил қоним ютиб яйрар қирмиз дала,
Қизғалдоқдек қисқа давру даврон келди.

Иккимизга ориятнинг азми озор,
Кеча баҳор, бугун базми хазон келди.

Умр шамол, паймонамиз аччиқ шароб,
Бир қулт этиб, ичиб ўтар замон келди.

ҚОР ЁFАР…

Қор ёғар…
Дилимнинг бисоти барқут —
Ўкинчнинг устига, дошнинг устига,
Майсадек бир ойдин шабнамга интиқ,
Лабга дурдек қўнган ёшнинг устига —
Қор ёғар…
Олдимда қиличин қайраб,
Бутун бошли фасл турар жилмайиб.
Ортимдан эргашиб келаверар куз,
Мен қандай жим турай тилимни тийиб.
Қор ёғар…
Қароғи осмонни қучиб,
Кўксин бурда-бурда этган юракка
Ҳақ ҳукмин ўқийди, остонага чиқ!
Сабр тошин кўмиб кетдим йўлакка,
Қор ёғар…
Оқ-қора бўлар баробар,
Йиллар жиловини орқага тортиб.
Бу қишми, шу қорми, наҳот, алҳазар,
Келар елкасига олов тоғ ортиб!..

КЎЗЛАРИНГИЗ

Кўзларингиз кўргим келади,
Тонг бўлса ҳам, оқшом бўлса ҳам.
Бир ўт нигоҳ, қатра меҳрингиз,
Насиб этиш гумон бўлса ҳам.

Кўзларингиз кўргим келади,
Икки фасл бириккан чоғда.
Бинафшанинг атрига чулғаб,
Тун кечани қолдириб доғда.

Кўзларингиз кўргим келади,
Кўксим соғинч ичра лахча чўғ.
Чирс-чирс ёниб туташур таним,
Кўзингиздек бир халоскор йўқ.

Кўзларингиз кўргим келади,
Хоҳишимга бўйсунмас магар.
Мен-ку сизни топиб бораман,
Нега йўлим тўсади шаҳар?

Кўзларингиз кўргим келади…

***

Нигоҳимда нима қолди,
Шундан бўлак?
Дастурхонда совуган чой
Бир бурда нон.
Мен ҳам ахир унутилиш истамасдим,
Мен ҳам ахир соғинардим сени ишон!
Бугун менга ҳамма нарса қилар таъна,
Дилим увлар, айловотнинг шамолидек.
Яшаяпман,
Сўрайсанми,
Бир боргина…
Ўтмишингни —
Унутилган саволидек?!..

СЕВГИГА

Ҳамма ерда кўрардим сени,
Гуллар эдинг, боғларда хуррам.
Сувларда балқ уриб турардинг
Балқ урардинг ҳаволарда ҳам.
Шаббодалар шивирлар эди,
Қиқирларди куртаклар меҳри.
Баҳор нима, қийқирардинг шод,
Ғичирлаган қорда ҳам, севги.
Ёш эдингми ўшанда мендек,
Билмасдингми ё чарчоқ, тиним?
Энди нега сувга бўккандек,
Шалвирайсан, рўпарамда жим?..
Нега чопиб қирга чиқмайсан,
Эркаланиб кулмайсан нега?
Яна кўз ёш қувончлар тутиб,
Дилимга завқ бермайсан нега?
Ёки сен ҳам мендек, фаромуш,
Тўрт ёнга ёт бўлиб қолдингми?
Ё сенинг ҳам бедард, ёмонлар,
Юрагингни юлиб олдими?
Ёки сен ҳам топиб осойиш,
Ёлғизликка топинган чўғдек.
Ёстиқларга юзингни босиб,
Йиғлайсанми, “Юрагим йўқ”- деб?!
Кел, барини суриб ташлаймиз,
Енгилмаймиз хижронга энди
Юракларни писанда қилиб,
Аламга йўл бермаймиз, севги!
Ойдин кунлар куйин бошлаймиз,
Ва ҳаётни севиб, яшаймиз!.

ЭЪТИРОФ

Тўғри, заррин чопонимиз йўқ,
Мақтангулик мол, жонимиз йўқ
Қалбга кетсак, поёнимиз йўқ,
Лекин қашшоқ эмасмиз зинхор,
Оримиз бор, номусимиз бор!
Бўлса ҳамки дастимиз қисқа,
Ярамайин қолсак бир ишга.
Руҳимизни тушириб бизга
Барибир панд беролмас ағёр,
Ишқимиз бор, умидимиз бор!
Қанча қорлар ёғди из ёпиб,
Қоралар оқ бўлди йўл топиб.
Биз олдинга ўтмадик чопиб,
Ҳеч вақоси йўқ деманг зинхор,
Қалбимиз бор, ишончимиз бор!

***

Юрак садолари ёзади қанот,
Шамоллар эркалик қилади эркка.
Қушлар чуғурини қучади ҳаёт
Баҳор, озодликка бўлади эга.
Йўқ, йўқ, бутун олам эврилиб кетар,
Тўрт томон товланар камалак рўйи.
Бунчалар офтобли, оромижондир,
Бунчалар оромбахш, озодлик куйи.

ҲАЁТ ҚЎШИҒИ

Унда шаббодалар эсади майин,
Унда дов-дарахтлар мавжи азалдир.
Унда ранглар тилга кирар тинмайин,
Бу ҳаёт қўшиғи, тингланг, гўзалдир!..
Унда бир-бирига талпинар ер-кўк,
Унда қушлар тилин тоти асалдир.
Унда одамларнинг паст-баланди йўқ,
Бу ҳаёт қўшиғи, саси гўзалдир!..
Бунда фавворадек, оромбахш надим,
Унга икки дунё хайрати асир.
Унинг ҳар бандини илғай олур ким?
Бу ҳаёт қўшиғи жуда гўзалдир!..
Қаранг, еру само оҳанг сержило,
Чор тарафда гуллар муҳаббат ахир.
Уни юракларга кўчиринг илло,
Бу ҳаёт қўшиғи тенгсиз гўзалдир!..
Ундан жилғаларнинг саси келади,
Унга борлиғингни бахш этсанг арзир.
Уни икки дунё севгинг келади,
Бу ҳаёт қўшиғи, ҳаёт гўзалдир!…

ТАСВИР

Табиат нақадар чиройли,
Яшил кўйлак, мовий румолда.
Уфқларга туташиб кетган,
Кокуллари ўйнар шамолда.
Денгизларнинг мавжида тўлиб,
Сийналари ярқирар бирам.
Тўрт ёни шод, тўрт ёнидан ҳам
Эрк,озодлик қучади маҳкам!
Тун, ҳаловат истаб, кенгликлар,
Шивирлайди, киприги намдек.
Бирдан рақсга тушиб кетар йўл,
Йўқотганин топган одамдек.
Табиат нақадар чиройли…

МУТОЛАА

Токчаларга таҳлаб қўйилган,
Навоийга, Бедилга боқдим.
Улар билан қўшилиб йиғлаб,
Улар билан сувларда оқдим.
Дил уйига чорлаб Фузулий,
Қанду новвот тутди мастона.
Мен уларнинг суҳбатларидан
Бир зум айро тушмадим, она!
Китобларга қоришиб, чўкиб,
Ситилдими дилимнинг чоки?
Қўлга олиб, йиғлаб ўқилар,
Китоб бўлиб қолдимми, ёки?
Токчаларга таҳлаб қўйилган
Насимийга, Машрабга боқдим…

***

Кўзим осмон кўзгуси,
Кўнглим музёрар кема.
Келмасанг ҳам бу йўлни
“Шимолий қутуб…” дема!
Бу йўл меҳр йўлаги,
Бошдан адоғи қуёш.
Ахир оташ тафтида
Симобдек эрийди тош.
Гулга кўмилган водий,
Ишққа чўмилган водий.
Унга нурдек тўкилиб,
Юрак экилган водий.
У бир қиздир мунаввар ,
Тийнати шамсул жаҳон.
Юзи, қўллари дема,
Бутун борлиғи ниҳон.
Кўзи осмон кўзгуси,
Кўнгли музёрар кема.
Келмасанг ҳам бу йўлни
“Шимолий қутуб…” дема!

ОНАМ

Менинг мунис онам,
Менинг жон онам.
Мен деб яшаётган
Меҳрибон онам.
Бир умр Худодан
Бахтимни тилаб
Заминга тўкилган
Осмон онам.
Бағри дарём менинг
Қалби қуёшим.
Ҳеч қачон ҳеч кимга
Отилмас тошим.
Ёзда ип йигириб,
Қиш гилаб тўқиб.
То ҳануз мен учун
Тўкилган ёшим.
Сўзим юрагига
Қўр бўлиб кирган.
Кўзим кўзларига
Нур бўлиб кирган.
Қисмат қамчисига
Кифтини тутиб.
Дард чексам мен билан
Бир бўлиб турган.
Кеча ойдин бўлиб,
Кун ойдин бўлиб.
Соғинганда мени
Кўролмаганим.
Тегиб кетмайин деб
Дил ярасига.
Бир марта кўнглимни
Сўролмаганим.
Йўлимдан тошларни
Терай деб чўкиб.
Тош тегиб юраги
Ўхшалган онам.
Тикон кирмасин деб
Оёқларимга.
Бир умр пойимга
Тўшалган онам.
Менинг мунис онам,
Менинг жон онам.
Орзум осмонида
Отган тонг онам.
Қисматдан йиқилсам,
Эгнимни қоқиб,
Ўрнимдан турғизган
Меҳрибон онам.
Эзгулик чироғин
Ёқиб, тинчлик деб.
Тиллари дуода,
Бўлган жон онам.
Азобларни енгиб,
Дардларни енгиб.
Болам деб яшаган
Қаҳрамон онам.

ВАТАН

Кеча ҳам ёр эдинг
Бугун ҳам ёрсан,
Қимтиниб,
Бошини кўтарган жоним.
Неча минг йилликлар
Остонасида
Ҳаққини сўраган
Мулку ҳоқоним.
Ўзинг айт, шунчалар
Фараҳбахшмисан,
Нурлар ёғиларми
Нигоҳларингдан?
Севиб, қучоғингда иситармисан —
Дийдираб,
Пойингга тўкилсам,
Ватан!..
Баланд этасанми
Бошимни тутиб,
Қудрат берасанми
Тоғдек, сервиқор?!
Тупроғингни ўпсам
Лабларим куйиб,
Икки оламда ҳам
Бўлурмисан ёр?!..
Магар яна юрсам
Кўшклар айвонлар,
Этиб қароғингда
Порлатармисан?!
Тиласам,
…Охирги ўтинчим — дея,
Катта давраларга
Чорлатармисан?!
Оқсам, оқаверсам
Дарё, денгиздек,
Роҳат бераманми
Кокулларингга.
Сен каби бўлишни
Истасам, ОНА —
ВАТАН бўламанми
Соҳилларингга?!
Мен ким бўламан айт,
Қайта туғилиб,
Қуёшдек чақнасам
Қароғингдаги.
Севги бўламанми,
Оташли, ўтли,
Мангу ёниб турган
Юрагингдаги?!..
Кеча ҳам ёр эдинг,
Бугун ҳам ёрсан!..
Жонини жонимга
Боғлаган жоним!
Оташлари билан
Ўтлари билан,
Мангу вужудимда
Ёнган жаҳоним!..
Шамолларинг бўлиб,
Пойингни ўпсам,
Майин эсар бўлсам
Ўзимдан тониб.
Майсаларинг каби,
Қумларинг каби.
Мени қучасанми
Мангу, қувониб.
Нураб кетаманми
Қайрилар бўлсанг,
Ёки абадият билан
Қилсам жанг —
Тутиб қоласанми
Тоғларингдаги
Ҳеч қачон нурамас
Қоядек ВАТАН!..
Кеча ҳам ёр эдинг,
Бугун ҳам ёрсан,
Юрагимга тўлдинг
Шууримга ҳам,
Йўллар чаман бўлсин,
Дил чаман бўлсин.
Икки дунёда ҳам
Маним бўл Ватан!..

ЎҒЛИМГА ЎГИТ

Мен йўлдаман…
Йўлнинг охири,
Энди менга имкон берар ким?
Сен бахтлисан, сенда имкон бор,
Мен учун ҳам яшагин ўғлим!..
Атрофга боқ қуёш чарақлар,
Сенга омад сочади осмон.
Кўзим ортда қолаётгандай,
Ичим хира тортмоқда ёмон.
Қўлингдаги ҳаёт китобин,
Бир-бир англаб ўқи, варақла.
Донишманддек битта умр қур,
Меҳнаткашдек умрингни оқла!
Йўлга чиқдим
Сенга сездирмай,
Умр отин қўйдим олдириб.
Қолдиргулик нимамки бўлса,
Ҳаммасини сенга қолдириб.
Қўлларимни муаллақ тутдим,
Ҳаволарни қучоғимга бер!
Фақат сени сўзингни севиб,
Оёғингни ўпиб турсин ер!..
Мен йўлдаман —
Заминдан то кўк,
Мовий зилол бахтингга тўлсин.
Ҳар бир тошу гиёҳинг ишқи,
Дилу кўзинг устида бўлсин.
Қара, Ватан дея қалдирғоч,
Тумшуғида ташимоқда хас.
Унинг каби оиланг учун,
Юртинг учун яшай олсанг бас!..
Эгилмадим, синмадим мана,
Елкаларим қавариб кетди.
Ҳақиқат деб тик турдим ўғлим,
Пичоқ бориб суякка етди.
Энди кимдир нописанд қилиб,
Айтар бўлса “Ўтир!” ёки “Тур!”
Кифтинг узра тоғ босганда ҳам,
Фақат мендек мағрур тур, мағрур!..
Улуғ сақла ному насабинг,
Довруғингга дунё лол қолсин.
Сенинг ҳар бир босган қадаминг,
ЎЗБЕК деган буюк ном олсин.
Мен йўлдаман
Сенинг бахтинг шу-
Яшамоққа бордир имконинг.
Яшамоқ бу- эзгу иш қилмоқ,
Ва шу йўлга тикмоқлик жонинг.
Айтар бўлсам не ўтинчим бор,
Ҳаммасини билиб қўй ўғлим.
Ватан дея, чиққан нафасим,
Кипригингга илиб қўй ўғлим!..
Мен йўлдаман –
Ҳов ана манзил…
Энди менга имкон берар ким?
Сен бахтлисан, шу она юртни,
Юрагим! — деб яшагин ўғлим!..

ҲАЁТГА

Тик қарагим келар кўзингга,
Дардларингга, муҳаббатингга.
Бироқ бунинг ҳеч иложи йўқ,
Тиғ санчилиб қолган кўксимга.
Тик қарагим келар жаҳд билан
Кўксимдаги тиғни суғуриб.
Машмашасиз, тўполонларсиз,
Рўпарангда типпа – тик туриб.
Лек кун сари тескари қараб,
Атрофингга заҳринг сочасан,
Мен қанча тик боқмай юзингга,
Кўзларингни олиб қочасан.
Тик қарагим келар кўзингга…

Yaqinda shoira Jumagul Suvonovaning “Muzaffar yog‘dular” deb nomlangan yangi she’riy kitobi nashrdan chiqdi. Sizga taqdim etilayotgan she’rlar ayni shu to‘plam sahifalaridan o‘rin olgan.

Jumagul SUVONOVA
“MUZAFFAR YOG‘DULAR”
KITOBIDAN SHE’RLAR
08

   Jumagul Suvonova 1961 yil 5 may kuni Samarqand viloyat Urgut tumanining Rahmatobod qishlog‘ida ishchi oilasida tavallud topdi. Avval maktab keyin 1989 -94 yillar Samarqand davlat universiteti o‘zbek filologiyasi fakultetida, 1996-99 yillar Samarqand davlat chet tillar instituti aspiranturasida tahsil olgan. Shoira O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, filologiya fanlari nomzodidir.
Uning “Binafsha” esdalik guldastasi, “Tillaqosh”, “Yig‘layotgan ohu”, “Men sig‘magan dunyo”, “Olovli fasl”, “Odamqush qo‘shig‘i”,“Tuproq isi”,”Jonimdagi iz” nomli she’riy hamda “Umr karvoni”, “Qirmiz qizning qissasi” nomli nasrdagi nazm va hikoyalar to‘plamlari chop etilgan. Yaqinda “Usmon Azim she’riyatida badiiy tafakkur” nomli monografiyasi nashrdan chiqdi.

08

B O G‘
633a37b94366e435b1a3c98969fc27a7.jpg
Hayot lashkar tortdi bog‘ning ustiga.
Hazon dovul bo‘ldi, yellar bo‘ldi tig‘.
Izg‘irin purkagan har bir nafasi,
Tundek qaro bo‘ldi, zaxardek achchiq.
Shafqat kutmadi bog‘, yiqilmadi bog‘,
Qaddini tik tutdi kuch topib yangi.
Zarbaga yuzini tutib bermoqlik
Haqning ishi dedi, haqiqat jangi!
Faqat xushyor boqdi, ogoh boqdi u,
Hayot lashkariga tutib qo‘lini.
O‘ylab-o‘ylab topdi, tig‘siz, yaroqsiz,
Kurashib yashashning odil yo‘lini!
Hayot lashkar tortdi bog‘ning ustiga;
MЕN TIRIKMAN! — dedi, tilga kirdi bog‘.
Hayotning shafqatsiz zarbiga qarshi
Shoxlarini yozib, gulga kirdi bog‘!..

VAQT QANOTIDA

Qushlar sarmast sayrayveradi,
Bog‘lar xushbo‘y taratar yana.
Dengizlar shod gupirib oqar,
Qirg‘oqlarni quchar po‘rtana.
Tong sahardan yo‘lga chiqar kun,
Yana olam quchar quyoshni.
Manziliga yetgunicha to
Poyabzali to‘zitib toshni.
Tolib, qoshi qorayar kecha,
Dardlashadi xijronla to‘yib.
Oq libosin to‘g‘rilar oqshom,
Yelkasini devorga qo‘yib.
Yana shunday takrorlanar kun,
Ne bo‘lishin shaksiz bilamiz.
Faqat sira bo‘lmagan kabi,
Bir kun kelib unitilamiz.
Bu hayotmi yo u hayotda,
Qo‘yib xuzur ko‘shkiga qadam.
Topilarmi vaqt qanotida,
Shu so‘zlarni xotirlar odam.
Qushlar sarmast sayrayveradi,
Bog‘lar xushbo‘y taratar yana.

MAJNUNTOLGA
Bu yerda yo‘q, men sochin o‘ynab,
Shokilasin o‘pgan majnuntol.
Bo‘lsa edi poyiga cho‘kib,
Uzun – uzun surardim xayol.
Va ko‘nglimni to‘kardim unga,
U ham dardga tirik bir timsol.
Yig‘lasang ham, yulqilasang ham,
Sira — sira kelmaydi malol.

***

Vatan ta’rifingni bilmayman
Afcuc!..
Cevgimi, otashmi, hayotmi chaman?
Bilganim kun kelib,
Bir kuni men ham
Sening vujudingga
Libos bo‘laman!..
Atirguldan bo‘lar
Ko‘ylaging naqshi,
Maysalaring
Shamol mavjini o‘par.
Boshlarini baland ko‘tarib,
Ko‘kka
Yuragimdan
Ulkan dengizlar o‘tar!
Vatan tarifingni
Bilmayman afsus!..
Bilganim, hayotim tutashgan xilqat.
Sening ko‘kragingda
Ildiz otadi,
Mening nigohimda
Ungan haqiqat!..
Axir otam bo‘lib silaysan boshim,
Axir erkalaysan yomg‘irlaringda.
O‘limlarni yengib,
Kurashmoq uchun
Qayta tug‘ilaman
Tomirlaringda.

VATAN

Ketolmayman…
Vujudingga
Singayapman,
Yaproq bo‘lib, butoq bo‘lib,
Tomosho qil.
Ikki dunyo ayro tushmay,
Tuprog‘ingdan,
Kiprigingning qirg‘og‘iga,
To‘tiyo qil.
Ketolmayman…
Ketsam yana to‘kiladi,
Qiyg‘os gulga kirgan
Bodom gulbarglari.
Iforini suvga sochib yuboradi,
Oppoq tongda anqib turgan,
Rayxon hidi.
Ketolmayman…
Bahoringman, yoz kuzingman,
To‘rt fasil ham dil osmonim
Guldiraydi.
To‘kilmayman…
Yiqilmayman…
Kurtaklarim —
Labim ochsam Vatan bo‘lib,
Gurkiraydi!..

MUZAFFAR YOG‘DULAR

Muzaffar yog‘dular,
Anbar yog‘dular,
Rangin kamalakdek,
Bo‘ylaysiz yer-ko‘k.
Mening bisotimda
Sizdan sehrli,
Sizdan anvoyiroq
Birorta so‘z yo‘q.
Siz ishqning yog‘dusi,
Ham — baxt, Ham — azob,
Mening zar tolamga
Tutashma!- dersiz.
Siz men sevgan VATAN,
Va aziz tuproq,
Men xali yozmagan
Haqiqiy she’rsiz.
Muattar yog‘dular
So‘zdek, hayotdek,
Mening nigohimga
Joylashgan jonsiz.
Yuragimni oltin
Qafasga solib,
To‘rt tomonga otgan
Bandi, to‘fonsiz!
Munavvar yog‘dular,
Dilbar yog‘dular,
Nur bo‘lib, jismimga
Quyildingizmi?
Borlig‘imni cho‘lg‘ab,
Muhabbat qadar,
Munavvar so‘z bo‘lib
Tug‘ildingizmi?
Hamma zamonlarda
Sizdan baxramand,
Sizni sevib, mamnun
Yashagan inson.
Siz shohlar bazmida
Maqtov, qasida,
Kambag‘alning toza
Tomirida qon.
Quchib borayapsiz
Yeru samoni,
Yuragimdan chiqib
Yurakka qadar.
Mangu yashang endi,
Hayotim sharhi,
Munavvar so‘z bo‘lib,
G‘olib, muzaffar!..
Muattar yog‘dular,
Anbar yog‘dular…

***

Yuragimning qoq o‘rtasidan,
Unib chiqdi, oppoq atirgul.
Uning rangi bilan dunyoni,
Oppoq rangga bo‘yayman nuqul.
Ezguliklar ulashmoq bo‘lib,
Yeru ko‘kning g‘amini yeyman.
Xatto ichi qoralarga ham
Hayot — oppoq atirgul, — deyman!..

***

Tashlab yubormaysiz
Bilib turibman,
Sizning qo‘lingizda
Bo‘lsa ham osmon.
Chunki siz so‘ragan
Jonimni, mana-
Hovuchimda tutib,
Turibman hamon.
Ishq ila payvasta
Yurak shahrimda,
Tuyg‘ular, orzular
Sasi hayqirar.
Sizni havotirga
Solgan aslida
Jonimni so‘ratgan
Emasmi shular?!
Bul moviy kenglikka
Yetib, yutoqib,
G‘alaba tug‘ini
Tutmoqlik qasdi.
Sira yiqa olmas,
Yiqita olmas,
Muhtasham dunyoni,
G‘ariblik, asti…
Bilaman boshimni ko‘tarib jahdla,
Har qancha puf-puflab,
Yondirmay cho‘g‘ni,
Gunohkorim deya,aybdorim deya,
Tashlab yubormaysiz,
Tepamdan ko‘kni…

***

Dilim quchib gala-gala armon keldi,
Tumshuqlari, qanotlari tig‘-qon keldi.

Oldim o‘rab, o‘nglanmoqqa izn bermas,
Yo‘lim to‘sib ishq to‘foni yomon keldi.,

Na zorim bor, na zo‘rlikka ilkim moyil,
Lekin mag‘rur oshiq ruhi ravon keldi.

Raiyatda gunoh bo‘lsa aybim manim,
Bul gunohkor boshin egib, osmon keldi.

Qizil qonim yutib yayrar qirmiz dala,
Qizg‘aldoqdek qisqa davru davron keldi.

Ikkimizga oriyatning azmi ozor,
Kecha bahor, bugun bazmi xazon keldi.

Umr shamol, paymonamiz achchiq sharob,
Bir qult etib, ichib o‘tar zamon keldi.

QOR YOFAR…

Qor yog‘ar…
Dilimning bisoti barqut —
O‘kinchning ustiga, doshning ustiga,
Maysadek bir oydin shabnamga intiq,
Labga durdek qo‘ngan yoshning ustiga —
Qor yog‘ar…
Oldimda qilichin qayrab,
Butun boshli fasl turar jilmayib.
Ortimdan ergashib kelaverar kuz,
Men qanday jim turay tilimni tiyib.
Qor yog‘ar…
Qarog‘i osmonni quchib,
Ko‘ksin burda-burda etgan yurakka
Haq hukmin o‘qiydi, ostonaga chiq!
Sabr toshin ko‘mib ketdim yo‘lakka,
Qor yog‘ar…
Oq-qora bo‘lar barobar,
Yillar jilovini orqaga tortib.
Bu qishmi, shu qormi, nahot, alhazar,
Kelar yelkasiga olov tog‘ ortib!..

KO‘ZLARINGIZ

Ko‘zlaringiz ko‘rgim keladi,
Tong bo‘lsa ham, oqshom bo‘lsa ham.
Bir o‘t nigoh, qatra mehringiz,
Nasib etish gumon bo‘lsa ham.

Ko‘zlaringiz ko‘rgim keladi,
Ikki fasl birikkan chog‘da.
Binafshaning atriga chulg‘ab,
Tun kechani qoldirib dog‘da.

Ko‘zlaringiz ko‘rgim keladi,
Ko‘ksim sog‘inch ichra laxcha cho‘g‘.
Chirs-chirs yonib tutashur tanim,
Ko‘zingizdek bir xaloskor yo‘q.

Ko‘zlaringiz ko‘rgim keladi,
Xohishimga bo‘ysunmas magar.
Men-ku sizni topib boraman,
Nega yo‘lim to‘sadi shahar?

Ko‘zlaringiz ko‘rgim keladi…

***

Nigohimda nima qoldi,
Shundan bo‘lak?
Dasturxonda sovugan choy
Bir burda non.
Men ham axir unutilish istamasdim,
Men ham axir sog‘inardim seni ishon!
Bugun menga hamma narsa qilar ta’na,
Dilim uvlar, aylovotning shamolidek.
Yashayapman,
So‘raysanmi,
Bir borgina…
O‘tmishingni —
Unutilgan savolidek?!..

SЕVGIGA

Hamma yerda ko‘rardim seni,
Gullar eding, bog‘larda xurram.
Suvlarda balq urib turarding
Balq urarding havolarda ham.
Shabbodalar shivirlar edi,
Qiqirlardi kurtaklar mehri.
Bahor nima, qiyqirarding shod,
G‘ichirlagan qorda ham, sevgi.
Yosh edingmi o‘shanda mendek,
Bilmasdingmi yo charchoq, tinim?
Endi nega suvga bo‘kkandek,
Shalviraysan, ro‘paramda jim?..
Nega chopib qirga chiqmaysan,
Erkalanib kulmaysan nega?
Yana ko‘z yosh quvonchlar tutib,
Dilimga zavq bermaysan nega?
Yoki sen ham mendek, faromush,
To‘rt yonga yot bo‘lib qoldingmi?
Yo sening ham bedard, yomonlar,
Yuragingni yulib oldimi?
Yoki sen ham topib osoyish,
Yolg‘izlikka topingan cho‘g‘dek.
Yostiqlarga yuzingni bosib,
Yig‘laysanmi, “Yuragim yo‘q”- deb?!
Kel, barini surib tashlaymiz,
Yengilmaymiz xijronga endi
Yuraklarni pisanda qilib,
Alamga yo‘l bermaymiz, sevgi!
Oydin kunlar kuyin boshlaymiz,
Va hayotni sevib, yashaymiz!.

E’TIROF

To‘g‘ri, zarrin choponimiz yo‘q,
Maqtangulik mol, jonimiz yo‘q
Qalbga ketsak, poyonimiz yo‘q,
Lekin qashshoq emasmiz zinxor,
Orimiz bor, nomusimiz bor!
Bo‘lsa hamki dastimiz qisqa,
Yaramayin qolsak bir ishga.
Ruhimizni tushirib bizga
Baribir pand berolmas ag‘yor,
Ishqimiz bor, umidimiz bor!
Qancha qorlar yog‘di iz yopib,
Qoralar oq bo‘ldi yo‘l topib.
Biz oldinga o‘tmadik chopib,
Hech vaqosi yo‘q demang zinxor,
Qalbimiz bor, ishonchimiz bor!

***

Yurak sadolari yozadi qanot,
Shamollar erkalik qiladi erkka.
Qushlar chug‘urini quchadi hayot
Bahor, ozodlikka bo‘ladi ega.
Yo‘q, yo‘q, butun olam evrilib ketar,
To‘rt tomon tovlanar kamalak ro‘yi.
Bunchalar oftobli, oromijondir,
Bunchalar orombaxsh, ozodlik kuyi.

HAYOT QO‘SHIG‘I

Unda shabbodalar esadi mayin,
Unda dov-daraxtlar mavji azaldir.
Unda ranglar tilga kirar tinmayin,
Bu hayot qo‘shig‘i, tinglang, go‘zaldir!..
Unda bir-biriga talpinar yer-ko‘k,
Unda qushlar tilin toti asaldir.
Unda odamlarning past-balandi yo‘q,
Bu hayot qo‘shig‘i, sasi go‘zaldir!..
Bunda favvoradek, orombaxsh nadim,
Unga ikki dunyo xayrati asir.
Uning har bandini ilg‘ay olur kim?
Bu hayot qo‘shig‘i juda go‘zaldir!..
Qarang, yeru samo ohang serjilo,
Chor tarafda gullar muhabbat axir.
Uni yuraklarga ko‘chiring illo,
Bu hayot qo‘shig‘i tengsiz go‘zaldir!..
Undan jilg‘alarning sasi keladi,
Unga borlig‘ingni baxsh etsang arzir.
Uni ikki dunyo sevging keladi,
Bu hayot qo‘shig‘i, hayot go‘zaldir!…

TASVIR

Tabiat naqadar chiroyli,
Yashil ko‘ylak, moviy rumolda.
Ufqlarga tutashib ketgan,
Kokullari o‘ynar shamolda.
Dengizlarning mavjida to‘lib,
Siynalari yarqirar biram.
To‘rt yoni shod, to‘rt yonidan ham
Erk,ozodlik quchadi mahkam!
Tun, halovat istab, kengliklar,
Shivirlaydi, kiprigi namdek.
Birdan raqsga tushib ketar yo‘l,
Yo‘qotganin topgan odamdek.
Tabiat naqadar chiroyli…

MUTOLAA

Tokchalarga tahlab qo‘yilgan,
Navoiyga, Bedilga boqdim.
Ular bilan qo‘shilib yig‘lab,
Ular bilan suvlarda oqdim.
Dil uyiga chorlab Fuzuliy,
Qandu novvot tutdi mastona.
Men ularning suhbatlaridan
Bir zum ayro tushmadim, ona!
Kitoblarga qorishib, cho‘kib,
Sitildimi dilimning choki?
Qo‘lga olib, yig‘lab o‘qilar,
Kitob bo‘lib qoldimmi, yoki?
Tokchalarga tahlab qo‘yilgan
Nasimiyga, Mashrabga boqdim…

***

Ko‘zim osmon ko‘zgusi,
Ko‘nglim muzyorar kema.
Kelmasang ham bu yo‘lni
“Shimoliy qutub…” dema!
Bu yo‘l mehr yo‘lagi,
Boshdan adog‘i quyosh.
Axir otash taftida
Simobdek eriydi tosh.
Gulga ko‘milgan vodiy,
Ishqqa cho‘milgan vodiy.
Unga nurdek to‘kilib,
Yurak ekilgan vodiy.
U bir qizdir munavvar ,
Tiynati shamsul jahon.
Yuzi, qo‘llari dema,
Butun borlig‘i nihon.
Ko‘zi osmon ko‘zgusi,
Ko‘ngli muzyorar kema.
Kelmasang ham bu yo‘lni
“Shimoliy qutub…” dema!

ONAM

Mening munis onam,
Mening jon onam.
Men deb yashayotgan
Mehribon onam.
Bir umr Xudodan
Baxtimni tilab
Zaminga to‘kilgan
Osmon onam.
Bag‘ri daryom mening
Qalbi quyoshim.
Hech qachon hech kimga
Otilmas toshim.
Yozda ip yigirib,
Qish gilab to‘qib.
To hanuz men uchun
To‘kilgan yoshim.
So‘zim yuragiga
Qo‘r bo‘lib kirgan.
Ko‘zim ko‘zlariga
Nur bo‘lib kirgan.
Qismat qamchisiga
Kiftini tutib.
Dard cheksam men bilan
Bir bo‘lib turgan.
Kecha oydin bo‘lib,
Kun oydin bo‘lib.
Sog‘inganda meni
Ko‘rolmaganim.
Tegib ketmayin deb
Dil yarasiga.
Bir marta ko‘nglimni
So‘rolmaganim.
Yo‘limdan toshlarni
Teray deb cho‘kib.
Tosh tegib yuragi
O‘xshalgan onam.
Tikon kirmasin deb
Oyoqlarimga.
Bir umr poyimga
To‘shalgan onam.
Mening munis onam,
Mening jon onam.
Orzum osmonida
Otgan tong onam.
Qismatdan yiqilsam,
Egnimni qoqib,
O‘rnimdan turg‘izgan
Mehribon onam.
Ezgulik chirog‘in
Yoqib, tinchlik deb.
Tillari duoda,
Bo‘lgan jon onam.
Azoblarni yengib,
Dardlarni yengib.
Bolam deb yashagan
Qahramon onam.

VATAN

Kecha ham yor eding
Bugun ham yorsan,
Qimtinib,
Boshini ko‘targan jonim.
Necha ming yilliklar
Ostonasida
Haqqini so‘ragan
Mulku hoqonim.
O‘zing ayt, shunchalar
Farahbaxshmisan,
Nurlar yog‘ilarmi
Nigohlaringdan?
Sevib, quchog‘ingda isitarmisan —
Diydirab,
Poyingga to‘kilsam,
Vatan!..
Baland etasanmi
Boshimni tutib,
Qudrat berasanmi
Tog‘dek, serviqor?!
Tuprog‘ingni o‘psam
Lablarim kuyib,
Ikki olamda ham
Bo‘lurmisan yor?!..
Magar yana yursam
Ko‘shklar ayvonlar,
Etib qarog‘ingda
Porlatarmisan?!
Tilasam,
…Oxirgi o‘tinchim — deya,
Katta davralarga
Chorlatarmisan?!
Oqsam, oqaversam
Daryo, dengizdek,
Rohat beramanmi
Kokullaringga.
Sen kabi bo‘lishni
Istasam, ONA —
VATAN bo‘lamanmi
Sohillaringga?!
Men kim bo‘laman ayt,
Qayta tug‘ilib,
Quyoshdek chaqnasam
Qarog‘ingdagi.
Sevgi bo‘lamanmi,
Otashli, o‘tli,
Mangu yonib turgan
Yuragingdagi?!..
Kecha ham yor eding,
Bugun ham yorsan!..
Jonini jonimga
Bog‘lagan jonim!
Otashlari bilan
O‘tlari bilan,
Mangu vujudimda
Yongan jahonim!..
Shamollaring bo‘lib,
Poyingni o‘psam,
Mayin esar bo‘lsam
O‘zimdan tonib.
Maysalaring kabi,
Qumlaring kabi.
Meni quchasanmi
Mangu, quvonib.
Nurab ketamanmi
Qayrilar bo‘lsang,
Yoki abadiyat bilan
Qilsam jang —
Tutib qolasanmi
Tog‘laringdagi
Hech qachon nuramas
Qoyadek VATAN!..
Kecha ham yor eding,
Bugun ham yorsan,
Yuragimga to‘lding
Shuurimga ham,
Yo‘llar chaman bo‘lsin,
Dil chaman bo‘lsin.
Ikki dunyoda ham
Manim bo‘l Vatan!..

O‘G‘LIMGA O‘GIT

Men yo‘ldaman…
Yo‘lning oxiri,
Endi menga imkon berar kim?
Sen baxtlisan, senda imkon bor,
Men uchun ham yashagin o‘g‘lim!..
Atrofga boq quyosh charaqlar,
Senga omad sochadi osmon.
Ko‘zim ortda qolayotganday,
Ichim xira tortmoqda yomon.
Qo‘lingdagi hayot kitobin,
Bir-bir anglab o‘qi, varaqla.
Donishmanddek bitta umr qur,
Mehnatkashdek umringni oqla!
Yo‘lga chiqdim
Senga sezdirmay,
Umr otin qo‘ydim oldirib.
Qoldirgulik nimamki bo‘lsa,
Hammasini senga qoldirib.
Qo‘llarimni muallaq tutdim,
Havolarni quchog‘imga ber!
Faqat seni so‘zingni sevib,
Oyog‘ingni o‘pib tursin yer!..
Men yo‘ldaman —
Zamindan to ko‘k,
Moviy zilol baxtingga to‘lsin.
Har bir toshu giyohing ishqi,
Dilu ko‘zing ustida bo‘lsin.
Qara, Vatan deya qaldirg‘och,
Tumshug‘ida tashimoqda xas.
Uning kabi oilang uchun,
Yurting uchun yashay olsang bas!..
Egilmadim, sinmadim mana,
Yelkalarim qavarib ketdi.
Haqiqat deb tik turdim o‘g‘lim,
Pichoq borib suyakka yetdi.
Endi kimdir nopisand qilib,
Aytar bo‘lsa “O‘tir!” yoki “Tur!”
Kifting uzra tog‘ bosganda ham,
Faqat mendek mag‘rur tur, mag‘rur!..
Ulug‘ saqla nomu nasabing,
Dovrug‘ingga dunyo lol qolsin.
Sening har bir bosgan qadaming,
O‘ZBЕK degan buyuk nom olsin.
Men yo‘ldaman
Sening baxting shu-
Yashamoqqa bordir imkoning.
Yashamoq bu- ezgu ish qilmoq,
Va shu yo‘lga tikmoqlik joning.
Aytar bo‘lsam ne o‘tinchim bor,
Hammasini bilib qo‘y o‘g‘lim.
Vatan deya, chiqqan nafasim,
Kiprigingga ilib qo‘y o‘g‘lim!..
Men yo‘ldaman –
Hov ana manzil…
Endi menga imkon berar kim?
Sen baxtlisan, shu ona yurtni,
Yuragim! — deb yashagin o‘g‘lim!..

HAYOTGA

Tik qaragim kelar ko‘zingga,
Dardlaringga, muhabbatingga.
Biroq buning hech iloji yo‘q,
Tig‘ sanchilib qolgan ko‘ksimga.
Tik qaragim kelar jahd bilan
Ko‘ksimdagi tig‘ni sug‘urib.
Mashmashasiz, to‘polonlarsiz,
Ro‘parangda tippa – tik turib.
Lek kun sari teskari qarab,
Atrofingga zahring sochasan,
Men qancha tik boqmay yuzingga,
Ko‘zlaringni olib qochasan.
Tik qaragim kelar ko‘zingga…

07

(Tashriflar: umumiy 214, bugungi 1)

Izoh qoldiring