Jumagul Suvonova. «Jonimdagi iz» kitobidan she’rlar

045Жумагул Сувонова. «Жонимдаги из».  «Наврўз» нашриёти, 2015 йил.

    Жумагул Сувонованинг куни-кеча нашрдан чиққан китоби шоиранинг сара шеърлари жамланмаси, десак хато бўлмайди. Изланувчан, ҳақиқий иқтидор қудратига таяниб қалам тебратувчи ижодкорнинг ўтли сатрларини ўқиб, шоира шеъриятининг ўзига хос манзараларига гувоҳ бўласиз.

Жумагул СУВОНОВА
ЯНГИ КИТОБДАН ШЕЪРЛАР
035

Жумагул Сувонова Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. 1989-94 йиллар Самарқанд давлат университетида, 1996-99 йиллар Самарқанд давлат чет тиллар институти аспирантурасида таҳсил олган.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарғибот маркази, кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоятлараро тарғибот маркази,ундан сўнг Республика телерадиокомпанияси «Ёшлар» радиоканалида катта мухбир ва муҳаррир, Самарқанд вилоят ўрта махсус касб ҳунар таълими бошқармаси «Улуғбек ворислари» газетасида муҳаррир вазифаларида фаолият кўрсатган.
Унинг «Бинафша» эсдалик гулдастаси, «Тиллақош», «Йиғлаётган оҳу», «Мен сиғмаган дунё», «Оловли фасл», «Одамқуш қўшиғи», «Тупроқ иси» номли шеърий ҳамда «Умр карвони», «Қирмиз қизнинг қиссаси» номли насрдаги назм ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. Яқинда «Усмон Азим шеъриятида бадиий тафаккур» номли монографияси ҳам нашр этилган.

035

СЎЗ ДАРДИ
032

Деразадан осмонга боқиб,
Бардош йиғлаяпти,
Дош йиғлаяпти.
Чексиз кўкнинг
Чекига тушган,
Кўз ёш ёғаяпти,
Тош ёғаяпти.

Тепаликнинг боши оқарган,
Сўқмоқ элиб ухлар шивирдан,
Дил кўйлаги жиққа хўл бўлар
Қор аралаш ёққан ёмғирдан,

Боши эгик, бағри шикаста –
Бунча юпун, бораётган ким?
Юрагимнинг қоқ ўртасидан,
Ёриб чиққан бир сўз бор етим!

Қалдироқлар қўл тутар унга
Ёниб борар юрти, Ватани
Жабрдийда, ғамдийда сўзим
Эгнингдаги либосииг қани?

Йўлга тушдинг, бедор, бедармон,
Ким қайрилар оч ва юпунга,
Сени Мансур дорига осдим,
Кўзларингни тўлдирдим қумгa-

Энди олиб, ҳақ ҳузурига
Жасадингни, борурман ўзим.
Бир ўт ёнар ичу тошимда,
Бир ўт ёнар…
БИР ЎТ ЁНАР ЖИМ…

ТУН БАДКОР

Тун бадкор…
Тун бадкор қийнайди,
Синдирар охирги бардошни
Кўзларингга кириб сўяди,
Ҳали туғилмаган қуёшни.

Tун  баттол…
Тун баттол, аврайди
Қоп-қора қўл бўлиб силар бош,
Дунёни йўқотиб қўйдим, деб,
Ёстиққа юмалаб кетар ёш.

Тун беор…
Тун беор чиқади
Минг марта ҳайдалган йўлакка.
Умидни йўргаклаб қайтади,
Бир чети жиққа қон йўргакка.

Тун дайди,
Кетади, пойида —
Адашган хира нур синади.
Умидни қучоқлаб, тонггача
Инграган бир овоз тинади…

ХАЁЛ

Осмон марваридлар тақиб олади,
Оқшом кўзларимга киради сизиб.
Кўчаларда узоқ чопиб толади,
Оқ от минган хаёл жимликни бузиб.

Туёқлар зарбидан зирқирар юрак,
Ушлатмай югурар от юганидан.
Сен кичик нуқтага айланиб кетдинг,
Meн ҳамон излайман ариқ ёнидан.

Умидлар етаклаб келарди бунга
Қаршимда турардинг сўз тополмай лол.
У вақтлар билмасдим тонгдек оқариб,
Келаётган туйғу эканин хаёл.

Сўнгги бор тиз чўкди севги пойимга,
Билиб-билмаганга ўхшатдим ўзни.
Сен кутиб термулдинг тилсиз оғзимга,
Мен қалбга нихолдек қададим сўзни.

Шу-шу яшил ўрмон қолди танимда,
Чиқар алангалар бағридан сўзим.
Ёниб бораяпман олов ичида,
Ўзимни йўқотиб қўйганман ўзим.

ЙЎЛИМИЗ БОШҚА

Кўз тикасиз,
Кўзим оламан,
Ярашмайди бу бизнинг ёшга.
Ўз-ўзимга мен гап соламан,
Тақдиримиз, йўлимиз бошқа,

Сиз бахтлисиз,
Мен ёлғизман, йўқ!..
Сабаб эмас, бўлар кўз ёшга.
Мен танлаган сўқмоқлар ҳам, чўғ,
Чунки, бизнинг йўлимиз бошқа.

Кўп кутасиз,
Мен алдамайман,
Итоатлар қилиб бардошга.
Бир кун ўзим келиб айтаман,
Ахир, бизнинг йўлимиз бошқа.

Сиз кетасиз,
Мен тушунаман,
Бола, рўзғор… сўнг, бошқа тошга —
Яна шундай жавоб қиламан:
«Кечирасиз, йўлимиз бошқа!..»

БИР КУНИ

Бир куни бораман, эшигинг қоқиб,
Хонанг деворлари қотар ҳайратдан.
Сукут жавоб қилар! «…..»
Мен пичирлайман
Зўрға келгандим-а
Йўқ экан, аттанг…

Хазонлар шитирлаб кулар устимдан,
Нега бормадим-а?!..
Шивирлар лабим.
Хонангни орқалаб,
Қочади хаёл:
«Келчи, келолмайсан!…
Сени алдадим…»

Бир куни барибир бораман, мана
Кулиб қаршилайсан: «… Э-э-э, келинг- келинг,
Дўстданми душмандан,
Ҳеч кўринмайсиз?!»
Мен жим…
Сени эса сўзга бой тилинг.

Қувониб кетасан гапларинг бари —
Бари ёлғон бўлиб туюлар менга.
Яхшиям олдинроқ сездим,
Бормадим,
Яхшиям,
масхара бўлмадим сенга
Бир куни барибир бораман, фақат…
Шу кун йўлда хаёл
алдамаса бас!…

ОЛОВГУЛ

Ўт қуршар —
Тўрт томон кул бўлур,
Meн олов ичида қоламан.
У тинмай ловуллар,
Мен тинмай
Ҳақиқат ундириб оламан.

Қўл узат тутайин сенга ҳам
Кел,
Қўрқма
бир марта экиб кўр.
Қўлларим куяди бергунча,
Қўларинг куяди олов зўр.

Хуш қалай,
экдингми?..
бўлди қўй!..
Устини авайлаб ўрагин.
Энди бу ниҳолнинг ўсишин,
Ёнғину, оловдан сўрагин.

Ҳа, қийин эканми ўстириш?..
Ҳеч кимни аямас олов, бил!..
Меними, нимамни сўрайсан?
Ахир мен олов-гул, оловгул!..

ТОНГ

Тун арқон тортади (жуда ҳориган —
Тонгнинг оёғига боғланган учи),
Тортар, тортаверар зулмат қаъридан
Лекин, йиқитмоққа етмайди кучи.
Чўзилиб, оқариб узилар арқон,
Чизиқчалар солиб тоғлар бетига
Юзларини чаяр отаётган тонг,
Оламнинг бир челак oппоқ сутига.

  •  * * *

Кеча ухлар,
ҳижронда интиқ,..
Сочларини сукут сийпалар.
Тушларида етим оқ тонгни,
Ота кундуз етаклаб кетар.

Кеча титрар, сассиз ноласи,
Тун кўксини тилимлар беун.
Совуқ хона, жиқ ҳўл ёстиққа
Жунжукканча бош қўяди тун…—

ҚАЙТМАДИНГ…

Тонглар изларингга марварид тушаб,
Соғинч қўшиғини айтди, қайтмадинг.
Сени ёр қўлига маюс топшириб,
Кўча бўм – бўш ортга қайтди, қайтмадинг.

Қайт!..
Хазонлар бошини уриб йўлакка,
Исмингни айтолмай шивирлаб йиғлар.
Дарахтлар қўлларин чўзиб фалакка,
Самодан, борлиқдан бўйингни тилар,

Қайт!..
Намиққан ҳавонинг бўғзидан бу кун,
Отилиб гул эмас, илонлар чиқар.
Муҳаббат бир кеча меҳмон бўлмаган
Ёстиққа булутлар кўйлагин сиқар.

Қайт!..
Дераза ортидаи боққан ҳилолнинг
Нигоҳи қоронғу кулбага тушар.
Бу уйда БАХТ номли соҳибжамолнинг
Ўттизга кирмаган беваси яшар.

Қа-а-ай-т!!!…
Қаро тун кўйлагин кўксига босиб,
Дунёйи-дун куйди, қайтмадинг…

ЭНДИ ЁЛҒИЗ ЯШОЛМАМ…

Субҳидам қалбимда бир умид тўйдим,
Салгина илинжли, сал сўлғин юзим,
Кўзлардан дунёни изламай қўйдим,
Нурсиз чандиқларга улашиб кўзим.
Ҳаётнинг бор ғариб қувончларидан
Юз бурдим шу тотли азобга доим.
Мени ШЕЪР юртига қувғинди қилгин,
Ёлғиз яшолмайман энди, худойим!

* * *

Мен сени соғиндим…
Мен сенга ташна.
Руҳимда тирилдинг,
Телбаи-зорим.
Мен гунгман,
Мен лолман,
Йиқилдим, мана –
Кечир энди мени
парвардигорим!..

ДАРВЕШ

Вужудимга томар ғайбона заҳар,
Дилимда илондек тўлғонади сўз.
Бу ёруғдунёни ютқазиб қўйган,
Бир дарвеш боради ҳақ…дўст!..Ҳақ дўст!..

Бир япроқ бўлмадим Сусамбил юртда,
Суманлар юзимни силаб ўтмади.
Менинг изларимга тўкилган сувдан,
Тиконлар гуллади, тошлар гуллади.

Титроқ қўлларимга тутиб бодани,
Қисматга қасдма-қасд ича олмадим.
Кечдим бор хаётнинг лаззатларидан,
Сендан кечдим дедим, кеча олмадим.

Муҳаббатнинг сарғиш рангини суюб,
Айтинг, яна нега ёш тўкади кўз?
Дунё ўтиб борар қўлида асо,
Ҳақ дўст!.. Ҳақ дўст!.. Ҳақ дўст!..

МАШРАБ НИДОСИ

Мен осилган дорнинг бўйи баланддир,
Мен осилган дорнинг ипак арқони.
Мен ўзим бўйнимга солдим-ку тақдир,
Нега пайқамайди мени дорбонинг.

Ўлимга маҳкумлар давраси узра,
Менинг йўлим бўлак, изим бўлакдир.
Нега тортиб қўйдинг бунча арқонни,
Ўзгача ўлиминг йўқмиди, тақдир?

Ялтироқ, ипак ип қирқиб бўғзимни,
Осилиб турибман узун арқонга,
Дорбон ўлимимни кўрмайди маъқул,
Ёки тепам узра бўлолмас пана.

Бир дарахт мисоли илдизи попук,
Ато этган умринг менга-шакармарг.
Қай бир азобингга қарши қўзғолдим,
Қай бир талабингга қарши қўйдим шарт?

Нега тортиб қўйдинг бунча арқонни.
Ер паст энди унга тегмас оёғим.
Икки салтанатнинг оралиғида,
Шунча оғирмиди менинг гуноҳим.

Оллоҳ деб тиладим, оҳ деб тиладим,
Бир сатрим гулистон, бири қон, ишон!..
Менинг битта сатрим-битта жасадим,
Жасадим устига эгилгин, даврон!..

МЕН ЙЎҚМАН…

Мен йўқман…
Бир гулнинг нафис нафаси,
Осмон бор, булут бор, қуёш бор.
Мен йўқман…
Отамнинг ёлғиз эркаси,
Қайғу бор, азоб бор, кўз ёш бор.
Мен йўқман…
Икки жон, икки дил қолар паноҳсиз.
Жажжи мушт қоғозни ғижимлар,
Онам гуноҳсиз…
Укасин бошини силаган
Қизчанинг титрайди киприги.
Онажон.. . биз сизни соғиндик!.
Онажон, бу қабр кимники?
Гулларнинг ҳўл бўлар яноғи,
Япроқлар овозсиз титрайди.
Бу уйга гунг қабр қурганлар,
Гуноҳкор кимлигин билсайди.
Тун сочин ёзади нолишдан,
Сочилар ҳилолнинг ҳайрати.
Гап очар топилиб қолишдан,
Буларнинг ҳаммаси алдамчи.
Мен йўқман.. .
Отамни силкилаб,
Дар кетар иккита полопон,
Майсанинг шудрингин сийпашар:
«Йиғламанг!… Бу Сизми?… Онажон!…»

***

Мен тирикман, мурдалар
Найза тутган қошимда.
Менинг юзим оқарган,
Улар кулиб туродир.
Ўликлар тиғ уришар
Гир айланиб рошимда.
Сон минг найза тиғидан
Дилим қонаб бородир.
Игнам қолди савоқда,
Жоним қолди равоқда.

Бир тош синди оҳига,
Осмон келиб йиғлади.
Кўзларимнинг чоҳига,
Тонг дардини қамади
Эгилдилар йўлимга.
Маъюс-маъюс мажнунтол.
Юзимга тик қаролмас,
Энди на тун, на ҳилол.
Игнам қолди савоқда.
Жоним қолди равоқда.

Азобларим охири,
Кўринмас бир чоғ бўлди.
Изларимдан унган қир.
Бағри кенг бир тоғ бўлди.
Боғ, адирлар ёпинган,
Кўк майсалар кўйлагим.
Тоғ кифтимга туташган,
Ям-яшил ўтлоқ бўлди.
Игнам қолди савоқда,
Жоним қолди равоқда.

Ўзим тирик бўлсам-да,
Тупроқларга айландим,
Тирикларни бўзлатиб,
„Ушшоқ» ларга айландим.
Сенинг юзинг оқартиб.
Мен доғларга айландим.
Сочилган тан бўлдим-а,
Элсиз Ватан бўлдим-а.
Игнам қолди савоқда,
Жоним қолди равоқда.

***

Эй тош!..
Қўрқмадингми, йиғламадингми
Шоду хандон бормисан бу дам?!.
Бинафшанинг қонини тўкиб
Яшамоққа ичдингми қасам?!.
Эй гул!..
Ҳимматингми, марҳаматингми,
Доғи заҳмат тоғидан ошган?!.
Меҳр сўраб яна бордингми
Илдизингаи қуритган тошдан?!

ОЙ ҚИЗ…
Шамсияга

Ой десам, осмондаги
Қуёшга ўхшаган қиз.
Юлдузларни маст этиб
Йўлига тўшаган қиз.
Кипригининг тиғида
Ошиқ диллар тилиниб,
Лабларининг болидан
Навбаҳор ташлаган қиз.
Гул сочаро, гул сочар
Жамолининг жилваси.
Табассуми дилни жон –
Жойидан ушлаган қиз.
Куйдиради кўзлари
Боқса фариштага хос.
Кўнглининг япроғида
Муҳаббат яшаган қиз.

АЁЛ

Умр — дарё, оқиб жилмаяр,
Сочга райҳон тақиб жилмаяр,
Кетсангиз ҳам сизга талпиниб,
Янги ойдек балқиб жилмаяр.
Сийланг, кўнгли тўлади аёл,
Сизга тиргак бўлади аёл.
У гул бўлар, ифор бўлади,
Йўлингизда хумор бўлади.
Сийласангиз, қаҳратон дили
Бир сўз билан баҳор бўлади.
Сийланг, кўнгли тўлсин аёлнинг,
Бахти бутун бўлсин аёлнинг!..
Қўлингизда гул хор бўлмасин,
Хатолар кўп, такрор бўлмасин.
Севги унсин кошонангизда,
Муҳаббатсиз ёр-ёр бўлмасин.
Жондан ортиқ суюнг аёлни,
Қадрин бошга қўйинг аёлни.
Сийланг, кўнгли тўлади аёл,
Сизга тиргак бўлади аёл.

КЕЛМАГАЙСАН

Келмагайсан…
Бу йўллар қуроқ,
Дуёнинг йўқ мен билан иши.
Келаверар қулоқларимга
Ташқаридан оёқ товуши.
Келмагайсан…
Йиқилиб, тўниб,
Қирчиллайди қишнинг нафаси.
Остонамни тирнайверади
Сукунатнинг совуқ панжаси.
Йиғлагудек қитирлар қалам,
Шиқирлайди қоғозлар карахт.
Ёлворади ёстиғим: “Бир дам,
Кўзларингга ором бер, бадбахт!..’
Келмагайсан…
Менингдек сен ҳам
Қўл-оёғи боғланган тутқун.
Ҳожати йўқ тиламоқликни
Келишингни, овунмоқ учун.
Келмагайсан…
Мен тонг билан хуш,
Хайрлашиб йўлга тушаман.
Бўлса шунча бўлурда сабр,
Бундан ортиқ бўлурми, эгам?!
Келмагайсан…
Барибир… Туним,
Менга шодлик либосин бичиб.
Кетаяпман, менга аталган,
Бисотингни баридан кечиб.
Келмагайсан…
Фароғатим
Тун…

***

Тилим рад этади,
ғаддор тилларим…
Дилимнинг тубида бир қиз йиғлаюр.
Осуда шивирлар,
титроқни босиб
Севгидек севгингдек…
Тилим ҳам ғаюр!..
Вужудим сесканар. Кет! Қайтиб келма!
Сўзларим лабимга йиқилаверар.
Мен ёлғиз!.. Мен ёлғиз!.. Ёлғизлик истаб,
Юрагим бўғзимга тиқилаверар.
Қайғунинг қўлида қовжирар, қайноқ
Қонимдан бол ичиб, унган атиргул.
Мен сени… Мен сени кўзимдан йироқ,
Кўнглимдан йироққа ҳайдадим буткул.
Лекин ой чақирган ойпараст каби,
Телба дил баланду пастни билмаюр.
Мен қанча рад этсам, шунча хурсиниб,
Юрагим тубида бир қиз йиғлаюр.

* * *

Сен йўқсан…
Бу телба дунё овози
Қулоғим остида жаранглар.
Мен далли девона, ишқ саси
Жаннатта етаклар, қаранглар.
Қолди-ку озурда жонимнинг
Куйида ҳокисор куйгани.
Телба ишқ, ҳолингни сўргувчи
Менингдек девона дил қани?
Дўзах ҳам дош бермай тафтимга
Эгилиб пойимга чўкади.
Олдимга бу оқшом адашган
Шамоллар дардини тўкади.
Мен мaғpyp кетаман қарамай,
Устимдан қайноқ сув тўкилур.
Жаннатда мен битган оятнинг
Муҳаббат сураси ўқилур.

ҚОР ЁFAP

Оппоқ-оппоқ оҳиста
Қанот қоқиб бeғyбop,
Изғирин-ла, аёз-ла
Юрагимга ёғар қор.
Қор бунчалар гўзалсан,
Оҳим эшитди худо.
Қор-бўронлар ухлаган
Кўкрагимга марҳабо.
Бахт пойандоз тушайди,
Бахт ўпади юзингдан.
Унда мамнун яшайсан
Дил қасри — муз қиз билан.
Қор, қароғим яхмалак
Тўрт фасл ҳам учавер.
Энди баҳорсиз, ёзсиз
Осмонингни менга бер!..

БЎЛМА

“… Беш хислат мавжудким, қози улардан бирида хатоликка йўл қўйса, ўзига гуноҳ орттирғай. Булар — фаҳм-фаросатлилик, хушмуомилалик, ҳалоллик, матонатлилик ва илмга чанқоқликдир“. (Ҳадисдан)

Бу ўткинчи дунёда фиғон бўлма, дод бўлма,
Бир ожиз йиғлаётган томошада шод бўлма.

Ўтса ўтсин ёмонлик, ёмонликнинг юзи йўқ,
Бир яхшининг кўнглида инграган фарёд бўлма.

Бунча баландсан, ё раб, баландлик худога хос,
Бир худонинг олдида ҳавоси барбод бўлма.

Адолат тарозусун тенг тутур одил ҳакам,
Ҳақ ўюнун ўқиға учраган сайёд бўлма.

Қози сухан илмида, фаросатда тоқ бўлур,
Эл кўзидан оққан ёш, мавжида бунёд бўлма.

Охиратда баробар шақирлайди суяклар,
“Заҳҳок салтанатиндан” қолган зурриёд бўлма.

Лен тошларга ҳукм қил, мурқу жонзотларгамас,
Лийрати бўм-бўш ғовак, суврати шамшод бўлма.

Дилпора, озор чекма, мен ким, у қози ким деб,
Ҳукмда фақир бўл, ул қозидек жаллод бўлма.

099

Jumagul SUVONOVA
YANGI KITOBDAN SHE’RLAR
035

    Jumagul Suvonova Samarqand viloyati Urgut tumanida tug’ilgan. 1989-94 yillar Samarqand davlat universitetida, 1996-99 yillar Samarqand davlat chet tillar instituti aspiranturasida tahsil olgan.O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi targ’ibot markazi, keyin O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Samarqand viloyatlararo targ’ibot markazi,undan so’ng Respublika teleradiokompaniyasi «Yoshlar» radiokanalida katta muxbir va muharrir, Samarqand viloyat o’rta maxsus kasb hunar ta’limi boshqarmasi «Ulug’bek vorislari» gazetasida muharrir vazifalarida faoliyat ko’rsatgan.
Uning «Binafsha» esdalik guldastasi, «Tillaqosh», «Yig’layotgan ohu», «Men sig’magan dunyo», «Olovli fasl», «Odamqush qo’shig’i», «Tuproq isi» nomli she’riy hamda «Umr karvoni», «Qirmiz qizning qissasi» nomli nasrdagi nazm va hikoyalar to’plamlari chop etilgan. Yaqinda «Usmon Azim she’riyatida badiiy tafakkur» nomli monografiyasi ham nashr etilgan.

035

SO’Z DARDI
032

Derazadan osmonga boqib,
Bardosh yig’layapti,
Dosh yig’layapti.
Cheksiz ko’kning
Chekiga tushgan,
Ko’z yosh yog’ayapti,
Tosh yog’ayapti.

Tepalikning boshi oqargan,
So’qmoq elib uxlar shivirdan,
Dil ko’ylagi jiqqa xo’l bo’lar
Qor aralash yoqqan yomg’irdan,

Boshi egik, bag’ri shikasta –
Buncha yupun, borayotgan kim?
Yuragimning qoq o’rtasidan,
Yorib chiqqan bir so’z bor yetim!

Qaldiroqlar qo’l tutar unga
Yonib borar yurti, Vatani
Jabrdiyda, g’amdiyda so’zim
Egningdagi libosiig qani?

Yo’lga tushding, bedor, bedarmon,
Kim qayrilar och va yupunga,
Seni Mansur doriga osdim,
Ko’zlaringni to’ldirdim qumga-

Endi olib, haq huzuriga
Jasadingni, borurman o’zim.
Bir o’t yonar ichu toshimda,
Bir o’t yonar…
BIR O’T YONAR JIM…

TUN BADKOR

Tun badkor…
Tun badkor qiynaydi,
Sindirar oxirgi bardoshni
Ko’zlaringga kirib so’yadi,
Hali tug’ilmagan quyoshni.

Tun battol…
Tun battol, avraydi
Qop-qora qo’l bo’lib silar bosh,
Dunyoni yo’qotib qo’ydim, deb,
Yostiqqa yumalab ketar yosh.

Tun beor…
Tun beor chiqadi
Ming marta haydalgan yo’lakka.
Umidni yo’rgaklab qaytadi,
Bir cheti jiqqa qon yo’rgakka.

Tun daydi,
Ketadi, poyida —
Adashgan xira nur sinadi.
Umidni quchoqlab, tonggacha
Ingragan bir ovoz tinadi…

XAYOL

Osmon marvaridlar taqib oladi,
Oqshom ko’zlarimga kiradi sizib.
Ko’chalarda uzoq chopib toladi,
Oq ot mingan xayol jimlikni buzib.

Tuyoqlar zarbidan zirqirar yurak,
Ushlatmay yugurar ot yuganidan.
Sen kichik nuqtaga aylanib ketding,
Men hamon izlayman ariq yonidan.

Umidlar yetaklab kelardi bunga
Qarshimda turarding so’z topolmay lol.
U vaqtlar bilmasdim tongdek oqarib,
Kelayotgan tuyg’u ekanin xayol.

So’nggi bor tiz cho’kdi sevgi poyimga,
Bilib-bilmaganga o’xshatdim o’zni.
Sen kutib termulding tilsiz og’zimga,
Men qalbga nixoldek qadadim so’zni.

Shu-shu yashil o’rmon qoldi tanimda,
Chiqar alangalar bag’ridan so’zim.
Yonib borayapman olov ichida,
O’zimni yo’qotib qo’yganman o’zim.

YO’LIMIZ BOSHQA

Ko’z tikasiz,
Ko’zim olaman,
Yarashmaydi bu bizning yoshga.
O’z-o’zimga men gap solaman,
Taqdirimiz, yo’limiz boshqa,

Siz baxtlisiz,
Men yolg’izman, yo’q!..
Sabab emas, bo’lar ko’z yoshga.
Men tanlagan so’qmoqlar ham, cho’g’,
Chunki, bizning yo’limiz boshqa.

Ko’p kutasiz,
Men aldamayman,
Itoatlar qilib bardoshga.
Bir kun o’zim kelib aytaman,
Axir, bizning yo’limiz boshqa.

Siz ketasiz,
Men tushunaman,
Bola, ro’zg’or… so’ng, boshqa toshga —
Yana shunday javob qilaman:
«Kechirasiz, yo’limiz boshqa!..»

BIR KUNI

Bir kuni boraman, eshiging qoqib,
Xonang devorlari qotar hayratdan.
Sukut javob qilar! «…..»
Men pichirlayman
Zo’rg’a kelgandim-a
Yo’q ekan, attang…

Xazonlar shitirlab kular ustimdan,
Nega bormadim-a?!..
Shivirlar labim.
Xonangni orqalab,
Qochadi xayol:
«Kelchi, kelolmaysan!…
Seni aldadim…»

Bir kuni baribir boraman, mana
Kulib qarshilaysan: «… E-e-e, keling- keling,
Do’stdanmi dushmandan,
Hech ko’rinmaysiz?!»
Men jim…
Seni esa so’zga boy tiling.

Quvonib ketasan gaplaring bari —
Bari yolg’on bo’lib tuyular menga.
Yaxshiyam oldinroq sezdim,
Bormadim,
Yaxshiyam,
masxara bo’lmadim senga
Bir kuni baribir boraman, faqat…
Shu kun yo’lda xayol
aldamasa bas!…

OLOVGUL

O’t qurshar —
To’rt tomon kul bo’lur,
Men olov ichida qolaman.
U tinmay lovullar,
Men tinmay
Haqiqat undirib olaman.

Qo’l uzat tutayin senga ham
Kel,
Qo’rqma
bir marta ekib ko’r.
Qo’llarim kuyadi berguncha,
Qo’laring kuyadi olov zo’r.

Xush qalay,
ekdingmi?..
bo’ldi qo’y!..
Ustini avaylab o’ragin.
Endi bu niholning o’sishin,
Yong’inu, olovdan so’ragin.

Ha, qiyin ekanmi o’stirish?..
Hech kimni ayamas olov, bil!..
Menimi, nimamni so’raysan?
Axir men olov-gul, olovgul!..

TONG

Tun arqon tortadi (juda horigan —
Tongning oyog’iga bog’langan uchi),
Tortar, tortaverar zulmat qa’ridan
Lekin, yiqitmoqqa yetmaydi kuchi.
Cho’zilib, oqarib uzilar arqon,
Chiziqchalar solib tog’lar betiga
Yuzlarini chayar otayotgan tong,
Olamning bir chelak oppoq sutiga.

  • * * *

Kecha uxlar,
hijronda intiq,..
Sochlarini sukut siypalar.
Tushlarida yetim oq tongni,
Ota kunduz yetaklab ketar.

Kecha titrar, sassiz nolasi,
Tun ko’ksini tilimlar beun.
Sovuq xona, jiq ho’l yostiqqa
Junjukkancha bosh qo’yadi tun…—

QAYTMADING…

Tonglar izlaringga marvarid tushab,
Sog’inch qo’shig’ini aytdi, qaytmading.
Seni yor qo’liga mayus topshirib,
Ko’cha bo’m – bo’sh ortga qaytdi, qaytmading.

Qayt!..
Xazonlar boshini urib yo’lakka,
Ismingni aytolmay shivirlab yig’lar.
Daraxtlar qo’llarin cho’zib falakka,
Samodan, borliqdan bo’yingni tilar,

Qayt!..
Namiqqan havoning bo’g’zidan bu kun,
Otilib gul emas, ilonlar chiqar.
Muhabbat bir kecha mehmon bo’lmagan
Yostiqqa bulutlar ko’ylagin siqar.

Qayt!..
Deraza ortidai boqqan hilolning
Nigohi qorong’u kulbaga tushar.
Bu uyda BAXT nomli sohibjamolning
O’ttizga kirmagan bevasi yashar.

Qa-a-ay-t!!!…
Qaro tun ko’ylagin ko’ksiga bosib,
Dunyoyi-dun kuydi, qaytmading…

ENDI YOLG’IZ YASHOLMAM…

Subhidam qalbimda bir umid to’ydim,
Salgina ilinjli, sal so’lg’in yuzim,
Ko’zlardan dunyoni izlamay qo’ydim,
Nursiz chandiqlarga ulashib ko’zim.
Hayotning bor g’arib quvonchlaridan
Yuz burdim shu totli azobga doim.
Meni SHE’R yurtiga quvg’indi qilgin,
Yolg’iz yasholmayman endi, xudoyim!

* * *

Men seni sog’indim…
Men senga tashna.
Ruhimda tirilding,
Telbai-zorim.
Men gungman,
Men lolman,
Yiqildim, mana –
Kechir endi meni
parvardigorim!..

DARVESH

Vujudimga tomar g’aybona zahar,
Dilimda ilondek to’lg’onadi so’z.
Bu yorug’dunyoni yutqazib qo’ygan,
Bir darvesh boradi haq…do’st!..Haq do’st!..

Bir yaproq bo’lmadim Susambil yurtda,
Sumanlar yuzimni silab o’tmadi.
Mening izlarimga to’kilgan suvdan,
Tikonlar gulladi, toshlar gulladi.

Titroq qo’llarimga tutib bodani,
Qismatga qasdma-qasd icha olmadim.
Kechdim bor xayotning lazzatlaridan,
Sendan kechdim dedim, kecha olmadim.

Muhabbatning sarg’ish rangini suyub,
Ayting, yana nega yosh to’kadi ko’z?
Dunyo o’tib borar qo’lida aso,
Haq do’st!.. Haq do’st!.. Haq do’st!..

MASHRAB NIDOSI

Men osilgan dorning bo’yi balanddir,
Men osilgan dorning ipak arqoni.
Men o’zim bo’ynimga soldim-ku taqdir,
Nega payqamaydi meni dorboning.

O’limga mahkumlar davrasi uzra,
Mening yo’lim bo’lak, izim bo’lakdir.
Nega tortib qo’yding buncha arqonni,
O’zgacha o’liming yo’qmidi, taqdir?

Yaltiroq, ipak ip qirqib bo’g’zimni,
Osilib turibman uzun arqonga,
Dorbon o’limimni ko’rmaydi ma’qul,
Yoki tepam uzra bo’lolmas pana.

Bir daraxt misoli ildizi popuk,
Ato etgan umring menga-shakarmarg.
Qay bir azobingga qarshi qo’zg’oldim,
Qay bir talabingga qarshi qo’ydim shart?

Nega tortib qo’yding buncha arqonni.
Yer past endi unga tegmas oyog’im.
Ikki saltanatning oralig’ida,
Shuncha og’irmidi mening gunohim.

Olloh deb tiladim, oh deb tiladim,
Bir satrim guliston, biri qon, ishon!..
Mening bitta satrim-bitta jasadim,
Jasadim ustiga egilgin, davron!..

MEN YO’QMAN…

Men yo’qman…
Bir gulning nafis nafasi,
Osmon bor, bulut bor, quyosh bor.
Men yo’qman…
Otamning yolg’iz erkasi,
Qayg’u bor, azob bor, ko’z yosh bor.
Men yo’qman…
Ikki jon, ikki dil qolar panohsiz.
Jajji musht qog’ozni g’ijimlar,
Onam gunohsiz…
Ukasin boshini silagan
Qizchaning titraydi kiprigi.
Onajon.. . biz sizni sog’indik!.
Onajon, bu qabr kimniki?
Gullarning ho’l bo’lar yanog’i,
Yaproqlar ovozsiz titraydi.
Bu uyga gung qabr qurganlar,
Gunohkor kimligin bilsaydi.
Tun sochin yozadi nolishdan,
Sochilar hilolning hayrati.
Gap ochar topilib qolishdan,
Bularning hammasi aldamchi.
Men yo’qman.. .
Otamni silkilab,
Dar ketar ikkita polopon,
Maysaning shudringin siypashar:
«Yig’lamang!… Bu Sizmi?… Onajon!…»

***

Men tirikman, murdalar
Nayza tutgan qoshimda.
Mening yuzim oqargan,
Ular kulib turodir.
O’liklar tig’ urishar
Gir aylanib roshimda.
Son ming nayza tig’idan
Dilim qonab borodir.
Ignam qoldi savoqda,
Jonim qoldi ravoqda.

Bir tosh sindi ohiga,
Osmon kelib yig’ladi.
Ko’zlarimning chohiga,
Tong dardini qamadi
Egildilar yo’limga.
Ma’yus-ma’yus majnuntol.
Yuzimga tik qarolmas,
Endi na tun, na hilol.
Ignam qoldi savoqda.
Jonim qoldi ravoqda.

Azoblarim oxiri,
Ko’rinmas bir chog’ bo’ldi.
Izlarimdan ungan qir.
Bag’ri keng bir tog’ bo’ldi.
Bog’, adirlar yopingan,
Ko’k maysalar ko’ylagim.
Tog’ kiftimga tutashgan,
Yam-yashil o’tloq bo’ldi.
Ignam qoldi savoqda,
Jonim qoldi ravoqda.

O’zim tirik bo’lsam-da,
Tuproqlarga aylandim,
Tiriklarni bo’zlatib,
„Ushshoq» larga aylandim.
Sening yuzing oqartib.
Men dog’larga aylandim.
Sochilgan tan bo’ldim-a,
Elsiz Vatan bo’ldim-a.
Ignam qoldi savoqda,
Jonim qoldi ravoqda.

***

Ey tosh!..
Qo’rqmadingmi, yig’lamadingmi
Shodu xandon bormisan bu dam?!.
Binafshaning qonini to’kib
Yashamoqqa ichdingmi qasam?!.
Ey gul!..
Himmatingmi, marhamatingmi,
Dog’i zahmat tog’idan oshgan?!.
Mehr so’rab yana bordingmi
Ildizingai quritgan toshdan?!

OY QIZ…
Shamsiyaga

Oy desam, osmondagi
Quyoshga o’xshagan qiz.
Yulduzlarni mast etib
Yo’liga to’shagan qiz.
Kiprigining tig’ida
Oshiq dillar tilinib,
Lablarining bolidan
Navbahor tashlagan qiz.
Gul socharo, gul sochar
Jamolining jilvasi.
Tabassumi dilni jon –
Joyidan ushlagan qiz.
Kuydiradi ko’zlari
Boqsa farishtaga xos.
Ko’nglining yaprog’ida
Muhabbat yashagan qiz.

AYOL

Umr — daryo, oqib jilmayar,
Sochga rayhon taqib jilmayar,
Ketsangiz ham sizga talpinib,
Yangi oydek balqib jilmayar.
Siylang, ko’ngli to’ladi ayol,
Sizga tirgak bo’ladi ayol.
U gul bo’lar, ifor bo’ladi,
Yo’lingizda xumor bo’ladi.
Siylasangiz, qahraton dili
Bir so’z bilan bahor bo’ladi.
Siylang, ko’ngli to’lsin ayolning,
Baxti butun bo’lsin ayolning!..
Qo’lingizda gul xor bo’lmasin,
Xatolar ko’p, takror bo’lmasin.
Sevgi unsin koshonangizda,
Muhabbatsiz yor-yor bo’lmasin.
Jondan ortiq suyung ayolni,
Qadrin boshga qo’ying ayolni.
Siylang, ko’ngli to’ladi ayol,
Sizga tirgak bo’ladi ayol.

KELMAGAYSAN

Kelmagaysan…
Bu yo’llar quroq,
Duyoning yo’q men bilan ishi.
Kelaverar quloqlarimga
Tashqaridan oyoq tovushi.
Kelmagaysan…
Yiqilib, to’nib,
Qirchillaydi qishning nafasi.
Ostonamni tirnayveradi
Sukunatning sovuq panjasi.
Yig’lagudek qitirlar qalam,
Shiqirlaydi qog’ozlar karaxt.
Yolvoradi yostig’im: “Bir dam,
Ko’zlaringga orom ber, badbaxt!..’
Kelmagaysan…
Meningdek sen ham
Qo’l-oyog’i bog’langan tutqun.
Hojati yo’q tilamoqlikni
Kelishingni, ovunmoq uchun.
Kelmagaysan…
Men tong bilan xush,
Xayrlashib yo’lga tushaman.
Bo’lsa shuncha bo’lurda sabr,
Bundan ortiq bo’lurmi, egam?!
Kelmagaysan…
Baribir… Tunim,
Menga shodlik libosin bichib.
Ketayapman, menga atalgan,
Bisotingni baridan kechib.
Kelmagaysan…
Farog’atim
Tun…

***

Tilim rad etadi,
g’addor tillarim…
Dilimning tubida bir qiz yig’layur.
Osuda shivirlar,
titroqni bosib
Sevgidek sevgingdek…
Tilim ham g’ayur!..
Vujudim seskanar. Ket! Qaytib kelma!
So’zlarim labimga yiqilaverar.
Men yolg’iz!.. Men yolg’iz!.. Yolg’izlik istab,
Yuragim bo’g’zimga tiqilaverar.
Qayg’uning qo’lida qovjirar, qaynoq
Qonimdan bol ichib, ungan atirgul.
Men seni… Men seni ko’zimdan yiroq,
Ko’nglimdan yiroqqa haydadim butkul.
Lekin oy chaqirgan oyparast kabi,
Telba dil balandu pastni bilmayur.
Men qancha rad etsam, shuncha xursinib,
Yuragim tubida bir qiz yig’layur.

* * *

Sen yo’qsan…
Bu telba dunyo ovozi
Qulog’im ostida jaranglar.
Men dalli devona, ishq sasi
Jannatta yetaklar, qaranglar.
Qoldi-ku ozurda jonimning
Kuyida hokisor kuygani.
Telba ishq, holingni so’rguvchi
Meningdek devona dil qani?
Do’zax ham dosh bermay taftimga
Egilib poyimga cho’kadi.
Oldimga bu oqshom adashgan
Shamollar dardini to’kadi.
Men mag’pyp ketaman qaramay,
Ustimdan qaynoq suv to’kilur.
Jannatda men bitgan oyatning
Muhabbat surasi o’qilur.

QOR YOFAP

Oppoq-oppoq ohista
Qanot qoqib beg’ybop,
Izg’irin-la, ayoz-la
Yuragimga yog’ar qor.
Qor bunchalar go’zalsan,
Ohim eshitdi xudo.
Qor-bo’ronlar uxlagan
Ko’kragimga marhabo.
Baxt poyandoz tushaydi,
Baxt o’padi yuzingdan.
Unda mamnun yashaysan
Dil qasri — muz qiz bilan.
Qor, qarog’im yaxmalak
To’rt fasl ham uchaver.
Endi bahorsiz, yozsiz
Osmoningni menga ber!..

BO’LMA

“… Besh xislat mavjudkim, qozi ulardan birida xatolikka yo’l qo’ysa, o’ziga gunoh orttirg’ay. Bular — fahm-farosatlilik, xushmuomilalik, halollik, matonatlilik va ilmga
chanqoqlikdir“. (Hadisdan)

Bu o’tkinchi dunyoda fig’on bo’lma, dod bo’lma,
Bir ojiz yig’layotgan tomoshada shod bo’lma.

O’tsa o’tsin yomonlik, yomonlikning yuzi yo’q,
Bir yaxshining ko’nglida ingragan faryod bo’lma.

Buncha balandsan, yo rab, balandlik xudoga xos,
Bir xudoning oldida havosi barbod bo’lma.

Adolat tarozusun teng tutur odil hakam,
Haq o’yunun o’qig’a uchragan sayyod bo’lma.

Qozi suxan ilmida, farosatda toq bo’lur,
El ko’zidan oqqan yosh, mavjida bunyod bo’lma.

Oxiratda barobar shaqirlaydi suyaklar,
“Zahhok saltanatindan” qolgan zurriyod bo’lma.

Len toshlarga hukm qil, murqu jonzotlargamas,
Liyrati bo’m-bo’sh g’ovak, suvrati shamshod bo’lma.

Dilpora, ozor chekma, men kim, u qozi kim deb,
Hukmda faqir bo’l, ul qozidek jallod bo’lma.

099

(Tashriflar: umumiy 780, bugungi 1)

2 izoh

  1. Bular hammasini o’qir ekanman,Xurshid Davron kutubxonasi naqadar katta ish qilayotganiga yana bir karra amin bo’laman.Bu adabiyot olamiga qo’shilayotgan buyuk hissadir!..

  2. Assalomu alaykum hurmatli Xurshid Davron kutubxonasi yoki Xurshid aka! Men har safar Xurshid Davron kutubxonasi faoliyati bilan tanishar ekanman, ko’nglimni bir oydin iliqlik qamrab oladi.Bu xuddi bahor yomg’iridan so’ng qalbingizni junbushga keltirib, quvonch baxsh eta oladigan toza,issiq va yorug’ tuyg’uga o’xshaydi.Biroq hamisha ham fikrimni ifoda etib, izoh qoldirishga imkon topa olmayman.Ammo sizning mehnatlaringiz naqadar ulug’ ish ekanini ich-ichimdan his qilaman.Olloh sizga uzoq va bardavom umr ato etsin! Adabiyot rivojiga hissa qo’shishdan aslo charchamang!Sizga yana bir bora hurmat va salomatlik tilab, hurmat bilan Jumagul Suvonova.

Izoh qoldiring