Nodir Normatov. Qizg’aldoq rangidek yorqin she’riyat & Manzura To’raeva. She’rlar va sochmalardan

04    Мозий қўшиқларини айтиб ўтадиган Амударё Манзуранинг ҳовлисига яқин жойдан қайрилиб кетади. Дарёга чўмилиб- кўмилиб тушадиган осмондаги ой ҳам аввал Манзуранинг уй деразаларидан мўралаб ўтади, шаҳарни тандирдек қизитиб юборадиган қуёш йилнинг ўн икки ойида ҳам унга эргашиб юрадигандек туюлади. Йўқса, шеъру бадиҳалар ижод қилишга қўли тегмайдиган, уй рўзғоридан, болалару неваралар ташвишидан ортмайдиган аёл уч- тўрттта китобни қаердан ёзарди?!

Нодир Норматов
ҚИЗҒАЛДОҚ РАНГИДЕК ЁРҚИН ШЕЪРИЯТ
056

Бундан ўн-ўн беш йилча муқаддам Паркентда республика ўқитувчи шоир ва ёзувчиларининг танлов- кўриги ўтказилган эди. Ўша йиғинда мен насрий асарларни баҳолашда масъул эдим. Шеъриятни баҳолаш эса таниқли шоирларимиз Сафар Барноев ва Икром Отамуродовлар зиммасида эди. Муҳокама чоғида уларнинг иккаласи ҳам термизлик Манзура Тўраеванинг шеърларига юксак баҳо беришди, шоиранинг мағзи тўқ, туйғу ва эҳтиросларга бой айрим мисралари рус шоираси Анна Аҳматовани ёдга солишини таъкидлаб ўтишди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди. Собиқ тузум пайтида турмуш ўртоғи Москвада ўқиб ишлаганлиги туфайли, Манзура ҳам ўша ерда ўн- ўн беш йилча щша ерда яшади, ишлади. Мусофирликни, турмуш қийинчиликларининг барини бошидан ўтказди. Айни пайтда щша ерда рус ва жаҳон халқлари ижоди билан яқиндан танишди, рус зиёлилари кайфиятини ва халқи табиатини ўша муҳитда тушуна бошлади. Ғурбатда ва юртдан олисда боласини йўқотди, кейинги ҳаётини изга солиш учун сабр ва матонат билан курашди, ана шундай кезларда шеърият унинг жонига ора кирди. Балки мана шу муҳит унинг шеъриятига кўчаётганда, Ахматовага хос маҳзунлик ва айрилик ҳиссиётларини тушуна бошлагандир.

034 Хуллас, ўша анжуманда Манзура шеъриятда ғолибларнинг етакчиси бўлди. Ўша йиллари унинг қатор шеърлари “Тафаккур” журналида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъат” ҳафталиги ва “Туркистон” газетасида босилиб чиқди, кўпчиликда илиқ таассурот уйғотди.

Шоиранинг илк шеърлари Сурхондарёдаги вилоят газетасида босилган, унинг ўзи ана ерда корректорлик қилган, айни пайтда Термиз давлат институтининг филология факультетида таҳсил олган.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида болаликдаги дўстим, синфдошим Тошкентдан Москвага учаётиб, турмуш ўртоғи бўлган Манзурани менга таништирган эди, ўшанда унинг бир туркум шеърларини ўқиб, айримларини матбуотда эълон қилдирган эдим. Мана ўшанга ҳам ўттиз йилдан ошай деб қолди. Бу давр ичида Манзуранинг қатор китоблари чоп этилди, ижодининг янги- янги қирралари очилди. Манзура кайфият одами, у ўзи таъкидлаганидек, столга ўтириб, шеър ёзмайди. У рўзғор ишлари, бола- чақа ташвишида юриб, ўчоқ бошидами, кўча- кўйдами, туғилган сатрларини аранг қоғозга туширишга улгуради.

Манзура Термизнинг хилват бир гўшасида яшайди. Мозий қўшиқларини айтиб ўтадиган Амударё унинг ҳовлисига яқин жойдан қайрилиб кетади. Дарёга чўмилиб- кўмилиб тушадиган осмондаги ой ҳам аввал Манзуранинг уй деразаларидан мўралаб ўтади, шаҳарни тандирдек қизитиб юборадиган қуёш йилнинг ўн икки ойида ҳам унга эргашиб юрадигандек туюлади. Йўқса, шеъру бадиҳалар ижод қилишга қўли тегмайдиган, уй рўзғоридан, болалару неваралар ташвишидан ортмайдиган аёл уч- тўрттта китобни қаердан ёзарди?! Ана шундай, шоирамиз қисқа фурсатларда бўлса ҳам, сирли нурларини йўллаган ою қуёш билан, Амунинг асов тўлқинларию абадият йўлида кўнгилни чорловчи Термизийлар руҳи кезиб юрадиган қадимги макон билан тиллашиб хаёлан мулоқот қилиб туриши бор гап. Ана шу мулоқотдан туғилган мисраларда армон ва орзу, сукунат ва ғалаён, хаёл ва ҳаёт, ибтидо ва интиҳо, макон ва ломакон, болалик, ёшлик ва комиллик мақомида яшашга интилишнинг акс садолари келгандай бўлади, уларнинг тимсоллари шоиранинг бадиий тафаккури кўзгусида жонланиб кўринади. Манзуранинг шеърларини ўқиганингда, Аёлнинг мунгли кўзларидан сочилган соғинч, табассумидан тўкилган нозик чечаклар, кимтилган лабларидан мўралаган ҳаё, вужудидан имранган назокат, кўксидан отилган шижоат, қалбидан порлаган ёруғ қўшиқларни ҳис қила бошлайсан. Бу қўшиқларнинг етакчи мавзуси , шубҳасиз Инсон, унинг кўнгил мавжларидир.

Ҳанузгача булутдек –
Қора ранглар ёт менга.
Қуёшдан ҳам баландда
Турар одамзот менга !

Йиғласам ҳам, кулсам ҳам,
Кенг оламга сиғмайман.
Хотирадан ўзга ҳеч –
Ширин нарса йиғмайман.,

деб ёзади шоира бир шеърида.У она, ёр, фарзанд, шоира мақомида ҳаётга, табиатга, инсонга ўз муносабатини билдирар экан, кўнгли кичрайиб қолишидан қўрққан шаҳар аёлининг нозик ҳиссиётлари гўзал ташбеҳларда янада самимийроқ жаранглайди:

Соғинчларим отсам дарёга
Дарё суви ўрлади кўкка !
Осмон кўнглим осмон сўрамас,
Ёмғирлари тўкилди ўқдай.

Хаёл тулпорининг манзиллари бўлган муҳаббат водийсидан чечаклар терар экан, унинг ифоридан маст шоира худди шу бир лаҳзалик таскин ва ором учун ҳаётнинг барча синовларига тайёр, бундай машаққатлар унга писанд эмас. Чунки унга ўзи қурган бадиий маконнинг куч қудрати мададга келади:

Бошқачаман, бошқача
бугун менинг ўзим ҳам.
Юлдуз каби чарақлаб,
турган икки кўзим ҳам.

Кўп ҳам, оз ҳам демайман –
Топганим олдим зимдан.
Ўзим қурган дунёмда
Шоҳу ғариб ўзимман!

Шоиранинг дўсти эса Муҳаббат ва Меҳрдир. У меҳрни улуғлар экан, уни ўз онаси тимсолида кўради

Дунё тургунча турса
Бўлмасмиди оналар!
Сўзларидан гул бўлиб,
Яшнаб турса болалар.

Шоиранинг нафис шеърларида мажозийлик кўпмаънолиликлар ўрамида келади, сирлилик ва пардага бекинган Сўзнинг қиёфаси жозибали ва мафтункор:

Қизғалдоғнинг қони бор менда,
Қизғалдоғим елга ён берди берди,
Шафақ бўлиб, унга қон берди,
Мен деб , мен-чун нечук жон берди.
Баҳоримни энди ёз деманг,
Қизалдоқ умримни сира оз деманг.

Унинг шеъриятида тўй ва маросимларда ижро этиладиган халқ термалари, орзуларга лиммо- лим она аллалари, сеҳрли қўшиқлар салтанатидан келган садолар жаранги бор. Шоира Сурхоннинг дашт ва тоғ аёлларидан таралган бундай наволар оҳангини, Момолар айтган маънолар залворини теран ҳис қилади, уларни ой ёруғида кўнгил найига мослаб, янада сеҳрли айтимларга айлантиради.

Ҳар кун кулиб боққан ой,
Боқмай тургин, сен бугун.
Сой бўлган юрагимдан,
Оқмай тургин, сен бугун !
Чиқмай тургин , ой бугун,
Ой кўнглимга бойланиб.
Ўтиб кетсин булутлар,
Иккимизни айланиб!

Манзура шеърларида баъзан ҳориганлик, ташвиш юки сочилиб кетади. Бу ҳам инсоний бир вужудда пайдо бўлган қалб кечинмаларининг тошқин, тизгинсиз ифода шаклидай. Аммо улар аста- секин ёруғликка муносабат орқали таскинлик дунёсига кўчиб кира бошлайди, бу жараён ҳам шоиранинг кўнгил иқлимининг рангбаранглигини намоён этади.

Тасалли берасан, таскинлар бисёр,
Мунча кўп эмасми менга илтифот?!

Манзуранинг зарралару қатралардай тиниқ ва пишиқ сўздан ясалган “тешик кулчалари” да ҳаётий тажрибалардан йиғилган сиқиқ лўнда гаплар афоризмларга, мақолларга айланади, муаллиф сўз ўйинлари, киноя ва кесатиқлар, пичинглар орқали уларнинг кўпмаъноли ва таъсирсан бўлишига эришади. Бу бир қадар ўрта асрларда яшаб ўтган япон адибаси Сэй Сёнагоннинг “Ёстиқ тагидан топилган битиклар” китобиига бир мунча ҳамоҳанглик бордай туюлади. Бу таққослаш Манзуранинг ундан таъсирлангани дегани ҳам эмас, эҳтимол у бу китобни ўқимаган ҳам бўлиши мумкин, у менга ана шу руҳдаги буюк асарни давом эттиргандай туюлади.
Шоирани йиллар шамолида совурилаётган Вақт, ўзини англамай қўйган Одамлар, осонга таслим бўладиган қалб қўрғони безовта қилади, худди мана шундай бепарволик ва бесабрлик унинг душмани сифатида шоира шеърларида намоён бўлади.

Ҳар бир кунни тергилаб,
Тугсам ҳамки рўмолга,
Япроқдайин сарғайиб,
Учаверар шамолга!

Мана, шоиранинг навбатдаги сайланма тўплами қўлингизда, сиз уни чўчимай варақлашингиз, кўнглингиз тиласа, нозик шеърларию пичинг аралаш қатраларини шавқ билан ўқиб кўришингиз мумкин. Негаки, улар шоиранинг ўзи ёзганидек, шунчаки эрмакка ёзилган эмас:

Садағангиз кетайин,
Саккиз деманг, санамай!
Айтинг, қачон шеър битдим,
Юрак — бағрим қонамай!?

Манзура Тўраева
ШЕЪРЛАР ВА СОЧМАЛАР
056

Манзура Тўраева 1951 йил 11-мартда Термиз шаҳрида туғилган. 1969 йилда Термиз шахридаги ўрта мактабни, 1974 йилда Термиз Давлат Педагогика интитути филология факултетини тугатган.
Кўп йиллар Термиз шахридаги 11-сон Алишер Навоий номидаги ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берди. 2003-2005 йилларда унинг “Чашма”шеърий тўплами, ”Ёнартош насрий асари, 1910 йилда “Моҳинур”, 2015 йилда “Қақнус” номли шеърлар ва насрий сочмалар китоблари асари нашр этилган. Оилали, уч фарзанднинг онаси.

056

ТИЛЛО БАЛИҚ
077
Қайлардасан, тилло балиқ!
Бийронгина тилли балиқ!
Денгиз тўфон билан тўлиқ,
Чиқ, соҳилга тилла балиқ?

Саволларга ўрамайман,
Сендан давлат сўрамайман,.
Чиқ балиғим, тиллагинам,
Қанотлари пиллагинам?

Ўкиради тўлқин тинмай,
Назарига мени илмай.
Булут ичра сузар ҳилол
Кўйлаккинам байроқ шамол!

Ўкирмагин довулларим,
Тинчиб қолсин соҳилларим.
Тилла балиқ чиқа қолсин,
Тилли бўлиб ёқа қолсин!

Тилла балиқ, тил бер менга,
Жайхундайин дил бер менга!
Тилим чиқса қайтаман, ҳей,
Ёниб қўшиқ айтаман- эй!

ҚАЙТГИМ БОР….

Қуроқ бўлолмасман камингга,
Ямоқ бўлолмасман ғамингга.
Осмонингда чироқ ёқмасман,
Булоғингда қайнаб оқмасман.
Қайтар дунём билдим, қайтмайди,
Дил ҳам энди қўшиқ айтмайди.
Ажратмайди тунни кундуздан,
Фарқи бўлмас ойнинг юлдуздан.
Баҳорларим қайтмаса қайтмас,
Қалдирғочдан саломлар айтиб.
Айтолмаган ўша бир сўз — чун
Мен келаман дунёга қайтиб!!!

ТУҒИЛИШ

Бугун менинг осмоним
Юлдузларга тўлибди.
Ҳар юлдузим бир қуёш
Кўнглим кундай кулибди.

Музлар кўчмиш дарёмдан,
Оғриқлардан тўлғониб.
Руҳим қирғоқларида
Баҳор қолди уйғониб.

Яшил дунё ястаниб,
Қучоғига олмоқда.
Лайлининг муҳаббати
Оташига солмоқда.

Замин залвор тошлари
Том орқага буралди.
Бутун дунё ер, осмон
Майсаларга ўралди!

Хаёлим ҳам, ўйим ҳам,
Нафас олди ўтлардан.
Бу сенмидинг, келдингми,
Ўша мовий юртлардан.

***

Қўнса ҳамки сочга оқ –
Ўша – ўша боламан.
Энг ярқироқ рангларни
Танлаб – танлаб оламан.

Ҳанузгача булутдек –
Қора ранглар ёт менга.
Қуёшдан ҳам баландда
Турар одамзот менга !

Йиғласам ҳам, кулсам ҳам,
Кенг оламга сиғмайман.
Хотирадан ўзга ҳеч –
Ширин нарса йиғмайман.

Кулиб туриб қўлим – ла,
Ёшин артиб кўзимни.
Теккан тошлар зарбидан,
Йўқотмайман ўзимни!

Бахтиёрлик бор ҳали,
Мовий дунё ҳамроҳим !
Юлдуз санаб кўкларга,
Қадалади нигоҳим!

Кўп ҳам, оз ҳам демайман –
Топганим олдим зимдан.
Ўзим қурган дунёмда
Шоҳу ғариб ўзимман!

ҚИЗҒАЛДОҚ

Бунча лов – лов ёнасан!
Қизғалдоғим, қиз балдоғим!
Билмайсанда сен ҳали
Бу ҳаётнинг алдоғин!

Сийратинг ҳам, сувратинг –
Менга мени ёд этмиш!
Этак қоқиб баҳорлар,
Иккимиз ташлаб кетмиш!

Кўп тиканлар ўсса-да,
Қисматимиз йўлида,
Ўзимизни топширгандик,
Шамолларнинг қўлига!

Ёна – ёна бир бутун биз,
Қизғалдоққа айландикми!?
Кезиб қиру даштларнида,
Юракларга жойландикми!?

Бир дақиқа бўлса – да биз,
Ҳаёт учун керакдирмиз!
Қизғалдоққа айлансакда,
Ёниб турган юракдирмиз!

ИЛҲОМ

Учар отим, оқ отим,
Сенда қандай сирлар бор,
Гўзалликка ошуфта
Дилда нечун қўшиқ ёр?

Миннатдорман умримнинг
Баҳор, ёз, қиш — қоридан.
Бахтиёрман сенингдек
Отим мани боридан!

Пар булутлар тўшалар,
Йўлимизга поёндоз.
Қурга қуръа ташласам,
Кўнглим ғолиб чавандоз.

Йилнинг тўрт фаслида ҳам
Баҳор — бизга, кузак — ёд.
Чарчамайман қанотим —
Бўлса сендек учқур от.

Ўнгу сўлга боқмайди,
Вақт оти шиддаткор.
Аммо ундан ўзгувчи,
Фақат ўзинг мададкор.

Ҳар дақиқа ғанимат
Ошир яшин тезликни.
Шу тариқа англайман,
Ўзимдаги ўзликни!

Толиқмасин қанотинг,
Чуҳ, шошайлик, чуҳ отим!
Қизғалдоқ бир очилиб,
Кўз юмгунча ҳаётим!!!

ДЎСТИМ БОР

Гупиллатиб ёғар қор,
Қор дейишар қарғалар!
Қулоғига дов — дарахт
Таққан биллур сирғалар!

Осмонидан кумуш қиш
Элаклаб ун элайди.
Оппоққина оқ қорга
Ер юзини белайди.

Иссиқ уйда жон сақлаб,
Ўлтирамиз исиниб.
Қарға биз — чун қор сўраб,
Қағиллайди қисиниб.

Қаҳратоннинг қаҳри бор,
Қиш қишлигин қилади.
Ер тўйинса эл тўяр,
Буни қарға билади.

Койимангиз қарғани,
Қор сўраса самодан.
Ўз — ўзидан ҳеч нарса
Келмайдику ҳаводан!

Паға — паға ёғсин қор,
Иссиққина пўстим бор!
Наҳот ғамим ейдиган —
Қарғадайин дўстим бор?!

МУҲАББАТ

Муҳаббатга атиргул
Япроғидек тилиндим.
Қармоғига балиқдек
Юрагимдан илиндим!

Кўнглим гулдан чангланиб
Камалакка жойландим.
Ҳар сония гул очиб,
Баҳорларга айландим!

Муҳаббатдан мавжланиб,
Оқавердим — тинмадим!
Тақдирнинг тошларига
Урилсам ҳам синмадим!
Муҳаббатнинг юлдузин
Сўнмаслигин биламан.
Ажалга ҳам чап бериб,
Ўлмаслигин биламан!

Муҳаббат деб кўкарсин,
Бехос тушса ҳам доним!
Муҳаббат деб яшасин,
Қирқта бўлса — қирқ жоним!

***

Қисматимда ёзилган,
Олов сўзни битаман.
Шоир бўлиб туғилмадим,
Шоир бўлиб нетаман!!?

Иссиққина жонимда
Иссиқ қоним оқади.
Куйдан ширин бир қўшиқ
Юрагимни ёқади.

Ўша олов, ўша ўт —
Иситади қонимни.
Олиб чиқар оловлардан,
Омон сақлаб жонимни.

Чак — чаккина томчилаб,
Косасига тўламан.
Шоир бўлиб туғилмадим,
Шоир бўлиб ўламан

***

Бахшида жонимни доғлаб қовурдим,
Тангримнинг берганин сиз деб совурдим.
Ойдиннинг йўлларин сизга йўлладим,
Осмондай ер бўлиб сизни қўлладим!

Топганим, тутганим сиз деб йиғиндим,
Эрта — кеч Аллоҳга сиз — чун сиғиндим.
Боримни, баримни сочдим сизни деб,
Мен ўзим — ўзимдан қочдим сизни деб.

Кўзимни юммайин нурдан, зиёдан
Армонсиз кетайин мен ҳам дунёдан.
Минг битта жонимнинг мингги сизга кам,
Тегманг, битта жоним қолсин менга ҳам!!!

КЎКЛАМ

Кўркингдан айланайин,
Кўҳликларинг чиройли!
Майсалардек қош — кўзинг
Шўхликларинг чиройли!

Юз буришни ўргандим,
Сен деб оҳу нолага.
Тоғ кўксимдан жой бердим,
Чўғдай қизил лолага!

Кўкингдан бер, бағрингга
Кўклам бўлиб қайтайин!
Сенга қиз тутинганим,
Ёмғирларга айтайин!!!
Кўнгил берган дунёмда
Тўлмай қолган қопим бор.
Ёмғирлардан бошқага
Айтолмаган гапим бор!

***

Юмушларнинг чангалидан
Чиқолмайман, толаман!
Ўзим билмай қўғирчоққа
Айланаман қоламан!

Югураман елдан илдам,
Чойим қолар ичилмай.
Кеча туккан тугунимнинг
Ярми қолар ечилмай!

БИР СИРИМ БОР…

Бир тушим бор сувларнинг-
Оқимига айтмаган.
Бир сирим бор кўнглимнинг-
Яқинига айтмаган.

Бир гулим бор чаманда
Ҳали юзин очмаган.
Бир куним бор қуёшли
Нурларини сочмаган!

Бир отим бор қанотли
Аро йўлдан қайтмаган.
Бир ўйим бор тил ёриб,
Шабнамларга айтмаган!

Гулхан каби ловуллаб,
Ёнар қалбда ўт — олов.
Ҳилпирайди туғ бўлиб,
Ҳилпирайди у — ялов!

Ўша машъал, ўша ўт
Ҳаётимнинг тимсоли.
Эш бўлар, ҳам хеш бўлар,
Йўлчи юлдуз мисоли!

Бир сирим бор сеҳргар-
Таёғига бойланиб,
Дунём ичра ётибди-
Эртакларга айланиб!
Сизга яна не дейин,
Шудир менинг бор йўғим.
Ҳайрон бўлманг, шунданда
Кулга айланмас чўғим.

“Қақнус” китобидан

083

Етимнинг эшиги еттита бўлса, муҳтожники — етмишта.

***

Дардимни ёзай десам дастурхон — энига торлик, бўйига калталик қилади.

***

Гулча қадри бўлганнинг, пулча қадри бўлмаслиги мумкин.

***

Иккаласи хам хавфли — бой бўлсанг мойга чўктиришади, камбағал бўлсанг лойга.

***

Юрак гапирмайди. Негаки, у — ҳам талқон, ҳам қалқон вазифасини ўтайди.

***

ОДОБ — ўзидан минг бир хил ифор таратувчи гулдир!

***

Одамлар кўзи билан боқса, такаббур тумшуғи билан боқади.

***

Ҳар бир сўз либос танлайди.

***

Тортганда тошни ҳам — қаерда босишади, қаерда осишади.

***

Қуёшда — шиша ҳам олмосдек кўзни қамаштиради.

***

Отга — чиқиш эмас, отдан — тушиш амримаҳол.

***

Хилини излаган — етти пуштим, хешини излаган етмиш пуштим дейдилар.

***

Ой аксини — сойда ҳам, мойда ҳам кўра олади.

***

Кўнгил — дахлсиз ҳудуднинг эркин фуқаросидир.

***

Муҳаббатнинг нашидаси ичимлик каби — кўнгилни ёздирадиган, ақлдан оздирадиган даражада ўткир бўлади.

***

Борники бозорга сиғмаса, йўқники мозорга сиғмайди.

***

Таъмагир олса — омонликка, берса ёмонликка беради.

***

Лаганбардор — тўрт томондан қуёш чиқса, бирваракайига тўрт томонга ҳам қайрила оладиган кунгабоқардир.

***

Кўнглимиз қаримаганлиги учунми, юзга кирсак ҳам “ Ёшлик қилиб қўйдим “ дейишдан ўзимизни тиёлмаймиз.

***

Сўзим маржон бўлса — ипга тизолмайман, маржон бўлмаса — ипдан узолмайман.

***

Нақлга амал қилсанг — шамолдек эса оласан, ақлга амал қилсанг — қиличдек кеса оласан.

***

Камбағал қуёшли кунларини ҳам кунга тутса қовурғаси кўринади.

***

Ерга тенг қилмоқ, гўрга тенг қилмоқ.

***

Қоплаб гапирди дегани, боплаб гапирди дегани эмас.

***

Башанг кийинган аҳмоқ олтин ялатган мисга ўхшайди.

***

Чиройли хулқинг- чиройли халқингнинг суврати.

***

Кўз дегани — кундада ҳам бор.

***

Тиллашганнинг тили узун, беллашганнинг қўли узун.

***

Ёзнинг таъмига қиш баҳо беради.

***

Қора дорининг энг ўткири — аёл! У бирваракайига ҳам бошдан, ҳам оёқдан, ҳам юракдан чалади.

***

Қаригач — чинор бўлсанг ҳам япроғинг тўкилар, минор бўлсанг ҳам тупроғинг.

***

Чумолилар дунёсида улар қўрққан девлар бизлар бўламиз.

***

Сен уники бўлсанг ҳам, у сеники бўлмаслиги мумкин.

***

Дарз кетса чинни ҳам, синиқ овоз чиқаради.

***

Довуллардан, тўфонлардан омон чиққан кўнглим биттагина тилнинг заҳмидан дарз кетди.

***

Ҳатто тошда бор ҳикматнинг бошда бўлмаслиги мумкин.

***

Тентакнинг ҳам ўз ўрни бор. У бўлмаса ростини ким айтади?

***

Жаноб “ қул “ ишлайди, жаноб “ пул “ кишнайди.

***

Шер ҳам тиригида шер, ўлгач қурт — қумурсқалар ер.

045

Nodir Normatov
QIZG’ALDOQ RANGIDEK YORQIN SHE’RIYAT
056

Bundan o’n-o’n besh yilcha muqaddam Parkentda respublika o’qituvchi shoir va yozuvchilarining tanlov- ko’rigi o’tkazilgan edi. O’sha yig’inda men nasriy asarlarni baholashda mas’ul edim. She’riyatni baholash esa taniqli shoirlarimiz Safar Barnoev va Ikrom Otamurodovlar zimmasida edi. Muhokama chog’ida ularning ikkalasi ham termizlik Manzura To’raevaning she’rlariga yuksak baho berishdi, shoiraning mag’zi to’q, tuyg’u va ehtiroslarga boy ayrim misralari rus shoirasi Anna Ahmatovani yodga solishini ta’kidlab o’tishdi. Buning o’ziga xos sabablari bor edi. Sobiq tuzum paytida turmush o’rtog’i Moskvada o’qib ishlaganligi tufayli, Manzura ham o’sha yerda o’n- o’n besh yilcha shsha yerda yashadi, ishladi. Musofirlikni, turmush qiyinchiliklarining barini boshidan o’tkazdi. Ayni paytda shsha yerda rus va jahon xalqlari ijodi bilan yaqindan tanishdi, rus ziyolilari kayfiyatini va xalqi tabiatini o’sha muhitda tushuna boshladi. G’urbatda va yurtdan olisda bolasini yo’qotdi, keyingi hayotini izga solish uchun sabr va matonat bilan kurashdi, ana shunday kezlarda she’riyat uning joniga ora kirdi. Balki mana shu muhit uning she’riyatiga ko’chayotganda, Axmatovaga xos mahzunlik va ayrilik hissiyotlarini tushuna boshlagandir.

034 Xullas, o’sha anjumanda Manzura she’riyatda g’oliblarning yetakchisi bo’ldi. O’sha yillari uning qator she’rlari “Tafakkur” jurnalida, “O’zbekiston adabiyoti va san’at” haftaligi va “Turkiston” gazetasida bosilib chiqdi, ko’pchilikda iliq taassurot uyg’otdi.

Shoiraning ilk she’rlari Surxondaryodagi viloyat gazetasida bosilgan, uning o’zi ana yerda korrektorlik qilgan, ayni paytda Termiz davlat institutining filologiya fakul`tetida tahsil olgan.

O’tgan asrning saksoninchi yillarida bolalikdagi do’stim, sinfdoshim Toshkentdan Moskvaga uchayotib, turmush o’rtog’i bo’lgan Manzurani menga tanishtirgan edi, o’shanda uning bir turkum she’rlarini o’qib, ayrimlarini matbuotda e’lon qildirgan edim. Mana o’shanga ham o’ttiz yildan oshay deb qoldi. Bu davr ichida Manzuraning qator kitoblari chop etildi, ijodining yangi- yangi qirralari ochildi. Manzura kayfiyat odami, u o’zi ta’kidlaganidek, stolga o’tirib, she’r yozmaydi. U ro’zg’or ishlari, bola- chaqa tashvishida yurib, o’choq boshidami, ko’cha- ko’ydami, tug’ilgan satrlarini arang qog’ozga tushirishga ulguradi.

Manzura Termizning xilvat bir go’shasida yashaydi. Moziy qo’shiqlarini aytib o’tadigan Amudaryo uning hovlisiga yaqin joydan qayrilib ketadi. Daryoga cho’milib- ko’milib tushadigan osmondagi oy ham avval Manzuraning uy derazalaridan mo’ralab o’tadi, shaharni tandirdek qizitib yuboradigan quyosh yilning o’n ikki oyida ham unga ergashib yuradigandek tuyuladi. Yo’qsa, she’ru badihalar ijod qilishga qo’li tegmaydigan, uy ro’zg’oridan, bolalaru nevaralar tashvishidan ortmaydigan ayol uch- to’rttta kitobni qaerdan yozardi?! Ana shunday, shoiramiz qisqa fursatlarda bo’lsa ham, sirli nurlarini yo’llagan oyu quyosh bilan, Amuning asov to’lqinlariyu abadiyat yo’lida ko’ngilni chorlovchi Termiziylar ruhi kezib yuradigan qadimgi makon bilan tillashib xayolan muloqot qilib turishi bor gap. Ana shu muloqotdan tug’ilgan misralarda armon va orzu, sukunat va g’alayon, xayol va hayot, ibtido va intiho, makon va lomakon, bolalik, yoshlik va komillik maqomida yashashga intilishning aks sadolari kelganday bo’ladi, ularning timsollari shoiraning badiiy tafakkuri ko’zgusida jonlanib ko’rinadi. Manzuraning she’rlarini o’qiganingda, Ayolning mungli ko’zlaridan sochilgan sog’inch, tabassumidan to’kilgan nozik chechaklar, kimtilgan lablaridan mo’ralagan hayo, vujudidan imrangan nazokat, ko’ksidan otilgan shijoat, qalbidan porlagan yorug’ qo’shiqlarni his qila boshlaysan. Bu qo’shiqlarning yetakchi mavzusi , shubhasiz Inson, uning ko’ngil mavjlaridir.

Hanuzgacha bulutdek –
Qora ranglar yot menga.
Quyoshdan ham balandda
Turar odamzot menga !

Yig’lasam ham, kulsam ham,
Keng olamga sig’mayman.
Xotiradan o’zga hech –
Shirin narsa yig’mayman.,

deb yozadi shoira bir she’rida.U ona, yor, farzand, shoira maqomida hayotga, tabiatga, insonga o’z munosabatini bildirar ekan, ko’ngli kichrayib qolishidan qo’rqqan shahar ayolining nozik hissiyotlari go’zal tashbehlarda yanada samimiyroq jaranglaydi:

Sog’inchlarim otsam daryoga
Daryo suvi o’rladi ko’kka !
Osmon ko’nglim osmon so’ramas,
Yomg’irlari to’kildi o’qday.

Xayol tulporining manzillari bo’lgan muhabbat vodiysidan chechaklar terar ekan, uning iforidan mast shoira xuddi shu bir lahzalik taskin va orom uchun hayotning barcha sinovlariga tayyor, bunday mashaqqatlar unga pisand emas. Chunki unga o’zi qurgan badiiy makonning kuch qudrati madadga keladi:

Boshqachaman, boshqacha
bugun mening o’zim ham.
Yulduz kabi charaqlab,
turgan ikki ko’zim ham.

Ko’p ham, oz ham demayman –
Topganim oldim zimdan.
O’zim qurgan dunyomda
Shohu g’arib o’zimman!

Shoiraning do’sti esa Muhabbat va Mehrdir. U mehrni ulug’lar ekan, uni o’z onasi timsolida ko’radi

Dunyo turguncha tursa
Bo’lmasmidi onalar!
So’zlaridan gul bo’lib,
Yashnab tursa bolalar.

Shoiraning nafis she’rlarida majoziylik ko’pma’noliliklar o’ramida keladi, sirlilik va pardaga bekingan So’zning qiyofasi jozibali va maftunkor:

Qizg’aldog’ning qoni bor menda,
Qizg’aldog’im yelga yon berdi berdi,
Shafaq bo’lib, unga qon berdi,
Men deb , men-chun nechuk jon berdi.
Bahorimni endi yoz demang,
Qizaldoq umrimni sira oz demang.

Uning she’riyatida to’y va marosimlarda ijro etiladigan xalq termalari, orzularga limmo- lim ona allalari, sehrli qo’shiqlar saltanatidan kelgan sadolar jarangi bor. Shoira Surxonning dasht va tog’ ayollaridan taralgan bunday navolar ohangini, Momolar aytgan ma’nolar zalvorini teran his qiladi, ularni oy yorug’ida ko’ngil nayiga moslab, yanada sehrli aytimlarga aylantiradi.

Har kun kulib boqqan oy,
Boqmay turgin, sen bugun.
Soy bo’lgan yuragimdan,
Oqmay turgin, sen bugun !
Chiqmay turgin , oy bugun,
Oy ko’nglimga boylanib.
O’tib ketsin bulutlar,
Ikkimizni aylanib!

Manzura she’rlarida ba’zan horiganlik, tashvish yuki sochilib ketadi. Bu ham insoniy bir vujudda paydo bo’lgan qalb kechinmalarining toshqin, tizginsiz ifoda shakliday. Ammo ular asta- sekin yorug’likka munosabat orqali taskinlik dunyosiga ko’chib kira boshlaydi, bu jarayon ham shoiraning ko’ngil iqlimining rangbarangligini namoyon etadi.

Tasalli berasan, taskinlar bisyor,
Muncha ko’p emasmi menga iltifot?!

Manzuraning zarralaru qatralarday tiniq va pishiq so’zdan yasalgan “teshik kulchalari” da hayotiy tajribalardan yig’ilgan siqiq lo’nda gaplar aforizmlarga, maqollarga aylanadi, muallif so’z o’yinlari, kinoya va kesatiqlar, pichinglar orqali ularning ko’pma’noli va ta’sirsan bo’lishiga erishadi. Bu bir qadar o’rta asrlarda yashab o’tgan yapon adibasi Sey Syonagonning “Yostiq tagidan topilgan bitiklar” kitobiiga bir muncha hamohanglik borday tuyuladi. Bu taqqoslash Manzuraning undan ta’sirlangani degani ham emas, ehtimol u bu kitobni o’qimagan ham bo’lishi mumkin, u menga ana shu ruhdagi buyuk asarni davom ettirganday tuyuladi.
Shoirani yillar shamolida sovurilayotgan Vaqt, o’zini anglamay qo’ygan Odamlar, osonga taslim bo’ladigan qalb qo’rg’oni bezovta qiladi, xuddi mana shunday beparvolik va besabrlik uning dushmani sifatida shoira she’rlarida namoyon bo’ladi.

Har bir kunni tergilab,
Tugsam hamki ro’molga,
Yaproqdayin sarg’ayib,
Uchaverar shamolga!

Mana, shoiraning navbatdagi saylanma to’plami qo’lingizda, siz uni cho’chimay varaqlashingiz, ko’nglingiz tilasa, nozik she’rlariyu piching aralash qatralarini shavq bilan o’qib ko’rishingiz mumkin. Negaki, ular shoiraning o’zi yozganidek, shunchaki ermakka yozilgan emas:

Sadag’angiz ketayin,
Sakkiz demang, sanamay!
Ayting, qachon she’r bitdim,
Yurak — bag’rim qonamay!?

Manzura To’raeva
SHE’RLAR VA SOCHMALAR
056

Manzura To’raeva 1951 yil 11-martda Termiz shahrida tug’ilgan. 1969 yilda Termiz shaxridagi o’rta maktabni, 1974 yilda Termiz Davlat Pedagogika intituti filologiya fakultetini tugatgan.
Ko’p yillar Termiz shaxridagi 11-son Alisher Navoiy nomidagi o’rta maktabda o’zbek tili va adabiyoti fanidan dars berdi. 2003-2005 yillarda uning “Chashma”she’riy to’plami, ”Yonartosh nasriy asari, 1910
yilda “Mohinur”, 2015 yilda “Qaqnus” nomli she’rlar va nasriy sochmalar kitoblari asari nashr etilgan. Oilali, uch farzandning onasi.

056

TILLO BALIQ
077
Qaylardasan, tillo baliq!
Biyrongina tilli baliq!
Dengiz to’fon bilan to’liq,
Chiq, sohilga tilla baliq?

Savollarga o’ramayman,
Sendan davlat so’ramayman,.
Chiq balig’im, tillaginam,
Qanotlari pillaginam?

O’kiradi to’lqin tinmay,
Nazariga meni ilmay.
Bulut ichra suzar hilol
Ko’ylakkinam bayroq shamol!

O’kirmagin dovullarim,
Tinchib qolsin sohillarim.
Tilla baliq chiqa qolsin,
Tilli bo’lib yoqa qolsin!

Tilla baliq, til ber menga,
Jayxundayin dil ber menga!
Tilim chiqsa qaytaman, hey,
Yonib qo’shiq aytaman- ey!

QAYTGIM BOR….

Quroq bo’lolmasman kamingga,
Yamoq bo’lolmasman g’amingga.
Osmoningda chiroq yoqmasman,
Bulog’ingda qaynab oqmasman.
Qaytar dunyom bildim, qaytmaydi,
Dil ham endi qo’shiq aytmaydi.
Ajratmaydi tunni kunduzdan,
Farqi bo’lmas oyning yulduzdan.
Bahorlarim qaytmasa qaytmas,
Qaldirg’ochdan salomlar aytib.
Aytolmagan o’sha bir so’z — chun
Men kelaman dunyoga qaytib!!!

TUG’ILISH

Bugun mening osmonim
Yulduzlarga to’libdi.
Har yulduzim bir quyosh
Ko’nglim kunday kulibdi.

Muzlar ko’chmish daryomdan,
Og’riqlardan to’lg’onib.
Ruhim qirg’oqlarida
Bahor qoldi uyg’onib.

Yashil dunyo yastanib,
Quchog’iga olmoqda.
Laylining muhabbati
Otashiga solmoqda.

Zamin zalvor toshlari
Tom orqaga buraldi.
Butun dunyo yer, osmon
Maysalarga o’raldi!

Xayolim ham, o’yim ham,
Nafas oldi o’tlardan.
Bu senmiding, keldingmi,
O’sha moviy yurtlardan.

***

Qo’nsa hamki sochga oq –
O’sha – o’sha bolaman.
Eng yarqiroq ranglarni
Tanlab – tanlab olaman.

Hanuzgacha bulutdek –
Qora ranglar yot menga.
Quyoshdan ham balandda
Turar odamzot menga !

Yig’lasam ham, kulsam ham,
Keng olamga sig’mayman.
Xotiradan o’zga hech –
Shirin narsa yig’mayman.

Kulib turib qo’lim – la,
Yoshin artib ko’zimni.
Tekkan toshlar zarbidan,
Yo’qotmayman o’zimni!

Baxtiyorlik bor hali,
Moviy dunyo hamrohim !
Yulduz sanab ko’klarga,
Qadaladi nigohim!

Ko’p ham, oz ham demayman –
Topganim oldim zimdan.
O’zim qurgan dunyomda
Shohu g’arib o’zimman!

QIZG’ALDOQ

Buncha lov – lov yonasan!
Qizg’aldog’im, qiz baldog’im!
Bilmaysanda sen hali
Bu hayotning aldog’in!

Siyrating ham, suvrating –
Menga meni yod etmish!
Etak qoqib bahorlar,
Ikkimiz tashlab ketmish!

Ko’p tikanlar o’ssa-da,
Qismatimiz yo’lida,
O’zimizni topshirgandik,
Shamollarning qo’liga!

Yona – yona bir butun biz,
Qizg’aldoqqa aylandikmi!?
Kezib qiru dashtlarnida,
Yuraklarga joylandikmi!?

Bir daqiqa bo’lsa – da biz,
Hayot uchun kerakdirmiz!
Qizg’aldoqqa aylansakda,
Yonib turgan yurakdirmiz!

ILHOM

Uchar otim, oq otim,
Senda qanday sirlar bor,
Go’zallikka oshufta
Dilda nechun qo’shiq yor?

Minnatdorman umrimning
Bahor, yoz, qish — qoridan.
Baxtiyorman seningdek
Otim mani boridan!

Par bulutlar to’shalar,
Yo’limizga poyondoz.
Qurga qur’a tashlasam,
Ko’nglim g’olib chavandoz.

Yilning to’rt faslida ham
Bahor — bizga, kuzak — yod.
Charchamayman qanotim —
Bo’lsa sendek uchqur ot.

O’ngu so’lga boqmaydi,
Vaqt oti shiddatkor.
Ammo undan o’zguvchi,
Faqat o’zing madadkor.

Har daqiqa g’animat
Oshir yashin tezlikni.
Shu tariqa anglayman,
O’zimdagi o’zlikni!

Toliqmasin qanoting,
Chuh, shoshaylik, chuh otim!
Qizg’aldoq bir ochilib,
Ko’z yumguncha hayotim!!!

DO’STIM BOR

Gupillatib yog’ar qor,
Qor deyishar qarg’alar!
Qulog’iga dov — daraxt
Taqqan billur sirg’alar!

Osmonidan kumush qish
Elaklab un elaydi.
Oppoqqina oq qorga
Yer yuzini belaydi.

Issiq uyda jon saqlab,
O’ltiramiz isinib.
Qarg’a biz — chun qor so’rab,
Qag’illaydi qisinib.

Qahratonning qahri bor,
Qish qishligin qiladi.
Yer to’yinsa el to’yar,
Buni qarg’a biladi.

Koyimangiz qarg’ani,
Qor so’rasa samodan.
O’z — o’zidan hech narsa
Kelmaydiku havodan!

Pag’a — pag’a yog’sin qor,
Issiqqina po’stim bor!
Nahot g’amim yeydigan —
Qarg’adayin do’stim bor?!

MUHABBAT

Muhabbatga atirgul
Yaprog’idek tilindim.
Qarmog’iga baliqdek
Yuragimdan ilindim!

Ko’nglim guldan changlanib
Kamalakka joylandim.
Har soniya gul ochib,
Bahorlarga aylandim!

Muhabbatdan mavjlanib,
Oqaverdim — tinmadim!
Taqdirning toshlariga
Urilsam ham sinmadim!
Muhabbatning yulduzin
So’nmasligin bilaman.
Ajalga ham chap berib,
O’lmasligin bilaman!

Muhabbat deb ko’karsin,
Bexos tushsa ham donim!
Muhabbat deb yashasin,
Qirqta bo’lsa — qirq jonim!

***

Qismatimda yozilgan,
Olov so’zni bitaman.
Shoir bo’lib tug’ilmadim,
Shoir bo’lib netaman!!?

Issiqqina jonimda
Issiq qonim oqadi.
Kuydan shirin bir qo’shiq
Yuragimni yoqadi.

O’sha olov, o’sha o’t —
Isitadi qonimni.
Olib chiqar olovlardan,
Omon saqlab jonimni.

Chak — chakkina tomchilab,
Kosasiga to’laman.
Shoir bo’lib tug’ilmadim,
Shoir bo’lib o’laman

***

Baxshida jonimni dog’lab qovurdim,
Tangrimning berganin siz deb sovurdim.
Oydinning yo’llarin sizga yo’lladim,
Osmonday yer bo’lib sizni qo’lladim!

Topganim, tutganim siz deb yig’indim,
Erta — kech Allohga siz — chun sig’indim.
Borimni, barimni sochdim sizni deb,
Men o’zim — o’zimdan qochdim sizni deb.

Ko’zimni yummayin nurdan, ziyodan
Armonsiz ketayin men ham dunyodan.
Ming bitta jonimning minggi sizga kam,
Tegmang, bitta jonim qolsin menga ham!!!

KO’KLAM

Ko’rkingdan aylanayin,
Ko’hliklaring chiroyli!
Maysalardek qosh — ko’zing
Sho’xliklaring chiroyli!

Yuz burishni o’rgandim,
Sen deb ohu nolaga.
Tog’ ko’ksimdan joy berdim,
Cho’g’day qizil lolaga!

Ko’kingdan ber, bag’ringga
Ko’klam bo’lib qaytayin!
Senga qiz tutinganim,
Yomg’irlarga aytayin!!!
Ko’ngil bergan dunyomda
To’lmay qolgan qopim bor.
Yomg’irlardan boshqaga
Aytolmagan gapim bor!

***

Yumushlarning changalidan
Chiqolmayman, tolaman!
O’zim bilmay qo’g’irchoqqa
Aylanaman qolaman!

Yuguraman yeldan ildam,
Choyim qolar ichilmay.
Kecha tukkan tugunimning
Yarmi qolar yechilmay!

BIR SIRIM BOR…

Bir tushim bor suvlarning-
Oqimiga aytmagan.
Bir sirim bor ko’nglimning-
Yaqiniga aytmagan.

Bir gulim bor chamanda
Hali yuzin ochmagan.
Bir kunim bor quyoshli
Nurlarini sochmagan!

Bir otim bor qanotli
Aro yo’ldan qaytmagan.
Bir o’yim bor til yorib,
Shabnamlarga aytmagan!

Gulxan kabi lovullab,
Yonar qalbda o’t — olov.
Hilpiraydi tug’ bo’lib,
Hilpiraydi u — yalov!

O’sha mash’al, o’sha o’t
Hayotimning timsoli.
Esh bo’lar, ham xesh bo’lar,
Yo’lchi yulduz misoli!

Bir sirim bor sehrgar-
Tayog’iga boylanib,
Dunyom ichra yotibdi-
Ertaklarga aylanib!
Sizga yana ne deyin,
Shudir mening bor yo’g’im.
Hayron bo’lmang, shundanda
Kulga aylanmas cho’g’im.

“Qaqnus” kitobidan

083

Yetimning eshigi yettita bo’lsa, muhtojniki — yetmishta.

***

Dardimni yozay desam dasturxon — eniga torlik, bo’yiga kaltalik qiladi.

***

Gulcha qadri bo’lganning, pulcha qadri bo’lmasligi mumkin.

***

Ikkalasi xam xavfli — boy bo’lsang moyga cho’ktirishadi, kambag’al bo’lsang loyga.

***

Yurak gapirmaydi. Negaki, u — ham talqon, ham qalqon vazifasini o’taydi.

***

ODOB — o’zidan ming bir xil ifor taratuvchi guldir!

***

Odamlar ko’zi bilan boqsa, takabbur tumshug’i bilan boqadi.

***

Har bir so’z libos tanlaydi.

***

Tortganda toshni ham — qaerda bosishadi, qaerda osishadi.

***

Quyoshda — shisha ham olmosdek ko’zni qamashtiradi.

***

Otga — chiqish emas, otdan — tushish amrimahol.

***

Xilini izlagan — yetti pushtim, xeshini izlagan yetmish pushtim deydilar.

***

Oy aksini — soyda ham, moyda ham ko’ra oladi.

***

Ko’ngil — daxlsiz hududning erkin fuqarosidir.

***

Muhabbatning nashidasi ichimlik kabi — ko’ngilni yozdiradigan, aqldan ozdiradigan darajada o’tkir bo’ladi.

***

Borniki bozorga sig’masa, yo’qniki mozorga sig’maydi.

***

Ta’magir olsa — omonlikka, bersa yomonlikka beradi.

***

Laganbardor — to’rt tomondan quyosh chiqsa, birvarakayiga to’rt tomonga ham qayrila oladigan kungaboqardir.

***

Ko’nglimiz qarimaganligi uchunmi, yuzga kirsak ham “ Yoshlik qilib qo’ydim “ deyishdan o’zimizni tiyolmaymiz.

***

So’zim marjon bo’lsa — ipga tizolmayman, marjon bo’lmasa — ipdan uzolmayman.

***

Naqlga amal qilsang — shamoldek esa olasan, aqlga amal qilsang — qilichdek kesa olasan.

***

Kambag’al quyoshli kunlarini ham kunga tutsa qovurg’asi ko’rinadi.

***

Yerga teng qilmoq, go’rga teng qilmoq.

***

Qoplab gapirdi degani, boplab gapirdi degani emas.

***

Bashang kiyingan ahmoq oltin yalatgan misga o’xshaydi.

***

Chiroyli xulqing- chiroyli xalqingning suvrati.

***

Ko’z degani — kundada ham bor.

***

Tillashganning tili uzun, bellashganning qo’li uzun.

***

Yozning ta’miga qish baho beradi.

***

Qora dorining eng o’tkiri — ayol! U birvarakayiga ham boshdan, ham oyoqdan, ham yurakdan chaladi.

***

Qarigach — chinor bo’lsang ham yaprog’ing to’kilar, minor bo’lsang ham tuprog’ing.

***

Chumolilar dunyosida ular qo’rqqan devlar bizlar bo’lamiz.

***

Sen uniki bo’lsang ham, u seniki bo’lmasligi mumkin.

***

Darz ketsa chinni ham, siniq ovoz chiqaradi.

***

Dovullardan, to’fonlardan omon chiqqan ko’nglim bittagina tilning zahmidan darz ketdi.

***

Hatto toshda bor hikmatning boshda bo’lmasligi mumkin.

***

Tentakning ham o’z o’rni bor. U bo’lmasa rostini kim aytadi?

***

Janob “ qul “ ishlaydi, janob “ pul “ kishnaydi.

***

Sher ham tirigida sher, o’lgach qurt — qumursqalar yer.

045

(Tashriflar: umumiy 398, bugungi 1)

Izoh qoldiring