Rauf Parfi. Buyuklar yodi

009Атоқли шоир Рауф Парфи ижодида буюк салафларга мурожжату, улар билан тенгма-тенг мулоқот қилиш кенг ўрин эгаллайди. Бугун уларнинг бир қисмини сизга тақдим этамиз.

Рауф Парфи
БУЮКЛАР ЁДИ
07

Буюк ўзбек шоири Рауф Парфи 1943 йил сентябрида Тошкент вилоятининг Шўралисой қишлоғида туғилган.”Карвон йўли” (1968),”Акс садо” (1970), ”Тасвир”(1973), ”Хотирот”(1974)”Кўзлар”(1976),”Қайтиш”(1981),”Сабр дарахти”(1981), ”Сукунат”(1991) ва бошқа шеърий китобларнинг муаллифи. Ўзбекистон халқ шоири(1999).

ШОИР ҚИСМАТИ
Чўлпон хотирасига

Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок,
Руҳ даги тан аро сўздин ҳалок.

Алишер Навоий

Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен…
Чўлпон

1.Она тилим,Сен руҳимнинг қаноти,
Абут Турк нафаси,Олтой чечаги.
Хун давридан омон келди Ғротинг,
Қутлуғ Энасойнинг эзгу эртаги.

Ўрхун бўйларида тошга айландинг,
Фалакка санчилдинг,Турон бўлдинг Сен,
Мангулик сафарга қачон шайландинг?
Қачон бу аламга – кучга тўлдинг Сен?

Порлоқ осмонингда қузғунлар учди.
Э воҳ,ёғийларинг солди яғмони.
Ёғийларинг жигар-қонингни ичди.

Жигар-қон жаранги тутди жаҳонни.
Онасен.Кечирдинг.Қонидан кечдинг.
Бироқ кечирмадинг ёлғонни.

2.Дунё оқ эмасдир,йўқ,қора бардош.
Куйиб,ёдимиздан кечганлар айтсин.
Сўзларида заҳар,кўзларида тош,
Тилидан,элидан кечганлар айтсин.

Тунлар босиб келар дунё ҳасрати,
Кунлар гизли туғён,босиб келар шеър.
Нечук қисмат эрур,шоир қисмати?!
Тушларимни бузар ҳазрат Алишер…

Йиллар баҳоримни учирди чалқиб,
Музларга кўчурди ўтлуқ ёзимни.
Ахтардим муҳитда хас каби қалқиб –

Мен ўз Юлдузимни,ўз Қуёшимни…
Юлдуз сен,Қуёш сен,сен,она халқим,
Сен учун синдирдим синмас созимни.

3.О,шоир қисмати,ярқироқ,гулгун,
Завқларга тўлар у, бир сўзни излар.
Дунёда ҳеч бир кас билмас, не учун
Айрича кулар у,айрича бўзлар.

Йўлсизлик йўлдоши, толеи нигун,
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу – халқ душмани деб тутсалар бир кун,
Бари бир у халқнинг номидан сўзлар.

Бошида қора қиш,оппоқ баҳорлар,
Юраги яриму бутун имони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.

Тани омонатдир,нақд эрур жони.
Кўкрак қафасида ловуллаб порлар
Буюк муҳаббатнинг қонли нишони.

1983

НОЗИМНИНГ САДОСИ
(Парча)

Кетди Нозим.
Келар Нозим овози:
Киприкларим соқчилигида
Менинг кўзим – менинг қуёшим.

Ҳасрат янглиғ,
жаннат янглиғ менинг дунём
фикрларим
соқчилигида.
Атрофимда айланар энг дардли,
Энг бахтли тириклик сайёраси,
Мен унинг ўртасида
Жаҳон каби катта ва норасида.
Кўз ёшларим қалбимни овутмади,
Кўзларим йиғласа
Қалбим йиғлар чорасиз,
Қалбим йиғлаганда
Кўзларим тўкади
аччиқ ёш.
Қуёш! Қуёш – бир бош!

…Бир садо
Нозимнинг садоси –
Сочилар.
Миллионларнинг сон минг кўчаларига,
Дунёнинг энг ёруғ,
Дунёнинг энг қора кечаларига…

Нозим…Нозим…
Кетди Нозим.
Қолди Нозим садоси.
Садонинг акс садоси.
Акс-садонинг акс-садоси.

Садога ўралашиб борар тобора
Бу дунё.
Садо кенгликлари теран боқар менга
Нозим Ҳикмат кўзлари ила.

1963

ПАБЛО НЕРУДА ЎЛИМИГА

Ахир ўлдирмишдир қора машъал тутган машъум шайтанат,
Қўрқоқлар ўлдирдилар.
Сотқинлар ўлдирдилар.
Шоирни.Инсонни.

Гарчи мумкин эмасдир асло
Уфқнинг бўйнига сиртмоқ,дор ташлаб
Ўлдирмоқ инсонни,Пабло.
Сўнди озодликнинг сўнгги осмони,Пабло.

Чатнади юлдузлар,
Сўндилар қақшаб.
О,бугун қайғунинг қора сувратин кўрдим.
Нафратнинг қошида турдим юзма-юз.

Нафасин ичига ютиб юборган ҳаво,
Дим,
Нафасини ичига ютиб юборган
Паблосиз.

Бугун танҳо ҳасрат.Шоир ва дунё.
Сўз йўқ сўзга,
Осмон тошиб кирар кўзга,сиғмас кўзга,Пабло,
Бу буюк ҳасратнинг мазмуни ўзга,Пабло.

Наҳот Борлиқ – соқов.
Наҳот Борлиқ – кўр.
Дилдираб лопиллаб турган булутларнинг
Тобутида ётар жонсиз тафаккур.

У қандай севарди.
У қандай севарди – Дунё – Ватанин.
Йўқ,озодликни отиб бўлмас,йўқ,
На-да тубан,на-да аянч осмоннинг душмани.

Қўлларига қайтадан қора машъала олган
машъум шайтанат –
Зулматликлар Чилининг оппоқ тонгини
Чил-чил синдирдилар.
Қонли санжоқ илдилар,Пабло.
Етим қилмоқ бўлдилар озодликни
Фақат,
Яна ўзларини етим қилдилар,
Пабло.

Ятар,бас,марсия…
Эй сиз,ғафлат супрасида биқсиб тўйганлар,
Эй сиз,қурбонликка
Қуёшни сўйганлар…

Уни ўликлар ўлдирдилар.
Ўлдирдилар шоирни,Инсонни.
Ҳайқир,ҳайқир,ҳайқир осмон –
Пабло Неруданинг осмони.

1973

БАЙРОННИНГ СЎНГГИ САФАРИ
(Парча)

…Қонталаш уфқда интиқом порлар,
Шоир – эрк ўғлони,номус сарвари.
Гўёки хўрланган ҳамширанг чорлар,
Юзландинг қасос деб сен Юнон сари.
Севган Ватанингда барчаси қолар,
Алданган умиду ғийбатлар бари…
Денгиз ҳайқиради,гирдоб бекарам,
Шоир кўзларингга денгизлар тўлар.
“…Тождор махлуқларга емнинг ўзи кам,
Тишламоқ ва қопмоқ истайди улар…”
Жанг майдони керак жангчига ахир,
Қутлуғ эркинликнинг жасур фарзанди,
Сўнгсиз алам билан телбариб ёндинг,
Она Ватанингни тарк этдинг,шоир.

…Наҳот,ёвуз бўрон хасдек учиргай?
Қайнар томиримда оташин қонлар.
Қаҳрим қуюнларнинг изин ўчиргай,
Пойимда ётурлар қора бўронлар.
Уфқ ўтда ёнар,денгиз ҳам нотинч.
“Йўқ эса кўкларга сочиб ҳасратим,
Бош олиб кетмасдим Ватанимдан ҳеч,
Сенга қул бўлардим,эй муҳаббатим…”
Ўжар хаёлларга бир дам тўларман,
Бир дам сўзларингни тинглайман сокин:
“…Кураш нечун ахир?..Мен ёш ўларман,
Неча имкон бордир севдим-ку,токим,
Тупроқдан эдим мен,тупроқ бўларман,
Дунёни тутажак менинг-да хоким…”

1976

ВАН ГОГ
Исфандиёр Ҳайдарга

Буюк севги рангин излаб юрарди…
Ёзар мовийликка рангин қасида.
Бироқ ҳайрат ичра қалқар юраги
Яхшилик-ёмонлик чегарасида.

Ҳеч нарсасиз,лекин меҳри зиёда,
Излар тирикликнинг сирли бўёғин.
Бунча ғариб,разиллар кўп дунёда?!
Кесиб берсакмикан қолган қулоғин…

Қариндош уруғу дўсту ёр,хотин,
Уни англамади кибор оломон,
Юраги билгисиз зардобга тўлди.

Шаънига хиёнат қилишдан олдин,
Билмоқчи бўлди у,бу қандай замон?
Юрагин рангини кўрмоқчи бўлди…

1977

ВЕРЛЕН

У ҳайбатли кўзга айланди
Ундан оқиб чиқди ўзи
Қувиб борар қизил-яшил кўйлак кийган
Ҳавони қувиб борар

Темирбетон қўллари билан
Қаттиқ тақиллатар ҳаприқиб
Юрагининг почта қутиси
Осилган дарбозасини

— Ким бор
Кирмадими бу ёққа
Қизил-яшил кўйлак кийган
Ҳаво

Теваракка жовдираб боқар
Теваракка боқар мушаккал
Уялар
Яланғоч

У — тор эмас
У – товуш эҳтимол
У ҳасрат ҳам эмасдир ҳатто
У – ярадир аниқ

1973

БЕТХОВЕН

Ҳозир сўнг зарб ила узилажак тор,
Наҳот,ҳар не абас,ҳаммаси битар.
Ўзинг қўлла мени,эй буюк даҳо,
Қандай саодатдир бу сўнгги садо?!

Шивирлар ҳайқирар бепоён денгиз,
Мен уни сипқормоқ истайман танҳо.
Фақат сен кўзингни бағишла,Зиё,
Фақат сен,Жасорат,қўлингни бер тез.

Балки бу осмон – Орзу садоси,
Денгиз – хаёлларин садосидур бу,
Ҳақиқат қошида қасамдир эзгу.

Суюкли инсонга балки видоси,
Ҳозир сўнг зарб ила узилажак тор –
Сўнг зарб ҳаётин яшамак даркор.

1973

ТАВФИҚ ФИКРАТ КИТОБИГА ЁЗУВ

Нечун йўлнинг сўнгида жарлик…
Тавфиқ Фикрат

Мен ухлайман,мен ухлайман,
Рўёларга ботаман.
Тушларимда мен йиғлайман,
Булутни уйғотаман.

Боқмам ерлик наволарга,
Билмам қачон қайтаман.
Мен дардимни ҳаволарга,
Шамолларга айтаман.

Мен ухлайман,мен ухлайман,
Аста юмгайман кўзим.
Тушларимда мен йиғлайман,
Сен кулиб тур,юлдузим.

1972

ОЙБЕК ХОТИРАСИГА

Тоғлар аро ойдин бир булоқ,
Атрофида шивирлар ўтлоқ.
Булоқда шаън ва собит чирой.
Нур йўлидек ўйлари йироқ
Сувда мангуликдек сузар ой…

Бироқ,ҳайҳот,бир қуюн келди…
Ойдин булоқ қайга беркинди?!
Қайдадир шаън ва собит чирой?
Фалакларга қарайман энди.
Фалакларда сузиб юрар ой…

1968

ТУРКИСТОН ЁДИ
Устоз Миртемир хотирасига

Нақадар узундир,оғирдир бу йўл,
Далалар ястаниб ётар кўк каби.
Тиғлар хотирамни осмон – чеки йўқ,
Тизгинсиз бу шиддат кенглик асаби.

Бу кенгликда ўйлар мени ғижимлар,
Ул ўз қофиясин судраб келадир.
Қанча қочсанг шунча қилғай ҳужумлар,
Ўқ цингари хотирамни тиладир!

Теграмда зич ҳаво – она Туркистон,
Ёрғай томиримни кўр ҳаяжоним.
Бу майдон ичинда мен тўкмаган қон,
Менинг уни дея аяган жоним.

Яна йироқларга чорлайдир мозий,
Ватан тушунчаси келар етаклаб
Айрилган,хўрланган улус овозин.
Шоирнинг бешиги айтар эртаклар.

Яссавий мақбари мунғаймиш мағрур.
Товушга айланди ҳар бир гишт ранги.
“Дунё менинг деганлар…” Нидо келур.
“Каркас қушдек…” Қадим сўзлар жаранги.

“Ёлғон даъво қилганлар…” Сўзлар шоир.
“Оқни қаро қилганлар…” Айтинг,кимлар?!
Мақбара бошимга йиқилар ҳозир,
Яна товуш:”Ҳаром еган ҳокимлар…”

Парчин-парчин бўлди ёдим симлари,
Симлар – кўзларимга мил тортган чизғу.
Ўтган улуғларни эслайман барин,
Хотирот мозори — Туркистон мангу.

Кеча содиқ ўғлинг ўтди дунёдан,
Сахий инсон эди,у шоир эди.
Санчилиб яшайди бир умр ёдда,
Кетаётиб,мен йиғлаб бўлдим,деду.

Йиғла энди,кўзим,сен ҳам йиғлаб ол,
Тўйсин кўз ёшингга бу туркий ситам,
Тўйсин,Ватан ёди чидар бемалол.
О,сабр дарахти – қутлуғ Туркистон.

Нақадар узундир,оғирдир бу йўл.

1981

АЛЕКСАНДР БЛОК

Билурман,хун ҳақи,ҳалокат ҳақи,
Бари бир мен сени қутлайман,ҳаёт.

А.Блок

1.Қора булутларни ўйнар осмон.
Олис юлдузларнинг сирли шуъласи.
Тумонли соҳилдан ундар бегумон
Бу сўлғин шамларнинг игналик саси.

Ташналик сасидир,бу — туш,бу – олам,
Кимдир тишлаб олган оловни унда.
О,Рус, сен – ёрим,сен – синглим,сен – Онам,
Қандай олиб чиқай мен сени тундан.

Сира қувиб бўлмас бу қонли тушни,
Куйдиргувчи юлдуз сапчир дафъатан.
Ҳеч синмас руҳ ичра осмоннинг ҳусни.

Томоққа тиқилган кўз ёшим – Ватан.
Ўт ичиндан термоқдаман товушни.
Куйиб бўлган нарса куймас қайтадан.

2.Мадор йўқ,қанот йўқ.Тамом.Чарчадим.
Чўқир жигаримни бу ўтрук,ёлғон.
Бу таъна қадимий, бу сўзлар қадим,
Бу совуқ сайёддир кўҳна палаҳмон.

Ёлғиз менми ахир?! Дард бор,ҳамдард йўқ.
Бу ёлғон дунёда мен ёлғиз эмас.
Нақадар тиниқдир,зангоридир кўк,
Нақадар шириндир,узундир нафас.

Русия! Йиғлама,кўз ёшингни сот,
Сўйилган ой кезар – у менинг хуним.
Сен билурсан холос.Бошқа ҳеч бир зот.

Жисмим совиб борар,сўнмоқда уним,
Гирдоб қўйнида мен,қўлингни узат…
Хайр! Бу кун менинг охирги куним.

3. Қайда,қайда қолди ўзғир ғалаён?!
Наҳот унинг синмас қиличи синди.
Титра,чексиз уммон,сен,мудроқ жаҳон,
Темир дарбозангни тепарман энди.

Қара,қўлларим қон,тирноқларим қон,
Тургил,ғафлатингни ётмагил босиб.
Эшикни очсанг-чи,эй ялқов посбон,
Қаршингда мана мен,жаҳон садоси.

Ваҳмзор жаҳонсен,қалбимни ёқиб,
Шеърият қаърига шўнғирман ношод.
Русия,Русия севиб,ютақиб,

Шўрлик,омон бўл деб топиндим бедод.
Билурман,хун ҳақи,ҳалокат ҳақи,
Бари бир мен сени қутлайман,ҳаёт.

1981

ИСИКАВА ТАКУБОКУ ХОТИРАСИГА

Ҳасратимнинг
Суюқ тошларидан
Даҳма қурмоқчиман
Ўзимга
Ичида ўз жасадим бўлсин

1962

ЕГИШЕ ЧАРЕНС ХОТИРАСИГА

Мен
Оламдан
Ўтдим.

Мен оламдан ўтдим,
Эркалатманг ўтган одамни.
Елкаларда кўтарманг.

Атрофга
Ўғринча
Йўталманг.

Раҳмат,ўзим борардим-ку…
Эҳтиёж борми энди тобутга?!
Бари бир…Ёндиринг.
Мен ахир,ўч эдим ўтга…

1973

НИКОЛАЙ РУБЦОВ ХОТИРАСИГА

1.Қор остида кўклам,тун қўйнида тонг,
Ўлим ҳақидаги ўйлардир – ҳаёт.
Кўзларимни юмсам
Кўрингай бир нуқта
Қизариб борар тобора.

2.Сокин,оғир шеърлар ёзмак бўламан
шаънингга,
Ютиб юбораман сўзларимни чайнаб,
Туфлаб ташламак бўламан қофиясини,
Оғриқни енгиб,
Сокин,оғир шеърлар ёзмак бўламан.

3.Ҳеч бир кимса айта билмас
сен айтмай кетган қўшиқни,
Тушунсанг-чи,буни қотиллар тушунса-чи ахир,
Поёни йўқ улуғ Рус кўксида бўзлаб порлар.
Русия,ўзингни асра,асрагил –
Сенинг бир мисра шеъринг энди абадий.

1977

Atoqli shoir Rauf Parfi ijodida buyuk salaflarga murojjatu, ular bilan tengma-teng muloqot qilish keng oʻrin egallaydi. Bugun ularning bir qismini sizga taqdim etamiz.

Rauf Parfi
BUYUKLAR YODI
002

097

  Buyuk o’zbek shoiri Rauf Parfi O’zturk 1943 yil sentabrida Toshkent viloyatining Sho’ralisoy qishlog’ida tug’ilgan.”Karvon yo’li” (1968),”Aks sado” (1970), ”Tasvir”(1973), ”Xotirot”(1974)”Ko’zlar”(1976),”Qaytish”(1981),”Sabr daraxti”(1981), ”Sukunat”(1991) va boshqa she’riy kitoblarning muallifi. O’zbekiston xalq shoiri(1999).

SHOIR QISMATI
Cho’lpon xotirasiga

So’zdin o’lukning tanida ruhi pok,
Ruh dagi tan aro so’zdin halok.

Alisher Navoiy

Shu ojiz holimda shoirmanmi men…
Cho’lpon

1.Ona tilim,Sen ruhimning qanoti,
Abut Turk nafasi,Oltoy chechagi.
Xun davridan omon keldi G’roting,
Qutlug’ Enasoyning ezgu ertagi.

O’rxun bo’ylarida toshga aylanding,
Falakka sanchilding,Turon bo’lding Sen,
Mangulik safarga qachon shaylanding?
Qachon bu alamga – kuchga to’lding Sen?

Porloq osmoningda quzg’unlar uchdi.
E voh,yog’iylaring soldi yag’moni.
Yog’iylaring jigar-qoningni ichdi.

Jigar-qon jarangi tutdi jahonni.
Onasen.Kechirding.Qonidan kechding.
Biroq kechirmading yolg’onni.

2.Dunyo oq emasdir,yo’q,qora bardosh.
Kuyib,yodimizdan kechganlar aytsin.
So’zlarida zahar,ko’zlarida tosh,
Tilidan,elidan kechganlar aytsin.

Tunlar bosib kelar dunyo hasrati,
Kunlar gizli tug’yon,bosib kelar she’r.
Nechuk qismat erur,shoir qismati?!
Tushlarimni buzar hazrat Alisher…

Yillar bahorimni uchirdi chalqib,
Muzlarga ko’churdi o’tluq yozimni.
Axtardim muhitda xas kabi qalqib –

Men o’z Yulduzimni,o’z Quyoshimni…
Yulduz sen,Quyosh sen,sen,ona xalqim,
Sen uchun sindirdim sinmas sozimni.

3.O,shoir qismati,yarqiroq,gulgun,
Zavqlarga to’lar u, bir so’zni izlar.
Dunyoda hech bir kas bilmas, ne uchun
Ayricha kular u,ayricha bo’zlar.

Yo’lsizlik yo’ldoshi, tolei nigun,
Hech qachon to’yarmi axir yovuzlar.
Bu – xalq dushmani deb tutsalar bir kun,
Bari bir u xalqning nomidan so’zlar.

Boshida qora qish,oppoq bahorlar,
Yuragi yarimu butun imoni,
Talotum olamni shivirlab chorlar.

Tani omonatdir,naqd erur joni.
Ko’krak qafasida lovullab porlar
Buyuk muhabbatning qonli nishoni.

1983

NOZIMNING SADOSI
(Parcha)

Ketdi Nozim.
Kelar Nozim ovozi:
Kipriklarim soqchiligida
Mening ko’zim – mening quyoshim.

Hasrat yanglig’,
jannat yanglig’ mening dunyom
fikrlarim
soqchiligida.
Atrofimda aylanar eng dardli,
Eng baxtli tiriklik sayyorasi,
Men uning o’rtasida
Jahon kabi katta va norasida.
Ko’z yoshlarim qalbimni ovutmadi,
Ko’zlarim yig’lasa
Qalbim yig’lar chorasiz,
Qalbim yig’laganda
Ko’zlarim to’kadi
achchiq yosh.
Quyosh! Quyosh – bir bosh!

…Bir sado
Nozimning sadosi –
Sochilar.
Millionlarning son ming ko’chalariga,
Dunyoning eng yorug’,
Dunyoning eng qora kechalariga…

Nozim…Nozim…
Ketdi Nozim.
Qoldi Nozim sadosi.
Sadoning aks sadosi.
Aks-sadoning aks-sadosi.

Sadoga o’ralashib borar tobora
Bu dunyo.
Sado kengliklari teran boqar menga
Nozim Hikmat ko’zlari ila.

1963

PABLO NERUDA O’LIMIGA

Axir o’ldirmishdir qora mash’al tutgan mash’um shaytanat,
Qo’rqoqlar o’ldirdilar.
Sotqinlar o’ldirdilar.
Shoirni.Insonni.

Garchi mumkin emasdir aslo
Ufqning bo’yniga sirtmoq,dor tashlab
O’ldirmoq insonni,Pablo.
So’ndi ozodlikning so’nggi osmoni,Pablo.

Chatnadi yulduzlar,
So’ndilar qaqshab.
O,bugun qayg’uning qora suvratin ko’rdim.
Nafratning qoshida turdim yuzma-yuz.

Nafasin ichiga yutib yuborgan havo,
Dim,
Nafasini ichiga yutib yuborgan
Pablosiz.

Bugun tanho hasrat.Shoir va dunyo.
So’z yo’q so’zga,
Osmon toshib kirar ko’zga,sig’mas ko’zga,Pablo,
Bu buyuk hasratning mazmuni o’zga,Pablo.

Nahot Borliq – soqov.
Nahot Borliq – ko’r.
Dildirab lopillab turgan bulutlarning
Tobutida yotar jonsiz tafakkur.

U qanday sevardi.
U qanday sevardi – Dunyo – Vatanin.
Yo’q,ozodlikni otib bo’lmas,yo’q,
Na-da tuban,na-da ayanch osmonning dushmani.

Qo’llariga qaytadan qora mash’ala olgan
mash’um shaytanat –
Zulmatliklar Chilining oppoq tongini
Chil-chil sindirdilar.
Qonli sanjoq ildilar,Pablo.
Yetim qilmoq bo’ldilar ozodlikni
Faqat,
Yana o’zlarini yetim qildilar,
Pablo.

Yatar,bas,marsiya…
Ey siz,g’aflat suprasida biqsib to’yganlar,
Ey siz,qurbonlikka
Quyoshni so’yganlar…

Uni o’liklar o’ldirdilar.
O’ldirdilar shoirni,Insonni.
Hayqir,hayqir,hayqir osmon –
Pablo Nerudaning osmoni.

1973

BAYRONNING SO’NGGI SAFARI
(Parcha)

…Qontalash ufqda intiqom porlar,
Shoir – erk o’g’loni,nomus sarvari.
Go’yoki xo’rlangan hamshirang chorlar,
Yuzlanding qasos deb sen Yunon sari.
Sevgan Vataningda barchasi qolar,
Aldangan umidu g’iybatlar bari…
Dengiz hayqiradi,girdob bekaram,
Shoir ko’zlaringga dengizlar to’lar.
“…Tojdor maxluqlarga yemning o’zi kam,
Tishlamoq va qopmoq istaydi ular…”
Jang maydoni kerak jangchiga axir,
Qutlug’ erkinlikning jasur farzandi,
So’ngsiz alam bilan telbarib yonding,
Ona Vataningni tark etding,shoir.

…Nahot,yovuz bo’ron xasdek uchirgay?
Qaynar tomirimda otashin qonlar.
Qahrim quyunlarning izin o’chirgay,
Poyimda yoturlar qora bo’ronlar.
Ufq o’tda yonar,dengiz ham notinch.
“Yo’q esa ko’klarga sochib hasratim,
Bosh olib ketmasdim Vatanimdan hech,
Senga qul bo’lardim,ey muhabbatim…”
O’jar xayollarga bir dam to’larman,
Bir dam so’zlaringni tinglayman sokin:
“…Kurash nechun axir?..Men yosh o’larman,
Necha imkon bordir sevdim-ku,tokim,
Tuproqdan edim men,tuproq bo’larman,
Dunyoni tutajak mening-da xokim…”

1976

VAN GOG
Isfandiyor Haydarga

Buyuk sevgi rangin izlab yurardi…
Yozar moviylikka rangin qasida.
Biroq hayrat ichra qalqar yuragi
Yaxshilik-yomonlik chegarasida.

Hech narsasiz,lekin mehri ziyoda,
Izlar tiriklikning sirli bo’yog’in.
Buncha g’arib,razillar ko’p dunyoda?!
Kesib bersakmikan qolgan qulog’in…

Qarindosh urug’u do’stu yor,xotin,
Uni anglamadi kibor olomon,
Yuragi bilgisiz zardobga to’ldi.

Sha’niga xiyonat qilishdan oldin,
Bilmoqchi bo’ldi u,bu qanday zamon?
Yuragin rangini ko’rmoqchi bo’ldi…

1977

VERLEN

U haybatli ko’zga aylandi
Undan oqib chiqdi o’zi
Quvib borar qizil-yashil ko’ylak kiygan
Havoni quvib borar

Temirbeton qo’llari bilan
Qattiq taqillatar hapriqib
Yuragining pochta qutisi
Osilgan darbozasini

— Kim bor
Kirmadimi bu yoqqa
Qizil-yashil ko’ylak kiygan
Havo

Tevarakka jovdirab boqar
Tevarakka boqar mushakkal
Uyalar
Yalang’och

U — tor emas
U – tovush ehtimol
U hasrat ham emasdir hatto
U – yaradir aniq

1973

BETXOVEN

Hozir so’ng zarb ila uzilajak tor,
Nahot,har ne abas,hammasi bitar.
O’zing qo’lla meni,ey buyuk daho,
Qanday saodatdir bu so’nggi sado?!

Shivirlar hayqirar bepoyon dengiz,
Men uni sipqormoq istayman tanho.
Faqat sen ko’zingni bag’ishla,Ziyo,
Faqat sen,Jasorat,qo’lingni ber tez.

Balki bu osmon – Orzu sadosi,
Dengiz – xayollarin sadosidur bu,
Haqiqat qoshida qasamdir ezgu.

Suyukli insonga balki vidosi,
Hozir so’ng zarb ila uzilajak tor –
So’ng zarb hayotin yashamak darkor.

1973

TAVFIQ FIKRAT KITOBIGA YOZUV

Nechun yo’lning so’ngida jarlik…
T.Fikrat

Men uxlayman,men uxlayman,
Ro’yolarga botaman.
Tushlarimda men yig’layman,
Bulutni uyg’otaman.

Boqmam yerlik navolarga,
Bilmam qachon qaytaman.
Men dardimni havolarga,
Shamollarga aytaman.

Men uxlayman,men uxlayman,
Asta yumgayman ko’zim.
Tushlarimda men yig’layman,
Sen kulib tur,yulduzim.

1972

OYBEK XOTIRASIGA

Tog’lar aro oydin bir buloq,
Atrofida shivirlar o’tloq.
Buloqda sha’n va sobit chiroy.
Nur yo’lidek o’ylari yiroq
Suvda mangulikdek suzar oy…

Biroq,hayhot,bir quyun keldi…
Oydin buloq qayga berkindi?!
Qaydadir sha’n va sobit chiroy?
Falaklarga qarayman endi.
Falaklarda suzib yurar oy…

1968

TURKISTON YODI
Ustoz Mirtemir xotirasiga

Naqadar uzundir,og’irdir bu yo’l,
Dalalar yastanib yotar ko’k kabi.
Tig’lar xotiramni osmon – cheki yo’q,
Tizginsiz bu shiddat kenglik asabi.

Bu kenglikda o’ylar meni g’ijimlar,
Ul o’z qofiyasin sudrab keladir.
Qancha qochsang shuncha qilg’ay hujumlar,
O’q singari xotiramni tiladir!

Tegramda zich havo – ona Turkiston,
Yorg’ay tomirimni ko’r hayajonim.
Bu maydon ichinda men to’kmagan qon,
Mening uni deya ayagan jonim.

Yana yiroqlarga chorlaydir moziy,
Vatan tushunchasi kelar yetaklab
Ayrilgan,xo’rlangan ulus ovozin.
Shoirning beshigi aytar ertaklar.

Yassaviy maqbari mung’aymish mag’rur.
Tovushga aylandi har bir gisht rangi.
“Dunyo mening deganlar…” Nido kelur.
“Karkas qushdek…” Qadim so’zlar jarangi.

“Yolg’on da’vo qilganlar…” So’zlar shoir.
“Oqni qaro qilganlar…” Ayting,kimlar?!
Maqbara boshimga yiqilar hozir,
Yana tovush:”Harom yegan hokimlar…”

Parchin-parchin bo’ldi yodim simlari,
Simlar – ko’zlarimga mil tortgan chizg’u.
O’tgan ulug’larni eslayman barin,
Xotirot mozori — Turkiston mangu.

Kecha sodiq o’g’ling o’tdi dunyodan,
Saxiy inson edi,u shoir edi.
Sanchilib yashaydi bir umr yodda,
Ketayotib,men yig’lab bo’ldim,dedu.

Yig’la endi,ko’zim,sen ham yig’lab ol,
To’ysin ko’z yoshingga bu turkiy sitam,
To’ysin,Vatan yodi chidar bemalol.
O,sabr daraxti – qutlug’ Turkiston.

Naqadar uzundir,og’irdir bu yo’l.

1981

ALEKSANDR BLOK

Bilurman,xun haqi,halokat haqi,
Bari bir men seni qutlayman,hayot.

A.Blok

1.Qora bulutlarni o’ynar osmon.
Olis yulduzlarning sirli shu’lasi.
Tumonli sohildan undar begumon
Bu so’lg’in shamlarning ignalik sasi.

Tashnalik sasidir,bu — tush,bu – olam,
Kimdir tishlab olgan olovni unda.
O,Rus, sen – yorim,sen – singlim,sen – Onam,
Qanday olib chiqay men seni tundan.

Sira quvib bo’lmas bu qonli tushni,
Kuydirguvchi yulduz sapchir daf’atan.
Hech sinmas ruh ichra osmonning husni.

Tomoqqa tiqilgan ko’z yoshim – Vatan.
O’t ichindan termoqdaman tovushni.
Kuyib bo’lgan narsa kuymas qaytadan.

2.Mador yo’q,qanot yo’q.Tamom.Charchadim.
Cho’qir jigarimni bu o’truk,yolg’on.
Bu ta’na qadimiy, bu so’zlar qadim,
Bu sovuq sayyoddir ko’hna palahmon.

Yolg’iz menmi axir?! Dard bor,hamdard yo’q.
Bu yolg’on dunyoda men yolg’iz emas.
Naqadar tiniqdir,zangoridir ko’k,
Naqadar shirindir,uzundir nafas.

Rusiya! Yig’lama,ko’z yoshingni sot,
So’yilgan oy kezar – u mening xunim.
Sen bilursan xolos.Boshqa hech bir zot.

Jismim sovib borar,so’nmoqda unim,
Girdob qo’ynida men,qo’lingni uzat…
Xayr! Bu kun mening oxirgi kunim.

3. Qayda,qayda qoldi o’zg’ir g’alayon?!
Nahot uning sinmas qilichi sindi.
Titra,cheksiz ummon,sen,mudroq jahon,
Temir darbozangni teparman endi.

Qara,qo’llarim qon,tirnoqlarim qon,
Turgil,g’aflatingni yotmagil bosib.
Eshikni ochsang-chi,ey yalqov posbon,
Qarshingda mana men,jahon sadosi.

Vahmzor jahonsen,qalbimni yoqib,
She’riyat qa’riga sho’ng’irman noshod.
Rusiya,Rusiya sevib,yutaqib,

Sho’rlik,omon bo’l deb topindim bedod.
Bilurman,xun haqi,halokat haqi,
Bari bir men seni qutlayman,hayot.

1981

ISIKAVA TAKUBOKU XOTIRASIGA

Hasratimning
Suyuq toshlaridan
Dahma qurmoqchiman
O’zimga
Ichida o’z jasadim bo’lsin

1962

YEGISHE CHARENS XOTIRASIGA

Men
Olamdan
O’tdim.

Men olamdan o’tdim,
Erkalatmang o’tgan odamni.
Yelkalarda ko’tarmang.

Atrofga
O’g’rincha
Yo’talmang.

Rahmat,o’zim borardim-ku…
Ehtiyoj bormi endi tobutga?!
Bari bir…Yondiring.
Men axir,o’ch edim o’tga…

1973

NIKOLAY RUBTSOV XOTIRASIGA

1.Qor ostida ko’klam,tun qo’ynida tong,
O’lim haqidagi o’ylardir – hayot.
Ko’zlarimni yumsam
Ko’ringay bir nuqta
Qizarib borar tobora.

2.Sokin,og’ir she’rlar yozmak bo’laman
sha’ningga,
Yutib yuboraman so’zlarimni chaynab,
Tuflab tashlamak bo’laman qofiyasini,
Og’riqni yengib,
Sokin,og’ir she’rlar yozmak bo’laman.

3.Hech bir kimsa ayta bilmas
sen aytmay ketgan qo’shiqni,
Tushunsang-chi,buni qotillar tushunsa-chi axir,
Poyoni yo’q ulug’ Rus ko’ksida bo’zlab porlar.
Rusiya,o’zingni asra,asragil –
Sening bir misra she’ring endi abadiy.

1977

009

(Tashriflar: umumiy 403, bugungi 1)

Izoh qoldiring