Дўстим,дилда не бор сўзлайман сенга,
Тахайюл майига термуламан жим.
Унда жилва қилар ажиб аланга,
Унда ичилмаган менинг ёшлигим.
Рауф Парфи
ДЎСТИМГА
Дўстим,дилда не бор сўзлайман сенга,
Тахайюл майига термуламан жим.
Унда жилва қилар ажиб аланга,
Унда ичилмаган менинг ёшлигим.
Хаёл гирдобида чўмилиб ётар,
Унда юз кўрсатар яшнаган сароб.
Кунларим туғилиб,кунларим ботар,
Қандайин мўъжиза,дўстим, бу шароб?
Аста варақлайман ўтган кунларни,
Гўзал китобимдир қадаҳ лолагун.
Келар болаликнинг азиз унлари,
Азиз жўраларим,қайдасиз бугун?
Қайдадир изғидим,нимадир излаб,
Нимадир англамай беқут пешона,
Ширин афсоналар айтиб юлдузлар
Ёнига чорларди мени ягона.
Ҳар нарса соф эди,ҳар нарса порлоқ,
Гўё гўзалликдан иборат олам.
Ўлимни ўйлардим юракдан,бироқ,
Бировдан ўтганда заррача алам.
Ҳар ким ҳам ёшликда жасур,жангари,
Ҳаётдан мўъжиза кутардим,ҳайҳот,
Отилдим очофат кимса сингари,
Мени мўъжизага тўйдирди ҳаёт.
Бир вақтлар шунчаки қайғурардим оҳ,
Бир вақтлар шунчаки ухламасдим мен,
Шунчаки тун бўйи йиғлардим,аммо
Ёшлигим,сен учун йиғламасдим мен…
Мен энди,мен энди шундай афтода,
На сажда қилгайман,на дуойибад.
Қўлимда порлайди арғувон бода,
Ёшлигим,ёшлигим,унда сен фақат.
Энди хўб яшадим. Шунақа дунё…
Ҳар сафар қўлимга олганда қалам
Ўйлайман: кетяпман йўқликка қараб,
Бу балки сўнгги шеър,бу балки видо.
Хаёл шаробидан қуйиб бер яна,
Қуйгил,тўкилмасин ерларга илҳом.
Қани эй, кўзимни чирт юмиб,мана,
Ичиб тугатайин уни батамом!
Дўстим,дилда не бор сўзлайин сенга…
1966