Gulnoz Mo’minova. She’rlar

09   …Мен “ Гулноз адабиётга муҳаббат замзамалари билан кириб келган эди” дедим. Бугун унинг бу борадаги ижоди янаям тиниқлик, равонлик, жарангдорлик касб этаётгандай. Кўнгил торлари янада ингичка тортиб, таранглашгандай ( Гулноз Мўминованинг «Дил синиқлари» китобига Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ёзган сўзбошидан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Гулноз МЎМИНОВА
ШЕЪРЛАР
045

   Гулноз Мўминова 1978 йилда Шаҳрисабз туманида таваллуд топган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Фасллар шивири”, “Дил синиқлари”, «Сайёҳ қушлар», «Чиғаноқ» номли шеърий китоблар муаллифи.

045

ДОСТОН ЯКУНЛАНГАН КЕЧА

Ҳазрат Навоийнинг пок руҳларига бағишлайман

Ширин уйқу ичра гувранар Ҳирот,
Сарой ором олар, ухлайди авом.
Бу тун ҳам уйқудан воз кечар у Зот
Мажнун қиссасини этай деб тамом.

Бир ёнида Хисрав руҳи ўлтирар,
Бир ёнда сукутга чўмган Низомий.
Бу оламдан айро шоир ўй сурар:
“Боқийдир ишқ, гарчи одамзод фоний”.

Ҳирот чўчиб тушар қамиш оҳидан —
Якунламоқ азоб Лайло қиссасин.
Ҳазрат сўнгги бобга етган чоғида
Ўзга сиғдиролмай қолар ғуссасин:

Кўзёшга эврилар буюк андуҳи,
Қалбини ўртагай Қайс оҳи бўлиб.
Икки буюк устоз, икки дўст руҳи
Хонадан чиқишар ҳасратга тўлиб…

Шоир қисматида йўқ оромга жой,
Ухлайди Ҳиротнинг ёшу қариси.
Узун сочларини тараганча ой
Ойнадан термилар илҳом париси.

Илло, Мажнун шу тун ўлмоққа маҳкум,
Дил аҳли, шоирдан чекманг ранж, гина.
Пок севги заминда қололмас бир зум —
Кўкка тегишли ул кўҳна ганжина.

Кезар шодлигу бахт — бари-бариси
Бу дунёнинг яқин-йироқларини.
Шу он кўзга сурар илҳом париси
Ҳазратимнинг озғин бармоқларини.

Шоирга лаҳзалик ором ўғирлаб
Келар, сўнг бошлайди эртакларини,
Шаффоф бармоғи-ла қўяр тўғирлаб
Яшил қабосининг этакларини.

У Шоир кўзёшин артар бетиним,
Лек ўзи ҳам тинмай тўкар жолалар.
Илҳом парисини йиғлатар бу тун,
Достон якунига инган нолалар.

Нуқта қўйгач, чуқур хўрсинар қалам.
Чекиниб боради ҳижрон ва ҳасрат.
Лайли-Мажнун исмин эслаб дам-бадам
Таҳажжуд намозин бошлайди Ҳазрат.

ЖАЗО

Ҳорғин келаётиб, йўлнинг ярмида
Баҳайбат чинорга суянди одам,
Тепага боқди-ю, ҳайрат ичида
Бирдан қўлларига таянди одам.

Дарахтнинг энг катта шохи қурибди,
Бу ҳол йўловчини қилди кўп ҳайрон.
Тагидан бир ариқ оқиб турибди —
Хуллас, дарахт учун лойиқ бир макон.

Яна тикилмоққа айлади журъат,
Нигоҳига қалқиб савол-сўзлари.
Бу ўткир қарашга дош берар фақат
Чинорнинг беҳисоб, сўқир кўзлари.

Одамзот ғофилдир, билолмас ҳамон
Қисмат битигига не ёзилганин.
Дарахт ҳам айтолмас: қаттол бир замон
Шу бақувват шохга дор осилганин.

ЧИЛТОР

Най эмас у, билгани ҳазин,
Якранг наво, ярадор вола.
У ёд билар куйнинг минг хилин –
Бахту кулфат унда ҳавола.

Най бир бўзлаб, тинади – қайтар,
Бир жон ғамин куйлагай такрор.
Қирқ жонининг дардидан айтар:
Аёл қалби чилтордир, чилтор!

Тирикликнинг шўр дамларида
Чалар, қўли тор-ла бирлашиб.
Воҳ, тингласанг, оҳангларига
Қирқ жон ғами кетмиш чирмашиб.

Тингла – фақат бера олсанг дош,
Ул ҳавойи, эртак эмасдир.
Қирқ жонининг дардига дарддош
Бўлолмаган эркак эмасдир!

НИКОЛАЙ ГУМИЛЁВГА НАЗИРА

Ишқ тўфондир, забтига олса
Ғарқ бўласан зумда, қочолмай.
Ишқ тўзондир — ғазаби келса,
Яшагайсан кўзинг очолмай.

У — афсунгар, сиринг билади,
Бахтлисан, чап беролсанг магар:
Бир кафтида ғунча кулади,
Бировида ялтирар ханжар.

ЧОРАСИЗЛИК

Бағримни куйдирар қасос – аланга,
Ғалатдир тупроқнинг ўтда ёниши…
Сира истамовдим, бу тақдир иши,
Қайдан тушиб қолдим мен бу гулханга?

Медея азобин ҳис қилдим бугун –
Алдов аёл зотин қилишин адо.
Бул олов тафтини босолмас нидо,
Яшайман – жонимда оловли тугун.

Дадил кетмоқдасан – бордир асосинг
Сен, ҳаётга ташна одамлар билан.
Сокин ва хушбахтсан, сира йўқ гинам,
Қайдан ҳам билардинг аёл қасосин…

АСАД

Бу ғалати арслон ўлжа пойламас,
Дилга ваҳм солмас юрса-да озод.
Кунлар ҳаётига қилгандайин қасд
Теваракка ғамгин боқар бу жонзот.

Ёз адоғи. Барглар сарғара бошлар,
Сунбула сувлари – сеҳрли ойна.
Фақат бир ваҳима юракни ғашлар:
Қай дарахт ортида хазонрез пойлар?

Наҳот, бу арслоннинг емиши фараҳ –
Тўлишган боғлардан узмас нигоҳин.
Ўз ўйига ўзи бўлган каби ғарқ
Сезмасдан қолса-я хазон сипоҳин…

Ногоҳ қўрқувимни лаҳзага ўраб
Шафқатим ўргилар ваҳший жонидан.
Тақдирдан оний бир эврилиш сўраб,
Кийикка айланиб ўтгум ёнидан!

Сезмагай ҳатто тик боққаним замон,
Қилт этмас бу мағрур, тирик қасида.
Наҳот, шундай сокин, ҳайбатли арслон
Чорасиз турибди куз ёқасида?

ГЛАДИАТОР

Ғам ёр бўлар фақат мардларга,
Улар ғамни кўрмаслар баҳам…
Хуршид Даврон

Менга синган қилич беришди,
Ёв қиличи асил пўлатдан.
Совутим занг, қалқоним тешик –
Ёв дубулға кияр уятдан.

Сўнг қаҳр-ла келар ортимдан,
Икки йўлбарс тўсади йўлим.
Лекин қўрқмам энди ҳеч кимдан:
Энг муносиб рақибим – Ўлим.

Қарагаймиз бир-бировга тик,
Сиримизни билмайди ҳеч ким.
Ёв бир гулга кўнгил бермиш, лек
Ул гул қалби – дахлсиз мулким.

Азал шундоқ: ўлмаган қулга
Тақдир ногоҳ боқармиш кулиб:
Кирар бўлсанг бир мағрур дилга
Тарк этмассан ҳаттоки ўлиб!

…Бир зарбадан синар қиличим,
Икки йўлбарс олар оёқдан.
Билагимга жамланар кучим,
Шу пайт ёрим юрар қаёқда?!

Кўкрагимга қилич санчилар,
Севги учун жон бермоқ – роҳат.
Бу туйғудан бехос очилар
Кўксимдаги эски жароҳат.

Қузғунлар чарх уриб бошимда,
Кўзларимда нур сўнар маҳал.
Пайдо бўлар бирдан қошимда
Ботирларга шон берган ажал.

Дер: “Жангларни кузатдим кўп бор
Ва кўпларни олдим бўғзидан.
Номардларга боқмадим зинҳор,
Оҳ чиқмади мардлар оғзидан.

Шараф тожи менинг қўлимда –
Ололмайди ҳеч ким ўғирлаб.
Сен исмингни мозий бағрига
Қонинг билан қўйгунг муҳрлаб”.

Ажал қўли ошиқ жонимни
Олар экан секин, беозор,
Йўлига жон тиккан ёримни
Ғоят кўргим келар, сўнгги бор…

Ёв телбавор кулган чоғида
Музлаб борар вужудим – борим.
Чамбар ясаб дафна шохидан
Наҳот, яна кеч қолди ёрим?!

ДОВОН ТОШЛАРИ

Китоб ва Самарқанд оралиғида
Довон бор, азалдан ётар ястаниб.
Нурли кўринади қуёш тиғида.
Сен довон тошларин қолгайсан таниб.

Туғдона сўз айтар ўз шевасида,
Метин елкасида йилларнинг юки.
Анави қоятош Нуҳ кемасига
Сиғмай қолиб кетган жонзотдир балки!

Манов оппоқ тошни кўр, дўстим, қара –
У ҳам бизлар каби бедор эмасми,
Улуғбек бўйнига қилич тушганда
Ногоҳ учиб кетган дастор эмасми?

Ҳув даралар ёвдан олган ўчини
Шу юртнинг чин ўғли – эгаси бўлиб.
Анов қатор тошлар Али Қушчини
Румга кузатганлар эгачи бўлиб.

Билишимча, аскар бўлган манов тош –
Ёв кўксин мўлжаллаб, тортганда камон,
Даҳшатли оғриққа бир зум бериб дош,
Тиззалаган кўйи таслим этмиш жон.

Қорайган ғорлари оғзида тишлаб
Турар пирлар ечган муаззам сирни.
Шу тошлар онадай кўксига муштлаб
Ҳинд сори кузатган Мирзо Бобурни.

Осмон турар боқиб – кўзин олмагай,
Юксак тизмаларга киради суқи.
Чангалзорлар ичра бир зум тинмагай
Булбуллар чаҳ-чаҳи – шоирлар руҳи.

Хуллас, тасаввуринг озоддир бир дам,
Чексизлик қўйнида чекинмас хаёл.
Лекин ҳаддан ошсанг, ҳатто тошга ҳам
Оғир ботар экан, келаркан малол.

Инсонсан, билмайсан тошларнинг тилин,
Қисматинг агарчи шу йўлларга банд.
Темур боғларининг ҳавоси билан
Сени чорлайверар азим Самарқанд!

Елкангда мозийнинг зилдайин юки,
Олдга интиласан жонинг борича.
Ундан ўтиб олсанг, марра сеники –
Ҳислар довонидир Тахтиқорача.

ШОИРА ВА ТУН

Нимхира ёруғлик таратади шаъм,
Соялар рақсига саҳнадир гилам.

Дераза ортида сирли овозлар,
Хона ичра шеърлар, тўзган қоғозлар.

Ташқарида шамол юрагин тиғлар,
Девор изтиробдан овозсиз йиғлар.

Шаъм хира ёруғлик сочганча бу он,
Интизор кутади келишин меҳмон.

Етар сирли меҳмон қадами боққа –
Сиёҳтус зулумот чўкар ҳар ёққа.

Зинада сирғалган чоғи бир йўла,
Ўзини кераксиз сезади шуъла.

Хонада жимжитлик, шаъм бўлар адо,
Меҳмон нақ эшикда бўлганда пайдо.

Шамоллар оҳидан киприклари нам,
Тун кириб келмоқда – занжи дугонам.

СЕН

Кўзларимда қолган қўшиқ – сен,
Куйлаш учун бўзламоқ керак.
Эртакларда қолган ошиқ – сен,
Сени кўкдан изламоқ керак.

Димоғимга етган ҳаво – сен,
Билмам, қанча бера олгум дош.
Қалб дардига гарчи даво – сен,
Эй, умримни куйдирган Қуёш!

Лаҳза сайин отарсан олов,
Бу оловга лойиқ сув қайда?
Ёниб борар қўлимда ялов,
Ялов тутмоқ энди бефойда.

Сен – қўшиқсан, бўғзимда қолган,
Дилга етмай, беролмасман жон.
Тилагим бор Қодир Худодан:
Жонни куйинг олсин, ёрижон…

* * *

Ришталарни боғлайди кеча,
Ечилади мудҳиш ғамтугун.
Тириласан яна нур ича
Ёришгайдир руҳинг шу бугун.

Қутулади кўнглинг қафасдан,
Бу тун эркдир унинг матлаби.
Сен бир кеча ҳукм сурарсан
Сеҳрланган малика каби.

Эртага-чи, тугар ҳаммаси,
Эртак мағлуб, малика – қашшоқ.
Вужуд – яна кўнгил қафаси,
Кеча – яна ғамдийда машшоқ.

Оҳанг бағринг этар садпора,
Сўнг бу куйдан қоларсан безиб.
Шу дам… сени қилмай овора
Ришталарни тонг ташлар узиб.

ОЙБАРЧИННИНГ ПЕНЕЛОПАГА МАКТУБИ

Пенелопа, сен Барчини Юнонистоннинг,
Муҳаббатинг, нафратингга йўқ сира қиёс.
Эрлар қули бўлганида шуҳрату шоннинг
Итакани қўриқладинг ботирларга хос.

Эгачим, ҳижрон таъмини айрилган билар,
Тунларимиз сабил қолди, рўзимиз куйди.
Ёвлар элу, ёр номусин талашган маҳал
Бул дўзахга кўз ташлаган кўзимиз куйди.

Ёр келарми, келмасми деб узоқ ўйладинг,
Қалбинг мендек тўлиб кетди ҳислар жангига.
Мен саҳрога, сен денгизга узоқ бўйладинг,
Оқибатда кўзинг кирмиш денгиз рангига.

Сен чағалай йўлларига тикканингда кўз,
Мен хабарчи ғоз йўлини пойладим такрор.
Минг дардимни бир “биюв”га солса чанқовуз,
Бир дардингни қирқ оҳангда куйлади чилтор.

Англадимки, ишқ дегани кулфатдан улги,
Ҳақиқатни англаган дам заминга тушдим.
Телемахинг душманларга бўлганда кулги,
Мен қалтироқ қўлим билан Ёдгорни қучдим.

Номардлар кўз тикканида марднинг ёрига,
Фалак ҳам тош ёғдирмасмиш ёвнинг бошидан.
Эл қочса ҳам, ўғил ярар она корига:
Ботир ўғли ботир бўлар бола ёшидан!

Боқсам, оловли денгиздай чайқалар саҳро,
Қисматимнинг уқубатдан каму кўсти йўқ.
Айёрликда тенги йўқмиш Одиссей, аммо
Алпомишнинг билагидан ўзга дўсти йўқ.

Умримизни талади бу ҳижрон, эгачим,
Кел, энди бахт боғларидан чечак терайлик.
Кел, иккимиз аёл эмас, бўлиб чегачи,
Бир-бировга кўнглимизни бутлаб берайлик.

Пенелопа, сен Барчини Юнонистоннинг…

ҚАЛБИНГГА ТАЪРИФ

Қалбинг тош асри ё музлик давридан…
Эрита олмайди оташ, на меҳр.
Қаҳринг туша олмас бир зум ҳовридан,
Сенга кор қилмагай на афсун, сеҳр.

Гиёҳга жон битса, ёрилар харсанг,
Музга амр етса, йўл чизади сув.
Бугун ўт дилимни дуд қилди ғуссанг,
Ҳаётимга кириб келди ёт ғулу.

Қалбинг – тош асридан мерос қолган тош,
Сувга отсам чўкмас, ёнмайди ўтда.
Унга тегиб, кўп бор ёрилганди бош,
Шунданми ҳаётим турар сукутда.

Қалбинг тош асри ё музлик давридан –
Кор қилмагай унга на қувонч, на ғам.
Дадил бош кўтариб метин бағридан,
Илдам кетмоқдаман оғир бўлса ҳам.

КУЙГАН ҚАНОТЛАР ҲАҚИДА РИВОЯТ

Мени осмонларга алишмадинг сен…
Усмон Азим

Фариштайдинг кўклардан тушган –
Елканг узра оқ, улкан қанот.
Пари эдим орзуни қучган –
Эртак эди мен учун ҳаёт.

Тўзғиб кетди жами эртаклар
Сен қошимда бўлганда пайдо.
Эдим елга дуч келган укпар,
Ер бағридан узилдим гўё.

Замин улкан хобгоҳга дўниб
Сени босди ғафлат уйқуси.
Малак ёдинг бир зумга тиниб
Унутдинг ё осмон қайғусин?..

Ерга тушди самовий қўшиқ –
Чидолмасдан фитна бошладим.
Қанотингни эртакка қўшиб
Тандирдаги ўтга ташладим.

Шунда чўчиб уйғондинг бирдан,
Олов, олов! Ҳурлик заволи!
Қанотларинг алангасида
Жилва қилди Мажнун жамоли.

Қисматингга секин бердинг тан,
Қолдинг мангу боғланиб ерга.
Тушларимда гоҳо сен билан
Кўкка учгум бахтиёр, бирга.

Бирдан қувонч сўнар кўзингда,
Сўнган қувонч дилни ғашлайди.
Ҳеч сабабсиз, шундоқ, ўз-ўздан
Қанотларинг ёна бошлайди.

Тушми ё ўнг, билмайман рости,
Ё бу қадим ҳислар уволи:
Аланганинг қоқ ўртасидан
Чиқиб келар Мажнун жамоли…

Рўзинг узун, кечанг – бир тутам,
Интилмайсан кўкка қайтишга.
Қанотлари ёқилган елканг
Кўниккандир ўтин ортишга.

СОЯ

Сен йўқ эдинг. Эшикдан кириб
Келди Ғамнинг кулранг сояси.
О, йўқ эди бунда сир, фириб,
Тинган эди бахтнинг ҳам саси.

Қафасига ўрганган қушдек
Унга боқдим умидвор, сокин.
Нигоҳимда йўқ эди ҳадик,
Қалбим титраб турарди лекин…

Ярим кеча қайтдинг кайфинг чоғ
Сўзлаганча ёлғон-ростингни.
Кўзларингда сузарди чарчоғ…
Сен кўрмадинг янги дўстимни!

Мен унга “қол” демовдим, ишон,
Нега ҳануз кетмайди, билмам?
Ўртамизда ўшандан буён
Яшаётир кулранг соя – Ғам.

ОЛМА

Олмани дунёга отаман тўлиб,
Бормисан, бормисан, бу оламда, ёр?
Шавкат Раҳмон

Шафақ – ол қасида. Мовий кўк уни
Ёзмиш одамзотга бағишлаб атай.
Боқ, қуёш қизарар Отам Атонинг
Ҳаввога узатган ишқ олмасидай…

Йўқ, уни тутолмас аёл бармоғи,
Ҳавво, қўлларингни куйдириб олма.
Довулга айланиб диллар титроғи
Кўкдан юмалайди сеҳрли олма.

Одам ўкинч билан боқар ёрига–
Мовий кўзларида жаннатий видо.
Парво қилмай сира оҳу зорига
Заминга ҳайдайди уларни Худо.

Самовот қаърида ўшандан буён
Баҳайбат олмадай айланаркан Ер,
Севги олмасига етгани замон
Қўллар сотиб қўяр бизни барибир…

СУЗАЁТГАН ОЙ

Ҳалок бўлган ботир қалқони
Мисол кўкда сузар тўлин ой.

Николай Гумилев

Қишда уйғоқ қолган айиқдай
Бесаранжом кезинар кеча,
Ой сузади кумуш қайиқда
Ошиқларнинг хаёлин ича.

Осмон йиғар булутдан қўшин,
Чорлов каби ёнади чақмоқ.
Ой тарк этмай кумуш қайиғин
Нурин тарар: мовий, сарғиш, оқ.

Чақмоқ ёнар яна дарғазаб –
Бирлашгандай миллион кўзлар.
Шоҳ қаҳридан қўрққан канизак
Каби титраб турар юлдузлар.

Ноз қилади Ой, нимасига?
Булут уни қўймагай холи –
Еленани ўз кемасига
Чорлаётган Парис мисоли.

ГИРЯ

Андуҳнинг илдизи жонимда маним,
Қобилнинг гуноҳи қонимда маним,
Ёр, исминг дил отли конимда маним,
Сен менга боқмайин ўтсанг, на илож?

Қонимни қорайтди жаннат соғинчи,
Румий топиб берган найдир овунчим,
Лекин қўлга олсам – қолмагай тинчим,
Ношуд созандангдан кечсанг, на илож?

Гулман – кўз ёшимни гулоб дегайлар,
Азалдан ишқ аҳлин хароб дегайлар,
Саҳронгда кўринсам – сароб дегайлар,
Ташналар интилган рудсан*, на илож?

Осийман, бир бўлди икки дунёйим,
Ўзингга, ўзимга аён савдойим,
Барига қўл силтар чоғда, Худойим…
Руҳим илдизидан тутсанг, на илож?

Сени ўйга солмас аёл қисмати –
Ҳавво гуноҳининг ҳалол қисмати.
Ул – ўт-ла ўйнашган шамол қисмати!
Ёр, рўзи маҳшарда кутсанг, на илож?
Васлингга етолмай ўтсам, на илож?

УЛАР СЕНИНГ ҚУШЛАРИНГ ЭДИ

Улар сенинг қушларинг эди,
Кафтларингдан ейишарди дон.
Сен умримни тарк этган куни
Озод қилдим уларни, ишон.

Улар эди сенинг қушларинг:
Бир оз кибор, бир оз бевафо.
Қолганда ҳам, қасосинг учун
Мен уларни қилардим адо!

Сен солгансан асли шу кўйга:
Севишади бермоқни озор.
Бугун қайтиб келишди уйга
Юрагимга тиғ уриб такрор.

Гарчи Морзе алифбосидан
Хабарим йўқ, олмаганман ёд.
Қуш тилида менинг устимдан
Кулишарди, солай дедим дод.

Сўнгра тўрни ташладим шитоб,
Қасос охир кўрсатди кучин.
Энди улар беради жавоб
Соҳибининг гуноҳи учун.

ЭТЮД

Оқшом кўйлагининг баридан тутиб,
Дарахтнинг қўллари совқотди пича.
Қуёш ботганини тамом унутиб
Бўғотда қунишди икки мусича.

Сўнгги япроқлардан либос кийди сой,
Сув қизи безади дурлари билан.
Янги афсонани бошлаб берди Ой —
Шу дурларга тушган нурлари билан.

Юлдузлар — абадий порлоқ хаёллар
Каби жилваланди олис осмонда.
Шафаққа эргашган ошиқ шамоллар
Узоқ қолиб кетди мағриб томонда.

Кейин қиш ҳукмига бўйсуниб алҳол
Тиндилар кўнглимда оққан баҳрлар.
Рассом бўёқ тортган манзара мисол
Қабариб келарди тунги шакллар.

МУҲАББАТНИНГ ТАБИАТИ

У келса — йиғлаб туриб, кулишни ўрганасан,
Баҳорги жилғалардай тўлишни ўрганасан.

Қадамин залворидан қулар тупроқ қўрғонинг,
Ё бошингга урилар бошингдаги осмонинг.

У келса — капалакдай руҳинг тортади енгил,
Кейин нур тезлигида самога учар кўнгил.

Не ҳам қилардинг ахир, Мавло ясаган найсан,
Шўх-шод навосига, ҳам маҳзунига чидайсан:

У сенга қанот берар, кўкка учади бирга,
Лек бир кун ногаҳонда боплаб уради ерга!

ТОЙИФА

Меҳрожга насиҳат

Ажаб ишлари бор ўзбекнинг, агар
Овчи отар бўлса бирор бўрини,
Овоза бўлади зумда, одамлар
Уйига келтирар қўйнинг зўрини.

Ким ҳадя беради, ким ёпади тўн,
Милтиққа тикилар кимдир ҳавасманд.
Зулмат ҳаётига чиққан каби Кун,
“Мойидан берарсиз”, дейди бир дардманд.

Тирноғин беришар тумса хотинга,
Тишлари бешикка бўлади тумор.
Иснод келтирганча инсон отига
Терисин талашар неча харидор.

—Ўғлинг мерган бўлса,- ўйлар халойиқ,
— Фақат бўри бўлса ови — нишони.
Эл ичра яшаса ҳурматга лойиқ,
Эту мойга тўла бўлса қозони.

Шу тўда ичида пайқадим Сени,
Ҳайрат-ла боқардинг бўри лошига.
Ўғлим, яқин борма, ингратиб мени —
Қўл урма онангнинг қариндошига!

БИР ОҚШОМ ЎЙЛАРИ

Қанотини ёяр булут қушлари,
Шафақ олов қўяр болу парига.
Кунботишга боқиб, учар ҳушларинг,
Нигоҳинг ўтолмас уфқдан нарига.

Лава рангларини кўрасан, холос,
Куйган булутларнинг бардошин яна.
Оқшом парисига урилиб бехос
Руҳингда тасалли қилар тантана.

Қаролик инаркан Замин бағрига,
Тобора йироқлаб бораркан Осмон,
Жимгина тикилиб шафақ наҳрига
Кўникиб яшашга кўнасан, Инсон!

ВОРИС

Беш яшар ўғилча жўжа қувганча
Кенг-мўл томорқада обдон югурди.
Биттасини тутиб, қийнади анча,
Сўнг зериккан заҳот бошин суғурди.

Ота ишдан қайтгач, онаси ногоҳ
Шикоят бошлади ўғил устидан:
-Болангизни тергаб қўйинг-да, эвоҳ,
Жўжага ҳам кун йўқ бунинг дастидан.

Муаллим ота-чи, салмоқлаб дегай:
-Одам рад этолмас насли-ю зотин.
Ахир, қўлимиздан нима ҳам келгай,
Жаллод ўтганлар-да бовамиз, хотин!

САРИҚ АТИРГУЛ

Умрингни?
Билмадим,
Кўнглингни асра,
Ҳар недан баланддир
Кўнгил Каъбаси,
Танҳо маёғидан ажралар абад,
Кимсаким,
Йўқолиб қолса қибласи.

Соҳиба эмасман
Умру жонингга,
Билолмам ўйингда
Нелар борлигин,
Тушларимда кўрдим
Пушаймонлар-у
Сўнгсиз ғуссаларга
Сазоворлигинг.

Ошиқлар қалбида
Танҳо қўшиқ бор —
Уни ўзгаларга
Куйлатмагайлар,
Кўнгил ҳарам асли,
Ҳарамга эса
Бегона кимсани
Бўйлатмагайлар.

Қўй, хато демагин
Тақдир ҳукмини,
Сўнгги ришталарни
Кесар нафратинг,
Тушун, айбдормас
Гулноз шаклида
Бир сариқ атиргул
Тутган қисматинг.

14.05.2016 йил

09 …Men “ Gulnoz adabiyotga muhabbat zamzamalari bilan kirib kelgan edi” dedim. Bugun uning bu boradagi ijodi yanayam tiniqlik, ravonlik, jarangdorlik kasb etayotganday. Ko’ngil torlari yanada ingichka tortib, taranglashganday ( Gulnoz Mo’minovaning «Dil siniqlari» kitobiga O’zbekiston xalq shoiri Halima Xudoyberdieva yozgan so’zboshidan. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

Gulnoz MO’MINOVA
SHE’RLAR
045

Gulnoz Mo’minova 1978 yilda Shahrisabz tumanida tavallud topgan. O’zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. “Fasllar shiviri”, “Dil siniqlari”, «Sayyoh qushlar», «Chig’anoq» nomli she’riy kitoblar muallifi.

045

DOSTON YAKUNLANGAN KECHA

Hazrat Navoiyning pok ruhlariga bag’ishlayman

Shirin uyqu ichra guvranar Hirot,09
Saroy orom olar, uxlaydi avom.
Bu tun ham uyqudan voz kechar u Zot
Majnun qissasini etay deb tamom.

Bir yonida Xisrav ruhi o’ltirar,
Bir yonda sukutga cho’mgan Nizomiy.
Bu olamdan ayro shoir o’y surar:
“Boqiydir ishq, garchi odamzod foniy”.

Hirot cho’chib tushar qamish ohidan —
Yakunlamoq azob Laylo qissasin.
Hazrat so’nggi bobga yetgan chog’ida
O’zga sig’dirolmay qolar g’ussasin:

Ko’zyoshga evrilar buyuk anduhi,
Qalbini o’rtagay Qays ohi bo’lib.
Ikki buyuk ustoz, ikki do’st ruhi
Xonadan chiqishar hasratga to’lib…

Shoir qismatida yo’q oromga joy,
Uxlaydi Hirotning yoshu qarisi.
Uzun sochlarini taragancha oy
Oynadan termilar ilhom parisi.

Illo, Majnun shu tun o’lmoqqa mahkum,
Dil ahli, shoirdan chekmang ranj, gina.
Pok sevgi zaminda qololmas bir zum —
Ko’kka tegishli ul ko’hna ganjina.

Kezar shodligu baxt — bari-barisi
Bu dunyoning yaqin-yiroqlarini.
Shu on ko’zga surar ilhom parisi
Hazratimning ozg’in barmoqlarini.

Shoirga lahzalik orom o’g’irlab
Kelar, so’ng boshlaydi ertaklarini,
Shaffof barmog’i-la qo’yar to’g’irlab
Yashil qabosining etaklarini.

U Shoir ko’zyoshin artar betinim,
Lek o’zi ham tinmay to’kar jolalar.
Ilhom parisini yig’latar bu tun,
Doston yakuniga ingan nolalar.

Nuqta qo’ygach, chuqur xo’rsinar qalam.
Chekinib boradi hijron va hasrat.
Layli-Majnun ismin eslab dam-badam
Tahajjud namozin boshlaydi Hazrat.

JAZO

Horg’in kelayotib, yo’lning yarmida
Bahaybat chinorga suyandi odam,
Tepaga boqdi-yu, hayrat ichida
Birdan qo’llariga tayandi odam.

Daraxtning eng katta shoxi quribdi,
Bu hol yo’lovchini qildi ko’p hayron.
Tagidan bir ariq oqib turibdi —
Xullas, daraxt uchun loyiq bir makon.

Yana tikilmoqqa ayladi jur’at,
Nigohiga qalqib savol-so’zlari.
Bu o’tkir qarashga dosh berar faqat
Chinorning behisob, so’qir ko’zlari.

Odamzot g’ofildir, bilolmas hamon
Qismat bitigiga ne yozilganin.
Daraxt ham aytolmas: qattol bir zamon
Shu baquvvat shoxga dor osilganin.

CHILTOR

Nay emas u, bilgani hazin,
Yakrang navo, yarador vola.
U yod bilar kuyning ming xilin –
Baxtu kulfat unda havola.

Nay bir bo’zlab, tinadi – qaytar,
Bir jon g’amin kuylagay takror.
Qirq jonining dardidan aytar:
Ayol qalbi chiltordir, chiltor!

Tiriklikning sho’r damlarida
Chalar, qo’li tor-la birlashib.
Voh, tinglasang, ohanglariga
Qirq jon g’ami ketmish chirmashib.

Tingla – faqat bera olsang dosh,
Ul havoyi, ertak emasdir.
Qirq jonining dardiga darddosh
Bo’lolmagan erkak emasdir!

NIKOLAY GUMILYOVGA NAZIRA

Ishq to’fondir, zabtiga olsa
G’arq bo’lasan zumda, qocholmay.
Ishq to’zondir — g’azabi kelsa,
Yashagaysan ko’zing ocholmay.

U — afsungar, siring biladi,
Baxtlisan, chap berolsang magar:
Bir kaftida g’uncha kuladi,
Birovida yaltirar xanjar.

CHORASIZLIK

Bag’rimni kuydirar qasos – alanga,
G’alatdir tuproqning o’tda yonishi…
Sira istamovdim, bu taqdir ishi,
Qaydan tushib qoldim men bu gulxanga?

Medeya azobin his qildim bugun –
Aldov ayol zotin qilishin ado.
Bul olov taftini bosolmas nido,
Yashayman – jonimda olovli tugun.

Dadil ketmoqdasan – bordir asosing
Sen, hayotga tashna odamlar bilan.
Sokin va xushbaxtsan, sira yo’q ginam,
Qaydan ham bilarding ayol qasosin…

ASAD

Bu g’alati arslon o’lja poylamas,
Dilga vahm solmas yursa-da ozod.
Kunlar hayotiga qilgandayin qasd
Tevarakka g’amgin boqar bu jonzot.

Yoz adog’i. Barglar sarg’ara boshlar,
Sunbula suvlari – sehrli oyna.
Faqat bir vahima yurakni g’ashlar:
Qay daraxt ortida xazonrez poylar?

Nahot, bu arslonning yemishi farah –
To’lishgan bog’lardan uzmas nigohin.
O’z o’yiga o’zi bo’lgan kabi g’arq
Sezmasdan qolsa-ya xazon sipohin…

Nogoh qo’rquvimni lahzaga o’rab
Shafqatim o’rgilar vahshiy jonidan.
Taqdirdan oniy bir evrilish so’rab,
Kiyikka aylanib o’tgum yonidan!

Sezmagay hatto tik boqqanim zamon,
Qilt etmas bu mag’rur, tirik qasida.
Nahot, shunday sokin, haybatli arslon
Chorasiz turibdi kuz yoqasida?

GLADIATOR

G’am yor bo’lar faqat mardlarga,
Ular g’amni ko’rmaslar baham…
Xurshid Davron

Menga singan qilich berishdi,
Yov qilichi asil po’latdan.
Sovutim zang, qalqonim teshik –
Yov dubulg’a kiyar uyatdan.

So’ng qahr-la kelar ortimdan,
Ikki yo’lbars to’sadi yo’lim.
Lekin qo’rqmam endi hech kimdan:
Eng munosib raqibim – O’lim.

Qaragaymiz bir-birovga tik,
Sirimizni bilmaydi hech kim.
Yov bir gulga ko’ngil bermish, lek
Ul gul qalbi – daxlsiz mulkim.

Azal shundoq: o’lmagan qulga
Taqdir nogoh boqarmish kulib:
Kirar bo’lsang bir mag’rur dilga
Tark etmassan hattoki o’lib!

…Bir zarbadan sinar qilichim,
Ikki yo’lbars olar oyoqdan.
Bilagimga jamlanar kuchim,
Shu payt yorim yurar qayoqda?!

Ko’kragimga qilich sanchilar,
Sevgi uchun jon bermoq – rohat.
Bu tuyg’udan bexos ochilar
Ko’ksimdagi eski jarohat.

Quzg’unlar charx urib boshimda,
Ko’zlarimda nur so’nar mahal.
Paydo bo’lar birdan qoshimda
Botirlarga shon bergan ajal.

Der: “Janglarni kuzatdim ko’p bor
Va ko’plarni oldim bo’g’zidan.
Nomardlarga boqmadim zinhor,
Oh chiqmadi mardlar og’zidan.

Sharaf toji mening qo’limda –
Ololmaydi hech kim o’g’irlab.
Sen ismingni moziy bag’riga
Qoning bilan qo’ygung muhrlab”.

Ajal qo’li oshiq jonimni
Olar ekan sekin, beozor,
Yo’liga jon tikkan yorimni
G’oyat ko’rgim kelar, so’nggi bor…

Yov telbavor kulgan chog’ida
Muzlab borar vujudim – borim.
Chambar yasab dafna shoxidan
Nahot, yana kech qoldi yorim?!

DOVON TOSHLARI

Kitob va Samarqand oralig’ida
Dovon bor, azaldan yotar yastanib.
Nurli ko’rinadi quyosh tig’ida.
Sen dovon toshlarin qolgaysan tanib.

Tug’dona so’z aytar o’z shevasida,
Metin yelkasida yillarning yuki.
Anavi qoyatosh Nuh kemasiga
Sig’may qolib ketgan jonzotdir balki!

Manov oppoq toshni ko’r, do’stim, qara –
U ham bizlar kabi bedor emasmi,
Ulug’bek bo’yniga qilich tushganda
Nogoh uchib ketgan dastor emasmi?

Huv daralar yovdan olgan o’chini
Shu yurtning chin o’g’li – egasi bo’lib.
Anov qator toshlar Ali Qushchini
Rumga kuzatganlar egachi bo’lib.

Bilishimcha, askar bo’lgan manov tosh –
Yov ko’ksin mo’ljallab, tortganda kamon,
Dahshatli og’riqqa bir zum berib dosh,
Tizzalagan ko’yi taslim etmish jon.

Qoraygan g’orlari og’zida tishlab
Turar pirlar yechgan muazzam sirni.
Shu toshlar onaday ko’ksiga mushtlab
Hind sori kuzatgan Mirzo Boburni.

Osmon turar boqib – ko’zin olmagay,
Yuksak tizmalarga kiradi suqi.
Changalzorlar ichra bir zum tinmagay
Bulbullar chah-chahi – shoirlar ruhi.

Xullas, tasavvuring ozoddir bir dam,
Cheksizlik qo’ynida chekinmas xayol.
Lekin haddan oshsang, hatto toshga ham
Og’ir botar ekan, kelarkan malol.

Insonsan, bilmaysan toshlarning tilin,
Qismating agarchi shu yo’llarga band.
Temur bog’larining havosi bilan
Seni chorlayverar azim Samarqand!

Yelkangda moziyning zildayin yuki,
Oldga intilasan joning boricha.
Undan o’tib olsang, marra seniki –
Hislar dovonidir Taxtiqoracha.

SHOIRA VA TUN

Nimxira yorug’lik taratadi sha’m,
Soyalar raqsiga sahnadir gilam.

Deraza ortida sirli ovozlar,
Xona ichra she’rlar, to’zgan qog’ozlar.

Tashqarida shamol yuragin tig’lar,
Devor iztirobdan ovozsiz yig’lar.

Sha’m xira yorug’lik sochgancha bu on,
Intizor kutadi kelishin mehmon.

Yetar sirli mehmon qadami boqqa –
Siyohtus zulumot cho’kar har yoqqa.

Zinada sirg’algan chog’i bir yo’la,
O’zini keraksiz sezadi shu’la.

Xonada jimjitlik, sha’m bo’lar ado,
Mehmon naq eshikda bo’lganda paydo.

Shamollar ohidan kipriklari nam,
Tun kirib kelmoqda – zanji dugonam.

SEN

Ko’zlarimda qolgan qo’shiq – sen,
Kuylash uchun bo’zlamoq kerak.
Ertaklarda qolgan oshiq – sen,
Seni ko’kdan izlamoq kerak.

Dimog’imga yetgan havo – sen,
Bilmam, qancha bera olgum dosh.
Qalb dardiga garchi davo – sen,
Ey, umrimni kuydirgan Quyosh!

Lahza sayin otarsan olov,
Bu olovga loyiq suv qayda?
Yonib borar qo’limda yalov,
Yalov tutmoq endi befoyda.

Sen – qo’shiqsan, bo’g’zimda qolgan,
Dilga yetmay, berolmasman jon.
Tilagim bor Qodir Xudodan:
Jonni kuying olsin, yorijon…

* * *

Rishtalarni bog’laydi kecha,
Yechiladi mudhish g’amtugun.
Tirilasan yana nur icha
Yorishgaydir ruhing shu bugun.

Qutuladi ko’ngling qafasdan,
Bu tun erkdir uning matlabi.
Sen bir kecha hukm surarsan
Sehrlangan malika kabi.

Ertaga-chi, tugar hammasi,
Ertak mag’lub, malika – qashshoq.
Vujud – yana ko’ngil qafasi,
Kecha – yana g’amdiyda mashshoq.

Ohang bag’ring etar sadpora,
So’ng bu kuydan qolarsan bezib.
Shu dam… seni qilmay ovora
Rishtalarni tong tashlar uzib.

OYBARCHINNING PENELOPAGA MAKTUBI

Penelopa, sen Barchini Yunonistonning,
Muhabbating, nafratingga yo’q sira qiyos.
Erlar quli bo’lganida shuhratu shonning
Itakani qo’riqlading botirlarga xos.

Egachim, hijron ta’mini ayrilgan bilar,
Tunlarimiz sabil qoldi, ro’zimiz kuydi.
Yovlar elu, yor nomusin talashgan mahal
Bul do’zaxga ko’z tashlagan ko’zimiz kuydi.

Yor kelarmi, kelmasmi deb uzoq o’ylading,
Qalbing mendek to’lib ketdi hislar jangiga.
Men sahroga, sen dengizga uzoq bo’ylading,
Oqibatda ko’zing kirmish dengiz rangiga.

Sen chag’alay yo’llariga tikkaningda ko’z,
Men xabarchi g’oz yo’lini poyladim takror.
Ming dardimni bir “biyuv”ga solsa chanqovuz,
Bir dardingni qirq ohangda kuyladi chiltor.

Angladimki, ishq degani kulfatdan ulgi,
Haqiqatni anglagan dam zaminga tushdim.
Telemaxing dushmanlarga bo’lganda kulgi,
Men qaltiroq qo’lim bilan Yodgorni quchdim.

Nomardlar ko’z tikkanida mardning yoriga,
Falak ham tosh yog’dirmasmish yovning boshidan.
El qochsa ham, o’g’il yarar ona koriga:
Botir o’g’li botir bo’lar bola yoshidan!

Boqsam, olovli dengizday chayqalar sahro,
Qismatimning uqubatdan kamu ko’sti yo’q.
Ayyorlikda tengi yo’qmish Odissey, ammo
Alpomishning bilagidan o’zga do’sti yo’q.

Umrimizni taladi bu hijron, egachim,
Kel, endi baxt bog’laridan chechak teraylik.
Kel, ikkimiz ayol emas, bo’lib chegachi,
Bir-birovga ko’nglimizni butlab beraylik.

Penelopa, sen Barchini Yunonistonning…

QALBINGGA TA’RIF

Qalbing tosh asri yo muzlik davridan…
Erita olmaydi otash, na mehr.
Qahring tusha olmas bir zum hovridan,
Senga kor qilmagay na afsun, sehr.

Giyohga jon bitsa, yorilar xarsang,
Muzga amr yetsa, yo’l chizadi suv.
Bugun o’t dilimni dud qildi g’ussang,
Hayotimga kirib keldi yot g’ulu.

Qalbing – tosh asridan meros qolgan tosh,
Suvga otsam cho’kmas, yonmaydi o’tda.
Unga tegib, ko’p bor yorilgandi bosh,
Shundanmi hayotim turar sukutda.

Qalbing tosh asri yo muzlik davridan –
Kor qilmagay unga na quvonch, na g’am.
Dadil bosh ko’tarib metin bag’ridan,
Ildam ketmoqdaman og’ir bo’lsa ham.

KUYGAN QANOTLAR HAQIDA RIVOYAT

Meni osmonlarga alishmading sen…
Usmon Azim

Farishtayding ko’klardan tushgan –
Yelkang uzra oq, ulkan qanot.
Pari edim orzuni quchgan –
Ertak edi men uchun hayot.

To’zg’ib ketdi jami ertaklar
Sen qoshimda bo’lganda paydo.
Edim yelga duch kelgan ukpar,
Yer bag’ridan uzildim go’yo.

Zamin ulkan xobgohga do’nib
Seni bosdi g’aflat uyqusi.
Malak yoding bir zumga tinib
Unutding yo osmon qayg’usin?..

Yerga tushdi samoviy qo’shiq –
Chidolmasdan fitna boshladim.
Qanotingni ertakka qo’shib
Tandirdagi o’tga tashladim.

Shunda cho’chib uyg’onding birdan,
Olov, olov! Hurlik zavoli!
Qanotlaring alangasida
Jilva qildi Majnun jamoli.

Qismatingga sekin berding tan,
Qolding mangu bog’lanib yerga.
Tushlarimda goho sen bilan
Ko’kka uchgum baxtiyor, birga.

Birdan quvonch so’nar ko’zingda,
So’ngan quvonch dilni g’ashlaydi.
Hech sababsiz, shundoq, o’z-o’zdan
Qanotlaring yona boshlaydi.

Tushmi yo o’ng, bilmayman rosti,
YO bu qadim hislar uvoli:
Alanganing qoq o’rtasidan
Chiqib kelar Majnun jamoli…

Ro’zing uzun, kechang – bir tutam,
Intilmaysan ko’kka qaytishga.
Qanotlari yoqilgan yelkang
Ko’nikkandir o’tin ortishga.

SOYA

Sen yo’q eding. Eshikdan kirib
Keldi G’amning kulrang soyasi.
O, yo’q edi bunda sir, firib,
Tingan edi baxtning ham sasi.

Qafasiga o’rgangan qushdek
Unga boqdim umidvor, sokin.
Nigohimda yo’q edi hadik,
Qalbim titrab turardi lekin…

Yarim kecha qaytding kayfing chog’
So’zlagancha yolg’on-rostingni.
Ko’zlaringda suzardi charchog’…
Sen ko’rmading yangi do’stimni!

Men unga “qol” demovdim, ishon,
Nega hanuz ketmaydi, bilmam?
O’rtamizda o’shandan buyon
Yashayotir kulrang soya – G’am.

OLMA

Olmani dunyoga otaman to’lib,
Bormisan, bormisan, bu olamda, yor?
Shavkat Rahmon

Shafaq – ol qasida. Moviy ko’k uni
Yozmish odamzotga bag’ishlab atay.
Boq, quyosh qizarar Otam Atoning
Havvoga uzatgan ishq olmasiday…

Yo’q, uni tutolmas ayol barmog’i,
Havvo, qo’llaringni kuydirib olma.
Dovulga aylanib dillar titrog’i
Ko’kdan yumalaydi sehrli olma.

Odam o’kinch bilan boqar yoriga–
Moviy ko’zlarida jannatiy vido.
Parvo qilmay sira ohu zoriga
Zaminga haydaydi ularni Xudo.

Samovot qa’rida o’shandan buyon
Bahaybat olmaday aylanarkan Yer,
Sevgi olmasiga yetgani zamon
Qo’llar sotib qo’yar bizni baribir…

SUZAYOTGAN OY

Halok bo’lgan botir qalqoni
Misol ko’kda suzar to’lin oy.

Nikolay Gumilev

Qishda uyg’oq qolgan ayiqday
Besaranjom kezinar kecha,
Oy suzadi kumush qayiqda
Oshiqlarning xayolin icha.

Osmon yig’ar bulutdan qo’shin,
Chorlov kabi yonadi chaqmoq.
Oy tark etmay kumush qayig’in
Nurin tarar: moviy, sarg’ish, oq.

Chaqmoq yonar yana darg’azab –
Birlashganday million ko’zlar.
Shoh qahridan qo’rqqan kanizak
Kabi titrab turar yulduzlar.

Noz qiladi Oy, nimasiga?
Bulut uni qo’ymagay xoli –
Yelenani o’z kemasiga
Chorlayotgan Paris misoli.

GIRYA

Anduhning ildizi jonimda manim,
Qobilning gunohi qonimda manim,
Yor, isming dil otli konimda manim,
Sen menga boqmayin o’tsang, na iloj?

Qonimni qoraytdi jannat sog’inchi,
Rumiy topib bergan naydir ovunchim,
Lekin qo’lga olsam – qolmagay tinchim,
Noshud sozandangdan kechsang, na iloj?

Gulman – ko’z yoshimni gulob degaylar,
Azaldan ishq ahlin xarob degaylar,
Sahrongda ko’rinsam – sarob degaylar,
Tashnalar intilgan rudsan*, na iloj?

Osiyman, bir bo’ldi ikki dunyoyim,
O’zingga, o’zimga ayon savdoyim,
Bariga qo’l siltar chog’da, Xudoyim…
Ruhim ildizidan tutsang, na iloj?

Seni o’yga solmas ayol qismati –
Havvo gunohining halol qismati.
Ul – o’t-la o’ynashgan shamol qismati!
Yor, ro’zi mahsharda kutsang, na iloj?
Vaslingga yetolmay o’tsam, na iloj?

ULAR SENING QUSHLARING EDI

Ular sening qushlaring edi,
Kaftlaringdan yeyishardi don.
Sen umrimni tark etgan kuni
Ozod qildim ularni, ishon.

Ular edi sening qushlaring:
Bir oz kibor, bir oz bevafo.
Qolganda ham, qasosing uchun
Men ularni qilardim ado!

Sen solgansan asli shu ko’yga:
Sevishadi bermoqni ozor.
Bugun qaytib kelishdi uyga
Yuragimga tig’ urib takror.

Garchi Morze alifbosidan
Xabarim yo’q, olmaganman yod.
Qush tilida mening ustimdan
Kulishardi, solay dedim dod.

So’ngra to’rni tashladim shitob,
Qasos oxir ko’rsatdi kuchin.
Endi ular beradi javob
Sohibining gunohi uchun.

ETYUD

Oqshom ko’ylagining baridan tutib,
Daraxtning qo’llari sovqotdi picha.
Quyosh botganini tamom unutib
Bo’g’otda qunishdi ikki musicha.

So’nggi yaproqlardan libos kiydi soy,
Suv qizi bezadi durlari bilan.
Yangi afsonani boshlab berdi Oy —
Shu durlarga tushgan nurlari bilan.

Yulduzlar — abadiy porloq xayollar
Kabi jilvalandi olis osmonda.
Shafaqqa ergashgan oshiq shamollar
Uzoq qolib ketdi mag’rib tomonda.

Keyin qish hukmiga bo’ysunib alhol
Tindilar ko’nglimda oqqan bahrlar.
Rassom bo’yoq tortgan manzara misol
Qabarib kelardi tungi shakllar.

MUHABBATNING TABIATI

U kelsa — yig’lab turib, kulishni o’rganasan,
Bahorgi jilg’alarday to’lishni o’rganasan.

Qadamin zalvoridan qular tuproq qo’rg’oning,
YO boshingga urilar boshingdagi osmoning.

U kelsa — kapalakday ruhing tortadi yengil,
Keyin nur tezligida samoga uchar ko’ngil.

Ne ham qilarding axir, Mavlo yasagan naysan,
Sho’x-shod navosiga, ham mahzuniga chidaysan:

U senga qanot berar, ko’kka uchadi birga,
Lek bir kun nogahonda boplab uradi yerga!

TOYIFA

Mehrojga nasihat

Ajab ishlari bor o’zbekning, agar
Ovchi otar bo’lsa biror bo’rini,
Ovoza bo’ladi zumda, odamlar
Uyiga keltirar qo’yning zo’rini.

Kim hadya beradi, kim yopadi to’n,
Miltiqqa tikilar kimdir havasmand.
Zulmat hayotiga chiqqan kabi Kun,
“Moyidan berarsiz”, deydi bir dardmand.

Tirnog’in berishar tumsa xotinga,
Tishlari beshikka bo’ladi tumor.
Isnod keltirgancha inson otiga
Terisin talashar necha xaridor.

—O’g’ling mergan bo’lsa,- o’ylar xaloyiq,
— Faqat bo’ri bo’lsa ovi — nishoni.
El ichra yashasa hurmatga loyiq,
Etu moyga to’la bo’lsa qozoni.

Shu to’da ichida payqadim Seni,
Hayrat-la boqarding bo’ri loshiga.
O’g’lim, yaqin borma, ingratib meni —
Qo’l urma onangning qarindoshiga!

BIR OQSHOM O’YLARI

Qanotini yoyar bulut qushlari,
Shafaq olov qo’yar bolu pariga.
Kunbotishga boqib, uchar hushlaring,
Nigohing o’tolmas ufqdan nariga.

Lava ranglarini ko’rasan, xolos,
Kuygan bulutlarning bardoshin yana.
Oqshom parisiga urilib bexos
Ruhingda tasalli qilar tantana.

Qarolik inarkan Zamin bag’riga,
Tobora yiroqlab borarkan Osmon,
Jimgina tikilib shafaq nahriga
Ko’nikib yashashga ko’nasan, Inson!

VORIS

Besh yashar o’g’ilcha jo’ja quvgancha
Keng-mo’l tomorqada obdon yugurdi.
Bittasini tutib, qiynadi ancha,
So’ng zerikkan zahot boshin sug’urdi.

Ota ishdan qaytgach, onasi nogoh
Shikoyat boshladi o’g’il ustidan:
-Bolangizni tergab qo’ying-da, evoh,
Jo’jaga ham kun yo’q buning dastidan.

Muallim ota-chi, salmoqlab degay:
-Odam rad etolmas nasli-yu zotin.
Axir, qo’limizdan nima ham kelgay,
Jallod o’tganlar-da bovamiz, xotin!

SARIQ ATIRGUL

Umringni?
Bilmadim,
Ko’nglingni asra,
Har nedan balanddir
Ko’ngil Ka’basi,
Tanho mayog’idan ajralar abad,
Kimsakim,
Yo’qolib qolsa qiblasi.

Sohiba emasman
Umru joningga,
Bilolmam o’yingda
Nelar borligin,
Tushlarimda ko’rdim
Pushaymonlar-u
So’ngsiz g’ussalarga
Sazovorliging.

Oshiqlar qalbida
Tanho qo’shiq bor —
Uni o’zgalarga
Kuylatmagaylar,
Ko’ngil haram asli,
Haramga esa
Begona kimsani
Bo’ylatmagaylar.

Qo’y, xato demagin
Taqdir hukmini,
So’nggi rishtalarni
Kesar nafrating,
Tushun, aybdormas
Gulnoz shaklida
Bir sariq atirgul
Tutgan qismating.

14.05.2016 yil

045

(Tashriflar: umumiy 1 053, bugungi 1)

Izoh qoldiring