Bayram Ali. Ikki hikoya

Ashampoo_Snap_2017.09.23_13h18m06s_001_.png   Куни-кеча  «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида эълон қилинган ҳикоялари билан сизга  яхши таниш бўлган  ёш ёзувчи Байрам Алининг “Куз ёмғирлари” китоби нашрдан чиқди. Ижодкор укамизни табриклаб,  унга янги  асарлар тилаб, мазкур китобдан олинган кки ҳикояни  тақдим этамиз.

Байрам АЛИ
ИККИ ҲИКОЯ
07

1504024422_wer2323r3.jpgБайрам Али (Қўлдошев) 1991 йил 23 июньда Қамаши туманининг Чим қишлоғида туғилган.Матбуот ва бадиий нашрларда кўплаб ҳикоя ҳамда мақолалари эълон қилинган. Бир нечта ҳикоялари асосида телекўрсатувлар суратга олинган.“Болангман дунё», “Куз ёмғирлари” каби насрий китоблар муллифи.

07

КЕЧИР, САДОҚАТ…

Уйқуда ётганда оёқ-қуллари боғланган одамдек талвасада қолдим, энам бу сафар масалани кундаланг қўйди.
-Бунисини упоқ, унисини супоқ дейишларинг жонга тегди, тамом, Тўлқин магазинчининг қизи келиним бўлади! – дедилар у киши. Тўлқин магазинчининг ўзи битта қизи бор – Садоқат!.. Гоҳ ерга, гоҳ кўкка тикилдим, ўйларимнинг тутуни кўзимни ачитди, буғилиб, қўлт-қўлт ютиндим…
-Ҳа кенжа, жа “оҳ!” тортивордингиз? – доимгидай гапга аралашди, ўзидан бирор ақллироқ гап чиқмасада ақлли “мажлис”ларда тилини тиёлмайдиган янгам. ”Сизнинг писандангиз етмаётганди” – дегандек, янгамга “олайиб қўйдим”. Энам қистади:
-Хей, шу қиздан ортиқ-зиёдасини оламан деяпсанми, шугина суқсурдан-а?!
-Кенжа-ёв, яна денг, тикувчи! Ўнг қўли чевар, сўл қўли гавҳар, — янгам бу сафар-да тилини тиймади.
Мен “тегмайди” деёлмадим.
-Беришмайди, — минғирладим, дардимнинг учини чиқариб.
“-Беришмайди-и?”
“-Нима-нима?!”
“-Нега беришмас экан?!!!”
Бу бир-бирин босиб кетган саволларнинг қайсини энам айтди, қайсини янгам, қайсинисини акам-у, қай бирини отам, билолмай қолдим. Ҳа, одатда аёллар “тилга кирганда” жилмайибгина муйлабини бураб ўтиришдан нарига ўтмайдиган отамнинг ҳам бу сафар эсига бобокалони раис ўтгани тушиб кетганди, шекилли, орияти қўзганди:
-Ув, сен гапнинг омадини айт бола! Агар уккағар Тўлқин чайқовчи қизини бермаса қишлоқдан кўчириб юбораман-а! – дея аччиқланардилар.
Садоқатнинг суврати бир дам кўз қорачиқларимга қалқиб келади. Ер чизиб турадиган, бўталоқникидек катта-катта кўзлари, камондай ийилиб кетган қалдирғоч қошлари, нақшолмадай яноқлари-ю, қулипнайранг дудоқлари гавдаланди тасаввуримда. Шу билан бирга унинг олдидаги оғир гуноҳим… Ичимда: “Эйй-ҳ, ичимдан ўтаётган стамларни сизлар қаердан билардингизлар, танаси бошқа зотлар”, — дердим. “Эна, энажоним, қилган улуғ ниятингиз менинг ҳар тун тушларимга кириб чиқишини билсангиз эди, янгажоним, тарифингиздаги ўша ажабсифат қизни деб шунча пайтгача уйланишдан бўйин товлаётганларимга калта ақлингиз етса эди ”, — дердим. “Тўлқин ака билан бўйинсачилигингиз бор, биламан ота, борсангиз балки у киши йўқ демас. Лекин.., лекин Садоқатнинг ўзи-чи?! Шунча йилдан бери кўзларимга бир қараб қўймаган, кўча-куйда йўлиқсам йўлини тескари бурадиган Садоқатнинг ўзи нима дейди?”, — дердим яна. Садоқат, Садоқат!… Айтсам айтгуликларим йўқ, эй дўст, анча йилдан буён кўксимда оғриб-оғриб туради бу қизгина. Биламан, мендан жуда-жуда нафратланса керак, бир-да гап қўшмайди. Қорамни кўрса бас, ранги ўзгариб кетади. Шундан.., шундан уялмай остонасига энамни жўнатишдан чўчийман-да, ей дўст!…
Аслида бу туйғу севгими, ёки аслан мажҳул инсониятнинг номини мен топиб билмайдиган бошқа хил туйғулариданми, билмайман. Ҳарҳолда бу қизни ўйласам бас, ҳали-ҳануз чап кўксимда нимадир куйишиб-титраниб кетади. Ҳа, бу воқеа ҳамманинг ёдидан чиққан бўса-да, ўзимнинг ёдимдан учмаган. Бу воқеа ҳамманинг ёдидан чиққан бўлса-да, Садоқатнинг ҳам ёдидан учмаган. Эсам мендан бундай қочиб юрармиди?…

***

Еттинчи синфда ўқирдим. Ўзимга ўхшаган бир нечта бўйинсаларим билан мактабга элбуриттан келиб олардик-да, ҳали ўқитувчи зоти доримаган иккинчи қаватдаги зал йўлагида танга тепиб ўйнардик. Тўғри, гоҳо танга қай биримизнингдир оёқларимиз тагида юқолиб кўзга чалинмай қолар, лекин, бу ҳол биз ғайрати ичига сиғмаётган болаларни бир-биримизни силтаб тортқилашимизга имкон яратиб, ўйинимизни янада қизитарди. Ўшанда мен қаёқдандир оёқларим остига келиб қолган тангани дуч келган тарафга тепиб юбордим-у, танганинг жойидан шилжиганига ишончим комил бўлмасдан юлқиниб шу ёққа отилдим. Тезлигим жуда баланд бўлганиданми, ё кўзларим тангани қидириш билан бандлигиданми, билмайман, оёқларим чалишиб кетди. Гандираклаб бориб кимгадир тўқнашдим-у, ўзимни ўнглаб олдим. Кўзларим эса ердан тангани излайди… Асли рўй берган воқеа шу, холос, мен ҳозиргина суяниб мувозанатимни сақлаб олганим қиз бола эканини ҳам, у йиғлаб синфхонаси тамонга югурганини ҳам кейин билдим. Аммо болалигим бор экан-да, шу дам мени бу эмас, бошқа бир ҳол сергак торттирди: гуё мен бирор ишни дўндириб бажаргандай ҳалигина тала-тўп бўйинсаларимнинг бари тиржайиб менга тикилишмоқда эди. “Қойи-ил!”, “Ёмонсан-ей!” қабилидаги сўзлар билан ҳазил ҳам қилишарди. Мен эсам шанимга ёғилаётган бу олқишларнинг сабабини аниқ билмасам-да оғзим қулоғимда, талтайиб-талтайиб қолдим. Қовун туширганимни эса ошналаримдан биттаси қулоғимга уят бир гапни ҳиринглаб шипшиганидан кейингина тушундим. Гапининг маъносидан… тавбалар қилдим, энди мен ота бўлармишман, анови югуриб кетган сепкилли хунук қиз эса… эна! Эшитганим бемаззадан-бемазза бу сўздан баданларим жимирлаб кетди. Дарс олди синфхонамизга кирганимда бунданда беш баттар бўлдим: синфдош қизларимиз менга маъноли-кинояли қарашади, ошналарим тиржайгани, тиржайган. Ҳамма эшитиб бўлибди! Ўқитувчининг келмаганидан фойдаланиб залга чиқдим. Залга чиққанимда эса ахволим беш эмас, ўн баттарлар бўлди-я! Қарасам, зал охиридаги ҳалиги қиз кириб кетган эшик олдида қўйни қумалоғидиккина келадиган Камол деган бола ўзи тенги бир боланинг баданини пайпаслаб-пайпаслаб кўрсатаяпти, ёнидаги бўйинсалари қиқирлашаяпти. Улар биздан бир синф паст ўқишарди. Менга кўзи тушиб жимиб қолганидан тусмолладим, ҳалигина мен билан бўлган воқеани ҳангомалашаяпти, баччағарлар. Аҳмоқ бола, ёлғончи қитмирлгидан шунақа бўйи ўсмай қолган-да бунинг! Бир хаёлим шу шопирма, ўн гапидан тўққизтаси ёлғон бўлса, қолган биттаси гумон остида қоладиган Камол мишқини тутиб пачағини чиқарай дедим-у, яна ўқувчилар орасида “Ҳанифа чийилдоқ” деб ном олган синфраҳбаридан чўчиб индамай синфимизга қайтдим. Дарсимиз бошланди, мен дилгир. Кўнглим сезган экан, бир маҳал синфимиз эшиги қўқисдан шарақлаб очилди-ю, Ҳанифа муаллимнинг қораси кўринди. У ёш, ҳалимдек юмшоқ кўнгилли адабиёт ўқитувчимизга менсимайгина қараб олгач, менга кўзини тикди:
-Райимип, буёққа! Зиппилла!
Ўқитувчимиздан тасдиққа ўхшаш ишорани олганимдан кейин, жалада қолган қўзичоқдай қалтирабгина унинг ортидан эргашдим. Ўқитувчилар хонасига бордик. Атайлаб кенгаш чақирилган шекилли, мактабимизнинг бир нечта обрўли ўқитувчилари ва директоримиз ниманидир асабий кутиб ўтиришибди, бурчакда ҳалиги сочи паҳмоқ сепкилли қиз… йиғлаб турибди. Хуллас ҳаммаси сал бўлмаса ўзим кутганимдек.
-Мана, мана бу тарбиясиз ўқувчимнинг …га ёпишибди! – ўша-ўша дабдурустдан чийиллади, Ҳанифа муаллим. Менинг аҳволим ўз йўлига, Ҳанифа чийилдоқнинг шармсиз гапидан директоримизнинг ранги дув қизариб, ўқитувчилар ўзини қўярга жой тополмай қолишди. Адашмасам, Ҳанифа муаллим қўшиб-чатиб яна аллақандай ҳаёсиз гапларни гапирди. Бурчакда баргдайин титраб турган қизнинг кафтларини юзига босиб уввос тортиб юборганиданми, ё қулоқларим битиб шанғиллай бошлаганиданми, аҳамият бериб эшитолмай қолдим. Тарих фанидан дарс берадиган ўқитувчимиз Сафарова ўрнидан туриб кетдилар:
-Сиз, сиз нималар деяпсиз, Ҳанифа опа?! Оғзингизга қарасангиз бўларди!.. Ахир булар бир гўдак…
Икки марта турмуш қуриб фарзанд кўрмаган, ароқхўр эрининг тана-ю тазийқларига кўмилиб яшаётган тарих муалимамизнинг кўзида, негадир, ҳалқа-ҳалқа ёш бор эди.
-Гўдак!? Ким гўдак? Шу сулоқмонми?! Ё буми?! – Ҳанифа муаллим гоҳ менга, гоҳ анов қизга умрида биринчи марта кўраётгандай ўқрайиб-ўқрайиб қараб олди. Назаримда унинг бу нафратга тўла чийилдоқ ва ёқимсиз овозидан дераза ойналари қисирлади.
Йиғилган ўқитувчиларнинг можарони тинчроқ ҳал қилишга уринишлари зоя кетарди. Ҳанифа муаллим шундоғам бўлари-бўлиб турган қизни тирсагидан тутиб ўқитувчилар тамонга судради.
-Тилинг борми, айт ўзинг! Айт бу бойқуш сенга нима қилганини!
Қиз синфраҳбарининг қистовларидан кейин йиғи аралаш:
-Залда кетаётгандим, бу келиб… – дея олди, аранг.
Сен-чи?! Сен жим туравердингми, деяпсизми? Йўқ, мен жим турмадим! Қизга қўшилиб йиғлаб-йиғлаб турдим. “Ахир тангани тепиб… Билмасдан…” деган сасимни эса ўзимдан бўлак биров эшитмади, дўстижон. Кейин ўқитувчилар орасида гап талашишлар бўлди, ўқитувчиларимнинг бири қўлини менга бигиз қилиб, бошқаси шоп қилиб жавраётганлари эсимда. Яна бир нарса ҳам аниқ-тиниқ эсимдаки, тарих муаллимамиз жон-жаҳди билан мени ҳимоя қилди. Кўзларида ёш билан мени ҳам, аслида мендан кўпроқ жабрланаётган ўша сепкилли қизни ҳам ҳимоя қилди, менинг фариштагина тарих ўқитўвчим. Сўнгра қиз ва Ҳанифа муаллим кетди, мен “Тушунтирш хати” дея сарлавҳа қўйилган оқ қоғозга тарих муаллимамиз айтиб турган гапларни тушириб, ажи-бужи имзойимни қўйдим. Ҳайриятки унинг ташаббуси билан ота-оналаримиз мактабга чақирилмай қолди. Лекин ҳали вери қилган гуноҳимнинг касридан қутилмадим. Энди танаффус пайтида залга чиқсам бутун мактаб ўқувчилари нигоҳининг таъқибига учрайдиган бўлдим. Ўша сепкилли қизга ўхшаб тенг-тушимга унча қўшилмайдиган одат чиқардим. Бора-бора мен-ку кўникдим, аммо, сепкилли қиз кўникмади. Сепкилли қизнинг кўзлари энди ердан узилмас, менга мутлоқо қарамас бўлди. Мактаб ҳовлисида, ёҳуд кўча-куйда учратсам яшринча унинг кўзларига бир қараб олишга тиришардим, аммо, аммо қани энди унинг ҳунуккина юзидаги катта-катта кўзларининг нигоҳини тутаолсам… Мана, орадан йиллар ўтиб кетди.
Буни бизга нима аҳамияти бор, ҳалигина айтганинг Садоқат қаерда қолди, нега бўлмағур нарсаларни алжирайсан, деябсиз-а? Сиз ҳам мени беҳуда гуноҳкор қилмангда, эй дўст! Сиз ҳам мени беҳуда азобларга қўйманг, ўзи куйган жонимга заррагин иддао малолли! Эшитсангиз, мен сизга ҳикоямнинг бошида айтганим Садоқат айнан ўша сепкилли қиз бўлади. Ҳа, йиллар ўтди, унинг юзларидан сепкиллари ариб, чип-чиройли бўлди, лекин… Лекин, қалбидаги гиналари аримади…
Бўйига етаётган қизларга ҳос тўлишиб келаётган қоматидан уялибми, ё қўрғошиндай кўнглига сингиб, қотиб қолган олис ўтмиш хотирасидан сесканиб ердан узилмайдиган катта-катта кўзлари, кўзларига айни мутаносиб ингичка қошлари, юрганда секин сидирилиб манглайига тушадиган, яна бармоқларига илашиб қулоқчалари тепасига чиқадиган жилокор сочлари ҳар тун тушларимга кириб чиқади унинг. Афсус, гапим аввалида айтганимдай ҳушимда мен бор жойга яқин йўламайди, мени кўрса бас, йўлини тескари солади . Очиғи, мен ҳам уни кўп таъқиб қилавермайман. Мен ҳам уни кўрсам бошим эгилади…
Аммо, аммо энди ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Ҳикоямнинг бошида англаганингиздай, энам тили узун янгам билан етаклашиб Тўлқин магазинчиникига кетиб бўлишди. Бир сас кўкрак қафасимга сиғмай оҳу-ҳўрсинишлар узра лабларимдан учиб чиқади: Садоқат, Садоқат кечир мени! Агар кечирмасанг ё Ҳанифа чийилдоқнинг уйига ўт қўяман, ё қўлимни кесаман, ё тилимни!…
Кечир мени, Садоқат!

МАЖНУНТОЛ

1

“…Инсон ҳаётни севмоғи учун Худо унга доимо бирор сабаб қолдиради…”.
Нурҳаёт қоралаётган қиссасининг сўнги жумлаларини ёзар экан, тагига бугунги сана ва имзосини қайд этиб қўйди. Бу пайтда эса ҳовлидан ўспирин йигитнинг баланд овози ва шўхчан кулгуси эшитила бошлаган эди. “Адҳамжон!” — эрта ажин туша бошлаган юзларидаги ҳорғинлик тарқаб, лабларига табассум югурди унинг.
-Ассалому алайкумла-ар! — кўп ўтмай эса хонага Адҳамжоннинг ўзи ҳам кириб келди. Кела солиб устозининг аравачаси ёнига чўкаркан, юзида норозилик аъломатлари зуҳур топди.- Нега доим, иш, иш, дейсиз! Соғлиғингизни ҳам ўйлайсизми ҳеч!?
-Келганлариданоқ таъна экан-да, — гиналанди Нурҳаёт. – Демак опасини ҳечам соғинмабдилар-да, а?
Адҳамжон устозига яқинроқ келиб бошини тиззаларига қўйди. Онасига эркаланган гўдак каби оёқларидан опичлади.
-Нега экан, Нур опа? Сизни жудаям, жудаям соғиндим, аммо жонингизни бу қадар койитмсангиз, дейман. Ахир бунақада соғлиғингиз баттар оғирлашади-ку…
Кейинроқ уларнинг кўзлари тўқнашганида ҳар иккисининг киприклари намланган эди. Кўзларини олиб қочиб, устозининг ёзув столига тикди-ю, Адҳамжоннинг беихтиёр юзлари ёришиб кетди.
-Ия, тугатдингизми! – шошиб стол устидаги қораламани қўлига олди.
-Шундай деса ҳам бўлади…
Негадир Адҳамжон дафтарни апил-тапил варақлаб, сўнги келганидан бери неча саҳифа ёзилганини ҳисоблаб кўрди. Сўнг алла нарсадан кўнгли тўгандек бошини мамнун қимирлатиб қўйди.
-Буни бунча яхши кўриб қолмасанг, гуё мени эмас шу хомаки қиссамни кўргани келаётгандексан-а, — унинг қўлидан қораламани олиб аввалги жойига қўйди Нурҳаёт. – Хўш, ўзинг-чи, ўзинг нималар ёздинг, Адҳамжон?
-Ўзимми?.. Ёздим. Шеърлар ёздим… – Адҳамжон эса қораламани қайта қўлига олди. У тағин дафтарнинг сўнги саҳифаларига диққат билан кўз югуртириб тез-тез варақларкан, керакли аллақайси жумлани қидираётганга ўхшарди.
-Нега, Нур опа? –ниҳоят ёрилди устозига. -Ахир бу ерда қисса нима учун айнан “Мажнунтол” дея аталганлигига бирор изоҳ йўқ-ку?
Нурҳаёт ҳаммасини тушуниб турарди. Адҳамжон ҳар сафар келганида қораламани қўлига олса, гуё қиссага умуман алоқаси йўқдай туйилган ушбу ном ҳақида сўрайди. Шу ерда ётиб қолган кунлари одатига биноан туни билан ухламай устозининг ижодхонасида мутолаа қилиб ўтирганида ҳам, эҳтимол, шу жумбоққа жавоб ахтарса керак.
-Яхши, бугун сенга барини тушунтириб бераман, — деди Нурҳаёт.- Мени ҳовлига, катта ариқ бўйига олиб чиқаоласанми?

2

Нурҳаётнинг Адҳамжон билан танишганларигаям уч йидан ошибди. Аслида Адҳамжон бошқа вилоятда яшар, Нурҳаётнинг ёнига қоралаган шеър ва ҳикояларини кўрсатиш учун келиб турар эди. Йигитчанинг ҳар бир қораламаси билан танишаркан, Нурҳаёт, дунёни ўзининг тоза тасаввури билан кўра билаётган ўспиринда жуда кучли истеъдод борлигини ҳис қиларди. Арзирли ишларини босмаҳоналарга тафсия қилиб юборса, камчилиги борларини эринмай Адҳамжоннинг ўзига тушунтирарди. Кўпинча ижоддан бошланиб, ҳаёт, инсон умрининг мазмуни ва одамлар ҳақидаги жиддий мавзуларга еврилиб кетарди уларнинг суҳбатлари. Баъзан эса Нурҳаётнинг ўз севган жойи – катта ариқ бўйиди икковлон сувга термулиб ўтиришаркан, Адҳамжон устозининг елкасига бошини қўйиб узоқ-узоқ сукутга толарди. Нурҳаётга ҳам кўпроқ шуниси маъқул эди. Адҳамжон яқинда қамоқ жазосини ўтаб қайтган дадасининг кўп ича бошлагани, тез-тез онасини калтаклаётгани ҳақида ўпкаланганларида, тасирчан шогирдининг бошини силаб юпатишни ҳуш кўрарди у. Адҳамжоннинг жингалага моил малларанг сочларини силаганда оналарча ҳузур, оналарча шавқ туярди. Ҳа, уларнинг ораларида устоз ва шогирдчиликдан ҳам мунавварроқ туйғулар борга ўхшарди, дарҳақиқат…
Адҳамжон устозининг аравачасини шундоққина ариқ лабигача суриб келиб, ғилдираклари юриб кетмасин учун тош тақаб қўйди.
-Ҳу-ув анави мажнунтолни кўраяпсанми?- пича вақт жим туришганларидан кейин, нариги бетдаги сувга сочларини тушаб турган дарахтга имо қилди Нурҳаёт.
-Ҳа, — деди Адҳамжон, дарахтга эмас, устозининг юзларига тикилиб.
-Биласанми, наздимда у кимга ўхшайди?
-Одамларгами?
-Йўқ, айнан менга.
Нурҳаёт майин жилмайди. Хўрсинди:
-У ҳам ўзини жуда ёлғиз сезади, у ҳам ожиз, у ҳам ҳоксор… У ҳам менигдек демоққа қўрқадигандай гуёки…
-Қизиқ… Сиз қўрқасизми?
-Ҳа, баъзан…
-Нега энди?! — асабийлашганидан қошларини чимирди Адҳамжон. – Демоққа деганда нимани назарда тутдингиз ўзи?
-Ҳисларимни… Мана қатор китобларим чиқди, қоралаган қиссам нашр этилса бу тўртинчи қиссам бўлади. Лекин.., лекин мен ҳамон “адиба” номига эриша олганим йўқ. Келажакда ҳам балки бу жуда оғир бўлса ажаб эмас.
У кўзларини дарахтдан бир дам узиб, боши қотиб турган Адҳамжонга термулди. Ҳарқанча закий бўлмасин, ушбу гаплардан шогирди ҳеч нарсани тушуна олмаганини пайқади.
-Нега адибаликка эришолмайсиз? Ахир… Ахир аллақачон ёзувчилар уйишмасининг аъзоси эмассизми? Номингиз китобларда “адиба” деб зикр этилмайдими?
Бош ирғаб кулиб қўйди Нурҳаёт. Сўнгра, гуё суҳбат мавзусини туйқус ўзгартиргандай:
-Лермантив ажаб бир гап ёзади, — деди. – Инсоннинг жисмида қандайдир нуқсони бўлса, албатта бу сийратида ҳам изсиз кетмагай, дейди.
-Атта-анг!- Адҳамжон гуё устозининг ҳимоясига отлагандай шарт кесди Нурҳаётнинг гапини. – Лермантив Сулаймон пайғамбар билан чумоли суҳбатини ўқимаган экан-да!
Нурҳаёт сўзлари фойдасиз эканини, Адҳамжонга бу гапларни тушуниши учун озроқ ҳаёт тажрибаси кераклигини, қолаверса тушунган тақдирида ҳам ҳеч қачон тан олмаслигини ҳис этди. Демак бу тушуниқсиз суҳбатни давом эттириш ҳам фойдасиз эди. Агар Адҳамжон уни холисона бир тарзда тинглаганида эди, балки Нурҳаёт ўқувчиси ўзининг ёзганларини бадиий асар деб эмас, шунчаки дардман бир кимсанинг дил ёришлари деб билишидан жуда чўчишини айтарди. Асарларидан ўқувчи доимо соғлиғига оид бирор шикоят ахтарса, мунаққид истехзо билан бир худбинликни ахтаришини сўзларди…
Адҳамжон сўзсиз қолган Нурҳаётнинг ичидан қаттиқ истироб чекаётганини сезди. Юз-кўзларига чексиз бир ўкинч ёпирилиб келганини кўрди. Ҳис этди, кўрди-ю, устозининг ғамларини аритишга бирор сўз топа олмади… Шунда, чўнтагида ўзи доим олиб юрадиган тирноқ калталайдиган митти қайчичасини чиқарди-да, чуккалаган жойидан аста сурилиб, устозининг пайпоқсиз оёқ панжалариини тутди. Нурҳаёт аввал бунга қаршилик кўрсатмоқчи бўлди, аммо… Жимгина устозининг ўсиб улгурмаган тирноқларини калталаркан:
-Эшитишимча инсоннинг ҳаётида яхши кунлари қанча кўп бўлса, — деди Адҳамжон, Нурҳаётнинг оёқ панжаларидан кўз узмай, — Оёқларидаги тирноқлари шунча тез ўса бошларкан. У қанча кўп истироблар чекса эса, қўлидаги тирноқлари шунча жадал ўсар эмиш… Мен… Мен сизнинг оёқларинигиздаги тирноқларингиз тез, жуда тез ўсишини хоҳлардим. Ва қани уларни доим ўзим келиб калталаб қўйсам…
Ич-ичидан ҳароратли бир ҳўрсиниш тошиб келган Нурҳаёт титраб Адҳамжоннинг сочларини силади. Адҳамжон бошини кўтарди. Унинг сийрак, узун-узун киприклари намланган, бунга боқиб Нурҳаётнинг кўзидан ёшлари тинимсиз қуйилиб, гоҳ лаблари титраб кетса, гоҳ юзини майин табассум ялаб ўтарди.
-Айтганча, қиссангизни қачон чоп эттирмоқчи эдингиз?! – шу дам кутилмаганда сўради Адҳамжон.
Нурҳаёт бир дам фикрини жамлай олмади.
-Айтгандим-ку, — гапирди сўнг. -Худо умр берса сочларим буткул оқрганда…
Адҳамжон Нурҳаётдан қисса нега айнан “Мажнунтол” дея аталганини англаштириш учун фақат ўша вақтда киччикгина бир изоҳ ёзишини ҳам сўраб билди.

3

Кун ботиш вақтини талош палласи дейишади. Бу пайтда осмон эшиклари очилади дейдилар. Яна айтишларича, бу фурсатда инс-жинслар кўкдан ерга тушиб келса, фаришталар ердан кўкка кўтарилар эмиш. Деразадан тушган шафаққа термулиб ўтирган Нурҳаётнинг юрагида беҳаловатлик бор эди…
Шу дам чўзиб-чўзиб икки бор овоз берган телефоннинг сасидан чўчиб тушди у. Арвачаси билан яқинлашиб, негадир одатийлардан ўзгача, ҳадик аралаш гўшакни кўтарди:
-Алло…
-Алло, Нурҳаёт, ўзингизмисиз? – дағалроқ овоз эшитилди нарги тарафдан. Нурҳаёт сўларни ажратмасдан, тез-тез талаффуз қиладиган ноширни эслагандай бўлди.
-Ассалому алайкум Фозил ака. Бу сизмисиз?
-Хотирангизга балли синглим, — тасдиқлади ношир. – Соғлиқлар жойидами, безовта қилмадимми ишқилиб?
-Ҳа… Йўқ, бемалол…
-Биласизми, мен шогирдингиз Адҳамжон масаласида телефон қилаётгандим. Аниқроғи, Адҳамжоннинг бизга чоп этишга берган қиссаси масаласида.
-Қисса…- ажабланди Нурҳаёт.
-Ҳа-я, Нурҳаёт, ўз ўрнида сизни табриклаб қўйишга ҳам ҳаққим бор, деб ўйлайман, шогирдингизнинг қадамлари яхши. Аммо-лекин, қиссада сизнинг қаламингиз ҳам яхшигина сезилибди, — латифа айтгандек ёйилиб кулди ношир.- Ёшларни қўллаб-қувватлаш яхши, бироқ бу даражада эмасда… Лаббай?
Ношир нариги тарафдан ҳеч бир имдод эшитмагач, буни ўзича тушуниб, мақсадга кўчди.
-Хуллас, шогирдингизни қиссасининг номи бизни бироз ўйлантираяпди. “Дардли қўш”, бу ўта рамзий ном эмасмикин деб турибман…

…Нурҳаёт ноширниинг асар мантиқ ва моҳияти, асарга ном танлашда не учун янглишилганлиги тўғрисидаги мулоҳаза ва эътирозларини тинглаб, унинг айнан ўз қаламига мансуб “Мажнунтол” ҳақида гапираётганини англаб етганди. Ҳа, ношир айнан Нурҳаётнинг “Мажнунтол”и ҳақида гапирган эди. Ношир билан суҳбатларининг давоми қандай бўлди, буни эса эслаёлмайди. У индамай ноширнинг сўзларини тасдиқлаб, суҳбат якунини кутдими, ё гўшакни қўйиб қўйдими, билмайди. Нурҳаётнинг юзлари кўз ёшларини тийиш учун қаттиқ тиришиб жасорат кўрсатар, елкалари титраб тиртаб кетарди. Деразадан тушиб турган, тоборо камайиб бораётган тола нурга жисмини, руҳини тоблагиси, шу тариқа кўнглига бостириб кирган рутубатдан холос бўлгиси келарди.
У мажнунтолдек жимгина кўз ёш тўкарди…

ish44-buket.jpgKuni-kecha «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida e’lon qilingan hikoyalari bilan sizga yaxshi tanish bo‘lgan yosh yozuvchi Bayram Alining «Kuz yomg‘irlari» kitobi nashrdan chiqdi. Ijodkor ukamizni tabriklab, unga yangi asarlar tilab, mazkur kitobdan olingan kki hikoyani taqdim etamiz.

Bayram ALI
IKKI HIKOYA
07

0_152b97_1b5504ed_orig.pngBayram Ali (Qo‘ldoshev) 1991 yil 23 iyunda Qamashi tumanining Chim qishlog‘ida tug‘ilgan.Matbuot va badiiy nashrlarda ko‘plab hikoya hamda maqolalari e’lon qilingan.Bir nechta hikoyalari asosida teleko‘rsatuvlar suratga olingan.“Bolangman dunyo», «Kuz yomg‘irlari» kabi nasriy kitoblar mullifi.

07

KЕCHIR, SADOQAT…

Uyquda yotganda oyoq-qullari bog‘langan odamdek talvasada qoldim, enam bu safar masalani kundalang qo‘ydi.
-Bunisini upoq, unisini supoq deyishlaring jonga tegdi, tamom, To‘lqin magazinchining qizi kelinim bo‘ladi! – dedilar u kishi. To‘lqin magazinchining o‘zi bitta qizi bor – Sadoqat!.. Goh yerga, goh ko‘kka tikildim, o‘ylarimning tutuni ko‘zimni achitdi, bug‘ilib, qo‘lt-qo‘lt yutindim…
-Ha kenja, ja «oh!» tortivordingiz? – doimgiday gapga aralashdi, o‘zidan biror aqlliroq gap chiqmasada aqlli «majlis»larda tilini tiyolmaydigan yangam. ”Sizning pisandangiz yetmayotgandi” – degandek, yangamga «olayib qo‘ydim». Enam qistadi:
-Xey, shu qizdan ortiq-ziyodasini olaman deyapsanmi, shugina suqsurdan-a?!
-Kenja-yov, yana deng, tikuvchi! O‘ng qo‘li chevar, so‘l qo‘li gavhar, — yangam bu safarda tilini tiymadi.
Men «tegmaydi» deyolmadim.
-Berishmaydi, — ming‘irladim, dardimning uchini chiqarib.
«-Berishmaydi-i?»
«-Nima-nima?!»
«-Nega berishmas ekan?!!!»
Bu bir-birin bosib ketgan savollarning qaysini enam aytdi, qaysini yangam, qaysinisini akamu, qay birini otam, bilolmay qoldim. Ha, odatda ayollar «tilga kirganda» jilmayibgina muylabini burab o‘tirishdan nariga o‘tmaydigan otamning ham bu safar esiga bobokaloni rais o‘tgani tushib ketgandi, shekilli, oriyati qo‘zgandi:
-Uv, sen gapning omadini ayt bola! Agar ukkag‘ar To‘lqin chayqovchi qizini bermasa qishloqdan ko‘chirib yuboraman-a! – deya achchiqlanardilar.
Sadoqatning suvrati bir dam ko‘z qorachiqlarimga qalqib keladi. Yer chizib turadigan, bo‘taloqnikidek katta-katta ko‘zlari, kamonday iyilib ketgan qaldirg‘och qoshlari, naqsholmaday yanoqlariyu, qulipnayrang dudoqlari gavdalandi tasavvurimda. Shu bilan birga uning oldidagi og‘ir gunohim… Ichimda: «Eyy-h, ichimdan o‘tayotgan stamlarni sizlar qayerdan bilardingizlar, tanasi boshqa zotlar», — derdim. «Ena, enajonim, qilgan ulug‘ niyatingiz mening har tun tushlarimga kirib chiqishini bilsangiz edi, yangajonim, tarifingizdagi o‘sha ajabsifat qizni deb shuncha paytgacha uylanishdan bo‘yin tovlayotganlarimga kalta aqlingiz yetsa edi », — derdim. «To‘lqin aka bilan bo‘yinsachiligingiz bor, bilaman ota, borsangiz balki u kishi yo‘q demas. Lekin.., lekin Sadoqatning o‘zichi?! Shuncha yildan beri ko‘zlarimga bir qarab qo‘ymagan, ko‘cha-kuyda yo‘liqsam yo‘lini teskari buradigan Sadoqatning o‘zi nima deydi?», — derdim yana. Sadoqat, Sadoqat!… Aytsam aytguliklarim yo‘q, ey do‘st, ancha yildan buyon ko‘ksimda og‘rib-og‘rib turadi bu qizgina. Bilaman, mendan juda-juda nafratlansa kerak, birda gap qo‘shmaydi. Qoramni ko‘rsa bas, rangi o‘zgarib ketadi. Shundan.., shundan uyalmay ostonasiga enamni jo‘natishdan cho‘chiymanda, yey do‘st!…
Aslida bu tuyg‘u sevgimi, yoki aslan majhul insoniyatning nomini men topib bilmaydigan boshqa xil tuyg‘ularidanmi, bilmayman. Harholda bu qizni o‘ylasam bas, hali-hanuz chap ko‘ksimda nimadir kuyishib-titranib ketadi. Ha, bu voqea hammaning yodidan chiqqan bo‘sada, o‘zimning yodimdan uchmagan. Bu voqea hammaning yodidan chiqqan bo‘lsada, Sadoqatning ham yodidan uchmagan. Esam mendan bunday qochib yurarmidi?…

***

Yettinchi sinfda o‘qirdim. O‘zimga o‘xshagan bir nechta bo‘yinsalarim bilan maktabga elburittan kelib olardikda, hali o‘qituvchi zoti dorimagan ikkinchi qavatdagi zal yo‘lagida tanga tepib o‘ynardik. To‘g‘ri, goho tanga qay birimizningdir oyoqlarimiz tagida yuqolib ko‘zga chalinmay qolar, lekin, bu hol biz g‘ayrati ichiga sig‘mayotgan bolalarni bir-birimizni siltab tortqilashimizga imkon yaratib, o‘yinimizni yanada qizitardi. O‘shanda men qayoqdandir oyoqlarim ostiga kelib qolgan tangani duch kelgan tarafga tepib yubordimu, tanganing joyidan shiljiganiga ishonchim komil bo‘lmasdan yulqinib shu yoqqa otildim. Tezligim juda baland bo‘lganidanmi, yo ko‘zlarim tangani qidirish bilan bandligidanmi, bilmayman, oyoqlarim chalishib ketdi. Gandiraklab borib kimgadir to‘qnashdimu, o‘zimni o‘nglab oldim. Ko‘zlarim esa yerdan tangani izlaydi… Asli ro‘y bergan voqea shu, xolos, men hozirgina suyanib muvozanatimni saqlab olganim qiz bola ekanini ham, u yig‘lab sinfxonasi tamonga yugurganini ham keyin bildim. Ammo bolaligim bor ekanda, shu dam meni bu emas, boshqa bir hol sergak torttirdi: guyo men biror ishni do‘ndirib bajarganday haligina tala-to‘p bo‘yinsalarimning bari tirjayib menga tikilishmoqda edi. «Qoyi-il!», «Yomonsan-yey!» qabilidagi so‘zlar bilan hazil ham qilishardi. Men esam shanimga yog‘ilayotgan bu olqishlarning sababini aniq bilmasamda og‘zim qulog‘imda, taltayib-taltayib qoldim. Qovun tushirganimni esa oshnalarimdan bittasi qulog‘imga uyat bir gapni hiringlab shipshiganidan keyingina tushundim. Gapining ma’nosidan… tavbalar qildim, endi men ota bo‘larmishman, anovi yugurib ketgan sepkilli xunuk qiz esa… ena! Eshitganim bemazzadan-bemazza bu so‘zdan badanlarim jimirlab ketdi. Dars oldi sinfxonamizga kirganimda bundanda besh battar bo‘ldim: sinfdosh qizlarimiz menga ma’noli-kinoyali qarashadi, oshnalarim tirjaygani, tirjaygan. Hamma eshitib bo‘libdi! O‘qituvchining kelmaganidan foydalanib zalga chiqdim. Zalga chiqqanimda esa axvolim besh emas, o‘n battarlar bo‘ldi-ya! Qarasam, zal oxiridagi haligi qiz kirib ketgan eshik oldida qo‘yni qumalog‘idikkina keladigan Kamol degan bola o‘zi tengi bir bolaning badanini paypaslab-paypaslab ko‘rsatayapti, yonidagi bo‘yinsalari qiqirlashayapti. Ular bizdan bir sinf past o‘qishardi. Menga ko‘zi tushib jimib qolganidan tusmolladim, haligina men bilan bo‘lgan voqeani hangomalashayapti, bachchag‘arlar. Ahmoq bola, yolg‘onchi qitmirlgidan shunaqa bo‘yi o‘smay qolganda buning! Bir xayolim shu shopirma, o‘n gapidan to‘qqiztasi yolg‘on bo‘lsa, qolgan bittasi gumon ostida qoladigan Kamol mishqini tutib pachag‘ini chiqaray dedimu, yana o‘quvchilar orasida «Hanifa chiyildoq» deb nom olgan sinfrahbaridan cho‘chib indamay sinfimizga qaytdim. Darsimiz boshlandi, men dilgir. Ko‘nglim sezgan ekan, bir mahal sinfimiz eshigi qo‘qisdan sharaqlab ochildiyu, Hanifa muallimning qorasi ko‘rindi. U yosh, halimdek yumshoq ko‘ngilli adabiyot o‘qituvchimizga mensimaygina qarab olgach, menga ko‘zini tikdi:
-Rayimip, buyoqqa! Zippilla!
O‘qituvchimizdan tasdiqqa o‘xshash ishorani olganimdan keyin, jalada qolgan qo‘zichoqday qaltirabgina uning ortidan ergashdim. O‘qituvchilar xonasiga bordik. Ataylab kengash chaqirilgan shekilli, maktabimizning bir nechta obro‘li o‘qituvchilari va direktorimiz nimanidir asabiy kutib o‘tirishibdi, burchakda haligi sochi pahmoq sepkilli qiz… yig‘lab turibdi. Xullas hammasi sal bo‘lmasa o‘zim kutganimdek.
-Mana, mana bu tarbiyasiz o‘quvchimning …ga yopishibdi! – o‘sha-o‘sha dabdurustdan chiyilladi, Hanifa muallim. Mening ahvolim o‘z yo‘liga, Hanifa chiyildoqning sharmsiz gapidan direktorimizning rangi duv qizarib, o‘qituvchilar o‘zini qo‘yarga joy topolmay qolishdi. Adashmasam, Hanifa muallim qo‘shib-chatib yana allaqanday hayosiz gaplarni gapirdi. Burchakda bargdayin titrab turgan qizning kaftlarini yuziga bosib uvvos tortib yuborganidanmi, yo quloqlarim bitib shang‘illay boshlaganidanmi, ahamiyat berib eshitolmay qoldim. Tarix fanidan dars beradigan o‘qituvchimiz Safarova o‘rnidan turib ketdilar:
-Siz, siz nimalar deyapsiz, Hanifa opa?! Og‘zingizga qarasangiz bo‘lardi!.. Axir bular bir go‘dak…
Ikki marta turmush qurib farzand ko‘rmagan, aroqxo‘r erining tanayu taziyqlariga ko‘milib yashayotgan tarix mualimamizning ko‘zida, negadir, halqa-halqa yosh bor edi.
-Go‘dak!? Kim go‘dak? Shu suloqmonmi?! Yo bumi?! – Hanifa muallim goh menga, goh anov qizga umrida birinchi marta ko‘rayotganday o‘qrayib-o‘qrayib qarab oldi. Nazarimda uning bu nafratga to‘la chiyildoq va yoqimsiz ovozidan deraza oynalari qisirladi.
Yig‘ilgan o‘qituvchilarning mojaroni tinchroq hal qilishga urinishlari zoya ketardi. Hanifa muallim shundog‘am bo‘lari-bo‘lib turgan qizni tirsagidan tutib o‘qituvchilar tamonga sudradi.
-Tiling bormi, ayt o‘zing! Ayt bu boyqush senga nima qilganini!
Qiz sinfrahbarining qistovlaridan keyin yig‘i aralash:
-Zalda ketayotgandim, bu kelib… – deya oldi, arang.
Senchi?! Sen jim turaverdingmi, deyapsizmi? Yo‘q, men jim turmadim! Qizga qo‘shilib yig‘lab-yig‘lab turdim. «Axir tangani tepib… Bilmasdan…» degan sasimni esa o‘zimdan bo‘lak birov eshitmadi, do‘stijon. Keyin o‘qituvchilar orasida gap talashishlar bo‘ldi, o‘qituvchilarimning biri qo‘lini menga bigiz qilib, boshqasi shop qilib javrayotganlari esimda. Yana bir narsa ham aniq-tiniq esimdaki, tarix muallimamiz jon-jahdi bilan meni himoya qildi. Ko‘zlarida yosh bilan meni ham, aslida mendan ko‘proq jabrlanayotgan o‘sha sepkilli qizni ham himoya qildi, mening farishtagina tarix o‘qito‘vchim. So‘ngra qiz va Hanifa muallim ketdi, men «Tushuntirsh xati» deya sarlavha qo‘yilgan oq qog‘ozga tarix muallimamiz aytib turgan gaplarni tushirib, aji-buji imzoyimni qo‘ydim. Hayriyatki uning tashabbusi bilan ota-onalarimiz maktabga chaqirilmay qoldi. Lekin hali veri qilgan gunohimning kasridan qutilmadim. Endi tanaffus paytida zalga chiqsam butun maktab o‘quvchilari nigohining ta’qibiga uchraydigan bo‘ldim. O‘sha sepkilli qizga o‘xshab teng-tushimga uncha qo‘shilmaydigan odat chiqardim. Bora-bora menku ko‘nikdim, ammo, sepkilli qiz ko‘nikmadi. Sepkilli qizning ko‘zlari endi yerdan uzilmas, menga mutloqo qaramas bo‘ldi. Maktab hovlisida, yohud ko‘cha-kuyda uchratsam yashrincha uning ko‘zlariga bir qarab olishga tirishardim, ammo, ammo qani endi uning hunukkina yuzidagi katta-katta ko‘zlarining nigohini tutaolsam… Mana, oradan yillar o‘tib ketdi.
Buni bizga nima ahamiyati bor, haligina aytganing Sadoqat qayerda qoldi, nega bo‘lmag‘ur narsalarni aljiraysan, deyabsiz-a? Siz ham meni behuda gunohkor qilmangda, ey do‘st! Siz ham meni behuda azoblarga qo‘ymang, o‘zi kuygan jonimga zarragin iddao malolli! Eshitsangiz, men sizga hikoyamning boshida aytganim Sadoqat aynan o‘sha sepkilli qiz bo‘ladi. Ha, yillar o‘tdi, uning yuzlaridan sepkillari arib, chip-chiroyli bo‘ldi, lekin… Lekin, qalbidagi ginalari arimadi…
Bo‘yiga yetayotgan qizlarga hos to‘lishib kelayotgan qomatidan uyalibmi, yo qo‘rg‘oshinday ko‘ngliga singib, qotib qolgan olis o‘tmish xotirasidan seskanib yerdan uzilmaydigan katta-katta ko‘zlari, ko‘zlariga ayni mutanosib ingichka qoshlari, yurganda sekin sidirilib manglayiga tushadigan, yana barmoqlariga ilashib quloqchalari tepasiga chiqadigan jilokor sochlari har tun tushlarimga kirib chiqadi uning. Afsus, gapim avvalida aytganimday hushimda men bor joyga yaqin yo‘lamaydi, meni ko‘rsa bas, yo‘lini teskari soladi . Ochig‘i, men ham uni ko‘p ta’qib qilavermayman. Men ham uni ko‘rsam boshim egiladi…
Ammo, ammo endi g‘isht qolipdan ko‘chib bo‘lgandi. Hikoyamning boshida anglaganingizday, enam tili uzun yangam bilan yetaklashib To‘lqin magazinchinikiga ketib bo‘lishdi. Bir sas ko‘krak qafasimga sig‘may ohu-ho‘rsinishlar uzra lablarimdan uchib chiqadi: Sadoqat, Sadoqat kechir meni! Agar kechirmasang yo Hanifa chiyildoqning uyiga o‘t qo‘yaman, yo qo‘limni kesaman, yo tilimni!…
Kechir meni, Sadoqat!

MAJNUNTOL

1

«…Inson hayotni sevmog‘i uchun Xudo unga doimo biror sabab qoldiradi…».
Nurhayot qoralayotgan qissasining so‘ngi jumlalarini yozar ekan, tagiga bugungi sana va imzosini qayd etib qo‘ydi. Bu paytda esa hovlidan o‘spirin yigitning baland ovozi va sho‘xchan kulgusi eshitila boshlagan edi. «Adhamjon!» — erta ajin tusha boshlagan yuzlaridagi horg‘inlik tarqab, lablariga tabassum yugurdi uning.
-Assalomu alaykumla-ar! — ko‘p o‘tmay esa xonaga Adhamjonning o‘zi ham kirib keldi. Kela solib ustozining aravachasi yoniga cho‘karkan, yuzida norozilik a’lomatlari zuhur topdi.- Nega doim, ish, ish, deysiz! Sog‘lig‘ingizni ham o‘ylaysizmi hech!?
-Kelganlaridanoq ta’na ekanda, — ginalandi Nurhayot. – Demak opasini hecham sog‘inmabdilarda, a?
Adhamjon ustoziga yaqinroq kelib boshini tizzalariga qo‘ydi. Onasiga erkalangan go‘dak kabi oyoqlaridan opichladi.
-Nega ekan, Nur opa? Sizni judayam, judayam sog‘indim, ammo joningizni bu qadar koyitmsangiz, deyman. Axir bunaqada sog‘lig‘ingiz battar og‘irlashadiku…
Keyinroq ularning ko‘zlari to‘qnashganida har ikkisining kipriklari namlangan edi. Ko‘zlarini olib qochib, ustozining yozuv stoliga tikdiyu, Adhamjonning beixtiyor yuzlari yorishib ketdi.
-Iya, tugatdingizmi! – shoshib stol ustidagi qoralamani qo‘liga oldi.
-Shunday desa ham bo‘ladi…
Negadir Adhamjon daftarni apil-tapil varaqlab, so‘ngi kelganidan beri necha sahifa yozilganini hisoblab ko‘rdi. So‘ng alla narsadan ko‘ngli to‘gandek boshini mamnun qimirlatib qo‘ydi.
-Buni buncha yaxshi ko‘rib qolmasang, guyo meni emas shu xomaki qissamni ko‘rgani kelayotgandeksan-a, — uning qo‘lidan qoralamani olib avvalgi joyiga qo‘ydi Nurhayot. – Xo‘sh, o‘zingchi, o‘zing nimalar yozding, Adhamjon?
-O‘zimmi?.. Yozdim. She’rlar yozdim… – Adhamjon esa qoralamani qayta qo‘liga oldi. U tag‘in daftarning so‘ngi sahifalariga diqqat bilan ko‘z yugurtirib tez-tez varaqlarkan, kerakli allaqaysi jumlani qidirayotganga o‘xshardi.
-Nega, Nur opa? –nihoyat yorildi ustoziga. -Axir bu yerda qissa nima uchun aynan «Majnuntol» deya atalganligiga biror izoh yo‘qku?
Nurhayot hammasini tushunib turardi. Adhamjon har safar kelganida qoralamani qo‘liga olsa, guyo qissaga umuman aloqasi yo‘qday tuyilgan ushbu nom haqida so‘raydi. Shu yerda yotib qolgan kunlari odatiga binoan tuni bilan uxlamay ustozining ijodxonasida mutolaa qilib o‘tirganida ham, ehtimol, shu jumboqqa javob axtarsa kerak.
-Yaxshi, bugun senga barini tushuntirib beraman, — dedi Nurhayot.- Meni hovliga, katta ariq bo‘yiga olib chiqaolasanmi?

2

Nurhayotning Adhamjon bilan tanishganlarigayam uch yidan oshibdi. Aslida Adhamjon boshqa viloyatda yashar, Nurhayotning yoniga qoralagan she’r va hikoyalarini ko‘rsatish uchun kelib turar edi. Yigitchaning har bir qoralamasi bilan tanisharkan, Nurhayot, dunyoni o‘zining toza tasavvuri bilan ko‘ra bilayotgan o‘spirinda juda kuchli iste’dod borligini his qilardi. Arzirli ishlarini bosmahonalarga tafsiya qilib yuborsa, kamchiligi borlarini erinmay Adhamjonning o‘ziga tushuntirardi. Ko‘pincha ijoddan boshlanib, hayot, inson umrining mazmuni va odamlar haqidagi jiddiy mavzularga yevrilib ketardi ularning suhbatlari. Ba’zan esa Nurhayotning o‘z sevgan joyi – katta ariq bo‘yidi ikkovlon suvga termulib o‘tirisharkan, Adhamjon ustozining yelkasiga boshini qo‘yib uzoq-uzoq sukutga tolardi. Nurhayotga ham ko‘proq shunisi ma’qul edi. Adhamjon yaqinda qamoq jazosini o‘tab qaytgan dadasining ko‘p icha boshlagani, tez-tez onasini kaltaklayotgani haqida o‘pkalanganlarida, tasirchan shogirdining boshini silab yupatishni hush ko‘rardi u. Adhamjonning jingalaga moil mallarang sochlarini silaganda onalarcha huzur, onalarcha shavq tuyardi. Ha, ularning oralarida ustoz va shogirdchilikdan ham munavvarroq tuyg‘ular borga o‘xshardi, darhaqiqat…
Adhamjon ustozining aravachasini shundoqqina ariq labigacha surib kelib, g‘ildiraklari yurib ketmasin uchun tosh taqab qo‘ydi.
-Hu-uv anavi majnuntolni ko‘rayapsanmi?- picha vaqt jim turishganlaridan keyin, narigi betdagi suvga sochlarini tushab turgan daraxtga imo qildi Nurhayot.
-Ha, — dedi Adhamjon, daraxtga emas, ustozining yuzlariga tikilib.
-Bilasanmi, nazdimda u kimga o‘xshaydi?
-Odamlargami?
-Yo‘q, aynan menga.
Nurhayot mayin jilmaydi. Xo‘rsindi:
-U ham o‘zini juda yolg‘iz sezadi, u ham ojiz, u ham hoksor… U ham menigdek demoqqa qo‘rqadiganday guyoki…
-Qiziq… Siz qo‘rqasizmi?
-Ha, ba’zan…
-Nega endi?! — asabiylashganidan qoshlarini chimirdi Adhamjon. – Demoqqa deganda nimani nazarda tutdingiz o‘zi?
-Hislarimni… Mana qator kitoblarim chiqdi, qoralagan qissam nashr etilsa bu to‘rtinchi qissam bo‘ladi. Lekin.., lekin men hamon «adiba» nomiga erisha olganim yo‘q. Kelajakda ham balki bu juda og‘ir bo‘lsa ajab emas.
U ko‘zlarini daraxtdan bir dam uzib, boshi qotib turgan Adhamjonga termuldi. Harqancha zakiy bo‘lmasin, ushbu gaplardan shogirdi hech narsani tushuna olmaganini payqadi.
-Nega adibalikka erisholmaysiz? Axir… Axir allaqachon yozuvchilar uyishmasining a’zosi emassizmi? Nomingiz kitoblarda «adiba» deb zikr etilmaydimi?
Bosh irg‘ab kulib qo‘ydi Nurhayot. So‘ngra, guyo suhbat mavzusini tuyqus o‘zgartirganday:
-Lermantiv ajab bir gap yozadi, — dedi. – Insonning jismida qandaydir nuqsoni bo‘lsa, albatta bu siyratida ham izsiz ketmagay, deydi.
-Atta-ang!- Adhamjon guyo ustozining himoyasiga otlaganday shart kesdi Nurhayotning gapini. – Lermantiv Sulaymon payg‘ambar bilan chumoli suhbatini o‘qimagan ekanda!
Nurhayot so‘zlari foydasiz ekanini, Adhamjonga bu gaplarni tushunishi uchun ozroq hayot tajribasi kerakligini, qolaversa tushungan taqdirida ham hech qachon tan olmasligini his etdi. Demak bu tushuniqsiz suhbatni davom ettirish ham foydasiz edi. Agar Adhamjon uni xolisona bir tarzda tinglaganida edi, balki Nurhayot o‘quvchisi o‘zining yozganlarini badiiy asar deb emas, shunchaki dardman bir kimsaning dil yorishlari deb bilishidan juda cho‘chishini aytardi. Asarlaridan o‘quvchi doimo sog‘lig‘iga oid biror shikoyat axtarsa, munaqqid istexzo bilan bir xudbinlikni axtarishini so‘zlardi…
Adhamjon so‘zsiz qolgan Nurhayotning ichidan qattiq istirob chekayotganini sezdi. Yuz-ko‘zlariga cheksiz bir o‘kinch yopirilib kelganini ko‘rdi. His etdi, ko‘rdiyu, ustozining g‘amlarini aritishga biror so‘z topa olmadi… Shunda, cho‘ntagida o‘zi doim olib yuradigan tirnoq kaltalaydigan mitti qaychichasini chiqardida, chukkalagan joyidan asta surilib, ustozining paypoqsiz oyoq panjalariini tutdi. Nurhayot avval bunga qarshilik ko‘rsatmoqchi bo‘ldi, ammo… Jimgina ustozining o‘sib ulgurmagan tirnoqlarini kaltalarkan:
-Eshitishimcha insonning hayotida yaxshi kunlari qancha ko‘p bo‘lsa, — dedi Adhamjon, Nurhayotning oyoq panjalaridan ko‘z uzmay, — Oyoqlaridagi tirnoqlari shuncha tez o‘sa boshlarkan. U qancha ko‘p istiroblar cheksa esa, qo‘lidagi tirnoqlari shuncha jadal o‘sar emish… Men… Men sizning oyoqlarinigizdagi tirnoqlaringiz tez, juda tez o‘sishini xohlardim. Va qani ularni doim o‘zim kelib kaltalab qo‘ysam…
Ich-ichidan haroratli bir ho‘rsinish toshib kelgan Nurhayot titrab Adhamjonning sochlarini siladi. Adhamjon boshini ko‘tardi. Uning siyrak, uzun-uzun kipriklari namlangan, bunga boqib Nurhayotning ko‘zidan yoshlari tinimsiz quyilib, goh lablari titrab ketsa, goh yuzini mayin tabassum yalab o‘tardi.
-Aytgancha, qissangizni qachon chop ettirmoqchi edingiz?! – shu dam kutilmaganda so‘radi Adhamjon.
Nurhayot bir dam fikrini jamlay olmadi.
-Aytgandimku, — gapirdi so‘ng. -Xudo umr bersa sochlarim butkul oqrganda…
Adhamjon Nurhayotdan qissa nega aynan «Majnuntol» deya atalganini anglashtirish uchun faqat o‘sha vaqtda kichchikgina bir izoh yozishini ham so‘rab bildi.

3

Kun botish vaqtini talosh pallasi deyishadi. Bu paytda osmon eshiklari ochiladi deydilar. Yana aytishlaricha, bu fursatda ins-jinslar ko‘kdan yerga tushib kelsa, farishtalar yerdan ko‘kka ko‘tarilar emish. Derazadan tushgan shafaqqa termulib o‘tirgan Nurhayotning yuragida behalovatlik bor edi…
Shu dam cho‘zib-cho‘zib ikki bor ovoz bergan telefonning sasidan cho‘chib tushdi u. Arvachasi bilan yaqinlashib, negadir odatiylardan o‘zgacha, hadik aralash go‘shakni ko‘tardi:
-Allo…
-Allo, Nurhayot, o‘zingizmisiz? – dag‘alroq ovoz eshitildi nargi tarafdan. Nurhayot so‘larni ajratmasdan, tez-tez talaffuz qiladigan noshirni eslaganday bo‘ldi.
-Assalomu alaykum Fozil aka. Bu sizmisiz?
-Xotirangizga balli singlim, — tasdiqladi noshir. – Sog‘liqlar joyidami, bezovta qilmadimmi ishqilib?
-Ha… Yo‘q, bemalol…
-Bilasizmi, men shogirdingiz Adhamjon masalasida telefon qilayotgandim. Aniqrog‘i, Adhamjonning bizga chop etishga bergan qissasi masalasida.
-Qissa…- ajablandi Nurhayot.
-Ha-ya, Nurhayot, o‘z o‘rnida sizni tabriklab qo‘yishga ham haqqim bor, deb o‘ylayman, shogirdingizning qadamlari yaxshi. Ammo-lekin, qissada sizning qalamingiz ham yaxshigina sezilibdi, — latifa aytgandek yoyilib kuldi noshir.- Yoshlarni qo‘llab-quvvatlash yaxshi, biroq bu darajada emasda… Labbay?
Noshir narigi tarafdan hech bir imdod eshitmagach, buni o‘zicha tushunib, maqsadga ko‘chdi.
-Xullas, shogirdingizni qissasining nomi bizni biroz o‘ylantirayapdi. «Dardli qo‘sh», bu o‘ta ramziy nom emasmikin deb turibman…

…Nurhayot noshirniing asar mantiq va mohiyati, asarga nom tanlashda ne uchun yanglishilganligi to‘g‘risidagi mulohaza va e’tirozlarini tinglab, uning aynan o‘z qalamiga mansub «Majnuntol» haqida gapirayotganini anglab yetgandi. Ha, noshir aynan Nurhayotning «Majnuntol»i haqida gapirgan edi. Noshir bilan suhbatlarining davomi qanday bo‘ldi, buni esa eslayolmaydi. U indamay noshirning so‘zlarini tasdiqlab, suhbat yakunini kutdimi, yo go‘shakni qo‘yib qo‘ydimi, bilmaydi. Nurhayotning yuzlari ko‘z yoshlarini tiyish uchun qattiq tirishib jasorat ko‘rsatar, yelkalari titrab tirtab ketardi. Derazadan tushib turgan, toboro kamayib borayotgan tola nurga jismini, ruhini toblagisi, shu tariqa ko‘ngliga bostirib kirgan rutubatdan xolos bo‘lgisi kelardi.
U majnuntoldek jimgina ko‘z yosh to‘kardi…

08

(Tashriflar: umumiy 321, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ассалому алайкум устоз. Раҳмат, аввало эътиборингиз, қолаверса тилакларингиздан жудаям хурсанд бўлдим.

Izoh qoldiring