Odil Ikrom. «Iqtido» kitobidan she’rlar.

одил

Одил  ИКРОМ –  1960-йил, 26-январда Исфара шаҳрининг Кўлкент қишлоғида туғилган. «Уфқ дарахти»(1991), «Таҳажжуд»(2007), «Узлат»(2012) номли шеърий китоблари нашр этилган. Муҳаммад Иқбол, Нақибхон Тўғрал, Фуруғ Фаррухзод, Нодир Нодирпур, Лойиқ, Фарзона, Сайидали Маъмур, Аҳмаджон Раҳматзод, Озарахшнинг шеърий тўпламларини, Заҳирий Самарқандийнинг «Хотинлар макри», Муҳаммад Субҳоннинг «Қора чироқ» насрий асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Айни пайтда Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асарини ҳамда  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг маснавийларини ўзбек тилига ўгирмоқда. 1990-йилдан буён СССР Ёзувчилари Иттифоқининг аъзоси.

077

Одил Икром
ИҚТИДО
Шеърлар китоби

Ушбу китобимни акам Қодирхоннинг азиз хотирасига бағишлайман.

567

МЕНИНГ ДАРЁЛАРИМ

Шеър балосига қачон йўлиққанимни, ҳарчанд уринмай, эслай олмайман. Шеърий китобларга эҳтиёж сезмаганман. Зеро, қишлоғимиздаги бир имонли отиндан яширинча сабоқ олиб юрган опам, қўли бўшади дегунча, араб имлосидаги қалин жилдли китобни очиб, азбаройи кўп эшитмоқдан менга деярли ёд бўлиб кетган «Бисмиллодин баён айлаб, ҳикмат айтиб, толибларға дуру гавҳар сочдим мано…» деб бошланувчи узундан-узоқ шеърни буро-бурро қироат қилганда, бўғзимгача танчага тиқилиб эшитардим… Қолаверса, Сайфуллахон акам тирик кутубхонанинг ўзгинаси эди. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларнинг юзлаб шеърларини акамнинг оғзидан жонҳолатда ёдлаб олганим эсимда. Акам, том маънода, халқ шоири эди. Агар қисматимдаги устоз деган сўзнинг шаклу шамойили, суврати яратилса, у, шубҳасиз, Акам қиёфасида намоён бўларди… Чунки, менинг назаримда, устоз деганлари – кўздаги ёшни, бурундан оққан сувни артиб қўядиган, «айтганимни қилгину қилганимни қилма» деб дағдаға қилиб, ҳар мақомга йўрғалайдиган сохта мулла эмас. Устознинг, нафақат илми, балки, амали, ҳар бир ҳатти-ҳаракати одамийликка сўзсиз даъват бўлиб янграмаса, шогирд ихтиёри шайтон қўлидадир. Устоз ўз хатоси билан ҳам ғафлатдан огоҳ этиб, «беайб»лик иддаосини қилмаган тақдирдагина – одоб доирасига гоҳ сиғиб, гоҳ сиғмаган фикр юзига қоракуя суртилмайди, рост сўз сазойи қилинмайди… Шогирдлик мақомининг меъёри густоҳлигу тавозе ўртасида эканлигини, рост сўз билан шаллақиликнинг, ҳаё чиммати билан фикрсизлик ниқоби орасидаги масофада ер билан осмонча фарқ борлигини эрта англадим… Бу – Акамга иқтидо эди…

Услуб ҳақида.

Ҳар бир чақалоқ бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган ўз овози билан туғилишини, чақалоқ йиғисини магнит тасмасига ёзиб олиб, йиғлаганда ўзига эшиттиришганда, чақалоқ ўз овозини таниб, йиғидан тўхтаганини олимлар аллақачон исботлашган… Ижодкор ўзига хос овоз, услубга эга бўлиши учун бир ҳовуч шеърини қатор-қатор китобларда нашр этдириб, ҳалолликни даллолликка айлантириши – кифоя эмас. Бир-бирига «анор доналаридай» ўхшаб кетадиган аксарият ижодкорларнинг насрий ва шеърий асарларидан дабдабали исму шарифи олиб ташланса, унинг муаллифини ҳеч ким айтиб беролмайди. Форс шеъриятида махсус сабокшунослик фанининг мавжудлиги бежиз эмас. Қолаверса, турк ёзувчиси Ўрхун Памук айтгандай, «Ўрмондаги дарахтлардан бирини шундай ўзига хос тасвирлагинки, ўша ўрмонга йўли тушган йўловчи юз минглаб дарахтлар орасидан ўша сен тасвирлаган дарахтни топа олсин…» Бир сўз билан айтганда, услуб –муҳр.

Кейинги пайтларда модерн, яъни, замонавий шеърият хусусида баҳсу мунозараларнинг пайдо бўлиши қувонарли. Оригиналликка интилишнинг ёмон томони йўқ. Аммо, ижодкор «оригиналликдан ўзини сал тиймаса, бора-бора унинг ижоди маскарадга айланади».(Коко Шанель). Ялқовлигини, талантсизлигини модерн ниқобига чирмаб олганларнинг тантиқлиги – замонавийликни, фақат, зоҳирий кўринишини «чапдастлик» билан ўзлаштириш, маданий масхарабозликдан бошқа нарса эмас.
Фурсат ўтган сайин, ижодкорнинг фикри, ҳолати, дунёқараши ҳам ўзгариб боради. Айниқса, дунёвий мавзудаги шеърларда хайрихоҳлик ва нафрат туйғулари бот-бот алманишиб туриши, ўрни келганда, шоир ўзини ўзи инкор этиши табиий ҳолдир. Бир хил тинғир-тинғирга кўниккан айрим дўстларимиз бу ҳолатдан ваҳимага тушиб, лабларига учуқ тошиб кетади. Шеър – оний бир ҳолат, кайфият, дунёқарашнинг суврати эканлиги боис, мунаққидларнинг бу эътирози, худди, «нега бир сувратда кулиб, бошқасида эса қовоғингни ўйиб тушгансан?» қабилидаги дағдағага ўхшаб кетади.

Шеърни тушуниш – махсус савод талаб қилмайди. қолаверса, саводли ва саводсизнинг, деярли, фарқи йўқ. Ҳар икки тоифанинг ўз эътиқоди, фикри, қабул даражаси бор. Бири кўради, бири эшитади. Ўта саводли ва буткул бесаводлар маънавият учун бехатардир. Уларнинг кенглиги, бандалигига иқрорлиги, айниқса, бирор адабий мавзу ҳақида баҳс кетганда билиниши ва билингани ҳеч кимга сир эмас. Аммо, авомлар ва орифлар дини бўлмиш кўрмоқ ва эшитмоқ завқидан маҳрум яна бир тоифа борки, тарафкашлик касбини, ёлғон удумини, маломат, иддао қилиш одатини пухта эгаллаган бўлиб, эплаб отилмаган сопқондай ўзини ҳам, «пирлар»ини ҳам шарманда қилади. Бу – чаласавод. Юракка қўл солиш ўрнига қалбга бурнини тиқадиган, хилватдаги офатнинг тирик тимсоли бўлмиш аросат сиртмоғидаги бу зотларнинг «хас»га ёпишмоғи, таҳоратсиз адо этилган намозга менгзайди. Таъбир жоиз бўлса, саводсиз – бир коса тоза сув, саводли – бир коса ўткир заҳар, чаласавод эса сувга қўшилган заҳардир…

Денгизнинг қўшниси бўлмаганидек, шоирнинг ҳам юракдан ўзга ҳамроҳи, Сўздан ўзга жон олиб, жон берадиган дўсти, қадрдони йўқ. Сўз билан шоир орасидаги меҳр-оқибат бузилмаса, ижодкор «Сўз зуғумини ҳис этиб, Сўзга зуғум қилмаса» (Ш.Нуриддин), сўзни қабул қила оладиган юраги, юрак пешвоз оладиган сўзи бўлса, хушомадгўйлик, ҳасратзадалик, сохта мақтову ортиқча маломатларга ҳожат қолмасди деб ўйлайман.

Шеъриятда «ақл ва тоқат қушлари»ни (Навоий) ҳуркитадиган шовқин-суронлар самимият кушандаларидир. Шеър машаққатига бўйни ёр бермаган, «бало истамоқда машаққат бор»лигини (Бобо Саммосий) ҳис этгиси келмаётганлар Сўз ва Туйғуга санъаткорона муносабат бўлиши мумкин эмас деган фикрга канадай ёпишиб олганлиги ачинарли ва хавфлидир. Ваҳоланки, юрак ва ақл бир-бири билан келишмагандаги ақл ва юрак баҳсида фикр ва туйғулар мувозанатининг бузилмаслиги – шоирдан, фақат, тутқаноқ ҳолатини эмас, шеърга санъаткорона, сўзга заргарона муносабатни талаб қилади, яъни, шеър – ақл жунуни эмас, жунун ақлидир. Шоирнинг жиннидан фарқи ҳам, «ақл йўлидаги девоналик»(Ажзий) ҳам, эҳтимол, шудир.

Ушбу китобда форс-тожик шеъриятидан баҳоли қудрат қилинган таржималарга кенгроқ ўрин берилди. Аммо, мен ўзимни таржимон деб билмасам-да, бир миллатнинг икки вакили бир-бирининг тилини тушуниши амри маҳол муҳитда таржима ҳақида гапириш эриш туюлса-да, мутаржимлик хусусидаги айрим фикрларимни тақдим этишни лозим топдим. Йўл-йўлакай кузатишлар жараёнида жумҳуриятимиз миқёсида айрим таржимонлар томонидан тожик шоирларининг ўзбек тилига ўгирилган, қайта-қайта нашр этилаётган таржималари, чиройли қилиб айтганда – расво. ўлганнинг устига тепган, деганларидек, айрим таржимонлар фаолиятида асл нусхадаги тушунмаган, икки дунёда ҳам тушунишга қурби, нафаси етмайдиган мисра ё байтларни, мендан кетгунча қабилида, тушириб қолдириш ҳоллари учрамоқда. Таржималарни яхши-ёмонга ажратадиган бўлсак, танқиддан тубан бу «ижод маҳсуллари»ни, ҳатто, ёмон дейишга ҳам тил бормайди… Бир асарни юзлаб киши таржима қилиши мумкин. Фақат, таржимон инсофли, нияти холис бўлиб, таъмагир бўлмаса бу эзгу юмушлар яхши натижа беради. Акс ҳолда, жиноят, халқни алдаш, ошкора қотилликдир. Бағоят нозик ва оғир юмушни зиммасига олган таржимон ўзга тилдан кўра ўз тилини яхши билиши шарт. Гарчанд, таржималарим ўзбекистон ва жумҳуриятимиз матбуотларида чоп этилиб, талай илиқ фикрлар эшитган бўлсам-да, қилган таржималаримни мукаммал дейиш фикридан йироқман. Ҳали ҳассос, ўлса ўлиги мену сиздан ортиқ таржимонлар етишиб чиқишига ишонганим, бўлажак таржимонлар биз йўл қўйган хатоларни такрорламаслиги учун бу гапларни айтаяпман…

Шеърларим хусусида, шу пайтгача, мақтовдан ўзга тайинли бир гап, маслаҳат эшитмадим. Лойиқ айтгандай, «дарёси бору бир дарёдили йўқ» музофотда фойдали маслаҳатлар бериб, йўл-йўриқ кўрсатадиганлар кам. Борлари ҳам «танқид қилиб ҳеч ким барака топмаяпди-ку» деган иштибоҳ билан баҳс-мунозара майдонини ташлаб қочишни афзал билишмоқда. Тирик одам танқидга арзигани учун ҳам тирикдир. Ўлган одам ҳақида ёмон гапириш шарқона одобга тўғри келмайди. Бизда аксинча, ижодкорни тириклигида мақтаб-мақтаб бир амаллаб ўлдирамиз, ўлганидан сўнг эса гўрига ғишт қалаймиз… Таъкидлайман, ушбу китобда авлиёлар зикри туркумига кирган ривоятдаги воқеалар тазкиралардан олинди. Мен уларни шеърга солдим, холос. Бу ишим тўғрими, нотўғрими, алҳол аниғини билмайман. Бироқ бир ҳақиқат менга аён: Имкониятимдан тўлиқ фойдаланишга имкон тополганим йўқ. Шу боисдан, эътирофингиз борми, эътирозингиз борми, эшитишга, ҳозирча, қурбим етади…

Одил ИКРОМ

567

ҚИСМАТ

Умрим, кўз ўнгимда тизилдинг қатор,
Кал тароғин темир тишлари каби.
Нечун юрагимни тарк этди мадор?..
Сенга аён эмас бунинг сабаби.

Сўрай десам бахту қазо сирини,
Букун болалигим кўнгил ёрмайди.
(Лақабим «тўнг» эди, яна бирини
Айтишга, негадир, тилим бормайди).

Қачондир менга ёр эди Бир Нафас,
Оқизоқ сувларда кетмасдан оқиб.
Юрагимда илк бор уйғонди ҳавас,
Ҳақиқатнинг урён лошига боқиб.

Қачондир Бир Орзу қадрдон эди,
Кун-кеча пойига тўшардим гилам.
Уни бир ёввойи армоним еди…
Букун арвоҳига ёқаяпман шам.

Қачондир Бир Севинч чорларди, гўё
Музлаган ҳовузнинг сирпанчиқ лаби.
Дунёдан кўнглимни совутди, аммо,
Тўнини тескари кийган қиш каби.

Қачондир менда ҳам бор эди Кўнгил,
Очмиди, тўқмиди, парво қилмасдим.
Торгина дилимга сиғар эди қил,
Кўнглимнинг уйига ўзим сиғмасдим.

Баъзида, баҳона, баъзан, шеър тўқиб,
Ўзимча, ўзимга излардим ҳамдард.
(Токда турган «Минг бир кеча»ни ўқиб,
Отамдан балога қолганман бир пайт.)

Ёдимни бўлмағур хаёллар ютди,
Орзуларим ботиб кетди хаёлга.
Тентак қуюн мендан хушхабар кутди,
Мен эргашиб кетдим Дайди Шамолга…

Буёғи оз қолди, энди чидайсан,
Сабрим чидамайди, боқсам ортимга.
Умрим, сен қадрингга қачон йиғлайсан?!
Айтгил, мен йиғладим қачон, қорнимга?!

Мен ўша… Юрибман ҳамон шеър тўқиб,
Оч билан иши йўқ ҳеч қачон тўқнинг.
Шафқатсиз қисматим ҳукмини ўқиб,
Умрим, уволингга қолганим йўқми?!..

Қачондир қўрқувдан қилмасдим ҳазар,
Fамимга Бир Хатар бўкиб ётганда.
Қалбимга ўғринча ташлади назар,
Бировнинг хатини ўқиётгандай.

Умрим, мен ҳолингдан олмадим хабар,
Хокистар қўлига олгандек чўғни.
Букун қўлга олдим ўзимни сал-пал,
Сен менинг хатимни олганинг йўқми?..

Кўрган кунларимни сендан яширган
Мозорлар бошида бир ўзим қолдим.
Мен сени сўрадим кўрдан, басирдан…
Виждонимдан баттар қийналди ёдим.

Ухласанг – уйғотдим, уйғонсанг – ётдим,
Кўксимга жойладим сен отган ўқни.
Нимадир йўқотдим, нимадир топдим,
Нима у?!.. Умрим, сен кўрганинг йўқми?!..

Бошимга битгани бахтми, баломи?!..
Умрим, пешонамга термулдинг бунча.
Умрим, бу қисматим оқми, қароми…
Мен билан ўласан ўла-ўлгунча…

ЭЛЛИГИНЧИ ҚИШ

Эллик йил яшадим, баъзан, озурда,
Баъзан, дабдабаю дағдаға қилиб.
Гоҳ жимжитлик, гоҳо ғала-ғовурда
Эллик йил яшадим қанақа қилиб?!..

Эллик йил яшадим, пинҳону ошкор
Умримнинг борига барака қилиб.
Гоҳида, беминнат садақага зор,
Гоҳида, жонимни садақа қилиб.

Эллик йил яшадим, беғам, серташвиш,
Гоҳ катта, гоҳ кичик маърака қилиб…
Остонамда турар эллигинчи қиш,
Элликта баҳорни калака қилиб…

АНДУҲ

Ўтиб кетди қанча қадрнинг туни,
Fурбатдаги ғариб шодлиги мисол.
Мен даъват айладим буюк қайғуни,
Йўқотиб-топганим шудир, эҳтимол.

Ҳақнинг халифаси яралди ғамдан,
Яралди ҳарому ҳаришдан ҳазар.
Жонсиз жасадимга боқди, одамдан
Юзини ўгирган ул фаришталар.

Ўзимдан ўзимни излайман ҳануз,
Ўзимдан ўзимга қайтаман ҳамон.
Балчиқнинг қаъридан боқарди маъюс,
Аллоҳнинг руҳидан ато бўлган жон.

Айбим овозадир етти иқлимга,
Савобим юқидан тополмас хабар,
Вужудим лойида унган фикримга
Бир пайт сажда қилган малойикалар.

Ҳалоллик ёшидай бўлмайди тамом,
Бош устимдан дўлдай ёғилган таъна.
Кибрдан лол – Одам алайҳиссалом,
Кибрдан маст – Иблис алайҳилаъна.

Валангор юракда тентирайди жон,
Уяси бузилган қушдай тинимсиз.
Вужудим хокига келтирмас имон,
Fазабим ўтидан яралган Иблис.

Қарға ўлигидай, юрак қаърида,
Қолиб кетди Қобил қилмишидан доғ.
Тўйдим жом узатган жоннинг заҳрига,
Ёруғ дунё мендан юз ўгирган чоғ…

Онам қазо қилди, мерос қолди ғам,
Отам ўтгандан сўнг йўқлаб келди руҳ.
Акамнинг арвоҳи янглиғ хотиржам,
Fариб шомларимда ёр бўлди андуҳ…

Етиб келдим юрак жанозасига,
Ўтиб кетди қанча қадрнинг туни.
Мен кўнгил мулкининг харобасига
Даъват этаяпман буюк қайғуни…

ХУДОНИ ТАНИГАН ОДАМ

Йиғламайди, ўлиб кетса ҳам очдан,
Юрак оловида тоблар тиғини.
Мусонинг таёғи урилган тошдай,
Ҳайрат ёши қоплар қорачиғини.

Харлар қулоғига чертмайди танбур,
Қора кунга йиққан сармояси йўқ.
Ишқнинг жилвасига ҳамхона, ҳамнур,
Иблис маконида ҳамсояси йўқ.

Аввал садо келар…
Секин ва секин,
Тошиб кетар тўлган юрагидан завқ.
Ногоҳ, икки ракат намоздан кейин,
Ҳарир парда ичра кўринади ҳақ.

Тубсиз қучоғига чорлайди уни,
Жодугар кўзидек, ғафлат хунёси…
Агар ўчирмаса кўздан уйқуни,
Куйиб кетар унинг икки дунёси.

МЕНИНГ ДАРЁЛАРИМ

Қатра эмас, дарёсан, дарёга етолсанг…
 Жалолиддин Румий

Бобомни ўлдирди
Бу нопок олам,
Пирига хиёнат
қилгандек мурид.

Бу дунё хавфидан
Хабардор отам
У дунё бахтидан
Узмади умид.

Ўтиб кетди юкдан
Халос бўлган жон,
Уммон кифтидаги
Тўлқиндай қалқиб.

Ҳануз тушларимга
Кирар бир армон,
Оллоҳнинг энг гўзал
Исмини айтиб…

Fамдан бездим
Онам ўтгандан кейин,
Ёдимга ёғилди
Қорлар, қировлар.

Тақдирга кўникиб,
Тан бердим, лекин,
Қисматимга шерик
Бўлди бировлар.

Билмадим, билмадим,
Қайси бир гуноҳ,
Айбим эвазига
Ушбу кафорат?..

Қақшадим,
ўлимга қондош бу дунё,
Худди, қилган каби
Мени ҳақорат…

Юзландим
Акамнинг арвоҳи билан,
қиёмат дегани,
Эҳтимол, шудир.

Англадим,
Айрилиқ бармоғи билан
Қисмат
Манглайимга босганда муҳр.

Ёнимдан дарёдай
Оққан бир кўнгил
Қадрини тополмай
Қолдим ложарам.

Бу дунёда яшаб
Эллик тўққиз йил,
Атиги, тўққиз ой
Кун кўрди акам.

Дунёда одам бор
Сотилмайдиган,
Меҳрдан яралган
Одам бор ҳануз.

Юракдай бир ҳамроҳ
Топилмайдиган
Йўлларда бир армон
Тентирар маъюс.

Мен ҳануз билмайман
Қувонч билан ғам
Орасининг нечоғ
Олислигини.

Бир умр англамай
Яшади акам
Ўзининг нақадар
Ёлғизлигини…

Опам ясантирар
Ташвишларини,
Кийимининг ўчиб
Кетса ҳам ранги.

Эслолмас, бахт билан
Танишганини…
Ҳар доим қалбининг
Яраси – янги.

Қўл етмас толедан
Умидин узмай,
У ёруғ кунларга
Ишонар қаттиқ.

Ёмғирга ишониб,
Биёбон узра
Қовжираган лалми
Экинзор янглиғ…

Ўтганлар арвоҳи
Қўллаганида,
Жонимда уйғонди
Ёғду – бир тутам.

Дардларим
Бедаво бўлмаганида,
Дардимга бир даво
Топарди укам.

Шўрлик безор бўлди
Шоирлигимдан,
Чарчади кимсасиз
Кўнглимга қараб.

Ишонаман, бир кун
Менинг ортимдан
Дуолар ўқийди
Руҳимга атаб…

Саргардон соғинчим
Кезар пиёда,
Сиғмай
Икки Ватан сарҳадларига.

Ҳар лаҳза
Ҳаддидан ошган дунёда,
Ошиб ўтолмайман
Бир тоғ нарига.

Онамнинг ёдини
Йўқлаб умидвор,
Баъзан, таскин топар
Мусофир кўнглим.

Тўрт томонга сочди меҳрин,
Шашқатор
Кўз ёшин яшириб
Йиғлаган синглим…

Дардларим
Дарёга айланди тошиб,
Ақл ва кўнгилнинг
Қирғоқларидан.

Ахир, ҳалигача
Чиқмади бошим,
Муҳаббатнинг мудҳиш
Сиртмоқларидан.

Хокимдан бир гиёҳ
Чиқмади ўсиб,
Қоним сингиб кетди
Тупроқларимга.

Қутурган тўфонлар
Йўлини тўсиб,
Соҳил бўлолмадим
Зурёдларимга…

Қанча кунлар ўтди
Ақлдан озиб,
Ўз қадрин англамай
Ўтди тунларим.

Баъзан, бағир ёзиб,
Баъзан, шеър ёзиб,
Бир ҳовуч дард бўлди
Топган-тутганим.

Кўтарди кўнглимни,
Оғирлигимни,
Сарғайган вароқлар,
Сағираларим.

Балки, бир кун эслар
Шоирлигимни,
Болаларим ёки
Набираларим…

Дарё эдим…
Кетдим жонимни ташиб,
Тинчгина ётай деб
Онам ёнида.

Ёлғиз йўловчидай
Кетдим адашиб,
Қақраган кўнгилнинг
Биёбонида.

Бу ёруғ дунёдан
Айроларимнинг
Узилган жонидай
Сарсон қатраман.

Қатра-қатра бўлган
Дарёларимнинг
Бағрига дарёдай
Бир кун қайтаман…

ТАСКИН

Қайғулар бошингда чаққанда ёнғоқ,
Риёзат ўтида ёнганинг басми?
Қисматинг мўриси оппоқ, ярқироқ,
Ундан чиққан тутун қора эмасми?

Бало ёпишганда, жон аччиғида
Хасга ёпишмадинг, асрадинг хасни.
Билмай қилган битта гуноҳ тиғида
Бутун умринг пора-пора эмасми?

Ўзлигинг ўзгалар чалган ноғора
Садоси остида жон этар таслим.
Эллик йил ахтардинг ўлимга чора…
Ўлимнинг ўзи бир чора эмасми?!..

ДАРД САНОFИ

Кузатардим бир чеккада жим,
Ҳар гал онам нон ясаганда.
Мен хомкалла, гап эшитардим,
Нонларини хом санаганда.

Хом саналса тўкилар деб нон,
Онагинам қиларди ирим.
Ўшал нонлар ёпилса осон,
Ёпиларди менинг ҳам сирим…

Букун ўша содда Одилдан
На ном, на бир нишон топилар.
Маломатнинг олов отилган
Тандирида кўзим ёпилар.

Пода бўлиб кезган ғийбатнинг
Саноғига етолмадим лек.
Сўнг адашиб кетдим, қисматнинг
Чучварасин хом санагандек…

Юрак ёниб-ёниб бўлса кул,
Қизиб кетар, баъзан, қулоғим.
Хом хаёллар шохидан буткул
Тўкилгандек бўлар гуноҳим.

Ёпирилди яхши-ёмонлар,
Сиғмаса ҳам кўнгил ичига.
Ит ялаган ўша қозонлар
Қолиб кетди ёпиқлигича…

Юрак, гўё – қизиган тандир,
Бағримга ўт қалаганимда.
Кўз ёшларим тўкилар бир-бир,
Дардларимни санаганимда…

СўЗ

Сиз – муқаддас, мен эса – одам,
Сиз пўримсиз, мен бир кўримсиз.
Оқсуяксиз, сохта қувонч, ғам
Тепкилаган қаро гўримсиз.

Қочолмайсиз, келганда хатар,
Сиз муқимсиз, мен бир қўнимсиз.
Тонг отгунча, тунларни баттар
Оқартирган қора чўғимсиз.

Бетамизлар юришса ови,
Худбинга бир луқма, чўқимсиз.
Узилганда маъно жилови,
Харлар учун зарбоф тўқимсиз.

Сиз – қиёмат бўлмасдан қойим,
Манглайимда қотган шўримсиз.
Гоҳ сийқаси чиққан бу жоним
Чиқолмаган баланд тўримсиз.

Оҳорингиз тўкилмаганда,
Кун бермаган зару зўримсиз.
Озорингиз тўкилмаганда,
Кун кўрмаган хору хўримсиз.

Агар оҳим Худога етса,
Тилаганим, бору йўғимсиз.
«Ё, ҳу!» ёки «Ман ҳу» деб кетсам,
Елкамдаги эски тўнимсиз…

ДўСТИМ САДРИДДИНГА

Не-не юракларда яшадик муқим,
Ватанда ватандай кездик дарбадар.
Изимизни қорлар кўмолмади жим,
Муллодавлатдан то Кўлкентга қадар.

Етти иқлим гувоҳ ҳар сиримизга,
Орқадан санчилган тўмтоқ тиғмасмиз.
Ҳаддимиз сиғади бир-биримизга,
Сичқон ковагига сиғмасмиз!

Бу юртда жуда кўп,
Ўтқазмай дарахт,
Мендай кўкрагига муштлаб ургани.
На уй-жой қурдим, на топа олдим вақт,
Озодлик ҳақида суҳбат қургани.

Узилган тасбеҳнинг донаси мисол
Сочилган ғамларга биз битта бандмиз.
Новча бахтимиздан пастмиз, эҳтимол,
Қадримиздан эса анча баландмиз!..

ОДАМ

Кўзимга қарадим, кўнглимга боқдим…
Ва лекин, ким очу ким тўқ?.. Билмайман.
Тун чўкди, юлдузлар порлаб, тонг отди…
Ўртада ким нишон, ким ўқ?.. Билмайман.

Ахтардим дунёдан ўтган ишқ изин…
Ким куйиб кул бўлди, ким чўғ?.. Билмайман.
Букун одам бўлиб яшамоқ қийин…
Эртага ким бору ким йўқ?.. Билмайман.

САМОЪ РАҚСИ

Жияним Олимхонга

Бу ҳол – уйғоқликда кўринган рўё,
Завқ тошиб чиқади ўз ботинидан.
Бир мақом илкида чиққандай гўё,
Қиличлар – қинидан, қушлар – инидан.

Чиқиб келар юрак ғулғуласидан,
Шавқнинг ўғурида туйилган шукуҳ.
ўзини ахтариб ўз уясидан,
Ўзга бир манзилга кетаётган руҳ.

Ўртанган ўзимга ўзим сиғмайман,
Ақлимга сиғмайди ҳавою ҳавас.
Бир жонбахш каломдан тўзиб-титрайман,
Жон олгувчи куйдан чайқаламан маст.

Кўнгил кулбасини тутмагай дариғ,
Таҳаммул кўксин чок айлаган зиё.
Ошиқлар йўлига чиққани янглиғ,
Хилватда ҳақ билан қолган авлиё.

Қисмат аччиқлиги – ишқ ўтидан шод,
Нафасимга муҳтож руҳнинг ғизоси.
Fафлатда исённи айлагайман ёд,
Қалб ҳузури ичра – ризқим ризоси.

Зоҳидлар завқини сочди узлатга,
Аҳли қол бўғзида чайналган даъво.
Ногоҳ ўздан кетиб етар вуслатга,
Жазава ўтида тобланган маъно.

Мен ҳайрат ахтардим кўнгилни қазиб,
Титрадим, тўкилди обидлик хайри.
Шариат аҳлига этмагай насиб,
Сафо саҳросида соликлар сайри.

Бу ҳол – уйғоқликда кўринган бир туш,
Бир зум ошкор бўлар ўз ботинига.
Руҳим танга қайтар, қайтгандай хомуш,
Қиличлар қинига, қушлар инига.

Ҳеч ким қисматидан қочиб қутилмас,
Ер, само – оламнинг аввал-охири.
Бир қўлим илдизи ердан узилмас,
Осмонга қадалган қўлимнинг бири.

Осмоннинг ғаройиб ҳолидан бесас,
Ернинг бехуд қалби олганда ҳузур.
Йўргакдан то қабр қаърига эмас,
Ердан осмонгача чўзилгай умр.

Қалб ўртанар ишқу ваҳдат ёдида,
Муҳибга муҳаббат этилгай нисор.
Осмондан олинган нафас бодида,
Юрак мосуводан айлагай фирор.

Қисматбоз заминда очилмаган фол,
Ой, юлдуз мулкида титрайди урён.
Ҳар гиёҳ жисмида ингранар беҳол,
Ерни осмон билан боғлаб турган жон.

Кўнгил – самовий ишқ илкидаги соз,
Осмон кўзгусида замин этар акс.
Самовий нажот бу – илм, амал, ихлос,
Ердаги ҳаёт бу – қўшиқ, куй ва рақс.

Ҳар битта тукимдан тўкилар ёлғон,
«Тазарру – йиртилган иймонга ямоқ».(1)
Боязид Бистомий сингари шодон,
Аммора нафсимни қўйдим уч талоқ…

Итга йўл бердилар бир кун Боязид,
Итнинг ҳурматини келтириб бажо.
Зеро, оч, мунғайиб боқиб турган ит
Кўзидан уқдилар шундай бир маъно:

«Сизга кийдирилди муҳташам, узун,
Султонул-орифин сарпо, хилъати.
Менга кўппаккона юлуқ ва юпун
Пўстиндан ўзгаси насиб қилмади.

Мангу тақдир эмас ҳашам, мартаба,
Қисмат, баъзан – ширин, баъзида – тахир.
Бугун – мен хорман, сиз – улуғ, эртага
Акси ҳам бўлиши мумкин-ку ахир!..»

Тегирмон тошидай айланар олам,
Кимга ато, кимни айлагай адо.
Зеро, эврилишдан тўхтамас одам,
Ким билсин, бугун – шоҳ, эртага – гадо.

Айланиб, турланиб қайтади қисмат,
Гоҳ пастлик – баланд, гоҳ баландликлар – паст.
Баъзан, ошкор бўлиб, баъзида, хилват,
Даввор дунё тинмай айланади маст.

Эврилиб гоҳ оғуш, гоҳи фаромуш,
Имонга қайтади тирик мурдалар.
Итлар ўз уйига қайтади хомуш,
Бир кун қайтиб келар кетган турналар.

Жисмим ичра жоним айланади зор,
Жаҳру жазавада айланар фалак.
Тинмай ўз қутбида такрору такрор
Айлангани каби эски чархпалак…

1-Фарзона сатри

ШОИРТЕПА

Ёзувчи Ўринбой Усмон, ҳофиз Дадажон Қосим, журналист ва тадбиркор дўстларимиз Мақсуд Холис, Раҳим Бердилар билан биргаликда Мастчоҳ районининг Қўшқудуқ қишлоғидаги, ажойиб шоир Эрали Жиянбоев фарзандининг никоҳ тўйида иштирок этдик… Маълум бўлишича, Қўшқудуқдаги энг баланд тепалик, Эрали аканинг хоҳиши билан, норасмий тарзда, Шоиртепа деб аталаркан… Ушбу ярим ҳазил шеъримни мастчоҳлик шоир биродарларимиз Эрали Жиянбоев, Иброҳим Ашуров, Абубакр Сулаймонов, Бегмат Холматовларга бағишладим.

Карнайчилар бир «пуф!» деганда ҳар дам,
«Уф!» дедик чеккада, Худога шукур!
Ўзгаларга қувонч улашган олам,
Бизга ғам берса-да, Худога шукур!

Бир шоир айтгандай, дунё юкини
Олганмиз елкага, Худога шукур!
Кимдир бужмайтириб бугун турқини,
Тан олса эртага, Худога шукур!

Дарахтлар гулини тўккани билан,
Киргайдир мевага, Худога шукур!
Юракни англадим, Иброҳим Жиян
Гапирган шевада, Худога шукур!

Жонимиз бир бўлди, тўфон ичра Нуҳ
Бошқарган кемада, Худога шукур!
Бизга ҳамроҳ бўлди Иброҳим Ашур,
Сафарлар бехатар, Худога шукур!

Тошбулоқнинг ҳар бир тошига, чўғли
Ва ёниқ шеър атар, Худога шукур!
Шеърдан, Абубакр Сулаймон ўғли
Бўлмагай ҳеч зада, Худога шукур!

Қўшиққа айланар, ота-бобоси
Тўқиган термада, Худога шукур!
Гар олис – Исфара-Мастчоҳ ароси,
Кўприкдир Бек ака, Худога шукур!

Юрак тандирида пишган нонимиз
Бор соғу телбада, Худога шукур!
Пойгоҳда турса ҳам жисму жонимиз,
Номимиз теппада, Худога шукур!..

АЖИНА

Баъзида, эсимга тушар безавол,
Сокин болаликнинг беғубор пайти.
Хуфтон чоғи эди…
«Ҳа!» дедим дарҳол,
Кимдир чақирганда номимни айтиб.

Ўшанда ажина чақирган дея,
Қўрқиб кетган эди бечора онам.
Лабимга термулиб, пичирлаганча,
Тонггача ухламай тутганди мотам.

Лаби қийшаяр, деб уқтиргандилар,
«Ҳа!» деса, ажина чақирганда ким.
Дунёга ишончим йўқолмай олдин,
Ушбу ақидага ишонар эдим…

Ҳартугул, қийшайиб кетмади лабим,
Пайпаслаб кўраман «ҳа!» десам қачон.
Юракдан қўрқувни олиб ташлади,
Қулоғим остида янграган азон.

Дўст-душман олдида қолганда мулзам,
Оғзимдан сўзларим тушса сирғаниб,
Ҳалигача менинг тўғрисўз укам,
Лабимга боқади хавотирланиб…

«Ҳа!» дедим, чорлади атроф-теварак,
Гоҳ йўлим бошида гоҳ ўртасида.
Томоғи йиртилиб кетган келажак
Жин чалган кўнгилнинг жинкўчасида.

«Ҳа!» дедим, ҳаётнинг баланд-пастида
Учратиб урғочи, нор туяларни.
Бироқ, тополмадим кўнгил даштида
«Ҳа!» деган мададга зор туяларни.

Армонлар чақирди ажина бўлиб,
Шўнғиб кетдим орзу- хаёл ичига.
Негадир, хўмрайиб кутган бахт йўли
Ўхшарди заҳарли илон изига.

Одамдан яралган маймун сингари
Туйғулар тутундай кетди тарқалиб.
Куну тун изғиди ҳасрат жинлари,
Одамсиз қалбимга кафан ахтариб…

«Ҳа!» дедим, бемаҳал чақирганда вақт,
«Ҳа!» дедим, тиш қайраб турган одамга.
«Ҳа!» дедим, тиржайиб чорлаганда бахт,
«Ҳа!» дедим, ишшайиб имлаган ғамга.

Чақирмади ўзим яратган овоз,
Эҳтимол, у – менинг умримдан узун.
Бисотимда битта «ҳа!» қолди, холос,
Йўқликнинг биргина даъвати учун.

Ҳаёт қулоғига танбур чертмайди,
Ўлимнинг ҳақлигин куйлагай созим.
Букун «Йўқ!» дейишга умрим етмайди,
Етади «ҳа!» деган оҳим, овозим!..

СўНГСИЗ ШЕЪР

Асқар Маҳкам хотирасига

Ишқ элин кўксини чавақлаганлар
Хос қулман деб тинмай валақламоқда.
Ажал шамширидай ярақлаганлар
Букун «Аналҳақ»ни(1) варақламоқда.

Бир тўда чумчуқлар гўнг титар бот-бот,
Ололмай «қарчиғай бошидан тож»ни.(2)
Кўзгуда ўз аксин тополмаган зот
Қаердан танийди Мансур Халложни.

Чиркин юрагини ваҳима босиб,
Зулматда бир-бирин топди гумроҳлар.
Азал ёрман деган морлардан қочиб,
Бу дунёдан кетган валиюллоҳлар.

Ўтди бедилнафас, безовта армон,
Дарднинг маҳрамига айланган маъшуқ.
Алҳол дил қавмига дўст бўлган қачон,
Маймундан яралган мавжудот, махлуқ?..

Ўзи қочган дорга Дукчи Эшонни
Осганда девона бўлган девонлар.
Дарвишдан қизғанди бир бурда нонни,
Эшонлик даъвосин қилган бешонлар.

Марҳум сўз ҳаққига очмоқда аза,
Мотам либосини кийган ҳайитлар.
Шеърият мулкида қиёматгача
Гўрида тик тургай энди майитлар…

1-А.Маҳкамнинг тириклигида чоп этилган сўнгги китоби.
2-М.Иқбол ибораси.

ЁЛFИЗЛИК БАХТИ

Имон келтир ёлғизликка, тун,
Етиб келдим яқин-йироқдан.
Ёлғиз қолган юраклар учун,
Чарчаб кетдим бахт тиламоқдан.

Хотирамни унутмас бир зум,
Қарғишларнинг қонаган лаби.
Ёдим юзин қоплади қурум,
Тил учида турган сўз каби.

Ёлғиз ёдинг кўмилиб кетар
Хотиранинг фарёдларига.
Ёлғонлар ёр бўлгани етар
Куйган кўнгил сайёдларига.

Босиб кетар кўзларингни нам,
Наҳс босмади, бироқ, кўнглингни.
Ерни босиб кетса ҳам одам,
Босолмайди сенинг ўрнингни.

Ёлғиз ўзим яшаганим рост,
Буни сенга сездирмаганман.
Фақат, сендан безмадим, холос,
Фақат, сени бездирмаганман.

Фақат, одам ахтарма дилдан,
Имон келтир ёлғизликка, тун.
Имон келтир, шайтонлар билан
Сен муроса қилмаслик учун.

Бандаликни буюк бахт деган
Ўликлардан қилмасман гина.
Энди билсам, ўшалар экан,
Мен ахтарган тубсиз хазина.

Қолган-қутган ёдимни йиғиб,
Олиб кетар қалб ғассоллари…
Хайр, менинг ёдимдан чиқиб
Ўсаётган жунун толлари…

МАҲМУД ЖЎШҚИН ХОТИРАСИГА

Ер юзига оёқ қўймай йўл олди,
Қалби билан кезди кўнгил юртини.
Ороми йўқолди, тинчи йўқолди,
Аммо, йўқотмади топган бурдини.

Бадбашара қисмат қилса-да ҳужум,
Чидади, чиқармай, ҳатто, чурқини.
На дарди борларга айлади зуғум,
На ялаб-юлқади бахтнинг турқини.

Берди оғзидаги еб турган ошни,
Сўз олдида адо айлаб бурчини.
Бир умр дўстларга меҳрини сочди,
Йиғиб қудратини, йиғиб қурбини.

Барчани ўзига яқин оларди,
Боқса – юрак эди унинг дурбини.
Дунёга дунёдай разм соларди,
Боқмади иззату нафснинг қуртини.

Қўли бўм-бўш кетди, аммо, кўз ёшга
Тўлиб кетди, кетгач, олам хуржуни.
Дунёни тарк этди эллик бир ёшда,
Эллик бирга кирди унинг Бир Куни…

ЖАНОЗА

Видо айтдим ҳар бир шеъримда,
Улар – менинг тушларимдай ўнг.
Ё ўқилар тириклигимда,
Ўқилар ё ўлганимдан сўнг.

Видо айтдим, бироқ, нолимам,
Видо айтдим мулойим ва тўнг.
Видо айтдим, отам, волидам
Ва акамни кўмганимдан сўнг.

Гоҳ дўзахда ёнди жасадим,
Гоҳ сўзлашдим сурурим билан.
Бор овозим билан яшадим,
Ўламан бор вужудим билан.

Азоб ўтди қийналган жондан,
Тўкилмади гуноҳ сочлари.
Дилимда ишқ қурган тўғондан
Тошиб кетди нафрат ёшлари.

Менда менсиз ўртанди бағир,
Мендан кейин туғилмайди ғам.
Бир кун ўлсам, топилар, ахир,
Эслайдиган бирорта одам.

Хотирамни қоплаган чанглар
Тўзонига кўмилдим тандай.
Ўнгида хуш кўролмаганлар
Тушида ҳам кўринмагандай.

Тупроғимни совутармикан,
Қалбимга ўт қаламаганлар.
Қирқ кунимни ёритармикан,
Бир кунимга ярамаганлар…

Аза очиб, юлмаса сочин,
Менга бағир очолмаган бахт,
Дуо қилар, қўлларин очиб
Мозоримда ўсган бир дарахт.

Аза очар… қувончимга қул,
Азобимнинг маликалари.
Кўзларимдай очиқ қолган ул
Китобимнинг саҳифалари…

ТЕНГЛИК

(Гапжўра курсдошларга ҳазил)

Ё икки ё ҳар ойда гап бор,
Абдужаббор бор жойда гап бор,
Гоҳ зиёну гоҳ фойда гап бор,
Йўқ енгилу оғирнинг фарқи.

Садриддин ҳам мусофир бугун,
Кўнгли ярим, тилаги бутун,
Йўқдир озод мусофир учун
Ватан билан чодирнинг фарқи.

Ўздан кетиб, ўзгарар замон,
Мавлонберди ўшадир ҳамон,
Унга бир кун бўлади аён,
Қўрқмас билан ботирнинг фарқи.

Жўравойнинг суннат, фарзи бир,
Бу ҳаётда пўчоқ, мағзи бир,
Қолмади деб кулар, баъзи бир
Муслим билан кофирнинг фарқи.

Абдуманнон кўнгли тўлса бас,
Дўст меҳрига бир бор тўйса бас,
Икки дунё ичра бўлса бас,
Аввал билан охирнинг фарқи.

Имкон топар йўлу чўлда ҳам,
Қолиб кетса қаттиқ дўлда ҳам,
Холбобога, ўнгу сўлда ҳам
Билингай қор ёмғирнинг фарқи.

Ишқ бор, Худо ёр бўлса агар,
Ёрга кўнгил зор бўлса агар,
Ҳақиқат бор, бор бўлса агар
Шоир билан шоирнинг фарқи.

Зиёфатдан зиёратгача,
Итоатдан ибодатгача,
Қолмас ўша қиёматгача
Бегмат билан Қодирнинг фарқи!

ИСТАРАВШАН

Султонмурод Ҳожибоевга

Ернинг танасида кезган дард каби,
Fаним лашкарлари изғиган бунда.
Тузалди бу замин жароҳатлари,
«Ист, Равшан!» деб қирқ қиз ёлворган кунда…

Балки, суғдиёна ривоятдир бу,
Балки, ибодатдир султонларга хос.
Балки, ишоратдир… Юрак амрига
Саркарда Равшаннинг бўйсунгани рост…

Кўнгиллар ўсар бу тупроқ устида,
Тубида ўсади қадим илдизлар.
Карвон-карвон бўлиб она юртига
Тағин қайтиб келар ўшал қирққизлар…

Эҳтимол, порлаган Илоҳ жилваси,
Карвонлар ортидан кетмаган йироқ.
Эҳтимол, бағдодий шайхлар чилласи,
Шу қадим тупроқда кўргандир чироқ.

Эҳтимол, юракка, Фаною Абад,
Оллоҳнинг ишқи деб тутганда бода.
Шайх Шиблий руҳидан сўраган мадад,
Ул увайс Суҳайлий Жавҳарийзода.

Мусофир юртларда қолгандир маъюс,
Дилшод Барно туйган ишқнинг озори.
Бу ишқни бағрида асрайди ҳануз,
Ул Хўжа Абдуллоҳ Сурхий мозори…

Бу кўҳна, зарандуд тупроқ бағрида,
Бобур оёғининг ўчмас изи бор.
Гангиб қолган ушбу замон бахтига,
Битта шоирию қирқта қизи бор.

Кимлардир қорнининг нолаларига,
Жўр бўлиб ўтганда шақилдоқ чалиб,
Булоқдан сув берди болаларига,

Бир умр савобга қолган Болғали…

Бу юртда беғубор бир дарё оқар,
Беғубор юракдан ахтариб соҳил…
Оналар қўлини дуога очар,
Султонлар муроди бўлганда ҳосил!..

ШЕЪР ЙЎЛИ

Бир умр тўкилган пешона тери,
Кипригимга қўнган гард – ўзимники!
Менга таскин бериб, тасалли бериб,
Менга кун бермаган дард – ўзимники!

Бу қудуқни ўзим учун қазганман,
Томирида оққан қон – ўзимники!
Унга ўлигимни ташламаганман…
Унинг тубидаги жон – ўзимники!..

БОЛАЛИК ўЙИНЛАРИ

Неварам САЙИДИЛҲОМХОНга

1.НИШОН

Сал шўх эдим, сал ювош эдим,
Оилада – тўртинчи фарзанд.
Ялангоёқ, тақирбош эдим,
«Отди-отди» ўйнардик баъзан.

Ўлдирмасдик ҳуда-беҳуда,
Бегуноҳ қон тўкмасдик, аммо,
Фақат, алам қиларди жуда,
Ўқларимиз кетганда хато.

Отганлар ҳам, отилганлар ҳам
Бир-биридан кетмасди ранжиб.
Бизлар дайдиб кезардик беғам,
Ўқларимиз юрмасди дайдиб.

Йиқилганга қилардик шафқат,
Хўрламасдик қўлга тушганни.
Энг қизиғи, бизлар ўша пайт
Ажратардик дўстдан душманни.

Кўнглимиз тўқ эди, йўқ эди
Ҳеч кимсанинг ҳеч кимда қасди.
Ўқларимиз сохта ўқ эди,
Дўстларимиз сохта эмасди…

Букун санқир ҳар бир қадамда,
Қутурган хавф-хатар итлари.
Бўшамайди юрак аламдан,
Бўшамаган садоқ сингари.

Жуда кўпдир кўнгил сирини
Этак билан ёполмаганлар.
Отай деса бири-бирини
Отгани ўқ тополмаганлар.

Бош кўтарар душман инидан,
Дўстлар эса кетар сотилиб.
Хатар келса, юрак қинидан,
Худди, ўқдай чиқар отилиб.

Тўрт томонга боқиб жонсарак,
Тошга тўлди қўйинларимиз.
Кетиб қолди биздан бедарак
Ўша содда ўйинларимиз…

Юрагимга отилмоқда ўқ
Десам, балки, ҳеч ким ишонмас.
Ўйинлардан ному нишон йўқ…
Аммо, ҳануз номсиз нишонман.

2.ЧИЛЛАК ўЙИНИ

Бир жуфт таёқ йўниб терак шохидан,
Чиллак ўйнар эдик, деярли, ҳар кун.
Соат милларининг орқа-олдидай,
Бири калта эди, биттаси узун.

Қаттиқ ишонардик калтак кучига,
Қулоққа на ўгит, на гап кирарди.
Таёқчани илиб таёқ учига,
Узоқ-узоқларга улоқтирардик.

Зарбимиз кўзланган маррага етса,
Fолиблик, мағлублик бўларди тайин.
Таёқча қанчалар узоққа кетса,
Fалаба шунчалик келарди яқин.

Ютганга боқардик зўр ҳавас билан,
Ҳатто, ютқазганлар одил, мард эди.
Таёқчани тишлаб, бир нафас билан
«Зув»иллаб югуриш унга шарт эди.

Масофа далилдир ғалаба учун,
Руҳ тетик, қўлимиз бироз толарди.
Муддат қисқа эди, масофа – узун,
Баъзан, нафасимиз етмай қоларди.

Бошга нима тушса кўниб, чидардик,
Тўқимасдик ёлғон баҳоналарни.
Эринмай, қадамлаб ўлчаб чиқардик,
Таёқ етиб борган масофаларни.

Ҳар ким бажарарди ўз юмушини,
Ютқазган «зув» ичар эди бетаъма.
Таъбир жоиз бўлса, ўз қилмишини,
Ўз қадами билан ўлчарди ҳамма…

Баъзан, мағлубият насиб этарди,
«Зув» ичиб, тан берар эдим зўрларга.
Ўшанда, ўзимга раҳмим келарди,
Бугун раҳмим келар қасамхўрларга…

Чиллак таёғидай кетдим улоқиб,
Аралашиб кетди яқин-йироқлар.
Кетди юрагимга ғамгин ўт ёқиб,
Болалик уйида ўчган чироқлар…

Чиллак ўйин давом этмоқда, гўё,
Ақл ғов бўлгандек юрак йўлига.
Зарбдан гангиб, қараб қолгандек дунё,
Ақли калталарнинг узун қўлига.

Букун одат бўлди хирсона хизмат,
Зўравонлик кирди урфу удумга.
Пистирмада пойлаб турган шум қисмат
Таёқ ушлаб, тайёр тургай ҳужумга.

Бир зарбдан ҳаромга айланар ҳалол,
Бир зумда базмга айланар мотам.
Балки, бу афсунлар қолдирарди лол,
Мўъжизакор Мусо пайғамбарни ҳам.

Букун мағлублар «зув» ичмас ҳеч қачон,
Замон ғирромларнинг олар ёнини.
Қон ичиб тўймаган ҳали бу замон,
Ўз қонига ташна одам қонини…

Мардларнинг бошига ғавғо солибсан,
Номард қўлига чўп тутқазган, Дунё!
Чиллак ўйинида букун ғолибсан,
Болаликда менга ютқазган, Дунё!..

3.ОШИҚ ўЙИН

Ҳар тугул, омад бор эди ўртада,
Қадамлаб ўлчардик бахтнинг бўйини.
Қор ёққан, сирпанчиқ, совуқ кўчада
Қизиб кетар эди ошиқ ўйини.

Дунёда диёнат бор деган бир ҳис
Сингиб кетган эди сўнгагимизга.
Шақилдоқдай, ютган ошиқларимиз
Садо берар эди чўнтагимизда.

Эсимдан чиқмайди ошиқ йиққаним,
Шошиб отилардим омад бағрига.
«Пукка» турган ошиқ уриб «чиккани»,
«Товва» дуч келарди «олчи» зарбига.

Олам – ошиқнинг тўрт томони эди,
Бор эди икки ён, орқаси, олди.
«Чикка» тургани – энг ёмони эди,
Бахт ёр эди – ошиқ турганда «олчи».

Омаднинг паст-баланд гўшаларида,
Баъзан, қувнаб, баъзан, кўзим ёшланди.
Кўнгилнинг сирпанчиқ кўчаларида,
Энг катта ўйинлар кейин бошланди.

Бир қошиқ қон билан тўлди тоқатим,
Бир оғиз сўз билан кўнгил ғашланди.
Ошиқ ташлаганда кетган омадим,
Ошиқ юрагимга итдай ташланди…

Бу ўйиндан чиқиб кетгандай олам,
Паришон боқади бир четда якка.
Бир-бирига суяк ташлайди одам…
Суякхўрлик сингиб кетди суякка.

Fирромлар ошиғи «олчи»дир букун,
Ошиғи «олчи»дир олчоқларнинг ҳам.
Бир юзли, бир сўзли инсонлар учун
Дунёнинг бир ёни, бир томони – кам…

Букун дунё билан орамиз очиқ,
Кеча бирга ўйнаб юргандик гўё…
Дунё – ушбу кун мен ташлаган ошиқ…
Чап томони билан тургандек гўё…

4.ТўП ўЙИН

Дарвозабон эдим тўп ўйинида,
Тўп тўрга тушганда ғамга ботардим.
Fалаба уммони, завқ тўлқинида,
Ўзимни аямай тўпга отардим.

Соғ жой қолмас эди озғин танамда,
Мен бот-бот ҳайратга солардим кўпни.
Жуда кўп тўсардим, ўн бир қадамдан,
Зарб билан тепилган жарима тўпни.

(Танбеҳ эшитардим отамдан ҳар дам,
Агар чиқсам чизган чизиқларидан.
Ўшанда, футболни суймаган отам,
Кулиб қўйгандилар мийиқларида).

Кўчамиз майдондай кетарди тўлиб,
Маҳалламиз эди қишлоқнинг чети.
Кетида зах ариқ жойлашган бўлиб,
Номи ҳам «қурбақа маҳалла» эди.

Ерлар қаттиқ эди, тўп эса таранг,
Оёқларда – қўнжи қайрилган этик…
«Хушкак» маҳаллани ютардик аранг,
Баъзан, «Қалача»га ютқазар эдик.

Тўпга талашардик…
Обрў талашган
Тўдага ўшанда йўлиқмаганман.
Эҳтимол, ўткинчи ҳою ҳавасдан
Қалбим дарвозасин қўриқлаганман.

Букун ҳужумчилар – ҳужумга тайёр,
Бўш юракни ким ҳам ҳимоя қилар?..
Юмшоқ супургидай турибди қатор,
Ярим одам, ярим ҳимоячилар.

Букун қаттол қисмат кўрсатар ўйин,
У кун дўст биларди, букун душманман.
У кун қўриқлардим дарвоза тўрин,
Букун ўзим ўша тўрга тушганман…

Тонгдан умид узган узун тунларнинг
Чилбир кокиллари букун – чамбарак.
Майдонда тўп тепиб юрган кунларнинг
Қўйнидаги тўплар букун – замбарак.

Баъзида, тан олиб, баъзан, чанг солиб,
Тўрдан чиқолмадим ақлим борида.
Тўп-тўп тўдаларнинг ичида қолиб,
Тош тепиб юрибман кўп қаторида.

Юрак майдонида ўйин чўзилди,
Умиди хомталош бўлган майдонман.
Букун дарвозасиз, бўм-бўш кўнгилни
Қўриқлаб ўтирган дарвозабонман…

5.ЯШИНТОПАЛОҚ

Қишлоқ узра карнай янграгани чоғ,
Тўйга югурардик биз ёппасига.
Суйган ўйинимиз – яшинтопалоқ,
«Қувди-қувди» эди қишлоқчасига.

Тўйларда саҳнага чиқмасдик, қақшаб,
Рақс ижро этмасдик биз аллақандай.
Жилпангламас эдик эчкидай сакраб,
Чинқирмасдик, худди, чаён чаққандай.

Каппа аталарди, қочганлар учун,
Бирор дарахт ёхуд деворнинг бети.
Рақиблар қўлига тушмасдан бурун,
Каппага тупурсак… Ютуқ шу эди…

Бўлинардик икки гуруҳга доим,
Бир гуруҳ тўрт ёнга қараб чопарди.
Тун бағрига кириб бўлардик ғойиб,
Кимдир яшириниб, кимдир топарди.

Ўйин қизигандан кетарди қизиб,
Гоҳ беркиниб, гоҳо қидирганман жим.
Ўшанда ўзимдан ўзим беркиниб,
Излаб, ахтармасдим ўзимни ўзим.

Қачондир, дардига ахтариб даво
Топа олган ўша замон ўзгарган.
Излардик одамлар кўзидан маъно,
Букун беркинамиз ёвуз кўзлардан…

Ўлмаган жонимга ахтариб бир ном,
Бекорга сазойи қилдим танимни.
Ҳеч ким мендан излаб топмади ором,
Мен ҳам тополмадим излаганимни.

Тупурдим, болалик каппасигамас,
Тунларда йўқолиб кетган тинчимга.
На дунё ишқига қилолдим ҳавас,
На дунё мос келди менинг исмимга.

Меҳрнинг юзига қўнганда қиров,
Муҳаббат ўзини олди панага.
Кўнгилнинг қўлидан кетганда жилов,
Бегуноҳ кулфатлар қолди таънага.

Fараз қиличидан қон томди бевақт,
Ҳавас киндигидан дилга томди қон.
У кун яширинган эди мендан бахт,
Букун мени излаб топмоқда армон…

Букун, ёлғиз ташлаб кетганим учун,
Гўдак хаёлимдан сўрайман узр.
Мен ажал қўлига тушмасдан бурун,
Дунёга тупурсам… Ютуғим шудир!..

6.ТУХУМ УРИШТИРИШ

Қиш чоғи катакка кириб кетарди,
Қор ёғиб, тушганда қаттиқ совуқлар.
Тағин катагидан чиқиб келарди,
Баҳорда тухумга кирган товуқлар…

Бизга ёзу қишнинг йўқ эди фарқи,
Қўрқардик на иссиқ, на совуқлардан.
Танчага тиқилиб ётмасдик ҳаргиз,
Тухум босиб ётган курк товуқлардай.

Тухум қайнатардик ҳайит кунлари,
Тут пўкагин қўшиб, қизартирардик.
Ўчмасди умиднинг чўғ, учқунлари
Ҳатто, чиққан жондан умид қилардик.

Товуғи зўр тухум туққан кишини
Билардик, билмасак суриштирардик.
Тишга уриб кўриб «пойнак», «ниш»ини,
Ҳайитларда тухум уриштирардик.

Сартарошхона ва бекат бор эди,
Ҳозирги мағоза ёнида бир пайт.
Ўша майдончада бизга ёр эди,
Гоҳ бус-бутун омад, гоҳо синиқ дард…

Букун ўзгачадир дунё ишлари,
Пачақланиб кетди байрамлари ҳам,
Урушқоқ хўрознинг тожи сингари
Кўзи қон талашиб кетганда олам.

Таҳорати синган кунлар қоронғу
Йўлларда йўқотди ўнгу терсини.
Қўлдан тушиб кетган тухумдай орзу
Оёқлар остида кетди эзилиб.

Вужуд билан юрак кетди тўқнашиб,
Ўртада хор бўлди руҳлар жилоси.
Тонг манглайи узра турар ўқрайиб,
Қон билан битилган қисмат имлоси.

Ҳайитлик олмаган боладай армон
Безиб кетди кўнгил байрамларидан.
Бир шоир айтгандай, бўлди пушаймон,
Маймунлар одамга айланганидан.

Нафс хизматин адо айлаган малай
Айрилгандир учи, пойнагидан ҳам.
Ҳар лаҳза бир-бирин ўлдирмоққа шай,
Икки дунё каби одам ва одам.

Эй, юрак, орзулар кўмилган мозор,
Бунча суйдинг ўша оҳни, озорни?!
Тўрт томонинг – кўча…
Тўрт томон – бозор…
Тўрт кунлик дунёда ҳайитинг борми?!..

АКАМ ҚОДИРХОН ХОТИРАСИГА

1.

Ака, кўнглингизни кўп оғритганман,
Билмай, арзирмиди, арзимасмиди…
Мулойимлик билан дил ёритгандан,
Сиз заҳар бўлсангиз, яхшимасмиди…

Дардимизни сизга тўкардик нуқул,
Ахир, ўз дардингиз бас эмасмиди.
Fофил укаларнинг ғамидан буткул
Бехабар бўлсангиз, яхшимасмиди…

Тупроқда ётибсиз…
Ахир, қадрингиз
Қора тупроқмиди, хору хасмиди.
Сизга уй бўлгандан кўра қабрингиз,
Дарбадар бўлсангиз, яхшимасмиди…

Ажал чақирганда… Эшитмай қолдим,
Ажалнинг овози шунча пастмиди.
Ўша Ажал, Сизни чақирмай олдин,
Ака, кар бўлсангиз, яхшимасмиди…

2.

Дунёга ишончим қолмади ҳеч бир,
Кимсасиз юракда ҳеч нарса қолди.
Бу дунё бир қошиқ қонимдан кечди,
Бир қошиқ қонимдай, жон нася қолди.

Кўрган кунларим кўз ўнгимдан кетмас,
Қалбимни титратган бир ларза қолди.
Бахтли яшаш учун бир умр етмас,
Бевақт ўлиш учун бир баҳя қолди.

Сабрим чидамади, гуноҳларим кўп,
Савобимдан эса бир пайса қолди.
Қаттиқ ранжиганим юрибди тўп-тўп,
Қаттиқ ранжитганим, айт, қайда қолди?!

Унутдим осмону ердалигимни,
Ёдимнинг додида бир лаҳза қолди.
Энди ким кўтарар эркалигимни?!..
Сўнгги бор йиқилсам, Бир Такя қолди.

Қишнинг чилласида кўкарган ғамнинг
Ниҳолидай дилда бир найза қолди.
Умри хазон бўлган ғариб акамнинг
Қабрида киприги ҳўл майса қолди…

3.

Руҳингизни айлаб кетди зиёда,
Ажал, гарчи қотил бўлгани билан.
Жонингиз сиғмади икки дунёга,
Дунё икки соҳил бўлгани билан.

Бу оламдан тониб кетдингиз эрта,
Ишончингиз комил бўлгани билан.
Сиз ётибсиз ҳосил бермаган ерда,
Муродингиз ҳосил бўлгани билан.

Вақтида жон фидо бўлмаса – бир пул,
Зорлар унга қойил бўлгани билан.
Ўлмаган жонимни этмайсиз қабул,
Борлар унга мойил бўлгани билан.

Қабрингиз хокига тўкилмоқда ёш,
Юрагим тош, жоҳил бўлгани билан.
Қабрингизда арча кўтармоқда бош,
Одам зоти ғофил бўлгани билан.

Сиз ўтгандан кейин рўй берди маҳшар,
Ҳар бир мўмин, қобил бўлгани билан.
Қалбим қиёматдан бермади хабар,
Сур чалган Исрофил бўлгани билан.

Оҳ, сизнинг дийдордан маҳрум – бир банда,
Гарчанд, исми Одил бўлгани билан.
Нима қилиб берди Сиз ўлмаганда?!..
Нима қилиб берар ўлгани билан?!..

4.

Қишнинг чилласида, сўнгги ноладай,
Кўзим шамдонида сўнаётир шам.
Худди, қоқ тўнкага ботган фонадай,
Менинг юрагимни ёриб кетди ғам.

Жон кирган тан каби чайқалар тобут,
Мозор бошигача етар мажоли.
Чинқириб эсарди, тунд ва заҳролуд
Қисмат саҳросида, ҳутнинг шамоли.

Ердан тошиб кетар, оҳу зоримнинг
Тубидай озорга тўлган бир чуқур.
Ёритиб турарди маҳзун ёдимни,
Акамнинг гўрига тўлиб кетган нур…

Кўргулигим билан қилмай муроса,
Вабодай бостириб хўрлигим келди…
Руҳимга аталган Буюк Жаноза
Кимнинг этагида ўқилар энди?!..

5.

Мен, ҳозирча, қўйолмадим тош
Қабрингизга бош қўйдим мулзам.
Ҳа, бир жойга бориб қолган ёш
Мендан тўйди, мен эса ундан.

Эндигина ақл кирмоқда,
Узуқ-юлуқ ўнгу тушимга.
Мендай қафас торлик қилмоқда,
Кўксимдаги кўнгил қушимга.

Кетсам – ишим қолмайди чала,
Қолганлари – бир майда-чуйда.
Ҳозирча, сиз ётибсиз, Ака,
Бир ўзингиз қоронғу уйда…

6.

Дердик, ер тагида бўлса ҳам, айтинг,
Дардингизга шифо дорини.
Баъзан эса, парво қилмасдик, балки,
Қилардик Худонинг зорини…

Келардингиз, сўфи чақирмай азон,
Ёрдамга, дунёнинг ҳар чеккасидан…
Ака, энди керак бўлсангиз қачон,
Биз Сизни топамиз ернинг тагидан.

7.

«Онам йўқ!..» деб ғамга ботганман ҳар вақт,
«Отам йўқ!..» деб дилни ўртаган армон.
Акамдан айрилиб, энди мен бадбахт,
«Одам йўқ!..» дейману йиғлайман қон-қон.

****

МЕНИНГ САВДОЛАРИМ

ДИЙДОР

Оч эмасман, очкўз дунёдан тўйдим,
Дунёда бормисан, қиёматлик дўст?..
Кўнгил кундасига бошимни қўйдим,
Кел, юрак қинидан суғурилган сўз!

Йиғлаб, ўртамайсан мен учун бағир,
Мен ҳам мозорингда ётолмасман тинч.
Сен менга ўзингнинг тилингда гапир,
Кел, кўнгил қонидан яралган севинч!

Меҳр кўчасида кезган гадоман,
Адоман, лек адо этилмаган фарз.
Ўзимдан ўзимга қайтган жазосан,
Эй, қўли дуога очилмаган нафс!

Fаразлар дилингга осойиш бермас,
Гар Худо бермаган бўлса истеъдод.
Нозинг бунча баланд,
Зотинг бунча паст,
Эй, сен, қусуғига ёнбошлаган зот?!

Нима топдинг, ёлғон қувонч ахтариб,
Нима берди сенга ўшал сохта ғам?!
Гуноҳин шайтонга буткул ағдариб,
Эй, айбин ажалга тўнкаган одам!

Хоҳласанг баланддан,
Хоҳласанг пастдан
Кел, ўшал қиёмат келгунга қадар.
Оч эмасман…
Сенга муҳтож эмасман…
Қайга қочаяпсан мендан, баччағар?!..

ЗАМОН

Туялар ҳаммомни қилгандек ҳавас,
Орзулар қўйнида тебранар замон.
Кўмирнинг ҳидидан бўғилар нафас,
Акиллар бўйнидан боғланган армон.

Катта майдонларда талашар мазҳаб,
Қовоқ солар, ўлик чиққан кулбадай.
Ортига қайтади қалтираб-қақшаб,
Муштугин унутган Тарас Бульбадай.

Кулганда, юзининг териси қалин,
Юрганда, оёғи тегмайди ерга.
Узун мўйлов қўйса, худди – Сталин,
Калта мўйлов қўйса ўхшар Гитлерга.

Тун бўйи тўйма-тўй изғиб юради,
Бошига кўтариб қишлоқ, шаҳарни.
Темир панжаралар тўсган юраги,
Тамаки экилган ердай хатарли.

Оғир гуноҳини сотар арзонга,
Кўзга жуда яқин, кўнгилдан нари.
Худди, Баҳоуддин балогардондан
Имдод сўраб турган осий сингари.

Дардини тутундай ичига ютмас,
Бироқ, тарқамайди дилдан ғубори.
Ҳеч кимни ҳеч кимнинг уволи тутмас,
Тутқаноқдай тутар носнинг хумори.

Шодлиги ғарибдир, дарди шоҳона,
Кулган-йиғлагани ёлғондир бари.
Баъзан, ўтиради қуриб чордона,
Оғир ўйга чўмган Будда сингари.

Қўриқлар кўнглидай тор ҳудудини,
Одамзод, гўё бир қавмдан эмас.
Минг тангадан ошган сичқоннинг ини,
Меҳмондан панадир, шармдан эмас.

Ўзин танимаган бу ғала-ғовур,
Меросхўриман дер Имом Аъзамнинг.
Гўё бешигида тебранган Бобур,
Боласи сут эмган Биби Марямнинг…

Тўлган сабр тошиб кетар косадан,
Мунғаяр манглайда балқиган шўрлар…
Фақат, узр, сизни бу томошадан
Сал чалғитган бўлсам, эй, кўрлар, кўрлар!..

ТОМОШАБИНЛАР

Ёлғонни ёлғону ростни рост демас,
На ҳақдир, на ҳакам, томошабинлар.
Шариат йўлида енги ҳўл эмас,
Аммо, этаги нам, томошабинлар.

Пастқам деворлардан бўй чўзар мамнун,
Жангларда боши хам, томошабинлар.
Кечагина ўзи ўйнатган маймун,
Бугун атрофда жам, томошабинлар.

Гоҳ белда зуннор, гоҳ бошда салласи,
Динига номаҳрам, томошабинлар.
Бузуқ тарозининг оғир палласи
Бўлиб келган ҳар дам, томошабинлар.

Дил мулкида шоҳлик даъвосин қилар,
ўз нафсига қарам, томошабинлар.
«Чўпонга дўст бўлиб, бўрилар билан
Қўйни кўргай баҳам», томошабинлар.(1)

Баъзан, беғам, баъзан, ташвишдадир у,
Кўргани ҳали кам, томошабинлар.
На шайтондир ва на фариштадир у,
Мену сиздай одам, томошабинлар.

На дўстга дўст ва на ёрдир ёрига,
Қочади келса ғам, томошабинлар.
Қўрқаман, бир куни, ўз қаторига
Қўшади мени ҳам, томошабинлар!..

1-Лойиқнинг бир шеърида шунга ўхшаган ташбеҳ бор.

ГЎР ОFЗИ

Кимлигингни қўрқоқлардан сўр,
Бало боқса – кўзингни яшир.
Сенинг барча қудратинг, эй, Зўр,
Олиб қочган улоғингдадир!

Ўлиб кетсанг, сен ўзингдан кўр,
Тирик қолиб топмасанг қадр.
Бўй чўзмаган журъатинг, эй, Хўр,
Уруғингда, урвоғингдадир!

Ишонганинг – пешонангда шўр,
Ишонмаган қисматинг тахир.
Из қолдирган нусратинг, эй, Fўр,
Сенинг бир жуфт туёғингдадир!

Ёпирилган мисли малах, мўр,
Қалбингдаги кўргулик надир?..
Кўз очмаган турбатинг, эй, Кўр,
Қуриб қолган булоғингдадир!

Ёниб-ўчди юракдаги қўр,
Жоним тушди танимга асир.
Сен мудрадинг, эй, вужуд, эй, Тўр,
Жоним сенинг тузоғингдадир.

Тирикликка бўлолмайсан жўр,
Кел, қулоғим оғзингда, гапир.
Шунча ғурбат кўрсанг ҳам, эй, Гўр?!..
Нечун оғзинг қулоғингдадир?!..

ЭРТАК

(Жиддий ҳазил)

Эҳтимол, етарсан ўшал кунгача,
Сабр таги сариқ олтиндир бешак.
Балки, Подшоҳ ўлиб кетар унгача,
Ё Афанди ўлар, ё ўлар Эшак.

Тирикларга ўлим тиламоқ – гуноҳ,
Аммо, чора йўқдир келган қазога.
Давр эсин йиғиб олгунча ногоҳ,
Подшоҳ риҳлат этди дорилбақога.

Қулликнинг териси қопланди юзга,
Подшоҳлар гўрига ғиштлар қаланди.
Ўтган фурсатларнинг тобути узра
Ўлиб ётар эди шўрлик Афанди.

Ўтиб кетди Подшоҳ яшаган замон,
Ўтиб кетди не-не соғлар, тентаклар…
Келажакка қараб ҳанграйди ҳамон,
Жони пешонамдан қаттиқ эшаклар!..

КАМБАFАЛНИНГ ТўНИ

Камбағални урма…
Кўзидан
Кўз ёшлари тўкилиб кетар.
Нима ўтса, ўтди ўзидан,
Уни Худо ургани етар.

Камбағални сўкма…
Усиз ҳам
Йўқотгандир ҳаловатини.
Унга мерос қолдирган олам,
Муҳтожликнинг ҳақоратини.

Камбағалнинг тўнини йиртма,
Раҳм қилгин имконсизларга.
Тағин кулги бўлмасин, итдай
Пойлаб турган иштонсизларга…

ҚУРУҚЛИК

Ҳар гал, сувдан қуруқ чиқасан чиндан,
Қуримоқ, қуритмоқ ишқида мастсан.
Гарчанд, Нуҳ пайғамбар авлоди минган
Нажот кемасининг ичидамассан.

Ваъдаларинг қуруқ, сўзларинг қуруқ,
Қуп-қуруқдир сиртинг ва сийратинг ҳам.
Дунёни сув босса, узуқ ва юлуқ
Этагингга, ҳатто, юқтирмайсан нам.

Кўз ёши кўрмаган кўзларинг юмуқ,
Қуриб кетсин, ўша сен кирган чуқур.
Айт, тағин нимадан сен қолдинг қуруқ,
Сувдан қуруқ чиққан эй, шўринг қурғур?!..

БИР КУН

Яхши бўлсам – сендан бахтли йўқ,
Ёмон бўлсам – мендан яхши йўқ,
Кимнинг асли, кимнинг нафси йўқ,
Бари зоҳир бўлади бир кун.

Боқиб турган нигоҳлар – ғилай,
Fилай бўлса, мен нима қилай?
Кимга инсоф, диёнат тилай?..
Улар кофир бўлади бир кун.

Кўнгил чўкар, тоқатлар тўлиб,
Дунё ўтар девона бўлиб,
Этаги кир «пир»ларни кўриб,
Ҳафсаланг пир бўлади бир кун.

Ҳақ олдида одам – кўр, соқов,
Керак бўлса, ўйнайман гаров,
Ёв келса – қул, қочиб кетса ёв,
Қўрқоқ ботир бўлади бир кун.

Осмонидан ахтариб нажот,
Қўзғалади ҳар фисқу фасод,
Ўшал ожиз, бозори касод,
Юртга нозир бўлади бир кун.

Чекиб кетар кимдир риёзат,
Экиб кетар кимдир хиёнат,
Бу кўргулик, ўша қиёмат,
Бевақт содир бўлади бир кун.

Сабри борлар, бўлмаса собир,
қурби борлар, бўлмаса қодир,
Озор берсак, олиб хавотир,
Руҳлар ҳозир бўлади бир кун.

Кимларгадир сўзим ёқмаса,
Айб қидириб, ўзин топмаса,
Улар, фақат, Худо хоҳласа,
Мендай шоир бўлади бир кун.

Осмон – улкан савдо чодири,
Қадрин арзон сотар тожири,
Бормикан бу армон охири?!..
Замон охир бўлади бир кун…

ИМЗО

(Бир «шоир»гинага)

Илдизи қурт еган дарахт сингари,
Агар қулаб тушса таги бўш томинг.
Кўчани чангитиб, сендан илгари,
Ҳаллослаб ёрдамга келади номинг.

Сени қўллагувчи қўлларда қалқиб,
Чил-чил синса, қуйқа тўлдирган жоминг.
Узун енги билан бурнингни артиб,
Туртиниб минбарга чиқади номинг.

Тонг элчиси бўлган кўршапараклар
Сенга тинчлик бермай, қорайди шоминг.
Бошингда чақилган пуч бир данакдай,
Сохта дўст тилида чақилди номинг.

Адашдинг, сен яқин борган қозонда
Юзинг куйиб кетди, пишмади хоминг.
Эгасини қопган итдай, бир тонгда,
Кетингдан ўзингни тишлади номинг.

Яхшиям номинг бор,
Агар кўрмасам,
Бир шўрлик ақлдан озган, дермидим.
Гар шеъринг остида номинг бўлмаса,
Уни хотин киши ёзган, дермидим…

ЕГАН ОFИЗ

Чиқиб келар на оҳ-фиғон
На кўздан ёш юмалади.
На қийналар бирор виждон
На бир ожиз уялади.

На уятдан ёрилгай ер
Ва на осмон чувалади.
Қилмишидан, на даюс эр
На жувон-қиз уялади.

Бенаволар, на осмонда
Ва на гўрда тузалади.
Қадр излаб онда-сонда
На бир ночиз уялади.

Ақли ноқис касри билан
Тунлар тонгга уланади.
Бу дунёда, фақатгина
Еган оғиз уялади.

БУ ДУНЁ

Тўрт кунлик риёзат, тўрт кунлик ҳузур,
Эси бор, этаги юлуқ – бу дунё.
Дунё назарида – одам ношукур,
Одам назарида – бузуқ, бу дунё!

Юрак саҳросида сарсон-саргардон,
Кўнгиллар адашган сулук(1) – бу дунё!
Дунё сўраганга дунё – ҳаром қон,
Дунё сўрмаганга – зулук, бу дунё!

Дунёдан қўл силтаб ўтади ҳаёт,
Кўрмагай кўзлари – юмуқ, бу дунё!
Юсуф пайғамбардан ўзга бирор зот
Чиқиб кетолмаган – қудуқ, бу дунё!

Мозор бошигача етар нафаси,
Ўртанган юраги – куюк, бу дунё!
Ҳар лаҳза ўткинчи ҳою ҳаваси
Ёлғонлиги учун – суюк, бу дунё!

Дунёга сиғмагай оҳу фиғонлар,
Бир тобутга сиғар бу юк – бу дунё!
Ўлимга ишонган омонат жонлар
Гўри оғзидаги тупук – бу дунё!..

1-Сулук – йўл маъносида.

АЙТИЛМАГАН СўЗ

«Мен кимман?..»
Бу сўзнинг вақти-соати
Эҳтимол, Ал-Мийсоқ давридан – қадим.
Бу сўзни айтмаган бир зот қолмади,
Бироқ, жавобини айтмади ҳеч ким.

Балки, қўй оғзидан олмагансан хас,
Сен ҳам бир бор айтгин, малол келмаса.
Зеро, бу дунёда одам – одаммас,
Ўзига шундай бир савол бермаса.

Ҳолинг бўлса, борай мен ҳол сўргани,
На бир надимдирсан,
На бир ғанимсан.
Бу сўзни ҳеч кимса айтмаган ҳали,
Букун мен сўрайман сендан: Сен кимсан?!..

***

Сен қон ялаб тўймадинг нечун,
Нечун ямаб-ясатилгансан.
Иштонсизлар учун етти кун
Байрам қилиб яратилгансан.

Олти тараф, тўрт томонингга
Йиғи бўлиб таратилгансан.
Ахир, жисминг билан жонингга
Мотам қилиб яратилгансан.

Мўлтирайди кўнгил зор, маъюс,
Сен кўнгилга қаратилгансан.
Ҳақ руҳ берган балчиқдан, афсус,
Одам қилиб яратилгансан.

ГЎРКОВ

Қирқ кунлик умрини яшайди секин,
Майитлар – руҳидан жудо бўлганлар.
Ётибди ўлганлар – ўлгандан кейин,
Ётибди «ўлмасдан бурун ўлганлар».

Тупроқ отилади уюм ва уюм,
Ичига ютгандай қайғу аламни.
Рутубат, уқубат чулғайди ҳар зум,
Беомон бод чалиб кетган танамни.

Ер остидан кўкка этади давом
Бешикдан бошланган йўл интиҳоси.
Боқий дунё умри бўлмайди тамом,
Нишон қолдирмаган ном илтижоси.

Ернинг қаватига ботиб кетар нур,
Зоҳирий оламдан – уфқдан нари.
Қабрлар – тиз чўкиб қотган бир умр,
Саждага эгилган ориф сингари.

Қабрлар тошига дўнган юрагим
Озиб, орқасига тортиб кетар гоҳ.
Ва ногоҳ қарсиллаб-қақшар суягим,
Худди мен бировга қазигандек чоҳ.

Ўзимдан кечмадим, умр кечириб,
Ўлим – ҳақ, жон эса омонат танда.
Оғир ўй босгандек кетдим эзилиб,
Одам бир-биридан айб ковлаганда.

Тоқатим тоқ бўлди бўзлатиб, бўзлаб,
Кўнглим қотиб кетди, дийдаларим қоқ.
Зеро, аламзада, чақчайган кўзлар
Мен ўйган лаҳаддан кўра чуқурроқ.

Умрнинг қўлидай қисқадир фиғон,
Жон ортидан чопар ёввойи ҳислар.
Ном тугул, қолдирмас кўримсиз нишон,
Қор ёғиб, бекафан кўмилган излар.

Мен урён этмадим гўрнинг оғзидай
Бақрайган беҳаё турқу талъатни.
Ишқ излаган йўл бор ернинг остида,
Кўнгил кўчасида қолган жасадни.

Иддао бўлмагай инсон ботини,
У – ўз эгасига қайтарилган қарз.
Қўлимда татигай ажал тотини,
Илдизидан буткул қўпорилган нафс.

Мени, гар ажалнинг келса муҳлати,
Дунё ва уқбонинг орасидан сўр.
Отамнинг арвоҳи ҳаққи-ҳурмати,
Тирикларга асло қазимайман гўр…

ЯХШИЛИК

Одамзод ўзини гуноҳдан тийиб,
Яхшилик қилади,
Қилмайди парво.
ҳамон иштонини бошига кийиб,
Ношукурлар аҳли кўтарар ғавғо.

Ҳамон дарё бўлиб оқади қонлар,
Ҳамон қадрлидир сичқонлар ини.
Қурбонлик қилгандай, умидвор жонлар
Дарёга ташлайди яхшилигини.

Токи нафс этилмас экан шарманда,
Ўша яхшиликни бўлмас аниқлаб.
Ушбу кун семириб, китга айланган,
Кеча яхшиликни билган балиқлар…

ШОИРАЛАРГА

(ҳазил)

Бу ёруғ дунёда қолмади нарлар,
Ўз қадрин заргардан сўрайди зарлар,
Сизни шоир эмас, деган хумпарлар
Отилган тошини термаса-термас!

Пасткашга ишқ баланд мақом бўлмайди,
Ит сув ичса, дарё ҳаром бўлмайди,
Худо берган йўл бу, тамом бўлмайди…
Бандаси сизга йўл бермаса-бермас!

Агар тонг орзуси бўлмаса – ғам бор,
Агар суғд ёғдуси бўлмаса – шам бор,
Беорликнинг қадри бўлмаса ҳам – бор…
Кимдир шеърингизни севмаса-севмас!

То ерга урилган қадр синмасин,
Шеърингизга асло кинна кирмасин,
Ёзинг, қаламингиз бир зум тинмасин…
Илҳом деганлари келмаса-келмас!..

ХУДБИН

Ишнинг кўзи бор деб кўп эшитганман,
Эҳтимол, у ишнинг кўзини кўрар.
У минг бор эшитиб юргандан кўра,
Бир бор ўзининг ризқ-рўзини кўрар.

Нима бўлганда ҳам, у сизу биздан
ўзига жон сўрар, балки, қон сўрар.
Биз гап эшитамиз ўз ҳаққимизда,
У ҳам эшитар, ҳам ўзини кўрар.

ўЗ ЮРТИНГДА…

(ҳазил)

Умр – бамисоли сочилган қоғоз,
Йўлнинг азобини сен мендан сўра.
Ўзга мамлакатда мардикорлик – соз,
Ўз юртингда шоир бўлгандан кўра.

Бу ҳазилим оғир ботмасин, лекин,
Аросатда қолиб кетганинг ёмон.
Ўзга юртда буғдой эмасдир текин,
Ўз юртингда қарзга берилар сомон…

ИККИ ЎТ

Жоним танда эмас, руҳдаман,
Чиқдим ақл қобиқларидан.
Мўлтирайди шодлик мустаманд,
Юрагимнинг ёриқларидан.

Юрак мени сазойи қилган
Бу кечалар бунчалар юпун?..
Чўғи ўчган танчадай дилга,
Тирсак тираб, инқиллайди тун.

Тун қаърига чўкдим заҳардай,
Тонглар отди, чиқдим отилиб.
Тўрт томонга, хавфу хатардан,
Хавотирим кетди сочилиб.

Севинчингдан ёшланар кўзинг,
Қайғу тўлган кўнглинг бўлар шод.
Инсми? Жинсми? Нимасан ўзинг,
Кимсан ўзинг, эй, одамий зот?!..

Ҳеч ким сендай ёнмайди бекас,
Ёндиролмас сен каби ҳеч ким.
Ёнаяпсан, икки ўт эмас,
Култўдалар орасида жим…

***

Гуноҳ осилади зулмат бўйнига,
Қурт еган томирлар ўрмалар танда.
Тентак туйғуларнинг муздай қўйнига
Ақл кеч кирганда…
Ишқ эскирганда…

Безиб бу дунёнинг маломатидан,
Кўнгил кўчасида кезар эшаклар.
Эски девор янглиғ юрак қатидан
Тиржайиб боқади калтакесаклар.

Зах босган мозордай ўртанар бағир,
Совиган тандирдай кўнгиллар карахт.
Кўнгилнинг кифтини айлагай яғир,
Кўнгилнинг кифтида кетаётган бахт.

Армонлар уйғонар кўзин ишқалаб,
Зулмат сиртмоғидай ой боқар ҳазин.
Узилиб кетади нозик ришталар,
Маҳрамона суҳбат чўзилган сайин…

Азоб яйраб кезар кўнгил қонида,
Кўнгил – бамисоли тўнтарилган хум.
Эгасиз юракнинг биёбонида
Мусофир шамоллар айлар таяммум.

Чирқиллар, қиёмат бўлгандек содир,
Муқаддас туйғулар ўлган қадамжой.
Ёруғ кун жасади солинган оғир
Тобутдай орадан кўтарилар ой…

ИШҚСИЗЛИК

Балолар жонимга шафқат қилмади,
Оқармади, кўнгил косаси тўлиб.
Ишқнинг осмонидан ёғди нимадир,
Баъзан, ёмғир, баъзан, мағзава бўлиб.

Муаллақ қолади, кун ўтиб бир кун
Жонимга чўзилган Азроил қўли.
Мени ишқ ёмғири ўлдирмай бурун,
Ўлдириб кетади ишқсизлик дўли…

ўТГАН КУНЛАР

Ташвишлар қаърига кўмилганда ҳис,
Олис-олислардан келар бир қуюн.
Бу ёлғон дунёда ким ҳам чўкар тиз,
Ёлғон туйғуларнинг турбати учун.

Тиниб-тинчимайди эски ғавғолар,
Ечилмаса дилни чирмаган тугун.
Ахир, жавоб бермас сувсиз дарёлар,
Қумсиз саҳроларнинг туҳмати учун.

Балки, учрашамиз,
Фақат, бугунмас,
Ё ўлгандан сўнг, ё ўлмасдан бурун.
Фақат, одамларнинг кўзи учунмас,
ўтган кунлар ҳаққи-ҳурмати учун.

ЙўЛ АЗОБИ

Бир жойда ўтириш йўқ одатимда,
Ўзимдан, ўзгадан кетарман безиб.
Ҳар хил юмуш билан, болалигимда
Етти маҳаллани чиқардим кезиб.

Тердим, бу дуёнинг аробасидан,
Атрофга тўкилиб кетган ризқимни.
Зиёрат, тижорат баҳонасида
Мен айланиб чиқдим етти иқлимни.

Букун мени йўллар қаритди буткул,
Болалигим ҳаддан ошган деворман…
Дунё, ўша етти маҳалланг тугул,
Етмиш маҳаллангдан энди безорман!..

ЁДЛАР

Балки, хаёлингга келарман кўчиб,
Ё кетгум кимнингдир телба ёдига.
Чалажон умидлар баҳридан ўтиб,
Чўкарман азобнинг гирдибодига.

Балки, бегоналар бўшатар бағрин,
Деворлар тўсмайди мендан барчани.
Кимдир, эсин йиғиб, тўзғитар тағин,
Юракда жунжиккан чўғни, лахчани.

Балки, юрагимнинг илтижосига
Кўмилиб, ўз қадрин йўқотган хасман.
Балки, ёру дўстлар илтимосига,
Мен икки дунёмни алмаштирмасман.

Балки, ҳасратгўйлар, юраги тошиб,
Ёдимнинг устидан тўкар мағзава.
Аламдан задалар кўтарар бошин,
Байроққа айланган каби пайтава.

Балки, қай бир садо келар аланглаб,
Мени қиёматдан айлагай огоҳ.
Кимнингдир кўз ёши, тунда чарақлаб,
Қоп-қора йўлимни ёритар ногоҳ.

Балки, хаёлимни қақшатиб, наркуш
Ва мунглиғ номалар келар номингдан.
Ёлғизлик дилимга суйкалар сархуш,
Мен чиқиб кетаман ёлғиз ёдингдан.

Балки, ўзга юртнинг сўзон даштида
Менсиз ҳам порласа сўлим оймома.
Кимдир сенга, куйган юрак фаслида,
Эртаклар юртидан келтирмас нома.

Очилмаган кўздай, очирмайди кўз,
Имонидан боши қаттиқ ғалвалар.
Кутганда, қошингга келолмаган дўст,
Кутилмаган бевақт ажалдан баттар.

Руҳлар қиёматнинг озурдасидир,
Одам – ҳали ажал англамаган роз.
Тириклик – ўлмаган жон мурдасидир,
Ўлим – жоннинг йиртиқ жандаси, холос…

Мен тўзим тилайман жон балосига,
Балолар жонига диёнат сўрдим.
Унутилган ёдлар хонақоҳига
Ёдим қайтиб келар,
Қайтмасман ўзим…

ФИКРУ ХАЁЛ

Гуноҳ тортиб олди мендан савобни,
Ўйиндан ўқ чиқди…
Қолганда сарсон:
Кўзининг пахтаси чиққан азобнинг
Ортидан эргашиб кетаётган жон.

Мен дарахт эккандим…
Мен орзу қилган
Ўрмондан ўт чиқди…
Ёнди самолар.
Умид учқунлари сачраган дилда
Ёниб кетди ҳўлу қуруқ баробар.

Балчиқдан чиқолмай қийналдим якка,
Пешонамдан сизиб балчиғим чиқди.
Сув қўйиб, ҳайдалган ердай юракка
Бахт уруғин сочсам…
Аччиғим чиқди.

Мен на маош олдим, эшакдай ишлаб
Ва на итдай чарчаб тополдим ором.
Экканингни ўриб ол, дер танишлар,
Экиб-ўрганларим бари чиқди хом…

ОЙ

Олиб беролмадим сени ҳеч кимга,
Сен ердан шунчалар йироқмисан, ой?
Кўринмай кетасан, баъзан кўзимга,
Сен, фақат, кўнгилга чироқмисан,ой?

Гарчанд, порласанг-да тун қучоғида,
Икки дунё ичра сен тоқмисан, ой?
Бир дунё – девона ҳуснинг доғида,
Аслида, бир ҳовуч тупроқмисан, ой?

Зулмат кўппаклари изғиган тунда,
Ўн тўрт кун итларга ялоқмисан, ой?
Ё сени кутмоқдан кўзи йиртилган
Дунёнинг камига ямоқмисан, ой?!..

ХОТИРА

Хайр, агар сизни бошқа кўрмасам,
Сўнг бор қўлингизни қўлимга қўйинг.
Ўлсам, гуноҳимдан кечинг, ўлмасам,
Ўша гуноҳимни бўйнимга қўйинг.

Агар кўмган бўлсам сизни озорга,
Кўз ёшингиз янглиғ кетай тўкилиб.
Ўлсам, кўмилишим тайин мозорга,
Ўлмасам, хаёлга ётай кўмилиб.

Жавоб тополмадим битта жумбоққа…
Мени ўшал битта нодонга йўйинг.
Ўлсам, қўйинг, майли, қора тупроққа,
Ўлмасам, мени ўз ҳолимга қўйинг…

УМРИМ

Умрим, жонингга ишқ олов қалади,
Умрим, мен капангга ўт қўйганим йўқ.
Сени ит талади, пашша талади,
Сени қутқарганим ва қўрганим йўқ.

Валийлар луқмаси,
Арпангни эса
Ҳали ўрганим йўқ, хом ўрганим йўқ.
Майли, деяверсин, ким нима деса,
Ҳамон ўлганим йўқ,
Ҳаром ўлганим йўқ!

ҚАЧОНДИР…

Қачондир, қўрқоқлар муштидан гаранг,
Безиб кетган эдим ғамдан, ғурбатдан.
Тунлар оғушидан узилиб аранг,
Куним туғди, куним… туғди зулматдан.

Қачондир қайғудан мосуво эдим,
Шодлигим дардини солардим созга.
Букун ўхшаб кетар кулган толеим,
Устимдан кулган бир масхарабозга.

Юзингга қўнган чанг, пашшани қўриб,
Сенга «шўринг қурсин!» дегандим бир вақт.
Ушбу кун, очилган юзингни кўриб,
Энди «бетинг қурсин!» дегайман, эй, Бахт!..

ҚУРБ

Умримда ажалга кўп келганман дуч,
Дўсту душманларнинг зиёфатида.
Гоҳ эски дард каби, қилганда хуруж,
Аламзада аёл қиёфасида.

Ёдимга имону ёдимдан дарак
Келтирганди менга ҳамнафас бир зот.
Эрлик даъво қилган каби ҳезалак,
Бугун шак келтиргай, келтиргай иснод.

Йўлимда қутурган нафс йўлиққанда,
Жоним баданимга кетмади сиғиб.
Кеча тухумидан зўрға чиққанлар,
Бугун имонидан кетганда чиқиб.

Ишқ имдод сўрайди, йўлда адашган,
Ақлнинг қўлига тушган чўридай.
Дилимда муҳтожлик – қонимга ташна,
Хароба қишлоқда кезган бўридай.

Қитиқлаб ўлдирар одамни одам,
Чуқур чоҳ қазийди ақли саёзлар.
Айт, ахир, қайси бир кўргуликдан кам,
Қайғу тўнин кийган масхарабозлар?!..

Туҳматлар зулукдай сўрди қонимни,
Кўнгилнинг косаси синганда чил-чил.
Иғволар суғуриб олди жонимни,
Гўёки, хамирдан суғургандай қил.

Жувонмарг умидлар беном, бенасаб,
Игна еган итдай ўлиб кетар жим.
Ўша Худо берган умрини яшаб,
Тобутига тумор тақмайди ҳеч ким.

Безорман, кўзимга иссиқ кўринган,
қалбимга етти ёт бегоналардан.
Безорман, безорма, ахир, ўзимдан
Ва ўзимдай ўша бечоралардан!..

НАЖОТ

Ҳовлиқма қуёш ҳам боқар бир муддат,
Бурнининг учидан кўрмас нарини.
Вужудимга тирик кўмилган кулфат
Тирнайди ёдимнинг яраларини.

Чўкиб кетган кўнгил кетар кўринмай,
Андуҳлар кетади хаёлга ботиб.
Бир кўнгил ахтариб топдим ўзимдай,
Ўзимда ўзимни қўйдим йўқотиб.

Тиржайиб боқади, ўшал икки йўл
Орасида турган сўқир касофат.
Тубанлик бўй чўзар, чўзилмайди қўл,
Чўзилади азоб, фурсат, масофа.

Зулмат сиртмоғидан қутулгандай тонг,
Бўғзимдан бир фиғон чиқар отилиб.
Бу ботқоқ қаъридан чиқиб кетар жон,
Ажал арқонига осилиб…

***

Бунда на чаман бор,
На дашту даман,
Тунлар босиб келар, тонглар отмоқда.
Кел, чўккан кўнглингни мен кўтараман,
Гар ботиб кетмасам ўзим ботқоққа.

Эсласам юракни босар қалтироқ,
Бошим айланар қалб теварагида.
Сўзимнинг устидан чиқдиму бироқ,
Қолиб кетдим майда гапнинг тагида.

Жоним баданимга кетмоқда сиғмай,
Кўтарсам – ноумид, қўйсам – нобудман.
Кўнглим кафанига ўралган ҳислар
Жасади солинган оғир тобутман…

***

Бўлиндим, бўрилар емади ногоҳ,
Айиқлар аяди мендай етимни.
Мени хавф-хатардан айлаган огоҳ
Итлар ғажимади, холос, этимни.

Баъзида, ёдимга ёр бўлди хатар,
Баъзида, Худонинг ўзи асради.
Чаёнга ўхшарди мени чаққанлар,
Ҳақиқий чаёнлар мени чақмади.

Ўз қаричи билан ўлчайди ночор,
Кимдир қадамимни,
Кимдир қадримни.
Мени ёвуз кўздан асрайди мозор,
Итлар қўриқлайди ёлғиз қалбимни…

БИРЛИК

(Киноя)

Бизнинг орамизга қўшилди одам,
Қонимиз қўшилмас азал-азалдан.
Ахир, бир ёқадан бош чиқарганлар
Боши чиқмас экан жанжалдан.

Қанча сувлар оқди, қанча сўлаклар,
Қайғулар ортимдан ёлворди қанча.
Кел, энди мен сенга ақл ўргатмай,
Бир ғилофга сиғмас иккита ханжар.

Керак бўлса, мени боқиб олар ғам,
Балолар кўзимга тик қаролмайди.
Осмонни бошига кўтарган одам
Бир чўккан кўнгилни кўтаролмайди.

Умрим адоғида бўлмасдим абгор,
Агар жон қадрига етганда жасад.
Одам билан одам қўшилмас зинҳор,
Одам билан тупроқ бирикар, фақат.

Бир ён – даъват этиб барчани сафга,
Тонг отмасдан сўфи азон ўқийди.
Бир ён – қарға кўзин чўқимас қарға,
Одамнинг юрагин одам чўқийди.

Қўшилар юракни ютиб лошимиз,
Бугун кечагидан баттар бўламиз.
Зеро, қўшилмади бизнинг бошимиз,
Энди икки бошли аждар бўламиз.

ТОНГ ОТГУНЧА

Тонг отгунча тебранар оғир,
Осилган ишқ, осий бир танда.
Тентирайди бодлар – мусофир,
Сен Бодлердан шеър ўқиганда…

Билмасман бу ишқ муддаосин,
Ёниб кетар дил – эски ҳужра.
Пичирлайсан ғусл дуосин,
Эҳтирослар мозори узра…

Туни билан тинмас товушлар,
Ногоҳ, қадр уйғонар жонда.
Юрагимни кетдим ҳовучлаб,
Тул товуқлар қичқирган тонгда…

ХАЁЛ МАҚБАРАСИ

Бир куни уйғотар самовий титроқ,
Тушларимга кирган дашту дарани.
Мендан одилроғу мендан олдинроқ,
Яманда оҳ тортди Увайс қараний.

Хоин тун бостириб келди хатардай,
Сўндириб бўғзимда қотган наърани.
Нафасимга қўшиб ютдим заҳардай
Тонглар косасидан томган заррани.

Ёлғизлик гоҳ тирнаб, гоҳида безар
Ўлган ишқдан ёдгор эски ярани.
Кимдир мендан кейин қуритиб кетар
Ёдимга тўкилган бир шаршарани.

Юрак дунёсининг тоғу тошида
Тамошо қилгайман бул манзарани:
Шамоллар кўтариб кетар бошида,
Хаёлим кўмилган чўнг мақбарани…

ОFЗИНГ ОШГА ЕТСА…

Оғзинг ошга етса…
Кўзларингни юм,
Балки, висолига етарсан ҳурнинг.
Қутурган нафсингни тиймасанг бир зум,
Юрагинг қонайди, қонамас бурнинг.

Оғзинг ошга етса…
Қилмагин обод,
Хиёнатнинг қизғин бозорларини.
Зиёрат қил, ошни сендан олдинроқ
Еб, ўлган итларнинг мозорларини…

ОЛИСЛАРДА

Бу оламда ўзимдай
Бир одам топганимда,
Ўзимга, ўзгаларга
Бу қадар ачинмасдим.

Дарё бўлган кўнгилнинг
Қаърига ботганимда,
Йўл бошида Аввалдан
Азалга яқинлашдим.

Баъзан, икки дунёга
Қўл силтадим сўкиниб,
Баъзида, дағаллашдим,
Баъзида, майинлашдим.

Оти улуғ зотларнинг
Турбатига тўқиниб,
Нафс дардига йўлиққан
Касалга яқинлашдим.

Орқадан санчилганда
Тўмтоқликнинг тиғлари,
Отам тирик бўлса ҳам,
Ёрдамга чақирмасдим.

Мен чорлаган майдонга
Бирорта мард чиқмади…
Ит, мушуклар аро жанг-
Жадалга яқинлашдим.

Оқибатдан лоф урган
Нокасларда, мен нодон
Ишқу диёнат кўрсам,
Бу гапни гапирмасдим.

Кимдир менга ёр эди,
Ким дўст эди қадрдон…
Ажал яқинлашмасдан,
Ажалга яқинлашдим…

БИР ТОМОН

Минг йил бир қозонда қайнаган жонлар
Қони қўшилмаган бир қошиқ қонман.
Баридан кечганман аллақачонлар,
Ҳамма бир томону
Мен бир томонман.

Ҳеч кимни қошимга этмасман даъват,
Ўзимни ўзига топширган жонман.
Мен, фақат, Худодан сўрайман мадад,
Ҳамма бир томону
Мен бир томонман.

Олти томони бор ҳар нотавонга,
Аввал салом бериб, келган товонман.
Ҳожат қолмаганда баҳсу баёнга,
Ҳамма бир томону
Мен бир томонман.

Ер, осмондан келар бир тўда лашкар,
Осмонга бегона, ерга ёмонман.
Юрагимда икки дунё талашгай,
Ҳамма бир томону
Мен бир томонман.

Тоғдай кўтарилган юрак – минбарим,
Ўзимга – ўзим қул, ўзим ҳоқонман.
Битта қўлдан чиққан қарсак сингари,
Ҳамма бир томону
Мен бир томонман

***

Юким ерда қолар…
Умр боғининг
Дарахти шохида кетмасман чириб.
Улоқтириб ташлар жон сиртмоғини
Жисмим яшар ернинг бағрига кириб.

Юким ерда қолар…
Бир кун чарчайди
Лошимни кўтарган ёнимдаги нор.
Вужудим ўзини ерга ташлайди,
Қаддин кўтарганда ёлғиз бир мозор…

МАСОФА

Қайғу- аламлардан қўлимни ювдим,
Аммо, ғамнинг доғи дилдан кетмади.
Ҳовлиқиб, Омаднинг ортидан қувдим,
Умрим етди, аммо, Бахтим етмади.

Тирикликнинг оғир қадамларига
Энг охирги нафас насиб этмади.
Юракда кўз очган маъно қаърига
Кўзим етди, аммо, Вақтим етмади.

Гўрнинг азобидай қайғулар узун,
Тонг отмай узилар умид эртаги.
Чўккан руҳ қўлидай чўзилганда тун,
Ўзим етдим, аммо, ақлим етмади…

ТИЛАК

Қисматнинг қоронғу кўчаларида
Йўлинг ёруғ бўлсин, йўлинг оқ бўлсин!
Қолма аросатнинг гўшаларида,
Fам қалбингга яқин ё йироқ бўлсин!

Кўксинг ичра юрак, Даққи Юнусдан
Қолган қадимий бир шамчироқ бўлсин!
Ўткинчи дунёдан умидин узган
Жонинг у дунёда бахтлироқ бўлсин!

«Ҳақни сев, Мустафо юрган йўлдан юр…»(1)
Юзинг битта бўлсин, сўзинг тоқ бўлсин!
Қудуқ бўлсанг, тубинг ўзингдан чуқур,
Ўзгалардан эса баландроқ бўлсин!..

1-Муҳаммад Иқбол сатри.

КўНГИЛ ЙўЛИ

Менинг кўчамда ҳам байрам бўлади,
Бир ерга йиғилса қондан ўтганлар.
Тўлиб кетар эди кўнглим йўлаги,
Ўтганда эшаги лойдан ўтганлар.

Ҳали инсон зоти қўймаган қадам,
Кўнглимнинг кўчаси тўлар ўшанда:
Менинг кўчамда ҳам бўлади байрам,
Жасадим солинган тобут ўтганда…

ФУРСАТ

Бу дунёдан қўлингни ювиб,
Ўта олсанг олам баҳридан.
Ишқ келганда, кўзингни юмиб,
Унга бағир очсанг – бахтлисан!

Топганингга қаноат қилиб,
Ибрат олсанг тоқат аҳлидан.
Қайғуларни бир жойга йиғиб,
Шодлигингни сочсанг – бахтлисан!

Муҳаббатдан ахтариб нажот,
Қўрқсанг агар Худо қаҳридан,
Ўз вақтида чиқариб қанот,
Ўз вақтида қочсанг – бахтлисан!..

БОЯЗИД БИСТОМИЙ ЗИКРИ

1.ДУО

Қаҳратон… Совуқ қиш кечаси эди,
Изғирин юракка соларди ғулув.
Боязиднинг бемор волидалари
Ётган жойларида сўрадилар сув.

Боязид булоққа бордилар дарҳол,
Кўзани тўлдириб келдилар шу дам.
Уйқуга кетганди волида такрор,
Кўзлари қиймади уйғотишга ҳам.

Юмилиб кетса-да кўз қароғлари,
Шу ҳолда кутдилар аллақанча вақт.
Совуқдан муз қотган қўл, бармоқлари
Кўзага ёпишиб қолганди карахт.

Қўлда кўза билан қилдилар тоқат,
Совуқнинг таъсири келмасди малол.
Ҳорғин кўзларини очиб ниҳоят,
«Сув» деб инграндилар она бемажол.

Она кўзларини оҳиста очиб,
Боязидни кўриб, қолдилар ҳайрон.
Ўғил турар эди совуқдан қотиб,
Сув тўла кўзани кўтариб ҳамон.

«Айт, кўзани ерга қўймадинг нечун,
Нега сен қўлингда турибсан тутиб?..»
«Уйғонсангиз дарҳол сув бериш учун,
Маҳтал қилмай дея турибман кутиб…»

Боязид кўзани ерга қўйгунча,
Волида дуога кўтардилар қўл:
«Ё, Раббий, мен энди ўла-ўлгунча
Ўғлимдан розиман, сен ҳам рози бўл!..»

2.ВАЛОЯТ

Ҳазратга дедилар: «Табаррук зотсиз,
Марҳамат этгайсиз хосу авомга.
Руҳият мулкига сиз бир нажотсиз,
Қандай эришдингиз юксак мақомга?..»

Ҳазрат сўйладилар: «Ойдин бир тунда
Ажиб ҳол чулғади, Бистомдан чиқдим.
Атроф ёруғ эди, сокин жунунда
Ўзимни унутиб кетар эдим жим.

Бирдан бўлди кўзим ўнгида пайдо,
Мумтоз, маҳобатли бир олий мақом.
Бу юксак ҳилқатнинг наздида, ҳатто,
Ўн саккиз минг олам эди нотамом.

Мени жазба ҳоли чулғади ўшал,
Буткул ақлу ҳушдан бегона эдим.
«Ё, Раббий, бунча кенг, бунчалар гўзал,
Муҳташам бу даргоҳ нечун бўш?» дедим.

Садо келди: «Ушбу даргоҳга ҳеч ким
Келмагани боис бўш эмасдир бул.
Бунда ҳар қандай зот тополмас тўзим,
Нолойиқ кимсалар этилмас қабул…»

Ногоҳ юрагимдан бир орзу тошди,
Чўкдим надоматнинг тубсиз оҳига:
«Мен ҳам шафоатчи бўлсайдим, кошки,
Ҳар ким бу даргоҳга эришмоғига…»

Шафоат мақоми – Пайғамбарга хос,
Барча гуноҳимиз, савобимизга…
Сескандим, ўзимни қилгандек қиёс,
Муҳаммад Мустафо жанобимизга.

Тазарру айладим ўша лаҳзада,
Ўйлаган ўйимдан дарҳол кечдим воз.
Эшитдим, қалбимни солиб ларзага,
Fойибдан келди бир сеҳрли овоз:

«Тингла, эй, Боязид, сендай огоҳга
Султон-ул-орифин мақоми жоиз.
Султон-ул-анбиё, Расулуллоҳга
Одоб, муҳаббатинг, ҳурматинг боис.

Зеро, мосуводан юз бурдинг бадар,
Ноласи руҳга ризқ таратган найсан.
Юксалдинг, энди сен қиёмат қадар,
Султон-ул-орифин деб эслангайсан!..»

3.ДАЪВАТ

Ҳазрат қабристонда кўп кезардилар,
Руҳларни зиёрат айлардилар мўл.
Бир кеча айланиб юрганларида,
Таёқ билан урди тунги қоровул.

Тун эди, қоровул йиғолмай эсин,
Ҳазратни ўғри деб ўйлади чоғи.
Яна бир неча бор ургандан кейин,
Синди қўлидаги ирғай таёғи.

Хафа бўлмадилар Боязид, гарчанд,
Ақлга сиғмасди бу ҳол талқини.
Уйга етиб келгач, талабалардан
Сўрадилар синган таёқ нархини.

Сўнг бир шогирдлари орқали шу кун,
қоровул номига битиб махсус хат,
Бир талай ширинлик ва бир миқдор пул
Бериб юбордилар шод, мамнун ҳазрат.

«Муҳтарам қоровул, мен ўша тунги
Айбимга чин дилдан иқрорман чунон.
Мени таёқ билан урдингиз, чунки,
Сиз мени ўғри деб қилдингиз гумон.

Мени урмасдингиз, бевақт, бемаҳал,
Сизнинг тинчингизни бузмаганимда.
Эҳтимол, синмасди таёғингиз ҳам,
Кечаси қабристон кезмаганимда.

Мен сизга ширинлик бериб юбордим,
Ва синган таёқнинг эвазига пул.
Ҳайданг юракдаги ғашлик, ғуборни,
Ўша ширинликдан айлаб тановул…»

Ёш қоровул ушбу мактубни ўқиб,
Аллоҳ ишқи билан юраги тўлди.
Дунёвий ташвишлар баҳридан ўтиб,
ҳақиқат йўлига равона бўлди…

4.ҲАЖ САВОБИ

Боязид Бистомий ҳаж зиёратин
Қирқ беш бор чин дилдан этганда адо,
Васвасага тушиб, ўз итоатин
Унутган нафслари айлади даъво:

«Ҳамма ҳам сен каби, ушбу борлиқда
Қирқ беш бор ҳаж қилиш бахтига ёрми?
Руҳоният ичра тақводорликда
Боязид, айт, сенга ўхшаган борми?..»

Жуда оғир ботди ҳазрат қалбига,
Нафснинг хуружидан янграган талаб.
Дедилар, Арофат тепалигида
Тўпланган оломон томонга қараб:

«Халойиқ! Эшитинг менинг гапимни,
Ботил бўлди буткул қилган тоатим.
Бераман қирқ беш бор қилган ҳажимни,
Агар битта нонга сотиб олса ким!..»

«Мен оламан!» деб нон узатди кимдир,
Аллоҳ етган каби унинг додига.
Ҳазрат нонни олиб, бурдалаб бир-бир,
Ташладилар бир оч кучук олдига…

5.ЭҲСОН

Султонул-орифин туролмадилар,
Бир тун, уйқу босиб, тонг намозига.
Йиғлаб-сиқтадилар, чидолмадилар,
Тонгги ибодатнинг бу қазосига.

Жуда оғир ботди ибодат тарки,
Қолдилар пушаймон, қолдилар хомуш.
Шу қадар ўкиниб инградиларки,
Ниҳоят, ғойибдан келди бир товуш:

«Боязид, гуноҳдан эрурсан халос,
Зеро, қилмишингдан ўзинг пушаймон.
Сени афу этдим, етмиш минг намоз
Савобини сенга айладим эҳсон!..»

Ойлар ўтди, намоз вақти ҳам етиб,
Ширин уйқу босди уларни тағин.
Шу лаҳза у зотни уйғотди туртиб,
Талвасага тушган шайтони лаин.

Боязид уйғониб сўрдилар: «Нечун
Менинг савобимни этмадинг ғорат?
Fафлатдан уйғотдинг мени, эй, малъун,
Қайдан пайдо бўлди сенда бу одат?!..»

Шайтон жавоб берди: «Уч-тўрт ой бурун,
Қазо бўлганида сабоҳий тавоб,
Сен пушаймон айлаб, куйганинг учун,
Ҳадя этилганди етмиш минг савоб.

Бекор уйғотмадим сени тавобга,
Сени бир савобга айладим маҳкум.
Маҳкум айлаб сени битта савобга,
Етмиш минг савобдан айладим маҳрум.

6.ҲОЛ ТАСДИFИ

Бир кун сўрадилар:
«Муршидингиз ким?..
Қайдан келди Сизга бу олий мақом?»
«Бир аёл… Мен уни муршид деб билдим…»
Тағин сўзларида этдилар давом:

«Ўзимда йўқ ҳолда кетардим бир кун,
Қалбимга Аллоҳнинг ишқи ёр эди.
Бир аёлни кўрдим, қўлда бир қоп ун,
«Шу қопни уйимга элтиб бер» деди.

Қўзғалган ғурурим имкон бермади,
Мен имкон ахтардим ғофил нафасдан.
Ишорат айладим, ўша ердаги
Битта арслон чиқиб келди қафасдан.

Ва қопни арслонга юкладим секин,
Ҳузур қилиб ҳолим, салобатимдан.
Бироқ, қўрқар эдим, хижолат эдим,
Ошкора кўрсатган кароматимдан…

«Кимни кўрдим дейсиз?..» Ундан сўрадим,
Аёл жавоб берди: «Бошим эгарман,
Аммо, кимни кўрдинг, деб сўраса ким,
Золим Боязидни кўрдим, дегайман…»

«Нега?..»
«Бу арслонни, Аллоҳ таоло
Яратмаган, ахир, ҳаммоллик учун.
Сиз унга юк ортиб қилдингиз хато,
Бу зулм, золимлик эмасми бутун?..

Эҳтимол, одамлар ҳайратдан айтар,
Боязид каромат кўрсатибди деб.
Бу ҳол – иззат талаб қилгандан баттар,
Бу ҳол – нафсингизни ясантирган зеб…»

Боязид дедилар: ҳол, бу ҳавасдир,
Банданинг иймони қаттиқ бўлмаса.
Ҳар нечук каромат раво эмасдир,
Аллоҳ таолодан тасдиқ бўлмаса…

7.НАДОМАТ

Орифлар султони ёнидан бир кун
Бир ит ўтар эди сокин, безавол.
Итга тегиб ифлос бўлмаслик учун,
Ўзларини четга тортдилар дарҳол.

Бу ҳол қаттиқ ботди итнинг кўнглига,
Итнинг юрагини қоплади озор.
Бир лаҳза одамдай ўйга чўмди-да,
Ногоҳ тилга кириб сўйлади жонвор:

«Сизга кирим тегса, бўлманг ғамбода,
Ҳалол бўлар, агар ювилса уч бор.
Аммо, ювилса ҳам етти дарёда,
Нафсингизнинг кири покланмас зинҳор…»

«Кел, бирга бўлайлик, айбимиз – аён,
Нафимиз тегади бир-биримизга…»
«Сиз дўст бўлолмайсиз менга ҳеч қачон,
Насиб айламагай бу тақдир бизга.

Зеро, тош отади мени кўрса ким,
Сизни эса ҳамма тортади ошга.
Мени хўрлаб, Сизга айлашар таъзим,
Ахир, йўриғимиз, йўлимиз бошқа.

Мен ғамга ботаман эртани ўйлаб,
Сизнинг эгнингиз бут, кўнглингиз ҳам тўқ.
Зеро, омборингиз – буғдойга тўла,
Менда емоқ учун бирор суяк йўқ…»

Боязид қолдилар қайғуга чўмиб,
Ва надомат билан сўйладилар жим:
«Начора, орифлар султони бўлиб,
Ҳатто, бир кўппакка дўст бўлолмадим…»

8.ТАВАЖЖУҲ

Риёзатнинг асил маъноси надир,
Жон лашкари исён кўтарган танда?
Қай малҳам қалб кўзин айлагай басир,
Кўнгил гуноҳ билан хасталанганда?..

Ҳар нафас ёдидан айлагай назар,
Залолат қамраган кўнгилнинг сири.
Ўзаро ийланиб, қўшилса агар,
Истиғфор япроғи, тавба томири.

Тавҳид тўқмоғи-ла ботин, зоҳири
Туйилар, қон сизиб нолон сасида.
Истиғфор япроғи, тавба томири,
қақшаган юракнинг ҳовончасида.

Ишқнинг оловида пишар бу малҳам,
Гар ёнса Аллоҳга ишқнинг олови.
Ва уни шифобахш айлагай ҳар дам,
Ўшал Муҳаммадий муҳаббат боли.

Руҳ ўз манзилига қайтар ёруғ юз,
Гуноҳлар қувилар гуноҳкор дилдан.
Тановул этилса кечаю кундуз,
Бу малҳам, қаноат қошиғи билан…

АБДУХОЛИқ FИЖДУВОНИЙ. ЎН БИР ДАСТУР

Кириб чиққан нафас ноласидаги
Ҳузур-ҳаловатдан хабардормисан?
Ўшал икки нафас орасидаги
Нафасингда, ўзинг бормисан?!..

Олис-олис йўлда, ҳар бир қадамдан
Кўтарилиб кетган чанг-ғубормисан?
Оёғинг остига, ерга қадалган
Назарингда, ўзинг бормисан?!..

«Хожагон» йўлида, охири бахайр
Риёзат юкига битта нормисан?
Ватан ичра Ватан маъносига сайр,
Сафарингда, ўзинг бормисан?!..

Ҳаққа ҳамроҳмисан хилват қўйнида,
Анжуманда халққа йўлдош, ёрмисан?
Ўша оломоннинг кўзи ўнгида,
Жавҳарингда, ўзинг бормисан?!..

Тавҳид калимасин айладингми ёд,
Тил билан дилингга мададкормисан?
Зикрда кўзларинг юмилган заҳот,
Саҳарингда, ўзинг бормисан?!..

Ҳар бад, ҳар балони қувдингми дилдан,
Нафсингга дормисан ё бе дормисан?
Собит ҳақиқатнинг, ёлғондан қилган
Ҳазарида, ўзинг бормисан?!..

Нигоҳ тиғи, аввал, қалбга раводир,
Бегона ҳисларга тутқун, хормисан?
Неку бад жангида, хавфу хавотир,
Хатарингда, ўзинг бормисан?!..

Завқ йўлида, шуҳуд ойнаси берган
Ҳузур ҳолидаги оҳу зормисан?
Ўздан кетмай, мурид истило этган
Зафарингда, ўзинг бормисан?!..

Қабзу баст ҳолига айлаб таважжуҳ,
Дунёни бағрига олган ғормисан?
Шукрингдан, узрингдан тополган шукуҳ,
Кафанингда, ўзинг бормисан?!..

Кўнгилни ёритган ул қароғингда
Ўргимчак тўқиган ўшал тормисан?
Зикр айлаган чоғ, тоқ саноғингда,
Қадарингда, ўзинг бормисан?!..

Аён бўлса юрак муроқабаси,
Қалб илмига шоён бир мозормисан?
Тутқун жоннинг синиб кетган қафаси,
Баданингда, ўзинг бормисан?!..

АНБИЁЛАР ЗИКРИ

Ҳамма шайтон бўлса, қиёмат қани?
Ҳамма Одам(1) бўлса, ибодат қани?

Ўшал Идрис(2) қани, бир набий қани?
Ҳақ ҳукмин келтирган илк ваҳий қани?

Нуҳдай(3) кема ичра жони бир қани?
Нажот қони билан қони бир қани?

Ҳуд(4) Зорин тинглаган безавол қани?
Гуноҳни супурган сард шамол қани?

Солиҳнинг(5) келтирган муждаси қани?
Тош ичидан чиққан туяси қани?

Ёниб кул бўлмаган ул оҳим қани?
Ҳамма Намруд, бироқ, Иброҳим(6) қани?

Бачабоз қавмидан қочган Лут(7) қани?
Бутга сиғинмаган қалби бут қани?

Иймон поклигига бурҳонлик қани?
Исмоил(8) жонидай қурбонлик қани?

Исҳоқ(9) нигоҳидай басорат қани?
Фаришталар қилган башорат қани?

Кўнгил булоғининг замзами қани?
Яқубнинг(10) чўрию маҳрами қани?

Юсуфдай(11) сарсону саргардон қани?
қудуқнинг ичида тирик жон қани?

Шуайбнинг(12) осмонга ноласи қани?
Булутнинг ердаги сояси қани?

Аюб(13) дардин бошдан кечирган қани?
Аллоҳга шукрона келтирган қани?

Қисмат битган умр котиби қани?
Зулкифл(14) – кафолат соҳиби қани?

Кўнгил осмонига етган Тур қани?
Мусога(15) намоён бўлган нур қани?

Золим Фиръавндан иноят қани?
Ҳорун(16) даъват этган ҳидоят қани?

Довуддай(17) Забурга замондош қани?
Жолут қаншарини ёрган тош қани?

Билқис тирик бўлса, Сулаймон(18) қани?
Иблис йўлдан урса, пушаймон қани?

Авомнинг Илёсдай(19) бир хоси қани?
Инсоннинг инсонга ихлоси қани?

Нафс ўтида куйган кофирлар қани?
Аляса(20) келтирган ёмғирлар қани?

Кўкрак ичра юрак чилласи қани?
Юнусга(21) балиқнинг сийнаси қани?

Ўшал Закариё(22) тоқати қани?
Муҳаррар Марямнинг тоати қани?

Яҳё(23) рутбасидай мажидлик қани?
Довуд меҳробида шаҳидлик қани?

Исо(24) кўрсатган ул каромат қани?
Яҳузо ширкига маломат қани?

Зулматда тўзғиган нур, зиё қани?
Авлиёлар кўпдир, анбиё қани?

Кўнгил қашшоқ бўлса, хазина қани?
Дилдаги Маккаю Мадина қани?

Ҳамма одил бўлса, жиноятчи ким?
Ҳамма эшон бўлса, зиёратчи ким?!..

1-2-3-4-5-6-7-8-9-10-11-12-13-14-15-16-17-18-19-20-21-22-23-24 -«Қуръон»да номлари зикр этилган пайғамбарлар.

САЙЙИД АБДУЛҚОДИР ГИЛОНИЙ ЗИКРИ

Бир кеча ҳазрати Рисолатпаноҳ
Тушларида аён бўлди бир тилсим.
Тўққиз чироқ ёғду таратиб ногоҳ,
Бир чироқ нурига сингиб кетди жим…

Маҳбублар ёритар дорилбақони,
Кўнгил аҳлига хос бу жалолу жоҳ.
Қиёмат кунида маҳмуд мақоми
Мажзублар руҳига бўлгай қароргоҳ.

Риёзат ўтида ёниб кетди нафс,
Кўнганда шайтоннинг васвасасига.
Оллоҳ даргоҳига етиб борди арз,
Ошиқлик, маъшуқлик мартабасида.

Меърож туни етти қават кўкдан сўнг
Арш ёвуқ келганда теппаларида,
Султонул анбиё оёқларининг
Изи қолди ҳазрат елкаларида.

Эранларга шайтон сиёғи аён,
Йўлдан оздиргайдир хосу авомни.
Fавсул Аъзам дерлар, ўшадир шайтон,
Ҳалол қилдим деса барча ҳаромни.

Ҳар куни ибодат фарзини ҳазрат
Бир оёқда туриб этганда адо,
Нидо келди: «Айтгил, қаддама ҳазаҳ
Ало рақбата кули валиюллоҳ!»(1)

Истакдан мосуво имон пирлари,
Оғиб кетолмагай ризо, ваҳмига.
Шукр эшигидай, олам сирлари
Очилгайдир, фақат, кўнгил аҳлига.

Дунёвий ишқ аҳли нафс балосига
Чора тополмади минг йил йўл босиб.
Юрак қавмидай дард ақрабосига
Таслим мартабаси бўлди муносиб

Ё ориф айлаган ё телба қилган,
Фано мақомига элтувчи роҳлар.
Дунёнинг ишига машғуллик билан
Дунёдан фориғдир валиюллоҳлар.

Ҳеч қачон сиғмагай воҳидлик завқи,
Вужуднинг омонат кошонасига.
«Илондай пўст ташлаб»(2) худонинг халқи
Бош қўяр қурбининг остонасига.

Очса мушоҳада боргоҳи бағир,
Машаққат, қийноқлар роҳат бағишлар.
Ўзидан Оллоҳни сўрамас тақир,
Оллоҳдан ўзини сўрар дарвишлар.

Рамазон ойида руҳоний гўдак
Саҳардан шомгача эммас онасин.
Оллоҳнинг чинакам ошиқларига
Шоёндир фақирлик хилватхонаси.

Тазарру қўлида жон берган гуноҳ
Бошин эгиб турар тирик тавбамга.
Дунёдаги барча хос валиюллоҳ
Иқтидо қилмоқда Fавсул Аъзамга…

1-«қадамим жами авлиёларнинг гарданларигадир!»
2-Боязид Бистомий ҳоли.

БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ЗИКРИ

1.САОДАТ ЛИБОСИ

Бир куни ҳикоя қилдилар ҳазрат:
«Қиш эди, ҳис этдим жазба ҳолини.
Оёқяланг кездим тоғу тошларда,
Ҳатто, товонларим кетди ёрилиб.

Гоҳ ҳузур қилиб гоҳ ҳайратланардим,
Ўз ҳолимдан ўзим эмасдим огоҳ.
Хожам Амир Кулол ҳазратларининг
Суҳбатларин кўнглим тусади ногоҳ.

Бордим, талабалар бўлган эди жам,
Ҳазратнинг ўзлари тўрда эдилар.
«Ким бу?» деб туйқусдан сўради Хожам,
«Баҳоуддин» дея жавоб бердилар.

Мени ҳайдадилар ушбу мажлисдан,
Хожам амри билан бўлдим бадарға.
Юрагим ёнарди ўжар бир ҳисдан,
Мен тайёр эмасдим бундай хатарга.

Собит туйғуларим йитиб кўнгилдан,
Кимгадир сочмоқчи бўлдим қаҳримни.
Аллоҳ таолонинг эҳсони билан
Қайтардим саркашлик қилган нафсимни:

«Эй, нафс, мен енгаман бундай хўрликни,
Ҳеч қачон бўлмасман истагимга қул.
Мени енголмаган бу кўргуликни
Аллоҳ даргоҳида айлагай қабул…»

Ҳазрат эшигида қолдим мен ётиб,
Тонггача қор ёғиб кўмди лошимни.
Бомдодга чиққан чоғ, олдилар босиб,
Ҳазрат, қор ичида қолган бошимни.

Ҳолатимни кўриб, ҳолимни кўриб,
Мени ичкарига олдилар ҳазрат.
Диллари муршидлик меҳрига тўлиб,
Таважжуҳда бўлиб, бердилар мадад.

Суғуриб муборак қўллари билан,
Кирган тиканларни, оёқ-танимга.
Тасалли бердилар бошимни силаб,
Сўнг малҳам сурдилар яраларимга.

Марҳамат этдилар: «Гар кимда мангу
Руҳоний файзи бор, ўша ошиқдир.
Ўғлим, қалбингизни безаган ушбу
Саодат либоси Сизга лойиқдир!..»

2.ҲАҚ СИРИ

Бир тун қабристонда кезардим ёлғиз,
Жазаба ҳолидан қилардим ҳузур.
Уч буюк зот ётган мозорнинг ожиз
Чироқлари хира сочар эди нур.

Қиблага юзланиб, кетдим ўзимдан,
Атрофда одам кўп, мен эдим карахт.
Шу лаҳза кўринди менинг кўзимга,
Яшил ёпинчиқ-ла безатилган тахт.

Теваракка боқдим ахтариб нажот,
Ўйладим, бу ҳолат, балки, онийдир.
Кимдир деди: «Тахтда ўтирган ул зот,
Ҳазрат Абдухолиқ Fиждувонийдир…»

Одоб билан салом бердим ҳазратга,
Қўлларини ўпдим, қилиб пок ният.
Интизор эдим мен олий даъватга,
Ҳазрат айладилар менга насиҳат:

«Алҳол сизга ёвуқ келар йироқлар,
Бу ҳам Аллоҳнинг бир кароматидир.
Қабр бошидаги хира чироқлар,
Юксак мақомингиз аломатидир.

Илм, қобилият жавоҳирлари
Дилга жило берар, амал қилсангиз.
Аён бўлар ҳақнинг махфий сирлари,
Чироқ пилигидай кўтарилсангиз…»

3.ИБРАТ

Ботил туйғулардан бўлгандим зада,
Истагим қўлида чалинмаган соз.
Бир кун кўриб қолдим қиморхонада,
Берилиб ўйнарди икки қиморбоз.

Атрофда нима бор, қилмасди парво,
Тикишга ҳам тайёр эди бошини.
Қўли баланд келди бирининг ногоҳ,
Ва бири бой берди бор дунёсини.

Қиморбоз дер эди завқ билан: «Не ғам,
Топган-тутганимдан айрилдим чиндан.
Молу мулким тугул, бошим кетса ҳам,
Зинҳор воз кечмайман ушбу йўлимдан…»

Мен шунда англадим, ошиқ руҳига
Робита бўлолмас завқу шавқ ирси.
Восил бўлдим олис шавқ шукуҳига,
Менга ибрат бўлди қиморбоз ҳирси.

4.ИЛТИФОТ МЕЪЁРИ

Меҳрим беҳад эди зодаларимга,
Уларни эркалаб суярдим бот-бот.
Бир куни оилам, болаларимга
Қилдим керагидан ортиқ илтифот.

Ногоҳ қулоғимнинг остида ёниб,
Бир махфий сас-садо чақмоқдай чақди:
«Айтгил, келмадими, ҳар недан тониб,
Аллоҳга қайтишнинг фурсати, вақти?!..»

Буни тинглаб, бирдан ўзгарди ҳолим,
Недир юрагимни ташлади ёриб.
Либосимни ювдим, йиғиб мадорим,
Fусл қилдим яқин дарёга бориб.

Кейин икки ракат намоз ўқидим,
Тавба қилдим, гуноҳ қилмаслик учун.
Ҳар недан қўл узиб, кўнгил узиб жим,
Аллоҳ таолога қайтдим бус-бутун.

Жоним қолиб кетар эди кафанда,
Дилимда ёнмасди имон ёғдуси,
Гуноҳга ботардим, ушалмаганда
Ўша икки ракат намоз орзуси…

5.ТАҲАММУЛ

Бир куни тўсатдан қолганимда оч,
Нафсим ҳаддан ошиб, қутурди ёмон.
Бу ҳол етаклади мени ноилож,
Хожа Баҳоуддин Бухорий томон.

Ҳазрат яқин келиб, энсамга қаттиқ
Урдилар, бақирдим калтак зарбидан.
Нима бўлганини билмайман аниқ,
Халос бўлган эди қалбим дардидан.

Ҳазрат Баҳоуддин аччиқландилар:
«Наъра тортмай, сабр қилсайдинг, нодон,
Ишинг битар эди бир суҳбат билан,
Ва ўз мақсадингга етардинг осон!..»

6.ТАВАККУЛ

Ҳазратни ахтариб Хуросон сари
Йўл олдим дуч келган кемага миниб.
Азон айтдим, кема аҳлининг бари
Намозга турмади тонгда эриниб.

Зиллат, залолатнинг йўлин тўсмадим,
Нафсим таом тусаб, мени этди лол.
Бу ҳол қаршисида ҳолим ўзгариб,
Аллоҳга ёлвориб, қилдим арзи ҳол:

«Аллоҳим, ким сендан розилик сўрса,
Неки лозим бўлса, айларсан эҳсон.
Ризойингдан ўзга, ёдингдан ўзга
Нарса тиламасман сендан ҳеч қачон!..»

Егуликни едим, безиб нафсимдан,
Биёбон бағрида кезардим сарсон.
Ногоҳ пайдо бўлди менинг қаршимда
Ўйноқлаб югурган бир сурув жайрон.

Мени кўриб ҳар ён қочди оҳулар,
Хожанинг руҳидан нажот истадим:
«Самимий бўлганда, қочмасди улар,
Агар бу йўлдаги орзу-истагим…»

Шу ўй адоғида ҳолим ўзгариб,
Жайронлар олдимга келдилар яқин.
Менинг атрофимда улар тўпланиб,
Юзларин юзимга ишқади майин…

Ҳазрат суҳбатига эришганда зор,
Қон сачраб кетарди оҳ-фиғонимдан.
Улар атворимдан мени хабардор
Ва огоҳ этдилар ҳақир ҳолимдан:

«Қаровсиз юракни қўриқлар умид,
Эгасиз қалб турса муҳаббатга шай.
«Умрим зое кетди» демагай мурид,
«Буни аввал билган бўлсайдим» дегай…

7.ТАВБА

Ҳазрат Баҳоуддин зиёратига
Шайх Шоди деган зот этганда қусур,
Гуноҳи акс этиб қиёфасида,
Бир куни ҳазратдан сўради узр.

Ҳазрат бу ҳолатдан огоҳ эдилар,
Шайх Шодига қараб дедилар малул:
«Шифоси бор гуноҳ афу этилар,
Бедаво узрлар этилмас қабул…»

Шайх Шоди ҳазратга боқди умидвор,
Ноласи титратди нурли гўшани:
«Сиз учун атаган бир ҳўкизим бор,
Қабул айланг, Сизга берай ўшани…»

«Девор орасига анчадан буён
Яшириб қўйган қирқ олтинингиз бор.
Қабул этилгайдир узрингиз шу он,
Ўша олтинларни этсангиз нисор…»

Шайх Шоди таажжуб ичра қолди лол,
Ушбу воқифликдан ҳайратга чўкди.
Яширган қирқ дона олтинни дарҳол
Келтириб ҳазратнинг олдига тўкди.

Ҳазрат олтинларни санаб бирма-бир,
Ажратиб қўйдилар бир донасини.
Қолган олтинларни шайхга қайтариб,
Айтдилар бу ҳолат хулосасини:

«Деҳқончилик қилинг, битта ҳўкизни
Сотиб олинг олтин тангаларига.
Ўша йиғиштирган ҳосилингизни
Тарқатинг Аллоҳнинг бандаларига!..»

Шайхдан сўрадилар: «Қайдан келганди,
Ҳазрат ажратган ул бир дона олтин?..
Шайх деди: «Қиморда ютиб олгандим,
Ҳазратимга шогирд тушмасдан олдин…»

8.МУРШИД МАРҳАМАТИ

Хожа Баҳоуддин англар эдилар
Ўзлари ўтирган олий мавқени.
Бир кун шогирдларга савол бердилар:
«Мен Сизни топдимми ё сизлар мени?..»

Барча деди: «Сизни топганмиз бизлар,
Бизлар талпинганмиз, фақат, Сиз жониб».
«Ундай бўлса, мени топинглар излаб»
Дея бир лаҳзада бўлдилар ғойиб.

Шогирдлар ҳазратни ахтариб бу дам
Чопдилар ҳар ёнга, чопдилар ҳайрон.
Топа олмадилар изларини ҳам,
Айтган гапларига бўлиб пушаймон.

Сўнг дедилар: «Маъзур тутинг, ҳазратим,
Бу ҳолдан биз огоҳ эмасдик ҳаргиз.
Сиз билан суҳбатга ета олур ким,
Ўзингиз марҳамат кўрсатмасангиз?..»

9.АВФ

Хожа Баҳоуддин ҳазратларига
Адабсизлик қилди бир зот бир куни.
Ҳазрат эрк бермасдан ғазабларига,
Табассум-ла қарши олдилар уни.

Ногоҳ оғир дардга йўлиқди у зот,
Кўтара олмади ёстиқдан бошин.
Рамақижон бўлиб ахтарди нажот,
Дарҳол тавба қилди англаб хатосин.

Дори-дармонлар ҳам бермасди мадад,
Дарднинг чангалида қақшаб жон-тани.
Бундан огоҳ бўлиб, бир куни ҳазрат
Уйига бордилар ҳол сўрагани.

У деди: «Авф этинг, ранжитдим Сизни,
Адабсизлик қилдим Сизга, ҳазратим…»
Ҳазрат дедилар: «Йўқ, хотирингизни
Жам қилинг, кўнгилдан олиб ташладим.

Дилимиз ўшанда ранжиган эди,
Алҳол ой толаси янглиғ мусаффо.
қўрқманг, тузаласиз, ўз бандасига
Дард бериб, шифо ҳам бергайдир Аллоҳ.

Муршидлар – қиличдир қинидан чиққан,
Кўзни қамаштиргай ўти, яллиғи.
Омонлик топмайди унга йўлиққан,
Зеро, бу қиличнинг ўткирдир тиғи.

Унутманг, бу қилич келтирмас завол,
Залолатдан асрар, гуноҳдан асрар.
Муршидларнинг кўнгли чекса-да озор,
Улар ҳеч кимсага қилич урмаслар.

Муршидлар дардини ютади ичга,
Марҳамат соҳиби – муршидлар бари.
Ўзини уради ушбу қиличга,
Одамзоднинг бало ахтарганлари…»

10.КАРОМАТ

Тасаввуф йўли бу – узундан-узун,
Руҳини қобиққа ўраганларга.
Ҳазрат Баҳоуддин Бухорий бир кун
Дедилар каромат сўраганларга:

«Бизларнинг каромат ошкору аён,
Шунча гуноҳ билан, соғу саломат,
Ер юзида яшаб юрибмиз ҳамон,
Булурми бундан ҳам ортиқ каромат?!..»

11.ПАРДА

Ҳазрат Баҳоуддин, дўст-танишларга
Ваъда бергандилар қай бир суҳбатда:
«Қандай ўлиш керак?
Ул  дарвишларга
ўргатаман қазо келган муҳлатда…»

Сўнгги дам…
Қулларин очиб дуога,
Кафтларини юзга суртиб… қотдилар…
Парда тортган каби ёруғ дунёга,
Ўз қўллари билан…
Кўзни ёпдилар…

ТЎРТЛИКЛАР

***

Гар сен порламасанг, ҳамал порлайди,
Гар сен зорламасанг, касал зорлайди.
Мен маҳтал турибман битта имога,
Гар сен чорламасанг, ажал чорлайди.

***

Гуноҳда не гуноҳ, йўқдир бегуноҳ,
Залолат йўлидан ҳамма ҳам ўтар.
Жонмисан, танмисан, гадомисан, шоҳ,
Билдингми? Иқрор бўл!.. қилдингми? Кўтар!..

***

Охири ёлғондир барча эртакнинг,
Ахир, тамом бўлмас эски эртаклар.
Меҳнати ҳалолдир, фақат, эшакнинг,
Ҳалол меҳнат қилар, фақат эшаклар.

***

Дардинг ортса, дардларинг ортса,
Тўзим берсин дарди борларга.
Дўстинг сотса, дўстларинг сотса,
Инсоф берсин харидорларга.

***

Ёрдам кутма ёру дўстингдан,
Сендан ёрдам кутмаса улар.
Ўлсанг, йиғлар сенинг устингда,
Ўлмай қолсанг, устингдан кулар.

***

Қора тун қўйнидан чиқиб келар моҳ,
Ҳаттоки, жон чиқар бир кун қамоқдан.
Сайёҳ чиқмас экан саёқдан ҳеч гоҳ,
Авлиё чиқмаскан ялангоёқдан…

***

Сой бўласан – чаман бўлмайсан,
Ой бўласан – олам бўлмайсан.
Той бўласан – саман бўлмайсан.
Бой бўласан – одам бўлмайсан!

***

Ўз жонимга ўзим қалқону тиғман,
Ўзим қобиқману ўзим фориғман.
Юрагимда кезар ялангоёқлар,
Ишқнинг пойгоҳида қолган чориқман.

***

Изламасман йўқолсанг, йитсанг,
Гарчанд, сӯнгги чора бўлсанг ҳам.
Итсан, итсан, барибир итсан,
Оқ бўлсанг ҳам, қора бўлсанг ҳам.

***

Эй, Ажал! Бунчалар худбинсан нечун?!..
Гуноҳдай, юракдан қувғинсан нечун?!..
Ҳаёт чаманидан сара гул узиб,
Сўнг ерга ташлаган гулчинсан нечун?!..

***

Мендан жон сўраган эдинг, эй, Бало,
Айт, сенга қачон жон бермаган эдим?
Айтгил, нега сенинг бир бетинг қаро?
Нечун қаро, менинг ҳар икки бетим?!..

***

Бандалик – барчага қисмат эрур бул,
Фақат, ёнган жонлар ёниб бўлгай кул.
Раҳмат қилган бўлсин Сизга Худойим,
Эй, гулчин ажалнинг қўлидаги Гул!..
***

Ўлим – ҳақ, баъзида, қозисан, Ажал!
Баъзан, қиёматнинг созисан, Ажал!
Мен дунё ортидан қувиб етмадим,
Мени қувиб етган тозисан, Ажал!..

***

Инсофли бўл, дерлар, ўғри бўлсанг ҳам,
Ичингдан пишгансан, аслида, ғўрсан.
Сен кимнинг гапига кирдинг, эй, Одам?!..
Ўғри бўлармидинг, инсофли бўлсанг…

***

Эй, дўст, букун хосу авом жангида
Ҳақ талаб айлаган битта толибмиз.
Ва лекин, ҳалолу ҳаром жангида
Ва на мағлубдирмиз ва на ғолибмиз.

***

Букун мажнун бўлиб яшамоқ осон,
Букун мамнун бўлиб ўлмоқ қийиндир.
Ҳеч ким ишқ йўлида беролмайди жон,
Букун Фарҳодларнинг жони шириндир.

***

Ерда ер сотилар, осмонда осмон,
Сотилар – кўчада қолиб кетса эр.
Фақат, шоир зоти сотилмас осон,
Фақат, сотилади шоир ёзган шеър.

***

Бир юзи қораман – болалигимга,
Чорасиз чораман болалигимга.
Баъзида, одамдай яшагим келар…
Барибир бораман болалигимга.

«ТАҲАЖЖУД» КИТОБИДАН

ИШҚ

Мен, фақат, кўнгилнинг хизматкориман,
Унинг истагини этурман адо.
Қурбақа, қурбақа, қурбақагинам,
Мен сенинг кўчангда юрган бир гадо.

Захкан ариқларда ой синар чил-чил,
Ям-яшил тўнингдан мўралайди тун.
Мендан қолиб кетар бир кун бу кўнгил,
Мен подшоҳ бўламан, ишонгил, бир кун.

Мен бездим жонимга теккан ўйлардан,
Ишончим қолмади на ёр на дўстга.
Кимгадир ишониб аро йўлларда
Қолиб кетдим илон ташлаган пўстдай.

Ўл десанг, сен билан бирга ўлайин,
Мен ҳам ёш эмасман, сен ҳам қаридинг.
Сенга подшоҳлигим ёқмайди, тайин,
Менга ёқар сенинг қурбақалигинг.

ҚОРА ЧўF

Кўзларинг тубида тун бўлди ғойиб,
Кўзларинг тубида осмон ярақлар.
Осмонга узанган қўлларин ёйиб,
Ойни эмиб ётар урён дарахтлар.

Тун ёнар кўзларинг қорачиғида,
Кипригингга қўнар арзанда ҳумой.
Зардобда занглаган офтоб тиғида
Кесилган сийнага ўхшаб кетар ой.

Заҳарланган ернинг қурсоғи каби
Қаппайган хазонлар эслатар гўрни.
Кўзларинг тубида тўлғанар сабил,
Ситилган кўз янглиғ бутоқдир ўрни.

Тухум қўйган каби оққуш хаёллар
Калланинг тиржайган чаноғига жим,
Кўзларинг тубида маъюс шамоллар
Гўянда арвоҳдай бошимда надим.

Кўзларинг тубидан сени қидирдим,
Устимда кулмоқда осмон ҳам, ой ҳам.
Мен икки дунёни унга сиғдирдим,
Мен – икки дунёга сиғмаган одам.

… Фақат, сенга – ёлғон, ўзимга аён,
Менинг тушларимга киради ҳар кун:
Сенинг кўзларингни эслатган осмон,
Сенинг кўзларингни соғинтирган тун.

***

Қайдадир бир юрак яшайди нотинч,
Қақшатиб, қақшайди кимнингдир қалби.
Йўлларда тириклай ёнмоқда соғинч,
Чораси қолмаган зардуштий каби.

ҳозирча, тунларнинг пойгоҳидаман,
Мени чорламоқда залолат арши.
Мени қарши олар озурда туман,
Озурда юрагим – туманга қарши.

Ҳаммани бездирдим, ҳаммадан безиб,
Қачондир саргардон кезганман бунда.
Ҳаммани кечирдим, ҳаммадан кечиб,
Ҳилол даргоҳига сиғмаган тундай.

Қайси бир жасадга бўлдим кафанлик,
Қайси бир кафанга чулғанди бахтим?
Ақлимни тўлдирди қай бир баландлик,
Қайси бир чуқурни тўлдирди ақлим?..

Ёмғир ҳам ювмади юраклар доғин,
Менга ҳамроҳ бўлиб чарчади шамол…
Йўлларда тириклай ёнмоқда соғинч,
Чораси қолмаган зардуштий мисол.

ўFЛИМ МИРЗО БЕДИЛГА

Мендан нима қолар?..
Очолмадим мен,
Хазина эшигин мисоли қафас.
Одамзод кўнглини тополмадим мен,
Одам билан бирга олмадим нафас.

Менда нима қолар?..
Шунча йил яшаб,
Ўзимга яраша уй қурдим мўъжаз.
Сен ўша уйимни тўнғиздан асраб,
Сен ўша уйимнинг томин ёпсанг бас.

***

Ачинма кўнглингга сиғмаганларга,
Бир куни бағрингдан кетсам юлқиниб.
Ачинма йиғлашни билмаганларга,
Ачинма, бу дунё ўзи – кулгили.

Менга ўлигини ташлаб кетган ғам,
Насиб бўлса, келар Шому Ироқдан.
Ёлғиз қолиб кетган энг сўнгги одам
Илтижоси келар йироқ-йироқдан…

Савобни ҳадя қил, гуноҳни кечир,
Ҳайрон бўлма итлар еса ҳандалак,
Ёр деб, бир-биридан тополмас меҳр,
Бир-бирининг гўштин еган бандалар.

Мард ўлик яхшидир қўрқоқ тирикдан,
Номус сандиғида сақланмайди кек.
Одам қадрламас бекорчиликдан,
Худди, ваъда бериб туғилмагандек.

Мендан мени сўра, айламасман рад,
Улашсам етади мухтасар умр.
Менда хафа бўлма, эй, тирик жасад,
Агар хафа бўлсам, сўрама узр.

Чуқур сўзларингдан чиқмаганларга
Ёрдам бер, ботмасин ҳасрат тирноғи.
Ишонма ҳолимга йиғлаганларга,
Ишонма, маймунлар ўзи – йиғлоқи.

***

Мана, ўша эшик, ўша остона,
Қўнғироқ тугмасин пайпаслайман жим.
Ногоҳ ёришгандай бўлади хона,
Ногоҳ жаранглайди битта савол: «Ким?..»

«Ким?..» Менинг қаршимда хомуш бир бало,
«Ким?..» Менинг қаршимда дўзахий оғуш.
Ўзга оламдаги озурда арвоҳ
Ноласидай чақнар эди бу товуш.

«Ким?..» Сўнгги нафасдай оғир ва ўжар,
Ўзидай ўзгадан бехабар садо.
Ҳаётим тўхтамай бежавоб ўтар
Биргина саволу бир аёл аро.

«Ким?..» Тўхтов билмасдан жаранглар овоз,
Мен эса тасқара мисоли жимман.
Фақат, кимлигимни билмайман, холос,
Фақат, ғўлдирайман, холос, «Мен кимман?..»

***

Қўлим очилмайди, ўлгунимча то
Сендан яширганим – ўша бир нарса.
Менинг бандалигим бўлгунча бажо,
Билмайсан.

Билмайсан, бу хаёл Искандарнинг ҳам
Қўлидан келмаган орзуси, ўйи.
Қўлимдан келади, ахир, азизам,
Қўлим очилганда – сочларинг бўйи.

Йўлим очилмайди, ўлгунимча то
Йўлимга сиғмаган битта қилдайсан.
Фолбинлар – ёлғончи, таъбирлар – хато,
Билмайсан.

Билмайсан, бир куни тумонат одам
Ортимдан эргашар шошиб-шошмасдан.
Йўлни мен бошлайман, ахир, азизам,
Йўлни мен бошлайман қадам босмасдан.

Кўзим очилмайди, бошқа одам у, –
Кўзин катта-катта очиб жилмайган.
Мен сендан бир дунё яширдим мангу,
Билмайсан.

Билмайсан, сен – дунё кўрмаган одам,
У – ғамгин юракнинг ёстиқдошлари.
Кўзимда яшайди, ахир, азизам,
Кўзимда – кўзингнинг ёшлари…

ЯРИМ ТУН

Тун бўйи сиқтаган соғинчларим оч,
Кўкрагимга ботган кимнинг излари?
Нечун бунча совуқ лаънати қувонч,
Нечун, бунча гўзал ғамнинг кўзлари?

Бир тоза юракда келар яшагим,
Қанча юракларга келтирдим малол.
Нечун, ўзим билан ўзим яшадим,
Нечун, ўзимдан ҳам ўлигим ҳалол?

Юрагим талпинар, соғинч роҳида
Кўкрагимни босиб ўтди кунларим.
Юраклар қонидан, юрак қонидан
Нечун, кўнгил тўлар,
Нечун, тун – ярим?..

ОҚ АЛАҲЛАШ

Соғинч оғир, соғинч чўкар оҳимга,
Кўзларимга тиғдай ботиб кетар хоб.
«Бир кеча шафқат сўр қатлгоҳимга,
Бир кеча мен билан бирга қол, офтоб…»

Бежо кўзларимни осмонга тикиб.
Нигоҳимни ердан олмасман тақир.
«Мен энди кетарман жонимдай чиқиб,
Оймомо, мени кўр кўзлардан яшир…»

Бошим тандан жудо, хаёлим жудо
Қон каби сочилган густоҳ ўйлардан.
«Сени юрагимда асрайман, Худо,
Худо асраса бас художўйлардан…»

Сенинг тирноғингга, ҳатто, арзимас,
Кўзимда суякдай чайналган сукун.
«Дунёнинг дунёдан қолган қарзиман,
Мен тағин дунёга қайтарман, қузғун…»

Қоронғи тушмасдан келақолгил, тун,
Қоронғи тушмасдан кетақол, офтоб.
«Фақат, кўзларимни косасига сун,
Фақат, кўзларимни… кўзларимни ёп…»

***

Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Юраклар – таланган маъводай юпун.
Орамиздан ўтар ҳар дуойи бад,
Орамиздан ўтар Худо урган тун.

Баъзида, юракни кўмар нолага,
Юраклар оралаб ўтган ер изи.
Баъзида, осмон ҳам тушар орага:
Зарҳал ҳарф битилган чўчқа териси.

Орадан ой ўтар – ойсиз тунларим,
Орадан йил ўтар – чўзилган қасос.
Сенсиз ўтаётган менинг кунларим
Менинг гуноҳимдан ўтмайди, холос.

Орадан бешафқат ўтиб кетар вақт,
Биз бевақт қартайган норасидамиз.
Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Жавоб бер, кимларнинг орасидамиз?..

***

Кўзингда бир калом тентирар унсиз,
Кўзингда бир қайғу жилмаяр маъсум.
Ахир, мен – кафанга ўралган бир ҳис,
Кўзларинг оқига чулғанган мардум.

Ахир, мен – заминда яшаган осмон,
Ахир, мен – осмонга етмаган овоз.
Ахир, бу дунёнинг ростлиги – ёлғон,
Ахир, бу дунёнинг ёлғонлиги – рост.

Ахир, бу дунёда мен бошқа дунё,
Меники эмас бу ўткинчи кадар.
Ахир, мен қирқ йилда бўлай деб бунёд,
Кечдим тўққиз ойлик дунёдан бадар.

Жисмимни киннадай ёриб кирган жон
Чақирганим билан чиқмас бир муддат.
Ёлворганим билан ёришмайди тонг,
Ҳайдаганим билан кетмайди зулмат.

Айтсанг-да – айтмасанг кетарман тўзиб,
Гумроҳман – йўлимга тикаверма кўз.
Ахир, мен – дунёга ўтмаган сўзинг,
Ахир, мен – дунёдан ўтаётган сўз…

***

Хазонрез боғларда жилмаяди куз,
Оғир гуноҳ каби тўкилар хазон.
Бу кўҳна дунёга боқар ёруғ юз,
Кўҳна дунёдаги энг кўҳна армон.

Юракни ўйнатиб, ўйнайди қадим,
қўрқинчли боғ ичра ҳасрат жинлари,
Соғинчдан қабариб кетар юрагим,
Қирқ кун гўрда ётган ўлик сингари.

Аммо, кетолмасман ғурбатдан қочиб,
Қайси бир турбатда тентирар танам.
Сен билан тирикдир саркаш қувончим,
Сен билан гўзалдир мозорбости ғам.

Кузак қучоғида мудраб ётар боғ,
Шамол ҳам арвоҳдай кезмас телбавор.
Фақатгина, сенинг нафасинг уйғоқ,
Фақатгина, сенинг соғинчинг бедор.

Хазонрез боғларда жилмаяр кузак,
У – ёруғ кунларнинг унут арвоҳи.
Мен жон аччиғида титрайман, юрак –
Заққум дарахтининг япроғи…

***

Ўйласам юракни ваҳима босар,
Ўйлар жуда оғир, жуда ҳам оғир.
Кетсам, қисматимга қаро қор ёғар,
Қолсам, юрагимга ёғмоқда ёмғир.

На тўхтар на йўлга бошлайди тана,
Руҳим ҳам негадир на шод на ғамгин.
Қолсам уволингга қоламан яна,
Кетсам, саволингда қоламан тағин.

Нечун олқаганча оҳ-зорларингни,
Маломат ёғилар билмасдан тиним?
Нечун мен суяман озорларингни,
Нечун мен суяман, суймайди жиним?..

Мени тушунмади бу ерда ҳеч ким,
Мен ҳам англамадим ҳеч кимни, аммо,
Қолсам, нечун шайтон ҳиринглайди жим,
Кетай десам, нечун йўл бермас Худо?…

***

Мен келдим ўзимни ўлдирган жойга,
Ой – гувоҳ, мен бунда топганман тўзим.
Раҳмат, дейман мени таниган ойга,
Бироқ, танимайман ўзимни ўзим.

Хаёл етаклайди қарғаб ва алдаб,
Хаёлга ит каби эргашаман жим.
Мен келдим ўзимни ит каби ҳайдаб,
Бироқ, ҳайдаламан ўзимдан ўзим.

Кетарман, қўлимдан тутмайди хаёл,
Кетарман, йўлларни кўрмайди кўзим.
Менга хотиралар келмоқда малол,
Мен қайтиб келмасман ўзимга ўзим.

Қолса осмон қолар, қолса ер қолар,
Сенинг нигоҳингда қолмасман бошқа.
Қолса никоҳингда битта эр қолар,
Ой қолар – мен олиб кетмаган бошдай.

***

Тоқат қил…
Оғир бўл, дардни эмиздинг,
Озурда хаёлдай кетмагин тўзиб.
Ризқимиздай синган бардошимизнинг
Ерда изи қолар, осмонда ўзи.

Ёлғизоёқ йўлдир савобнинг йўли,
Ўзингдан кетмагил, ўзгалардан қоч.
Қўявер, бир куни сенга жўр бўлиб,
Сайраса сайрабди ўша қалдирғоч…

Кунларни санайсан ақлдан озиб,
Тундошингга дўнар ёлғиз ирода.
Ахир, тариқатдан, тоқатдан ошиб,
Тош бўлиб тўкилдим ўшал Минога.

Қобиғидан чиқиб кетади чўнг дил.
Мунаққаш чўққилар бермаганда панд.
Кўзларинг ёшига чўкмаган кўнгил, –
Отанг ётган уйнинг томидай баланд.

Барча фарёдингни ютасан ичга,
Бунча ардоқладинг ҳижронни, ғамни.
Гургзода дунёда бўрилар ичра
Шу пайтгача тирик юрганинг камми?!..

Топилар ўртанган армонларга ном,
Бир умр гумонда қолмассан мангу.
Бағримда офатлар олмоқда ором,
Кўриб қўй, мен тоқат қилаяпман-ку.

***

Нигоҳларим қайрилган тиғдай
Қароғингга тўқинди беэрк.
қайтиб кетдим кўзингга сиғмай,
Остонадан ҳайдалган итдек.

Мен қўрқмайман энди ўлимдан,
Тирикликдан қўрқаман, бироқ.
Хаёлларим тирик кўмилган
Таним – ойдан ўғирланган хок.

Қанотлари қайрилган армон
Юрагимга суйкалар беҳуш.
Баданимда типирчилар жон, –
Кучукка дуч келган каби қуш.

Жон – капалак, осмонингдан туш,
Жон, капалак, йиғлама, йитма.
Мен ўшаман – ўзинг билган қуш,
Ўзинг билган мен ўша итман.

… Оҳ, ёшларинг сочилар тим-тим,
Буёғини пешонангдан кўр.
Битта бошга – минг битта ўлим,
Битта бошга – биттагина гўр.

НИЯТ

Қўрқма, азоб берса агар ит талаб
Ёки хафа қилса дўстинг, душманинг.
Тўкилган ёшингни битта- битталаб
Териб олар, фақат, умид қушлари.

Қўрқма, ёмон кўрса сени ўзгалар,
Қандай яралгансан – яшайсан шундай.
Фақат, ўтинаман, очма сўзга лаб,
Сен менга жуда ҳам яқинсан тундай.

Қўрқма, кўнгилнинг тор йўлакларига
Хазондай сочилса иғволар тоши.
Улғаяр нафратнинг йўргакларида
Фақат, ишқ, фақат ишқ – юрак фарроши.

АЁЛ

Сен илоҳий эмас, илоҳнинг ўзи,
Сарсон вужудларга текин бир қалқон.
Сенсиз совриларди само юлдузи,
Офтоб ҳам бўларди торож ё таркон.

Дунёни қутқарган жонбахш сурудсан,
Ўзинг ўт қўярсан ўшал дунёга.
Арзу само ичра азал марғубсан,
Аммо, сиғмагайсан арзу самога.

Аслида, сен – ҳалол дунёнинг дарди,
Унга ҳаромни ҳам кўргайсан раво.
Одамлигинг боис Оллоҳ яралди,
Шайтонни ҳам туққан сен – Момо ҳаво.

Гоҳ сени таҳқирлар қай бир кўр, басир,
Гоҳо безаволга ўзингсан завол.
Сен илоҳий эмас, илоҳсан, ахир,
Нечун одам бўлиб яралдинг, аёл?!..

ХИЁНАТ

Судралар тинкангни толиқтириб тун…
Лаънат муҳри янглиғ безраяди ой.
Офтоб кўлкасидай узанган узун
Кечаларни қаро зулфи – сумансой.

Ўт кетди хаёлнинг харобатига,
Бу дўзах ўтига энди не чора?
Нотавон вужуднинг касофатига
Кўнгил қолиб кетди, кўнгил – бечора.

Зор йиғлаб-сиқтаган руҳлар ортидан
Судралар тинкангни толиқтириб тун.
Гиёҳванд қутқулар гирдибодида
Гуноҳингни гизлар халоскор очун.

Томирингни тирнар ўрмалаган хун,
Ўлакса самода ой кезар хунхор.
Судралар тинкангни толиқтириб тун, –
Думига сочларинг бойланган тулпор.

ОРЗУ

Кўнглинг ҳамон Одамда, ўзинг
Ҳалигача ҳаводадирсан.
Ахир, ҳали ҳеч кимга кўзи
очилмаган дарбозадирсан.

Кўнглинг ҳамон бузилар, ўзинг
Ўзинг каби топ-тозадирсан.
Ахир, етти иқлимга сўзи
сочилмаган овозадирсан.

Кўнглинг ҳамон ердадир, маъюс,
Ҳамон ўзинг самодадирсан.
Ахир, бошим устида ҳануз
Ўқилмаган жанозадирсан.

УФқ ДАРАХТИ

Бошин қуйи эгди офтоб ҳам,
Қолиб кетди оҳим роҳларда.
Сен бошингни этаверма хам,
Сени
Мен ахтардим қиблагоҳлардан.

Пешонамда неки бор, кўриб,
Илинж кутмай хайрихоҳлардан,
Топмай туриб, йўқотмай туриб,
Сени
Мен ахтардим саждагоҳлардан.

Кўр эмасдим, ахир илоҳам,
Кўр бўлдимми ғар нигоҳлардан?!
Зора бўлса битта армон кам…
Сени…
Сени топдим бўсагоҳлардан.

МУСОФИР

Гапларимиз бўлмайди адо,
Ҳар гал олсанг ҳолимдан хабар.
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.

Инсон қадр-қиммати бир пул,
Ишонмасанг бир пулдир бари.
Сен кетасан, дунёдан буткул
Аразлаган одам сингари.

Юрагимни нотайин бир ҳис
Ғижимлайди ҳар кун, ҳар кеча.
Сен кетасан кўнгилдан олис,
Кузатаман остонагача.

Ёмғир баланд томлардан ўтар,
Тепкиланган ерлар бўлар лой.
Ўчар, қаттиқ шамолда ўчар,
Тошфанордай милтиллаган ой.

Оч йиртқичдай исковуч шамол
Ахтаради ўлжа ҳидини.
Яхши одам кўчага алҳол,
Қўйвормасди, ҳатто, итини.

Мен қизийман, фақат уятдан,
Дош бермади ғамга суягим.
Совуқ ўтар суяк-суякдан,
Совимоқда сендан юрагим.

Шамол ҳамон бузуқ най чалиб
Чийиллайди, тинмади ёмғир.
Ўз уйингга етолдингми деб
Ўй сураман оғирдан-оғир.

Хавотирим бўлмайди адо,
Ололмасман ҳолингдан хабар:
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.

САФАР ОЙИ

Тўнғиган таппаклар ёнар осуда,
Қумғон қайнаб-қайнаб бўлади ярим.
Тандирнинг олдида, ўчоқ бошида
Тутатқига дўнди менинг шеърларим.

Қайғулар ёлғондир, қувончлар ёлғон, –
Одам тушунмаса одамнинг тилин.
Ахир, йиғлаганни кулдириш осон,
Ахир, кулганларни йиғлатиш қийин.

Кулмасман, мен йиғлаб билмасман зеро,
Нозик наволар ҳам сиғмайди дилга.
Наҳотки, юракка сиғмаган дунё,
Чўкиб кетса саёз, кўлмак ақлга.

Қумғон қайнаб-қайнаб дардини ютар,
Бироқ, тугамайди андуҳ сойлари.
Билмасман, олдинда мени не кутар,
Ортимда кўринар сафар ойлари…

***

Қанақа замон бу?.. Ёлғондир бари,
Руҳлар нотинч бўлса, гўр қалтирайди.
Юрак алғов-далғов, дунё тескари,
Ожизнинг қошида зўр қалтирайди.

Қанақа замон бу? Кўнгиллар тўлмас,
Кўнгилга йўналган йўл қалтирайди.
Водариғ, садақа тилаган қўлмас,
Садақа узатган қўл қалтирайди.

***

Ҳадемай, йўқ демай кетади баҳор,
Кўчаларга тўлар мол тезаклари.
Бегуноҳ тўкилган қондай бемадор,
Тўкилар боғларнинг бодрезаклари.

Ҳадемай, йўқ демай кетади баҳор,
Қадрдон далалар бағрини эзиб.
Кетар кўздан йироқ, кўнгилдан безор,
Кетади бегона ўтлардан безиб.

Ҳадемай, йўқ демай кетади баҳор,
Қовжирар меҳрга қонмаган чаман.
Турналар ўтади қатор ва қатор,
Мен ҳам ўшаларнинг қаторидаман.

МАНЗАРА

Ийланиб кетади кўнгил кулига,
Бир ғариб аёлнинг сўлғин ҳислари.
Бетоқат гуллаган сирень гулига
қўнади жонсарак май қўнғизлари.

Юмшоқ замин узра тун чўкар ҳорғин,
Тун чўкар тун бўйи жонидан тўйиб.
Тун бўйи таралар – саргардон соғинч,
Тобора чўзилиб кетар тун бўйи,

Кўнгилга қарамоқ учун бир нафас
Ярим кунлик умри етмаса агар,
Чўзилар оқ шомдан тонгга қадармас,
Чўзилар заминдан осмонга қадар.

Дунёдан безади, дунёни безар,
Бўм-бўш кўнгил – мулки таланган сарой.
Ярим тунда ярим яланғоч кезар,
Қадрсиз, қаровсиз, қаримаган ой.

Қадами қуриган, шўри қуриган
Кўнгилда қолади оёқ излари.
Бетоқат гуллаган сирень гулига
Қўнгандек жонсарак май қўнғизлари.

***

Ухла энди… Бу кунлар ўтар,
Сен кўнглингга боққин умидвор.
Ахир, тинди, толиқди ўжар,
Куни-кеча ёғаётган қор.

Кўзларингда қарғайди мени,
Оташпараст қувонч билан ғам.
Ахир, қандоқ овутай сени,
Қарзинг кўпдир, маош эса кам.

Сен мен билан қолсанг ҳам бекас,
Тупурмайсан менинг бетимга.
Итваччалар итга кун бермас,
Етимчалар эса етимга.

Қийнаб қўйди юрагим мани,
Англамадим уни рости гап.
Неки фасод – юксакда ҳали,
Неки ҳалол – оёқ остида.

Озорларнинг тагида ҳануз
Кўмилмаган армонларинг бор…
Ўқиб-ўқиб нима бўлдик биз,
Ёғиб-ёғиб нима бўлди қор.

***

Ойнинг этагидир зулмат зиёси,
Ердан ўсиб чиқар осмон жилоси,
Менинг осмонимда унган гиёҳсен,
Тунлар аро суйган жуссаларимдан.

Рост билан рўёдан яралди фириб,
Сен кетдинг шайтоннинг гапига кириб,
Бирорта тирик жон қолмади тирик,
Тунлар аро туйган ғуссаларимдан.

Оламга ўт кетди бесару сомон,
Мағриб сен томонда, машриқ мен томон,
Офтобим, бир ўзинг қолгайсан омон,
Тунлар аро куйган бўсаларимдан.

ҚИРҚ САТР

«Қирқ йил ётган эски бўзадай
Қуйқа тўлиб кетган тўнг дилни
Кимга тўкай, кимга бўшатай,
Қирққа тўлган бўм-бўш кўнгилни?..

Кифтимдаги тоғдай оғир тан,
Гар қутилсам бу замбил лошдан, –
Менга ишон, бир кун юзингдан
Тўкиламан қирқ томчи ёшдай.

Тўкилади толғин томчилар,
Кўзларингда қотган дард надир?
Юрагингда ётар қовжираб,
Ҳали ҳеч ким етмаган қадр.

Керак бўлса агар, тўлишган
Ойни сенга айлайман тақдим.
Аммо, сени бир бор кўришга
Букун қирқ йил етмади вақтим.

Нега жимсан, айт, нега жимсан?..
Адоғи йўқ ҳижрон – эрмагинг.
Сен қирқ йиллик хавотиримсан,
Хабар олдинг, хабар бермадинг.

Тентирайман сархуш, майзада…
Бир кун бутун кучимни йиғиб, —
Ерни ёриб чиққан майсадай
Бу ботқоқдан кетарман чиқиб.

Яшаяпман, о, Худо ҳаққи,
Ўлишга бир фурсат топмадим.
Ўлган бўлсам, ўзимни балки,
Кўмишга бир турбат топмадим.

Кўп яшадим, топганим камроқ,
Билолмадим, надир севинч, ғам.
Бу йўлларда топмадим ҳамроҳ,
Адашганлар орасидан ҳам.

Хаёлимни обқочар бир нур,
Бир нур дилни буткул чирмади.
То қирқинчи осмонга довур
Жоним чиқди, ақлим кирмади.

Мен ҳаётдан қирқ йил кечикдим.
Оғритмайман бу эркак бошни…»-
Деб ўзимни оқлайман ўзим,
Қоралайман бугун қирқ ёшни.

ҚўШИҚ

Ёруғ тунлар дардида
Ой кезади – бир тилим.
Қаро ўйлар қаърида
Осмон дилим, моҳ дилим.

Мени эзар бир хаёл,
На оғам бор на иним.
Кўнглим чўккан бемажол,
Замин дилим, чоҳ дилим.

Тўхтаб қолар гоҳида,
Талпинади гоҳ дилим.
Бир кўнгилнинг оҳидан
Огоҳ дилим, Шоҳ дилим.

***

Бу бедард дилимга дард мисол қўниб,
Дилингни тиғласанг, мен нима қилай?
Бир бебош юракни йиғлатиб қўйиб,
Ўзинг ҳам йиғласанг, мен нима қилай?

Сен мени кўтариб осмон-фалакка,
Гар ўзинг чиқмасанг, мен нима қилай?
Битта тор кўнгил деб яшайсан якка.
Кўнглимга сиғмасанг, мен нима қилай?

***

Агар сен алдасанг – одам фирибгар,
Агар сен алдансанг – олам фирибгар,
Мени кўмса кўмсин бу ғам тириклай…
Сени алдаб нима қиламан.

Алдадинг, алдоқлар бўлди эрмагим,
Қарғадинг, ўзимга қайтиб келмадим,
Қарғишинг урмади – қайтиб севмадим…
Сени алдаб нима қиламан.

Кўксимда юракмас, ёлғон асрадим,
Жонимни ғижимлаб отди жасадим,
Мен, фақат, ўзимни алдаб яшадим…
Сени алдаб нима қиламан.

АГАР

Нима қолди ўзи, кўппакнинг
Ўлигидай вужудим карахт.
Гар бахтсизлик мавжуд бўлганда
Мен ҳаммани айлардим бадбахт.

Ҳали вақт бор, бир одам каби
Яшамоққа ҳали ҳам вақтли.
Агарда бахт мавжуд бўлганда
Мен ҳаммани этардим бахтли.

Қор остида намчил хазондай
Дилда ёнган туйғулар чирик.
Агарда ишқ мавжуд бўлганда
Ҳалигача юрмасдим тирик.

ВИДО

1.

Менинг гуноҳларим мени алдайди,
Мени хотиралар айлайди адо.
Мен бир йўл ахтардим, ахтарган каби
Итдан тарқамаган дунёдан вафо.

Кутдим, бир муножот йўллаб фалакка,
Кутдим, самовотдан бўлмади дарак,
Ахир, юрагимни минг бир бўлакка
Бўлиб, бўлолмадим минг битта юрак.

Тирилди вужудим ичра бир дунё,
Менинг вужудимда бир дунё тинди.
Бемаҳал қартайган юрак ҳам гўё –
Жасади оловда ўртанган ҳинди.

Хайр, эй, нобудим, менинг бор-будим,
Хайр, хок ишқимнинг бехок ғалваси.
Наҳот, вужуд бўлса менинг тобутим,
Савоб тўлдирилган гуноҳ халтаси.

Хайр, мени кўмган ерни ўйлама,
Бир бор қарасанг бас, осмонга кулиб.
Мен сени заминда ёмон кўраман,
Мен сени севаман осмонда туриб.

2.

Кузак боғларидай кўзларинг нотинч,
Қайғу шамоллари елаверади.
Йиғлагинг келади, сўзларинг – соғинч
Ва яна йиғлагинг келаверади…

Бу мен – дунёда энг қайғули эртак,
Бу мен – аросатда ёнган ҳилқатинг.
Нечун менга шафқат қилмадинг, тентак,
Айт, нечун йиғладинг, нечун йиғладинг?…

Гуноҳ мендан ўтди, ўтар кулфат, ғам,
Неки, ўтган бўлса ўтар жонимдан.
Қачондир ёдимга тушган зулмат ҳам
Ойдай кўтарилар тағин ёдимдан.

Ўлган умидларнинг арвоҳидир, бил,
Ўлмаган армонлар, ўшал армонлар.
Ўшал хазон каби ёнаётган дил
Хазон бўлолмади, кўмди хазонлар…

Йиғлама, дунёни кўмган заволим,
Менинг бу ҳолатим ўхшар мастликка.
Йиғлама, дейишга етар бу ҳолим,
Бу ҳолим етмайди йиғламасликка.

Йиғлама…

3.

Ўзинг раҳм тила, бошингдаги ғам
Ўзингдай раҳмдил, ўзингдай қайсар.
Бир кун қайтиб келар сен айтган одам,
У мендан қайтмаса, Худодан қайтар…

Зиндонни қўмсаган маҳбусдай ожиз,
Вайрона дилингга йўл олдим тағин.
Сен мендан алмисоқ мисоли олис,
Сен менга қиёмат сингари яқин.

Лошимни ҳўкиздай судради юрак,
Умримни алишдим биргина сўзга.
Бир маъно топмадим видодан бўлак,
Бир маъво топмадим «хайр»дан ўзга.

Хайр, яшамадим бир ўзим учун,
Хайр, ўзим учун топмасман завол.
Ўлиб-ўлолмасам қайтарман бир кун,
Тобут ортидаги оломон мисол…

Ўзинг раҳм тила, тиловат пайти
Ҳовучингга тўлсин ҳазин бир дуо.
Мен ожиз эмасман –келарман қайтиб,
Мен ёлғиз эмасман – теппамда Худо.

МЕНСИЗ

Мен ерда юрардим, кўзлардан йироқ,
Одамзод оёғи етмаган ерда.
Бу ерда нафасим кезарди, бироқ,
Бу ерда оёғим тегмасди ерга.

Ва бир кун борлиғинг ичра йўқликдан
Ёлғиз бошинг узра пайдо бўлар Эр…
Сен менсиз Ер билан бўлурсан битта,
Сен менсиз кимгадир бўлолмассан Ер.

Осмонда юрардим, – гоҳ бошим етган,
Гоҳ бошимга етган ҳислар сўнгида.
Мени осмонларга мубтало этган
Соғинчлар қартайди кўзим ўнгида.

Ва бир кун осмондан излайсан маъно,
Кимнидир қучасан бир сўз демасдан…
Сен менсиз Осмонда қоларсан, аммо,
Сен менсиз кимгадир Осмон эмассан.

Қоп-қора шаробдай, титроқ қўлингдан
Тўкилган тунларинг бўлганда ярим. –
Сени огоҳ этар бевақт ўлимдан,
Менинг шамолларим – хабаркашларим.

Шунда кимлигимни кўрсатар Фано,
Шунда кимлигингни кўрсатади Вақт…
Сен менсиз Бахтга ёр бўларсан, аммо,
Сен менсиз ҳеч қачон бўлолмассан Бахт.

***

Юрак – ўз йўлига…
Юрак йўлида
Туртиниб-суртиниб тентирар шамол. –
Қўй, ёлғиз йиғласин қисмат гўрида
Иккимизини кўмиб юборган хаёл.

Юрак – ўз йўлига…
Биз ҳам қолмадик
Ўша йўлимиздан, ўша турбатдан.
Биз юрак-юракдан айрилолмадик,
Айрилиб кетмоқда Юрак Юракдан.

Юрак – ўз йўлига…
Кезиб юракни,
Хаёллар мурдасин ўтармиз босиб.
Биз бирга яшаймиз эзиб юракни,
Агар бирга ўлмоқ этмаса насиб.

***

Юлдузлар титраган тунларда
Хазондай тўкилди ҳисларим.
Вайрону валангор кунларда
Мен сендан бир наво истадим.
Ҳайроним, эй дили вайроним,
Сен менинг райҳоним эмассан!

Гуноҳкор тандаги суякдай
Мен ёндим, мен тондим, сен ишон.
Куйиб бу кул бўлган юракдан
Мен сендан ахтардим бир нишон.
Ғамдилим, ғамлари кам, дилим,
Сен менинг жамбилим эмассан!

Сарсону саргардон кунларда
Мен сендан бир нажот истадим.
Юлдузлар титраган тунларда
Хазондай тўкилди ҳисларим.
Сен – гулим, ўлимдан қайтганим,
Сен менинг айтганим эмассан!..

АКАМ ҚОДИРХОНГА

Одамларда инсоф қолмади,
Сиз кутасиз уни эрта-кеч
Ва йўлларга қарайсиз ҳадеб,
Кўнглингизга қарамайсиз ҳеч.

Исинади барча дўсту ёр,
Дилингизда ёнган чўғларда.
Қиш кунида сўрамайсиз қор,
Қори бору ори йўқлардан.

Тонг отади, ўтин қалайсиз,
Ташвиш билан кун ҳам бўлар кеч.
Кунда юз бор молга қарайсиз,
Кўнглингизга қарамайсиз ҳеч.

Ойга тутар куйган кифтини
Сиз бўйлаган баланд қоялар.
Ёмғир ўтган уйнинг шифтини
Қопламайди шолипоялар.

Дилда ўсган чечакка ҳар гоҳ
Дард ёпишса мисли заҳарпеч.
Душманга тик қарайсиз, аммо,
Кўнглингизга қарамайсиз ҳеч.

Ҳар қадамда учрайди суллоҳ,
Ҳар қадамда нокас чўкар тиз.
Сизда не айб, сизда не гуноҳ,
Ўшалардай бўлолмасангиз.

Сиз танлайсиз энг ширин қовун,
Аммо, одам танламайсиз ҳеч.
Томорқага қарайсиз кун-тун,
Кўнглингизга қарамайсиз ҳеч.

Чора бўлгай чорасизларга,
Елкадаги эски тўнингиз.
Биз йўқотган эзгу ҳисларга
Тўлиб кетар бўм-бўш кўнглингиз.

Шовиллайди шолипоялар,
Уйғонади уйғоқ кўнглингиз.
Ухлаб ётар баланд қоялар.
Елкасида – эски тўнингиз.

***

Икки дунё менга бир қадам,
Ўзимдан, ўзгадан кетарман йироқ.
Қалтираб-қалтираб ёнади бадан,
Қалтираб-қалтираб ўчар жинчироқ.

Танингдан тўкилар бир ҳовуч ҳаво,
Сен ўшал ҳавога гирифтор бўл, сев.
Ердан кўчиб кетди Сулаймон само,
Қутурганлар – одам.
Қутилганлар – дев.

Кўксинг қатлгоҳдир, юрагинг – кунда,
Мен бир кун қўярман юрагингга бош…
Қалтираб-қалтираб ёнади тунда
Қўйнингдаги азоб, қўйнингдаги тош.
Энди олис осмон менга – бир қадам…

***

Қачондир қайтаман сенга, оҳ, осмон,
Чақирса исмимга оҳангдош бир сас,
Юракдан аразлаб кетганда армон,
Ярашган биргина мен эмас.

Қачондир қайтаман сенга, оҳ, замин,
Қадримдай тўкилиб кетмасман бесас.
Сочалоқ мисоли сочилди ғамим,
Талашган биргина мен эмас.

Қачондир қайтаман сенга, оҳ, дилим,
Бегона юракда тентиганим бас.
Девона юракнинг кўчасида жим,
Адашган биргина мен эмас.

ҚЎРҚУВ

Умрим иборатдир – сен кетсанг агар,
Сен кетган томонга кетган хабардан.
Мен қўрқиб яшадим қувончдан бадар,
Мен қўрқиб яшадим, ҳатто, кадардан.

Баъзида, бошимдан ортиб қолар ғам,
Уни ўзгаларга кўролмасман эп.
Баъзида, қўрқаман балолардан ҳам,
Ўша балоларни балогардон деб.

Баъзида, қўрқаман, қақшайди асаб,
Қўрқаман хатарли тунлар пойида.
Эсимни танидим сен билан яшаб,
Сен йўқсан… Асабим, эсим – жойида.

Яшагим келади бемакон, бесас,
Яшагим келмоқда умр ўтган сайин.
Аммо, одам бўлиб яшашдан эмас,
Яшашга қўрқаман одамлардайин.

Майлига, кўнглимни кўтар бир нафас,
Аммо, менинг учун ўртама бағир.
Аммо, мен қўрқаман, ўлимдан эмас,
Аммо, мен… ўзимдан қўрқаман, ахир.

ЮРАК ҚАЪРИДА

Юрагимда ғариб кулбанинг
Чироғидай ёнди ҳисларинг.
Кўринади сенга шубҳали,
Қўл излари, оёқ излари.

Мадорларинг қуриб, қийшайиб.
Қурбинг йиғиб ёқасан гулхан.
Қоронғилик кичрайган сайин,
Ваҳималар кўринар улкан.

Боғлагандир осилган мана,
Ияклардан кўтаради дор.
Бир томонда мозорсиз тана,
Бир томонда мурдасиз мозор.

Дард чирқиллар, тавқи лаънатнинг
Бахт обрезон ҳар шодасида.
Кўзлар ўхшар сур залолатнинг
Очиқ қолган дарбозасига.

Мана, ақл-идроки қичиб,
Бир қозонда хўп қайнаганлар.
Қўшилмаган қонимни ичиб,
Хом-хатала гўшт чайнаганлар.

Мана, ўзни ҳақ деб билган марг,
Ҳақлигига ўзи ишонгай.
Кўз ёшига айлаб кетди ғарқ,
Киндигимни кўрган илондай.

Мана, мени айлаган бесар,
Ҳол сўрасанг ташлаган жеркиб.
Ҳали-ҳамон жиғимга тегар,
Ҳануз эрга тегмаган эрки.

Мана қолган кунимни санар,
Шубҳаларнинг тирик арвоҳи.
Мен қадрига етмадим бадар,
Ойга етар – уланса оҳи.

Мана, мени ҳайрон этган бахт,
Мана, мени сарсон этган ҳид.
Оғушимдан узилиб бевақт,
Товушимдан уйғонган умид…

Юрагингни ваҳима босар,
Ваҳималар тобора – улкан.
Охиримиз – кулдир бир коса,
Зоҳиримиз – бир коса гулхан.

Юрагимнинг қаърига ногоҳ
Йўл оласан қўрқиб, жонсарак.
Етиб борсанг этарсан огоҳ…
Мен ортингдан турибман қараб.

АКАМ САЙФУЛЛОХОНГА

Гарчанд, ўйлар сурдим дунёдан безиб,
Қайга хам кетардим ўзимдан кетиб,
Беқадр жонимнинг қадрига етиб
Хаёллар гўримга кирмайди, ака.

Гарчанд, ҳасратидан ўртадим бағир
Ва ўшал ҳасратга жон бердим, ахир.
Руҳимни сўроқлаб саргардон-сағир
Шамоллар гўримга кирмайди, ака.

Гарчанд, киприклари кўксимни тилган,
Билмай Ватан қурган вайрона дилдан,
Мени доно қилган, девона қилган
Аёллар гўримга кирмайди, ака…

ХАЁЛ

Гапирма, туз сепма эски ярамга,
Эслатма, қўй энди ўшаларингни.
Захлаган хаёллар олар аланга,
Эсласам зардуштий бўсаларингни.

қақшаган юракдай ёнар осуда,
Кўнгилнинг қўл етмас тор гўшалари.
Кўзингда порлаган қўнғир ёғдудан
Ёришар ёдимнинг жинкўчалари…

Ўзингдан кетасан… Йиғлагинг келар,
Ўзингдан кетасан ўзиб, ўзгариб.
Ҳувиллаган хона дилингни эзар,
Кўнгилни бўшатсанг тўлар, кўзларинг.

Васлни тушунмас норасида ишқ,
Айрилиқ нелигин билмайди фироқ.
Мадорлар қурийди, тўкилгай сиришк,
Лабларим қонади, қонмади, бироқ.

Дилимда садоқат шамлари сўнди,
Ўт кетди эҳтирос қафасларига.
Ўчмаган оловдай кетарман шўнғиб
Қўнғир сочларингга, нафасларингга…

Жонингга ҳар икки олам даъвогар,
Жонингга тегмасин аҳли бетамиз.
Ўшал ғайбдан келган беайб маъвога,
Агар насиб бўлса, бир кун етамиз.

ЮРАК ЎFУРИ

Эски тегирмондай дукиллар юрак,
Ваҳмдан оқарди янчилган умр.
Бешафқат меҳрдай кечиккан кузак
Шафиқ хаёлингдан сўрайди узр.

Тор дилга сиғмагай гуноҳи азим,
Дилингда дунёлар айлар жангу жўш.
Умидлар хайлидан айро сийратинг
Боласиз ҳовлининг ялоғидай бўш.

Кун ботар сўзининг устидан чиқиб,
Кир босган ёқадай кўринар шафақ.
Fазабини сочиб, қурбини йиғиб
Йўлтўша сўрайди жонингдан рамақ.

Қоронғи осмонда ой кетар синиб,
Сен қараб турибсан кўзингни узмай.
Гуноҳимни ювган ёшларинг илиқ,
Манглайимни эса тер босар муздай.

Ёлғон уясида урчийди фасод,
Сичқоннинг инида жон сақлар кадар.
Масхара туюлар ҳар қандай нажот,
Бўғизда булғанар зардобу заҳар.

Ютоққан ваҳмнинг харобатида
Ҳирсини қондирар Меҳр, Адоват.
Қолмасанг қайғунинг касофатига,
Кулгунинг зўридан сингай таҳорат.

Сочларинг рангидай тунлар – мунофиқ,
Қайғунинг кўзидай ҳислар – мустаманд.
Ишқнинг манглайига битилган ёзиқ,
Ишқнинг мозорида ўқилар баланд.

Музлаган кўнгилни овутар томуғ,
Кўнгилни дунёдан совутар оғуш.
Тунлар – сен дуч келган хатардай ёвуқ,
Кунлар – сен кутмаган хабардай нохуш.

Ахир, адо қилдинг кунларни санаб,
Қирқ йиллик қувончинг кетмайди тўзиб.
Кифтингдан тушмайди сарғайган ғазаб,
Кўнгилни кўтариб терлади кўзинг.

Кўргулик ўшадир, саҳфалар бўлак,
Қисмат китобининг бетлари юмуқ.
Ҳозирча, ярадор юрагинг – гўдак,
Ҳозирча, беғубор кўз ёшинг – улуғ.

***

Жаҳолатнинг томидан тушган
Ёлғонларнинг чиниман, холос.
Гўзал осмон макрига учган
Жон қушининг иниман холос.

Сени мендай суйган жон йўқдир,
Жинчироғинг жиниман, холос.
Мен тиғига дош берган ўткир
Нигоҳларинг қиниман, холос.

Усти юпун, фарзона бўлган
Дарвишларнинг дилиман, холос.
Элу юртга афсона бўлган
Сендай битта жинниман, холос.

***

Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Юрагинг – ҳали мард кўрмаган майдон.
Осмонга боқамиз хавотирланиб,
Биз бош қўйган ёстиқ янглиғ ой сарсон.

Дарёлар қошидан қайтамиз сувсаб,
Булутлар ортига қўрқиб қарайди.
Ақлим қочди, кўнгил ортидан қувсам,
Ақл ошиб кетса, меҳр камайди.

Биз учдик осмонннг ёлғонларига,
Жаҳолат аршидан тушмадик, бироқ.
Осилдик айрилиқ арқонларига,
Ерда эса, фақат, иблислар – иноқ.

Пайтавалар тожга дўнди самода,
Ерда торож бўлди тоза ҳаволар.
Орамизга тушиб қолди балога,
Киприк қоқмай қараб турган балолар.

Алдайди қисматнинг асотирлари,
Тўзонга дош бермай қайтар тавбалар.
Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Ёмғир савалайди, тинмай савалар.

***

Кўзларинг чўғига беролмасман дош,
Зорим етар, аммо, етмайди зўрим.
Агар одам бўлсам, қоларман бебош,
Агар ошиқ бўлсам, қурийди шўрим.

Кўзларинг чўғидан ёришар ғулув,
Кўзингда акс этар ёришган само.
Номаҳрам ўт билан ўйнашади сув,
Тирик тупроқ билан олишар ҳаво.

Кўзларинг чўғида елпинади тонг,
Олачипор тунлар судралар базўр.
Шундай ярақлайди тандан чиқса жон,
Шундай чарақлайди нурга тўлса гўр.

***

Шаффоф сувга чўккан қуйқадай
Кўзларингга чўкдим таҳ-батаҳ.
Вужудимни буткул чулғагай
Кўзларингда кўз очган фараҳ.

Тўкиламан, киприк қоқмайсан,
Шам ёлқини титрайди камгап.
Ёқимлисан, ёқиб-ёқмайсан,
Ёниб адо бўлмаган шамга.

Ҳайқириғим ташлайди кўмиб,
Оҳларингни жимлигинггача.
Осмон каби кетарман тўлиб,
Киндигингдан кипригинггача.

Тўкиламан тун бўйи, тонгда
Вужудимдан қолмайди нишон.
Бу ҳилқатдан, бу тегирмондан
Фақат, фақат бутун чиқар жон.

ЖАЗО

Сендан алам олар аламзодалар,
Азобга тўймайди соғинч – алвасти.
Барибир, ёнингга қайтаман бадар,
Менинг шеърпарастим, менинг сарбастим.

Ортимдан эргашди овора бўлиб,
Озурда вужудим – қирқ йиллик жазо.
Дарахтлар минг бора тирилди- ўлиб,
Савдолар, ғавғолар, ишқ… Ва ҳоказо…

Садақа қилинган жоннинг савоби
Қайтгандек қайтади мендек гумдонлар.
Дўконда сотилмас ишқнинг шароби,
Шайх Санъон бўлолмас барча хукбонлар.

Мен кетсам офатлар ўлмас очидан,
Мен кетсам, ўзини ўлдирмас ҳилол.
Титрайсан, кимнингдир қўнғир сочига
Бевақт оралаган оқ тола мисол.

Юракнинг кулбаси ёнмоқда ҳамон,
Залолат йўлини ёритмас ёнғин.
Наҳотки, томуғнинг йўллари равон,
Наҳотки, сенсиз бу дунё – қоронғи.

Густоҳлик ахтарма ўтган хатодан,
Мен – ожиз бир банда, умр – норасо.
Мендан кейин қолар дорилфанода,
Ҳеч бир жонга насиб этмаган жазо…

АЖАЛ ФАРИШТАСИ

Севгилим, севгилим – севинчим, дардим,
Сиз менинг ҳолимни сўраманг. Ёмон.
Қачондир мен сизни ёмон кўрардим,
Қачондир мен сизни… Севаман ҳамон.

Қачондир ўзимдан кетганман буткул,
Юрагимда сўнди ялқов аланга.
Юлдузли осмон ҳам ўхшайди нуқул,
Жуда нари борса, қўтир баданга.

Менга тинчлик бермас қандайдир нола,
Дилимда зулмоний ҳислар кезади.
Безрайиб боқаман тўнғиган ойга,
Шуям ой бўлдими… Итнинг тезаги.

Ёмғирдай тўкилар бошимдан савол,
Тўмтоқ ғазабимга тополмасман ном.
Мудроқ юрагимга бедорлик – малол,
Бедор кўзларимга уйқуям – ҳаром.

Кўксимга ботади ҳасрат шохлари,
Хазондай сочилди тентак туйғулар.
Ўликдай ухлайди Дўрмон боғлари,..
Мендан шеър эшитиб чарчади улар.

Юрак мосуводир замин бахтидан,
Замин ҳам юракнинг бахтидан холи.
Оқармайди куйган юрак тафтида,
Кўнгил – оқармаган тандир мисоли.

Шайтондай ноумид эмасдим илло,
Ижобат бўлгайми қирқ йиллик тавоб?
Вужудимни айлаб бир хоки сиёҳ,
Тийра хаёлимни ёритди азоб.

Оҳ, азоб… Умримнинг қайсар бир куни
Бўйин товлармикан унинг зулмидан?.. –
Ҳам яхши ҳам ёмон кўраман уни,
Фақат, ўлганимнинг кунидан.

Оҳ, азоб… Заминнинг устидай мунгли,
Оҳ, азоб… Осмоннинг тубидай чағир.
Ҳар ҳолда беҳуда ўтган умримнинг
Ярмидан кўпроғи уники, ахир.

Билмайман, бу азоб бунча узундир,
Нечун жовдирайди сизга йўлларим?..
Билмайман, билмайман, нима учундир,
Музлаб бораётир оёқ-қўлларим…

Юрак ўғурида янчиламан жим,
Таним фориғ бўлар бор гуноҳидан.
Кепакдай сочилар беруҳ вужудим,
Унинг нафасидан, унинг оҳидан…

«Ўлмайман», деб айтдим лолу ложарам,
Мендан, худди, кимдир сўраётгандай.
(Аслида, қазога гирифтор одам,
«Ўлмайман» дер экан ўлаётган дам.)

Мен кимман? Шунчаки, руҳнинг ўлжаси,
Тортқилаб кетар у енгил лошимни.
Айтинг, ҳеч ким мени ерга қўймасин,
Мен азоб қўйнига қўйдим бошимни.

Ночор туйғуларим бевақт қартайди,
Кўнглимни қўярга тополмайман жой.
Ахир, қачонгача мени алдайди,
Бир жонбахш ҳавога айланмаган ой.

Умримнинг энг сўнгги тийрамоҳлари, –
Сизсиз ўтаётир дунёдан кунлар.
Бир кун уйғонади Дўрмон боғлари
Мендан шеър эшитиб йиғлайди улар…

… Севгилим, севгилим – севинчим, дардим,
Сиз менинг ҳолимни сўраманг. Ёмон.
Қачондир, мен сизни ёмон кўрардим,
Қачондир мен сизни… Севаман ҳамон.

МЕЗОН. 1-ОКТЯБР

Кечиргил, мен билан тўлмаган бағир,
Кечиргил, мен билан йиғлаб бўзладинг.
Бу ЁШга сен ўзинг тўлмадинг, ахир,
Бу ЁШга тўлибди, фақат, кўзларинг.

***

Яримта ой юзар, уммонда
Чўкаётган қайиқ мисоли.
Мен келаман гўзал бир тонгда,
Юрагимга соғинчлар солиб…

Баъзан,мени етаклар хаёл,
Баъзан, хаёл сураман сокин.
Мени кутиб олар бемажол
Онам эмас… Бечора хотин.

Тор ҳовлида эснайди ҳамон,
Олисларга боқар норози. –
Ҳанузгача ёпилмайди, нон
Ёпилмаган тандирнинг оғзи.

Оч бўридай тентирар армон,
Дилда қўрқув кезган кезлари.
Хаёлимдай ғариб бу макон,
Тушларимдай телба-тескари…

Мени кимдир кутмоқда маъюс,
У мен билган қадрдон ғамдир.
Йўлларимга пешвоз чиқар куз, –
Дунёдаги энг кекса кампир.

МУЧАЛ

Менга барибирдир, ким нима деса,
Агар жон жисмимни айлаб кетса тарк.
Ҳар банданинг марги бандалик эса,
Итлар ўлимини итлик демас халқ.

Ҳаётнинг қадрига етаман ҳануз,
Нафсимдан қирилиб кетмасман тамом.
Йиртқич тополмадим ақлимдан ёвуз,
Бир хилқат кўрмадим лафзимдан ҳаром.

Эрта қаридим… Ё ақлим кирди кеч,
Кўмиб дилимда ишқ қолдирган изни…
Бадбахт атамасман ўша кунни ҳеч.
Одам қилолмасам битта тўнғизни.

СўНГГИ СўЗ

Майли, бошим узра янграсин Ёсин,
Гапимга илонлар ташламасин пўст.
Минбаъд, менга деса бошимдан қолсин,
Биргина дўстини асрамаган дўст.

Чўкаман денгизга чўккан тўлқиндай,
Қақшатиб мунғайган сўлим соҳилни.
Менга керак эмас бирорта одам,
Мен олиб кетаман, фақат, Одилни.

Нокасларга айтинг тошини терсин,
Айтинг, алдамайман азбаройи ҳақ.
Айтинг, жасадимни итларга берсин,
Битта шоирини боқолмаган халқ!..

***

Оёғимдан ғам чалар эди,
Болаликда йиқилсам ҳар дам.
Мени ердан кўтарар эди.
Онагинам, бечора онам.

Энди эса… Энди одамлар,
Йиқилсам ҳам парво қилмайди.
Энди эса… Энди у дамлар
Ёдимдан ҳеч кўтарилмайди.

Оёғимдан чалиб кетса ғам,
Кўтармагил, кўнглимни овут.
Мен биламан, энди йиқилсам
Мени ердан кўтарар тобут.

СИНГЛИМ МУҲАЙЁХОНГА

Йўл юрдинг, мўл юрдинг қалбингда яра,
Сени кутди сен тан бермаган тақдир.
Маъюс тол. Тор супа. Мунглиғ мақбара.
Қайнонанг – онамга ўхшаган кампир…

Қизларингга ёқар ўсманинг ранги,
Ўғлинг дон беради товуқларига.
Ахир, сен бунчалар қарайсан ғамгин,
Пахса деворларнинг ёриқларига.

Онадан айрилдик…
Ўйлаб қарасам,
Ёшингдан каттадир дилингдаги дард.
Отга ўлим бўлди, итларга байрам,
Саксон тўртинчи йил саккизинчи март.

Рапқоннинг йўллари жуда узундир,
Ўзи билан ўзи овораларга.
Ўйнагинг келмади, тўйдан бурунги,
Азадан кейинги ноғораларга.

Синглим, оёғингга кирмасин тикон,
Бировнинг ғамини биров емайди.
Фақат, ерга ишон, тупроққа ишон,
Нимани сўрасанг у йўқ демайди.

Сени соғинганлар сендай ҳақпараст,
Сени тушунганлар дунёда камдир.
Кекса тол. Кенг сўри. Таниш мақбара,
қайнонанг – онамга ўхшаган кампир.

***

Бу уй, бу ер, ёру дўстларинг
Сеникидир, мен – бир мусофир.
Қуёш ботар, сенинг сўзларинг
Юрагимга ботгандек оғир.

Бўйнимдаги бир тавқи лаънат
Таъбирини гуноҳга йўйдинг.
Қолиб кетар абадул-абад,
Бўйнимдаги гуноҳим – қўлинг.

Мен ташнаман бир тутам нурга,
Ишонмасанг ичаман қасам.
Мен кирмайман энди бу уйга,
Мен кирмайман юзга кирсам ҳам.

Тубанликнинг чўққиси – жойим,
Сен юксаклик қаъридадирсан.
Мен – Интиҳо, қиёмат –қойим,
Сен ундан ҳам наридадирсан.

Сен ўзингдан излайсан чора,
Мен ўзимдан кетарман қочиб.
Ўшал ёруғ, ўшал қоп-қора
Сочларингни юборгин сочиб…

Қуёш ботар, бир қаро тилсим
Ботиб кетар жонга, баданга. –
Кипригингнинг қабатида жим
Чирсиллаган маъюс аланга.

ЛўЛИНИНГ ЭШАГИ
(ҳазил)

Излаб пул топишнинг осон йўлини,
Ташвишлар қошида ақлим лол эди.
Бир дўстим маслаҳат бериб: «Лўлининг
Эшагин суғориб пулин ол», – деди.

Юрагимдан йироқ қўрқув, таҳлика,
Ҳеч қачон, ҳеч кимга қилмасман ҳавас.
Эшак суғорганим бўлсин, майлига,
Ўзим эшакдайин ишлаганим бас.

Тинтиб-тикилмоқдан кўзларим толди,
Юрмоқдан оёғим кетди қабариб.
Умримннг ҳам сал кам ярими қолди,
Ярим умрим ўтди эшак ахтариб.

Эшаклар галаси дуч келар ҳар гоҳ,
Маъқул-номаъқулнинг нонини еган.
Суғориб бир фойда топмадим, аммо,
Улар ўзимизнинг эшаклар экан.

Бундай эшакларни кўп кўрдим, бироқ,
Ҳанграса қулоқни буткул тешади.
Қайдасан, одамзод дардига иноқ,
Қайдасан, лўлининг буюк эшаги?..

Мен букун гўёки қўй подасини
Қўриқлаб юрибман бўрилар билан.
Излаяпман ўша эшак изини,
Эшагин йўқотган лўлилар билан.

ФАСЛ

Умринг куйиб кетар азоб билан жим,
ўлмаган жонингга жабр қилар ул.
Дунё жаҳаннамдир, менинг бу умрим –
Олов ботинида кул бўлмаган кул.

Кўнглинг тўлиб кетар, кўнглингга сиғмас,
Кўнглингни сиғдирмас дили танг само.
Менинг саргардоним, сабр қил бир пас,
Кўнглим – ҳали ҳеч ким сўрмаган ҳаво.

Руҳинг тушиб кетар, кўзларинг тиниб,
Руҳинг синган бўлса гуноҳингни юв.
Дунё бир кўзадир, кетмасман синиб,
Менинг руҳим – синган кўзадаги сув.

Меҳринг сўлиб кетар, бошинг эгилган,
Яшайсан Худонинг ёлғиз ёридай.
Ахир,сен тупроқсан, жисмим экилган
Гуноҳкор дунёнинг гуноҳзорида.

ҚИМОР

Йўлига жон тикиб мен уни кутдим,
Аёлни унутдим, шеърни унутдим,
Қанча алам ютдим, қанча дард ютдим,
Ўзим – томошабин,
Ўзим – томоша.

Икки олам билар – у ҳаммадан зўр,
Ишонмасанг, ерда ётганлардан сўр,
Ҳаммамизни бир кун ютиб кетар гўр,
Ўлим – томошабин,
Ўлим – томоша.

***

Ёдимга келтирар дўстлар ёдини,
Ёронларим – шомлар, тунлар, наҳорлар.
Яхшими, ёмонми, келар соғиниб,
Мени одам дея келган баҳорлар.

Сизнинг дилингизга сиғмаган ҳислар
Дарёдай қўшилиб кетар дилимга.
Шамоллар бағримда ухлайди қиздай,
Ёмғирлар ёғади одамлигимга.

Мен, ахир, кўрмадим кулганингизни,
Сиз, фақат, йиғлайсиз юрагимни еб.
Мен келсам – Арвоҳ деб келаман сизни,
Мен кетсам – кетарман Сизни Одам деб…

ҲАЗИЛ

Қаттиқ ёпдим эшикни,
Ақлим жуда кеч кирди.
То йиққунча эсимни,
Эшиклар ҳам эскирди.

Тирноқ орасидан кир
Излаб-излаб топдинг сен.
Дўст бўлсак ҳам барибир,
Мени итдай қопдинг сен.

Fазабингга булғаниб
Сўнг бор эшик ёпарман.
Ул эшиксиз кулбани
Қайси гўрдан топай ман?

***

Ҳали –ҳануз томиринг бутун,
Ўсаяпсан, ўсаверасан.
Ақли қисқа тунларнинг узун
Қулоғидан чўзаверасан.

Мен етмаган қадрга қадар
Ўсаяпсан, ўсаверасан.
Сен олмайсан ҳолимдан хабар,
Сен холингдан бўса берасан.

Ярим йўлда қолади қийноқ,
Ўсаяпсан, ўсаверасан.
Йўл бермайди роҳгумлар, бироқ,
Кўз олдимдан ўтаверасан.

МЕН КЕЛАМАН…

Раҳм қилдим ошкору пинҳон,
Раҳм қилдим билмасдан, билиб.
Оқибатда аҳли нотавон
Юрагимни ташлади тилиб.

Мен раҳмдил одамман, гарчанд,
Одамзодга ихлосим сўнди…
Қўйнимдаги ожиз чувалчанг
Бир кечада илонга дўнди.

Бир бечора дўстимнинг ғариб
Ҳолин кўриб кўнглим ғашланди…
Раҳм қилган мусичаларим,
Калхат бўлиб менга ташланди.

Кўнглим очсам ўртанар бағир,
Яхши кўрсам – қақшайди суяк.
Мендан нима истайсан, ахир
Очиқ кўнгил – иштонсиз юрак.

Юрагимда ўжар бир жунун
Энди менга тинчлик бермайди.
Мен келаман қошингга бир кун,
Мен келаман… Раҳмим келмайди.

***

Мендан нима керак, керагингни ол,
Сен на оқ тераксан на кўк тераксан.
Мен керак эмасман сенга, эҳтимол,
Сен аблаҳсан, бироқ, менга кераксан!

Сенга эланмасман, ҳаром қонингга
Ҳаргиз беланмасин, гарчанд элаксан.
Ҳаргиз йўлатмасман сени ёнимга,
Сен аблаҳсан, бироқ, менга кераксан!

Тиржайган турқингдан нур излаб толдим,
Баъзан, эрмакталаб, баъзан эрмаксан.
Балолар қошида довдираб қолдим,
Сен аблаҳсан, бироқ, менга кераксан!

***

Сен меники бўлсанг шўринг қурсин, бахт,
Қадринга етмади қоҳир қисматим.
Фақат, оғушимга сиғдинг ҳамма вақт,
Фақат, юрагимга сиғмадинг.

Шодмон пучмоқларда давр сурдим ночор,
Ҳаром бўлган тунлар айқирди чунон.
Мен сени тўшакка судрадим илк бор…
Жонимга теккансан ўшандан буён.

Бежирим бастингга тикилиб тўймай,
Қонталаш бўғзингга чанг солар кимдир.
Бедард, бечорага бахт бўлдинг мўмай,
Менинг дардсизлигим бахтсизлигимдир.

Нетай, баданингда кўз очдим бевақт,
Сени дардларимга ўраб ташлайман.
Сен меники бўлсанг,
Шўринг қурсин, бахт,
Ахир, мен сендан-да узоқ яшайман…

***

Бўм-бўш хона.
Тамаки ҳиди
тор кулбага тўлиб кетади.
Тунд, бетоқат кўм-кўк дард дуди
пароканда бўлиб кетади.

Ёлғиз юрак – ёлғиз эмас у,
Кимгадир ёр, кимгадир ёлғиз.
Ёлғиз юрак – ожиз эмас у,
Ёлғиз юрак, шунчаки, ёрсиз.

Бўм-бўш хона.
Мушук. Мағалмак
тор кулбага тўлиб кетади.
Бу кулбадан кулбадан юрак
кетса, фақат, ўлиб кетади.

***

Майли, ўтаверсин беш кунлик дунё,
Мендан ҳам қолади, сендан ҳам қолар.
Суюклигим менинг, қилмагил парво.
Иккимиздан қолса – битта ғам қолар.

Биз, фақат, дунёнинг ғамини едик,
Нима ҳам дер эдим, нима ҳам дейин.
Бизлар беш кун бурун ажралган эдик,
Бизлар учрашамиз беш кундан кейин.

ОҲИМ

Кўнглим дарё мисол кетмоқда тўлиб,
Кўнгил дарёсига ўзим сиғмадим.
Устимдан кулганлар устидан тўйиб
Йиғлагим келмоқда, йиғлагим.

Бебош хаёлларим бошимга етди,
Улар мендан бурун кўмди роҳимни.
Исмсиз қайғулар тортқилаб кетди
Юрак гирдобига чўккан оҳимни.

Агар шу тириклик бўлса гуноҳим,
Дийдаларда тошдай кетардим эриб.
Тириксан, сен тирик тупроқсан, оҳим,
Тупроқдан ташқари, тупроқдан бери.

Менинг фарёдимни ютган бу тупроқ
Сенинг ҳам зорингга етмайди золим.
Ҳали бу дунёда умид – жинчироқ,
Ҳали бу дунёда милтирар жоним.

Қирқ йиллик хиёнат яшар ёнимда,
Оҳим, мен чарчадим ёру дўст излаб.
Сен тирик тупроқсан, сўнгги онимда
Устимга тортади ўша тўнғизлар.

***

Кирмай тургин ҳали қабрга,
Сен кўз ёшдан яралган намсан.
Бу оламни сирга, сабрга
Тўлдирасан, демак, одамсан.

Сен – қурсоқни ёрган ҳомила,
Сен қуёшдан яралган шамсан.
Сувни суву ўтни ўт ила
Сўндирасан, демак, одамсан.

Сен – ақлдан анқиган жунун,
Сен қувончдан яралган ғамсан.
Одамзодни ажалдан бурун
Ўлдирасан, демак, одамсан.

***

Ой мўралар йиртиқ этакдан,
Оппоқ тунлар гизлар айбини.
Кўнгли қолган уйдан, эркакдан,
Айби йўқдир, излар айбини.

Сир бой бериб топмади фойда,
Жимлигида қандайдир сир бор.
Аллакимга овлоқ бир жойда,
Сирларини айлаган ошкор.

Кўнгли бермас кўнгил бергани,
Ой ботади кўксига тиғдай.
Тоққа чиқар ўтин тергани,
Ўтин бўлар ўттизга чиқмай.

Очлик эълон қилай деса – оч.
Кўтаролмас тўқлик лаънатин.
Меҳмон келса титкилар узоқ,
Куя босган кўрпа қаватин.

Тунда битта ўзи ётолмай,
Тентирайди дард чекмаганлар.
Ўз айбини ўзи тополмай
Итга тегар ит тегмаганлар.

(Tashriflar: umumiy 757, bugungi 1)

Izoh qoldiring