Bahrom Ro’zimuhammad. She’rlar va fikrlar.

022
10  январь — шоир Баҳром Рўзимуҳаммад таваллуд топган кун.

Саҳифамизда бўлган мунозара туфайли айримларда Хуршид Даврон билан Баҳром Рўзимуҳаммад бир-бирини «кўролмас» экан деган нотўғри тасаввур пайдо бўлди. Мунозара давомида қайта-қайта таъкидлаганимдек, мен Баҳромнинг матбуот ва интернет тизимида баён этилган айрим ижтимоий фикрларини қабул қилолмаслигимни айтдим. Қолаверса, Баҳром ўзига маъқул гапни айтиш ҳуқуқига эга, мен ҳам ўзимга номақбул гаплар хусусида фикримни билдириш ихтиёрига эгаман. Бу ихтиёр ва ҳуқуқ ҳар бир шоирнинг қандай ва нима ҳақида ёзишига ҳам тегишлидир. Қаламкаш ижодини баҳолаш эса мунаққидлару адабиётшунослардан аввал фақат ўқувчи ихтиёрида. Менинг назаримда, адабиётда турли шаклу шамойилда изланиш олиб борган ижодкор фаолияти адабиётимиз учун обу ҳаводайин зарурдир. Изланиш, тажрибалар қилиш йўқ жойда адабиёт ривожи тўхтайди.
Ҳар бир ижодкор дунё ва инсон ҳақидаги ўз тушунчаларидан келиб чиқиб ёзади. Мабодо бу тушунчалар кимгадир ёқмаса, масалан,  Мурод Карим (Човуш)нинг «Ҳеч»и ёқмаса, адабиёт осмони узилиб ерга тушмайди. Балки, «Ҳеч»  ҳеч кимга ёқмас, аммо у бир кишига маъқул келган тақдирдаям, адабиёт оламида, китобхон онгида яшаш ҳуқуқига эга…
Яна бир масала: Мабодо бир авлод ўзидан олдинги авлодни тан олмаслигини намойишкорона тарзда ифода этган тақдирдаям, нафақат адабиётнинг, бошимиз устидаги чексиз-чегарасиз осмон ҳам узилиб тушмайди. Мана шу осмон остида ҳар икки авлод ҳам яшайверади. Ҳар бир авлоднинг қилган хизматини эса кейинги асрлару насллар элакдан ўтказади. Баҳо қандай бўлишини фақат Яратган билади. Унутмаслик керакки, бирон бир авлод ўзича пайдо бўлмайди, ўзидан олдинги авлодлар сутини эмиб катта бўлади.Сут билан кирган, жон билан чиқар. Бу сут унинг қон томирларида айланиб, дилига қувват бераверади.
Шу ерда чўзилиб кетган сўзимга нуқта қўйиб, бугун туғилган кунини нишонлаётган шоир Баҳром Рўзимуҳаммадни самимий табриклайман, унга янги ижодий тажрибалар йўлидан ҳормай боришга Яратгандан қувват тилайман.

Хуршид Даврон

011

Баҳром Рўзимуҳаммад
ШЕЪРЛАР

ИНСОННИНГ САРГУЗАШТЛАРИ

Мен ғаройиб меваман
Ёлғизлик Дарахтидан узилган мева
Йўқ мен ерга тушмадим
ер кўтарилиб келди мен томон
ва бандимдан узилдим қўйдим
Бир сап-сариқ маймун
оқ фаришта билан суҳбатлашаётган эди
фаришта кўрсаткич бармоғи ила
ишора қиларди осмонга
қиқирлаб куларди маймун
фаришта такрор ва такрор
осмонга чўзарди кўрсаткич бармоғин
қорнини ушлаб хохоларди маймун
фаришта учинчи маротаба жиддий
сўз қотди маймунга
маймун саросимада
менга қаради
ва ўша лаҳзада
Ёлғизлик Дарахтидан узилдим бирдан
суҳбат шабадаси чирт узди мени
ғаройиб меваман
Ёлғизлик Дарахтининг меваси

ТИШГА ҚАСИДА

уйғондим туш битди манглайимда узаймиш чизиқ
на маржон қоялик на денгиз қизлари на минг йиллик кема
устимда эса ел ва паришонлик ифори

Туғрул Танёл

Тишлари инжудай оппоқ пари қор ила нечун ўйнашдинг сен
ёқангда товланган парча шафақ шуъласида қарайсан олисларга
бир сим титроғида бир япроқ титроғида узасан ўзингга ёққан меваларни
сийнаси мармар ёсуман табассуми аро чопқиллаб ўтасан
эшикларни бекитарлар девлар кирмасин дея
пардалар ғижимланган
дарбозага тушган нақш
оловиддин
шамчироғиники
агарда йиғламоқчи бўлсанг туш кўрасан бир зум
анқо тухумини музга уриб синдирганларида
нозвой шаббодаси учириб кетар синиқларни
тош майсага орқа қилиб томир ёзган бўлади
тун тусига қоришган нинани излаётган ким
эски қудуққа боқсанг қадимги битикларнинг ҳовури шундоқ кўтарилар
искандар шохи кўмагида ушлаганинг кўм-кўк қурбақаларми
ким бировни излайди биров эса ер ва самода йўқ
таралло қилиб юрган шайтонни тутадилар
чўнтагидан ҳужжат ахтарадилар
жин ўзининг жин эканини
тан олмайди
қўрқади

Тишлари инжудай оппоқ пари нечун сен ўйнашдинг қор ила
лолазор ила анҳор ила баҳор ила
булбул чаҳ-чаҳига ижозат берки хаёлингга кирсин
қувмоқчи бўлсанг мени юрагингга қув
муҳаббатмас мунда қўрқув муқимдир
хаёлингда яшай лаблари болингда яшай

2012. 13 октябр.

СУВ МИНОРАСИ

Нурни ушламоқ истарсан тутмоқ истарсан
жунун водийсига хат таширлар қушлар ҳам
кўзингдан сочилган шуъла ақлимни барбод қилди
барча нурлар қочдилар
камалакка дўндилар
ўқ ёй бўлур қўлингда
жоним нишон камонга
тунми бу бошқа тус йўқ ё сочми
чулғансин жисмим ноз билан ишва билан
бир кўтарилар бир тушар бир мавжланар
йилтироқ ашёлар ўғирларми хаёлимни
оққан каби бўламан балки дарёдирман
учган каби бўламан ойдирман балки
эшитмай гапираётган сен эканингни сездим
оловни нега ёнгани қўймайсан
шамол кўйлакларинг шитиридадир
япроқ тилида нимани сўраяпсан мендан
имлоларни пайпаслаб ўқимоқдаман
фараз қилки кўзинг жодуси ила куйган бағрим каби
бармоқларим ёнмоқда чўғ бўлмоқда бирин кетин
адашдим Сув минорасига қараб турибман
Камалак ўлкасига капалак бўлиб учайми
томчи зарби янглиғ товуш мени уйғотгали келди
уйқу аро уйғонганимни ҳеч кимса билмас

2012. 13 октябр.

ТУТ

Ковагига чумчуқ уя солган эй қишлоғимиздаги тут сени соғиндим
хон қизи гавҳар мунчоқдек шиппа ёпишган янтоқ қўргим келади сени
мен ер ҳидини соғиндим лой ўйинчоқларимиз тўрпоқ эмиш ҳануз
бўжилари ила қўрқитган дала тузларимиз қани
уялибдими мендан кичраймиш кулба
нос рангидаги қовоқлар товланмиш
сувлар оқаётганмиш
бир йиғи каби
семиз ўт дўмбоқ қиз каби эркаланиб ётмиш
мол тезаги туртиб уйғотди алланималарни
балки ишонмассан тер ҳиди эсимдадир
ишқдан менга сабоқ берган қизалоқ
унутармидим мен қатиқ исини
одам тилида гапирсанг бўлмайдими ахир
дермиш олифта битикларини ўқиган чол
тут эса тушимда балки ўнгимда момомнинг бепарволиги ила
чумчуқларини чирқиратиб мен тарафга келаётганмиш
жодугар ковуши янглиғ томирларини бирма-бир босиб
ОВОЗ Шамол Шамол боланг қудуққа йиқилди
кетига тезак тиқилди
тез кел олиб момоқалдироғингни

2012 йил. 14 октябр.

ҚУМ МУШУГИ ҲАҚИДА ЭРТАК

Қум мушуги мовий осмон ила танҳо қолди
қаради кўкка айни бир жиддийлик оғушида
агарда у минг йил аввал бунда туғилганида борми
уммон остида димиқиб жон таслим қилган бўларди
агарда у милён йил аввал туғилганида
динозавр урҳосидан
қўрқарди
қаттиқ
саксовул гуллари ила хаёлини безаган махлуқ
юлдузларга боқиб кумуш йўлакни пастга туширди
учди булутлар оша ғуж-ғуж нурлар оша ойнинг қаро доғлари оша
бир шувуллаш бир шовуллаш сезимларини юрагидан жунларига ўтирарак
само туйнукларида ёввойилик қадар ётликни кўрди ҳуркди кирмади
нурлар-да шафақлар-да совуқлар-да унга қарши йўналмакда эдилар
баҳайбат тошга бошини урди порлоқ кенгликларни кўрди
унда ўт-чечаклар шабнам забонида чулдирамоқда эдилар
бир япроқ иккинчи япроққа дер эмишки
менда яратилмаган махлуқларнинг рўйхатлари бор
ўқи
иккинчи япроқ ўзида ҳаворанг кирпини акс эттираётган эди
дарёнинг уруғини музтоғ уруғини жар уруғини
сарагини саракка
пучагини пучакка
ажратмоқда эдилар
овоз ранг билан ўрин алмашаётган эди
илон дарвеш ҳирқасини кийиб кўрмоқчи бўлаётганди
панжарага ўхшаш ашёлардан ясалган учоқ гувиллаб учмоқда эди
мис чойнак пиқиллаб қайнаётиб қорни шишган жонвордек йиқилди қолди
у шундай ўйладики инига кирганида ташқарида қолган Жимлик
найрангларини тушида кўрмоқдадир балки
хайрият Ер товушини эшитди
Она қум мушуги миёвлаётган каби товушни

2012 йил. 17 октябр.

ЖИЙДА ШОХИДАГИ ПАРИЛАР

Қоронғи кеча эди
Оқшом теваракни яширган эди
Нон жийда ёнидан ўтиб бораётган эдим

ёқимли шивирларни эшитдим
қарадим тепага бир жийда шохларини
кўрдим эшитдим кўрдим эшитдим
баданимни юзлаб асаларилар талаган каби бўлди
асаларилар бир ширин чақмоқда эдилар
тубсиз осмонда томир
ёйди чақмоқ

қарасам кўзлари мовий балки яшил балки бол ранггида
парилар ўтирибди шохларда сочлари тилло балки зумрад
туси ила ёнмиш туш кўрдимми ё дебман овозлари
кумуш бир гал тош ичидан оққан шундай булоқни
кўрган эдимки шу эсимга тушди
бир ширин ширин
эсладим
кулдим
йиғладим
ичимда
тинч
оҳ

Қоронғи кеча эди
Оқшом теваракни яширган эди
Нон жийда ёнидан ўтиб бораётган эдим

тепага боқдим ҳар тарафда ҳар япроқда қон қон қон
тунни чайқатиб бир оҳиста чайқатиб кулмакда эди ийда
париларнинг қўли қирмизи сочи тилло овози кумуш
ранглар бошимни бир айлантирдилар

эй одам деди бир пари нечун
умринг йиғига чулғанмиш
яшаш истарсен яшаб билмассен
кулсанг биз каби бир озод кул
ҳар қадамингда тош турибди
панжаралар аро борлиққа боқарсан
танинг мозор жимлигига муштоқ
ўлсанггина қутуласан мундан
бўса билганинг заққумдан аччиқ
кел бери сен жин каби кел

Қоронғи кеча эди
Оқшом теваракни яширган эди
Нон жийда ёнидан ўтиб бораётган эдим

тепага боқдим дум-думалоқ ёқутлар рақсини кўрдим
тепага боқдим ёқутлар орасида шар сингари олтинларни кўрдим
тоғларни кўрдим сўқмоқларни кўрдим
ёлларини титратиб хирқираётган арслонларни кўрдим
қаҳ қаҳага тойиниб йиқилдим мен
турдим сояларим яна йиқилди
бир кафт
устида
юриб
бораётган
каби
бўлдим

Нон жийда ёнидан ўтиб бораётган эдим
Оқшом теваракни яширган эди
Қоронғи кеча эди

жийда кеча оқшом
оқ
шом
шам

2012 йил. 19 октябр.

Изоҳ: Бу воқеа ҳақиқатан ҳам ҳаётда рўй берган. Қуронбой тракторчи айнан Оқшом воқеасини ҳикоя қилган эди. Айтишича, жийда устида ўтирган париларни кўриб, қаттиқ қўрққан. Қўрққанидан кўрганларини, эшитганларини унутган эмиш. Мен хаёлан шуларни тикладим. Шеъримни Қуронбой тракторчига бағишлайман.

КУБРОНИНГ ИТИ

Ит муаллақ ҳавода
ўргамчик тўрида
типирчилар ит

Тилло ҳалқа
рқирайди бўйнида
одамнинг кўзидек
ит кўзи чақнайди

Назар ташлар кимёназар пийр
вовуллаб ибодат қилар экан ит
овози айланар ҳамду санога

Оллоҳ деб ўсади чечаклар
қалдирғоч тумшуғида одам шажараси

зум ўтмай
беш дақиқа
илонга айланиб туради ҳалқа

Гоҳ тилда ҳалқа у
гоҳ илон
гоҳ ҳалқа
гоҳ

Ит одам қавмига қўшилди
узлатга чекинди
итнинг жисмию
одам қалби ва кўзи билан

АФСУНГАР

Осмон ям-яшил эди
қизил булутлардан
нимпушти рангда шарбат ёғарди
Азроил
тик боқди
бу манзарага

Фаришталар
қулоқни тешгудек жарангдор овозда
қудуққа қулаган зангори эчки
хусусида қўшиқ куйларди

Тамаки тутуни
учоқ изи каби шакл қолдирди ҳавода
нимпушти манзарага ҳошия бўлди

Азроил панжасидан
айнан шу лаҳзада
қутулди арвоҳлар

Қандайдир бир маҳлуқ бор овози билан кулди
сўнг аввалгидек жимлик чўкди
ерга осмонга

013

«ШАРҚ ЮЛДУЗИ» ЖУРНАЛИДА «ЯНГИ АВЛОД ОВОЗИ» РУКНИ ОСТИДА БЕРИЛГАН САВОЛЛАРГА
БАҲРОМ РЎЗИМУҲАММАД ЖАВОБЛАРИ

(Саволларни жавоблардан билиб оласиз,деган умиддамиз)

1-2. Шоиру ёзувчиларнинг руҳи ўзгачалиги билан ажралиб туради. Бошқача айтсак, улар гўё ўзга сайёраликдирлар. Коинот буржларидан, юлдуз жарангларидан таралаётган хабарларни тез қабул қилишади ва хабарни ёзув сифатида акс эттиришади. Йигирманчи асрнинг етмишинчи йилларида назм майдонига байроқ кўтариб чиққан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон – шу тўрт забардаст шоир шеърларини ўқийдиган бўлсангиз, тўқсонинчи йиллардаги кескин ўзгаришлар олдиндан пайқалганига ишонгингиз келади. Кейинчалик бу улуғ шоирлар жамият ҳаётидаги бошқа йўналишларда фаолият юритишди. Бироқ уларнинг ёзувлари ила танҳо қолсангиз, Истиқлолнинг товушсиз қадамларини эшитгандек бўласиз. Зотан, жамиятдаги буюк ўзгаришлар фақатгина Шахсларга боғлиқ эмас. Шу жиҳатдан ёзув ҳам. Фақат Оллоҳгина дунёни ўзгартиришга қодир. Ёзув – Оллоҳнинг суйган бандасига тортиқ этган неъмати. Айниқса, шоир зоти учун дунё билан чиқишиб яшаш оғир келади. Нима қилсанг ҳам чидай олмайсан. Озар шоири Рамиз Равшан ёзганидай:

Бу дунё бир қайнар қозондир, илло,
сўндирмас ўтини на қор, на ёмғир.
Бу дунёдан кетиш осондир, аммо
дунё-ла чиқишиб яшамоқ оғир…

(Озар тилидан Абдулкарим Баҳриддин таржимаси).

Қозон ҳамиша қайнаб тураверади. Ўтган асрнинг 20-, 60-, 70- йилларида пиқирлаган сув ҳам ўша қозоннинг ичида эди. Ҳозир ҳам шу қозон, шу қайноқлик…

Ёзув одамлари зиддиятлар аро яшайдилар. Гоҳо: “Ёзмасам, яхши бўларди. Шу ёзув ҳаётимни издан чиқарди. Математикаданми ёхуд жисмоний тарбия фаниданми, мактабда дарс бериб, ойлик маошимни олиб кун кўраверсам, мазза қилардим. Тошкентга келмасам бўларкан…” сингари ўйу хаёллар мияда чарх уради. Шон-шуҳрат ўшанда балодек кўриниб кетади. Бироқ қишлоқда яшаганингизда, ёзувдан айро тушганингизда нелар бўлишини тасаввур этарак совуқ терга ботасиз. Ҳазрат Алишер Навоий ўзини “Маломат булбули”га қиёслаган эди. Ҳеч бир ҳаракат маломатсиз кечмаслигини ёш ўтгани сари тушунаверасиз. Бу олам юрак очиб яшайдиган, тўйиб хаёл сурадиган, яйраб севадиган олам эмаски, қаламни бор кучингиз ила ушласангиз.

Ҳар бир иқтидорли ижодкор қачонлардир идрок таназзули паллаларини бошидан кечиради. Дейлик, ботиний хафагарчилик ёхуд ичкиликка муккасидан кетиш сингари ҳолатлар ўша жараён аломатларидир. Руҳий карахтлик ҳам толиқтиради одамни. Ана ўшанда маломат тошлари остида эзилаётганингизни пайқайсиз. Асарларингиз қанчалик ардоқланаётган бўлмасин, шахсиятингизни рўкач қилиб, сизни ёмон кўриб бошлайдилар. Мен бу гапларни барча авлод вакилларига дахлдор ҳисоблайман. Бинобарин, танадан энергия сарфлаб қалам тебратиш осон амал эмас.

Биз тенги авлод вакиллари ( Абдували Қутбиддин, Азиз Саид, Эшқобил Шукур, Ҳалима Аҳмедова ва бошқалар) 1985 йилларга келиб ўзлигини намоён қила бошладилар. Бу ўн йиллик ғала-ғовурга тўлалиги билан ёдда қолди. Шу ўн йилликда шеъриятимиз энг баланд нуқтага кўтарилгани чин. Саксонинчи йилларнинг биринчи ярмида овозага айланган Рауф Парфи қаламига мансуб “Қайтиш” китоби янги бир авлод шаклланишига йўл очиб берган. Шахсан мен Рауф Парфини авлодбоши сифатида қадрлаганман. Тенгқурларидан озгина кейин танилган Муҳаммад Ғаффор, Турсун Али, Ўроз Ҳайдар, Саид Мурод, Шермурод Субҳон сингари турлича услубда ёзадиган шоирлар аслида Парфининг издошларидирлар. Қаламкаш дўстларимиздан бири бу йўналишни ҳазил тариқасида “парфизм” дея номлаган эди.

Башорат қилишни унчалик хуш кўрмайман. Аммо менга шундай туюляптики, 2030 йилларга келиб назмда ҳам, насрда ҳам буюк кўтарилишлар майдонга чиқади. Реализм ва модернизм бошқача кўринишларда намоён бўлади. Халқаро адабий алоқалар гуллаб-яшнайди. Европа ҳам, Америка ҳам ўзларининг адабиётларидан толиқадилар. Худди ўзбек қовунларига ташналик каби маънавий чанқоқликларни пайқаймиз. Ислом дини фалсафаси, очиқроқ айтсам, сўфийлик қизиқишлар марказида туради. Жаҳон бўйича Алишер Навоийнинг кашф этилиши ўзбек адабиёти обрўсини янада оширади. Албатта, Оллоҳ умрини узун қилган тенгқурларимиз кўришади юксалиш фаслини…

Ҳозирги даврда шеъриятда интим лирика кўпроқ кўзга бўртиб ташланаётгандек назаримда. Дейлик, Гўзал Бегим, Ойдиннисо, Акмал Тош, Даврон Ражаб, Бектемир Пирнафас, Ҳабиб Абдиназар, Гулбаҳор Саид Ғани, Ибодат Ражабова, Болтабой Бекматов, Нилуфар Умарова, Маҳфуза Салоҳ каби шоирлар дунёни ўта шахсий кечинмалар кўмагида англашга интиладилар. Бу шоирлар ижодида ижтимоий муаммолар кўндаланг қўйилмайди. Яқинда мен Муҳаммад Ғаффорнинг “Чўмилаётган дарё” тўпламидаги айрим шеърларни қайтадан ўқиб чиқдим. Саид Мурод тўпламини яна бир бор мутолаа қилдим. Бир-бирига ўхшамайдиган иккала шоир ижодига унчалик эътибор қаратмаганимга ич-ичимда иқрор бўлдим. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шеър таъмини илғаш жараёни йиллар ўтгач давом этиши ҳам мумкин экан.

Ҳар хил усулларда асар битадиган шоирларни бир авлодга мансуб дейиш ўринлими? Менимча, йўқ. Бир мактабга дахлдор дейиш бошқа нарса. Бизнинг аксариятимиз “Парфизм” мактаби сабоқчиларимиз деган фикрдаман.

3. Юксак адабиётнинг миссияси ҳақпарастликдир. Ҳазрати Алишер Навоий ижодиётининг қадр-қиммати шу боисдан ҳам баландки, ул зот назмида ҳақпарастлик мустақил кўнгил меваси мақомига чиққан. Эътибор қилинг: мутафаккир бобомиз яширин қаватларни қай зайлда тасвир этган:

Сени топмоқ басе мушкулдурур, топмаслиғ осонким,
Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо.

Ҳақни излаётган банда маломат ўқига нишон бўлади. Айниқса, ҳиссий билиш йўли қўрқинчлироқ. Айнан худони кўп излагани боис ҳам баъзан шоир фалак қаҳрига учрайди. Умуман олганда, шоир қавми – худо “қарғаган” қавм. Ўша “қарғиш” боис ҳаёт ғаройиб, тобора ғаройиб кўриниб бораверади. Ўз навбатида шоирлар бирданига ўзгариб кетиши ҳам бор гап. Менга А.Ориповнинг ўн етти-йигирма икки ёшларида ёзган шеърлари хуш ёқади. Ўша шеърларидаги руҳ Ҳайнрих Ҳайне битиклариникидан-да баланд. Орипов Дантенинг дурдона асарини таржима қилганидан сўнг янада ўсди. Хуллас, шоиру ёзувчиларимиз ўз саволларига жўшқинлик ила жавоб ахтарган пайтларида бетакрор асарлар яратадилар. Жавоб ахтариш мароми пасайганда эса ўзларини ўзлари такрорлашга тушадилар.

4. Физикада инерция тушунчаси мавжуд. Дейлик, машина мотори ўчириб қўйилса, инерция боис кўп вақтларгача ҳаракатланаверади. Айниқса, тепаликдан тушаётганида… Бугунги кунда Сўз кишиларидан мутлақо ўзгача асарлар кутиш мақсадга мувофиқ эмас. Адабиёт кеча кимнинг ёнида турган бўлса, бугун ҳам унчалик олис масофага бош олиб кетиб улгурмади. Шу сабабдан ҳам, дейлик, модернист дея қараладиган ижодкорларга у қадар кўп ишонишмайди. Умуман олганда, бу саволингизга, Улуғбек, яна ўн-ўн беш йилдан сўнг аниқроқ жавоб қайтариш мумкин.

5. Менимча, постмодернизм модернизмдан унчалик ҳам тафовут қилмайди. Дейлик, модернизмни қизил тусга қиёсласак, постмодернизмни қип-қизил рангга ўхшатса бўлади. Адабий истилоҳларнинг кўпчилиги реклама мақсадида ишлатилади. Биз 2003 йилда ҳаммуаллифликда “Ўзбек модерн шеърияти” баёзини тузган эдик. Баёз ГФР ва АҚШ адабий доираларида ҳам довруқ қозонди. Агарда баёзга, масалан, “Кўк қарға” деб ном қўйганимизда хос давраларнинг назарига тушмас ҳам эдик.

Навоий ҳазратлари ғазалларидан сўнг энг кўп ўқиганим Нозим Ҳикмат шеърларидир. Айниқса, шу шоирнинг “Сочлари сомон сариғи, киприклари мовий” номли шеърини (Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси) ўқисам, янги бир озиқларни оламан.

Модернистларни танқид қилиб юрадиган ёзувчи оғамиз Нортўхта Қилич бундан ярим йилча муқаддам менга “Икки олам аро” номли мунаққашасини ўқишга берди. Ўқисам, асарнинг айрим жойларида постмодернизм унсурлари ярақлабгина турибди. Шу тўғридаги мулоҳазаларимни адибимизга ёзиб ҳам бердим. Хуллас, постмодернизмни хушламайдиган ижодкор ҳам шу кўчадан билиб-билмай ўтиб кетиши мумкин экан. Аммо ҳадеб оқимлар номини таъкидлайвериш аллергия қўзғаб қўйиши ҳам бор гап. Биз модернчи дейилганимиз сари халқ орасида ўқувчиларимиз камайиб бораётир. Пойтахтдан олис-олислардаги айрим қишлоқларда асарларини ўқимай туриб, модернистлардан дарғазаб бўлиб юрганларни ўзим кўрганман.

6. Бошқотирма, кроссвордни адабиётга нисбатан қўлланишига қўшилмайман. Чунки, дейлик, кроссвордни ўйлаб-ўйлаб ечадилар. Адабиётдаги ўйин бошқотирма сингари ечилмайди. Ўйинни кўриш учун ўйлаш, чуқур ўйлаш шарт эмас, шунчаки сезимларингиз ўйинларга мослаша билса… шунинг ўзи кифоя.

ДАРДни ҳар ким ҳар хил тушунади. Дард кўп, ҳамдард эса оз. Дейлик, мен ўзим чин шоирлар ёлғизликда қийналиб яшайдилар, деб ўйлайман. Ҳазрат Навоий, савияси юксак дўстлари кўп бўлишидан қатъи назар, танҳоликда оғриниб яшаган. Шунинг учун ҳам шеър ёзган.

Аслида, ҳаётнинг ўзи – ўйин. Ўйнатувчи – Оллоҳ. Мафтункор мусиқалар чалинар экан, ўйинга тушмасдан иложингиз қанча?! Ҳазрат Навоий ҳам ёзган-ку ахир:

Ўйнай-ўйнай боғлади уйқумни фусундин,
То ғамзаси ул наргиси жоду била ўйнар.

Тонг йўқки, кўзунг бўлса кўнгул бирла мулоиб:
Мажнунға ажаб йўқ, агар оҳу била ўйнар.

Сўз афсунгарининг кўп ғазаллари ўйин асосига қурилган. Ҳаттоки, жиддий туюладиган ғазалларининг баъзи жойларида муаллиф “қаҳ-қаҳ отиб” қўяди. Дейлик, “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай” матлаи ила бошланувчи ғазални олимларимиз жиддийликларини авж олдирарак шарҳлаганлар. Аслида, бу бошлама ғоятда фалсафий туюлса-да, ғазал охирида истеҳзога дуч келамиз:

Беша ичра девлар мақтули ўлсун, эй пари,
Гар Навоий ёна азми Астиробод айлагай.

Бу ғазални бобомиз ҳокимликдан бўшаб, Ҳиротга қайтаётганида йўлда ёзган бўлиши ҳам мумкин. Агарда шундай бўлса, илк байтда подшоҳга ташаккур изҳор қилгани тасдиқланади. Охирги байтда эса шоир ўз устидан кулмоқда. Агарда яна Астрободда қорамни кўрсатсам, мени девлар тутиб олиб, чангалзорда ўлдирсинлар, демоқда.

“Алкимёгар” асарини жаҳон миқёсида оммалашувига ҳам ўйин усули сабабчи. П.Коэло Шарқ сўфийлик адабиёти унсурларини Европага мослаб ўйин қилади. Аслини олганда, бу асарда одамни фавқулодда жунбишга келтирадиган бирор лавҳани кўрмайсиз. Демак, гоҳо ўйин усуллари асарга жозибали руҳ бағишлаб берар экан.

“Ўйин”га берилиб кетиш ҳам ярамайди. Сабаби, шоиру ёзувчиликдан муддао ўйинларнигина тасвирлаш эмас. Адабиёт маъно товланишлари кўмагида одамларни юпатиши, уларга тасалли бериши ҳам керак. Дарднинг ўзи одамни толиқтиради, чарчатади. Муттасил ижод ўйи билан яшаган кишиларда асаб зўриқиши хасталиги учрашини биламиз. Умуман олганда, адабиётга ўта жиддий назар ташласангиз, ҳорийсиз, енгил қарашлар ҳам фикр салмоғини туширади. Олтин оралиқни ахтариб топмоқ даркор.

7. Мен ўзим ҳам юздан ортиқ адабий танқидий мақолалар ёзиб матбуотда эълон қилдирганман. Ҳар доим ҳам ўйлаганларимни айта олганим йўқ. Чунки бировни хафа қилиб қўйишдан чўчийман. Шу нуқтаи назардан қаралганда, холис бўлиш – мушкул амал. Олимларимиз имконияти даражасида холисликка интиляптилар. Аммо адабий танқидчиликнинг назаридан четда қолиб келаётган ёзувчиларимиз ҳам бор. Булар: Олим Отахон, Темур Пўлатов, Юсуф Латиф… Негадир саксонинчи йилларда мақталган шу ёзувчилар дорулфанода борми-йўқми – ҳеч ким қизиқиб кўрмади.

8. Адабиёт майдонидаги курашда ғирромлик ишлатилмагани маъқул. Соф рақобат бўлган жойда адабиёт тараққий этади, мухлислар савиясини ўткир қилади. Ноанъанавий усулларда асар битадиган ижодкорларга қарши буюртма йўсинида мақола ёздиришга уринишларни ҳам кўрган эдик. Адабиёт майдонидан сени супуриб ташлайман, қабилидаги иддаоларни эшитганмиз.

Радиодаги чиқишида ёш олимлардан бири, мен бутун умримни модернизмга қарши курашга бағишламоқчиман, деганини эшитганман. Рақобат чоғида куч, тазйиқ ишлатилса, жоҳил кимсалардан нима фарқимиз қолади, ахир?! Агарда ҳақиқатан ҳам реализм ва модернизм оқимлари бор дея тан олинса, ушбу оқим вакилларига тенг имкониятлар яратиб берилиши жоиз, деб ҳисоблайман.

9. Менимча, ижодкорнинг ижодкорлик ва фуқаролик бурчлари бир нарса. Яъни ижодкор ҳаётдаги ўз миссиясини бажаради. Агарда миссиясини бажармаса, лаззатлана олмайди. Миссия адо этилганидан сўнг ижодкор руҳан “ўлади”. Фуқаролик бурчи ўшанда ниҳоясига етади.

Ёзувчиларимиз қариганини тан олганида нуроний бўлиб кўринадилар. Ёзганларинг зерикарли туюлаверса, ўз-ўзингни такрорлайверсанг, одамлар сени ичида койийдилар. Қачонлардир адабиёт билан хайрлашганингни тан оласан…

10. Бугунги кунда омма адабиётининг тарғиботи кучли. Бадиий нашрларнинг аксарияти пойтахтдан минг километр наридаги қишлоқларга етиб бормаяпти. Қишлоқлардаги мактаб кутубхоналарига бориб кўрганмисиз? Айрим мактабларда кутубхона йўқ даражада… Ўн-ўн беш бадиий китоб, йигирма-ўттизта дарсликларни йиғиб, шуни кутубхона дейишади. Бугунги кунда ҳеч бўлмаса, ХХ асрнинг шеърий, насрий, мақоланавислик антологиялари ҳар битта умумтаълим мактаби кутубхонасида бўлмоғи лозим. “Ўзбек адабиёти” дарсликларини сал бошқачароқ тарзда яратиш даври келмадимикан? Масалан, умумтаълим мактабларига мўлжалланган “ХХI аср ўзбек адабиёти” қўлланмаси яратилса-ю шу қўлланма қишлоқ мактабларигача етиб борса… Ҳар ҳолда, жиддий адабиётга қизиқиш мактаб партасида бошланса, ёмон бўлмас эди.

Мен ўсмирлик чоғларимда Ўткир Ҳошимовни яхши таниганман. Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романини ўқиб, ҳатоки унга тақлидан қисса ёзган эдим. Ҳозирги вақтда қишлоғимиз болалари, дейлик, Аҳмад Аъзам, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби ёзувчиларнинг асарларини ўқиш тугул, исм-шарифларини ҳам билишмайди. Чунки бу ёзувчиларимизнинг китоблари мактаб кутубхоналарига етиб бормайди. Бир-икки йилча муқаддам Туркманистон Республикаси чегарасида жойлашган умумтаълим мактаби кутубхонасини бориб кўрдим. Ишонасизми, Қодирий ва Чўлпоннинг бир-иккита китобидан бошқа ҳеч қаво йўқ. Жамоа илтимосига кўра, шахсий кутубхонамдаги айрим насрий китобларни шу мактабга жўнатдим. Қишлоқдошларим, айниқса ўқувчилар, уй бекалари жиддий адабиётга қизиқишар экан.

Шу ўринда қиёс сифатида ҳаётий воқеадан сўз очмоқчиман. Биринчи курсдалигимда поездга миниб, қишлоққа келаётганимда сотувчи худди совунга ўхшаган, ялтироқ қоғозларга ўралган алланарсани таклиф қила бошлади. Мен беш-олти донасини сотиб олдим. Бирини очиб, тишлаб кўрсам, таъми нордон. Уйимга олиб борсам, қавму қариндошлар нима опкелдинг, дея кулсалар керак, деб ўз-ўзимча хижолат тортдим ва харидларимни поезд деразасидан улоқтирдим. Ўша пишлоқлар саҳро юмронқозиқларига ем бўлди.

Орадан уч-тўрт йил ўткач, дадам пойтахтга келди. Қўшжонов домланинг шогирди, қишлоқдошимиз Бахтиёр Қурбонбоев бизни меҳмонга таклиф этди. Дастурхонга худди ўша нарса қўйилган экан. Дадам индамай ея бошлади. Мен ҳам унга қўшилдим. Ана шундан бери пишлоқхўрга айланганман. Буларни ёзиш баробарида нима демоқчиман? Пойтахтимиздан минг чақиримлар нарида яшовчилар, дейлик, Кафка, Камю, Жойс асарларини таклиф этсангиз, дастлаб пешоналарини тириштиришлари мумкин. Аммо, кейинчалик, таъмини билгач “мазахўрак” бўлишади. Китоб сотиб олиб, шахсий кутубхона ташкил этишни анъана тусига киритадиганлар топилиб қолиши ҳам мумкин. Хусусан, бизнинг қишлоқда айрим одамлар бойиб кетаётганини кўрдим. Европача усулда қурилган уйларнинг ёнидан ўтарканман, туш кўрмаяпманми, деб ҳам ўйладим. Авваллари қишлоғимизда уч-тўрт нафар киши машина минарди. Ҳозирги даврда биз тенги баъзи одамлар тасарруфида ҳаттоки иккита машина бор. Бироқ маънавият, маърифат тарғиботи билан астойидил шуғулланган фидойи одамларни кўпроқ кўргинг келади қишлоқларда! Бойиб бораётганлар ҳам гоҳо шундай нолийдиларки, уларга қараб юрагим орқага тортиб кетади. “Оға, буларга китоб тугул, қоғоз ҳақидаям гапирманг – жаҳллари чиқади” деди бир гал укам.

Яқинда мен Маркс Жуманиёзов қаламига мансуб “Эсимда қолган онлар” (“Мусиқа” нашриёти, 2008 йил) автобиографик китобини ўқиб чиқдим. Бу одамни жиддий адабиётга қаттиқ қизиққанини ҳеч билмаган эканман. Маркс оға билан учрашганимизда ҳам жиддий адабиёт тўғрисида гаплашмаган эдик. Бу инсон бултур декабрда бандаликни бажо келтирди. Аммо шу китоби тарих бўлиб қолади. Китобда шундай тасвирлар мавжудки, худди кино кўраётган каби бўласиз.

Адабиётпарастлар мамлакатимизнинг кўп олис шаҳарларида, қишлоқларида яшаяптилар, уйларида кутубхона ташкил этяптилар. Бироқ биз буларни билмаймиз, танимаймиз-да, ҳеч ким китоб ўқимаяпти, деярак оҳ тортамиз.

Худога минг қатла шукурки, бизда зеҳнли одамлар кўп. Аммо китоб чиқариш, китобларни кутубхоналарга жўнатиш, китобларни савдога қўйиш, энг асосийси, китоб тарғиботи тизимининг янгича механизмларини ишлаб чиқиш давр талаби. Хулоса шуки, жиддий адабиёт тарғиботи аср муаммоси сифатида кун тартибига олиб чиқилмоғи лозим. Мана, ҳозир умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида ҳам ўқувчиларга инглиз тили ўргатилмоқда. Улар мактабни битиргунига қадар жаҳон адабиёти дурдоналарини инглизчада ўқийдиган бўладилар. Онг ўсади. Онг жиддий адабиёт намуналарига талабгорлик қила бошлайди.

021Баҳром Рўзимуҳаммад 1961 йилда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1984). «Товушсиз қадам» (1987), «Теракка якин юлдуз» (1989), «Икки нур» (1994), «Давсаман» (1995), «Тинч гуллайдиган дарахт» (1997), «Кундуз сарҳадлари» (1999), «Соялар суҳбати» (2006) каби шеърий тўпламлар муаллифи. 20-аср немис шоирларининг ижодидан намуналар таржима қилган (X. М. Энценсбергер ва бошқа). «Чўлпон — тонг юлдузи демак» рисоласи чоп этилган. «Ўзбек модерн шеърияти» китобининг тузувчиларидан бири.

Манба: Интернет тизими

(Tashriflar: umumiy 5 236, bugungi 1)

Izoh qoldiring