23 июнь — таниқли рус шоираси Анна Ахматова таваллуд топган кун
Анна Ахматова шеъриятининг табиати бир қарашда содда туюлгани билан, аслида у жуда теран ва ўзи яшаган даҳшатли даврнинг бутун фожиасини ўзида намоён эта олган ҳодисадир. Унинг табиатида сокинлик ичида ҳаракатга келаётган қудратли бўрон яширин. У ўзини вазмин ва тафсилотларга бой сатрлари билан юрагининг туб-тубида вулқондай ёниб жўшаётган туйғуларни, тасвирлаётган воқеа-ҳодисалари ортида буюк муҳаббат изтироби,панжарага ўралган давр билан келишишни истамаган эрксевар шахс изтиробини кўрсата олади.
Анна Ахматова
ШЕЪРЛАР
* * *
Дафн айланг мени, шамоллар,
Нетай, келмас яқинлар саси!
Бошим узра сарсон намозгар,
Ва осуда замин нафаси.
Мен ҳам сиздай юрар эдим ҳур ,
Ташна эдим яшашга нечоғ.
Энди бўлса танам муз эрур,
Ким ҳам тортсин устимга тупроқ.
Кечки зулмат чойшаби билан
Ёпинг қаро жароҳатларим.
Бошим узра зангори туман,
Айтинг, қилсин тиловатларим.
Сўнгги уйқу ёлғизгинамни,
Осойишта қучсин, десангиз .
Кўкламларни, кўкламгинамни
Қамиш бўлиб куйлай беринг сиз .
1909
* * *
Қуёш чиқар мунис дамда
Муҳаббатни куйлайман.
Чўкка тушиб томорқамда,
Шўрага сув қуйгайман .
Отқилайман, юлиб илкис,
Гуноҳкорман олдида.
Оёқяланг, ана бир қиз
Йиғлар четан ёнида.
Кулфат саси –фарёд, қадар
Қалбим эзар, яралар.
Илиқ ҳидин ёяр бадтар
Ўлиб ётган шўралар .
Нон ўрнига тош армуғон ,
Шудир аччиқ тавозе.
Бошим узра фақат осмон,
Кўксимда ёр овози.
1911
Гулчеҳра Нуриллаева таржималари
* * *
Қорбўрондан, аёздан келиб,
Исинмоқлик гулханда не бахт.
Бироқ кимдир секин эгилиб,
Юрагимни олди ўша вақт.
Янги йилнинг базми зап қувноқ,
Хуш ёқади гуллар атири.
Эшитилмас кўксимда, бироқ,
Ниначининг энди питири.
Таниб қолдим ўғрини, ё-ҳу! –
Уни менга фош қилди кўзи.
Энг ёмони шуки, тезда у
Ўлжасини қайтарар ўзи.
1914
Сергей Есенин хотирасига
Одамлар кетади ҳаётдан бир кун
Тинчгина, оғриқсиз тугатиб йўлин.
Лекин Россиянинг шоири учун
Насибмас бунақа нуроний ўлим:
Қанотли қалб учса фалакка томон
Кўпинча қўрғошин солган йўлакдан,
Гоҳ бўғиқ хирилдоқ нафас ногаҳон
Ҳаётни чиқариб ташлар юракдан.
1925
* * *
Нега сувга қўшдингиз заҳар
Ва нонимни қордингиз лойга?
Нега сўнгги эркимни баттар
Беркитдингиз энг ифлос жойга?
Бу – хорланиб дўстлар ўлганда
Қилмаганим учунми байрам?
Ёки қолиб шўрбахт Ватанда
Дард чекканим учунми ҳамдам?
Жаллод билан кундани кутиб
Яшар экан шоирлар ҳар чоқ;
Бизга қисмат йиғлаб, шам тутиб
Гуноҳкорлик жуббасин киймоқ.
1935
Абдулла Шер таржималари
ҲИЖРОН
Йўлим оғир — қоп-қора кеча
Зулумоти қуршаган уни.
Кечагина мен ошиқларча
Ялингандим: «Унутма мени».
Бугун эса фақат шамоллар
Чўпонларнинг қичқириқ-доди,
Оқ чашмалар узра тебранган
Қарағайлар қатори қолди.
* * *
Билмайман: сен тирикми, ўлган —
Мен заминдан сени излайми?
Ва ё ойдин ғам ила шомда
Хазон бўлган дил, деб бўзлайми?
Бари сенга: дил нолалари
Ва уйқусиз тунлар ёмғири;
Шеърларимнинг оқ галалари,
Кўзларимнинг мовий ёнғини.
Ҳатто мени азобга солган,
Севиб, кейин унутган одам —
Менга бунча азиз бўлмаган,
Мени бунча соғинтирмаган.
1915
* * *
Оқшом нури ёйиқ ва заъфар,
Савр салқини хуш ёқар танга.
Сен кечикдинг, аммо бу лаҳза
Шодмон қучоқ очаман сенга.
Кел, яқинроқ ёнимга ўтир,
Термил қувноқ кўзларинг билан:
Мана, бу кўк дафтар тўладир
Болаликнинг сўзлари билан.
Кечир, дилни бердим ғамларга,
Қуёшгаям боқдим мен дилхун.
Кечир, кечир, жуда кўпларга
Сен деб қучоқ очганим учун.
1915
* * *
Юртини душманга ташлаб кетароқ
Қочган кимсалар-ла бирга кетмасман.
Улар олқишига тутмасман қулоқ,
Уларга бермасман қўшиғимни ман.
Эй, қочоқ, мен сенга ачинаман, бас,
Сен қулдай ноилож, бемордай абгор,
Эй, дарбадар, борар йўлинг кўринмас,
Ёт юртнинг нонида ёвшан иси бор.
Бунда-чи, ёнғинлар дудини ютиб,
Ёшлик йилларини айлаб биз қурбон;
Юракни шафқатсиз зарбага тутиб
Яшадик, панага қочмадик, инон.
Биламиз: келажак баҳоси тайин,
Оқланар ҳар лаҳза, оқланар дамлар
Ва лекин дунёда йўқдир биздайин
Мағрур, изтиробли, хоксор одамлар.
1922
* * *
Кўмир ила мен белги битдим
Чап кўксимга — ўқ учун нишон.
Учсин дедим қуш — дил ҳасратим
Бўм-бўш кеча зулмати томон.
Жоним! Қўлинг қилт этмас ҳатто,
Кўксим дарддан бир абад бўшар.
Учар қушим — дилдаги видо,
Шохга қўниб, нағмалар бошлар,
Токи қалби сокин ул инсон
Қушни тинглаб очсин кўксини:
«Саси таниш, сўзлари пинҳон» —
Деб яширсин ёшли кўзини.
* * *
Жимиб қолди тўсатдан уй ҳам,
Сўнгги баргин қизғалдоқ сочди.
Қотиб қолдим мудраб ва алам
Шомларига мен қучоқ очдим.
Дарвозалар тамбаланган зич,
Шом қорадир, еллар тинч, очиқ,
Қайда қувонч, қайларда ўкинч,
Қайлардасан, меҳрибон ошиқ?
Топилмади ул сирли узук,
Неча кунлар кутдим, кетмадим.
Дилбар ва ёш асира қиздек
Қўшиқ ўлди кўксимда маним.
«ЁНДИРИЛГАН ДАФТАР» ТУРКУМИДАН
Ҳамма кетди, ҳеч ким қайтиб келмади,
Фақат сен такрорлаб ишқий тилакни,
Сўнгги муҳаббатим, ортга қайрилдинг,
Кўрмоқ бўлиб қонга ботган фалакни.
Уйинг лаънатланган, матлаб топталган,
Сўлғин наво янграр сен битган шеърдан.
Бадбахт тақдирингнинг қаршисида ман
Турибман кўзимни узолмай ердан.
Илоҳий сўз эмас, янграйди вола,
Муқаддас, пок сўзлар аталди малъун —
Ўттиз еттинчи йил фаррошлари-ла
Қонли йўлкаларни ювмоғим учун.
Мени айирдилар ёлғиз ўғлимдан,
Банди дўстларимга бердилар азоб.
Огоҳ бўлдилар ҳар юрган йўлимдан,
Ҳар битта сўзимни етказди каззоб.
Ҳар жойда номимни қаро битдилар,
Соқов бўл, дедилар, кар бўл, дедилар.
Оч қолсам бўҳтону иғво тутдилар,
Чанқасам сувимни заҳар этдилар.
Ва йўлим сўнггига етишган палла,
Дедилар: «Яшайвер, эй бахтиқаро!»
Энди кезурман жим — шаҳарлик телба,
Ўлим нафаси бор майдонлар аро.
Хуршид Даврон таржималари
МУҲАББАТ
Гоҳ илондек қошингда унсиз,
Қилар сенга сеҳру жодулар.
Гоҳ деразанг ёнида кундуз
Оқ кабутар бўлиб “ғув-ғув”лар.
Гоҳ шабнамда жилоланар шан,
Гоҳ гул ўйнар ўйчан, шикаста…
Хуллас, сени ором бағридан
Ғамлар сари етаклар аста.
Най сасидан бўлиб гоҳ зада,
Ҳўнграб қолар чиройли, шоён.
Бироқ уни ёт бир жилвада
Таниб қолмоқ қўрққулик, ёмон.
* * *
Қалб йўғрилиб шан хаёлларга,
Кўрмасдим гап-сўзинг адоғин.
Эрта кузак гавжум толларга
Ёйган эди сариқ байроғин.
Муртад юртда кездик саргардон,
Пушаймондан энди диллар хун.
Гангисак ҳам чорасиз, ҳайрон,
Жилмаймоқчи бўламиз нечун?
Юз бургандик одми қисматдан,
Не ёзуқ бу – бўлдик мунглиғ, хор…
Мен ғам аро ташлаб кетмасман
Далли, дарвеш дўстимни зинҳор.
* * *
Мовий узумзорлар бўйи ифорли…
Дилни сархуш қилар олис-олислар.
Сенинг овозингда туймадим зорни,
Энди менга ётдир ачиниш ҳислар.
Мискин руҳ ажиб бир сурур туяди…
Чайир новдаларда мевалар сара.
Кўкдаги булутлар парча муз каби
Зангори дарёда сузарлар, қара.
Қуёш чарақлайди, нур сочар ёрқин,
Тўлқинларга айтгин дардинг бўлса гар.
Балки бергай улар сенга бир таскин,
Балки юз-кўзингни силаб ўпарлар.
Мирпўлат Мирзо таржималари
ЭНГ ҚАДИМИЙ СИРЛАР
1
Пойимда танти куз! Ажиб наҳорни
Атай зориқтириб олиб келишди.
Ортга қайта олмас ўн беш баҳорни
Ердан кўтаролмай армоним жўшди.
Мен унга шу қадар зориқиб боқдим,
Борлиғим қамради ардоқли хотир.
Кузнинг қаламида оловли оқди
Ҳеч кимга айтилмас энг қадимий сир.
2
Қуёшли хотирлар сўнаётир жим,
Майсалар сарғиш.
Қор-қировли кунлар ушлайди қўлим,
Гўё совуқ туш.
Тўлиб-тошиб оққан сувлар қайдадир,
Музлик бепоён.
Мўъжизалар қайтмас, дардларим оғир
Ўйлар беомон.
Дарахтларнинг боши осмонда, шамол
Куйлайди сўлим.
Умр йўлдошингиз эмасман, малол
Келмасин, жоним…
Қуёшли хотирлар сўлмоқда, нечун
Зим-зиё, олам?
О, балки!.. Келишга улгурар бу тун
Аёзли қиш ҳам.
3
Соз чалади бола, соз чалар,
Қизча гулдан ўрар гулчамбар.
Икки йўл бор кесишган дилбар
Ўрмон қадар, далалар қадар.
Ёдга тушар олис муҳаббат,
Қайта ёнмас олов ва ҳайрат.
Ёшлик ўтди, сўнди ҳарорат,
Фақат ўчай демас хотирот.
Исинай шу ўтда бир пас
Изн беринг, совуқ едим…О!..
Тиласам ҳам, кутсам ҳам келмас
Овозлари қанотли худо.
4
Сен мени дафн эт, дафн эт, шамол,
Келишмади ҳатто энг яқинларим.
Бошим узра кезар бесас, бемалол
Саргардон шом ила замин унлари.
Мен ҳам эдим сендек армоним йўқ, ҳур,
Фақат жуда-жуда келди яшагим.
Музлаб бораяпман, музлаяпман, кўр,
Ҳеч кимсиз, ҳеч несиз кетмоқдаман жим.
Кўксимдаги тубсиз ярани бекит,
Шомнинг ним қоронғу нафаси билан.
Мовий туманларга етказ, амр эт,
Тиловат қилишсин руҳ саси билан.
Ёлғизликда енгил тортсин бу жоним,
Бир куни сўнгги йўл бўлса чин ёрим,
Улуғвор гиёҳлар бирла бетиним
Шовуллаб чорласин қайтмас баҳорим…
5. СЎНГГИ ҚАДАҲ СЎЗИ
Ичадурман вайрон бўлган уй,
Заҳарханда ҳаётим учун.
Иккимиз ҳам ёлғизмиз-ку, қўй,
Сенинг учун ичгайман бу тун.
Мени сотган лабдаги рўё,
Кўзлардаги ўлик қаҳр учун.
Бешафқат ва бўм-бўш бу дунё,
Худо дариғ тутган меҳр учун.
6
Бу ерни танладим айтайин ишон,
Қаерда зерикмоқ-барибир менга!
Баланд тепаликда мудрар тегирмон,
Йиллар тилсиз, сукут сақларлар бунда.
Оҳиста сузади қовжираб қолган
Зарпечак устида асаларилар.
Ҳовуз ёнидаман, хаёлим олган
Сув париси бевақт жон берди, дерлар.
Занглаган балчиқлар қалинлашади,
Саёзлашиб борар шундай кенг ҳовуз.
Терак учларига яқинлашади
Нозиккина ҳилол ердан узмай кўз.
Борлиқ янгиланар, яна кўз очар,
Мирза тераклардан намхуш ҳид анқир.
Сукутдаман. Сукунатим жон сочар
Яна сенинг бўлмоқ учун, она ер.
7. ОСИЁ
Осиё, қадалдим қароқларингга,
Ичимга киргандай кўринди ичинг.
Сукунатнинг ўлмас қучоқларига
Сочилди ўйларим ҳавасли, қизғин.
Термиз саратони каби ёлқинли
Хотиралар оқди идрокларимда.
Карвонлари оғир, қадимий жонли,
Парчаланган вулқон ирмоқларидай.
Кўксимдан отилган бўзларимни жим
Ўзгалар кафтида ичгандай бўлдим.
8. ГУЛЛАЁТГАН ТОШКЕНТ
Айтиб бўлмас кучнинг азми, амри-ла
Шаҳар бирданига нурланиб кетди
Ҳар битта ҳовлига севинч, сабр ила
Энг оппоқ, энг енгил хаёллар етди.
Юракда бир ажиб нафасли оҳанг,
Уйғонди бу олам хушсурат, дилбар.
Анҳорлар тубида осмон жилваранг,
Туйғулар тўлиқди, дилда йўқ кадар.
Хотиралар ўчмас, тиниқ ёнарлар
Олис юлдузлардан тонг чоғи ҳайрат.
Сочлари тун каби толим оналар
Қўлларида гуллай бошлайди ҳаёт.
Ойгул Суюндиқова таржималари
* * *
Тополмадим юрагингга йўл,
Гар кетмоқчи бўлсанг, кетавер.
Олдиндан бахт тайёрланган, мўл,
Ким бу йўлда боғлай олса бел.
Йиғламайман, қилмагайман арз,
Бахтли бўлиш менга нораво.
Чарчаганни ўпмагин бу тарз –
Ўлим ўпар мени бепарво.
Ўтиб кетди энг азобли кун,
Гўзал, оппоқ қиш билан бирга.
Нима учун, оҳ, нима учун –
Севгилимдан яхшисан, нега?
* * *
Мана, яна бир ўзим қолдим,
Санаш учун бўм-бўш кунларим.
О, озод руҳ дўстларим менинг,
О, ўзимнинг оппоқ қушларим.
Чақирмайман сизни қўшиҳда,
Қайтармайман кўз ёшлар билан.
Аммо тунги ғамгин мусиқа –
Ибодатда унутолмайман.
Етиб олиб ўқ билан ўлим,
Орангиздан йиқитар кимни?
Қорақузғун узатиб қўлин,
Сўнгра ўпа бошлайди мени.
Бир бор бўлар фақат бир йилда,
Фақат эриганда қалин муз.
Екатеринанинг боғида –
Тоза сувга тўлганда ҳовуз.
Эшитяпман қанот товшини,
Мовий гумбаз устидан равон.
Билмам, очди ким деразани
Тобутларнинг зулмати томон.
* * *
Сен доим сирлисан ва ўзгарувчан,
Итоат қиляпман сенга кун сайин.
О, дўстим, севгингда йўқдир шафқат ҳам,
Синовинг қҳаҳрли оловдай майин.
Тақиқлаб қўйгансан куйлаш, кулишни,
Ибодат қилишни аввал этдинг маън.
Сендан айрилмасам бўлди ишқилиб,
Қолгани барибир! Нима бўлса ҳам.
Ер билан осмонга бегона бўлдим,
Энди куйлашни ҳам жоним этар рад.
Гўё сен дўзах ё жаннатда, дўстим,
Олиб қўйдинг озод қалбимни фақат.
Хосият Рустамова таржималари
* * *
Жилмайишни тамом унутдим —
Совуқ елда музлади лабим.
Абас бўлди битта умидим,
Сўнг биттага ортди қўшиғим.
Шу қўшиғим бергум ноилож,
Майли бўлсин масхара, кулги.
Чунки дилга ботмоқда ёмон
Муҳаббатнинг узоқ жимлиги.
* * *
Тошдек оғир ва метин бир сўз
Қулаб тушди тирик бағримга.
Сезган эдим — на ҳожат афсус?
Ишонаман ахир сабримга!
Бугун кўпдир юмушим: зотан
Хотирамни этгайман барбод.
Токи тошга айлансин дийдам
Ва қайтадан бошлайин ҳаёт.
Йўқса… Бу ёз шитирлаб чунон
Ташқарида бошлаб қолар тўй.
Менга эса танишдир мудом —
Ёп-ёруғ кун, ҳувиллаган уй.
22 июн. 1939.
Фавворали уй.
* * *
Орзудан юз буриб, ҳориб ўйлардан
Қишга зорман — ҳамма бўлгандай безор.
“Ёмғир тинади” деб берувдинг ваъда,
У эса қуймоқда шаррос ва такрор…
Хонам ойнасидан боқиб фаромуш
Кўрганим рўёми, ҳақиқат бу он?
Қачондир айтгандинг: “Ҳаёт — мисли туш”,
Уйғониб кетдим, лек тирикман ҳамон.
Эртанги кун эса рол берар ўзга,
Телбавор жаранглар кулгуларим ҳам.
“Севги — азоб” девдинг тик боқиб кўзга,
Хатодир сўзларинг. Севги — жаҳаннам.
Гулноз Мўминова таржималари
23 iyun` — taniqli rus shoirasi Anna Axmatova tavallud topgan kun
Anna Axmatova she’riyatining tabiati bir qarashda sodda tuyulgani bilan, aslida u juda teran va o’zi yashagan dahshatli davrning butun fojiasini o’zida namoyon eta olgan hodisadir. Uning tabiatida sokinlik ichida harakatga kelayotgan qudratli bo’ron yashirin. U o’zini vazmin va tafsilotlarga boy satrlari bilan yuragining tub-tubida vulqonday yonib jo’shayotgan tuyg’ularni, tasvirlayotgan voqea-hodisalari ortida buyuk muhabbat iztirobi,panjaraga o’ralgan davr bilan kelishishni istamagan erksevar shaxs iztirobini ko’rsata oladi.
Anna Axmatova
SHE’RLAR
* * *
Dafn aylang meni, shamollar,
Netay, kelmas yaqinlar sasi!
Boshim uzra sarson namozgar,
Va osuda zamin nafasi.
Men ham sizday yurar edim hur ,
Tashna edim yashashga nechog’.
Endi bo’lsa tanam muz erur,
Kim ham tortsin ustimga tuproq.
Kechki zulmat choyshabi bilan
Yoping qaro jarohatlarim.
Boshim uzra zangori tuman,
Ayting, qilsin tilovatlarim.
So’nggi uyqu yolg’izginamni,
Osoyishta quchsin, desangiz .
Ko’klamlarni, ko’klamginamni
Qamish bo’lib kuylay bering siz .
1909
* * *
Quyosh chiqar munis damda
Muhabbatni kuylayman.
Cho’kka tushib tomorqamda,
Sho’raga suv quygayman .
Otqilayman, yulib ilkis,
Gunohkorman oldida.
Oyoqyalang, ana bir qiz
Yig’lar chetan yonida.
Kulfat sasi –faryod, qadar
Qalbim ezar, yaralar.
Iliq hidin yoyar badtar
O’lib yotgan sho’ralar .
Non o’rniga tosh armug’on ,
Shudir achchiq tavoze.
Boshim uzra faqat osmon,
Ko’ksimda yor ovozi.
1911
Gulchehra Nurillaeva tarjimalari
* * *
Qorbo’rondan, ayozdan kelib,
Isinmoqlik gulxanda ne baxt.
Biroq kimdir sekin egilib,
Yuragimni oldi o’sha vaqt.
Yangi yilning bazmi zap quvnoq,
Xush yoqadi gullar atiri.
Eshitilmas ko’ksimda, biroq,
Ninachining endi pitiri.
Tanib qoldim o’g’rini, yo-hu! –
Uni menga fosh qildi ko’zi.
Eng yomoni shuki, tezda u
O’ljasini qaytarar o’zi.
1914
Sergey Yesenin xotirasiga
Odamlar ketadi hayotdan bir kun
Tinchgina, og’riqsiz tugatib yo’lin.
Lekin Rossiyaning shoiri uchun
Nasibmas bunaqa nuroniy o’lim:
Qanotli qalb uchsa falakka tomon
Ko’pincha qo’rg’oshin solgan yo’lakdan,
Goh bo’g’iq xirildoq nafas nogahon
Hayotni chiqarib tashlar yurakdan.
1925
* * *
Nega suvga qo’shdingiz zahar
Va nonimni qordingiz loyga?
Nega so’nggi erkimni battar
Berkitdingiz eng iflos joyga?
Bu – xorlanib do’stlar o’lganda
Qilmaganim uchunmi bayram?
Yoki qolib sho’rbaxt Vatanda
Dard chekkanim uchunmi hamdam?
Jallod bilan kundani kutib
Yashar ekan shoirlar har choq;
Bizga qismat yig’lab, sham tutib
Gunohkorlik jubbasin kiymoq.
1935
Abdulla Sher tarjimalari
HIJRON
Yo’lim og’ir — qop-qora kecha
Zulumoti qurshagan uni.
Kechagina men oshiqlarcha
Yalingandim: «Unutma meni».
Bugun esa faqat shamollar
Cho’ponlarning qichqiriq-dodi,
Oq chashmalar uzra tebrangan
Qarag’aylar qatori qoldi.
* * *
Bilmayman: sen tirikmi, o’lgan —
Men zamindan seni izlaymi?
Va yo oydin g’am ila shomda
Xazon bo’lgan dil, deb bo’zlaymi?
Bari senga: dil nolalari
Va uyqusiz tunlar yomg’iri;
She’rlarimning oq galalari,
Ko’zlarimning moviy yong’ini.
Hatto meni azobga solgan,
Sevib, keyin unutgan odam —
Menga buncha aziz bo’lmagan,
Meni buncha sog’intirmagan.
1915
* * *
Oqshom nuri yoyiq va za’far,
Savr salqini xush yoqar tanga.
Sen kechikding, ammo bu lahza
Shodmon quchoq ochaman senga.
Kel, yaqinroq yonimga o’tir,
Termil quvnoq ko’zlaring bilan:
Mana, bu ko’k daftar to’ladir
Bolalikning so’zlari bilan.
Kechir, dilni berdim g’amlarga,
Quyoshgayam boqdim men dilxun.
Kechir, kechir, juda ko’plarga
Sen deb quchoq ochganim uchun.
1915
* * *
Yurtini dushmanga tashlab ketaroq
Qochgan kimsalar-la birga ketmasman.
Ular olqishiga tutmasman quloq,
Ularga bermasman qo’shig’imni man.
Ey, qochoq, men senga achinaman, bas,
Sen qulday noiloj, bemorday abgor,
Ey, darbadar, borar yo’ling ko’rinmas,
Yot yurtning nonida yovshan isi bor.
Bunda-chi, yong’inlar dudini yutib,
Yoshlik yillarini aylab biz qurbon;
Yurakni shafqatsiz zarbaga tutib
Yashadik, panaga qochmadik, inon.
Bilamiz: kelajak bahosi tayin,
Oqlanar har lahza, oqlanar damlar
Va lekin dunyoda yo’qdir bizdayin
Mag’rur, iztirobli, xoksor odamlar.
1922
* * *
Ko’mir ila men belgi bitdim
Chap ko’ksimga — o’q uchun nishon.
Uchsin dedim qush — dil hasratim
Bo’m-bo’sh kecha zulmati tomon.
Jonim! Qo’ling qilt etmas hatto,
Ko’ksim darddan bir abad bo’shar.
Uchar qushim — dildagi vido,
Shoxga qo’nib, nag’malar boshlar,
Toki qalbi sokin ul inson
Qushni tinglab ochsin ko’ksini:
«Sasi tanish, so’zlari pinhon» —
Deb yashirsin yoshli ko’zini.
* * *
Jimib qoldi to’satdan uy ham,
So’nggi bargin qizg’aldoq sochdi.
Qotib qoldim mudrab va alam
Shomlariga men quchoq ochdim.
Darvozalar tambalangan zich,
Shom qoradir, yellar tinch, ochiq,
Qayda quvonch, qaylarda o’kinch,
Qaylardasan, mehribon oshiq?
Topilmadi ul sirli uzuk,
Necha kunlar kutdim, ketmadim.
Dilbar va yosh asira qizdek
Qo’shiq o’ldi ko’ksimda manim.
«YONDIRILGAN DAFTAR» TURKUMIDAN
Hamma ketdi, hech kim qaytib kelmadi,
Faqat sen takrorlab ishqiy tilakni,
So’nggi muhabbatim, ortga qayrilding,
Ko’rmoq bo’lib qonga botgan falakni.
Uying la’natlangan, matlab toptalgan,
So’lg’in navo yangrar sen bitgan she’rdan.
Badbaxt taqdiringning qarshisida man
Turibman ko’zimni uzolmay yerdan.
Ilohiy so’z emas, yangraydi vola,
Muqaddas, pok so’zlar ataldi mal’un —
O’ttiz yettinchi yil farroshlari-la
Qonli yo’lkalarni yuvmog’im uchun.
Meni ayirdilar yolg’iz o’g’limdan,
Bandi do’stlarimga berdilar azob.
Ogoh bo’ldilar har yurgan yo’limdan,
Har bitta so’zimni yetkazdi kazzob.
Har joyda nomimni qaro bitdilar,
Soqov bo’l, dedilar, kar bo’l, dedilar.
Och qolsam bo’htonu ig’vo tutdilar,
Chanqasam suvimni zahar etdilar.
Va yo’lim so’nggiga yetishgan palla,
Dedilar: «Yashayver, ey baxtiqaro!»
Endi kezurman jim — shaharlik telba,
O’lim nafasi bor maydonlar aro.
Xurshid Davron tarjimalari
MUHABBAT
Goh ilondek qoshingda unsiz,
Qilar senga sehru jodular.
Goh derazang yonida kunduz
Oq kabutar bo’lib “g’uv-g’uv”lar.
Goh shabnamda jilolanar shan,
Goh gul o’ynar o’ychan, shikasta…
Xullas, seni orom bag’ridan
G’amlar sari yetaklar asta.
Nay sasidan bo’lib goh zada,
Ho’ngrab qolar chiroyli, shoyon.
Biroq uni yot bir jilvada
Tanib qolmoq qo’rqqulik, yomon.
* * *
Qalb yo’g’rilib shan xayollarga,
Ko’rmasdim gap-so’zing adog’in.
Erta kuzak gavjum tollarga
Yoygan edi sariq bayrog’in.
Murtad yurtda kezdik sargardon,
Pushaymondan endi dillar xun.
Gangisak ham chorasiz, hayron,
Jilmaymoqchi bo’lamiz nechun?
Yuz burgandik odmi qismatdan,
Ne yozuq bu – bo’ldik munglig’, xor…
Men g’am aro tashlab ketmasman
Dalli, darvesh do’stimni zinhor.
* * *
Moviy uzumzorlar bo’yi iforli…
Dilni sarxush qilar olis-olislar.
Sening ovozingda tuymadim zorni,
Endi menga yotdir achinish hislar.
Miskin ruh ajib bir surur tuyadi…
Chayir novdalarda mevalar sara.
Ko’kdagi bulutlar parcha muz kabi
Zangori daryoda suzarlar, qara.
Quyosh charaqlaydi, nur sochar yorqin,
To’lqinlarga aytgin darding bo’lsa gar.
Balki bergay ular senga bir taskin,
Balki yuz-ko’zingni silab o’parlar.
Mirpo’lat Mirzo tarjimalari
ENG QADIMIY SIRLAR
1
Poyimda tanti kuz! Ajib nahorni
Atay zoriqtirib olib kelishdi.
Ortga qayta olmas o’n besh bahorni
Yerdan ko’tarolmay armonim jo’shdi.
Men unga shu qadar zoriqib boqdim,
Borlig’im qamradi ardoqli xotir.
Kuzning qalamida olovli oqdi
Hech kimga aytilmas eng qadimiy sir.
2
Quyoshli xotirlar so’nayotir jim,
Maysalar sarg’ish.
Qor-qirovli kunlar ushlaydi qo’lim,
Go’yo sovuq tush.
To’lib-toshib oqqan suvlar qaydadir,
Muzlik bepoyon.
Mo»jizalar qaytmas, dardlarim og’ir
O’ylar beomon.
Daraxtlarning boshi osmonda, shamol
Kuylaydi so’lim.
Umr yo’ldoshingiz emasman, malol
Kelmasin, jonim…
Quyoshli xotirlar so’lmoqda, nechun
Zim-ziyo, olam?
O, balki!.. Kelishga ulgurar bu tun
Ayozli qish ham.
3
Soz chaladi bola, soz chalar,
Qizcha guldan o’rar gulchambar.
Ikki yo’l bor kesishgan dilbar
O’rmon qadar, dalalar qadar.
Yodga tushar olis muhabbat,
Qayta yonmas olov va hayrat.
Yoshlik o’tdi, so’ndi harorat,
Faqat o’chay demas xotirot.
Isinay shu o’tda bir pas
Izn bering, sovuq yedim…O!..
Tilasam ham, kutsam ham kelmas
Ovozlari qanotli xudo.
4
Sen meni dafn et, dafn et, shamol,
Kelishmadi hatto eng yaqinlarim.
Boshim uzra kezar besas, bemalol
Sargardon shom ila zamin unlari.
Men ham edim sendek armonim yo’q, hur,
Faqat juda-juda keldi yashagim.
Muzlab borayapman, muzlayapman, ko’r,
Hech kimsiz, hech nesiz ketmoqdaman jim.
Ko’ksimdagi tubsiz yarani bekit,
Shomning nim qorong’u nafasi bilan.
Moviy tumanlarga yetkaz, amr et,
Tilovat qilishsin ruh sasi bilan.
Yolg’izlikda yengil tortsin bu jonim,
Bir kuni so’nggi yo’l bo’lsa chin yorim,
Ulug’vor giyohlar birla betinim
Shovullab chorlasin qaytmas bahorim…
5. SO’NGGI QADAH SO’ZI
Ichadurman vayron bo’lgan uy,
Zaharxanda hayotim uchun.
Ikkimiz ham yolg’izmiz-ku, qo’y,
Sening uchun ichgayman bu tun.
Meni sotgan labdagi ro’yo,
Ko’zlardagi o’lik qahr uchun.
Beshafqat va bo’m-bo’sh bu dunyo,
Xudo darig’ tutgan mehr uchun.
6
Bu yerni tanladim aytayin ishon,
Qaerda zerikmoq-baribir menga!
Baland tepalikda mudrar tegirmon,
Yillar tilsiz, sukut saqlarlar bunda.
Ohista suzadi qovjirab qolgan
Zarpechak ustida asalarilar.
Hovuz yonidaman, xayolim olgan
Suv parisi bevaqt jon berdi, derlar.
Zanglagan balchiqlar qalinlashadi,
Sayozlashib borar shunday keng hovuz.
Terak uchlariga yaqinlashadi
Nozikkina hilol yerdan uzmay ko’z.
Borliq yangilanar, yana ko’z ochar,
Mirza teraklardan namxush hid anqir.
Sukutdaman. Sukunatim jon sochar
Yana sening bo’lmoq uchun, ona yer.
7. OSIYO
Osiyo, qadaldim qaroqlaringga,
Ichimga kirganday ko’rindi iching.
Sukunatning o’lmas quchoqlariga
Sochildi o’ylarim havasli, qizg’in.
Termiz saratoni kabi yolqinli
Xotiralar oqdi idroklarimda.
Karvonlari og’ir, qadimiy jonli,
Parchalangan vulqon irmoqlariday.
Ko’ksimdan otilgan bo’zlarimni jim
O’zgalar kaftida ichganday bo’ldim.
8. GULLAYOTGAN TOSHKENT
Aytib bo’lmas kuchning azmi, amri-la
Shahar birdaniga nurlanib ketdi
Har bitta hovliga sevinch, sabr ila
Eng oppoq, eng yengil xayollar yetdi.
Yurakda bir ajib nafasli ohang,
Uyg’ondi bu olam xushsurat, dilbar.
Anhorlar tubida osmon jilvarang,
Tuyg’ular to’liqdi, dilda yo’q kadar.
Xotiralar o’chmas, tiniq yonarlar
Olis yulduzlardan tong chog’i hayrat.
Sochlari tun kabi tolim onalar
Qo’llarida gullay boshlaydi hayot.
Oygul Suyundiqova tarjimalari
* * *
Topolmadim yuragingga yo’l,
Gar ketmoqchi bo’lsang, ketaver.
Oldindan baxt tayyorlangan, mo’l,
Kim bu yo’lda bog’lay olsa bel.
Yig’lamayman, qilmagayman arz,
Baxtli bo’lish menga noravo.
Charchaganni o’pmagin bu tarz –
O’lim o’par meni beparvo.
O’tib ketdi eng azobli kun,
Go’zal, oppoq qish bilan birga.
Nima uchun, oh, nima uchun –
Sevgilimdan yaxshisan, nega?
* * *
Mana, yana bir o’zim qoldim,
Sanash uchun bo’m-bo’sh kunlarim.
O, ozod ruh do’stlarim mening,
O, o’zimning oppoq qushlarim.
Chaqirmayman sizni qo’shihda,
Qaytarmayman ko’z yoshlar bilan.
Ammo tungi g’amgin musiqa –
Ibodatda unutolmayman.
Yetib olib o’q bilan o’lim,
Orangizdan yiqitar kimni?
Qoraquzg’un uzatib qo’lin,
So’ngra o’pa boshlaydi meni.
Bir bor bo’lar faqat bir yilda,
Faqat eriganda qalin muz.
Yekaterinaning bog’ida –
Toza suvga to’lganda hovuz.
Eshityapman qanot tovshini,
Moviy gumbaz ustidan ravon.
Bilmam, ochdi kim derazani
Tobutlarning zulmati tomon.
* * *
Sen doim sirlisan va o’zgaruvchan,
Itoat qilyapman senga kun sayin.
O, do’stim, sevgingda yo’qdir shafqat ham,
Sinoving qhahrli olovday mayin.
Taqiqlab qo’ygansan kuylash, kulishni,
Ibodat qilishni avval etding ma’n.
Sendan ayrilmasam bo’ldi ishqilib,
Qolgani baribir! Nima bo’lsa ham.
Yer bilan osmonga begona bo’ldim,
Endi kuylashni ham jonim etar rad.
Go’yo sen do’zax yo jannatda, do’stim,
Olib qo’yding ozod qalbimni faqat.
Xosiyat Rustamova tarjimalari
* * *
Jilmayishni tamom unutdim —
Sovuq yelda muzladi labim.
Abas bo’ldi bitta umidim,
So’ng bittaga ortdi qo’shig’im.
Shu qo’shig’im bergum noiloj,
Mayli bo’lsin masxara, kulgi.
Chunki dilga botmoqda yomon
Muhabbatning uzoq jimligi.
* * *
Toshdek og’ir va metin bir so’z
Qulab tushdi tirik bag’rimga.
Sezgan edim — na hojat afsus?
Ishonaman axir sabrimga!
Bugun ko’pdir yumushim: zotan
Xotiramni etgayman barbod.
Toki toshga aylansin diydam
Va qaytadan boshlayin hayot.
Yo’qsa… Bu yoz shitirlab chunon
Tashqarida boshlab qolar to’y.
Menga esa tanishdir mudom —
Yop-yorug’ kun, huvillagan uy.
22 iyun. 1939.
Favvorali uy.
* * *
Orzudan yuz burib, horib o’ylardan
Qishga zorman — hamma bo’lganday bezor.
“Yomg’ir tinadi” deb beruvding va’da,
U esa quymoqda sharros va takror…
Xonam oynasidan boqib faromush
Ko’rganim ro’yomi, haqiqat bu on?
Qachondir aytganding: “Hayot — misli tush”,
Uyg’onib ketdim, lek tirikman hamon.
Ertangi kun esa rol berar o’zga,
Telbavor jaranglar kulgularim ham.
“Sevgi — azob” devding tik boqib ko’zga,
Xatodir so’zlaring. Sevgi — jahannam.
Gulnoz Mo’minova tarjimalari