Ibodat Rajabova. Yangi she’rlar

095

   Замонамиз шоирларидан ўқийдиганларим бор. Номма-ном санашга имкон йўқ. Машҳур шоирларни ўқишимиз табиий. Лекин матбуотда тез-тез кўринмаса-да, гўзал шеърлар ёзаётган ижодкорларимиз, масалан, Фароғат Камолова, Ибодат Ражабова каби шоира опаларимизни севиб, излаб ўқийман. Одам ёши ўсавергани сайин негадир ҳайқирибмас, ичида ўқиладиган шеърларга, қалб қироатига мойил бўлаверар экан (Шоира Гулжамол Асқарова билан суҳбатдан. Суҳбатни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

09
Ибодат Ражабова
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
04

046 Ибодат Ражабова Пешкў туманидаги Қалаймиришкор қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ва Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тугатган. Айни пайтда «Бухоро оқшоми» шаҳар газетаси муҳаррири ўринбосари вазифасида ишламоқда. Турли йилларда унинг «Осмондаги фаришта», «Қуш киприги», «Бухорнур ёки етти пир», «Бухорода гужум гуллади», “Қуш киприги” ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўз услубига эга истеъдодли шоиранинг шеърлари шеър ихлосмандларининг назарига тушган.

04

***

Ойга айтдим: “ Ундан хабар ол
Борлиғинг-ла беравер далда”.
У-чун ҳаққуш бўлай дейману
Не қилайким қўлларим калта .

Зарафшондан фақат шеър йиғдим.
Булбуллардан машқи илоҳий.
Хут ойида мени тергади,
Чақмоқ бўлган Лайлилар оҳи.

Нима деса:“Майли хўб…” дедим.
Кўз ёшларим Тоҳирга сандиқ.
Ғордарвишга аласчўп бўлди,
Юрагимга санчилган санчиқ.

Данак ичи девона бўлди,
Ўз парини кўйдирди пари.
Бухорони оздириб қўйди,
Хотам Тойлар юборган зари …

Ёнарқуртдай парвона боқдим.
Ўчоқлардан тузиб норлашкар.
Остонангда бориб йиқилдим,
Остонангни кўкбоғдан ахтар…
Не қилайки қўлларим калта…

***

Ота, Сизни Широқ сўради.
Айланадан айланди кўприк.
Тўмариснинг вазъларин тинглаб,
Боғшамшодлар ўсаверди тик…

Бобом отин зоти нурмиди.
Яйловлардан тиксам гўшанга,
Алп Тегиннинг шумлигин қаранг,
Зафарлардан зарб этмиш танга.

Ота, қишлоқ бир ёғга ботди,
Укам ғирот миниб кетди кўпкари
Бўтакўзли қирлар ортидан,
Қарсак чалиб турди ҳур, пари.

Онам пахта ситиб, ой тўқир
Игнасининг думи аврешим.
Ўймоғидан тўқилган терни
Шундоқ олиб, елкамда экдим..

Энди анбар сочим боғчайла
Шеърларимга айтсам, бўлди ток.
Саҳар, кўнглим ичин айлансам
Ташқаридан ичи ёруғроқ…
Ота Сизни Широқ сўради…

***

Энди менинг Сизга ишим йўқ,
Кунгабоқар юзида ажин.
“Ох”ларимнинг остидан ўтди.
Алп Тегиндан туғилган қамчин.

“Шамол – шамол” ўйнади кунлар,
Йил оғзида оловмас, талқон.
Кенгликларда торайиб кетсам,
Ранглигидан кечди нофармон.

Чархпалак, фалагинг қани?
Япроқ орти кимга хобхона.
Бедил дилин мушкдонга сотса,
О, мен билан жарчи девона.

Қанотимни қақнус қаричлаб,
Шатранж ўйнаб, чироғ ютгач, шом
Бир шеъримни шотутга юклаб,
Қибла томон кетди, Зарафшон.

ОНАМГА ХАТ

Она!
Эрта тонгда қишлоқ қайтаман.
Шаҳар билан гапимиз қочди.
Хомуш эдим одатдагидай,
Ҳасратимни шеърларим очди.

Мен тушимда далагулмишман.
Қумғон билан излабмиз ўчоқ.
Нима қилай ортга қайт деса,
Кўнглимдаги ям-яшил байроқ.

Нонжийдалар эрта тўй қилмиш.
Кўприкка ҳам тикканмиш чопон.
Ишкомларнинг чангини артиб,
Аноргулга айланмиш ғилмон.

Боғҳовлимиз узумзорини
Хайём мисол эркалаб отам:
“Кузда сени узатгум”деса,
Хабар етмиш чумчуқларга ҳам…

Бодомларнинг данаги қотмиш.
Эчкингиз ҳам болалабди жуфт.
Энди Момо ҳаво сутидай
Чўб қошиққа ёғу қатиғ-муфт.

Оқ туямиз масиққанмиш денг…
Хурмозорга куёвдир сават.
Уйга қайтиб чилтор торидан
Қирқ боғ қилсам ўсгум етти қад…
Она.
Эрта тонгда қишлоқ қайтаман…

***

Бобом
Сулаймоннинг узугин топди.
Кўк ҳассадан ясади нонпар.
Бармоғини лабига қўйиб,
Чирмовиқдан излади ахтар.

Яктагини гужумга илди.
Соқолига чизиб берди йўл.
Қуш инини тўйхона билиб,
Полапонга уч бор берди қўл.

Зайтун омбор тушига кирди.
Бозор хатин ўқиди саҳар.
Сутдай пишган қандак ўриклар.
Боғҳовлини қилди муаттар.

Ўчоқларга кунда ён деди.
Чўмичларнинг мойини мақтаб,
Беданани “…бойболам…”деди
Йўнғичқазар нофармон гуллаб.

Бир зарковуш изида ётди.
Намозларин ўқиб берди шом.
Гушангалар луғатин артса,
Неваралар ғайрати гулфом…
Бобом,
Сулаймоннинг узугин топди.

***

Ночор кўнглим ичимда кўйди
Қадамингдан теролмадим гул.
Юз йилдирким тушимга кириб,
Чап кўксимга сув сепар сунбул.

Бир уйғондим, икки уйғондим.
Кунгабоқар юзи дўмбира.
Қўлим чўзиб, бир-икки чертсам,
“Рақси ҳайрат” тушди қарқара.

Қум ичидан шамол изладим,
“Қуш луғатин” ўргандим минг бор.
Куртаклардай новда ичидан,
Чопиб чиқсам, туманлар дийдор…

Тошлар қотдим, маъбуд шаршара,
Шеърларимнинг охири- ёмғир.
Қари тутлар шаҳрига бордим:
“Худочасан, Худони чақир…”
Қадамингдан теролмадим гул.

ҚАРШИ САФАРИ

Сайидони зиёрат қилдим,
Сардобадан сузиб ичдим шеър.
Оппоқ сочим ҳайрон рангини,
Эчкилардан соғилган сут йер.

Кўчаларин эртаси ёруғ.
Чироқлари марварид тугма
Булоқлари нурган шивирлар,
“Бу шаҳарга гулсиз қарама”.

Остонаси ой-ла кўкалдош.
Дарвозаси Машра китоби.
Юрагимни гул-ла ямади,
Куртакларнинг кулги шароби.

Бозорида нонсават эрка
Тарозиси Тангри тиргаги.
Боғларида йўлбошчи бўлди,
Чимилдиқдан чиққан болари,

Шашарасин байти Мухаммас.
Энди гулчанг қирвқ кун берар ош
Тоққа чиққан ҳасса изига,
Бухоршоир эгиб турди бош…

22 апрель 2015 йил.

***

Ойда пишдим, юлдузда пишдим.
Булут билан ўйнадим шатранж.
Гул тожига тансоқчи бўлсам,
Ёстиғимнинг ости тўла ганж.

Кўзгу дедим, оҳу кўзи хоб,
Мизроб дедим ноз қилди тароқ.
Баҳор сирин обдон ўргандим-
Қўзигуллар энг содда байроқ.

Дарахт ичин айланиб билдим.
Соч турмагим минг пушти -куртак.
Эҳ, ортидан тинмай чоптирди,
Кўкалдошим қақнус- марвартак.

Машқ сўрадим машшоқ булбулдан.
Кўзмунчоғим-Хожа дафтари.
Тушларимни шалаббо қилди,
Ўз шартидан кўйган сувпари.

Шамолларга суяниб юрдим.
Шаҳар чорлаб: “тикка юр” деди,
Қўл кафтимнинг чизиғи –Машраб.
Бор ичимни қумсоат еди…

29 июнь 2015 йил

***

Тавонимда тиконлар базми,
Сийратимда саргашта дунё,
Сувратингни ойга елимлаб,
Тўйиб боқсам, тош берди садо.

Олтин занжир бир жилва қилди,
Қалъадевор пиширди тоқат.
Пешин тарнов тўйига борсам,
Чилтор чалиб берди Ибодат

Кўзларимни мўйқалам чизди,
Ранглар эриб кетди тўрт томон,
Ҳутни чорлаб жарчи чарчадим,
Сурмадонлар мулкида хазон.

Нима қилдим дарёни йўқлаб,
Нима қилдим боқиб ойбалиқ.
Кеча Мажнун икки елкамдан
Санаб кетди жафодан ёрлиқ.

Қарқарадан қарз олдим, кетдим.
Ковушингни қайтиб ол, Бедил.
Кузтеридан дўмбира тикдим.
Энди Машраб тур, айтиб, тирил…
Қарқарадан қарз олдим, кетдим.

***

Булбул билан гулхона қурдик.
Денгиз билан кездик “шашмақом”
Мен сочимни чилторда боқсам,
Харсангтошга кириб қолди жон.

Минор билан минбарга чиқдим.
Белбоғлардан ёғилди савол.
Жавоб ёнди… Кўкка хат ёздим.
“Нурмунажжим, мени кутиб ол”.

Капалакдан кам учганим йўқ.
Қалдирғочлар менинг ҳайкалим.
Тоғписталар белин уйғотди,
Ҳут ўргатган азалий таълим.

Нима қилсам Сизга етаман.
Етти рангдан ясадим кўприк.
Олтин занжир ичига кириб,
Ё, ҳу, десам, мўйқалам тирик.
Ғаройиб:
Онам яна говмиш зотиним
Оқ кишмишга ўхшатган маҳал.
Отам бозор бориб қайтди-ю,
Сутчелакка тўкилди асал…
Булбул билан гулхона қурдик

***

“Юр, хорижда ишлаб, бой бўлиб қайтамиз…”
Дўстим қўнғироғидан

Тўрт томонга чорлама мени
Юкхалтамни шиширма шамол.
Мени нурга боғлаб тебратар,
Гулчанглардан тарқалган савол.

Бу юртда
Хобхонамнинг девори анғиз.
Туздонимнинг қалпоғи кумуш.
Ҳутчилланинг ёмғири тингач,
Боғмеҳмоним бўлди келар қуш.

Тошқудуқда тилла сув пишар,
Тоғрайҳонлар Тўмарис қизи.
Ҳавзи бодом гужумларими?
Япроқ ёзган ойнинг илдизи.

Муҳаббатдан меҳробни топдим.
Суткосадан жаннат эшигин…
Ўғлонларин белин бойлаш чун,
Оқ туяда келар Алп Тегин.

Қишлоқларда узумлар узун,
Аравадан сакрайди пичан.
Буғдойзорлар чанқамасин деб,
Сув ташийди ариқлар ишчан.

Шаҳар назар-илоҳий ёғду,
“Шашмақом” дан берганда садо.
Онам ётган тупроқни ташлаб,
Мен қай юртга сиғгум, бехудо…

***

Эрта Сизни излаб бораман.
Оёғимга кияман шамол.
Рўмолимни дазмоллаб берар,
Нафис сочи билан мажнунтол.

Қоқигуллар “қоқилма” дейди,
Қўзигуллар қўяди маъраб,
Увадангни Хутба қилма, деб
Чопонини савалар Машраб.

Чўллар далда берар: “Қўрқмагин”.
Тансоқчилик қилар мусича.
Хомқаймоқни тонгда уйғотар,
Минорани ўқитган кўча.

Сурнай хабар пуфлаб, қизарар,
Қари тутлар излайди ғоза.
Қулф ёғлаган Миршаб тушидан
Чопиб чиқар ўн бир дарвоза…

Пештоқгуллар тинмай шовуллар.
Ҳавзи баланд тошар кўк қадар.
Озғин долон ичидан Сизни
Топиб берар Менга тунахтар…
Эрта Сизни излаб бораман

***

Хожа Ҳофиз ридойингни еч.
Саллангга айт Менга гул терсин.
Юрак қарич ҳассангни кўриб,
Сувратидан уялди қамчин.

Хожа Ҳофиз, кўчанг оздими?
Меҳмон бўлмай кетдими карвон.
Эрта нурга юклаб юборгум,
Қалдирғочдан тўла тўрт айвон.

Хожа Ҳофиз, достонингни бер.
Ўрикларга қолмабди белбоғ.
Шамолсўрғич қўнғироқгулдан
Йиғиб берай табибларга ёғ.

Хожа Ҳофиз, кел, дил қурамиз.
Томларига ёпамиз китоб.
Эрта чопон, кўйлак остидан
Чиқаверар мен рангли офтоб.

Хожа Ҳофиз, Бухоронг борми?
Зандананг-чи, қумшаъба, оқ тут.
О, Сенинг ҳам тушингга кириб,
Хутба ўқиб чиқарми ҳут-ҳут.

Хожа Ҳофиз, шоирлик ҳаққи
Бир дуо қил. ҳайрот урсин ниш.
Бугун менга садоқдонин
Шеърдон қилиб берсин Алпомиш!

27 июнь 2015 йил

БУХОРО

Боғсўқмоқлар жаннатга пайванд.
Жўнзарлар авлоди баҳор.
Гулчорбоғдан келин туширар,
Майхум бошин қиздириб омбор.

Қалъаларда тангри излари.
Қишлоқларга уйланган қуёш.
Бухоргужум пойида абад
Афросиёб қўйиб ётар бош.

Тиллосидан туғилган тарих.
Ҳар бир тонги илоҳий дийдор.
Пок хокига айланган мардлар.
Томиридан унар мажнунтол.

Зарафшонда юз ювди толеъ.
Минорига суянди осмон.
Деворининг тун сабоғидан
Донишмандга айланди қалқон.

Ризвонрафтор оқ балхийлардан
Пайғамбар ҳам тут териб еди.
Онам ётган тупроғин Худо,
Майсаларга тўй қилиб, берди.

ИЛҲОМ

Шеърларимдан кўз очди булоқ.
Шеърларимдан тикланди қалъа.
Тонг, шинаклар ўргандим.
Алпомишлар туғилган палла.

Чумолилар елкасида гул.
Капалаклар девори- қуёш.
Сувпарилар сочтурмагининг
Жилосига қўйиб ётдим бош.

Сузмахалта:- Чак-чак…-берди сас.
Буғдойгуллар чалиб берди куй.
Қалдирғочлар: “Биз сиздан қарз”деб,
О, менга ҳам қуриб берди уй.

Қуш инмида қанотим осмон,
Азон тортган хўрозлар -бахши.
Қўл кафтимнинг чизиқларидан,
Кишнаб чиқди Рустамнинг Рахши.

Сизни излаб кўнглимга қайтдим,
Эшигида меҳробдан занжир.
Етти пуштим рангига кириб,
Мен нурдан6 ўтказди тақдир.

Сизни излаб кўнглимга
Қайтдим

***

Ката минор мени хуш кўра.
Белбоғида рангли суратим.
Кашталарга айтиб ҳам чиқди,
Аврешимдан туғилоган қатим.

Булбулларнинг кўзи очилди,
Бақатерак қолди бақрайиб,
Бухорхотун ғозадонидан
Ўз соясин қолганда таниб.

Шўх шеъримни ишқда суғордим.
Сарахбордан ютдим камалак.
Ифторликка гулёғи тортдим,
Устунлари шамшод Работак.

Сизни қўмсаб қумсоат топдим,
Аравага сиғмас ўтчорлов.
Миршаб тунлар қўйиб чиқармиш.
Мўйловидан йўлларимга ғов.

Қўғирчоқбоз дўконин сотди,
Оз пулига олди кўп дуо
Йўлларимга сочди: “Қуш бўл уч,
Бухорода шоири якто!”

***

Хожа Ранргез рангда тирилди.
“Ё ҳу” деди Бухорий пари.
Лайлакларга эргашди кетди,
Чорминорнинг даричалари.

Қип-қизарди марвартак тутлар.
Титроқларда пишди Гавкушон.
Энди тўрт боғ ўртасида тик,
Ковуш ёғлар Хожа Нурафшон.

Кўкалдошнинг сутлари серёғ.
Ёғида жамъ шукр назари.
Деворгуллар куртакгин эмар.
Шаҳристонинг қўғирчоқлари.

Аркдан пастга тушди ноғоро,
Маҳсилардан ясадик гулдон.
Оқ олмалар ортидан чопиб,
Бола бўлиб қолди Зарафшон.

Менга товус ҳар кун гап отар,
Мусичалар олиб келар хат.
Турки Жанди тиккан нимчаси,
Фақат, фақат гулдан иборат.

034

Ibodat Rajabova
YANGI SHE’RLAR
04

Zamonamiz shoirlaridan o’qiydiganlarim bor. Nomma-nom sanashga imkon yo’q. Mashhur shoirlarni o’qishimiz tabiiy. Lekin matbuotda tez-tez ko’rinmasa-da, go’zal she’rlar yozayotgan ijodkorlarimiz, masalan, Farog’at Kamolova, Ibodat Rajabova kabi shoira opalarimizni sevib, izlab o’qiyman. Odam yoshi o’savergani sayin negadir hayqiribmas, ichida o’qiladigan she’rlarga, qalb qiroatiga moyil bo’laverar ekan (Shoira Guljamol Asqarova bilan suhbatdan. Suhbatni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

04

***

Oyga aytdim: “ Undan xabar ol
Borlig’ing-la beraver dalda”.
U-chun haqqush bo’lay deymanu
Ne qilaykim qo’llarim kalta .

Zarafshondan faqat she’r yig’dim.
Bulbullardan mashqi ilohiy.
Xut oyida meni tergadi,
Chaqmoq bo’lgan Laylilar ohi.

Nima desa:“Mayli xo’b…” dedim.
Ko’z yoshlarim Tohirga sandiq.
G’ordarvishga alascho’p bo’ldi,
Yuragimga sanchilgan sanchiq.

Danak ichi devona bo’ldi,
O’z parini ko’ydirdi pari.
Buxoroni ozdirib qo’ydi,
Xotam Toylar yuborgan zari …

Yonarqurtday parvona boqdim.
O’choqlardan tuzib norlashkar.
Ostonangda borib yiqildim,
Ostonangni ko’kbog’dan axtar…
Ne qilayki qo’llarim kalta…

***

Ota, Sizni Shiroq so’radi.
Aylanadan aylandi ko’prik.
To’marisning vaz’larin tinglab,
Bog’shamshodlar o’saverdi tik…

Bobom otin zoti nurmidi.
Yaylovlardan tiksam go’shanga,
Alp Teginning shumligin qarang,
Zafarlardan zarb etmish tanga.

Ota, qishloq bir yog’ga botdi,
Ukam g’irot minib ketdi ko’pkari
Bo’tako’zli qirlar ortidan,
Qarsak chalib turdi hur, pari.

Onam paxta sitib, oy to’qir
Ignasining dumi avreshim.
O’ymog’idan to’qilgan terni
Shundoq olib, yelkamda ekdim..

Endi anbar sochim bog’chayla
She’rlarimga aytsam, bo’ldi tok.
Sahar, ko’nglim ichin aylansam
Tashqaridan ichi yorug’roq…
Ota Sizni Shiroq so’radi…

***

Endi mening Sizga ishim yo’q,
Kungaboqar yuzida ajin.
“Ox”larimning ostidan o’tdi.
Alp Tegindan tug’ilgan qamchin.

“Shamol – shamol” o’ynadi kunlar,
Yil og’zida olovmas, talqon.
Kengliklarda torayib ketsam,
Rangligidan kechdi nofarmon.

Charxpalak, falaging qani?
Yaproq orti kimga xobxona.
Bedil dilin mushkdonga sotsa,
O, men bilan jarchi devona.

Qanotimni qaqnus qarichlab,
Shatranj o’ynab, chirog’ yutgach, shom
Bir she’rimni shotutga yuklab,
Qibla tomon ketdi, Zarafshon.

ONAMGA XAT

Ona!
Erta tongda qishloq qaytaman.
Shahar bilan gapimiz qochdi.
Xomush edim odatdagiday,
Hasratimni she’rlarim ochdi.

Men tushimda dalagulmishman.
Qumg’on bilan izlabmiz o’choq.
Nima qilay ortga qayt desa,
Ko’nglimdagi yam-yashil bayroq.

Nonjiydalar erta to’y qilmish.
Ko’prikka ham tikkanmish chopon.
Ishkomlarning changini artib,
Anorgulga aylanmish g’ilmon.

Bog’hovlimiz uzumzorini
Xayyom misol erkalab otam:
“Kuzda seni uzatgum”desa,
Xabar yetmish chumchuqlarga ham…

Bodomlarning danagi qotmish.
Echkingiz ham bolalabdi juft.
Endi Momo havo sutiday
Cho’b qoshiqqa yog’u qatig’-muft.

Oq tuyamiz masiqqanmish deng…
Xurmozorga kuyovdir savat.
Uyga qaytib chiltor toridan
Qirq bog’ qilsam o’sgum yetti qad…
Ona.
Erta tongda qishloq qaytaman…

***

Bobom
Sulaymonning uzugin topdi.
Ko’k hassadan yasadi nonpar.
Barmog’ini labiga qo’yib,
Chirmoviqdan izladi axtar.

Yaktagini gujumga ildi.
Soqoliga chizib berdi yo’l.
Qush inini to’yxona bilib,
Polaponga uch bor berdi qo’l.

Zaytun ombor tushiga kirdi.
Bozor xatin o’qidi sahar.
Sutday pishgan qandak o’riklar.
Bog’hovlini qildi muattar.

O’choqlarga kunda yon dedi.
Cho’michlarning moyini maqtab,
Bedanani “…boybolam…”dedi
Yo’ng’ichqazar nofarmon gullab.

Bir zarkovush izida yotdi.
Namozlarin o’qib berdi shom.
Gushangalar lug’atin artsa,
Nevaralar g’ayrati gulfom…
Bobom,
Sulaymonning uzugin topdi.

***

Nochor ko’nglim ichimda ko’ydi
Qadamingdan terolmadim gul.
Yuz yildirkim tushimga kirib,
Chap ko’ksimga suv separ sunbul.

Bir uyg’ondim, ikki uyg’ondim.
Kungaboqar yuzi do’mbira.
Qo’lim cho’zib, bir-ikki chertsam,
“Raqsi hayrat” tushdi qarqara.

Qum ichidan shamol izladim,
“Qush lug’atin” o’rgandim ming bor.
Kurtaklarday novda ichidan,
Chopib chiqsam, tumanlar diydor…

Toshlar qotdim, ma’bud sharshara,
She’rlarimning oxiri- yomg’ir.
Qari tutlar shahriga bordim:
“Xudochasan, Xudoni chaqir…”
Qadamingdan terolmadim gul.

QARSHI SAFARI

Sayidoni ziyorat qildim,
Sardobadan suzib ichdim she’r.
Oppoq sochim hayron rangini,
Echkilardan sog’ilgan sut yer.

Ko’chalarin ertasi yorug’.
Chiroqlari marvarid tugma
Buloqlari nurgan shivirlar,
“Bu shaharga gulsiz qarama”.

Ostonasi oy-la ko’kaldosh.
Darvozasi Mashra kitobi.
Yuragimni gul-la yamadi,
Kurtaklarning kulgi sharobi.

Bozorida nonsavat erka
Tarozisi Tangri tirgagi.
Bog’larida yo’lboshchi bo’ldi,
Chimildiqdan chiqqan bolari,

Shasharasin bayti Muxammas.
Endi gulchang qirvq kun berar osh
Toqqa chiqqan hassa iziga,
Buxorshoir egib turdi bosh…

22 aprel  2015 yil.

***

Oyda pishdim, yulduzda pishdim.
Bulut bilan o’ynadim shatranj.
Gul tojiga tansoqchi bo’lsam,
Yostig’imning osti to’la ganj.

Ko’zgu dedim, ohu ko’zi xob,
Mizrob dedim noz qildi taroq.
Bahor sirin obdon o’rgandim-
Qo’zigullar eng sodda bayroq.

Daraxt ichin aylanib bildim.
Soch turmagim ming pushti -kurtak.
Eh, ortidan tinmay choptirdi,
Ko’kaldoshim qaqnus- marvartak.

Mashq so’radim mashshoq bulbuldan.
Ko’zmunchog’im-Xoja daftari.
Tushlarimni shalabbo qildi,
O’z shartidan ko’ygan suvpari.

Shamollarga suyanib yurdim.
Shahar chorlab: “tikka yur” dedi,
Qo’l kaftimning chizig’i –Mashrab.
Bor ichimni qumsoat yedi…

29 iyun  2015 yil

***

Tavonimda tikonlar bazmi,
Siyratimda sargashta dunyo,
Suvratingni oyga yelimlab,
To’yib boqsam, tosh berdi sado.

Oltin zanjir bir jilva qildi,
Qal’adevor pishirdi toqat.
Peshin tarnov to’yiga borsam,
Chiltor chalib berdi Ibodat

Ko’zlarimni mo’yqalam chizdi,
Ranglar erib ketdi to’rt tomon,
Hutni chorlab jarchi charchadim,
Surmadonlar mulkida xazon.

Nima qildim daryoni yo’qlab,
Nima qildim boqib oybaliq.
Kecha Majnun ikki yelkamdan
Sanab ketdi jafodan yorliq.

Qarqaradan qarz oldim, ketdim.
Kovushingni qaytib ol, Bedil.
Kuzteridan do’mbira tikdim.
Endi Mashrab tur, aytib, tiril…
Qarqaradan qarz oldim, ketdim.

***

Bulbul bilan gulxona qurdik.
Dengiz bilan kezdik “shashmaqom”
Men sochimni chiltorda boqsam,
Xarsangtoshga kirib qoldi jon.

Minor bilan minbarga chiqdim.
Belbog’lardan yog’ildi savol.
Javob yondi… Ko’kka xat yozdim.
“Nurmunajjim, meni kutib ol”.

Kapalakdan kam uchganim yo’q.
Qaldirg’ochlar mening haykalim.
Tog’pistalar belin uyg’otdi,
Hut o’rgatgan azaliy ta’lim.

Nima qilsam Sizga yetaman.
Yetti rangdan yasadim ko’prik.
Oltin zanjir ichiga kirib,
YO, hu, desam, mo’yqalam tirik.
G’aroyib:
Onam yana govmish zotinim
Oq kishmishga o’xshatgan mahal.
Otam bozor borib qaytdi-yu,
Sutchelakka to’kildi asal…
Bulbul bilan gulxona qurdik

***

“Yur, xorijda ishlab, boy bo’lib qaytamiz…”
Do’stim qo’ng’irog’idan

To’rt tomonga chorlama meni
Yukxaltamni shishirma shamol.
Meni nurga bog’lab tebratar,
Gulchanglardan tarqalgan savol.
Bu yurtda
Xobxonamning devori ang’iz.
Tuzdonimning qalpog’i kumush.
Hutchillaning yomg’iri tingach,
Bog’mehmonim bo’ldi kelar qush.

Toshquduqda tilla suv pishar,
Tog’rayhonlar To’maris qizi.
Havzi bodom gujumlarimi?
Yaproq yozgan oyning ildizi.

Muhabbatdan mehrobni topdim.
Sutkosadan jannat eshigin…
O’g’lonlarin belin boylash chun,
Oq tuyada kelar Alp Tegin.

Qishloqlarda uzumlar uzun,
Aravadan sakraydi pichan.
Bug’doyzorlar chanqamasin deb,
Suv tashiydi ariqlar ishchan.

Shahar nazar-ilohiy yog’du,
“Shashmaqom” dan berganda sado.
Onam yotgan tuproqni tashlab,
Men qay yurtga sig’gum, bexudo…

***

Erta Sizni izlab boraman.
Oyog’imga kiyaman shamol.
Ro’molimni dazmollab berar,
Nafis sochi bilan majnuntol.

Qoqigullar “qoqilma” deydi,
Qo’zigullar qo’yadi ma’rab,
Uvadangni Xutba qilma, deb
Choponini savalar Mashrab.

Cho’llar dalda berar: “Qo’rqmagin”.
Tansoqchilik qilar musicha.
Xomqaymoqni tongda uyg’otar,
Minorani o’qitgan ko’cha.

Surnay xabar puflab, qizarar,
Qari tutlar izlaydi g’oza.
Qulf yog’lagan Mirshab tushidan
Chopib chiqar o’n bir darvoza…

Peshtoqgullar tinmay shovullar.
Havzi baland toshar ko’k qadar.
Ozg’in dolon ichidan Sizni
Topib berar Menga tunaxtar…
Erta Sizni izlab boraman

***

Xoja Hofiz ridoyingni yech.
Sallangga ayt Menga gul tersin.
Yurak qarich hassangni ko’rib,
Suvratidan uyaldi qamchin.

Xoja Hofiz, ko’chang ozdimi?
Mehmon bo’lmay ketdimi karvon.
Erta nurga yuklab yuborgum,
Qaldirg’ochdan to’la to’rt ayvon.

Xoja Hofiz, dostoningni ber.
O’riklarga qolmabdi belbog’.
Shamolso’rg’ich qo’ng’iroqguldan
Yig’ib beray tabiblarga yog’.

Xoja Hofiz, kel, dil quramiz.
Tomlariga yopamiz kitob.
Erta chopon, ko’ylak ostidan
Chiqaverar men rangli oftob.

Xoja Hofiz, Buxorong bormi?
Zandanang-chi, qumsha’ba, oq tut.
O, Sening ham tushingga kirib,
Xutba o’qib chiqarmi hut-hut.

Xoja Hofiz, shoirlik haqqi
Bir duo qil. hayrot ursin nish.
Bugun menga sadoqdonin
She’rdon qilib bersin Alpomish!

27 iyun 2015 yil

BUXORO

Bog’so’qmoqlar jannatga payvand.
Jo’nzarlar avlodi bahor.
Gulchorbog’dan kelin tushirar,
Mayxum boshin qizdirib ombor.

Qal’alarda tangri izlari.
Qishloqlarga uylangan quyosh.
Buxorgujum poyida abad
Afrosiyob qo’yib yotar bosh.

Tillosidan tug’ilgan tarix.
Har bir tongi ilohiy diydor.
Pok xokiga aylangan mardlar.
Tomiridan unar majnuntol.

Zarafshonda yuz yuvdi tole’.
Minoriga suyandi osmon.
Devorining tun sabog’idan
Donishmandga aylandi qalqon.

Rizvonraftor oq balxiylardan
Payg’ambar ham tut terib yedi.
Onam yotgan tuprog’in Xudo,
Maysalarga to’y qilib, berdi.

ILHOM

She’rlarimdan ko’z ochdi buloq.
She’rlarimdan tiklandi qal’a.
Tong, shinaklar o’rgandim.
Alpomishlar tug’ilgan palla.

Chumolilar yelkasida gul.
Kapalaklar devori- quyosh.
Suvparilar sochturmagining
Jilosiga qo’yib yotdim bosh.

Suzmaxalta:- Chak-chak…-berdi sas.
Bug’doygullar chalib berdi kuy.
Qaldirg’ochlar: “Biz sizdan qarz”deb,
O, menga ham qurib berdi uy.

Qush inmida qanotim osmon,
Azon tortgan xo’rozlar -baxshi.
Qo’l kaftimning chiziqlaridan,
Kishnab chiqdi Rustamning Raxshi.

Sizni izlab ko’nglimga qaytdim,
Eshigida mehrobdan zanjir.
Yetti pushtim rangiga kirib,
Men nurdan6 o’tkazdi taqdir.

Sizni izlab ko’nglimga
Qaytdim

***

Kata minor meni xush ko’ra.
Belbog’ida rangli suratim.
Kashtalarga aytib ham chiqdi,
Avreshimdan tug’ilogan qatim.

Bulbullarning ko’zi ochildi,
Baqaterak qoldi baqrayib,
Buxorxotun g’ozadonidan
O’z soyasin qolganda tanib.

Sho’x she’rimni ishqda sug’ordim.
Saraxbordan yutdim kamalak.
Iftorlikka gulyog’i tortdim,
Ustunlari shamshod Rabotak.

Sizni qo’msab qumsoat topdim,
Aravaga sig’mas o’tchorlov.
Mirshab tunlar qo’yib chiqarmish.
Mo’ylovidan yo’llarimga g’ov.

Qo’g’irchoqboz do’konin sotdi,
Oz puliga oldi ko’p duo
Yo’llarimga sochdi: “Qush bo’l uch,
Buxoroda shoiri yakto!”

***

Xoja Ranrgez rangda tirildi.
“YO hu” dedi Buxoriy pari.
Laylaklarga ergashdi ketdi,
Chorminorning darichalari.

Qip-qizardi marvartak tutlar.
Titroqlarda pishdi Gavkushon.
Endi to’rt bog’ o’rtasida tik,
Kovush yog’lar Xoja Nurafshon.

Ko’kaldoshning sutlari seryog’.
Yog’ida jam’ shukr nazari.
Devorgullar kurtakgin emar.
Shahristoning qo’g’irchoqlari.

Arkdan pastga tushdi nog’oro,
Mahsilardan yasadik guldon.
Oq olmalar ortidan chopib,
Bola bo’lib qoldi Zarafshon.

Menga tovus har kun gap otar,
Musichalar olib kelar xat.
Turki Jandi tikkan nimchasi,
Faqat, faqat guldan iborat.

034

(Tashriflar: umumiy 758, bugungi 1)

3 izoh

  1. Ajoyib she’rlar. Xudo kuch-quvvat bersin. Menga «Qarshi safari» she’ringiz ko’proq yoqadi. Qashqadaryo safari va ziyoratidan keyin ustozdan yanayam yaxshi she’rlar kutib qolamiz!

  2. Bu she’rlar shunchalik go’zalki,xuddi nurning tovlanishlarini eslatadi. shu bilan birga mutolaaga chog’langan she’rxondan ma’lum tayorlikni talab etadi. Rassom ahli albatta Ibodat Rajabova she’rlarini o’qishi kerak.

  3. Дастурхоннинг бир чеккаси бўш,
    Бўм-бўш уйда ҳайрон туттароқ.
    Она, сизсиз отам ҳовлиси –
    Ўртасидан йиртилган байроқ…(И.Ражабова)

    Ибодат опа, хайриятки, Сиз блан замондошман…

Izoh qoldiring