Шеърлар шоир умри, қалб ва руҳининг харитасига ўхшайди. Тун ва кун, кеча ва кундуз, масофалару маконлар. Ҳар бир китоб бир манзил мисол таассурот қолдиради. Бойсундан Тошкент қадар, Тошкентдан чексиз оламлар қадар йўл. Ою қуёш, замину осмон, фалаклару юлдузлар, кейин – кета-кетгунча чироқлар, чироқлар, дилга яқин ва қадрдон чироқлар. Умр ўтган сари, юкини тарқатиб, улашиб борган сайин шоирнинг юки ортиб, оғирлашиб бораверади. Бу юк камайишга эмас, кўпайишга маҳкум этилган. Шоирлик қисматида азалдан шундай ёзилган.
Сирожиддин Саййид
ОЛИС ИШҚ СОҒИНЧИ ЁХУД ВАТАН СУРАТИ
Эссе
Олис-олис қирлар ортидан, Бойсун тоғлари адоғидан дилни орзиқтиргувчи наво таралади. Мўйсафид харсангтошлар мангулик дуосини ўгираётгандек, ўркач-ўркач бўлиб ётган адирлар асрлардан ёдгор карвонларни эслатади. Ям-яшил даштларда қора сурувлар, осмоннинг зангори яйловида эса боқилган оқ ҳисори қўйлар мисоли семиз булутлар сокин кезинадилар. Дунё чексиз, борлиқ ҳудуд буҳудуддай. Наво қир-адирлар, тепалар ва дўнгликларнинг мусиқий шакли-шамойили янглиғ ўркач-ўркач, тўлқин-тўлқин бўлиб, гоҳ пастланиб, гоҳ баландланиб кетади. Элас-элас, олис-олис соғинчлар, ҳижрону фироқ, айрилиқ ва дийдор манзиллари. Барчасига бекат – шоир юраги. Бунда – эшиклар ёпилмайди, “Илтимос, суянмангиз” деган эслатмалар йўқ.
Умримни бир олис ишққа алмашдим,
Кечдим ҳушёрликдан, тушга алмашдим.
Беқанот қалбимни қушга алмашдим,
Сизсиз ўтган умрим бекор, ёрижон,
Не бахтким, юрагим бемор, ёрижон.
“Олис ишқ”ни таҳлил қилиб, шарҳлаб бермоқ учун шоирнинг ҳаёти камлик қилади. Бу йўлда умр сарф қилинади, бунинг божу хирожи қалб қони билан тўланади. Шоирлик ҳам худди шофёрликдай: бировнинг юкини вужуди, юрагининг юкхонасига ортиб олгану олис йўлга отланган. Йўл гоҳ ўнқир-чўнқир, гоҳ довон бўлса, гоҳ дашту биёбон. Юк баъзан оғирлик қилади, унинг залвори, салмоғи катта. Шоирга йўл-пўлда қолиб кетмасин деган мақсадда эҳтиёт ғилдираги берилмаган. Юкни чидам билан тортмоғи, манзилга соғ-омон элтмоғи керак. Ўзи, қалбию виждони олдидаги, адабиёт ва шеърият, ҳаёту тириклик, элу юрт олдидаги қарздорлик, бурч ва жавобгарлик юки.
Йиллар соғинчларга, соғинчлар йилларга айланади. Шеърлар шоир умри, қалб ва руҳининг харитасига ўхшайди. Тун ва кун, кеча ва кундуз, масофалару маконлар. Ҳар бир китоб бир манзил мисол таассурот қолдиради. Бойсундан Тошкент қадар, Тошкентдан чексиз оламлар қадар йўл. Ою қуёш, замину осмон, фалаклару юлдузлар, кейин – кета-кетгунча чироқлар, чироқлар, дилга яқин ва қадрдон чироқлар. Умр ўтган сари, юкини тарқатиб, улашиб борган сайин шоирнинг юки ортиб, оғирлашиб бораверади. Бу юк камайишга эмас, кўпайишга маҳкум этилган. Шоирлик қисматида азалдан шундай ёзилган.
Гарчи ўртамизда соғинчу ҳижрон,
Гарчи висол йўли вайрондир вайрон.
Аммо азобингиз кўксимда ҳар он
Муқаддас оловдай қолди, ёрижон,
Шукрким, сиз билан ёндим, ёрижон.
Бир замонларда, ХХ асрнинг 70-йиллари бошида олис Олмониёда ҳарбий хизматда юрган аскар йигитдан почта жилдига жойланган бир даста шеър Тошкентга учиб келади. Бу жилд қўлига теккан киши: “Ёт юртларда уйини, Ватанини соғинган бир ўзбек боласининг нима қилишни билмай, шунчаки ҳавасга қоралаган машқларидир-да» деб ўйлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас эди. Бироқ аскар йигитнинг ҳаёту тақдири жойланган, умрий қисматини ҳал қилиб бериши лозим бўлган жилд ҳақиқий эгасига, имон-эътиқоди бутун, беназир ва беғараз устоз, улуғ бир инсоннинг қўлига тушади. Орадан қисқа вақт ўтиб, республиканинг обрўли, машҳур журналларидан бирида устоз адиб Шуҳрат домланинг “Солдатдан мактуб келди…” дея бошланувчи, ғоят ҳаяжонли, самимий хайрихоҳлик ва меҳр билан битилган оқ фотиҳаси, давомидан эса бир туркум шеърлар эълон қилинади. Биз – ўрта мактаб битирувчилари бўлмиш беармон ҳаваскор болалар дунёда армоннинг ҳам ҳиди борлигини илк бора ўша шеърлардан билиб олганмиз: «Қаршимда лобар қиз ўлтирар жиддий. Ичмаган, столда қадаҳи лим-лим. Сездингми, ҳавода бир армон ҳиди. Оламда турналар учмоқда, синглим».
Кейин оқ ёмғирлар, шеърият ва муҳаббат фасли бошланди.
Ҳозирда Ёшлар, ўшанда Талабалар шаҳарчасидаги адабий муҳит, шеърият кечаларию назмий анжуманларни зир титратган “Инсонни тушуниш” китобчаси, “Бойчечак”, “Подполковник Фатеев”, “Сен йўқ эдинг…”, “Мени севинг, мендан нафратланинг”, “Бу ерга келтирди мени тасодиф”, “Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида”, “Бойсун ҳақида ғамгин баллада”, “Параллел чизиқлар”, “Севги ҳақида умидбахш баллада”, “Олис юртнинг бегона иси” сингари бизнинг тасаввур ва тафаккуримизни бутунлай ўзгартириб юборган, ўсмир кўнглимизни ағдар-тўнтар қилиб берган ўнлаб, юзлаб шеърлар. У шеърий оқшомлару бу шеърлар сабаб биз адабиётнинг яқин ошноларига айландик. Янги оҳанглар, назмдаги эски қолипларни синдирган ўзига хослик, мутлақо янгича бир шеърият бизни сеҳр этди, қалбларимизни тарбиялади. Ўша давраларда машҳур бўлиб кетган “Бойчечак” шеъри – меҳр ва соғинчнинг тоза ва маъсум қиссаси ҳаммамизга яқин ва қадрдон бўлиб қолди:
“Бойчечагим бойланди,
Бойчечагим бойланди,
Бугун олисда ёшлик
Замин қанча айланди”.
Муаллифнинг баланд пардаларда, юксак санъат ва маҳорат билан, жазавага тушган дирижёрни эслатувчи қиёфада ўз шеърини айнан ижро этиб бериши, унинг таъсир кучини, довруғини икки карра ошириб юборган эди. Талабалигимиз ҳавосидан шеър, соғинч ва ифор уфурар, ётоқхонамизнинг ғариб, кўримсиз йўлакларида узун қиш кечаларида ҳам бойчечаклар шивирлаб-шитирлаб юргандек туюларди.
Биз ҳавас қилган шоир акамизнинг елкалари ҳурпайган, қадду бастига ғоят ярашган жун пўстини бўларди. Шеърлари, шеър ўқишлари билан бирга шу пўстини ҳам уни бошқа шоирлардан алоҳида ажратиб турарди. Пўстин эгасини ғоят салобатли, ваҳимали қилиб кўрсатар, ҳаваскор талабаларнинг доимий ҳамдами, қадрдон адабий маслаҳатчисига айланиб қолган Маҳмуд ака, устоз Маҳмуд Саъдий Шота Руставелининг машҳур асарига қиёсан шоир оғамизга “Айиқ терисини ёпинган Усмон Азим” деб ном қўйган эди.
Беш йилимиз найсон булутлари янглиғ тез ўтиб кетди. Чақинларимиз олислаб, талабаликнинг бор орзу-ҳаваслари, гулу чечакларимиз, ёшлигимиз ортилган осмоннинг қалдироқ аравалари ҳам биздан йироқлашдилар.
Ҳаёт синовлари, тирикликнинг ҳақиқий имтиҳонлари даври бошланди.
Ўтган аср, 80 – йилларнинг бошлари, мушоиралар, адабий давралар қизигандан қизиб борар, бу давраларнинг севимли эркаси, гултожи машҳур рассом Шуҳрат Абдурашидов эди. Раҳматли Шуҳрат ака шеъриятни жон-дилдан севар, Миртемир домланинг “Ўв, менинг ўзбаки юрагим. Неччига бўлиндинг, неччига?!..” деган машҳур сатрларини ҳамиша айтиб юрар, айтиб бўлгач эса, шеърни худди ўзи ёзгандай, қулочларини кенг ёйиб астойдил завқланарди. У кишига «Рассомларнинг шоири, шоирларнинг рассоми” деб зарофат қилишган эди. Давраларга ҳам, шеъриятга ҳам файз ва ранг киритган мусаввир ўшанда адабиётга меҳр-муҳаббатининг ифодаси сифатида “Ижодкор дўстларим” деган катта ҳажмли рангтасвир асарини чизиб, адабий жамоатчилик ҳукмига ҳавола этганди. Асар ҳаммага маъқул келиб, анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлди. Унда Рауф Парфи, Эркин Аъзам, Нодир Норматов, Хуршид Даврон сингари таниқли адиблар қаторида Усмон ака портретига, қиёфаси, ҳолати ва ички дунёсига алоҳида урғу берилган. Шоирни тасвирлар экан, мусаввир аслида унинг катта қалбини, ундаги оғир юк залворини ифодалаган эди. Кейин барча ижодкорлар – рассомлар, шоир-ёзувчилар, актёрлару олимларнинг қалбини ларзага солган кутилмаган фожиа рўй берди.
Шуҳрат ака автомобил ҳалокатига учраб, ўн кунча ўзига келмай оламдан ўтди. Бешёғочдаги (Сирожиддин бу ерда хато қиляпти,аслида Чилонзор Оқтепасидаги.Х.Д.) уйида, азасига келган кекса онаси “Тошкентларда юрган шоир болам” дебон уввос солди. Тасвирий сатъатимизгина эмас, адабиёт учун ҳам катта йўқотиш бўлган бу воқеадан устозлар, ижодкор акаларимиз анча вақтгача эсанкираб маъюсланиб юрдилар. “Осмонга тикилдим хаёлим оғиб. Бир парчаси булут, бир парчаси кўк. Вақт деган шунча тез ўтдими оқиб. Менинг ёнимда ҳам энди биров йўқ”.
Ўша кезлари Усмон аканинг «Адабиётни, Ватанни, дўстларни севишни, қадрлашни Шуҳратдан ўрганишимиз керак» деган сўзлари маънисини кейин англадик. Қисқагина умри (ўшанда рассом бор-йўғи 29 ёшда эди) давомида мусаввир ҳайратланарли даражада кўп иш қилишга улгурган экан. Энг муҳими, у ўз асарларида Ватанни, она юрт суратини бор тароватию муҳаббати билан кўрсатиб кетган эди. Тузум ва замон ғирром бўлишига қарамасдан, шоирларимиз ижодида ҳам бу мавзу алоҳида ўрин эгаллаб, кучайиб бораётган эди. Жумладан, Усмон аканинг юқорида тилга олинган “Бойчечак”, “Бойсун ҳақида ғамгин баллада”, “Ватан ҳақида шеър”, “Абдулла Қодирий”, “Бойсун қирларида бир ўзим кездим”, “Самарқанд.Тунги сайр”, “Теша Сайдалиев хотирасига”, “Онамга мактуб”, “Дашт”, “Ғафур Ғулом…” сингари ўнлаб шеърлари, «Бахшиёна” туркумию устоз Асқад Мухтор “Гулистон” журналида чоп этган “Оқ шарпа”, Темурийзода султонларга бағишланган “Халил Султон” драматик достонларигача ўша йилларда ёзилиб, кўпчилик ўқувчиларнинг меҳрини қозонган эди.
Жавзо. Бир эрка шамол
Буғдойзорга урар тўш.
От елар. Чавандознинг
Бир енги ҳилпирар – бўш…
Опа, Ватан – улуғ дард,
Опа, Ватан боғ бўлсин.
Шеърда суратин чизсам,
Тўрт мучаси соғ бўлсин!
Бу Ватан шеърларда тилга киради, шоирга «Болам… Юрак билан кўксинг безадим” дейди. Бундан-да гўзалроқ саодат борми дунёда! “Юрагимга сиғмади соғинч. Бўлмайин деб ҳижронда вайрон. Энди куйлай бошладим нотинч: – Бойсун! Бойсун!Бойсун! Бойсунжон!..”
Мазкур шеър устоз адибимиз Шукур Холмирзаевга бағишланган. Уни тинглаётиб, Шукур аканинг кўзларига ёш қалққанларига неча бор гувоҳ бўлганмиз. Шоир бу мавзуни насрий асарларида ҳам давом эттириб, «Узоқ хайрлашувлар” номли гўзал эссесида адиб билан Ватаннинг дардли ва жозиб суратини яратади.
Илк “Инсонни тушуниш” китобидан то “Ҳолат”, “Дарс”, “Сурат парчалари”, “Иккинчи апрел”, “Бахшиёна”, “Уйғониш азоби”, “Ғусса” билан “Куз” тўпламларигача кечган вақт чамалаб кўрилса агар, сўз ва шеър йўлида чекилган заҳматлар, изтироблару завқу шавқлар бесамар кетмагани, адабиёт ва шеъриятга бахшида, инсоний туйғулар ила лиммо-лим, дийдору айрилиқлар, соғинчлару севинчларга тўлуғ сермазмун бир умр бор бўй-басти билан гавдаланади.
Ниҳоят, узоқ кутилган истиқлол даври бошланди. Янги замон ижодкорларга янги сарполар кийгизди. Мустабид тузумнинг асрий занжирлари чилпарчин бўлди. Сўз ҳам озодликка чиқди. Кейинги салкам йигирма йиллик муддат Усмон Азим ҳаёти ва ижодининг сермаҳсул даври, янада теранлашиш ва юксалиш йиллари бўлди. “Алпомиш” бадиий филмининг киноқиссаси, шоирнинг асари асосида суратга олинган, Ватан, она юрт соғинчи ҳақида гўзал қўшиқдай таассурот қолдиргувчи “Севги” бадиий филми, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпонга бағишланган “Кундузсиз кечалар”, устоз адиблар Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги қатор драматик асарлари, шунингдек насрий битикларини ўзида жамлаган “Жоду” китоби, “Юрак” ва “Фонус” шеърий тўпламлари шоирнинг қалб меҳнатхонасида узлуксиз ижод баракали давом этаётганидан далолат беради.
Айниқса, охирги икки китоби – бу шеърият йилдан-йилга қиёмига етиб, донишмандлик ва етуклик касб этганини, умр ва қалб ҳикматлари яхлит ёмби ҳолатга келганини кўрсатиб турибди. Аслида Яссавий, Навоий боболар давридан буён айтиб келинаётган бу ҳикматлар XXI асрга келиб шоиримиз тилидан янгича жаранглайди: Мана, улардан бири, умр ҳақида шоир бундоқ дейди: “Ўзи бир ёғиб ўтишга арзийди одамнинг умри. Ёғ умрим, кўнгиллар кўкарсин!”
Адабиёт, хусусан шеъриятнинг ҳам асосий вазифаси шунда: кўнгилларни кўкартириш, дилларни яшнатиш. Усмон ака бу эзгу Бурчни қатъият ва мардоналик билан уддалаб келаётган устоз шоиримиз, катта элнинг катта оқини. У кишига бир умр ҳамдаму ҳамнафас, дарду қувончларига бирдек шерик, таъби назми баланд, диди нозик таржимон Раъно янгамизнинг шарафли бу қисматда алоҳида мақоми борлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Адабиёт, жаҳон адабиёти, китоб ва китобхонлик, назму наср, мумтоз ва замонавий асарлар ҳақида энг кўп гапириладиган бу хонадонга ҳаваскор ёшлик йилларимизда биз ҳар доим ошиқиб, интилиб яшаганмиз. Инсонни тушуниш, китоб ва адабиётга меҳр, дид ва саводхонлик тарбияси, сўзга эътибор ва муносабатни биз шундай устозларимиз, уларнинг хонадонидаги адабий муҳитдан ҳам ўргандик, ҳаётларидан ибрат олдик. “Сенга ҳеч нарса қилолмадим, Ватан!” деб айтиш учун ҳам аввало она юртни, туғилган тупроқни севишни билиш керак. Адабиётга муҳаббат ҳам худди шундай.
Алқисса, аскар йигитнинг “шинелли йиллар”и ортда қолди. Раҳматли Шуҳрат домланинг дуолари ижобат бўлди. Шу лаҳзаларда Термизда, қадим Жайҳун қирғоқларида Ватан чегараларини ҳимоя қилаётган бир аскар йигит қоралама шеърларини хатжилдга жойлаб, минг орзу-ҳавас билан Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим номига жўнатаётган бўлса, ҳеч ажабланманг. Азиз ўқувчи! Унга халақит бермайлик. Ҳозир у бутун умрини, борлиғию қисматини олис бир ишққа – шеъриятга, адабиётга алмашишга шайланаётгандир…
Сирожиддин Саййид
2010