Бугун нима кўп: газета-ю журнал кўп. Кўпларини очасану ёпасан, очасану ёпасан. Одам боласи ўқишига арзийдиган сўз йўқ, жумла йўқ. Бундай газеталар айниқса марказда кўпайиб бормоқда. Олди-қочдини ёзадиган газеталар бемаза қовуннинг уруғидек кўпайган. Мен шунча зиёли инсоннинг эътиборига лойиқ бўлмаган, ҳатто «очасану ёпасан»га ҳам арзимайдиган нашрлар ичида ўзимга маъқул бир газетани топиб олганман. Унинг номи “Сурхон ёшлари”. Термизда чоп этилади.Журналистика факультетида ўқимагани учун майиб бўлмаган, ўз сўзи ва кўзи бор ёшлар томонидан тайёрланадиган газетанинг ҳар бир сонини мароқ билан ўқийман. Бугун газетада босилган бир суҳбатни сизга илиндим. Насиб бўлса, кейин ҳам бу илиниш давом этажак
ШОДМОНҚУЛ САЛОМ: ОДАМГА ИШОНАМАН,
ҲАЁТНИ СЕВАМАН!
“Сурхон ёшлари” анкетасига жавоблар
Анкета саволларига адабий жамоатчилик эътиборини қозонган шоир Шодмонқул Салом жавоб беради. Ижодкор 1980 йилда Қумқўрғон туманида туғилган. 2003 йилда Термиз Давлат университетининг “Кимё” факультетини, 2005 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Чағониён”, “Туркистон”, «Китоб дунёси» газеталари, “Саодат” журналида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби”, “Борлигини билганлар” шеърий тўпламлари чоп этилган. “Оққапчиғай тўлқинлари” насрий китоби нашр этилиш арафасида.
1. Ёшлик сизнинг наздингизда… Уни қандай тушунасиз?
— Декабрда 33 га тўламан! Кўзимнинг олдида, қўл узатсам етгудай жойда бир дарё оқиб ётибди… Дарёда қалқиб кетаётган олма менинг – Ёшлигим. Сабр тишларим лабларимга ўкинч-ла ботиб, тақаланган отдай чорасиз ва жим қараб турибман шовиллаб бораётган ЁШЛИККА! На таскин, на кўникиш, на давоси бор бу айрилиқнинг ва… айбдори ҳам йўқ. Ўар кимнинг ёшлиги ўзича ёшликдир. Чинакам беғубор, умидларга тўла, кулгусида ўксиниш, синиқлик, йиғисида иддаою кибр йўқ бўлган, ёш юракларга болалигимдан бери мафтунман. Улар чиндан ҳам ЁШЛИК деган баравж даврададирлар. Мен бундай ёшликка эришолмадим, эплолмадим. Ичимдан тез қаридим, тенгқурларимнинг одат ва қизиқишлари, қилиқ ва орзулари аллақачонлардан бери эриш туюлади. “Кейинчи” деган сўроқ бўҚзимда туради. Улуғ “Алпомиш” достонида умрнинг ўткинчилиги ҳақида “Ипакдай эшилган оқ билаклар ҳам қора тупроққа ботади” деган сатрлар бор. Шу гап – гап!
Аммо Ёшликни – Худо берган имтиёзни қўлдан бермай, тафаккур элагида элаб яшамоқ керак. Бизнинг кўплаб кунларимиз, минг-минг соатларимиз яшалмай қолиб кетади. Беҳуда кетган вақт – муомаладан чиққан, “синган” пулга ўхшайди. Вақтида сарф этмоқ шарт!
Ёшлигингни аяма, дўстим,
Аядингми тугайди ёшлик!
Адабиётда туйғулар ёш танлайди. Шоир, Носир, Ваъзгўй, Арзгўй… туйғулар бор. Бу туйғулар қачон келиб, қачон руҳимизни тарк этишни биздан сўрамайди. “Уй-жой, шароит қилиб олай, кейин бемалол ижод қиламан” деган режаларни адабиёт рад этади.
Тағин бир Сурхонча нақл бор: ”Йигитнинг бир қўли хайрда бўлсин!” Йигит – ёшлик, навқиронлик рамзи. Омонат ва тез ўтиб кетадиган умрда жисман ва руҳан кексайган бўлса-да, йигит бўлиб яшаб ўтаётган боболарни кўрганман: мард, ёвқур, гапи билан иши бир, танти кишилар.
2. Одимлаётган йўлингиз ва ортда қолаётган излар хусусида.
— Одимлаётган, босиб ўтилаётган йўлим – шу кўп қатори, бировдан олдин, бировдан кейин. Пойгачи отдай қулоқни дикрайтириб шошаётганим, кимнидир Қайирлик билан тирсаклаётганим йўқ. Шунинг учун кечалари оёқ қоқмай ухлайман, босинқираб, ҳовлиқиб уйғонмайман. Ройиш, бари – борича. Кўнгил деган дўст бор. Худо кўнгилга ёққан чироқ бор. Шунга ишонаман, буюрганини, авжимни келтирганини айтаман, бажармоққа етмиш икки томирим, ақлу юрагим билан интиламан. Одамга ишонаман, ҳаётни севаман! Йўлимга қараганларнинг ва мен йўлига қараганларнинг умиди менинг ор-номусим: шуни ҳар турфа шаклда гоҳ шоир бўлиб, гоҳ ўғил, гоҳ ота, гоҳ фуқаро бўлиб уддалашга танда жон бор экан, талпинавераман. Шунга кучим етмай қолса, юрагим тўхтаса керак.
Ортда қолаётган изларга қарашга юрак дов бермайди, арзимайди ҳам: биргина шу она Сурхондан, унинг дарёдил одамларидан қанчадан-қанча узиб бўлмас қарзларим бор.Эҳҳе… эсласам кўзларим тиниб кетади.
3. Ҳаётингиз давомида азиз бўлиб қоладиган хотира.
— Унинг оғриғи бор, жароҳати йўқ,
Ишораси бору ижобати йўқ.
Хотира шу. Соғинадиган эсдаликлар бисёр. Тирикликнинг ўзи азиз хотира. Яшамоқ – яхши-ёмонга гувоҳ, иштирокчи бўлмоқ ўзи бир ёднома. Шўрчининг Элбаён гузаридан Бойсуннинг Тангимушига бориб туташадиган, Қумқўрғонга қарашли сира тузалмайдиган бир йўл бор: қишда лой, ёзда чанг. Ўнқир-чўнқир. Машинага посанги бўлсин деб киракашлар тўрт одам ўрнига саккизта олади. Ана шу йўлдан бизнинг Кетмончи деган музофотларга борилади. Шу йўл инсон ҳаётидаги хотираларга жуда ўхшайди. Йўл бузуқ бўлсаям соғинган жойингга боргинг келади-да. Саккиз одамнинг устига тўққизинчи бўлиб бўлса ҳам кетгинг келади. Инсон хотираси бори билан азиз ва суюмли.
4. Тасаввурингизча ”Инсон” номига муносиб шахс қандай фазилатлар соҳиби бўлиши керак?
— Нокамтарликка йўйманг. Бу саволга жавоб беришга ёшлик қиламан.
5. Замондош ёшлар ҳақида фикрингиз қандай?
— Зўр ёшлар бор: тил билади, техникани тўлиқ тушунади. Ва истеъдодини кўрсатишга ҳамма йўл очиқ. Ҳар ҳолда мен тенги ва мендан кичикларнинг имкони биздан аввалгилардан бир неча баробар катта.
Шўрчилик Нурбек исмли йигит бор. Оддий, ўртаҳол оиладан чиққан. У Тошкент молия институтига имтиҳон топширганида (2005 йилда) олиш мумкин бўлган баллнинг ҳаммасини олган! Имтиёзли диплом билан ўқишни тугатиб, амалиётини республика ”Ипотека банки”да ўтаган. Банк раҳбари йигитдаги билим ва қобилиятни кўриб, ўзига ёрдамчи қилиб ишга олган. Ана шу йигит ҳозир шу жойда масъулиятли бир бўлимда бошлиқ бўлиб ишлаяпти. Элга, одамларга хизмат қилаяпти. У банк соҳасида янгилик қилиб, дейлик, ”Америка” очгани йўқ. Ҳамма қилса бўладиган ишни уддалаяпти. Барча соҳанинг ҳам ўз Нурбеклари бор, албатта.
Демоқчиманки, бундай ёшларга ҳавасим келади. Нурбек тенги айрим ёшлар ҳали ҳаётнинг одатий йўлига ҳам тушиб ололгани йўқ-да. Адабиётда фаолликда воҳа ёшлари сурхондарёлик адиблар – Шафоат Термизий, Чоршанби Деҳнавий, Эркин Норсафар каби устозлардан намуна олса, нур устига аъло нур бўлади.
Аммо ҳамма замонларда ҳам ёшларда қониқмаслик кучли бўлган, бошқалар эса ёшлардан нолийверган. Мустақиллик даврида туғилган, вояга етаётган ёшлар назаримда тамомила бошқача бўлиши керак: ғурури баланд, нияти ўктам, шижоатли, ўз ҳаққини таниган. Президентимизнинг “Менинг бор умидим ёшлардан” деган гапи шунчаки, даъват эмас – ҳикмат. Шу ёшлар қаторида сурхондарёлик жўмард ёшлар ҳам бор.
6. Бахт ва вақт мезонлари тўғрисида.
— Бу борада билган, ишонган, иймон келтирган хулосам шундай—Вақтнинг уволи бахт келтирмайди! Демак бахт ҳам ўз қўлимизда-да.
7. Дилда гапларингиз бўлса…
— Бир оддий воқеа: Шаҳноза деган ҳамкасбим бозордан ака-укаларига арзон баҳода сотилаётган ёзги кўйлакдан 4 дона олибди. У сотувчига: “Тўртта олдим, минг сўм арзон қилиб беринг” дебди. Сотувчи, “Кўтара нарх – бошқа тушолмайман” деб кўнмабди. Қарийб ўн дақиқа “берасан-бермайман” деб савдолашибдилар. Сотувчи нархни туширмабди. Шаҳноза рози бўлиб сотувчи ўраб берган кўйлакларни уйга олиб келиб қараса, тўртта ўрнига сотувчи адашиб бешта бериб юборган экан. Шаҳноза эртасига ишга келаётиб, ортиқча битта кўйлакни сотувчига қайтариб бергани бозорга келибди. Шунда Эски Жўвадаги кимнингдир назарида фақат “фойдани ўйлайдиган” сотувчи аёл нима дебди, биласизми? “Худога шукр! Шундай одамлар ҳам бор экан-ку. Шу кўйлак сизга совға”, деб кўйлакни Шаҳнозага туҳфа қилиб юборибди. Минг сўмга тортишган аёлга ўн икки минг сўмлик кўйлакни текин бериб юборишига куч берган нарса нима? Тобора тансиқ бўлиб кетаётган Ишонч туйғуси. Одамнинг одамга ишончи йўқолса, Худо эсдан чиқади. Тилагим: Ишонч бор бўлсин, мустаҳкам бўлсин!
“Сурхон ёшлари” газетаси – Сурхондарё ёшларининг чинакам овози бўлиб янграйверсин!
Лойиҳа муаллифи ва саволларни тайёрлаган: Сирожиддин Иброҳим
Bugun nima ko’p: gazeta-yu jurnal ko’p. Ko’plarini ochasanu yopasan, ochasanu yopasan. Odam bolasi o’qishiga arziydigan so’z yo’q, jumla yo’q. Bunday gazetalar ayniqsa markazda ko’payib bormoqda. Oldi-qochdini yozadigan gazetalar bemaza qovunning urug’idek ko’paygan. Men shuncha ziyoli insonning e’tiboriga loyiq bo’lmagan, hatto «ochasanu yopasan»ga ham arzimaydigan nashrlar ichida o’zimga ma’qul bir gazetani topib olganman. Uning nomi “Surxon yoshlari”. Termizda chop etiladi.Jurnalistika fakul`tetida o’qimagani uchun mayib bo’lmagan, o’z so’zi va ko’zi bor yoshlar tomonidan tayyorlanadigan gazetaning har bir sonini maroq bilan o’qiyman. Bugun gazetada bosilgan bir suhbatni sizga ilindim. Nasib bo’lsa, keyin ham bu ilinish davom etajak
SHODMONQUL SALOM: ODAMGA ISHONAMAN,
HAYOTNI SEVAMAN!
“Surxon yoshlari” anketasiga javoblar
Anketa savollariga adabiy jamoatchilik e’tiborini qozongan shoir Shodmonqul Salom javob beradi. Ijodkor 1980 yilda Qumqo’rg’on tumanida tug’ilgan. 2003 yilda Termiz Davlat universitetining “Kimyo” fakul`tetini, 2005 yilda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining Oliy adabiyot kursini tamomlagan. “Chag’oniyon”, “Turkiston”, «Kitob dunyosi» gazetalari, “Saodat” jurnalida faoliyat ko’rsatgan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. “Yurak iqlimi”, “Ko’ngil kitobi”, “Borligini bilganlar” she’riy to’plamlari chop etilgan. “Oqqapchig’ay to’lqinlari” nasriy kitobi nashr etilish arafasida.
1. Yoshlik sizning nazdingizda… Uni qanday tushunasiz?
— Dekabrda 33 ga to’laman! Ko’zimning oldida, qo’l uzatsam yetguday joyda bir daryo oqib yotibdi… Daryoda qalqib ketayotgan olma mening – Yoshligim. Sabr tishlarim lablarimga o’kinch-la botib, taqalangan otday chorasiz va jim qarab turibman shovillab borayotgan YOSHLIKKA! Na taskin, na ko’nikish, na davosi bor bu ayriliqning va… aybdori ham yo’q. O’ar kimning yoshligi o’zicha yoshlikdir. Chinakam beg’ubor, umidlarga to’la, kulgusida o’ksinish, siniqlik, yig’isida iddaoyu kibr yo’q bo’lgan, yosh yuraklarga bolaligimdan beri maftunman. Ular chindan ham YOSHLIK degan baravj davradadirlar. Men bunday yoshlikka erisholmadim, eplolmadim.
Ichimdan tez qaridim, tengqurlarimning odat va qiziqishlari, qiliq va orzulari allaqachonlardan beri erish tuyuladi. “Keyinchi” degan so’roq bo’Qzimda turadi. Ulug’ “Alpomish” dostonida umrning o’tkinchiligi haqida “Ipakday eshilgan oq bilaklar ham qora tuproqqa botadi” degan satrlar bor. Shu gap – gap!
Ammo Yoshlikni – Xudo bergan imtiyozni qo’ldan bermay, tafakkur elagida elab yashamoq kerak. Bizning ko’plab kunlarimiz, ming-ming soatlarimiz yashalmay qolib ketadi. Behuda ketgan vaqt – muomaladan chiqqan, “singan” pulga o’xshaydi. Vaqtida sarf etmoq shart!
Yoshligingni ayama, do’stim,
Ayadingmi tugaydi yoshlik!
Adabiyotda tuyg’ular yosh tanlaydi. Shoir, Nosir, Va’zgo’y, Arzgo’y… tuyg’ular bor. Bu tuyg’ular qachon kelib, qachon ruhimizni tark etishni bizdan so’ramaydi. “Uy-joy, sharoit qilib olay, keyin bemalol ijod qilaman” degan rejalarni adabiyot rad etadi.
Tag’in bir Surxoncha naql bor: ”Yigitning bir qo’li xayrda bo’lsin!” Yigit – yoshlik, navqironlik ramzi. Omonat va tez o’tib ketadigan umrda jisman va ruhan keksaygan bo’lsa-da, yigit bo’lib yashab o’tayotgan bobolarni ko’rganman: mard, yovqur, gapi bilan ishi bir, tanti kishilar.
2. Odimlayotgan yo’lingiz va ortda qolayotgan izlar xususida.
— Odimlayotgan, bosib o’tilayotgan yo’lim – shu ko’p qatori, birovdan oldin, birovdan keyin. Poygachi otday quloqni dikraytirib shoshayotganim, kimnidir Qayirlik bilan tirsaklayotganim yo’q. Shuning uchun kechalari oyoq qoqmay uxlayman, bosinqirab, hovliqib uyg’onmayman. Royish, bari – boricha. Ko’ngil degan do’st bor. Xudo ko’ngilga yoqqan chiroq bor. Shunga ishonaman, buyurganini, avjimni keltirganini aytaman, bajarmoqqa yetmish ikki tomirim, aqlu yuragim bilan intilaman. Odamga ishonaman, hayotni sevaman! Yo’limga qaraganlarning va men yo’liga qaraganlarning umidi mening or-nomusim: shuni har turfa shaklda goh shoir bo’lib, goh o’g’il, goh ota, goh fuqaro bo’lib uddalashga tanda jon bor ekan, talpinaveraman. Shunga kuchim yetmay qolsa, yuragim to’xtasa kerak.
Ortda qolayotgan izlarga qarashga yurak dov bermaydi, arzimaydi ham: birgina shu ona Surxondan, uning daryodil odamlaridan qanchadan-qancha uzib bo’lmas qarzlarim bor.Ehhe… eslasam ko’zlarim tinib ketadi.
3. Hayotingiz davomida aziz bo’lib qoladigan xotira.
— Uning og’rig’i bor, jarohati yo’q,
Ishorasi boru ijobati yo’q.
Xotira shu. Sog’inadigan esdaliklar bisyor. Tiriklikning o’zi aziz xotira. Yashamoq – yaxshi-yomonga guvoh, ishtirokchi bo’lmoq o’zi bir yodnoma. Sho’rchining Elbayon guzaridan Boysunning Tangimushiga borib tutashadigan, Qumqo’rg’onga qarashli sira tuzalmaydigan bir yo’l bor: qishda loy, yozda chang. O’nqir-cho’nqir. Mashinaga posangi bo’lsin deb kirakashlar to’rt odam o’rniga sakkizta oladi. Ana shu yo’ldan bizning Ketmonchi degan muzofotlarga boriladi. Shu yo’l inson hayotidagi xotiralarga juda o’xshaydi. Yo’l buzuq bo’lsayam sog’ingan joyingga borging keladi-da. Sakkiz odamning ustiga to’qqizinchi bo’lib bo’lsa ham ketging keladi. Inson xotirasi bori bilan aziz va suyumli.
4. Tasavvuringizcha ”Inson” nomiga munosib shaxs qanday fazilatlar sohibi bo’lishi kerak?
— Nokamtarlikka yo’ymang. Bu savolga javob berishga yoshlik qilaman.
5. Zamondosh yoshlar haqida fikringiz qanday?
— Zo’r yoshlar bor: til biladi, texnikani to’liq tushunadi. Va iste’dodini ko’rsatishga hamma yo’l ochiq. Har holda men tengi va mendan kichiklarning imkoni bizdan avvalgilardan bir necha barobar katta.
Sho’rchilik Nurbek ismli yigit bor. Oddiy, o’rtahol oiladan chiqqan. U Toshkent moliya institutiga imtihon topshirganida (2005 yilda) olish mumkin bo’lgan ballning hammasini olgan! Imtiyozli diplom bilan o’qishni tugatib, amaliyotini respublika ”Ipoteka banki”da o’tagan. Bank rahbari yigitdagi bilim va qobiliyatni ko’rib, o’ziga yordamchi qilib ishga olgan. Ana shu yigit hozir shu joyda mas’uliyatli bir bo’limda boshliq bo’lib ishlayapti. Elga, odamlarga xizmat qilayapti. U bank sohasida yangilik qilib, deylik, ”Amerika” ochgani yo’q. Hamma qilsa bo’ladigan ishni uddalayapti. Barcha sohaning ham o’z Nurbeklari bor, albatta.
Demoqchimanki, bunday yoshlarga havasim keladi. Nurbek tengi ayrim yoshlar hali hayotning odatiy yo’liga ham tushib ololgani yo’q-da. Adabiyotda faollikda voha yoshlari surxondaryolik adiblar – Shafoat Termiziy, Chorshanbi Dehnaviy, Erkin Norsafar kabi ustozlardan namuna olsa, nur ustiga a’lo nur bo’ladi.
Ammo hamma zamonlarda ham yoshlarda qoniqmaslik kuchli bo’lgan, boshqalar esa yoshlardan noliyvergan. Mustaqillik davrida tug’ilgan, voyaga yetayotgan yoshlar nazarimda tamomila boshqacha bo’lishi kerak: g’ururi baland, niyati o’ktam, shijoatli, o’z haqqini tanigan. Prezidentimizning “Mening bor umidim yoshlardan” degan gapi shunchaki, da’vat emas – hikmat. Shu yoshlar qatorida surxondaryolik jo’mard yoshlar ham bor.
6. Baxt va vaqt mezonlari to’g’risida.
— Bu borada bilgan, ishongan, iymon keltirgan xulosam shunday—Vaqtning uvoli baxt keltirmaydi! Demak baxt ham o’z qo’limizda-da.
7. Dilda gaplaringiz bo’lsa…
— Bir oddiy voqea: Shahnoza degan hamkasbim bozordan aka-ukalariga arzon bahoda sotilayotgan yozgi ko’ylakdan 4 dona olibdi. U sotuvchiga: “To’rtta oldim, ming
so’m arzon qilib bering” debdi. Sotuvchi, “Ko’tara narx – boshqa tusholmayman” deb ko’nmabdi. Qariyb o’n daqiqa “berasan-bermayman” deb savdolashibdilar. Sotuvchi narxni tushirmabdi. Shahnoza rozi bo’lib sotuvchi o’rab bergan ko’ylaklarni uyga olib kelib qarasa, to’rtta o’rniga sotuvchi adashib beshta berib yuborgan ekan.
Shahnoza ertasiga ishga kelayotib, ortiqcha bitta ko’ylakni sotuvchiga qaytarib bergani bozorga kelibdi. Shunda Eski Jo’vadagi kimningdir nazarida faqat “foydani o’ylaydigan” sotuvchi ayol nima debdi, bilasizmi? “Xudoga shukr! Shunday odamlar ham bor ekan-ku. Shu ko’ylak sizga sovg’a”, deb ko’ylakni Shahnozaga tuhfa qilib yuboribdi. Ming so’mga tortishgan ayolga o’n ikki ming so’mlik ko’ylakni tekin berib yuborishiga kuch bergan narsa nima? Tobora tansiq bo’lib ketayotgan Ishonch tuyg’usi. Odamning odamga ishonchi yo’qolsa, Xudo esdan chiqadi. Tilagim: Ishonch bor bo’lsin, mustahkam bo’lsin!
“Surxon yoshlari” gazetasi – Surxondaryo yoshlarining chinakam ovozi bo’lib yangrayversin!
Loyiha muallifi va savollarni tayyorlagan: Sirojiddin Ibrohim
1 izoh